Бекжон Тошмуҳамедов. Эл тўқ, мамлакат обод бўлсин (1989)

Инсон ва унинг тирикчилик ташвишлари одам ва ҳайвонот физиологияси бўйича тадқиқотларнииг асосий маҳзари ҳисобланади. Таомга эҳтиёж, овқатланиш муаммоси эса турмушимиздаги жамики нарсалардан фарқли ўлароқ сўнгги ой, сўнгги йил ёки бирон беш йилликка суриб бўлмайдиган кунлик зарурат сифатида намоён бўлиб туради.

Биз тановул қиладиган маҳсулотларда оқсиллар, ёғ, углеводлар (карбон сувлар), шунингдек, витаминлар ва минерал тузларнинг эҳтиёжга мувофиқ меъёрда бўлиши тўғри овқатланишнинг асосий шартидир Нонуштамизда оқсилларнинг аҳамияти беқиёс, у инсоннинг асосий қувваи мадори ҳисобланади. Катта ёшдаги кишиларнинг оқсил моддаларига эҳтиёжи бир куну-тун ҳисобига 100 граммни ташкил этса, шунииг ярмиси ҳайвонот ёғлари ҳисобига тўғри келиши керак. Бу деган сўз бир кеча-кундузда 250 грамм, йил давомида зса 90 килограмм гўшт маҳсулотлари истеъмол қилиш зарур деганидир. Ҳозир Эстония аҳолиси айнан шу нормага тенг миқдорда гўшт ва яна бунга қўшимча 26 килограмм балиқ маҳсулотлари ҳам истеъмол қилади Оғир жисмоний меҳнат билан банд бўлганлар, иссиқ иқлим шароитида ишловчилар, шунингдек, ҳомиладор ва бола эмизувчи аёллар гўшт, сутдан иборат оқсил моддаларига янада кўпроқ (норманинг учдан бир қисми миқдорида) эҳтиёж сезадилар. Дастурхон неъматларидаги оқсил моддаларининг камлиги ёки биологик жиҳатдан қиммати паст турадиган ўсимлик моддалари оқсиллари билан кифояланиш эса, оддий қилиб айтганда, инсон организмида оқсил етишмовчилигини келтириб чиқаради. Бу нарса, айниқса, болаларда тезроқ билииади ва ҳали унчалик тараққий этмаган организмда муайян асоратлар туғдира бошлайди.

Ҳайвонларда олиб борилган тадқиқотларнинг кўрсатишича, оқсил камчиллиги туфайли организмнинг касалликларга қарши ҳимоя кучи (иммунитети) бирданига тушиб кетади, аллергияга чалиниш хавфи ошади. турли хил заҳарли моддаларнинг хатарли таъсири бир неча бор кучаяди. Шу тариқа оқсил маҳсули бўлган қуввайи дармондан қолиш биологик жараёнларнинг турли физиологик ўзгаришларга юз тутишига олиб келади. Организмнинг атроф-муҳит булғанишига чидамлилиги ҳаддан зиёд сусайиб, экстремаль шароитларга мослашиш қийинлашади. Бундай ҳоллар асосан кунлик таомларимизда оқсил миқдори икки баробар камайган тақдирда келиб чиқади. Ҳатто бир-бирининг ўрнини боса олмайдиган углевод ва ёғлар нисбати бузилган тақдирда, яъни гўшт-сут оқсиллари ўрнига нуқул ўсимлик оқсиллари билан кифояланган тақдирда ҳам шундай ҳол юз беради.

Инсон физиологияси ва истеъмол таомларига доир бу масала Ўзбекистон учун фавқулодда долзарб муаммодир. Чунки республика иқтисоди ва қишлоқ хўжалигининг номутаносиб ривожланиши ўлка аҳолисининг дастурхонида, истеъмол маҳсулотларида ҳам акс этаётир. Дастурхон неъматларимизда ҳайвонот оқсилларига бой маҳсулотлар камайиб, нон-тузимиз асосан ўсимлик маҳсулотларидан тайёрланадиган гуруч ва хамир овқат, нон-чойдан иборат бўлиб қолаётир. Бу кўнгилсиз ҳол расмий статистик маълумотларда ҳам ўз ифодасини топган. Агар гўшт, сут, тухум истеъмол қилиш мамлакат бўйича жон бошига ўртача 64 кг 341 л ва 272 донани ташкил этса, бу миқдор Ўзбекистонда 29 килограмм гўшт, 186 литр сут ва 112 дона тухумга тўғри келади. Бу фарқлар — ҳатто мамлакат бўйича кўрсаткичларнинг ўзи ҳам илмий асосланган нормалардагидан анча пастлигини инобатга олмаган тақдирда ҳам — ҳазилакам эмас.

Юқорида айтганимиздек, хамир ва гуруч овқатдаги оқсил ҳеч қачон гўшт маҳсулотларидаги оқсил ўрнини боса олмайди. Чунки уларнинг таркибида бебаҳо аминокислоталардан бири бўлмиш лизин моддаси жуда кам. Шунинг учун ҳам уларнинг ҳазм бўлиши оғир ва тўйимлилик жиҳати паст. Ҳатто картошкадаги оқсил ҳам донли экинлар таркибидаги оқсилдан бир неча баробар тўйимлидир. Аммо республикамиз аҳолиси картошкани ҳам Иттифоқ даражасидагига қараганда уч баравар камроқ истеъмол қилади. Бунинг устига балиқ маҳсулотлари, қанд, ҳатто сабзавот ва мевалар истеъмол қилиш жиҳатидан ҳам биз мамлакат бўйича ўртача даражадагидан орқадамиз.

Бу вазиятни янада мураккаблаштираётган омиллар: муҳитнинг булғанганлиги, озиқ-овқат маҳсулотларида минерал тузлар, заҳарли кимёвий моддалар, оғир металлар ва бошқа хил зарарли унсурларнинг хатарли даражага етганлигини ҳам айтмасдан бўлмайди. Масалан, оддий селитрани ишлатиш меъёрига амал қилинмаслиги сабзавот-полиз маҳсулотларидан заҳарланишга олиб келаётганлиги ҳаммага маълум. Пахта далаларида пестицидларнинг қўлланилиши умумиттифоқ даражасига қараганда ўнлаб баробар кўпдир. Шунинг учун ҳам, хлорорганик модда нафақат пахта ёғида, ҳатто оналарнинг кўкрак сутида ҳам учраяпти.

Энди аҳолининг мол-ҳоли, уй ҳайвонларининг емишларига назар ташлайлик. Қаёққа боқманг, эл-улуснинг моли фақат йўллар атрофидаги сийрак, ғуборли ўтларни қиртишлаб ётганини кўрасиз. Йўллар атрофи шахсий сигиру қўй-эчкилар ўтлайдиган ягона жой. Бу жойлардаги ўт-ўланлар йўллардан тинимсиз ўтиб турган машиналар, поездларнинг тутунларига, улар таркибидаги заҳарли моддалару қўрғошинга бир неча бор тўйинган. Қўрғошин молларнинг организмида тўплана бориб, уларнинг сутини ҳам оғулайди. Ҳолбуки аҳолини сут-қатиқ билан таъминловчи манба мана шу кишиларнинг шахсий қарамоғидаги моллардир. Уларнинг сути таркибини мунтазам текшириб боришнинг эса амалда иложи йўқ.

Ниҳоят қатор областларимизда ичимлик сувнинг ўзи ҳам маза матрасиз. Амударёнинг қуйи қисмидаги ичимлик сувларининг шўрлиги нормадагидан бир неча баробар ошиб кетган. Айнан шу жойларда юрак-қон томир касалликларининг юқори даражага етганлиги боиси ҳам шунда. Бундай заҳарли омиллар бир-бирига қўшилган ҳолда халқимиз соғлиғи учун ниҳоятда хатарли бўлган экстремаль шароитларни келтириб чиқарди. Бу манзара ҳам республикамизнинг тиббий статистикасида ўз аксини топган.

Кейинги йилларда камқонлиликнинг кенг ёйилганлиги кўп тилга олинаётир. Бу айни ҳақиқат. Хўш, у қандай шароитларда юз бераяпти? Рўй-рост айтиш керак, камқонликнинг бош сабаби оқсил етишмовчилиги ва боз устига қувваи-мадора манбаи бўлган бу неъматнинг заҳарли химикатлар таъсирида баттар ночор аҳволга тушаётганлигидир. Серфарзанд оналарда камқонликнинг жуда юқорилиги ҳам уларнинг ҳомиладорлик даврида серқувват таомларга, оқсили кўп гўшт-сут маҳсулотларига эҳтиёжи ошиши ва бу эҳтиёжни таъминлай олишнинг имкони йўқлиги билан изоҳланади.

Оқсил етишмовчилиги туфайли одам танасининг ҳимоя кучлари сусайишини айтдик. Бу ҳол юқумли ичак, сариқ, сил касалликлари кенг ёйилишининг асосий сабабларидан бири бўлиб турибди. Болаларда юқумли ичак касалликлари ва айниқса, она сутидан ажралгандан сўнг келиб чиқадиган “диарея” хасталиги углеводлари кўп-у, аммо оқсили кам бўлган овқатларга ўтилиши билан боғлиқдир. Аллергик касалликларнинг кўпайиши ва умуман овқат билан боғлиқ аллергияга мойиллик истеъмол маҳсулотларининг сифатсизлиги, кимёвий моддалар таъсирига дучор бўлганлиги туфайлидир. Касалликлар, хусусан болалар ўртасидаги хасталиклар кўплигининг бош сабаби ҳам аслида оқсилга бой, тўйимли таомларнинг тақчиллиги билан изоҳланади. «Правда Востока» газетасида эълон қилинган «Гўшт ўрнига макарон» деб номланган мақолада Фарғона область халқ таълими бўлимининг инспектори Э. Охунжонов шундай маълумотларни тилга олади: «Ўтган йили областнинг қишлоқ мактаблари ошхоналарида куни узайтирилган группалар учун ишлатилган гўшт ҳар бир ўқувчи ҳисобига куннга 5 граммданга тўғри келган». Демак, 200 ўқувчининг қорни бир кило гўшт билан «тўйғазилган». Бу ақлга сиғадиган гапми? Пахта мустақиллигига эришган юрт, ривожланган социализмни безайдиган фактми? Қорақалпоғистонлик бир участка врачининг иқрор бўлишича, ўзига тўқ оилаларга у жуда кам боради. Сабаби, бундай оилаларда касаллик камлиги учун уни йўқлашмайди…

Текширишларимиз кўрсатаётганидек, касалликлар бир қадар камайган ҳоллар қаердаки бўлса — бу ўша жойда овқат сифати яхшиланганлиги, унинг таркиби бойиб, ранг-баранг ва тўйимли бўлиб бораётганлиги билан боғлиқ тарзда кечаётир. Аммо антропометрик маълумотлар ҳали республикамиз аҳолисида бу борадаги ривожланиш дрярли сезилмаётганини кўрсатяпти. Ҳарбий комиссариатларнинг маълумотларини тилга олмасдан ҳам бемалол айтиш мумкинки, балоғатга етган ҳисобланиб, хизматга чақирилаётган ёшларимиз ўсмирлардан кам фарқ қилади. Бу оналарнинг ҳомиладорлик жараёнларида, бола туғилгандан кейинги эмизиш ойлари ва сўнгги парваришлар давомида уларнинг организмида оқсил моддаси етишмаслиги оқибатидир. Бундай шарт-шароитларда дунёга келадиган болаларнинг одатда вазни кам, бўйи паст ва ушоқ, турли касалликларга мойил ва ўлим хавфи кўпроқ бўлади. Республикамиз болалар ўлими кўплиги жиҳатидан Иттифоқда олдинги ўринлардан бирида эканлиги, бу нохуш манзара бизда мамлакат бўйича ўртача двражадан икки баравар, Японияга нисбатан эса ўн баравар кўплигининг сабаби ҳам шунда. Айнан болалар ўлими ва ўртача умр кўриш даражаси у ёки бу мамлакат ва регион аҳолисининг фаровонлиги, турмуш тарзи нечоғлик эканлигини кўрсатувчи муҳим белгидир.

Бутуниттифоқ XIX партия конференцияси материалларида мамлакатни озиқ-овқат билан таъминлашни яхшилаш улкан социал-сиёсий масала сифатида қайд этиб ўтилди. Бугун бу масала жамият ҳаётининг энг кескин ва энг мушкул муаммоси бўлиб турибди. Ўэбекистонда эса озиқ-овқат проблемаси билан боғлиқ вазият янада кескинроқдир. Гўшт бозорда давлат нархидан уч-тўрт баравар қиммат. Кўп болали, камхарж оилаларнинг бунга қурби етадими? Етмайди. Аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромад ҳам мамлакат бўйича олиб қараганда, бизда анча паст, айниқса, аҳолининг 60 фоизи истиқомат қиладиган қишлоқ жойларида бу ҳол кескинроқ тарзда намоён бўлиб турибди. Суғориладиган майдонлар чекланган шароитимизда бир тусда ривожланган пахтачилик ҳаммани юқори даромадли иш билан етарли даражада таъминлай олмайди. Хўжалик юритишнинг янги формалари қўлланилиши муносабати билан келажакда бу тенденция янада кучаяди.

Яна статистик маълумотларга мурожаат қилайлик. Ўзбекистонда қишлоқ аҳолиси жон бошига йилига 8 килограммдан гўшт тўғри келади. Бу Эстония қишлоқ аҳолисиникидан ўн баравар кам. Бунинг устига оқсилга бой балиқ, тухум, сут ва сут маҳсулотлари ҳам бу ерда бир неча баравар камлигини айтдик. Мамлакатнинг бирон жойида озиқ-овқат маҳсулотлари бу қадар танқис эмас, бирон жойда оқсилга бой неъматлар кам бўла туриб, яна уни шаҳар ва қишлоқ аҳолисига тақсимлашда бу қадар номутаносибликка йўл қўйилаётгани йўқ. Шак-шубҳасиз, бундай мушкул аҳвол биринчи навбатда пахта монокультураси, хўжаликнинг ғоятда камтармоқлиги билан боғлиқдир.

Ўзбекистонда аҳоли жон бошига 250 килограммдан пахта етиштирилади. Ҳамон пахта етиштиришга ихтисослашган эканмиз, таъминот ҳам шунга яраша тўлиқ мувофиқлаштирилиши зарур. Қардошлик удуми ҳам шуни тақозо қилади Яъни борини биргаликда баҳам кўриш керак.

Партия ва ҳукуматимизнинг турли ҳужжатларида республикалар ва мамлакат регионлари иқтисодий тараққиётидаги фарқлар ва номутаносибликларни тезроқ бартараф этиш зарурлиги қайта-қайта уқтирилмоқда. Аммо Ўзбекистонда бундай программа амалда йўқ ва ҳеч ким қачон. қайси йили биз умумиттифоқ даражасидаги кўрсаткичларга чиқа олишимиз мумкинлигини айтиб бера олмайди. Орол денгизини асрашнинг ҳозирча реал программаси бўлмагани сингари бундай озиқ-овқат программаси реал ишлаб чиқилмаган.

20 миллионлик республика аҳолисининг озиқ-овқат таъминоти билан боғлиқ ва узоқ йиллар мобайнида орқага суриб келинаётган оқсил етишмовчилиги муаммоси бу борада зудлик билан ҳал қилувчи амалий чора-тадбирлар белгилашни тақозо этади. Бу соҳадаги қолоқликни бартараф этишнинг ягона йўли республика қишлоқ хўжалиги тармоқлари структурасини ўэгартириш ва уни кооперация тўғрисидаги янги қонунларга мувофиқ қайта қурмоқдир. Ҳозирча етиштирилган пахтанинг 7 процентигина республикада қайта ишланиб, қолган 93 проценти бошқа регионларга жўнатилмоқда. Шунга қарамай, ҳозир айрим матбуот саҳифаларида ўйламай-нетмай «пахтакор республикаларнинг бошқаларга боқиманда бўлиб қолаётгани» хусусида асоссиз даъволар учраб турибди. Ҳолбуки, пахта хомашёси асосан қайта ишланиб, реализация қилинадиган жойларнинг даромад манбаига айланишини эслаб ўтиш ортиқчалик қилмайди. Эндиликда хўжаликларни қатъий план буюртмалари ўрнига дала меҳнаткашларининг моддий манфаатдорлигидан келиб чиққан ҳолда аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан тўла таъминлаш имконини берувчи соҳалар асосида ихтисослаштириш мақсадга мувофиқдир. Озиқли экинлардан йилига 2—3 ҳосил олиш мумкин бўлган бизнинг иқлим шароитимиздан ҳам тўғри фойдалана билишимиз зарур.

Экономикани ва халқ фаровонлигини ўстириш йўлида амалга ошириладиган бундай туб ўзгаришлар шубҳасиз аҳолининг сиҳат-саломатлик даражасига жуда тез ижобий таъсир кўрсатади. Масалан, Хитойда ёш аҳолини кенг кўламда текширишдан ўтказиш натижалари шундан далолат бермоқда. Мутахассисларнинг гувоҳлик беришларича, Хитойда амалга оширилган иқтисодий ислоҳотлар натижасида аҳолининг сиҳатлиги, бинобарин, жисмоний ривожланиш хусусиятларида (хусусан, кишиларнинг бўйи, вазни, кўкрак қафасининг ҳажми ва ҳ. к.) бир қадар ижобий ўзгаришлар қайд этилган. Бу аҳолининг сиҳат-саломатлиги билан озиқ-овқат таъминоти, унинг сифати ва рационал экономика ўртасида чамбарчас боғлиқлик борлигини кўрсатувчи объектив мисолдир. Шунинг учун ҳам қишлоқ хўжалигимизни тубдан қайта қуриш, маълум шарт-шароитларни ҳисобга олган ҳолда, эҳтимол, мамлакатнинг бошқа регионларига нисбатан ҳам янада жиддийроқ қайта қурмоқ лозимдир.

Ҳозирги пайтда биринчи даражали вазифа чорвачилик учун озуқа базасини вужудга келтиришдан иборат. Паррандачилик, қуёнчилик ва бизнинг шароитимизда анча самарали бўлган балиқчиликни ривожлантириш ҳам катта истиқболлар очади. Бу ўз навбатида алмашлаб экилаётган беда ва оқсили кўп пахта кунжараси асосида сервитамин концентратлар ишлаб чиқарувчи замонавий биотехнология корхоналари қуришни зарурий шарт қилиб қўяди. Ҳозир республикада оқсил тақчиллиғига қарамай, ҳатто пахта кунжарасининг 70 фоизи бошқа жойларга юборилмоқда.

Яна бир муҳим омилни кўздан қочирмаслик керак. Ҳаммага маълумки, одатда ҳар бир киши статистика бўйича ўзига тўғри келадиган гўштни ҳам олиш имконига эга эмас. Хўш, биз қишлоқлардаги барча кишилар йилига 8 килограммдан гўшт истеъмол қилаяпти деб айта оламизми? Йўқ, албатта. Чунки 8 килограмм — бу ўртача кўрсаткич. Эҳтимол, вақтинчалик бўлса ҳам карточка системасини жорий этиб кўриш керакдир? Хўш, қандай қилиб 8 килограмм гўштни 12 ойга тақсимлаймиз? Ёки 12 ойга тўғри келадиган 800 грамм балиқни-чи? Ҳа, қора икрани эмас, балиқнинг ўзини!

Республиканинг мавжуд гўшт маҳсулотлари фонди территориялар бўйича тўғри тақсимлаиишини йўлга қўйиш керак. Токи, гўшт маҳсулотларини барчага баробар тақсимлашда социал адолат қарор топиб, кўпболали, камхарж оилаларнинг унга дасти етадиган бўлсин. Бизнинг аҳоли тиғиз жойлашган ва тез ўсаётган, демографик жиҳатдан анча актив шарт-шароитимизни, суғориладиган майдонларнинг чекланганлигини ҳисобга олиб, қишлоқ хўжалиги экономикасининг йўналишларини тубдан ўзгартириш, уни озиқ-овқат таъминотига, аҳолини иш билан банд қилишга, атроф-муҳитни ва умуман жамиятни соғломлаштиришга кафолат берадиган йўналишларга мувофиқлаштириш ниҳоятда зарурдир.

Республика қишлоқ хўжалиги тармоқлари структурасини ўэгартириш, уни қайта кўриб чиқишни хоҳламаслик эса консерватив ақидаларга ёпишиб олишнинг айнан ўзидир. Бу чинакам қайта қуришга бўйин бермаслик, эҳтимол, унинг объектив эарурат эканлигини тан олмаслик натижасидир. Ўзбекистонда планлаштириш соҳасидаги «беозор хатолар» туфайли мана шундай экологик ва озиқ-овқат кризиси келиб чиқди Бу шак-шубҳасиз, жамиятнинг бой берилган имкониятларидир. Энди аҳволни шу таҳлитда давом эттиришга ҳақимиз йўқ.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси, 1989 йил, 1 январь

Ўхшаш мақолалар: