Ахбор Имомхўжаев. Самодаги армонлар (1989)

«Пахтакор» командасининг авиа ҳалокатига учраганига ўн йил бўлди

…Минск шаҳридаги марказий стадионга футбол ишкибозлари оқими дарёдай қуюлиб келаётир. Мухлислар ҳаяжонда. Чунки мамлакатнинг икки кучли командаси ўзларининг катта имкониятларини намоён этиши, мазкур ўйин шиддатли ва қизғин бўлиши кутилаётган эди. Лекин ўйин бошланишга бир неча дақиқа қолган бўлса ҳам стадионда одатдан ташқари ҳукм сураётган руҳ ҳаммани бирдай таажжублантирарди.

Ниҳоят белгиланган вақтда стадион таблосида «Пахтакор» — Тошкент — «Динамо» — Минск сўзлари ёзилди. Дикторнинг ҳирқироқ, ғамнок овозидан йиғилганлар ҳайрат ва хавотирга туша бошладилар. Меҳмон команда состави таништирила бошланди: «Пахтакор» — Тошкент: дарвозабон — Сергей Покатилов. Шу вақт енгига қора ҳошия боғлаб олган йигит дарвоза олдига келиб, ўз ўрнини эгаллади. «Иккинчи рақамда Николай Куликов» энди ўша рақамдаги боши эгик ўйинчи стадионга кириб келди. «Олим Аширов»… Учинчи рақамдаги ўйинчи марказий ҳимоячи ўрнига бориб турди.

Бутун стадиондаги оломон бу ғайри одатий манзарани сукут билан, нафасларини ичга ютиб кузатар, «нега?», «нимага?» деган савол бўғизларига қадаларди. Шу вақт дикторнинг мотам садолари остида фожиа ҳақидаги хабаридан сўнг, минглаб мухлисларнинг бўғизларидан даҳшатли «Оҳ» деган нидо отилиб чиқди…

Тўп тепиб, куч синашишни ният қилган, доимо ишқибозларнинг олқишли ҳайқириқлари остида майдондан мағрур чиқиб кетадиган «Динамо» командаси биринчи марта мотамсаро сукут билан, энди уларга ҳеч қачон рақиб бўла олмайдиган ўзбек футболчиларининг номи ёзилган 17 гулчамбарни кўтарган кўйи, бошлари эгик ҳолда стадиондан чиқиб кетдилар…

1979 йил 11 август минсклик футбол ишқибозлари хотирасида бир умр шундай муҳрланиб қолди. Ўша куни ҳар галги юмушларни ҳал этиш учун жумҳурият физкультура ва спорт комитетига келдим. Лекин бу ерда қандайдир англаб бўлмас воқеа кечарди. Кишиларнинг ранглари оқарган, ҳамма қаттиқ ҳаяжонда, телефонлар тўхтовсиз жиринглар, ҳар томондан одамлар ҳовлиқиб келишарди. Республика судьялар уюшмаси бошлиғи Виктор Вишинскийдан: «Ўзи нима гап, тинчликми», — деб сўрадим. «Э, Ахборжон, хабаринг йўқми, Минскка бораётган самолёт ҳалокатга учрабди. «Пахтакор» командаси аъзолари ва барча йўловчилар, экипаж аъзолари ҳам ҳалок бўлган…»

Наҳотки! Пешонамдан муздек тер чиқиб, кўз олдим хиралашиб кетди. Ўйлайманки, бундай кезда ҳеч ким ўзини тутиб туролмаса керак. Айниқса фаолиятини ўлка футбол тақдирига боғлаган менинг аҳволимни муҳтарам ишқибозлар тушунса керак… Наҳотки спорт гултожи бўлган, футбол турида жумҳурият шуҳратини кўтариб келаётган эндигина олий лиганинг энг сара командаларидан бирига айланган футбол техникасида ўзларига хос маҳорати шаклланиб, энди фақат ғалабалар нашъасини сурадиган пайт келганида…

Шум хабардан дилим вайрон бўлиб қайтар эканман, маҳалламизнинг нуронийларидан бири Санжар отага дуч келиб қолдим. У киши футболга ўта ишқибоз. «Пахтакор»нинг Тошкентда ўтадиган ўйинларига канда қилмай боради. Мен билан қаерда учрашиб қолсалар, футбол ҳақида, «Пахтакор» ҳақида саволларни ёғдириб ташлайдилар. Бу сафар ҳам гапни футболдан бошладилар. «Ахборжон ўғлим, Минск динамочилари билан бугунги ўйин қандай бўлар экан?»

Ғалати бўлиб кетдим… тилим айланмайди. «Бугун ўйин бўлмайди»,— дея олдим холос.

— Нега?

— Ҳалокат, отажон, ҳалокат… — Бошқа ўз тополмадим. Отахон ҳаммасини тушунди. Секингина «кимлар» деди у шалвираб.

— Ҳаммалари… — Водариғ, қариянинг киприкларида мунчоқ-мунчоқ бўлиб думалаб тушаётган аччиқ, аламли кўз ёшларини кўрдим. Ёш қалқир, у унсиз йиғларди. Бу дард эди, парча-парча бўлиб кетган умид эди бу кўз ёшлари.

Эртасига бутун мамлакат мудҳиш фожиадан хабардор қилинди. Газета дўконлари олди тирбанд, газеталар қўлма-қўл, нигоҳлар мунгли, бурчак-бурчакда баъзан ошкора йиғи-сиғилар кишининг дилини ўртаб юборади. Ўша куни бутун жумҳурият мотам тутди. Қўлимдаги ғижим бўлиб кетган газетани ўқийман…

«1979 йил, 11 август куни Тошкент — Донецк — Минск маршрути бўйлаб учаётган ҳаво лайнери Днепродзержинск районида қарши йўналишдаги самолёт билан тўқнашиб кетиши натижасида ҳалокатга учради, икки самолётдаги йўловчилар ва экипаж аъзолари фожиа қурбони бўлдилар. Улар орасида «Пахтакор» футбол командасининг 17 аъзоси ҳам бор: Ўзбекистон ССРда хизмат кўрсатган тренер Идгай Тазетдинов, халқаро классдаги спорт мастери Владимир Федоров, ёшлар ўртасида Европа чемпиони Михаил Ан, спорт мастерлари Олим Аширов, Сергей Покатилов, Равил Агишев, Николай Куликов, Юрий Загуменных, Владимир Макаров, Константин Баканов, Александр Корченов, Виктор Чуркин, спорт мастерлигига номзодлар Шуҳрат Эшбўтаев, Владимир Собиров, Сирожиддин Бозоров, команда администратори Мансур Толибжонов, медицина фанлари номзоди, команда врачи Владимир Чумаков».

Идгай Тазетдиновнинг орэулари юксак эди. У «Пахтакор»ни Иттифоқнинг энг кучли командаларидан бири даражасига чиқармоқчи эди.

Олим Аширов, Михаил Ан ҳали майдонда тўп суриб толмайдиган ёлқин эди. Ҳали севиб-севилмаган Сирожиддин Бозоров самолётга чиқишдан олдин қаттиқ ҳаяжонда бўлганлиги табиий. Чунки у биринчи марта асосий команда составида майдонга тушмоқчи эди. Афсус, уларнинг орзулари муаллиқ қолди.

«Пахтакор»нинг нафақат Ўзбекистонда, балки, бошқа қардош республикаларда ҳам кўплаб мухлислари бор эди. Ўша кунлари ҳамдардлик хат ва телеграммалари Тошкентга оқиб кела бошлади.

«Азиз биродарлар — деб ёзишади бир гуруҳ грузиялик футбол мухлислари физкультура ва спорт комитетига юборган телеграммаларида.— Биз ҳалок бўлган 17 пахтакорчи хотираси олдида бош эгамиз. Илтимос, таъзиямизни марҳумлар оиласига етказсангиз. Биз ўзбек футболи яна қайта тикланиб, шон-шуҳратга кўмилишига ишонамиз».

Ҳар доим марҳум дўстларимни хотирлаб ўтириб, улар билан танишган, ғалаба нашъаларини бирга тотган кунларни эслаб кетаман. Эсимда… Герман Титов номли спорт йўналишидаги республика интернат мактаби ҳамда Ўзбекистон пойтахти мактабларининг тўққизинчи синфларида таълим олаётган 6 ўқувчи ўсмирлар ўртасида СССР терма командасига номзод қилиб рўйхатга олиндилар. Қишки таътил кунлари улар билан Кавказдаги Эшери шаҳри спорт базаларида ўтказилган терма команда йиғинларида иштирок этиш менга ҳам насиб этган эди.Ўша вақтнинг ўзидаёқ футбол усталари Михаил Аннинг келажаги порлоқ эканлигини тан олган эдилар.

«Пахтакор»да ҳам, терма команда сафида ҳам унинг маҳорати кун сайин ошиб борди, СССР терма командаси ёшлар ўртасидаги Европа чемпионатида зафар қучган дақиқаларда бош совринни биринчи бўлиб коллектив капитани Михаил Ан қабул қилган эди.

… Хизмат юзасидан Ростов — Дон шаҳрига борадиган бўлдим, патта олиш мақсадида аэрофлот кассаси томон йўл олдим. Ҳаво ниҳоятда иссиқ, навбатда турганлар ҳам анчагина, навбат кута бошладим. Бироз вақт ўтгач, бу ерга шошганича «Пахтакор» командасининг администратори Мансур Толибжонов келиб қолди, ҳазилкаш, хушчақчақ Мансуржон мени кўриши билан вазиятни тушунди. «Уят эмасми, мендек укангиз бўлсаю, сиз навбат кутиб турсангиз. Мухлислар олқишини қозонган «Пахтакор»чимиз-а! Бўлинг паспорт ва пулингизни беринг».

…Ўзбекистон телевидениесининг спорт кўрсатувлари Бош редакцияси Бутуниттифоқ физкультурачилар кунига бағишлаб махсус программа тайёрлаган эди, у эфирга чиқарилишидан аввал телевидение раҳбарлари томонидан кўриладиган бўлди. Программа намойиши давомида унинг икки жойида, овоз масаласида носозлик борлиги аниқланди. Маслаҳатлашиб кўрсатувни олиб борувчи ҳамкасбимиз, ажойиб спорт журналисти Роман Туришчев 11 август куни эфир ортидаги ўша носозликни тузатиб кетишига келишилди. Шунда, Роман: «Ўртоқлар, ахир мен ўша куни «Пахтакор» командаси билан Минск шаҳрига учиб кетишим керак-ку», деди. Раҳбарлар эса: «Ҳечқиси йўқ, тайёра паттасини топширинг» деб тайинлашди. Туришчев паттани кассага топширишга мажбур бўлди, ўша машъум рейсда учмади… Минг афсуски, жонкуяр спорт тарғиботчиси ҳам ҳозир орамизда йўқ.

«Пахтакор» командасини қайта тиклаш борасида кўпгина ишлар амалга оширилди, (гарчанд уларнинг баъзиларини тўғри қилинди деб айтаолмаймиз) бир гуруҳ мутахассислар ва ўйинчилар Тошкентга таклиф этилдилар. Ўша машъум воқеага уч йил тўлгач, пахтакорчилар Олий лига коллективлари ўртасида фахрли олтинчи ўринни эгаллаб, бир гуруҳ футболчиларимиз спорт мастери талабларини бажардилар. Ўтган йили биринчи лига командалари ўртасида илк бор ташкил этилган кубок ўйинларини муваффақият билан ўтказиб, биллур совринни қўлга киритишга муяссар бўлдилар, бу йил ҳам шу хилдаги учрашувларни кўтаринки руҳда ўтказиб, биринчи лига кубогининг ярим финалига йўлланма олдилар.

Футболчиларимиздан Андрей Пятницкий ва Миржалол Қосимов СССР ёшлар ва ўсмирлар терма командасига таклиф этилдилар, Миржалол жаҳон ва Европа чемпионатларининг олтин медаллари билан тақдирланди.

Шу кунларда коллективимизда Александр Яновский, Мустафо Билолов, Сергей Бондаренко, Геннадий Денисов, Сергей Ковшов, Василий Постнов, Геннадий Роткович, Олег Синелобов каби тажрибали ўйинчилар билан бирга Евгений Корнюхин, Андрей Микляев, Асад Дўрмонов, Азамат Абдураимов каби ёшлар ҳам ўз маҳоратларини ошириб бормоқдалар. Командани истеъдодли ўйинчилар билан тўлдириб бориш мақсадида шу йилнинг ўзида Равшан Мухадов («Копетдоғ», Ашхобод), Улуғбек Рўзимов («Жайхун», Урганч), Замир Селимов («Косонсойчи», Косонсой), Алберт Цараев («Сурхон», Термиз)лар «Пахтакор»га таклиф этилдилар. Александр Кожухов, Мақсуд Ирисбоев, Рифат Галиевлар ўйинидан барчамиз хурсанд бўлмоқдамиз. Моҳир ҳужумчиларимиз Игорь Шквирин ва Марат Кабаевлар «Днепр»дан командамизга қайтиб келдилар. Республикамиз коллективларидаги ёш ва маҳоратли футболчиларни «Пахтакор» командасига тайёрлаш борасида ҳам бир қатор тадбирлар амалга оширилмоқда.

Пахтакорчиларнинг ҳозирги авлоди ўз командалари руҳини ёд этган ҳолда майдонда жасорат намуналарини кўрсатиб, миллионлаб футбол шинавандаларини шод этишни ўз олдиларига мақсад қилиб қўйганлар.

Олий лигага йўлланма олиш учун қизғин кураш давом этади, бу курашга отланганлар орасида шубҳасиз «Пахтакор» командаси ҳам бор. Асосий мақсад яқин йиллар мобайнида мамлакатнинг энг кучли коллективлари иштирок этадиган лига ўйинларида тўп суришдир.

Ахбор Имомхўжаев, «Пахтакор» командасининг бошлиғи

«Гулистон» журнали, 1989 йил, 8-сон

Ўхшаш мақолалар: