Абдулла Шер. Мўъжизавийлик ва хаёлийлик

Бу икки тушунча нафосат фалсафасида алоҳида ажралиб ­туради. Улар орасидаги алоқадорлик, дейлик, гўзаллик ва хунуклик каби, ўзаро зиддиятга асосланмайди, аксинча, улар бир-бирини тўлдиради, баъзан муайян эстетик яхлитликни ташкил этади. Ҳар иккала хусусиятнинг келиб чиқиши миф — асотирларга бориб тақалади.

Ҳозиргача эстетикага доир адабиётларда уларга жиддий эътибор берилмаган. Айниқса, мўъжизавийликнинг том маънода камситишга учраганини кўрамиз. Бунинг асосий сабаби шундаки, эстетик хусусият сифатида улар “совет воқелиги” талабларига, коммунистик мафкурага тўғри келмасди. Чунки ҳар иккисида ҳам сиёсий тузум ва социалистик жамият томонидан ўрнатилган қонун-қоидалар орқали изоҳлаб бўлмайдиган, уларга бўйсунмайдиган сирли, сеҳрли ҳодисалар акс этарди. Табиийки, бу ҳодисалар, маълум маънода, “совет кишиси”нинг эркин фикр­лаш миқёсини кенгайтиришга хизмат қиларди. Шу сабабли мўъжизавийликка кўпроқ ўтмишдаги халқ оғзаки ижоди намуналарига, хусусан, эртаклар ва достонларга тааллуқли эстетик хусусият сифатида қараш қонунлаштирилган эди. Дарҳақиқат, у халқ эртаклари ва достонларида ўзининг энг кўп ва ранг-баранг ифодасини топган. Масалан, “Гўрўғли” туркуми достонларидаги бахт маскани — Чамбил шаҳри, Гўрўғлининг афсонавий Кўҳи Қоф ва Боғи Ирамдан гўзаллик тимсоли бўлмиш Оға Юнус ва Мисқол париларни олиб келиши, уйланиши, Ғиротнинг қанотли тулпор экани сингари ҳодисалар, қаҳрамонларнинг мўъжизавий келбатга, қудратга эга одамлар тарзида тасвирланиши каби ҳолатлар шулар жумласидан.

Мўъжизавийлик санъат асарида бадиий қиёфаларнинг ғалабасига ҳавас уйғотадиган тақдир эгаси сифатида тасвирланишини таъминлайди ва фақат бадиий мантиқ доирасида ўзини намоён этади. У ҳам диний, ҳам дунёвий табиатга эга мўъжизага асосланади. Диний мўъжиза моҳиятан муқаддас китобларда, илоҳий ривоятларда Худонинг ва азиз авлиёларнинг қудратини бевосита акс эттирадиган кароматлардир. Дунёвий мўъжиза кароматга эмас, илоҳий аралашувларсиз, воқеликдаги яширин имкониятларни хаёлий идеалга мос тарзда очиб берадиган сеҳрга асосланади. Бироқ сеҳр ижодий табиатга эга бўлгандагина, юксак инсоний орзу-умидларга хизмат қилгандагина мўъжиза деб эътироф этилади ва мўъжизавийликка асос бўлади, аксинча эса, у жодугарлик сифатида тубанлик доирасига киради.

Мўъжиза тушунчаси дастлаб Қадимги Шарқда вужудга келган, табиийки, мўъжизавийлик ҳам илк бор Шарқ санъатида ўзини намоён қилган. Чунончи, қадимги Сомир муҳрларида акс этган қанотли аждарҳолар устида турган эркак билан аёл, етти бошли аждарҳони ўлдираётган паҳлавон, қуш-одам, одам-арслон тасвирларида, Қадимги Миср маъбудалари қиёфаларида мўъжизавийлик ифодасини кўриш мумкин.

Мўъжизавийлик гўзаллик ва улуғворлик билан мустаҳкам боғлиқ бўлгани ҳолда, айни пайтда, улардан муайян тарзда фарқ қилади. Агар гўзаллик бизда хуш кайфият, қувонч ҳиссини, улуғворлик ҳайрат туйғусини уйғотса, мўъжизавийлик ўзининг ноодатийлиги билан маҳлиё қилиш ва қойил қолдириш хусусиятларига эга. Мўъжизавийлик асосига қурилган асарларда ёруғ бир ҳаётбахшлик мавжуд. Бу эса атрофдаги реал ҳаёт, шарт-шароит, вазиятнинг қандайлигидан қатъий назар, одамда бахтли бўлишга ишонч пайдо қилади.

Тоталитар тузумлар, жумладан, шўролар даврида эртаклар, афсоналар, халқ достонлари жуда кам яратилди. Уларнинг сюжетлари, мавзулари қайси санъат турларида бўлмасин, кўпроқ ўтмиш билан боғланарди. Замонавий мўъжизавийлик эса совет воқелигининг бир қисми сифатида мафкуравийлаштирилган ҳолда тақдим этиларди. Тўғри, гоҳ-гоҳ истеъдод билан ёзилган замонавий асарлар ҳам вужудга келиб қоларди. Масалан, Худойберди Тўхтабоевнинг “Сариқ девни миниб” роман ёки М.Горкий номидаги Болалар ва ўсмирлар киностудияси маҳсулоти бўлмиш машҳур “Чол ибн Хаттоб” филми шундай муваффақиятли ҳодисалар сирасига киради. Бироқ бундай асарлар, асосан, совет воқелигини улуғлашга хизмат қиларди ва кўпроқ мўъжизавийликнинг кулгилиликка ён бериши, унинг жиддийликдан йироқлашиши билан шартланарди. Натижада улардаги мўъжизавийлик ўз салмоғини, теранлигини ­маълум маънода йўқотарди.

Мўъжизавийлик тушунчаси нафосат фалсафасида бошқа маънода ҳам қўлланилади. Шаклан ва мазмунан ноёб асар вужудга келганда, уни “мўъжиза” деб аташ одат тусига кирган. Яъни бу тушунча эстетик баҳолаш мезони сифатида юксак талаблардан келиб чиқади ва воқеликнинг одатдаги тасвирларидан фавқулодда баланд савияда экани билан ­ажралиб туради.

Хаёлийлик мўъжизавийликка нисбатан кенгроқ қамровга эга. Унда гарчи эртакнамо сюжетлар асос вазифасини бажарса-да, мўъжизавийликка ўхшаб хаёлийликнинг илдизи асотирларга бориб тақалса-да, у мусиқа, рангтасвир ё адабиёт воситасида воқеликнинг яширин имкониятлари, сирли маънолари борлиги тўғрисида кутилмаган ва дадил тахминларни ўртага ташлайди. Хаёлийликда санъаткорнинг ижодий тасаввури орқали реалликда мавжуд бўлмаган объектлар, воқеликлар қадрият тусини олиши, баъзи бадиий қиёфалар идрок этувчи томонидан намуна тарзида қабул қилиниши мумкин. Айни пайтда бу тасаввур маҳсули билан реал ҳаёт орасидаги масофа ҳеч қачон йўқолиб кетмайди.

Хаёлийлик мўъжизавийликдан ўзига хос жиҳатлари билан фарқланиб туради. Биринчи тафовут шундаки, мўъжизавийлик ҳеч қачон реалликка айланмайди, яъни гўзал эртак бўлиб қолаверади. Хаёлийлик эса кўп ҳолларда эртами-кечми реалликка айланади. Масалан, “Минг бир кеча”даги Алоуддиннинг чироғи ва ундан чиқадиган дев — мўъжиза мўъжизалигича қолади. Лекин учар гилам хаёлийликка тааллуқли. Чунки у тадрижий тарзда реалликка яқинлашиб боради. Бу яқинлашув унинг шаклида ҳам, материалида ҳам яққол кўзга ташланади. Масалан, эртаклардаги матодан тўқилган учар гилам дастлаб “тўқсон тўққиз мурватли” (механизмли), дастак ўрнини босадиган қулоқлари воситасида бошқариладиган ёғоч отларга, яъни тасаввурдаги механик қурилмага айланганини кўрамиз. Кейинроқ эса улар реалликдаги ҳаво шарларига, сўнг “пўлат қушлар” — учоқларга, ундан кейин сайёралараро сафар қиладиган фазо кемаларига айланди. Демак, мўъжизавийлик учун сўнгги мақсад — тасаввурнинг ўзи. Хаёлийликда эса тасаввур муайян босқич, ғояни реалликка олиб чиқадиган пиллапоя вазифасини ўтайди. Шу сабабли у илмий тафуккур, фан тараққиёти билан боғлиқ. Ҳозирги пайтда бадиий адабиётда илмий-хаёлий жанр кенг тарқалган. Бунда санъатдаги ­хаёлийликнинг реал илмий воқеликка катта таъсир кўрсатиб келаётганини алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз.

Лекин хаёлийликнинг асл мақсади ана шундай таъсир билан чегараланмайди. Унинг мақсади илмни тарғиб қилиш ҳам, илмий муаммоларни ўртага ташлаш ҳам эмас, балки инсон билимини ошириш, хаёлотни, инсоний реалликни яхшилашга хизмат қилдиришдир. Хаёлийликнинг хаёлотдан фарқи ҳам шунда. Хаёлот биздаги ғаройиб истак, бизни мавжуд реалликдан юксакка, кенгликка олиб чиқадиган ҳодиса бўлса, хаёлийлик ана шу ғаройиблик, юксаклик ва кенгликни идеал билан бойитиб, аниқ мақсадга йўналтирадиган инсоний хусусиятдир. Демак, шундай дейиш мумкин: хаёлот “ширин хаёллар”нинг бетартиб, тасодифий йиғиндиси сифатида турли хил (илмий, бадиий, диний ва ҳоказо) тасаввурларимизнинг асосини ташкил этадиган руҳий эврилишдир. Хаёлийлик ўша “хирмондан” идеалга мос равишда танлаб олиниб, эстетик хусусият тарзида тизимлаштирилган хаёллар мажмуининг бадиий асардаги инъикосидир.

Мўъжизавийлик билан хаёлийлик орасидаги яна бир фарқ шунда кўринадики, мўъжизавийлик доимо бахтли ечим билан тугайди, хаёлийлик эса гоҳ фожеавийлик, гоҳ кескин драматик ҳолатларни ҳам ечимга олиб келиши мумкин.

Ҳозирги пайтда мўъжизавийлик билан хаёлийликнинг кўпроқ одамзод ҳаётининг икки қутбига йўналтирилгани тобора бўртиб кўзга ташланаётир. Бу икки тушунча бир илдизга — хаёлотга асосланишига қарамай, уларнинг бири инсониятнинг ўтмишига, иккинчиси келажагига йўналтирилган. Чунки ХХI аср кишиси билан мўъжизавийлик орасидаги эстетик масофа ўта узоқлашиб кетди — одамлар мўъжизага хаёлан ҳам ишонмайдиган бўлиб қолди, фан-техниканинг юксак тараққиёти, ақлнинг ҳиссиёт устидан гегемонлиги ҳаётий реалликни ўта рационаллаштириб юборди. Энди мўъжизавийликни, асосан, ўтмишдан мерос бўлиб келаётган халқ оғзаки ижодида ва бахшилик санъатида учратамиз. Хаёлийлик эса келажакдаги ҳаёт тасвирига бағишланган илмий-хаёлий жанр туфайли ҳали ҳам ўз мавқеини сақлаб турибди. Лекин инсоният болаликсиз мавжуд бўлолмайди, бу табиий ҳол, токи болалар бор экан, мўъжизавийлик ҳам йўқолиб кетмайди.

Шундай қилиб, мўъжизавийлик билан хаёлийлик эстетик хусусият ва нафосат фалсафасининг асосий тушунчалари сифатида жиддий ўрганишга лойиқ маънавий ҳодисалардир. Ҳозирги пайтда бизда бошқа ижтимоий воқеликларда бўлганидек, фанга ҳам мустақил, мафкурабозликдан холи холисона ёндашувнинг қарор топганлиги бунга кенг имкониятлар очиб беради.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2013 йил 14-сонидан олинди.