О. Мухторов. Сўнгги пайтлар тарихга муносабат кескин ўзгарди. Тўғрироғи, биз ўзимизнинг йиллар давомида кўзларимиз боғлаб қўйилганини ҳис этдик. Қаршимизда қопқалар кенг очилди.
Бундай пайтда киши бир суюниб, бир маҳзун ҳолга тушасан. Суюнишга сабаб — занжирбанд қилиб чуқур чоҳлар тубига ташлаб қўйилган ҳақиқатнинг ниҳоят юзага чиқаётгани бўлса, маҳзунликка сабаб: замонлар давоми бахтсизлик туйган халқнинг «бахтиёр бир замонда» янги кўлфатларга дучор қилингани, олдингидан баттар қуллик ҳолатига тушганини ҳис этиб, бу фожиани англай бошлаганимиздадир.
Қисқаси, бугун биз ўз тарихимизни яхши билмаганлигимиз ҳам, тарих бировларнинг иродасига бўйинсунган ҳолда бузиб, нотўғри, чалкаш кўрсатиб келингани, бутун авлодларни шу руҳда тарбиялагани ҳам ошкор бўлиб қолди. Шунинг баробарида, бутун тарих, аждодларимиз наздида бизнинг масъулиятимиз ўсди. Ўтмишимизга борича, тарих ҳақиқати нуқтаи-назаридан баҳо берадиган пайт келди.
Давра суҳбатимизда яқин тарихимиздаги энг мураккаб давр — фуқаролар уруши даври ҳақида фикрлашиб олсак.
Мен бундай деб ўйлайман. Халққа маломат тамғасини босишга уриниб, босмачилик деб аталган ҳаракатни, аслида, халқимизнинг миллий-озодлик ҳаракати деб тушуниш керак. Инқилобми, бошқа буюк бир мақсадданми келиб чиқиб, саргардонликка, қон тўкилишига боис бўладиган ҳар қандай воқеа ҳозир дунёнинг ҳур фикрли кишилари томонидан барибир қораланмоқда. Минглаб одамлар орасида норозилик нега уйғонганини англамай-тушунмай туриб, менимча, биз инқилоб кунларига ҳам, ундан кейинги даврга ҳам тўғри баҳо беролмаймиз.
Жараённи икки оғиз сўз билан тахминан бу йўсинда тасвирлаш мумкин: инқилоб бизга маълум даражада четдан олиб келинган. Халқнинг тарихи, анъаналари, руҳияти, ҳаёт тарзи ҳеч кимни қизиқтирмаган. Халқни ўрганиш, унинг халқ эканини ҳисобга олиш етарли бўлмаган. Зулм зулмни, ёвузлик ёвузликни туғдиради. Босмачилик деган ҳаракатнинг илдизлари шу нуқтага бориб тақалса керак.
Аммо кейинчалик кимларнидир ўша давр қаҳрамонлари атаб, қолган кўпчилик халқ босмачилар рўйхатига киритила бошланди. Пировардида, бир қатор китоблар, фильмлар юзага келиб, халқнинг катта қисми нодон, жоҳил, қонхўр экан, деган тушунча ҳаммаёқда ўз ҳукмини ўтказа бошлади. Ўз ери.номуси, тарихи, қарашлари топталган кишилар юзига янгидан лой чаплангандек бўлди.
Бирон халқни оқлаш ёки қоралаш эмас, биз мана шу бор жараённи кўз олдимизга келтиришимиз, бу ҳақда холис фикр юритишимизга тўғри келади. Тарихий ҳақиқатни халққа илмий-бадиий жиҳатдан асосли, тўла-тўкис етказишда, англатишда, шубҳасиз, олимлар ва ёзувчиларнинг ўрни, сўзи салмоқли бўлади.
М. Ҳасанов. Суҳбатимиз мавзуи долзарб, айни вақтида ўтказилаётгани хайрли ишлардан бири, деб ўйлайман. Чунки босмачилик Ўрта Осиё тарихидаги энг мураккаб ҳодисалар сирасига киради. Ўтган ўн йилликларда шаклланган ва мустаҳкамланган тоталитар мафкура маъмурий-буйруқбозлик тартиби вужудга келишига замин ҳозирлади, бу ўз навбатида тарих фанларига, хусусан, унинг Октябрь инқилоби ва фуқаролар уруши қисмига бевосита таъсир кўрсатди. Ёлғон, нотўғри талқин қилиш, устига-устак, ошкора сохталаштириш, мутлақлаштириш ҳамда мавжуд режимни қўллаб-қувватлаш охир-оқибатда ўз ўтмиши ҳақида хира тасаввурга эга бўлган халқлар ғазабини келтира бошлади.
Бугунги кунда, биз тарихчиларни кўп жиҳатдан ўз ишимизда кўламли иш олиб бормаётганимиз учун тўғри танқид қилишмоқда. Айниқса, фуқаролар уруши тарихи бўйича. Аммо таъкидлаб ўтишим ўринлики, сўнгги вақтларда бу жабҳада олиб бораётган ишларимиз тобора яхшиланяпти. Илмий ҳаётдаги ошкоралик ва демократиялашув жараёни тадқиқотлар табиати ҳамда йўналишини ўзгартириш имкониятини яратди. Бундан олти-етти йил илгари тасаввур қилмаган нарсалар бугунги кунда реаллик касб этмоқда. Шу нарсани айтиб ўтиш жоизки, бўлимимизнинг бир аспиранти тарих фанлари доктори Р. Ражабова раҳбарлиги остида 1918—1923 йилларда Фарғонадаги босмачилик ҳаракати мавзуи устида илмий иш олиб бораётир. Яна бир номзодлик диссертацияси — 1921—1924 йиллардаги Бухородаги босмачилик ҳаракати ҳақидадир. Бундан ташқари, бўлимимиз олимлари, айни дамда «Туркистон мухторияти» деган китоб устида иш олиб боришмоқда. Юқоридагилардан келиб чиқиб, тарихчиларга таъна тоши отиш, назаримда, унчалик адолатдан бўлмас. Бироқ том маънодаги фан шошма-шошарлик билан яратилмайди, шу боис, унинг натижалари ҳам кенг жамоатчиликка бугун-эрта эмас, балки сал кечикиб етказилади.
М. Аъзам. Бу шунчаки жиддий масала бўлибгина қолмай, айни чоқда миллатнинг бор-йўқлигини ёки қанчалик камолотга етганини кўрсатувчи бир белги ҳамдир. Шунинг баробарида, миллий, байналмилал масаладир. Ўз тарихини билмайдиган миллатни бор деб бўлмайди, билса ҳам бу ҳақда баралла гапирмайдиган миллатни етилган деб бўлмайди. Ўз тарихини сохталаштиришга йўл қўймайдиган, у билан фахрланадиган миллатгина комиллик сари йўлда ҳисобланади. Баъзи бир халқлар илмий-техник тараққиёт чўққисига етишган бўлсалар-да, ўзга халқлар тарихини беҳурмат қиладилар, ё атайин сохталаштирадилар. Бу эса нуқсон ва таназзул аломатидир.
Миллатлараро муносабатлар ўтхонадай қизиб турган бу кунларимизда тарихга муносабатимизни асос-асосидан бошлаб тўғри йўлга қўйишимиз зарур, деб ўйлайман.
Туркистонда тарихга муносабат, асосан, 20-йилларнинг иккинчи ярмидан бошлаб сохталаштириш йўлига кирди. «Буюк инқилоб» ниқоби остида улуғ миллатчилик бутун Ўрта Осиё ва Қозоғистон кўкларида қанот ёзди.
Зўравонлик билан тарихимизни бузиб кўрсатиш, ўз қўлимиз билан буздириш сиёсати шу қадар кенг миқёс касб этдики, биз гоҳ Яссавийни «реакцион», «диний-мистик», Навоийни «сарой шоири», Бобурни «босқинчи» деб таърифладик, гоҳ темурийлар давлатида қонхўрликдан бошқа нарсани кўрмадик. Жалолиддиннинг қаҳрамонлик ҳаракатидан кўз юмишга мажбур бўлдик, гоҳ ислом обидаларини оёғости қилдик, ўнлаб асрлик тарихимизни билиб-билмасликка олдик, дарсликларимиздан бир саҳифа ҳам ўрин бермадик, гоҳ миллатнинг ўз мустақил давлатини қуришга интилишини қораладик, халққа маърифат элтишдан бошқа муроди бўлмаган, бунинг учун жондан кечишга тайёр турган фидойи бир ҳаракат — жадидчиликни — буржуа миллатчилик ҳаракати деб ўқитдик.
Хуллас, тарихимизнинг ҳаққоний манзарасини тиклаш учун қиладиган ишларимизнинг поёни кўринмайди.
А. Ҳайдаров. Ана шундай талқинлар олиму ёзувчиларимизнинг китобларидан китобларига кўчиб ўтаверди. «20-йиллар ўзбеклар ҳаётини ёрқин, ҳаққоний акс эттирувчи» ўнлаб ўткир сюжетли фильмлар яратилди. «Ўзбекфильм» эл оғзида «Босмачфильм» деган истеҳзоли ном олди.
Қолар ёмондан ҳам бир яхши «асар», Билолмас сабабин фан ҳам, билим ҳам. Бўлмаса газанда босмачи агар Оёққа турмасди «Ўзбекфильм» ҳам,—деган сатрлар юзага келди. Буларнинг ҳаммаси халқимиз тарихидан бехабар бўлган қардошларимиз орасида ўзбеклар босмачи деган таассурот уйғотди. Ҳатто, бизнинг илмдан йироқроқ юрган содда, гўл, тез ишонувчан миллатдошларимиз ҳам ота-боболаримиз босмачи, ўз элининг душмани бўлган экан-да, деган фикрга бордилар. Бир хил овқатни ҳадеб тановул қилиш меъдага теккани каби, босмачиларнинг «жаллод, одамхўр, фашист…»лиги ниҳоят бизда акс мулоҳаза уйғота бошлади. Биламизки, акс фикрлашимизга етарли асослар бор. Ахир босмачилик ўз-ўзидан туғилган эмас-да.
М. Ҳасанов. Мен илмий изланишлари турғунлик замонига тўғри келган тарихчилар ҳақида мулоҳаза юритарканман, улар қилган ишларни бутунлай қоралаш, ерга уришни кўнглимга туккан эмасман. Тарихшуносликда, жумладан, адабиётшуносликда ҳам, воқеа-ҳодисаларга ноанъанавий қараш, қотиб қолган нуқтаи назарларни чилпарчин этишга уринишлар бўлган. Камтарлик юзасидан ҳам, уларни инкор этиш, менимча, ношукрликдир. Ҳатто турғунлик йилларининг авж палласида ҳам илмий адабиётда Туркистон ҳукуматининг диний сиёсатда йўл қўйган хатолари айтилган эди. Уларда ўша фожеий даврда рўй берган очарчилик ва бошқа детерминистик (нарса ва ҳодисаларнинг сабабий боғланиши ҳақидаги материалистик таълимот) омилларнинг ўрни барлиги ҳақида шунчаки гапирилган эди. Лекин «ҳур» йилларда, Шўро жамияти ривожланишининг энг драматик палласида босмачилик ҳақидаги илмий тасаввурлар тадрижий ўсишида қандайдир чоҳ вужудга келди. Барибирам илмий тасарруфга бугунги кунда мутлақо бошқача идрок қилинаётган ҳужжатлар киритила бошланди. Айни пайтда кескин танқид қилинаётган профессор А. Зевелевнинг «Ўзбекистонда фуқаролар уруши тарихидан» деган китоби 1959 йилда босмадан чиққан эди. Фурсатдан фойдаланиб, диққатларингизни китобдаги мана бу сатрларга тортмоқчиман: «Фарғона фронтидагидек уруш шу пайтга қадар содир бўлмаган эди: тутқич бермас душманни ортдан қувишга тушилган эди» ёки: «Босмачилик билан курашишнинг олдинги усуллари, яъни уларни гуруҳи билан таъқиб этиш ҳеч қачон бирор натижа бермади ва бермайди ҳам», чунки «бу ерда фронт чизиғи йўқ, қаёққа қарама уруш».
Зевелевнинг ушбу китобида биринчи бор Турккомиссия аъзоси Ф. Голошчекийнинг баёноти ҳам жой олган: «У ёқда (Фарғонада) сиёсий ва иқтисодий ҳаётда фақат ўта тартибсизлик ва даҳшат бор. Синфий кураш йўқ, аксинча миллий кураш шиддатли тус олган, босмачилик эса Шўро ҳокимияти ва гуруҳларимиз саъй-ҳаракати туфайли вужудга келган», «партиянинг барча аъзолари босқинчилик қилмоқда, пора олмоқда». Назаримда, бундай далилларнинг китобдан ўрин олиши унчалик осон кечмаган ҳамда муаллифдан катта жасорат ва қатъиятни талаб этган.
Ш. Каримов. Босмачиликнинг пайдо бўлиш тарихи узун. У XIX асрнинг иккинчи ярмидан, тўғрироғи, Чоризм истилоси давридан бошланган. Бизга умумжаҳон тарихидан маълумки, мустамлака халқлар барибир, қачонлардир ўзининг мустақил давлатини тузиш учун курашадилар. Бунинг учун илғор фикрли кишилар пайдо бўлиб, улар ўз ортларидан бутун халқни эргаштирадилар. Кишилик жамияти тараққиётида муайян даражада таъсир кўрсатган ва миллионлаб одамлар тақдирида кескин из қолдирган Октябрь инқилоби унинг вужудга келишини тезлаштирди. Керенский бошчилигидаги Муваққат ҳукуматни зўравонлик билан ағдариб ташлаган Октябрь инқилобини халқ тез ва тўла-тўкис қабул қилмади. Қабул қилганида мамлакатда даҳшатли фуқаролар уруши бошланмас, «ҳарбий коммунизм» сиёсати жорий этилмас эди. Бу инқилобнинг алланечук тасодиф, нохуш ҳодиса экани, ҳатто узоқ Туркистондаги рўзномаларда ҳам ўз аксини топди. Пролетар ёзувчиси А. М. Горький «Новая жизнь»да эълон қилинган «Демократияга» деб аталувчи мурожаатида (бу мурожаат ўша даврда чиқиб турган кўплаб вақтли матбуот нашрларида, жумладан, «Туркестанское ведомости» рўзномасининг, 1917 йил 16 ноябрь сонида ҳам кўчириб босилган) Октябрь тўнтаришига ўзининг салбий муносабатини билдирган эди: «Ленин, Троцкий ва уларнинг ҳамтовоқлари ҳокимиятнинг чуқур заққуми билан заҳарланиб бўлдилар. Уларнинг сўз эркинлигига, демократияга эришган инсон ҳуқуқларига нисбатан шармисор муносабати бунинг яққол далилидир.
Сўқир мутаассиб ва восвосга учраган жаҳонгашталар олди-кетига қарамай, «социал инқилоб» томон елмоқдалар, аслида эса бу йўл — ўзбошимчалик йўли, инқилоб ва йўқсилларнинг ўлим йўлидир…»
Тарих фанлари номзоди А. Крушельницкий ўзининг «Телеграф орқали сўралган диктатура» мақоласида («Фан ва турмуш», 1990 й., 4-сон) бундай деб ёзади: «Турк-фронт қўшинларига суянган Бухородаги инқилобий ҳукуматга аҳоли бегонасираб қаради… 1923 йилда қизил армиячилар сони Бухорода 3 мингдан 30 мингтагача ўсди, айни пайтда буҳоролик қизил армиячилар атиги 400 нафар эди». Маҳаллий халқ тарихда «босмачилик ҳаракати» деб ном олган, аслида ўзининг миллий мустақиллиги учун курашга отланди.
1917 йил 1 ноябрда Тошкентда аҳолининг табақаларга бўлинишини бекор қилган, диний ва миллий маҳдудликка чек қўйган, ҳокимият идораларига яширин овоз бериш йўли билан сайлов жорий этган, маҳаллий аҳолини мардикорликка олишни тақиқлаган Муваққат ҳукумат қулатилди. Эртасига Туркистон бутун ўлка демократик ташкилотларининг қўшма мажлиси бўлди. Унда ҳокимият масаласи муҳокама этилди. Бу анжуманда Ўлка шўроси, Тошкент шўроси Ижроқўми, мусулмон вакиллари Ўлка Шўроси фақат маслаҳат овози билан қатнашиш имкониятига эга бўлдилар, холос. Маҳаллий халқлар шўролари бундан норози бўлиб, 5 ноябрда мустақил равишда ўз қурултойларини чақирдилар. Улар Туркистон ишчи, аскар ва деҳқон шўроларининг чақирилмоқчи бўлган навбатдаги 111 қурултойига ҳал қилувчи овоз билан қатнашиш ҳуқуқларини талаб қилдилар. Бироқ қурултой уларнинг бу талабини рад этди.
Энг характерли томони шундаки, маҳаллий мусулмон халқлари иродасига зид қарорлар қабул қилган Туркистон ўлкаси Шўросининг 1917 йил 15—21 ноябрда бўлиб ўтган III қурултойи Туркистон халқ комиссарлари кенгашини тузди. Унга 7 большевик ва максималист, 8 сўл эсер сайланди. Ҳукумат таркибида маҳаллий миллатларнинг бирорта ҳам вакили сайланмади, уларнинг ҳаммаси марказдан келган кишилар эди. Улар маҳаллий халқнинг на тили, на дини, на маданияти, на миллий урф-одати, ўлкада асрлар оша шаклланган на тарихий иқтисодий-сиёсий муносабатларини билар эдилар. Тасодифий раҳбар унсурлар маҳаллий шарт-шароит билан ҳисоблашмадилар, мустамлака Туркистонда улуғ рус шовинизми сиёсатини зўравонлик билан давом эттирдилар. Бу нарса ҳатто Туркистон ўлкаси Шўроларининг III қурултойи қабул қилган қарорда ҳам ўз аксини топди. Унда «маҳаллий аҳоли ўртасида пролетар синфий ташкилотлари бўлмаганлиги сабабли» улар вакилларининг ўлкадаги ҳокимият органларида ишлашига йўл қўйилмаслиги уқдирилган. Туркистон ўлкаси Шўролар ҳукуматининг аъзоси, ўта шовинист, сўл эсерлар партиясининг бошлиқларидан бири К. Я. Успенскийнинг ўлка Шўроларининг 1918 йил январида бўлиб ўтган IV қурултойида сўзлаган нутқидаги мана бу парчага бир эътибор беринг: «Ўртоқ мусулмонлар! Шуни билингизки, биз сизларнинг катта оғангизмиз! Сиз кичиксиз ва, тушунарлики, бизга бўйсунишингиз керак!» 1917 йил 22 ноябрида Лениннинг «Россия ва Шарқнинг барча мусулмон меҳнаткашларига» деб номланган мурожаатномаси эълон қилинади. Унда биз қуйидаги жумлаларни ўқиймиз: «Бундан буён сизларнинг урф-одатларингиз, сизларнинг миллий ва маданий муассасаларингиз озод ва дахлсиз деб эълон қилинадир. Ўз миллий ҳаётларингизни эркин ва бемалол уюштира борингиз, сизларнинг бунга ҳаққингиз бор.
…Сизлар ўзларингиз ўз ватанингизнинг ҳокимлари бўлишингиз лозим. Ўз расм-русумингизга биноан ҳаётингизни уюштиришингиз лозим. Сизнинг бунга ҳаққингиз бор, чунки сизларнинг тақдирингиз — ўзларингизнинг қўлингизда».
Ана шу мурожаатномадан руҳланган маҳаллий инқилобчилар ўзлари мустақил иш кўришга мажбур бўлдилар. Буни биз 1917 йил 26—29 ноябрда. бўлиб ўтган Туркистон ўлкаси умуммусулмонлари IV қурултойи қабул қилган қарорлар мисолида ҳам кўришимиз мумкин. Бу қурултой Ленин дастурига мувофиқ Мухтор ҳукумат тузади. Унга қирғиз «Аралаш ўрда» партиясининг раҳбари Муҳаммаджон Танишпаев бошлиқ этиб сайланади. Ҳукумат таркибига 54 киши киритилиб, уларнинг 32 нафари ерли халқ вакиллари эди. Кўриниб турибдики, Мухтор ҳукуматга асос солган туб аҳоли вакиллари том маънодаги байналмилалчилик ғоялари негизида ўта адолатли сиёсат юритганлар. Ҳолбуки, Туркистон Шўролар ҳукуматини тузган вакиллар ўлкада йўқсуллар синфининг шаклланмаганини баҳона қилиб, ҳукумат таркибига биронта ҳам маҳаллий миллат вакилини киритмаган эди. Бутун вужудини ўта миллатчилик ғояси қамраб олган А. Казаков 1919 йил 24 майда мусулмон коммунистларининг I Ўлка конференциясида, жумладан бундай деган эди: «Туркистон жумҳуриятида 95 фоиз мусулмон ва фақат 5 фоиз руслар яшайди ва шу 5 фоиз бутун ҳокимиятни деярли ўз қўлида ушлаб турибди. Шундай қилиб, озчилик ҳукмронлиги давом этмоқда. Лекин бу вақтинча ҳол. Мусулмон дунёси тайёр бўлгач, биз жумҳуриятни бошқариш ишини уларга топширамиз. Биз уларга ёрдам берамиз». Маҳаллий аҳолининг ҳукуматни бошқаришга тайёр эмаслиги ҳақидаги асоссиз уйдирмалар шу тариқа кучайиб боради. П. Константинопольский Туркистон Компартиясининг III съездида А. Казаковдан ошириб шундай деган: «Очиқ айтаманки, Туркистонда пролетариат йўқ, ярим пролетарлар бор, назаримда, бу омма тарихий жараённи илгари сурадиган… инқилобий куч бўла олмайди».
Ўлка меҳнаткашлари Мухтор ҳукуматни қўллаб-қувватлашди. Бунинг тасдиғи сифатида 1917 йил 6 декабрда Тошкентнинг Эски Жўвасидаги Бекларбеги мадрасасида бўлиб ўтган катта митингни мисол қилиб кўрсатиш мумкин. Унда Мунаввар қори, Мулло Одил муфти, Саид Ғанихон, Шерали Лапин, Пирмуҳаммад Аълам кабилар қатнашиб, 13 декабрда Муҳаммад пайғамбар таваллудини нишонлашга қарор қилади. Ўша кунги тинч митингда Туркистон мухториятини ёқлашга даъватлар янграйди. Аммо Тошкент шаҳар Шўролари Туркистон мухториятини тан олмайди, уни миллий мусулмон буржуа ҳукумати деб ҳисоблайди. Шу боисдан, шаҳар шўроси намойишчиларга қарши отлиқ қуролланган аскарларни юборади. Аскарлар намойишчиларни ўққа тутадилар, унинг фаол раҳбарларини қамоққа оладилар. Шаҳарда ҳарбий ҳолат эълон қилинади.
1917 йил 26 декабрда Қўқон шаҳрида мусулмон ишчи ва аскар вакилларининг 1 фавқулодда қурултойи бошланди. Қурултойда сўзга чиққан П. Полтарацкий Мухтор ҳукуматни мусулмон буржуа ҳукумати, деб исботлашга уринади. Бироқ қурултой қатнашчилари 30 декабрда Қўқон мухтор ҳукуматини ёқлаб овоз берадилар. Қурултой номидан Ленинга телеграмма жўнатилади. Унда биз қуйидагиларни ўқиймиз: «Туркистон мусулмонлари ишчи ва аскар депутатлари I фавқулодда съезди қабул қилган қарорни Сизга маълум қилиб, Туркистонни ҳалокат ёқасига келтириб қўювчи тартибсизлик, қўш ҳокимиятчиликнинг олдини олиш мақсадида ўлкада ҳокимиятни Вақтли Туркистон мухтор ҳукуматига топшириш тўғрисида Туркистон Халқ Комиссарлари Советига Россия демократик республикасининг Олий ҳокимияти номидан кўрсатма беришингизни сўраймиз».
Афсуски, ишчи-деҳқон ва аскар депутатлари Кенгаши Фарғона водийсидаги маҳаллий шароит билан, туб аҳолининг кайфияти билан ҳисоблашмайди. Аксинча, 1918 йил 14 февралда Туркистон Халқ Комиссарлари Совети Фарғона вилоятида ҳарбий ҳолат эълон қилади. Фарғона темир йўлида эса қамал ҳолати жорий этилади. Қўқон ишчи ва аскар депутатлари Кенгаши 17 февралда Қўқон мухторияти ҳукуматига таслим бўлиш талабини қўяди. Тошкент шаҳридан Перефельев қўмондонлиги остида қуролли кучлар ёрдамга етиб келгач, 18—19 февралда Қўқон мухториятига қарши ҳужум ҳаракатларини бошлаб юборади. Шаҳарда вазият кескинлашади. Мухториятчилар кучлар тенг бўлмаганини ҳисобга олиб, умумий авф эълон қилади, илгари ўғирлик ва талончилиги учун қамоққа тушганларнинг барчасини озодликка чиқаради. Мусулмонларни мухториятни ҳимоя қилишга даъват этади. Шаҳарни ҳимоя қилиш, ўлкани янги зулмдан сақлаб қолиш бир вақтлар ўғрилиги ва талончилиги учун Чор маъмурлари томонидан қамалган Эргашга топширилади. У Қўқон шаҳрининг қўрбошиси, яъни қоровуллар бошлиғи деб жория қилинади. Вазиятнинг қалтислигини тушунган мухториятчиларнинг 5 аъзоси — М. Мираҳмедов, А. Ўразаев, Я. Агеев, С. Чанишев, Қўшбегиев ва бошқалар Фарғонага жўнайдилар. Улар уюштирган намойиш қаттиққўллик билан бостирилади ва мухтор ҳукумат вакиллари отиб ташланади. Эргаш қўрбоши ҳам Қўқондан қочади. Бутун кўргулик халқ бошига тушади. Мазкур воқеалар шоҳиди бўлган М. Шкорупа шундай ёзади: «Тинч аҳолининг уйлари, Туркистон ва Россия учун тансиқ бўлиб қолган мануфактуралар, ғалла омборлари ёнарди. Қўқон уч кун ўт ичида қолди».
Хуллас, ана шу даврдан эътиборан, Туркистон ўлкасида миллий-озодлик (ёки «босмачилик») ҳаракати бошланди ва у 16 йил давом этди.
М. Аъзам. Босмачиликнинг келиб чиқиши ҳақида Шоди ака ўзининг ўринли фикр-мулоҳазаларини билдирди. Мен эса у киши тўхталмаган жиҳатларга эътиборингизни қаратмоқчиман. 1917 йил 26—29 ноябрь кунлари бўлиб ўтган Туркистон ўлка мусулмонларининг IV қурултойида Мустафо Чўқай — ҳукумат бошлиғи ва ташқи ишлар нозири, Ислом Шоаҳмад ўғли — адлия нозири, Потеляхов — озиқ-овқат нозири, Убайдуллахўжа — ҳарбий нозир, Чанишев — бош қўмондон, Саидносир Миржалил ўғли — хазиначи бўлдилар ва ҳоказо. Бу қурултой бутун Туркистон ўлкаси мусулмонлари иштирокида ўтган бўлса ҳам ва у Туркистон мухтор жумҳуриятини тузган бўлса ҳам, кейинчалик унга «Қўқон мухторияти» деб ном берилди. Жуғрофий жиҳатдан бу тўғри, албатта. Дарҳақиқат, қурултой Қўқонда бўлиб ўтган. Аммо Туркистон мухтор жумҳуриятини Қўқон мухторияти деб аташ уни камситиш ва тарихий ҳақиқатни бузишдир. Сохта тарихчилар бу билан Мухториятга шаҳар мақомини бермоқчи бўладилар, қурултой шунчаки бир шаҳарда бўлиб ўтган оддий ўткинчи воқеа эди, деб унинг қийматини пасайтиришни хоҳлайдилар. Ваҳоланки, қурултойда Фарғонадан, Сирдарёдан, Самарқанддан, Бухородан, Ҳазар бўйидан ва ҳатто ўлканинг Оврупо қисмидан ҳам вакиллар қатнашган эди. Бу ҳам етмагандай тарихчилар ўша қурултойни «буржуазия миллатчи ташкилотларининг қурултойи» деб атайдилар («Большая советская энциклопедия» 2-нашри, 21-жилд, 10-бет). Бу ҳам тўғри эмас. Чунки тузилган ҳукуматнинг учдан бир қисми қардош миллат вакилларига ажратилган эди. 36 ўрин Фарғона, Самарқанд, Сирдарё, Еттисув, Ҳазарбўйи ва шаҳар думалари вакиллари учун ажратилган бўлса, 18 ўрин ўлканинг овруповий ташкилот ва фирқалари, жумладан, темирйўлчилар иттифоқи, ишчи-деҳқон ва аскарлар Кенгаши, социал-демократлар, Дашноқцутюн, ерли ва овруполи яҳудийлар, эсерлар, украинлар, поляклар ва бошқаларга ажратилган эди. Демак, бу қурултойни ва у тузган мухториятни «буржуазия миллатчи ташкилотларининг қурултойи» деб таърифлаш асосга эга эмас. Ундан ташқари, ўлка мусулмонларининг IV қурултойи осмондан тушган ғайритабиий ҳодиса ҳам эмасди. Биринчидан, Русияда рўй берган февраль инқилоби Озодлик, Тенглик, Биродарлик шиорларини ўртага ташлаган ва Муваққат ҳукуматнинг табақа-тоифавий, диний ва маҳдудликни бекор қилиш ва маҳаллий идораларни сайлашда умумий, бевосита, тенг ва махфий овоз бериш ҳуқуқини таъсислаш тўғрисидаги дастурамали Туркистон халқида ҳам рус империализмини парчалаб, демократик қайта қуриш имкони борасида умид уйғотган эди.
Иккинчидан, Туркистонда миллий мустақиллик учун кураш чор Россияси империалистиқ истилочилиги бошлангандан буён тиним билмай давом этиб келаётган эди. Маълумки, Пётр I 1722 йилда қозоқ ерлари орқали Русиянинг Осиёга ёйилиш режасини ўртага қўйган эди. У «қозоқ ўрдалари (жузлар) бутун Осиё ўлкалари учун эшик ва калитдир. Шунинг учун уларни мутлақо Русия ҳимояси остига киритишга мажбурмиз», «Русия, Туркистон ва Афғонистон орқали Ҳиндистонга кириш йўлини излаши керак» тарзида таълим берган ва сиёсий васият қолдирган эди. Пётр I дан кейинги барча рус императорлари буни ҳамиша ёдда тутганлар. Дастлаб Туркистоннинг шимолий қисмида жойлашган қозоқ ерлари истилога дучор бўлдилар. Қозоқлар XVIII аср бошларида 3 давлат ҳолида яшардилар. Улар, ўз жамоатларини «жуз»лар дердилар. Улар Катта жуз, Ўрта жуз, Кичик жуз хонлик давлатларидан иборат эди. 1731 йилдан 1855 йилгача Кичик жуз ва Ўрта жуз хонликлари, 1855—1864 йиллари Катта жуз хонлиги Русияга қўшиб олинди. 1854 йилда подшо Николай I махсус кенгаш ўтказиб, Сибир чегарасини Сирдарё ҳудудига ўтказиб, уни мустаҳкамлаш тўғрисида фармойиш берди. Бу иш 1864 йилда Авлиёота, Чимкент ва Туркистон шаҳарлари босиб олингандан кейин амалга оширилди. Аммо бу ҳужум шу билан тугамади. 1865 йил ёздаёқ ёпирилиб Тошкентни босиб олдилар. 1868 йилда Бухоро хонлигига юриш бошлаб, Самарқандни эгалладилар. Зарафшон воҳасида Зарафшон округи ташкил этилди. 1874 йилда Хивага қарши юриш бошлаб, Амударёнинг ўнг этаклари Русияга қўшиб олинди ва Амударё бўлмаси тузилди.
Кўқон, Бухоро, Хива хонликлари рус қўшинларининг тазйиқи остида Русия билан шармандали шартномалар тузишга мажбур бўлдилар ва рус подшосининг вассалига айландилар. Вассаллик ҳолида Бухоро ва Хива хонликлари сақланиб қолди. Қўқон хонлиги эса, қирғиз-қипчоқ Абдураҳмон Офтобачи Худоёрхоннинг русларга бўйинсунишига розилик бермай, исён кўтарганда, исённи бостириш баҳонаси билан йўқ қилинди. 1885 йилда Кушка истеҳкомининг босиб олиниши, 1886 йилда Атекнинг Ахалтекинга қўшилиши натижасида Туркманистон истилоси ҳам якунланди. Помирда руслар 90-йилларнинг биринчи ярмида ҳукмронликни ўрнатдилар. (Қаранг: П. Г. Галузо. «Туркестан — колония», М., 1929 й.)
Албатта, Туркистон халқлари Русия мустамлакачиларининг бу истилоларига қарши узлуклик ҳаракатда бўлдилар. Масалан:
1) Қозоғистон минтақасида 1783—93 йилларда Сирим Ботир қўзғолони;
2) 1822—23 йилларда Жўломон Тиланчи қўзғолони;
3) 1836—38 йилларда Исатой Тоймон қўзғолони;
4) 1837—46 йилларда Султон Кенасарин қўзғолони;
5) 1856 йилда Сирдарё Жонхўжа Нурмуҳаммад қўзғолони;
6) 1868 йилда Самарқанд мудофааси ва Бухоро хонлигининг Бухоро шаҳри, Шаҳрисабз беклигидаги ҳаракатлар;
7) 1870 йилда Манғишлоқ қирғизларининг исёнлари;
8) 1871 йилда юқорида тилга олинган Абдураҳмон Офтобачи қўзғолони;
9) 1871 йилда эшон Эшмуҳаммад бошчилигидаги Сирдарё вилоятидаги чиқишлар;
10) 1871 йилда Фарғонада Етимхон қўзғолони;
11) 1898 йилда Дукчи эшон бошчилигидаги Андижон қўзғолони;
12) 1899 йилда Сирдарё вилоятидаги ҳаракатлар ва ҳоказолар.
Бундай миллий-озодлик ҳаракатлари бениҳоя кўп бўлган. Фақат 1887—1898 йиллар давомида Фарғона, Самарқанд ва Сирдарё мустамлакачилар идораларига қарши 668 марта ҳужум бўлганлиги рўйхатга олинган. 1899 йилдан 1917 йилгача Фарғона, Самарқанд, Ҳазарбўйи, Сирдарё, Еттисув вилоятларида ҳаммаси бўлиб 4922 марта чор ҳукумати идораларига қарши ҳужумлар бўлгани ҳам Галузонинг китобида келтирилган. Бу маълумотлардан шу нарса очиқ-ойдин кўриниб турибдики, Туркистон ўлкаси мусулмонларининг IV қурултойи тарихий ҳодисаларнинг мантиқий бир давоми эди ва деярли икки асрлик миллий-озодлик ҳаракатлари ниҳоят энди ижобий бир якунга келаётгандай эди. Туркистон мусулмонлари рус халқи билан биргаликда озодликка, мустақилликка эришадиган пайт келди, деган умидда эдилар.
Табиийки, 400 киши ва ҳарбийлар иштирокида Туркистон ҳокимияти ғайриқонуний йўл билан, маҳаллий аҳолининг иштирокисиз амалга оширилган бу тўнтариш ерли халқнинг катта норозилигига учраган, шу тариқа юқорида зикр этилган Туркистон ўлка мусулмонларининг VI қурултойи чақирилган эди. Рус аскарлари, арманиларнинг «Дашноқцутюн» партияси аскарлари билан бирга 5 февралда Қўқон шаҳрига ҳужум қилганида 180 қишлоққа ўт қўйганлар. Ш. Шомаъдиевнинг 1961 йили рус тилида чиққан «Фарғона водийсида фуқаролар уруши тарихидан очерклар» китобида айтилишича, Қўқон уч кун олов ичида қолганида 10 мингдан ортиқ туркистонликлар ўлдирилган экан. Афсуски, сўнгги нашрлардан бири бўлмиш «Ўзбекистон Совет Социалистик Республикаси» номли бир жилдлик қомусда Туркистон ўлка мусулмонларининг VI қурултойи «антисовет фитна» деб таърифланган. «1918 йил 19 февралда Тошкент қизил гвардиячилари билан биргаликда (?) контрреволюция билан (?) курашга отланадилар», деб ёзилган унда. Умидлари сароб бўлиб чиққан Туркистонда миллий-озодлик кураши янгитдан бошланди. Туркистон мухтор жумҳуриятининг қурол кучи билан йўқ қилиниши ва қуролланмаган тинч аҳолининг талон-торож, қатли ом қилиниши халқ орасида миллий-озодлик ҳаракатларини кучайтириб юборгани ҳақиқатдир.
Ш. Каримов. Мен бу ўринда озодлик ҳаракати қатнашчиларининг ҳаммасини халқ манфаатини ифода этган, улар миллий қаҳрамонлар, деган ғоядан йироқман. Ҳаракат сафларида албатта, ўзининг тор синфий, шахсий манфаатларини кўзлаган кимсалар, ўғрилар, муттаҳамлар, хуллас, кенг меҳнаткашлар оммаси хоҳишларига ёт кўз билан қаровчи унсурлар ҳам бўлган. Аммо бу ҳаракатнинг том маъноси ва йўналиши миллий-озодлик йўналишида бўлганига шак-шубҳа йўқ. Туркистон халқлари чор самодержавиесига қарши бир қанча қўзғолонлар кўтарган эса-да, улар шафқатсизлик билан бостирилаверганига юқорида тўхтаб ўтдик. Сўнгра, 1917 йилги февраль ва Октябрь инқилоблари меҳнаткашларга озодлик олиб келади, миллатларнинг ўз тақдирини ўзи белгилашдан иборат ленинча сиёсат амалга оширилади, эксплуатация ва зулмдан озод бўламиз, деб ўйлаган эди ўлка аҳли. Афсуски, бу орзу ҳам саробга айланди. Ўлка меҳнаткашларининг оддий фуқаролик ҳуқуқлари поймол этила бошланди. Бу ҳолни ўша пайтдаги нуфузи баланд кишиларнинг, жумладан Туркистон Компартияси мусулмонлар бюросининг раиси Турор Рисқуловнинг қуйидаги сўзларидан ҳам билиш мумкин: «Биз шўрлик мусулмонларни Николай замонида қандай ҳайвон ўрнида кўришган бўлса, йўқсуллар ҳукумати даврида ҳам шундай… Ҳозир ҳам зулматда яшамоқдамиз, оч, яланғоч, итга ўхшаб хор бўлиб ўлиб кетяпмиз. Бунинг учун ким айбдор?.. Мен бойлар тарафини олмоқчи эмасман. Бироқ бир камбағалнинг битта оти бўлгани ва шу отга арава қўшиб оиласини боқиб тургани ҳақида гапирмоқчиман. Бу бечораникига бир қизил армия жангчиси кириб келади, оилани боқиб турган отни текинга олиб кетади, энди оила нима ҳисобига кун кечиради, буни сўраб ҳам ўтирмайди. Наҳотки, шундай қилиш фирқа дастури амалида бўлса? Бойларнинг мол-мулкини бўлиб беряпмиз, деб аслида, 84 минг кишилик бутун шаҳарни талон-торож қилишди. Хўш, бу нима деган гап? Намангандан чиқадиган барча маҳсулот, қимматбаҳо буюмдан тортиб то қулфгача рўйхатга олинди. Баъзи кишиларни қурол сақлашда гумон қилиб қамашди. Қурол топишолмагач эса, уларни шартли равишда озод қилдилар ва 5—10 минг сўм жарима тўлатдилар. Бу пуллар қаерга кетди — шўролар кассасигами ёки чўнтакками? Агар чўнтакка бўлса, бу ҳолга қандай баҳо бериш керак? Ёки ўзлари ҳукмрон бўлишлари учун бу ҳукуматни барпо қилдиларми? Улар… бошқаларнинг ипак-газламалари ва қимматбаҳо буюмлари билан уйларини безадилар. Биз мусулмонларга нима беришди? Қорнимизни тўйғазишдими? Йўқ! Устимиз бут бўлдими? Йўқ! Агар яхши кийинтиришганда, камбағаллар ялангоёқ юришармиди? Агар қорнимизни тўйғазишганда минг-минглаб одам очликдан ўлармиди? Бизнинг уйларда нималар қолди? Фақат жулдир тўшаклар, холос. Бошқа ҳеч нарса…» Ўлка меҳнаткашлари бундай оғир аҳволдан чиқишнинг яккаю ягона йўлини — миллий мустақиллик йўлини танлашдан бошқа иложи қолмади. Бу ҳақда Самарқанд шаҳар ҳокими В. Дориомедов 1918 йил январь ойида «Знамя свободь!» газетасида шундай ёзган эди: «Рус большевиклари ҳар қандай мухториятни тан олмади ва мазлум халқлар ўз ҳуқуқлари ва тақдирларини ҳақиқатан ўзлари белгиламоқчи бўлганларида бунга йўл қўймадилар». Туркистонда миллий сиёсатни амалга оширишда жиддий хатоликларга йўл қўйилганлиги тўғрисида партия ва давлат арбоби, ўлкадаги инқилобий ҳаракатлар иштирокчиси Д. Манжара рўй-рост шундай баён этади: «Миллий сиёсатда йўл қўйган хатоларимиз туфайли Қўқон мухторияти вужудга келди… Уни йўқотиш пайти яна бир хатога йўл қўйдик. Қурол-яроғи деярли бўлмаган мухториятчилар жойлашган эски шаҳарни қамал қилиш ўрнига, биз тўплардан ўққа тутдик, кейин дашноқларнинг қуролли тўдаларини ишга солдик. Натижада талон-торож, номусга тегиш, қирғин бошланди. Бундан мухториятчиларга алоқаси бўлмаган тинч аҳоли катта зарар кўрди».
Улуғ миллатчилик ғоялари билан заҳарланган овруполик вакиллар туб аҳолига паст назар солдилар, ҳатто улар орасидан чиққан коммунистларга ишонмадилар, маҳаллий коммунистларни тор даражадаги мажлис ва йиғинлардан чиқариб юборар, қарорларни эса ўз билгиларича тузардилар. Туркистон Халқ Комиссарлари Кенгашининг аъзоларидан бири Павлюченко бу борада ўз фикрини очиқ-ойдин қуйидагича баён этган эди: «Биз ўзимизни инқилобнинг илғор отряди, энг онгли ва комил жангчилари, деб биламиз ва сиёсатга ғўр бўлган мусулмон меҳнаткашларининг етакчиси бўлишни бурчимиз деб биламиз. Мусулмонларга бирор нарсани топшириш ниятида эмасмиз». Туб ерли мусулмонлар ҳар қадамда, ҳар дақиқада ўзларига нисбатан ишончсизликни, аёвсизлик ва душманликни кўрди. Шундай экан, биз миллий-озодликка отланган кураш қатнашчиларини халққа қарши, халқдан ажралган, ўзининг таянч базасига эга бўлмаган бир тўда каллакесарлар гуруҳи ёки «босмачилар» деб айта олмаймиз. Бундай санаш сиёсий нодонлик, калтабинлик ҳисобланади. Ҳурриятчилар, аксинча, ўзларини. «ислом аскарлари», «мусулмонобод жангчилари», «Ватан мудофаачилари», «ислом мудофаачилари», «Туркистон озодлик аскарлари» деб атаганлар.
М. Аъзам. А. Зевелев, Ю. Поляков, А. Чугуновнинг «Басмачество» китобида (Москва, 1981 й.) шундай сатрларни ўқиш мумкин: «Слово босмач происходит от тюркского глагола «басмак», что означает «давить», «притеснять», «насиловать». У народов Средней Азии понятие «басмач» означает «налетчик», «бандит», «разбойник», «насильник». Кўриниб турибдики, «босмоқ» феълининг биринчи мазмуни олинмаган, эътибор кейинги маъноларга қаратилган. «Босмоқ»нинг биринчи маъноси эса «захватить»дир. Яъни, бировларнинг ерини, мол-мулкини босиб олиш маъносида ишлатилади. Муаллифлар атайин бу маънони тушириб қолдирадилар. Агар бу маъно кўрсатилса, ўқувчида ўз-ўзидан савол туғилади: хўш, босмачилар қимларнинг ерини тортиб олган экан? Ўз уйини, ўз ерини босиб олиш мумкин эмас-ку? Мантиқсизлик кўринади-қолади. «Босмачилар» ўз ерини босиб олмаган, балки уни босмачилардан ҳимоя қилган. У ҳолда миллий-озодлик жангчиларига бу сўз қаердан олиб, қандай ёпиштирилган уларга?! Бу саволга жавобни РСДРП Марказий Комитетининг 1922 йил 18 май қароридан топиш мумкин. Бу қарорда босмачиликка қарши ҳарбий тадбирлар билан бирга аҳоли орасида жиддий тарғибот ташкил этилиши ҳам муҳим вазифа сифатида кўрсатилган ва жумладан «Анвар пошони аҳоли орасида инглизларнинг жосуси ва Шарқ халқларининг душмани», деб кўрсатилган тарғибот юритиш кераклиги айтилган эди. (М. Эркаев. «История гражданской войны в Таджикистане». Душанбе, 1963, 328— 329-бетлар.) Тарихдан маълумки, Анвар пошо Камол Отатурк билан бирга инглиз империалистларига қарши ҳаёт-мамот жангларида қатнашган. У «инглиз жосуси» бўлиши мумкин эмаслиги аён эди. Уни эл ичра обрўсизлантириш учун «инглиз жосуси» деб тарғибот юритиш вазифа қилинаётган эди. Худди шунингдек, Ватан мудофаасига отланган мужоҳидларни ҳам халқ орасида обрўсизлантириш учун уларга нисбатан «босмачи» атамасини биринчи бўлиб шовинистлар тарқатганига шубҳа қилмаса ҳам бўлади. Шу тариқа биринчи бор 1925 йилда босмачи атамасини француз журналисти Жозей Кастагне ишлатди. 1928 йилда Туркистон мухтор жумҳуриятининг собиқ раиси Мустафо Чўқай ҳам бу атамани инглиз тилида такрорлади. «Босмачилик» атамаси 1930 йилдан кейин расмий тусда кенг қўллана бошлади. Шуни ҳам ёдга олиш жоизки, 1979 йилда «Совет қўшинларининг чекланган контингенти» Афғонистонга киритилганда ўз юртини ҳимоя қилган афғон мужоҳидлари ҳам талай вақтгача совет матбуоти саҳифаларида «босмачилар» деб номландилар. Аммо бу гал бу тавқи лаънатни афғонларга ёпиштиришнинг иложи бўлмади.
М. Ҳасанов. Босмачилик ҳаётда хийла мураккаб кечган. Буни мен ўлка ижтимоий-иқтисодий ҳаётида пахтачиликнинг барбод бўлиши туфайли оммавий ишсизликнинг келиб чиқиши, янги аскарлар орасида люмпен-пролетариат (капиталистик жамиятда қиёфасини йўқотган синф вакиллари) борлиги, босмачилик ҳаракатининг минтақавий турли-туманлиги сабабли айтаётганим йўқ. Шуниси равшанки, ҳукуматнинг диний масалада йўл қўйган хатоси биринчи галда кўчманчи аҳолидан маданий-маърифий даражаси юқори саналган ўтроқ одамлар орасида қаттиқ норозилик уйғотди. Нега десангиз, ислом қадриятлари кўчманчи одамлар орасида деҳқончилик билан машғул ва ўтроқ ҳаёт кечираётган аҳоли орасидагидек катта куч ва қудратга эга эмас эди. Айни пайтда, Туркистоннинг ўша пайтдаги жуғрофий-сиёсий жиҳатларини ҳам кўздан қочирмаслик керак. Янгича сиёсий фикрлаш доираси бизни соғлом мулоҳаза юритишга олиб келган бир даврда, инглизларнинг Туркистон ишига аралашишгани диққат марказидан четда қолмаслиги керак. Эслатиб ўтишим лозимки, мен ўша йиллардаги кураш кескинлигини «халқаро империализмнинг ҳийла-найранги» дея изоҳлаш тарафдори эмасман. Аммо инглиз махсус маҳкамаларининг Туркистон ишига аралашувини инкор этиш ҳам жоиз эмас. Ва яна нэп (янги иқтисодий сиёсат), яъни бозор иқтисодиётига ўтиш пайтига тўғри келган 1921-22 йиллардаги сиёсий ён босишлар — вақфнинг қайтарилиши, эски услубдаги мактабларнинг қонуний тус олиши, ўлка сиёсий ҳаётига обрўли руҳоний ва бадавлат кишиларнинг жалб этилиши ҳамда бошқа тадбирларни ҳам назардан соқит қилмаслик керак. Бу омиллар ҳокимият ва аҳоли ўртасидаги эҳтиросларни анчайин юмшатди, пировардида босмачилик ҳаракати 1923—24 йилларда ўзининг сиёсий аҳамиятини тезда йўқотди; у оддий босқинчилик тусини олиб кенг меҳнаткаш омма томонидан қўллаб-қувватланмади. 1918—22 йиллардаги босмачилик эса аҳолининг ўлка ҳукуматининг нафақат террорга асосланган, айни замонда иқтисодий ва диний соҳада олиб борган сиёсатига жавоб сифатида вужудга келиб, тўғридан-тўғри миллий-озодлик ҳаракати тусини олган эди. Бугунги кунда босмачилик ҳаракатининг пайдо бўлиши ва туб сабаблари ҳақида асл манбалар ҳаммани қизиқтириши табиий, деб ўйлайман. Чунки бундай ҳужжатлар шу пайтга қадар темир сандиқларда сақланар, очилганларини ҳам эълон этиб бўлмас, эълон этилганида эса бир томонлама ёндашиларди. Институтимиз ҳужжатгоҳида сақланаётган мана бу асл матн нусхаси мазкур масалага анча ойдинлик киритади. Кўпчилик фикрига зид келувчи бундай ҳужжатлар ҳозирга қадар матбуот юзини кўрмаган. Мана ўша ҳужжат:
«Ишчи, қизил аскар ва мусулмон депутатлари Қўқон кенгашига
Қўқон тасарруфига қарашли Бувайда туманидаги Ялғунзор қишлоғида турувчи Эшмуҳаммад Бойбочи қўрбошидан
Сизларга ушбу мурожаатномамизни юборар эканмиз, уни ҳар икки сиёсий партияда муҳокама этиб, ўз қарашларингиз, хоҳиш ва истакларингизни бизга ёзма равишда билдиришларингизни илтимос қиламиз.
Қўқон шаҳри ва унинг атрофи қирқ уч йилдирки, Русия давлати ихтиёридадир, мусулмонлар ҳокимиятга тобе бўлиб, сўнгги пайтда унинг фарзандлари ҳам бўлиши мумкин эди. Икки йил аввал, хонимиз ҳаёт чоғида ҳам рус ва маҳаллий ҳукуматнинг барча фармонлари мусулмонлар томонидан ҳеч монеликсиз батартиб бажариларди.
Ҳукумат ўз кучи билан тартибсизлик ҳамда бебошлик келиб чиқишига йўл қўймасди, аҳолини қийноқ-қистовга олаётган безориларни тутиб, интизом устидан назорат қилиб борарди, ҳарёқда осойишталик ҳукм сурарди.
Эркинлик бўлиши билан шаҳарда ҳамма эркин бўлиб қолди, қишлоқларда хавотир кучайди, тартибсизлик ва безорилик кун сайин ошиб бораверди, пировардида биз қўрбошилар партияси тузиб, ўз маблағимиз ҳисобига қурол-яроғ — милтиқ, тўппонча ва бошқа нарсалар сотиб олиб, 15000 кишини қуроллантирдик. Шаҳар атрофидаги ҳар қандай безорилик, талон-торож ва қиморбозликни даф этдик, қўлга тушганларни қаттиқ жазолаб, тартиб ва осойишталик ўрнатдик.
Бизнинг қўрбошилар партияси шу вақтга қадар мавжуд ҳукуматга қарши бормади, тартибсизликлар келтириб чиқармади, аксинча осойишталик ҳукумат вакиллари томонидан бузилмоқда, масалан, Холовот қишлоғига большевиклар келиб, қурбонбийларга ҳеч қандай зарар келтирмасдан қишлоқни хонавайрон этдилар, нуқул тинч, қашшоқ одамлар нобуд бўлди, уларнинг мулки большевиклар томонидан талаб кетилди.
Аҳолига келтирилаётган бу каби зарарларингиз фақат сизлар тарафдан эмас, бошқа жойларда маҳаллий ҳукумат вакиллари томонидан ҳам йўл қўйиб берилаётгани аниқланмоқда.
Агар сизлар тўла маънода ҳокимият тепасида бўлсангизлар, бундай ҳол ҳеч қачон юз бермасди. Ахир бизлар ҳам шаҳар атрофида ва заводларда ишлаётган рус ва арманларни ўлдиришимиз мумкин-ку.
Ҳар қандай талончилик, қотиллик, ўзбошимчалик, малъунлик, камбағалларни хўрлаш ва шип-шийдам қилиш бизнинг қонунларимизга, шариатга тўғри келмайди. Ўйлаймизки, Холовот ва бошқа жойларда содир бўлган бундай ҳоллар, масалан, қишлоқлардаги ҳеч бир гуноҳсиз одамларни, миллатидан қатъи назар рус, арман, яҳудийларни, ҳатто болалар ва аёлларни ўлдириш, уларнинг хўжалигини талаб кетиш, муқаддаслик манфаати деб чалаўлик ҳолида қолдириш сизларнинг ҳам қонунларингизга тўғри келмайди.
Сизлар ва шунингдек, «Тўртинчи»га ёзилган биз мусулмонлар томонидан ҳам шаҳар бозорига бирон нарса харид қилиш ёки сотиш илинжида келган қишлоқ одамларини қўрбошилар йигити ёки қариндош-уруғи деб ҳисоблаб, ушлаб қамоққа олишмоқда ва шип-шийдам қилиб талашмоқда.
Бундай ҳол давом этаверса, қишлоқ аҳли шаҳарга ҳар турли озиқ-овқат маҳсулотлари келтиришни тўхтатиб қўйиши мумкин, натижада шаҳар мушкул аҳволга тушиб қолади.
Илгари бизнинг шариат ҳеч ким томонидан бекор қилинмаган эди, мусулмонлар ўз урф-одатларига амал қилиб яшашарди. Сизлар эса айни замонда олди-сотдини тақиқлаб қўйдингизлар, бу бизнинг шариатга мутлақо зиддир. Сизларнинг бундай қадамларингиз юқорида қайд этилган тартибсизликларга бориб уланаверади.
1919 йил 28 февралида Эшмуҳаммад Шермуҳамедов муҳри босилди».
А. Ҳайдаров. Шу ўринда эътиборингизни фуқаролар уруши тарихининг, тўғрироғи, Фарғонада вазиятнинг кескин ўзгаришига сабаб бўлган яна бир жиҳатига диққатингизни тортмоқчиман. «Дашноқцутюн» партияси аъзоларининг «Туркистон мухториятини» тугатишда қандай ўрин тутганлиги кўпчиликка маълум, бироқ Туркистон ҳукумати аъзолари ундан дарҳол сабоқ чиқариб олмаганлар. Шу сабабдан бўлса керак, бу масалада ўлка қўмитаси раҳбарияти, шахсан И. Тоболиннинг нуқтаи назари бутунлай бошқача эди. «Дашноқцутюн» партияси маҳаллий йўлбошчисининг кутилмаганда Туркистон Компартияси I съездини табриклаши ва съезд муносабати билан: «сизларнинг инқилобий кайфиятингиз бизникига яқиндир, ҳамоҳангдир», «бизлар сизлар билан биргамиз, машаққатли онларда ўзларингиз каби бизларга ишонишларингиз мумкин», дея билдирган муносабати унинг айни кўнглидан чиқади. Тоболин бу гапни фақат «ютибгина қўя қолмасдан», жавоб нутқида шундай қўшимча ҳам қилади: «Сиз билдирган нуқтаи назарларга қўшилган ҳолда пролетариат ҳуқуқ ва идеалларини амалга оширишда, биз «Дашноқцутюн» инқилобий партияси қиёфасида ўз иттифоқдошимизни кўраяпмиз, йиртқич империализм ярамасларча суқилиб кирса ёки таҳдид солса жанговар сафларимизда сизлар бизга елкама-елка бўлишларингизга умид қиламиз». («Наша газета», 1918, 22сон.)
Бу фикр айнан Фарғонада сиёсий вазият мувозанати марказга жипслаша бошлаган вақтда айтилган эди. Қўқон воқеаларидан кейин Фарғонада бўлган Т. Рисқулов А. Казаков номига мурожаатномасида тўғридан-тўғри шундай деб ёзади: «…фронт, асосан, Қўқон воқеаларидан дам ўтмай Шўро арбобларининг салбий хатти-ҳаракатлари туфайли келиб чиққан. Фарғона вилоятидаги барча ҳодисалар марказида «Дашноқцутюн» арманилар партиясининг ғаламисона иши қизил ип бўлиб ўтади. Қизил Армия отрядлари босқинчилар билан курашиш ўрнига нуқул арақхўрлик қилишган, қуролларини сотиш билан овора бўлишган, шаҳар чеккасига чиққанларида тинч қишлоқларни қароқчиларга ҳомийлик кўрсатишда айблаб талашган». Айнан дашноқлар «ўзбек қизлари номусига мажбурлаб текканлар, болалар ва аёлларни қатл этганлар. Буларнинг ҳаммаси мусулмонларнинг диний мутаассиблиги ва ҳис-туйғуларига теккан, натижада уларнинг ихлоси қайтиб қочганлар ва босқинчилар гуруҳига бориб қўшилаверганлар». Бу далилни ўлка мусулмонлари партияси коммунистлари ҳам тасдиқлайди. Унинг қарорларидан бирида айтилишича, «айнан» мусулмон ва дашноқлар ўртаеида адоват «Дашноқцутюн» миллий партиясининг маҳаллий шўро ташкилотлари бияан алоқа боғлашига киришиши ва унинг ҳарбий таянчи бўлишига имкон яратди… Тинч аҳолига қилинган зўравонлик, талон-торожлар босқинчиларнинг ўсишига шароит туғдирди».
Туркистон Жумҳурияти Марказий Ижроия Комитетининг 1919 йил 19 июндаги махсус буйруғига биноан мазкур партия тарқатиб юборилди. Ўша қарорда шундай дейилган: «Боку, Кавказорти ва Фарғона вилоятида содир этилган ҳодисалар шуни аниқ кўрсатмоқдаки, у социалистик партиядан миллий-буржуазия партиясига айланган, бу давр мобайнида ўзининг Совет ҳокимияти маслагида туғилганини расман тан олганига қарамай, ошкора муросачилик сиёсатини олиб борди ва мушкул дақиқаларда Боку пролетариатини сотди. Фарғона воқеалари юз берган пайтда эса миллий низо чиқаришга эришди, тинч меҳнаткаш оммага анча зўравонлик ўтказди».
М. Ҳасанов. Шуни ҳам унутмаслик жоизки, воқеалар қаҳатчиликнинг давом этиши, пахтачиликнинг емирилиб, оммавий ишсизликнинг келиб чиқиши, ҳеч кутилмаган нон монополияси ва унинг озиқ-овқат развёрсткаси (Шўро давлатининг ҳарбий коммунизм даврида қишлоқ хўжалик маҳсулотлари тайёрлаш усули)га алмаштириш даврида ўса борди. Устига устак, ўша пайтда босмачиликнинг ижтимоий асоси кенгайиши учун мафкуравий замин ҳозирланди. Мен бу ўринда жумҳурият ҳукуматининг вақфни бекор қилиш, эски мактаб-мадрасаларни ёпиш, қозилик судлови ва бошқа нарсаларни тақиқлаш борасида чиқарган қарорларини кўзда тутаётирман.
Туркистон жумҳурияти ҳукумати юқори ташкилотларининг сиёсий хатолари туфайли минглаб партия ходимлари, чекистлар, ҳарбийлар ва деҳқонлар умри зомин бўлди. Туркистон жумҳурияти ички ишлар халқ комиссарлигининг маърузаларидан бирида шундай дейилади: «Марказ яхши хабардор бўлмай туриб (таъкидлар бизники — М. Ҳ.) босмачилик ҳаракати сиёсий сабаблари нимада эканини билмай ва уларни жиноятчи дея гумон қилиб, босмачилар гуруҳини яксон этиш учун мунтазам равишда овруповий ҳарбийларни жўнатаверди… Бу — ўтга ёғ қуйиш билан баробардир. Кўплаб қон тўкилди, бироқ самара бермади. Босмачилик тинчиш ўрнига, аксинча ўсиб, шундай қамровга эга бўлдики, Фарғонада мавжуд ҳукумат бугун-эрта емирилиши мумкин». Армия ҳақиқатан ҳам ғоят мураккаб аҳволга тушиб қолган эди. «Советское слово» рўзномасининг 1922 йил 22-сонида ёзилишича, «Босмачилик уруши Совет федерациясининг бошқа жанггоҳларидан кескин фарқ қилади, босмачи гуруҳлар ерни, турмушни билишда Қизил Армия қисмларидан жуда катта устунликка эга, шунга кўра улар мавжуд вазиятларда осонгина йўл топа оладилар… Қизил Армия қисмлари ўз душманининг барча йўналишларини билиш имконига эга эмас». Мақолада тўғридан-тўғри таъкидланишича, «босмачиликнинг бунчалик узоқ вақт фаолият юритишига асосий сабаб, одамлар сўнгги дамларгача босқинчиларга нисбатан ўзининг кескин сўзини» айтмагани экан.
Мен босмачилик тарихининг баъзи жиҳатларига диққат қиларканман, бу билан қизил аскарлар ва чекистлар қаҳрамонлигини қораламоқчи эмасман, балки Фарғона водийсида эҳтиросларнинг бир неча йил жўшиб туришига замин ҳозирлаган чет эл махсус маҳкамаларининг босмачилар, руҳонийлар ва бой-бадавлат кишилар тоифасига ҳарбий ёрдам бериши сабабларига тўхталиб ўтмоқчиман. «Қизил террор» мавзуси профессор Ю. Кораблёвнинг эътироф этишича, «бекик мавзу ҳисобланади. Фавқулодда жазо ташкилотлари фаолияти ҳақидаги ҳужжатлар эса тадқиқотчиларга ҳалигача очилган эмас».
Бу мавзуда ҳам қўлимда бир талай ҳужжатлар бор. Уларнинг бирида ошкора шундай дейилади: «одамлар кутганичалик келгиндилар (яъни, мунтазам армия — М. Ҳ.) қиёфасида асрий қулликдан халос этувчи ва пролетариат умумдиктатурасига йўл бошловчиларни кўрмади, аксинча улар қиёфасида янги асоратга солувчиларни кўрди, урф-одат ва дин келгиндиларга тобе бўлишга имкон бермади. Ошкора кураш ниш урмасиданоқ уруғлар орасида ғалаён кўтарилди. Муайян сиёсий ёндашув йўлларидан бехабар алоҳида бўлим ҳамда Фавқулодда Комиссия органлари бундан хабар топиб ҳарақат раҳбарларини таъқиб эта бошладилар, дуч келган одам, ҳатто эл орасида обрў-эътибори баланд уруғ сардорлари ўнгдан ҳам, сўлдан ҳам қўлга олинаверди. Отилмай қолганлари эса барибир таъқиб остида бўлдилар. Таъқибга олинганларнинг аксарияти узоқ муддат алоҳида бўлимлар ертўлаларида ўтиришга тоқатлари етмай, иссиқ жойларини ташлаб овруполикларнинг ўткир нигоҳи тушмаган манзилларга яширинардилар». Ушбу ҳужжатда жазоловчи орган ва армия фаолияти таҳлил этилиши баробарида, шундай сатрларни ҳам ўқишимиз мумкин: «асл сиёсий ходимлар билан бир қаторда тарих, умуман Туркистон тарихидан мутлақо бехабар бўлган кишилар — тушунчаси паст ишчилар, қизил аскарлар ва матрослар келишиб, улар қишлоқда инқилобни алоҳида бўлимлар ва Фавқулодда Комиссия органлари орқали эҳтимол, Рязань губернясида қўлланилган, лекин Туркистонга бутунлай ёт услублар билан чуқурлаштира бордилар. Агар киши нафратини келтирадиган далилларга батафсил тўхталадиган бўлсак, инқилобга мутлақо дахлсиз бундай кимсаларнинг қаҳрамонлигини ёритиш учун бир уюм қоғоз қоралаш мумкин. Гуноҳсиз одамлар икки-уч қўшниси бўҳтони билан отиб ташланар, ашаддий аксилинқилобчилар эса номаълум сабабларга кўра қўйиб юбориларди. Масалан, Самарқандда жазоловчи органлар ходимлари ўртасида қўлга тушганларни кечаси ким кўп ўлдириш бўйича мусобақа ўтказилган, улар мусулмонлар ҳаётининг асрий дарахтини қўпоришга киришиб, мамлакатнинг азалий турмуш тарзини бузиб, дин аҳлининг ҳиссиётларини поймол этиб, уларни салкам бир йил ичида байналмилал руҳда тарбияламоқчи бўлдилар». (ЎзШСЖ Марказий Давлат ҳужжатгоҳи, ф-р 17. оп. I ед. хр. 45.)
Помирга инспекцион сафар билан борган Туркистон Марказий Ижроия Комитети айғоқчисининг А. Раҳимбоев номига ёзган мурожаатномасида тўғридан-тўғри шундай эътироф этилади: «Жазоловчи орган раҳбари ва Помир учлиги раиси бир одам бўлиб, у алоҳида бўлимнинг эски ходими саналади. 1918—1919 йилги алоҳида бўлимдаги мавжуд ғоялар қон-қонига сингиб кетган. Қўрқитиш, тақиқлаш, жазолаш — бу кимсанинг бутун дунёқараши ва сиёсий фикри ана шу уч омилдан таркиб топган».
Ушбу баённома муаллифи бундай ёндашувларнинг сиёсий натижаларини баҳолар экан, шундай деб давом этади: «Ҳозир чет элда мамлакат тасарруфидан чиқиб кетаётганларни хушнудлик билан кутиб олишмоқда. У ерда эса Шўро ҳукуматига нисбатан қаҳр-ғазаб кўпираяпти, биздан норози бўлганлар сони ошиб бораётир, улар мавжуд шарт-шароитни таҳлил этолмай ўз норозиликларини айрим ходимларга эмас, бутун Шўро ҳукуматига тўнкамоқда, бироқ бу ҳол давом этаверишига йўл қўйиб бўлмайди. Ахир инсон ўлик нарса эмаски, унда илмий мақсадларни кўзлаб жарроҳлик қилаверсак…»
Ўша йиллари Помир ва Фарғонада содир этилган бу сира майллар бошқа ҳужжатларда ҳам ўз аксини топган. Туркистон Коммунистик партияси Марказий Комитетининг РКП(б) МКига ёзган хатида мазкур ҳолга алоҳида тўхтаб ўтилган: «Жазоловчи органлар улар орасидан қўпорувчи ва бошқа унсурларни тозалашга асосли зарурат сезмаса ҳам, умуман ҳозирги шарт-шароитларга етарлича мослашмаган ҳамда ўз хатти-ҳаракатлари билан халқ оммаси ғалаёни ва нафратини оширмоқда (Помир ва Ўшда), баъзан эса миллий ихтилоф ва иғво уйғотмоқда (Қўқон, Наманган, Андижон). Шу боисдан, ТКП МК энг аниқ унсурларни РКП(б) МК Ўрта Осиё бюроси раҳбарлиги остига олиши зарурлигини алоҳида таъкидлайди». Шулар баробарида айтиб ўтиш ўринлики, мен махсус хизмат маҳкамалари ва ҳарбийларнинг аксилинқилобчи.лар ва босмачилар билан курашидаги фаолиятини қоралашни истамайман. Негаки, аксилинқилобчилар ва босмачилар I гуруҳларининг ижтимоий таркиби ғоят хилма-хилдир. Шу сабабдан ҳам туркистонлик I чекистлар Туркистон жумҳурияти давлат хавфсизлиги органларида пайдо бўлган вазият ҳақида биринчилардан бўлиб бонг урган эди. Туркистон Фавқулодда Комиссияси коммунист ходимларининг РКП(б) МКига 1921 йил мартида қилган баёнотномасида шундай қайд қилинган: «Бу қанчалик оғир бўлмасин, лекин биз идрок этишимиз лозимки, коммунист жазоловчи органга тушиб қолса, инсонийликдан чиқиб, автоматга айланади ва ҳаракатлари механик тус олади. Ҳатто ғайритабий равишда фикрлайди, уни нафақат эркин гапириш ҳуқуқидан, балки ўзига хос фикрлашидан ҳам жудо этади. У ўз қарашларини эркин билдиролмайди, изҳор қилолмай фақат отиш билан қўрқитади…» Яна шу нарса ҳам қайд этиладики, ФК ходимлари «жумҳурият сиёсий ҳаётидан четда қолмоқдалар… Уларда аҳмоқона майллар — ўзини юқори олиш, иззатталаблик, шафқатсизлик, совуқ худбинлик ва ҳоказолар ривож топмоқда. Ва улар аста-секин ўзлари сезмаган ҳолда партиявий оиламиздан ажралиб чиқмоқдалар, бу бурунги жандармчилар табақасини даҳшатли равишда эсга соладиган табақаларни вужудга келтирмоқда. Партия ташкилотлари уларга илгариги ҳимоя этувчиларга қарагандай ҳайиқиш ва шубҳа билан қарамоқда… Улар партиянинг махсус муштумзўрлари бўлиб, айнан шу муштумзўрлар партйя бошига мушт туширмоқда». (Қаранг: Г. Бордюгов, В. Логиков. «Ёввош тарих ёки янги публицистик жаннат». Ғамгин қайдлар. «Коммунист» журнали 1989 йил, 14-сон.)
1921—22 йиллар охирида партиянинг босмачиларга қарши кураши тактик режимлари механизмларини тушуниш масаласида ҳарбий доирадаги кишиларнинг қарашлари ҳам ойдинлик киритади, деб ўйлайман. Уларнинг фикрича, босмачиликни биргина қатли ом билан тугатиб бўлмайди. Бу фикрни Туркфронт Ҳарбий Инқилобий Кенгашининг 1921 йил 20 июкида, яъни РКП(б) МК Сиёсий Бюросининг Фарғона вилоятида сиёсий ён беришлар ҳақидаги машҳур қарори чиқишидан тўрт ой илгари бўлиб ўтган мажлисидаги сўзлар ҳам тасдиқлайди. Туркфронт қўмондони В. С. Лазарёвич: «ҳарбий ғалабаларни иқтисодий омиллар билан мустаҳкамлаш учун Фарғонада озиқ-овқат развёрсткасини бекор қилиш керак, чунки озиқ-овқат развёрсткаси босмачилик авж олган районларда жуда оз наф бериб, аҳоли қаҳр-ғазабини келтирди, холос», дейди. Шунингдек, Туркистон фронти Ҳарбий-Инқилобий Кенгаши аъзоси П. И. Баранов эса бундай дейди: «Фарғонага қилган сафаримга асосланиб шундай хулосага келдимки, босмачиликни ҳарбий воситалар билан тугатиб бўлмайди. Шу сабабли бир қатор иқтисодий омиллар ўтказиш зарур, шундагина биз кутилган сиёсий натижага эришишимиз мумкин. Бундай тадбирлардан биринчиси, Фарғонани тезлик билан озиқ-овқат развёрсткасидан халос этиш; иккинчиси, фарғоналиклар билан мол айирбошлаш учун моддий фонд ташкил этиш; учинчиси, Фарғона вилоятига кўчиб келган русларни ер фонди тузиб кўчириш ва ҳоказолар».
Уни муҳокама қилишда қатнашган Я. Рудзутак, Сольц ва бошқа кишилар масаланинг бу тарзда қўйилишига тўла хайрихоҳлик билдиради. Боз устига бундай ёндашувлар Туркфронт ҳарбий-Инқилобий Кенгаши қабул қилган қарорда ўз аксини топган.
Назаримда, ҳарбийлар тутган мавқе фақат тактик жиҳатдан узоққа мўлжаллангани бйлан эмас, балки инсонийлиги билан ҳам аҳамиятлидир. ТКПнинг VI қурултойида Н. Тўрақулов қилган маърузадан маълум бўлишича, ҳарбий ҳаракатлар туфайли Туркистон жумҳуриятида 200 минг киши ўлади ва майиб-мажруҳ бўлади.
Ҳақиқий тарихга ён босиш майли ётдир, аммо Туркистонда қурбон бўлган кишилар сони нисбатан озчиликни ташкил этса керак. Чунки туркистонликлар учун альтернатив ёндашувлар бўлган эди. Ахир, 1918 йил апрелида Туркистон мухторияти эълон қилинган, исломга нисбатан ёндашув ва қарашлар ўзгарган эди. Жумладан, 1918 йил ёзида Туркистон жумҳуриятининг миллий масалалар бўйича халқ комиссариати Москвага «вақфларни тезда умумий мулкка айлантириш» биргина аҳоли хайрихоҳлигини йўқотишга эмас, балки, жиддий норозиликнинг ўсиб фаол қарши ҳаракат вужудга келишига сабаб бўлади», деб хабар беради. Ўша ҳужжатда мана бундай сатрлар ҳам бор: «Марказий ҳукуматнинг никоҳ ва ажралиш ҳақидаги Фармойишини тўғридан-тўғри амалга ошириш ҳам мураккаблик келтириб чиқариши мумкин: мусулмонлар ҳаёти бус-бутун шариат қоидаларига асосланган, мабодо янги мезонлар ҳаётга бошдан-охир тадбиқ этилса, янги ҳукуматга хизмат қилаётган, таянч бўлган одамларни ҳам Шўро ҳукуматидан бездириш мумкин». Бу ҳужжатни келтиришимдан мақсад шуки, 1918 йилда Туркистон жумҳуриятининг юқори идоралари Бутуниттифоқ Марказий Ижроия Комитетининг у ёки бу қарорларини, жумҳуриятнинг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олиб, тузатиш ҳуқуқига эга бўлганини билдиришдир. Буни Туркистон МИК раиси номига келган телеграмма ҳам тасдиқлайди: «Ўрт. Ленин билан қилган шахсий музокараларимизга кўра, ТМИК ўлка аҳолисининг турмуш шарт-шароитларига зид келадиган фармойишларнинг айрим бандларини тузатиш ҳуқуқига эгадир». (А. Гордиенко. «Туркистон АССРнинг ташкил топиши». 1968 й.)
Бироқ 1918—20 йилларда бу мустақилликдан ўлка ҳукумати тўла-тўкис фойдалана билмади.
Ш. Каримов. Марат келтирган далиллар яккам-дуккам эмас. Биз ўша давр ҳодисалари акс этган ҳужжат-далилларни кўплаб келтиришимиз мумкин. Фурсатдан фойдаланиб, мен ҳам айрим маълумотларни айтиб ўтишни лозим топдим.
1921 йил 9 мартда Фарғона вилояти инқилобий ижроия қўмитасининг мажлисида Қизил Армиянинг Фарғона қўшинлари қўмондони Коновалов ва Турлонинг Фарғона водийсидаги босмачилик ҳаракати тўғрисида маърузалари тингланади. Унда Бирюшев, Певзнер, Алиев, Захаров, Кирзнер ва бошқалар иштирок этади ва Коновалов босмачи-ликка қарши кураш «муваффақиятли» олиб борилаётганлигини таъкидлайди. Аммо 1922 йил 18 июлда Туркистон ижроия қўмитасининг IV пленуми бешинчи мажлисида Туркистон ижроия қўмитасининг аъзоси Отабоев қилган нутқда «мувафаққиятли» олиб борилаётган курашнинг ёвузликлари очиб ташланади. Коновалов босмачилар тўдасининг Бозорқўрғон қишлоғида экани тўғрисида маълумот олади ва ўзи бошчилик қилаётган отрядни ўша ёққа етаклайди. У отряд ҳаракати йўналишини босмачиларга хабар қилишлари мумкин, деган шубҳага бориб, йўл-йўлакай олдидан чиққан туб аҳолини битта қолдирмай қириб боради. Қишлоқ яқинида босмачиларнинг кичик бир гуруҳига дуч келганида бир кеча-кундуз жанг бўлади. Босмачилар кўздан ғойиб бўлиши билан Никольское қишлоғидаги русларга Бозорқўрғонни талашни топширади. Никольскоеликлар Бозорқўрғонни 28 кун давомида «босмачилардан тозалашади». Бу ҳам етмаганидай қишлоқ аҳли битта қолдирилмай — гўдакдан тортиб аёлу қариясигача отиб ташланади. Уларнинг фикрича, қишлоқ болалари келажакда босмачи бўлиб етишармиш. Бир илож қилиб қочиб қутулган бозорқўрғонликларга никольскоеликлар қишлоқларингга қайтиб келишларинг мумкин, дейди. Улар қайтиб ўликларни йиғиштириб кўмишаётганда, жамики тўпланганларни яна отиб ташлайдилар. Босмачилар мудофаа жангларини олиб боришаётганда улар қуршаб олиниб, аёвсиз ўққа тутилади. Тинч одамлар қишлоқдан дарё бўйига бориб яширинганларида пулемётлардан ўқлар узилиб қишлоқ аҳлини битта қолдирмай ўлдиришади. Мурдаларни кўмишга ҳеч ким келолмайди ва уларни итлар ғажиб ташлайди.
Албатта бундай хатти-ҳаракатлар одамларга Қизил Армия ва Шўро ҳукуматига нисбатан ишончсизликни кучайтирди, босмачилар ҳаракатига янгидан-янги кучларнинг келиб қўшилишига сабаб туғдирди. Турккомиссия фаоллари маҳаллий шароитни, халқ тарихи, урф-одати, тили ва маданиятини билмай, эски дунё деб барча мавжуд мадраса-мачитларни хонавайрон этади. Қози, домла, муллалар қамоққа олинади. Динга қарши кураш шиори остида Андижондаги Жомеъ масжиди мусулмон отрядларининг казармасига айлантирилади. Кўплаб меъморлик иморатлари оёғости этилади.
В. Германов. Ҳозир айтилган гапларнинг асосий қисми Фарғона водийсидаги босмачилик ҳаракати ҳақида борди. Лекин Хива хонлиги ва Бухоро амирлигида босмачиликнинг вужудга келишида водий босмачилариникидан, умуман, фарқланадиган томонлар ҳам бор. Биз бу ҳаракатни имконимиз етганча таҳлил этарканмиз, босмачиларнинг ҳар бир гуруҳи мурод-мақсадларини, йўналишларини ўрганиб, умумлаштиришимиз даркор, шундан сўнггина унинг ижтимоий табиатини аниқ айта оламиз.
Мен яқинда марказий давлат ҳужжатгоҳларида бўлиб, айнан ҳозир биз муҳокама қилаётган даврга оид бир талай ҳужжатлар билан танишишимга тўғри келди. Бу ўринда Хоразмда, қисман Бухорода босмачиликнинг пайдо бўлиши сабабларини Г. И. Бройдонинг илмий мероси орқали баён этмоқчиман. Хўш, Бройдо ким? У 1883 йили Вильно шаҳрида туғилган. Юрист. 1909 йилдан бошлаб Тошкентда адвокат ёрдамчиси бўлиб ишлайди. 1912 йили Тошкент темирйўлчилари ўртасида инқилобий ғояларни ёйгани учун Пишпек (Фрунзе)га сургун қилинади. Февраль инқилобидан кейин Бройдо қисқа муддат аскар депутатлари Тошкент Шўроси раҳбарлиги остида ишчи ва аскар депутатлари ўлка кенгашига аъзо бўлиб киради. Сўнг Москвага кетиб, ленинизмнинг миллий сиёсати назарий асосларини ишлаб чиқиш билан шуғулланади. 1918 йили Туркистон АССР Марказий Ижроия Комитетининг Москвадаги мухтор вакили, Шарқий Фронтдаги I-IV армияларнинг сиёсий комиссари бўлиб ишлайди. Сўнг 1920 йил августигача РСФСР Халқ Комиссарлари Кенгаши ва Бутуниттифоқ Марказий Ижроия Комитетининг Турккомиссиясида хизмат қилади, кейинги йилларда бир қатор раҳбарлик ишларида бўлади. 1941 йили троцкийчиликда айбланиб, қамоққа олинган. 1955 йилда оқланган.
Бройдо Турккомиссиянинг ташқи алоқалар бўлими мудири лавозимини эгаллаб турган пайтда, Ленин номига йўллаган баённомасида, Октябрь инқилобидан кейинги йилларда Туркистон, Хоразм ва Бухоро жумҳуриятларида юритилган сиёсатга баҳо берар экан, миллий ва мустамлакачиликка оид нуқтаи назарларини билдириб ўтган. Ҳозирга қадар Хоразм ва Бухоро инқилобига бағишланган тарихий-партиявий адабиётларда Туркистон жумҳурияти ҳукуматининг хонлик ва амирликда инқилобий жараёнларни, сунъий жадаллаштириш ва тезлаштиришга уринганига диққат берилмай келинмоқда. Яхши мақсадлар изидан тушган туркистонлик коммунистлар гоҳ-гоҳида ҳақиқий cиёсий вазиятни ўрганмай туриб ҳаракат қилганлар. Ёш бухороликларнинг Туркистон Қизил қўшинлари ёрдамида амирлик тузумини ағдаришга уриниши («Колесов юриши») 1918 йил баҳорида муваффақиятсиз тугаган эди. Мағлубият сабабларидан бири шундаки, халқ оммаси амирлик тузумини ағдариш заруратини англаб етмаган, унга тайёрланмаган эди. Бройдо ҳаётнинг ўзи берган шафқатсиз сабоқни диққат билан ўрганади, бундай хатти-ҳаракат такрорланмаслигига қарши жон-жаҳди билан тиришади. Туркистон Ҳарбий-Инқилобий Кенгаши аъзоларини эҳтиёткор, мулоҳазали бўлишга даъват этади. «Бухоро амирлигини ташқаридан берилган кичик бир зарба билан ағдариш мумкиндай туюлган, — деб ёзади у. — Назаримда, Колесов ҳам худди шундай ўйлаган бўлса ажабмас… Оқибати кутилганидан мутлақо бошқача бўлиб чиқди. Юриш миллатчиликни ҳаддан ташқари кучайтириб юборди, қуролсиз халқ тўп ва пулемётлар ўқига қарши турарди. Юриш Бухоро армиясини шошилинч ва зудлик билан ташкил этишга замин ҳозирлади, жамиятнинг барча табақасидаги кишилар тахт ёнига тўплана бошлади. Амирлик ҳукумати кучая борди. Уруш тамом бўлиши билан бизнйнг маънавий бузуқ қисмларимиз ва партизан сўл эсерлар гуруҳлари амир сарбозларига милтиқ, снаряд, пулемётлар сота бошладилар». У ўз лавозимидан фойдаланиб, «Колесов тажрибаси» асоратларини тугатишга ҳаракат қилади. Чегарачилар. талон-торож билан шуғулланиб, ҳар хил можаролар чиқара бошлайди, натижада Бухоро билан муносабат мураккаблашади. Турккомиссиянинг сиёсий йўналиши ўзгариши унда хавф уйғотади. Устига-устак «Бухоро ва Хива — ички фронт» деган сиёсий формула ишлаб чиқилади. 1919-20 йилларда Бройдо Бухорога қарши шошилинч ва ўйловсиз уруш очишнинг олдини олишга уринади. У бу ҳақда шундай ёзади: «…Бухорода бу инқилобий ҳаракатни батамом яксон этади. У навбатдаги шовинизмни келтириб чиқаради, камбағалларнинг руҳоний ва амалдорлар атрофига тўпланишига имкон яратади». Айни шу пайтда Туркистон сиёсий, ҳарбий ходимлари ўртасида Бухоро амирлиги қўшинини икки-уч полк билан мажақлаб ташлаш мумкин, деган ақида.кенг тарқалган эди. Бройдо бунга қарши ёзади; «Аксинча, амирликни ҳарбий йўл билан ағдариб ташлаш мумкин, лекин бу урушнинг узоққа чўзилишига имкон яратади. Натижада Қизил Армия озодлик келтирувчи эмас, эзувчилик қиёфасини кўрсатади, бухоролик партизанлар эса Бухоро мустақиллиги учун курашувчилар бўлиб майдонга чиқади». Демак, бундай қилинса, Бухоро ер билан яксон этиладиган уруш ичида қолиши мумкин. Бухоронинг мўрт инқилобий кучлари мавжуд шарт-шароитда фақат истилочи қўшин ва унинг қўллаб-қувватлашига таянарди, холос. Бу шубҳасиз, Бухоро коммунистларини одамлар кўз ўнгида мустақилликнинг бой берилишида айбдор қилиб кўрсатарди. 1920 йил февралида Қизил Туркистон қўшинларининг Хивани қўлга киритганларида ҳам шу мавқедан туриб баҳо беради. У юқори лавозимда ишласа-да, РСФСР ХКК ва БМИК комиссиясининг Туркистон ишлари ҳамда ТАССР Ҳарбий-Инқилобий Кенгаши Хива-Амударё бўлими мухтор вакили Б. Скаловнинг ўз ҳукуматига қарши қўзғолон кўтарган хиваликларга ҳарбий ёрдам бериш вақти ва унинг ҳарбий қўшинлар устидан сиёсий раҳбарлик қилиб боришида ўз ҳуқуқларини билмаслигини ҳам ёзиб қолдирган. Б. Скалов номига ёзган мактубида шундай сатрларни учратамиз: «Колесовнинг Бухородаги тажрибалари бизнинг шундай тахмин қилишимизга тўлиқ асос берадики, Хивага бостириб кириш ишларимизни мутлақо пучга чиқаради. Хон ҳам, халқ ҳам бизга: «РКП(б)нинг миллатларнинг ўз тақдирини ўзлари белгилаши ҳақидаги ҳуқуқи унда нимани ифодалайди?» деган аччиқ саволни беради. Бизнинг ножўя қадамларимиз туфайли инглиз элчихонаси ўз мавқеини Бухоро ва Афғонистонда янада мустаҳкамлаши мумкин… Биз ҳозирги хатти-ҳаракатларимиз билан ёш хиваликларни ҳам, шубҳасиз, обрўсизлантириб қўямиз».
1920 йил 10 февралида Турккомиссия йиғилишида Бройдо яна шундай дейди: «Ўзимиз қилаётган тартибсизликларни тушуниб етолмаяпман, комиссиянинг ҳар бир аъзоси мустақил иш юритмаяпти, назаримда Скаловнинг бундай ишга қўл уришига кимдир йўл-йўриқ берган. (Унга кўрсатмани Элиава ва Куйбишев имзоси остида Туркистон Ҳарбий-Инқилобий Кенгаши берган — В. Г.). Мен эса бутунлай бошқача кўрсатма берган эдим, ҳарбий ғуруҳларимиз Хива ишларига аралашса қандай мураккабликлар келиб чиқишини эслатгандим. Биз ўнғайсиз ҳолатга тушиб қолдик, ундан чиқишимиз ғоят мушкул, негаки мавжуд вазиятни тиклаш эса ишни янада чигаллаштиради. Туркманлар ўзбеклар додини бериб бостириб киради, биз ҳаммани ўзимиздан қочира бошлаймиз. Шу сабабдан, менинг таклифларим қуйидагичадир: 1) сиёсий ва ғўр гўдак — ёш хиваликлар партиясини оёққа турғазиш; 2) Туркистон мусулмонлари орқали Хива қўшинини ташкил этишга кўмак бериб, қисмларимизни иложи борича тезроқ олиб чиқиб кетиш; 3) Туркманистонни ташкил этишга тез киришиш керак, шундагина хивалик туркманларга етказилган жароҳатни битириш мумкин; 4) қисмларимизнинг Хивага кириб келиши Хива ҳукумати билан келишилган ҳолда бўлиши лозим, келганида эса Хўжайли, Тўрткўл… да рус оқ-гвардиячиларини тугатиш зарур; 5) рус ходимларини четлаштириб, ўрнини туркман (туркистонликлар бўлса керак — В. Г.) мусулмонларга бериб, улар орқали инқилобий ҳаракатларни ривожлантириш, хонликни емирмб, меҳнаткаш омма кенгашини чақиришга эришиш; 6) руҳонийлар ва амалдорларнй ишдан олиш; 7) Турккомиссия ташқи алоқалар бўлимига отрядлар Хивани босиб олиши Турккомиссия ва Ҳарбий-Инқилобий Кенгаш фармони билан бўлганини эълом қилиб, қисмларимиз йўл қўйган хатоларни тугатиш борасида мухтор вакил белгиланггнлигини айтиш керак», дейди.
Скаловнинг 1920 йил 17 январида Турккомиссия раиси Ш. Эливага йўллаган мактубида айтилишича, «Хивада инқилобий тўнтаришни мустақил бошқара оладиган реал инқилобий партия бўлмаган. Ёш хиваликларнинг кучи ҳаддан зиёд кўпиртирилган. Ходимлар шунчалик бўшки, биз русларга Хивага кирганимизда мулла ва эшонларни қириб ташлашни таклиф қилишмоқда. Улар бошқа бирон ножўя ишга қўл урмаслиги учун ортидан доимо кузатиб боришга тўғри келмоқда». Скалов худди шу нарсани 1920 йил 16 мартда Турккомиссия ташқи алоқалар бўлимига йўллаган мактубида ҳам таъкидлаб, Хива инқилобини ривожлантиришга оид ўз нуқтаи назарини мустаҳкамлайди: «Ҳеч қандай оммавий ҳаракат сезилмайди. Фақат юқорида ўтирганлар алмашган, ижтимоий муносабатларда эса ҳамон эскича тартиб, балки янгидан келган ёш хиваликлар бирон нарсага эришар, чунки ҳозиргача ҳеч бир ходим ташвиқот ишлари олиб бормаяпти, мамлакат ҳамон ғафлат уйқусида».
Хивада сиёсий воқеалар мураккаблашади, Амударё бўлими раҳбарлари хатога йўл қўймаслиги, РСФСРнинг ожиз давлатларга бўлган муносабатидаги мезонлар бузилмаслигининг олдини олиш учун БМИК комиссияси Бройдони мухтор вакил этиб тайинлайди.
1920 йил 29 мартда Бройдо бошчилигида 150 га яқин киши Петроалександровскка (ҳозирги Тўрткўл) келади. Миссия аъзолари мавжуд вазиятни ўрганар экан, жиддий суистеъмолликлар юз берганини айтади. Ҳарбий Трибунал раиси И. Р. Фонштейннинг Тошкентга ёзган мактубида шундай жумлалар бор: «Биз бу ерда кўрган нарсалар шунчалик даҳшатлики, бунақасини ҳеч қаерда кўрмаганмиз. Ошкора ҳарбий талон-торожликлар уюштирилган, қўлга тушган нарсалардан штаб раҳбарлари ўзларига кўпроқ улуш олиб қолиб, қолганини тақсимлашган. Хотинларни олиб кетишган, уларни асира сифатида сақлаб, Петроалександровск ва Хива бозорларида ким ошди савдосида сотишган. Хива саройлари яксон этилган, Қизил Армия аскарлари олдидан чиққан одамни отиб ташлайверган. Скалов буларнинг бошида туради ва у жинояткорона ло-қайдлиги учун айбдордир…»
БМИК комиссияси аъзоси Шокиров 1920 йил 4 апрелида Тошкентга ёзган хатида хабар беришича, Скалов томонидан ташкил этилган Муваққат ҳукумат бу ердаги талон-торожчи қисмларнинг ҳарбий буйруқчиси вазифасини бажарган, улар аҳоли мулкини очиқчасига талаб, қўлга тушган ўлжаларни ўзаро баҳам кўрганлар. Амударё бўлимидаги мустамлакачи газандалар гуруҳи аёлларни очиқчасига сотиш билан кенг шуғулланган. Айрим қизил аскарларга, мана буни отасиз, деган кўрсатмалар берилган. Ска-ловнинг ўзи Хива ҳарбий нозири Сардорбойни отиб ўлдирган. Ана шулардан келиб чиқиб, Бройдо скаловчилик, колесовчилик — бошқа мамлакатлар меҳнаткашларининг ижодий кучига ишонмаслик оқибати, деб баҳо беради. У Турккомиссия раҳбарлари билан ҳам худди шу масалада келишмай қолади. Уни Тошкентга чақириб олишади. Хива ишларига фавқулодда мухтор вакиллик ҳуқуқи Скаловга тегади.
Бройдонинг Хоразмдаги фаолияти алоҳида ўрганишга арзийди. Афсуски, Бройдо юқорида санаб ўтган таклифларнинг биронтаси адо этилмайди.
Москвадалик пайтида эса у МК диққатини Хоразм жумҳуриятини тузишда туғилган муаммоларни, ярим мустақил феодал давлатда инқилобнинг ноёб тажрибасини ўрганишга қаратади. Афсуски, у қўйган масалалар эътиборсиз қолдирилаверади. Хоразм жумҳурияти тугатилганга қадар сиёсий, иқтисодий, маданий ривожланиш жабҳасида муайян натижаларга эриша олмайди. Ўзбек ва туркман уруғлари ўртасидаги қарама-қаршилик кучаяди, фуқаролар уруши ва босмачилик ҳаракати тўхтамайди. Сўнг Қизил Армияни қурол-яроғ билан таъминлаш учун уюштирилган Бухоро операцияси ва Ҳисор экспедицияси жумҳуриятнинг ҳарбий-сиёсий раҳбарлигига етук одамлар келмаганини кўрсатди.
Бройдонинг асосий фикрларидан бири сиёсий ходимларни тарбиялаш масаласи эди. Унинг эътироф этишича, Туркистон ҳудудидан ташқарида тузилган Қизил Армия қисмлари сиёсий жиҳатдан ҳалокатга маҳкумдир, чунки улар маҳаллий сиёсий вазифаларни билишмайди, Қизил Армия қисмлари эртами-кечми сиёсий моҳиятини йўқотиб, бошқариб бўлмайдиган техник кучга айланади. Юборилган сиёсий ходимлар туб пролетар ва ярим пролетарлар билан тил топиша олмайди, уларга қай йўсинда ёндашишни билмайди. Бройдо бундай фикрга узоқ кузатув ва мулоҳазаларидан кейин келган. У Туркистонга ходимлар юборишни диёнат билан кузатиб борган. Турккомиссиянинг баъзи ходимлари ўлкага жазони ўташ сифатида, сургунга жўнатилгандай жўнатилаверган. Бу ҳол, ҳатто марказда «Ўрта Осиё неъматларидан баҳраманд бўлишга жўнатиш» деган истеҳзоли таъриф ҳам олган. Бундай «вакиллар» маҳаллий шарт-шароитни билмаса-да, истар-истамас, ўлганининг кунидан йўлга чиққанлар, келишганида эса халқ урф-одатини менсимаганлар, маҳаллий ходимлардан ўзларини юқори тутганлар. Катта раҳбарлар кўз ўнгида яхшироқ кўринишлари, оқланишлари учун жўялию жўясиз ишлар қилаверишган.
Озодлик, маданият, маърифат олиб келишни тарғиб қилган инқилоб, унинг байроқдорлари маҳаллий аҳолини назар-писанд қилмай ўз билгиларича иш тутаверса, ҳар хил бебошликлар қилаверса қайси бир халқ бундай хўрликларга чидаб туриши мумкин эди?! Миллий ғурур, миллий ор-номус — босмачиликни келтириб чиқарган омил эмасми?! Нега Бройдо айнан Турккомиссия ташқи алоқалар бўлимида ишлаб турганида унинг устидан ҳар хил иғволар уюштирилган? Чунки у бор ҳақиқатни айтган, рус инқилобчилари маҳаллий шарт-шароитларни билмаслигидан нолиган, туб аҳоли майли билан иш кўриш лозимлигини уқтирган, инқилобни зўравонлик йўли билан амалга оширишни қоралаган. Бу эса Турккомиссиянинг кўп аъзоларига ёқмаган. Шу комиссиянинг аъзоси Голубнинг тавсияси билан Чичериннинг Ленинга ёзган мактубида, Бройдо 1917 йилгача фирибгар, Керенский даврида меньшевик, Шўро тузуми даврида шўро ходими, ашаддий авантюрачи бўлгани таъкидланади. Бройдо каби рус пролетарлари, сиёсий ходимларининг илмий мероси кўрсатиб турибдики, босмачилик туғилишига объектив омиллар сабаб бўлган. У биз юзаки тасаввур қилгандек, ўғри, қароқчиларнинг уюшган тўдаси эмас.
Ш. Каримов. Инсофи борнинг баракаси бор, деган нақл мавжуд. Ўлка аҳли инсофсизлик, диёнатсизлик ва б.аъзи кимсаларнинг инсонийлик қиёфаларини йўқотганликлари оқибатида қанчадан-қанча азият чекди. Хива хони Жунайдхонга уруғчилик негизида рақиб бўлган Ғулом Али ва Қўшмамад Қизил Армияга ёрдамга келади, мадад беради ва хонлик тор-мор этилади. Аммо бироз вақт ўтгач, ҳар иккиси устидан Шўро ҳукуматига қарши давлат тўнтариши тайёрламоқда, деган иғво тарқатилиб, йўқ қилинади. Воқеа тафсилоти шундай: Шўро ҳукумати вакиллари Бухорога юриш қилиш баҳонасида уларни Хивага чақиради. Ғулом Али ва Қўшмамад ўз йигитлари билан шаҳарга етиб келган заҳоти уларга қўққисдан ҳужум уюштирилади ва қуролсизлантирилади. Қўшмамад ва унинг йигитлари қиличдан ўтказилади, Ғулом Али эса қочиб қолишга эришади. Жазо отряди Ғулом Алининг орқасидан таъқиб этади. Йўл-йўлакай барча қишлоқлар таланиб, яксон этилади. Воқеадан хабар топган ёвмуд туркманлари мол-мулкларини ташлаб дуч келган томонга қоча бошлайди, уларнинг аксарияти Эронга қочиб ўтади. Босмачилар тинч ҳаёт кечираётган аҳолининг қони тўкилаётганини кўриб, бир неча марта Шўро ҳукумати билан яраш битимлари тузишни таклиф этганлар, жумладан, Фарғона водийси миллатпарварлари 1921 йил август ойида Туркистон Шўролари X қурултойига қуйидаги диний, хўжалик ва сиёсий шартлар билан музокаралар олиб боришни махсус таклиф қиладилар: шариатни очиқ тан олиш, мачитлар, мадрасалар, мактаблар очиш, қозилик судлови, вақф мулклари, диний бошқармаларни қайта тиклаш, бозор эркинлиги, деҳқончилик ва майда ишлаб чиқариш корхоналари ривожланишига йўл бериш ва босмачиларнинг отрядларини Қизил Армия сафига қабул қилиш. Агар Шўро ҳукумати вакиллари ўз вақтида бундай талабларга кўнганларида эди, давом этаётган фожиа бунчалик узоқ муддатга чўзилмасди. Ўз ихтиёри билан Шўро томонига 40 йигити билан ўтган Бойтуман Қўрбоши ва яна бошқа босмачилар тўдаси Туркфронтнинг Фарғона гуруҳи қўмондони Зиновьев аскарлари томонидан қириб ташланади. Бундай ҳолатлар ҳам босмачиликнинг янада ўсишига, уларнинг бадтар қаҳр-ғазабга минишига омил бўлган.
М. Аъзам. Юқорида айтилган А. Зевелев, Ю. Поляков, А. Чугуновнинг китобида «Фаворитом Ферганской контрреволюции стал Мадамин Ахмадбеков» деб ёзилган. Аслида эса Мухторият ҳукумати Марғилон шаҳар қўрбошиси Мадаминбек Аҳмадбек ўғлини «амир ал-муслим» қилиб сайлаган эди. Сал кейинроқда «Реввоенсовет Ферганского фронта, приступил к переговорам с Мадаминбеком, не прекраидал организацию преследования противника. Мадаминбек вынужден был капитулировать 6 марта 1920 г. Он подписал с командование Красной Армией соглашение которое предусматривало его полное подчинение Советской власти. 12 марта 1920 года всадники Мадаминбека прекратили сопротивление» деб ёзилган. Аслида, Фарғона водийсида Мадаминбек, Шермуҳаммад, Нурматбек, Холхўжа, Парпи қўрбоши каби миллий кураш қўмондонлиги остидаги мужоҳидлар Қизил Армияни ташвишга солаётган эдилар…
Қ. Маҳмудов. Вақт ўтиши билан Туркистон озодлик кучларининг ичига турли айғоқчи, иғвогар, сотқин кучлар тўплана бошлади. Миллат фидойилари ўлжа тушган қуроллар, контрабанда (яширинча) йўл билан чет эллардан сотиб олинган қуроллар билан жанг олиб борардилар. Расмий равишда уларга ҳеч бир мамлакат ёрдам бермаган. Фарғонадаги озодлик кучлари бир томондан очарчиликка учрагани, четдан мадад бўлмагани, озодлик кучлари қўлидаги қуроллар замонавий аср тиғига бас келиши қийинлиги, шунингдек, Марказий Русиядан келган бир юз эллик минг кишилик қўшин билан курашиш қийинлигини инобатга олиб, Мадаминбек февраль-март ойларида Шўро ҳукумати билан музокара олиб боришга мажбур бўлади. Аммо ўша музокара чоғида ҳукумат вакиллари уларга нисбатан зимдан зўравонлик, тазйиқ ўтказадилар. Мадаминбек сиёсат ишида тажрибасизлик қилади. Янги ҳукумат, Мадаминбек ўз олдига Туркистонни сиёсий, иқтисодий жиҳатдан тўла мустақилликка эришиши лозим, деган талабни қўйиш имкониятига эга бўлмаган. Шунга кўра, Туркистонда мусулмонларнинг шариат қонунларига аралашмасликни, ерли халқ тили ва маданияти ҳурмат қилинишини, озодлик кучларининг дахлсизлигини, ўз гуруҳининг сақланиши ҳамда Наманган шаҳри ва вилоятини ўз тасарруфида бўлишини талаб қилган, шу каби шартларга рози бўлган тақдирда Шўро қўшинларига ёрдам беришини таъкидлаган. Шўро ҳукумати вакиллари эса қўйилган шартларнинг маълум қисмига рози бўлганлар. Аммо яраш битими имзолангандан сўнг Туркистонда сиёсий вазият, иқтисодий аҳвол ўта жиддийлашади. Умуман, бу яраш битими нималардан иборат эканидан ўқувчилар тасаввур ҳосил қилиши учун унинг тўла матнини келтириш ўринли бўла’ди, деб ўйлайман.
МАДАМИНБЕК БИЛАН ЯРАШ БИТИМИНИНГ ТУЗИЛИШИ
2-Туркистон ҳарбий қўмондонлигининг ўқчи дивизияси ва Мадаминбек қўмондонлигидаги ислом қўшини ўртасидаги битим матни
1920 йил, 6 март, Фарғона шаҳри
Биз қуйида имзо чекувчилар: биринчи томондан — Ҳарбий-Инқилобий Кенгаш буйруғига асосан, Туркистон фронтида ҳаракат қилаётган 2-Туркистон ўқчи дивизиясининг бошлиғи Веревкин-Рахальский ва дивизия ҳарбий-сиёсий комиссари Слепченко, иккинчи томондан: — ислом қўшинининг қўмондони Муҳаммад Аминбек Аҳмад Беков мазкур битимни тубандагича туздик:
Мен, Муҳаммад Аминбек ўз қўшиним ҳамда ўзларининг батамом розиликларини шахсан менга изҳор қилган қўрбоши ва аъзоларим билан биргаликда тантанали қасамёд қиламанки, эндиликда Шўро ҳокимиятини тан оламан ҳамда унинг содиқ хизматкори бўлишга сўз бераман, унинг барча буйруқ ва топшириқларига қуйидаги шарт-шароитларда амал қиламан:
1) Шўро ҳукумати Туркистон фуқаролари ҳаётини йўлга қўйишда шариат асосларини сақлаб қолиб, меҳнаткашларнинг манфаатларини ҳимоя этиб, аҳли исломга мавжуд шариат, яъни мусулмонларнинг маҳаллий шарт-шароити ва урф-одатларига ҳуқуқ берганида;
2) Отрядимнинг доимий қароргоҳи Наманган шаҳри этиб тайинланганида;
3) Мен, бошқа фронтларга чиқмасдан, вақтинча Фарғона тасарруфида, Шўро ҳокимиятини ҳар томонлама ҳам ички, ҳам ташқи душманлардан ҳимоя қилишга ваъда бераман.
4) Отрядимда хизмат қилаётган барча руслар тўла озод этилади ва хоҳишларига биноан отрядимда хизматда қолишлари мумкин.
5) Шу йилнинг 13 мартидан кечикмай ўз вакилларим билан Туркфронт-Ҳарбий Инқилобий Кенгаши ва Туркистон Марказий ҳокимиятига содиқ эканимни билдириш учун Тошкентга боришга сўз бераман.
2-Туркистон ўқчи дивизиясининг бошлиғи Веревкин-Рахалский,
Ҳарбий-сиёсий комиссар Слепченко.
Ислом қўшинининг қўмондони Мадаминбек.
МАДАМИНБЕК БИЛАН ЯРАШ МУЗОКАРАЛАРИ
1-кун
2-Туркистон ўқчи дивизияси штабининг Мадаминбек парламентёр (вакил)лари билан яраш битими ҳақидаги музокаралари
1920 йил, 4 март, соат 14.
2-Туркистон ўқчи дивизияси штабидан иштирок этувчилар: дивизия бошлиғи Веревкин-Рахальский, 2) дивизия ҳарбий комиссари Слепченко, 3) штаб бошлиғи Ходоровский, 4) штаб ҳарбий комиссари Богаевский 5) сиёсий комиссариат мудири Шафранский, 6) вилоят инқилобий қўмитасининг раиси Хўжаев, 7) отлиқ бригада қўмондони Кужелло ва 8) бригада ҳарбий комиссари Антонов.
Мадаминбек тарафидан вакил сифатида иштирок этувчилар: 1) Радзевский, 2) Ситняковский Б. Н., 3) Мулла Мўмин Каримхўжаев, 4) Мадали Мирза Муҳаммаджонов ва 5) Ҳайитохун Исломбоев.
Котиблар: Блюм ва Левашев.
Веревкин-Рахальский. Мен бу ерга, музокарага йиғилганларни яраш битими тузишга чин қалбдан, очиқкўнгиллик билан ва кўпдан буёнги тилакларини амалга ошириш учун келган, деб ҳисоблайман.
Ситняковский. Веревкин-Рахальский баёнотини қўллаб-қувватлайман. Бек номидан айтаманки, у ҳеч қачон Шўро ҳокимиятига қарши бормади, у ҳаракатлари марказ фармонлари билан айри бўлган ҳокимиятнинг баъзи вакилларига қарши чиқди. Босмачиларни тийиш учун юборилган отрядлар аҳолини талон-торож қилди, зўрлади. Бек эса омма тарафини олди. Энди у яраш музокаралари бошланаётганини табрикламоқда ҳамда яраш битими тузилишини хоҳламоқда, чунки ижобий силжишлар рўй берди. Шўро ҳокимиятининг йўлбошчилари ўзгарди.
Муҳаммад Али Мирза Муҳаммаджонов. Бек ҳокимиятни эгаллашга интилмади — унинг учун халқ манфаатлари азиздир. Шўро ҳукумати бераётган ваъдаларга ишонмаса-да, у сизлар билан ёнма-ён яшашни ва сизларнинг ҳаракатингиз адолатли бўлишини кузатиб боришни истамоқда.
Веревкин-Рахальский. Яна ким нима демоқчи?
Хўжаев. Мадаминбек жамики мусулмонлар номидан гапириш ваколатига эга эмас, агар у қўрқоқлик қилмаганида эди, музокаралар олиб бориши учун албатта ўзи етиб келган бўларди. Барча камбағал-мусулмонларни у, яъни унинг номи билан ким хонавайрон этди? Мадаминбек жамики аҳолини йиққан эмас, уларга ўз фикрларини баён этган эмас ва уни халқ сайлаган ҳам эмас. Агар у Шўро ҳукуматига ишонса, ҳукумат билан ёнма-ён эмас, балки бирга яшаши керак. У қўрқоқлик қилмаганида эди, бизларга қарши очиқчасига курашган бўларди. У эса дилисиёҳ одамларнинг ишонч ва муҳаббатига сазовор бўлмагани, қўллаб-қувватламаслигини билгач, ярашиш ҳақида гапирмоқда. Мадаминбек жўнатган вакиллар айни дамда, ҳап сеними деб турмасдан ошкора гапиришлари, бор ҳақиқатни айтишлари керак.
Ситняковский. Хўжаев Мадаминбекка маломат ёғдирмоқда, гўё Бек аҳолининг ўзи билан бирга эканини исботлай олмас эмиш. Ўзим шунга гувоҳ бўлганманки, Бек келиши ҳамоно одамлар унга пешвоз чиқишади, ҳатто аёллар юзларини очишади. Агар одамлар менга қарши чиқса, дарров Шўро ҳукуматига бўйин эгаман, деб Бек бир неча марта таъкидлаган. Хўжаев Бекни қўрқоқликда айблаётир, бироқ Бек дастлабки музокаралар чоғидаёқ қўшинини ташлаб кета олмайди. Биз, қачонки ижобий натижаларга эришиб борсак, шундагина Бек битимни имзолагани келади.
Хўжаев. Мен Мадаминбекнинг келиши шартлигини назарда тутаётганим йўқ, аммо у ўзининг ишончли вакилларига мақсадини — қўшничиликда яшаш ва Шўро ҳукуматининг фаолиятини текшириб боришини айтиб юбориши билан ўзининг қўрқоқлигини намоён этаётир ҳамда кимлар билан музокаралар олиб бораётганини тушунмаётир. Мадаминбек шўро ҳукумати яхши-ёмонлиги ҳақида фол очмасдан вакилларига ўзининг қатъий қарорини аниқ айтишига ваколат бериши керак эди.
Веревкин-Рахальский. Мадаминбек Шўро ҳукумати билан яраш битими тузиш, унинг вакилларига бўйинсуниш учун қандай шартларни мақбул деб ҳисобламоқда?
Ситняковский. Бизнинг нималарга дахлимиз бўлса, шулар ҳақидагина гапиришимиз мумкин. Мадаминбек яраш битимига ўзи ҳамда қўшинига Шўро ҳокимияти ўрнатилган жойдан тасарруф ажратилишини шарт қилиб қўймоқда. Мадаминбек ўша тасарруфда ҳаётнинг осойишта кечишига кафолат беради. Шўро ҳукумати қачонки ўз ваъдаларини бажарса, у ўша заҳоти Шўро ҳукумати учун хизмат қилишга ўтади.
Шафранский. Мадаминбек Шўро ҳукуматига ишонса ҳамда унинг хоҳишлари бизга самимий бўлса, у бу ҳолда ҳеч қандай текшириш ўтказмаслиги, ажралмаслиги керак, — у ҳокимиятга бутунлай бўйсуниши лозим.
Ситнявский. Сизлар олдинги вакилларнинг қўзғолон чиқишида айбдорлигини тан оласизларми?
Веревкин-Рахальский. Сизларга шўро ҳукумати чиқараётган барча фармонлар маълумдир, уларда ҳукуматнинг айрим вакиллари хато ва адолатсизликка йўл қўйгани туфайли босмачилик вужудга келгани аниқ айтилмоқда. Мадаминбек ва унинг аъзоларига ҳам аёнки, ҳукуматнинг бундай вакиллари хатти-ҳаракатлари учун қаттиқ жазоланадилар. Сизлар биласизларки, Шўро ҳукуматининг фаолияти очарчиликни тугатиш, осойишта ва фаровон турмуш яратишга қаратилган. Қўшинларимиздан талон-торожчилар бутунлай тозаланди, қатъий тартиб-интизом ўрнатилди, барча ишларимиз халқ фаровонлигини оширишга йўналтирилган. Булардан хабардор бўлган Мадаминбек Шўро ҳукуматини қандайдир текширишини гапирмасдан, аксинча келиб, унга бўйсуниши керак эди. Агар ҳақиқатдан ҳам айрим шахсларнинг тартибсизлигию адолатсизлиги уни бизлар билан курашга мажбур этган бўлса.
Ситняковский. Матбуот бошқа, амалиёт бошқа. Агар биз марказ фармонларининг турмушга тадбиқ этилаётганини кўрсак, унда дарҳол яраш битимини тузишга кири-шамиз, мабодо адолатли ҳокимият ҳақидаги масала чигал бўлса, унда ўрни билан қўпориб ташлаш зарур.
Хўжаев. Шўро ҳукуматига ишончсизликларингиз нимага асосланган? Нега сизлар бизнинг ҳамма фармонларимиз турмушга, меҳнаткашлар манфаатига, асосан тўғри тадбиқ этилаётганига ишонмайсизлар?
Ситняковский. Сизларнинг фармонларингиз турмушга, меҳнаткаш омма фойдасига қанчалик тўғри оширилаётганини биз кўрмаяпмизми? Сизлар буни бизга исботлаб беринг, биз уни Бекка етказайлик. Сизлар бизларни ҳап сеними деб туришда айблаётирсизлар, афсуски «Мадамин, ялқовлик қилма!» деган мақола бунинг акси эканини исботлаб турибди. Биз эмас, сизлар ҳап сеними деб турибсизлар.
Веревкин-Рахальский. Рўзномадаги мақола шундан иборатки, Мадаминбекка ишониб бўлмайди, бунга эса ўзи айбдор, чунки у Балиқчига ёндош Наманган депарасида музокарага чорлаб, вакилларимизни кутишга мажбур қилган, ўзи эса қочиб кетган, худди шу ҳол ўша мақоланинг ёзилишига туртки берган, афсуски мақола анча кечикиб чиқди.
Ситняковский. Биз музокаралар олиб боришдан воз кечган эдик, негаки айғоқчиларимиз бизни ўраб олишаётгани ҳақида хабар етказган эди.
Веревкин-Рахальский. Шуни қатъий таъкидлайманки, ўша пайти бизнинг мавжуд кучларимиз музокаралар олиб борадиган жойдан бутунлай бошқа жойда бўлиб, қўшинларимиз сизларни ўраб олиши мумкин эмас эди, буни дивизияга берилган буйруқ ҳам тасдиқлайди.
Ситняковский. Ушбу ҳолда, балки англашилмовчилик бўлгандир.
Мадали Мирза Муҳаммаджонов. Олдинги сафар музокаралар бўлиб ўтмаганига отрядларингиз сабабчи, чунки улар бизни қуршовга ола бошлаган эди. Айни пайтда муддоимиз тўла самимий, биз тинчлик ўрнатиш тарафдоримиз.
Веревкин-Рахальский. Шуни ошкор айтишим ўринлики, марказнинг қарорига кўра, яраш битимининг асосий шартларидан бири — таслим бўлганлар Шўро ҳокимиятига тўла бўйсунишлари керак. Бордию тузилаётган турк бригадасини ўша йигитлар ҳисобига тўлдириш лозим топилса, албатта бу амалга оширилади, устига-устак Мадаминбек ўша бригадада маъмурий вазифалардан бирини эгаллайди ёки қўмондонлик қилади. Бўлак отрядлар, такрор айтаман, марказ қарорига кўра тузилмайди.
Муҳаммаджонов. Бек ўз қўшини билан яшаши мумкин бўлган тасарруфни қатъий талаб қилган. Шўро ҳукумати қозилар ўрнига судъяларни делтириб қўйдики, бу ҳол шариатга мутлақо хилофдир. Бек тасарруфни Шўро ҳукуматининг шариатга муносабати нечоғли муносиб келишини билиш учун ҳам талаб қилаётир.
Ситняковский. Бек тасарруф олиш тарафдори. Ўйлаймизки, биз қўйган битим шартлари бандма-банд қабул қилинади. Биз юқорида кўрсатилган шартларни бузишга ваколатли эмасмиз, сизларнинг шартларингизни эса Мадаминбекка, албатта етказамиз. Бордию Мадаминбек сиз тарафингизга бутунлай ўтса, у ўз қўшинига бош бўлиб қолаверадими? Реквизиция (мол-мулкни, қийматини тўлаш шарти билан мажбурий равишда давлат ихтиёрига олиш) бекор қилинадими?
Хўжаев. Шариат ва суд талабларига мувофиқ айтишим зарурки, биз шариатни бузиш тарафдори эмасмиз. Махсус диний судлар ташкил зтилади, уларга шариат асос қилиб олинади. Айни маҳалда Шўро ҳокимияти томонидан реквизиция ва конфискация (мол-мулкни мусодара этиш) қўлланилмаяпти. Ҳамма нарсалар сотувчилар билан келишилган ҳолда харид қилиб олинади. Фарғонадаги ҳарбий ҳаракатлар чоғида кўрилган зарарни қоплаш учун марказ томонидан 200 000 000 сўм ажратилган.
Ситняковский. Сизлар бизлар билан мустақил ҳолда музокара олиб боришга вако-латлимисизлар ёки Тошкентдан бирон буйруқ борми шартларни келишилган ҳолда ўзгартиришга? Бундан ташқари, музокаралар чоғида отрядларингиз билан тўқнашув чиқмаслиги учун холис, аниқ бир жой келишиб олинса айни муддао бўларди.
Веревкин-Рахальский. Сизларнинг таклифларингиз бўйича Тошкент билан келишиб оламиз. Бизнинг шартларимизни эса Мадаминбекка тўлиқ етказинглар. Музокаралар олиб боришга эса холис бир жойни аниқлаймиз.
Дастлабки талаблардан воз кечиш
Вақтинчалик аҳдлашувдан сўнг Мадаминбек ҳузурига юборилган вакилларимиз у билан музокара олиб борди, пировардида Мадаминбек ўзининг тасарруф талабидан воз кечганлигини билдирди. Мухтор турк қўшинига ён берди ва штабга ўз таклифи — шу йилнинг 5 мартида Кўҳна Марғилонда музокаралар олиб боришни белгилаб, унда шахсан ўзи иштирок этишини билдирган.
2-кун
5 март куни оқшомга яқин бизнинг тинчликпарвар делегациямиз Мадаминбек қароргоҳига етиб келди. Делегациямиз Кўҳна Марғилон бўйлаб бораркан, бутун бозор ва унга ёндош кўчаларда халқ гуруҳ-гуруҳ бўлиб ўтиришарди, ўлар орасида тинчликпарвар делегациянинг келиши ҳақидаги хабар яшин тезлигида тарқалган эди. Нафақат бозор ва унга ёндош кўчаларда, деярли барча томлар устида сартлар оломони юрарди. Тўпланганларнинг кайфиятлари кўтаринки бўлиб, улар ҳар хил тусда кийинган эдилар.
Соат 5 дан 50 дақиқа ўтганида яраш музокаралари бошланди.
Штаб тарафидан: дивизия штаби бошлиғи Веревкин-Рахальский, дивизия ҳарбий комиссари Слепченко, отлиқ бригада қўмондони Кужелло, отлиқ бригада ҳарбий комиссари Антонов, отлиқ полк ҳарбий комиссари Филлипов, вилоят ҳарбий комиссари Ковров, «Пролетарская мысль» рўзномасининг муҳаррири Савин ва котиблардан Блюм ва Левашев ўртоқлар иштирок этди.
Мадаминбек штаби тарафидан: ислом қўшини қўмондони Мадаминбек, штаб бошлиғи Белкин, адьютант Гейер, ходимлардан Ситняковский, Ненсберг, Константинов, Бакелов, Поплавский, Мадали Мирза Муҳаммаджонов ўртоқлар қатнашди.
Тинчликпарвар делегациямиз раиси Веревкин-Рахальский қуйидагиларни баён қилди:
«Мен бу ерга Туркфронт Ҳарбий-Инқилобий Кенгаши номидан икки йилдан буён чўзилаётган фуқаролар урушига чек қўйиш учун келдим. Сизларнинг битим тузиш ва Шўро ҳукумати билан урушишни бас қилиш борасидаги тилакларингиз самимийлигига ишониб, умид қиламанки, биз ушбу ярашиш музокараларимизда хонавайрон бўлган Фарғонада осойишталик ўрнатишга муваффақ бўламиз».
Ўртоқ Веревкин-Рахальский давом этиб деди: «Ярашиш музокараларимизда битим масалаларини ҳал этишдан аввал биз Мадаминбекдан битим тузишининг бош ва асосий сабабларини билмоқ истаймиз, фуқаро Мадаминбек ва унинг қўшини Шўро ҳукуматига бўйсунадими, уни тан оладими?»
Мадаминбек. Агар мен Шўро ҳукуматини тан олмаганимда эди бу ерга келиб ўтирмаган, сизларни эса ярашиш битими тузишга таклиф қилмаган бўлардим. Шўро ҳукуматини тан оламан (матндаги барча таькидлар нашрдан олинган—Ред.), бироқ ярашиш битимининг маълум талаблар асосида тузилишини хоҳлардим. Бордию битимни имзолашга эришсак, унинг биринчи банди Шўро ҳукуматининг шариатни тан олиши, иккинчиси эса қўшинимнинг майда-майда қилиб юборилмаслиги бўлади. Қўшинимни қаерга жўнатиш лозим топилса, мен ҳам шу ёққа боришим керак.
Мен Марғилондан чиққанимда, талон-торож билан шуғулланиш ва қўмондон бўлишни мақсад қилган эмасман. Чиқишимга сабаб — Шўро ҳукумати вакилларининг аҳли исломга ўтказган муносабатларидаги адолатсизликлардан анчайин хўрланишим бўлди. Сизлар ўз рўзномаларингизда энди Шўро ҳукумати янгиланаётганини, уни номуносиб вакиллардан тозалашга киришаётганларингизни ёзмоқдасизлар. Мен ўшандаёқ: агар Шўро ҳукумати шу йўлга кирса, мен у билан бирга бўламан, деб айтган эдим.
Мен Марғилондан чиққанимда юз бераётган адолатсизликлардан қаҳр-ғазабга минган эдим, жон-жаҳдим билан душманларга қарши курашдим. Шуни тан олишим керакки, қон тўкилаётгани, шунингдек, бу курашда хўрланган Фарғона халқи хонавайрон бўлаётгани менга оғир ботарди. Ўйлашимча, биз урушни давом эттираверсак, халқ деҳқончилик билан шуғуллана олмай қолади, баттар қашшоқлашади ва очликдан нобуд бўла бошлайди. Сизлар билан курашаётганимга икки йил бўлди. Ана энди Шўро ҳукумати ўзгаргани, ғояли одамлар билан янгиланаётганини билиб, Шўро ҳукумати билан муроса қилиб яшашни хоҳладим.
Мен томондан тузилаётган битимнинг муҳим шартлари қуйидагилар ҳисобланади; қўшиним ўзим билан бирга бўлиши ҳамда менингсиз ҳеч қаёққа жўнатилмаслиги керак. Мабодо Фарғона сарҳадларига ҳужум бошланса, шу заҳоти ўзимнинг ишончли йигитларим билан уни душманлардан муҳофаза этишга киришаман.
Антонов. Мадаминбек душман деганда кимларни назарда тутаётганини билсак бўладими?
Мадаминбек. Мен бу ўринда ташқи душманларни назарда тутаётирман, уларга қарши Шўро ҳокимияти тарафида туриб курашаман, шунинг баробарида унинг ички душманларига ҳам қарши тураман.
Веревкин-Рахальский. Маълум бўлишича, Бек Қизил Армиянинг нега тузилгани ҳақидаги тушунчага эга эмас. Армия ўз сафига чақирилган ва унга кўнгилли бўлиб кирганлардан ташкил топган. Қизил Армияга у ёки бу йўсинда кирганларнинг ҳаммаси, шубҳасиз, унинг умумий низомларига бўйсунади. Собиқ партизанлар отрядидан биз томонга ўтганлардан алоҳида турк бригадаси ташкил этилади, унга бўйин эгган йигитлар ҳам қабул қилинади. Бу хилдаги ҳарбий қисмларни ташкил этиш худди Қизил Армияни ташкил этишдаги каби бўлади.
Ҳақиқатдан ҳам, Мадаминбек ва унинг ходимлари Шўро ҳукуматини самимий тан олсалар, бўйин эгганларнинг истакларини ҳисобга олиб, Туркфронт Ҳарбий-Инқилобий Кенгаши ўз буйруғида биз томонга ўтган йигитлар ёнларида қурол олиб юриши ҳамда уларнинг ташкил топаётган бригадага қўшилиб кетишига рухсат берган, аммо такрор айтаман, Мадаминбек ва унинг аъзолари бизга қарши курашганига тавба қилиши ҳамда шўро ҳукуматини тан олиши ва унга бажонидил бўйсуниши керак.
Ненсберг. Ушбу шартга биноан Бек ва унинг аъзолари ҳам тавба қилиши керак экан-да, унда мен унинг яқин ходими сифатида, шунингдек, бошқалар номидан норозилик билдираман, чунки биз Шўро ҳукумати билан унинг айрим вакиллари хатти-ҳаракати туфайли кураш олиб бордик. Марказий ҳукумат вакиллари бу ерга келгунича обрўсини тўкканлигини биламиз. Шу боисдан, тавба қилишимиз ноўрин, негаки биз Шўро ҳукуматининг номуносиб вакилларига қарши кураш олиб бордик.
Мадаминбек. Биз талон-торож билан шуғулланмаганмиз, шу туфайли тавба қилишимизга ҳожат йўқ.
Веревкин-Рахальский. Марказдан юборилган ўртоқлар томонидан бошқарилаётган Шўро ҳукумати таъкидлашича, илгариги номуносиб вакилларнинг ҳаммаси қаттиқ жазога тортилади, бу иш амалга оширилаётир ҳам. Ўртоқлар, марказдан келганлар инқилобий қонунларнинг адолатли бўлиши ҳамда хўрланган оммага тезроқ мадад беришга диққат қилмоқдаки, бу ҳам шўро ҳукуматининг асл моҳиятини англатади. Аммо Мадаминбек урушни давом эттирмоқда, қон тўкилишига йўл қўймоқда. Марказдан янги вакилларнинг келганига 4 ой бўлди. Биз Туркистонда олиб бораётган сиёсатимизнинг кескин ўзгарганига Мадаминбек ишонч ҳосил қилиши учун вақт етарли бўлган, деб ўйлаймиз. Биз ҳукуматнинг олдинги барча аъзолари билан алоқани узишимиз ва уларни судга беришимиз ҳам сизларга қоронғими?
Қизил Армиянинг кейинги вақтда, барча фронтларда улкан муваффақиятларга эришгани сизларга маълум бўлса керак. Шўро давлати ўсиб кетди ва мустаҳкамланди, унинг ҳарбий қудрати эса тобора ошиб бораётир. Ўтган ойлар мобайнида, сизлар Шўро ҳукумати жамики хўрланганларни озод қилажаги борасида кураш олиб бораётганига яшонч ҳосил қилишларингиз мумкин эди. Ўз муассасаларингизни ёт унсурлардан тозалашга киришиб, олдинги хатти-ҳаракатларингиз учун ростакамига тавба қилишларингиз ҳамда Шўро ҳукуматини тан олишларингиз зарурдир.
Мадаминбек. Мен ҳукуматнинг олдинги вакиллари билан олиб борган курашим учун тавба қилишим керакми?
Веревкин-Рахальский. Шўро ҳукумати ўзининг олдинги вакилларини қаттиқ жазога тортаётганини гапирар эканман, Мадаминбек бундан 3-4 ой олдин курашни тўхтатмагани учун тавба қилиши керак, чунки бу пайтда янгиланган ҳукумат ўзининг номуносиб вакилларини жазога торта бошлаган эди, демоқчиман.
Ненсберг. Шўро ҳукумати сўздан ишга ўтганини, сизларнинг эса яхши сўзлардан яхши ишларга уринаётганингизни кўриб, курашни тўхтатиш учун сизларга мурожаат қилдик. Биз бунга аввалроқ ишонишимиз лозим эди, ана энди ишонгач, Шўро ҳукуматини тан олганимизни ҳамда ўзаро урушни бас қилишни истаб ҳузурингизга келдик.
Веревкин-Рахальский. Ўтган ишга салавот, энди ярашиш битими масалаларига ўтайлик, унинг шартларини ишлаб чиқайлик. Шундай қилиб, биз бир ярим соатлик музокараларимиз давомида сизларнинг Шўро ҳукуматини самимий тан олганларингизга батамом ишондик. Мен Туркфронт Ҳарбий-Инқилобий Кенгаши номидан айтаманки, Мадаминбек отрядининг таслим бўлган қисми қуролсизлантирилмайди, аксинча улар турк бригадасига қарашли алоҳида ҳарбий қисм бўлиб қолаверади. Мадаминбекнинг ўзи йигитлари билан биргаликда, албатта Фарғона ёки Қўқон шаҳрига келиши шарт, шу ерда унинг қўшини аъзолари муайян ҳарбий ташкилотга тегишли тартибларга солиниши учун қароргоҳларга жойлаштирилади. Мадаминбек қўшини бозор куни, яъни 7 мартда Қизил Армия тузилганининг 2 йиллигини нишонлашда қатнашиши, сўнгра Бек ўз ўрнига ўринбосарини қолдириб, Туркфронт Ҳарбий-Инқилобий Кенгашига ва Марказий ҳукумат вакилларига шахсан маъруза қилиши учун Тошкентга бориши шарт.
Белкин. Менинг ўйлашимча, Бекнинг Тошкентга бориши бирмунча фурсат кейинга қолдирилгани мақбул, чунки вилоят бўйича кичик-кичик гуруҳларга бўлинган йигитларимизнинг йиғилишида унинг ўзи албатта, қатнашиши зарур. Сабаби — йигитлар дастлабки тинчлик битими натижаларидан бехабар қолса, Бек тушунтириб бермаса, уни аъзоларимиз сотқинликда айблашлари мумкин.
Мадаминбек ва фуқаро Ненсберг ҳам худди шу фикрда қатъий турадилар.
Веревкин-Рахальский. Бу ҳолда, мени ярашиш ҳақидаги масалани мустақил ҳал этадиган ислом қўшинининг қўмондони билан музокаралар олиб бориш шарафига муяссар бўлиши қизиқтириб қолди, ёки мен билан қўшиннинг оддий аъзоси гаплашаяптими? Бек ўз қўшинини ярашиш битимига тайёрламаганини аввалроқ билганимда эди, мен бу ерга қадам босиб ўтирмасдим. Агар, ҳақиқатдан ҳам Мадаминбекнинг йигитлари унга ишонса, ҳурмат қилса, тўла бўйсунса, унда у Фарғона шаҳрига келиб, ўз қисмларига яраш битими имзолангани ҳақида буйруқ ёзиб тарқатиши мумкин, шунда у йигитларини тезда ҳузурига тўплай олади.
Мадаминбек. Яна такрор айтаман, мен сизлар билан битим тузишга очиқкўнгиллик билан келганман, сизларга қандайдир тузоқ қўймоқчи эмасман ҳамда ўзим ҳам тузоққа тушишни хоҳламайман. Сизлар менга ишонмас экансизлар, биз урушни давом эттиришга мажбурмиз, айни пайтда музокаралар олиб бориш учун Тошкентга ўз вакилимни жўнатаман. У қайтиб келиши ҳамоно ҳарбий ҳаракатларга чек қўяман. Устига-устак, гуруҳларимни шахсан ўзим йиғишим нега зарур эканини тушуниб етмаяпсизлар. Сизлар бу билан ўзларингизнинг мусулмонлар руҳиятини, жумладан йигитларим руҳиятини, умуман билмасликларингизни ошкор этаяпсизлар. Бундан ташқари, мени Фарғонада ўрнатилажак янги турмуш асосида шариат бўлиш-бўлмаслиги, шариат ақоидига асосан суд қиладиган қозилар бўлиш-бўлмаслиги, уларнинг халқ томонидан сайланиш-сайланмаслиги масалалари қизиқтирмоқда.
Филлипов. Фуқаро Бекка тушунтиришга рухсат беришингизни илтимос қиламан. Шариатга нисбатан бундай муносабат марказий ҳокимият вакиллари диққат марказида турибди, улар мусулмонлар истагини эътиборга олишмоқда. Тошкентда туземликлар турмуш тарзида шариат амал қилиши масалаларига бағишланган мусулмонлар қурултойи чақирилади. Фарғона маъмурий фуқаролик бошқармаси ҳар жиҳатдан шариат фармонлари ва ақидалари асосида идора этилади.
Шундан сўнг, Веревкин-Рахальский Мадаминбек Тошкентга борганида марказий ҳокимият ҳамда Туркфронт Ҳарбий-Инқилобий Кенгаши вакиллари билан суҳбатда бўлиб, шартларнинг қисмларига ўзгартиришлар киритиш мумкинлигини айтиб, музокараларни тўхтатишга даъват этади.
Веревкин-Рахальский. Сиз нима дейсиз, ўртоқ Бек? Агар Шўро ҳукумати ҳамда унинг буйруқларига итоат қилсангиз, унда мен сизга шундай таклиф қиламан: Қизил армия вужудга келган кунни нишонлашда қатнашишингиз ҳамда турк бригадасининг отлиқ полкига қўшилиш учун тезда ўз қўшинингиз билан етиб келишингиз керак.
Ненсберг. Мен Бекнинг қўшинни ўзи тўплаши, шундан кейингина Фарғонага етиб келиши ҳақидаги фикрларини батафсил тушуниб турибман. Шу боисдан ҳам Веревкин ва Бекка муросага боришларини таклиф қиламан, яъни Қизил Армия тузилганини нишонлашга қўшинимиздан фақатгина бир қисми (100—150 киши)ни унинг яқин ходимлари бошчилигида юбориш мумкин. Ўзи эса ҳузурларингизга фақат қўшинни тўплаганидан сўнггина кела олади.
Шундан кейин танаффус эълон қилинади, бу пайтда Бек Ненсберг ва Белкин билан кенгашиш учун узоқроққа боришади. Кенгашишгач, Мадаминбек шундай дейди:
«Мен музокараларимиз узилиб қолмаслигини истамайман, сизлар чиқарган фармонларга бўйсунаман, истакларингизга биноан 7 март куни Қизил Армия тузилган кунни нишонлашга яқин ходимларим раҳбарлигида 100—150 кишини юбораман, аммо таъкидлайманки, бу ҳол туфайли қўшиннинг қолган аъзолари орасида кўнгилсиз ҳодисалар рўй бериши, менга ишончсизлик уйғониши ҳамда талон-торож билан шуғулланадиган майда гуруҳларга бўлиниб кетиши мумкин.
Вёревкин-Рахальский. Шундай қилиб, мен ҳамда дивизия ҳарбий комиссари сизларга аниқ, тўла-тўкис ушбу шартларни қўямиз:
1) Шўро ҳукуматига батамом бўйсуниш ва тан олишни; 2) эртага, 6 март куни соат 16 да мавжуд отрядингиз билан яраш битимини имзолаш, йигитларингизни тўплаш учун зарур муддатни белгилагани етиб келишингиз; 3) мавжуд отрядингиз 7 март куни эрталаб соат 9 да Қизил Армия тузилганини нишонлашда иштирок этишини ва 4) Тошкент шаҳрида Туркфронт Ҳарбий-Инқилобий Кенгаши ва марказий ҳукумат вакилларига қилажак ўз маърузангизда яраш музокаралари шартлари қисмларини ҳал этиш талабларини қўямиз.
Мадаминбек. Ўз номим ва штабим номидан айтаманки, дивизия бошлиғи Веревкин-Рахальский ҳамда дивизия қарбий комиссари Слепченко қўйган шартларга амал қиламан. Ўз навбатида, мен дивизия штабига келгунгача биз томондан қўйилган талабларнинг муҳим жиҳатларини сим орқали аниқлаб қўйишларингизни илтимос қиламан.
Соат 9 дан 50 дақиқа ўтганида яраш музокалари тугайди.
(Яраш битими матни 2-Туркистон дивизияси сиёсий бўлимининг 1920 йилги нашридан таржима қилинган.)
Яраш битими ҳеч қандай аҳамиятга эга бўлмагани учун бошқа беклар Мадаминбекни хоинликда қоралашди. Холхўжа қўрбоши Учқўрғон тегарасида Мадаминбек билан жангга киришиб, уни қатл этади.
А. Ҳайдаров. Афсусқи, Мадаминбек хийла ён босиб тузган яраш битимидаги бандлар шавкатли Қизил Армия раҳбарлари томонидан бажарилмайди. Дивизия қўмондонлиги битим матнини вилоят партия қўмитаси ва Туркфронт Ҳарбий-Инқилобий Кенгаши билан келишиб олмагани аён бўлади. Негаки, орадан кўп ўтмай, Туркистонда ўзининг анча «муборак изи»ни қолдирган В. Куйбишев Фарғона фронти раҳбарларини қоралаб шундай дейди: «У (яъни битим) шу ҳолида сиёсий соҳада ҳам, ҳарбий соҳада ҳам ёмон оқибатларга олиб келиши мумкин… Биринчи банди бизни Фарғонада ва ҳатто Туркистонда фуқаролар орасида олиб боражак ишларимизни чеклаб қўяди ва Шўро ҳокимиятига ёт бўлган мезонларга амал қилишга мажбур этади». У битим матнида бошқа шарт-шароитлар кўрсатиб тузишни, «Мадаминни аста-секин шаштидан тушириб, уни оддий бир итоат этувчи киши даражасига келтириб қўйиш»ни таклиф қилади. Фарғона вилояти партия комитети бу хусусда махсус қарор қабул қилади: «Туркистон Компартияси,—дейилади бу қарорда,— ўлка комитетидан ва Туркфронт Ҳарбий-Инқилобий Кенгашидан Мадамин билан тузилган яраш битими матнининг кириш қисми ва 5-бандидан бошқа ҳаммасини бекор қилиш сўралсин, чунки у вилоят комитети ва Ҳарбий-Инқилобий Кенгашнинг баъзи аъзолари фикрича, сиёсий жиҳатдан мутлақо нотўғридир». Битимда кўрсатилганидек, ўша пайтда иккита алоҳида турк бригадаси тузилади. Лекин орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, улар тарқатиб юборилади, Шўро ҳукуматига бўйин эгган миллий жафокашларга ишончсизлик билдирилади. Бу хусусда Туркистон Марказий Ижррия Комитети фракцияси, Туркистон КП ўлка комитети ва Турккомиссиянинг қўшма мажлисида сўзга чиққан мурувватли саркарда Фрунзе: «Собиқ босмачилардан тузилган бригадаларни тарқатиб юбориш керак», деган эди.
Энди Бухородаги босмачилик хусусида тўхталмоқчиман. Аёнки, амирлик тузумини ағдариш, халқнинг маданий-маърифий даражасини ошириш Бухоро жадидларининг асосий мақсади эди. Бухоро инқилоби яқинлашиши билан улар ўртасида ихтилофлар юз бериб, иккига ажраладилар. Биринчи гуруҳдагилар Бухоро Коммунистик партиясига кириб, ўз тақдирини Октябрь инқилоби ва жаҳон коммунистик ҳаракати тақдири билан, жаҳон социал инқилоби учун кураш билан қўшади. Иккинчи қисми эса инқилобий тўнтариш қилишга қарши чиқади. Уларнинг фикрича, Бухорода инқилобий вазият пишиб етилмаган эди. Худди ана шу тоифадаги жадидлар Бухоро инқилоби амалга ошганидан сўнг босмачилик ҳаракатига қўшилиб кетади. Шўро ҳукумати раҳбарларидан Муҳиддин Хўжаев, Усмон Хўжаев, Орипов каби шахслар юқори лавозимларда ишласалар-да, партия ва ҳукумат юргизаётган сиёсатга қарши чиқиб, халқ ҳимояси учун курашга отланади. Босмачилар жазавасини қўзғатган нарса, дағалроқ қилиб айтганда, ҳукуматнинг бебурдлиги эди. Бухоро инқилоби ташаббускорлари ўзларини қанчалик кучли, қудратли қилиб кўрсатмасинлар, аммо халқ оммасидан таркиб топган босмачиларнинг кўп сонли гуруҳлари қаршисида ожиз қолардилар. Ҳокимиятни эгаллаганлар эса ўз мавқеларини сақлаб қолиш учун Қизил Армиядан мадад сўрарди. Чунончи, 1922 йил 8 мартида Жаббор бошлиқ миллатчилар жумҳурият пойтахти Эски Бухорони ҳамма томондан қуршаб олади. Шу сабабли БХСР ҳукумати ғарбий Бухородаги босмачиликни тугатишга ёрдам сўраб Туркфронт Ҳарбий-Инқилобий Кенгашига мурожаат қилади. Самарқанддан етиб келган отлиқ қисмлар Вобкент ва Ғиждувон олдида бўлган жангларда Жаббор гуруҳини тамомила яксон қиладилар. 1922 йил 25 майда Бутун Бухоро Советлар Марказий Ижроия Комитетининг қарорига биноан, ўз ихтиёри билан таслим бўлган босмачиларга амнистия берилади. Аммо умумий авф берилса-да кўп ўтмай Жаббор ва бошқа босмачилар гуруҳлари алдаб олиниб, отиб ташланади. Албатта бу найранглар улар руҳиятига таъсир этмасдан қолмасди. Хўш, Бухоро амирлигидаги босмачиларнинг муддаоси не эди? Менимча, буни Бухоро ҳукумати раҳбарларига ёзилган қуйидаги хат тўлиқ ойдинлаштириб беради:
«Саломимизни қабул қилгайсиз, алҳамдилиллоҳ биз соғ-саломатмиз.
Бемаъни хатингизни олдик. Сизнинг бизга нисбатан ғалати илтифотингиздан жуда таажжубландик. Сиз хатингизда бундай деб ёзибсиз: «Сизлар Бухоро инқилоби бошланганидан бери кўп ишладингиз, лекин сизни ҳарбий ишлар нозиридек жуда муҳим мансабга кўтармоқчи бўлиб турганимизда баъзи инсофсиз кишиларнинг гапига алданиб, биздан кетиб қолдингиз, келаверинг. Гуноҳингиз кечирилади». Бизга бундай илтифот қилганингизга шунинг учун яна бир марта таажжубланаётирмизки, сиз ўз биродарларингиз бўлган рус большевиклари билан Бухоро тупроғига кириб миллат қонини тўкдингиз, унинг мулки бўлган олтин ва ғаллани йўқ қилиб ташладингиз, хуллас, халқнинг барча зарур мулкини йўқотдингиз, мачит ва мадрасалар каби табаррук жойларни оёғости қилдингиз, Фавқулодда Комиссия орқали камбағал аҳолининг мол-мулкини ва ҳаётини тортиб олдингиз, уларга оқсоқоллар, аксилинқилобчилар, бойлар ва буржуйлар деб ном қўйиб, шундай қилдингиз. Большевизм ва коммунизм ғояларини амалга оширишга киришдингиз.
Ўз динингизни, имонингизни ва виждонингизни бир парча нон эвазига лаънати русларга сотдингиз. Рус большевиклари жабр ва зулмни авж олдириб юбордилар, Бухоронинг мустақиллиги қуруқ сўз бўлиб қолди, ҳақиқатда ундан дарак йўқ. Шу сабабли, Бухоро инқилобчиларидан бири бўлган қаҳрамон Усмонхўжа Бухоро жамиятининг раиси бўлишига қарамай, рус консулига ва сизларга қарши виждонан уруш эълон қилди. У мана шу жабр-зулмларга тоқат қилолмади. Ватанимизнинг фарзандларидан бири бўлган мен ҳам мамлакатимизнинг бахт-саодати ва тараққиёти йўлида қаҳрамонларча жанг қилдим ва бундан буён ҳам рус большевикларига ва сизлар сингари хоинларга қарши қаҳрамонларча жанг қилавераман.
Бухоро фарзандларидан, миллатимизнинг ҳақиқий қаҳрамонларидан биронтаси ҳам сизларнинг қабиҳ ғояларингизга асло қўшилмайди, ўзининг ор ва номусини асло сртмайди.
Бир ярим миллион кишидан иборат бўлган Бухоро аҳолиси чўл ва тоғларда ўзининг иссиқ қонини тўкиб, қўлига қилич олиб миллат хоинлари билан жанг қилаётганлигини ҳозирги кунда кўриб турибмиз. Биз ҳам ватанимизнинг ҳақиқий фарзандлари билан бирга мамлакатимиз мустақиллиги ва равнақи учун сиз коммунистларга қарши курашаверамиз. Бизлар босмачилар эмасмиз, балки миллатимизнинг ҳақиқий ва итоатли ходимларимиз, душманларимиз бўлган русларни ватанимиздан ҳайдаб чиқарамиз ва уларни абадий йўқотамиз. Худога минг қатла шукрки, бизнинг йўлимиз ва ғоямиз ҳақ йўлдир ва ҳақ ғоядир, биз ишимизни соат сайин ҳеч бир тўхтовсиз авж олдирмоқдамиз. Мусулмонлар қўлларига қурол олиб ғазавотда қатнашмоқ учун ўз ихтиёрлари билан ҳамма томонлардан тўпланиб келмоқдалар, ислом динини ва мусулмонларни қутқариш учун биз билан бир бўлиб курашмоқдалар. Исломнинг фатҳи учун ҳамма отланган. Шу сабабли биз шарафли ватанимизни яқин фурсатда кофирлар ва виждонсизлардан тозалашимизга ва уларни йўқ қилиб ташлашимизга аминмиз.
Сўнгра хатингизда бундай деб ёзибсиз: «Агар сизлар таклифимизни эътиборга олмасангиз, сизларга кучимизни ва зарбамизни кўрсатурмиз». Бу гапингизни биз ўзи-мизнинг ҳақиқий истагимиз деб ҳисоблаймиз, ўртоқларингизнинг тўп-тўпхоналари ва замбаракларига қарамай, сизларга қарши жанг қилишга ҳамиша тайёрмиз. Зафар худодан, кимга хоҳласа шунга беради. Биз ҳеч қачон ва асло жангдан қайтмаймиз, ҳамиша олға бораверамиз.
Миллат хоинларининг бошлиғи бўлган сиз шунақа қаҳрамон бўлиб чиққанлигингизга ҳайронман, сиз фақат халқнинг қаҳрини эшитасиз.
Азизлар! Маслаҳатимиз учун афв этгайсиз, фурсатни қўлдан бермай, биз томонга ўтингиз ва миллатга хизмат қилиб унинг ташаккурини олингиз. Тарихда яхши ном қол-дирмоқ учун ислом йўлида курашаётганларнинг сафида ишлангиз.
Сизга яна сиҳат-саломатлик тилаймиз.
1318 йил, 18 рамазон. (1921 йил 18 сентябрга тўғри келади.)
Агар ислом учун курашаётганлар билан иттифоқ бўлишни истасангиз, русларни шарофатли ватандан чиқариб юборингиз. Шундай қилсангиз, ватан равнақи йўлида бирга ишлайверамиз — бизнинг бирдан-бир тилагимиз мана шу.
Эҳтиром билан:
Бош қўмондон Ғози
Бухоро инқилобчиси Қори Абдулла
Норқул ботир
Дониёрбек элликбоши».
Кўриниб турибдики, босмачилар шариат ҳимояси йўлида курашганлар. Аммо ислом муҳофазаси бу — руҳ ва вужуд, яъни инсон муҳофазаси демак. Ислом муҳофазаси бу — асрлар оша шаклланган миллий маданият, тарих, эътиқод муҳофазаси демак. Ушбу хатда келтирилганидек, миллат фидойилари русларни қувиб чиқариш деганда, юқорида айтилганидек, ўз бурчи ва вазифасини унутган, билмаган талончиларни кўзда тутганлар. Негаки, Бухорода инқилобдан илгари ҳам руслар маҳаллий аҳоли билан бақамти яшаган эдилар.
М. Аъзам. Туркистон миллий-озодлик қаракати ҳукумат ҳужжатларида, матбуот нашрларида ва бадиий адабиётда ҳар доим фуқаролар урушининг бир қисми деб баҳоланган ва «босмачилик ҳаракати бойлар ва муллалар томонидан олиб борилган очиқ сиёсий бандитлик» дея таърифланган. (Сталин. Асарлар. М., 1960 й. V жилд, 143-бет.) Аммо бу ҳақиқатга тўғри келмайди. Фуқаролар уруши деганда биз бир миллат ичида олиб борилган биродарлик урушини тушунамиз. Туркистонда эса бутун миллат ўз устидан бошқа давлатнинг ҳукмронлигига қарши курашган. «Бандитлик» деганда биз давлатга, армияга алоқаси бўлмаган тасодифий олишувларни тушунамиз. Бандитчилик, одатда шахсий бойлик орттириш йўлида ва ёки шахсий қасоскорлик туйғулари билан олиб борилади. Босмачилар эса Туркистон муҳтор жумҳуриятини сақлаб қолиш учун ва жумҳуриятнинг ҳарбий кучлари сифатида шовинистик тузумга қарши кураш олиб борганлар ва бу кураш 16 йилга чўзилган. Демак «босмачилик» деган атама Туркистон миллий-озодлик жангчиларига мос келмайди.
Туркистон фронтининг бош қўмондони бўлган Фрунзе: «Босмачилик безорилик эмас. Агар шундай бўлсайди, уларни аллақачон йўқ қилиш мумкин бўларди», дейди. В. Куйбишев эса: «Босмачилик ҳаракатини шунчаки бандитлик деб қабул қилиш хато бўлади. Чунки у сиёсий инқилобдир», деб ёзади. Комиссар Скалов фикри: «Босмачилик Туркистон халқининг бегона ҳокимиятга қарши миллий исёнивдир. Комиссарлар Гинзбург ва Васильевский фикри эса мана бундай: «Босмачиликнинг шиорлари «Туркистон туркистонликлар учун!» «Туркистонни Русиядан қутқарамиз», «Зулмсиз Туркистон!» каби мақсадларга қаратилган эди. Совет адиби Борис Пилняк: «Босмачилар юксак исм ва шараф соҳибидирлар» деб ёзган.
Босмачилик ҳаракатини объектив баҳолашга интилиш бизнинг адабиётимизда ҳам дастлаб Мамадали Маҳмудовнинг «Боғдон қашқири» қиссасида юз кўрсатган эди. Яқин ўтган йилларда Шукур Холмирзаевнинг «Қора камар» драмасида бу мавзуга янада яқинроқ ёндашилди. Аммо ҳали мукаммал асарлар, эпопеялар олдинда кутиб турибди.
М. Ҳасанов. В. Германов. Умуман, жумҳуриятимиз марказида 20-йилларнинг, яъни миллий-озодлик ҳаракатининг бегуноҳ қаҳрамонлари хотирасига ёдгорлик ўрнатиш мавриди келди, деб ўйлаймиз.
О. Мухторов. Бугунги давра суҳбатимиз, назаримда, анча кенг ва чуқур ўтди. Биз халқимиз тарихининг энг чигал даврига оид ўз хулосаларимизни самимий гаплашиб олдик. Ўйлайманки, узоқ йилларга чўзилган босмачилик ҳаракатини биргина суҳбат миқёсида узил-кесил ҳал этиш қийин. Табиийки, юқорида айтилган фикрларни ягона ва ҳал этувчи хулоса, деб қабул қилмаслик керак. Уларга қўшилувчилар ҳам, қўшилмайдиганлар ҳам бўлиши мумкин. Бугунги ошкора фикр олишув замонида биз ойнома саҳифаларида 20-йиллар ҳаёти чуқур таҳлил этилган бошқа муаллифларнинг ҳам мақолаларини ёритиб бориш ниятидамиз. Шундагина кенг ўқувчилар оммасининг босмачилик ҳаракатининг бутун мусбат ва манфий томонлари ҳақидаги фикрлари равшанлашади, таассуротлари бойийди. Ўша давр воқеалари шоҳидлари ўз хотиралари билан иштирок этишса, нур устига аъло нур бўлади.
“Шарқ юлдузи” журнали, 1991 йил, 3-сон