СССР Халқ депутатларининг биринчи съезди ўз ишини якунлади. Кейинги йигирма кун фикр жўшқинлиги, эҳтирослар, баҳс-мунозараларга бой бўлди. Жамиятнинг бугунги аҳволи сабабларини ошкора муҳокама қилиш, уни лоқайдлик ва бепарволик кишанларидан халос этиш, истиқбол йўлларини белгилаш учун чинакам кураш борди. Фикрлар хилма-хиллиги, қарашлар ва ёндашувлар тўқнашуви, эътиқод ва масъуллик ҳисси даражалари бу курашга ўзига хос жўшқинлик бахш этди.
Қайта қуриш — биз танлаб олган ягона тўғри йўл эканлигини ҳис этдик. Бу йўл бизнинг тақдиримиз, тарих томонидан берилган имконият эканлигини тушуниб етдик. Шу боис ҳам янгиланиш жараёнининг инқилобий тўлқини бутун жамиятни оёққа турғизди. Экономикада, сиёсатда, маданиятда ижтимоий турмушга хос янги шаклларни ўзлаштириш, чуқур идрок этиш жараёни бошланди.
Депутатларнинг нутқлари уларга ишонч билдирган минг-минглаб сайловчиларнинг ҳам овози бўлиб янгради. Мамлакатимизнинг энг нуфузли минбарига юртдошларимиз чиқиб халқимизнинг дард-ҳасратлари, юрак сўзлари, муаммоларимизни эҳтирос билан баён қилишганида қайта қуриш туфайли юзага келган бу тарихий имкониятга шукроналар айтдик. Хатолар қалашиб ётган, миллиард-миллиард сўм маблағлар беҳуда совурилган, ҳаво булғанган, тупроқ заҳарланган, табиат беаёв топталган, пахта монокультураси гирибонимиздан қисиб ранг-рўйимизни заъфаронлаштирган бир пайтда бу эҳтирослар алоҳида аҳамият касб этади. Тўлепберган Қайипбергенов қуриб бораётган Орол муаммоларини ўртага ташлаганида, «пахтани экспорт қилишга йўл қўйиб бўлмайди. Ҳозирги пайтда пахта билан савдо қилиш — ўз гражданларимизнинг соғлиги билан саадо қилиш демакдир», деб бонг урганида, Одил Ёқубов иқтисодчи олимлар, экологлар, медицина ходимлари, қишлоқ хўжалиги мутахассисларидан иборат нуфузли фаақулодда иқтисодий комиссия тузиб Ўзбекистоннинг бугунги аҳволини чуқур ўрганиш таклифини киритганида, Чингиз Айтматов, Ўлжес Сулаймонов ва бошқалар биз учун куюнчаклик қилишганида уларни депутатлар билан бирга биз ҳам олқишладик.
Съезд қайта қуриш ҳаракатининг буюк тўлқинига айланди. Аммо ҳамма нарса ҳал бўлди, муаммолар ечилди, тўғонлар олиниб, йўллар очилди, дея олмаймиз. Шундоққина ёиимизда турғунлик деб аталмиш яқин ўтмишимиз ҳансираб турибди Унинг илдизлари батамом қирқилганича йўқ. Ўзига ром қилиш, домига тортиш ниятидан воз кечгани ҳам йўқ. Эскича тарзни қўмсаётганлар оз эмас. Хато ва янглишишлар тўлиб-тошиб ётибди. Ошкоралик ва демократия замонининг улкан ютуқлари айни шу даарнинг хатолари билан гоҳо қоришиб кетмоқда.
Кейинги тўрт йил, шубҳасизки, кўп жиҳатдан турлича ечимлар, ёндашувлар, нуқтаи назарларни синаб кўриш, қиёслаш, таққослаш, янглишиш ва хатоларни тузатиш, ўрганиш йиллари бўлди биз тамомила янгича йўлдан бораётибмиз. Пухта йўл қоидаларисиз бораяпмиз, огоҳлантириш белгилари осиб қўйилмаган. Синалмаган йўлда от чоптираётган чавандоз тулпорга беҳуда қамчи босмайди. Биз бўлсак аввалига устма-уст уриб тезликни оширдик. Агропром туздик, ичкиликбозликка қарши аёвсиз кураш бошладик, ўйламай-нетмай районларни бирлаштирдик, сиёҳи тугаб-тугамай аҳамияти йўқоладиган талайгина қарорлар қабул қилдик. Лекин натижа чиқмади. Шошма-шошарлик билан пухта ўйламасдан қонун актлари қабул қилиш тажрибасидан воз кечилгани йўқ. Бунинг оқибатида халқ жафо чекмоқда, ҳафсаласи пир бўлмоқда.
Истеъмол бозори мураккаб аҳволга тушиб қолганлигича турибди, пул муомаласи бузилган. Саноатда жиддий ўзгаришлар бўлаётгани йўқ. Йирик корхоналар, завод-фабрикаларнинг яқин-келгусидаги план-кўрсаткичлари аллақачон тасдиқлаб, муҳрлаб қўйилган. Бу муҳр ҳозирча харидор талаби ва эҳтиёжидан устун қўйилмоқда, яъни улар шу кунларда ҳам истеъмолчиларга ўз шартлариии (истасангиз шу) мажбуран ўтказмоқдалар.
Яқин йиллар ичида пулнинг қадрсизланишига, истеъмол бозорининг инқирозига ва бюджетдаги камомадга чек қўйилмаса, мамлакат иқтисодий ночорликка юз тутиши мумкин.
Солиқ сиёсати — мутлақо ёмон аҳволда. Давлат, республикалар, маҳаллий Советлар, корхоналар ва аҳоли ўртасида адолатли молиявий муносабатни таъминлайдиган янги принциплар ишлаб чиқилиши керак.
Пулнинг қадрсизланиши аҳолини солиқ гирдобига тобора чуқурроқ тортмоқда. Маҳсулот тақчиллиги туфайли тўловлар даражаси ошиб бормоқда. Олтмиш биринчи йил сўмининг ярим қудрати ҳам қолгани йўқ. Бу нима дегани? Биз бозорда керагидан кўра кўпроқ тўлаяпмиз. Бизни тобора кўпроқ шилишмоқда. Олтмиш биринчи йили биров Олой бозори эшигида туриб «Ҳали кўрасизлар, бир кило қулупнайнинг баҳоси эски пулга 150—200 сўм бўлади», деса уни эси пастга чиқарган бўлардик.
Солиқ сиёсати такомиллашуви керак. Бу ишни пайсалга солиб бўлмайди. Аммо шошма-шошарлик ҳам кетмайди. Яқинда «Аҳолига солиқ солиш тартиби ва миқдорларини ўзгартириш тўғрисида»ги СССР Қонуни лойиҳаси эълон қилинди. Воажаб, биз тўрт йилдан бери нималар деяпмизу лойиҳа нима дейди…
Мамлакатда демократиялаш жараёни гуркираб авж олмоқда, — деб таъкидланди съездда. — Ошкоралик одамлар турмушининг тобора янги соҳаларини қамраб олмоқда. Демократик асослар бизнинг кундалик турмушимизга мустаҳкам сингиб кетмоқда.
Тўғри, шундай бўлмоқда. Аммо, очиғини айтайлик, ошкоралик нима эканлигини энди тушуниб етдик чоғи. Кейинги йигирма кун ичида турғунлик даврининг неча ўн йилликларига тенг келадиган йўлни босиб ўтдик.
Биринчи марта ҳарбий харажатларимизни ўзимиздан эшитдик. 1989 йил учун 30 ёки 36 миллиард эмас 77,3 миллиард сўм ажратилган экан. Бу рақам съезд минбаридан туриб айтилди. Айтса бўларкан-ку. Ҳеч нарса содир бўлгани йўқ. Бирор жойимиз ўпирилиб тушгани, мудофаа қудратимизга путур етгани ҳам йўқ. Аксинча, ҳукуматга ишоичимиз ортди. Депутатлар бўлса ҳарбий харажатларни шакллантиришда фаол қатнашиш имконига эга бўлдилар. Энди улар яна шу имкониятдан фойдаланиб қурол-яроғ ва техника харид қилишга 32,6 миллиард сўм ажратиш керакми ёки йўқлигини ўйлаб кўришлари мумкин.
Қурол-яроғ шусиз ҳам тўлиб-тошиб ётган бўлса яна нима олишимиз керак? Кимдан олишимиз керак?
Ер юзи, ифодали қилиб айтганда, қурол омборларини кўтара олмай қолди. Олимлар мана бундай демоқдалар: замин имкониятлари тобора камайиб бормоқда. Янги минг йилликнинг ўттиз йили ўтиб-ўтмай инсоиият фойдали қазилмаларнинг энг муҳимларидан маҳрум бўлади. Гарчи бу йиллар ичида геологларнинг омади келиб кон очишлар беш баробар ошса ҳам худди шундай бўлади.
Бунинг устига ҳозиргача тўпланган қурол-яроғ Ғарб билан Шарққа бир-бирларини ер юзидан бир эмас, бир неча ўн марта сидириб ташлаш имконини беради. Бас, шундай экан, икки ўртадаги ҳарбий тенгликни зўрма-зўраки сақлашга ҳожат ҳам йўқ, бизга бундай тенгликдан кўра қишлоқ хўжалиги маҳсулдорлиги тенглиги, даромад, сифат тенглиги, тадбиркорлик ва омилкорлик тенглиги, емоқ-ичмоқ тенглиги зарурроқдир.
Ўзбекистон СССР Давлат статистика комитетининг 1989 йил биринчи квартали якунларига доир ахборотида айтилишича «колхоз бозорида қишлоқ хўжалик маҳсулотлари нархи бир процент арзонлашган» эмиш. Бўлмаган гал. Съезд миибаридан бутуи дунёга машҳур бўлиб кетган қулупнай бу йил бозорда дастлаб 15—20 сўмдан сотилди, картошка нархи 2—3 сўмдан ошиб кетди. Айни ёз, пишиқчилик пайти бир килограмм гилос — 5 сўм, помидор — 4 сўм, ўрик — 5 сўм.
— Бу йил аҳволимиз четоқ, — дейди деҳқон. — Экин-текимии соауққа урдириб қўйдик.
Ногаҳоний совуқ деҳқоннинг шўрини қуритиб турган бир пайтда Москва, Урал ва Сибирдан келган бир қатор раҳбарлар саноат корхоналарининг вакиллари республикамиз колхоз ва совхозларида бўлдилар. «Апрелда карам етиладиган, сал кейинроқ эса сабзи, сўнгра бодринг, помидор пишадиган, редиска бутун йил давомида ўсадиган, кузда мева-чева, узум айииқса мўл бўладиган» Сурхондарё области хўжаликларини бориб кўрдилар. Гап пахта етиштиришга ихтисослашган республикамизни мева-сабзавот ва полиз маҳсулотлари етиштирувчи ва етказиб берувчи энг йирик республикага айлантириш хусусида борди. Икки томонлама маифаатли (биздан бу, сиздан у) шартномалар тузилди. Хўжаликлар маҳсулотларининг ортиқча қисмини сибирликларга сотсалар, улардан эса керакли нарсаларни харид қилсалар — бунинг нимаси ёмон? Ёмон жойи йўқ. Аммо мева-сабзавот ва картошка етиштиришга ихтисослашаётган колхоз ва совхозлар маҳсулотни қайта ишлайдиган цехларга, уни сақлайдиган завонавий омборларга эга бўлиши муҳимдир, — деб таъкидланди Е. К. Лигачев иштирокида ўтган йиғилишда. Маъқул гап. Омбор бўлмаса, қайта ишлайдиган цех қурилмаса ҳамма нарса аввал қандоқ бўлса бугун ва эртага ҳам шундоқлигича қолиб кетаверади. Яъни, далаларда мева-чева, полиз маҳсулотлари етилади ва… чирий бошлайди. Омбор ва цехларнинг муҳимлиги ҳар гал айтилади ва ҳеч нарса қилинмайди. Натижада биров пешонасидан офтоб уриб маҳсулот етиштиради, иккинчи биров эса прицеп ричагини аста босиб уни ахлат уюмлари устига тўкади.
Ногаҳоний совуқ ризқ-насибамизни яримта қилиб олмаю ўрик, шафтолию ёнғоқ ҳосилларини жизғанак қилиб кетган бир пайтда матбуотда СССР Министрлар Советининг «Агросаноат ишлаб чиқариши самарадорлигини тубдан ошириш ва уни янада ривожлантириш асосида мамлакат аҳолисини озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашии яхшилаш тўғрисида»ги қарори эълон қилинди. Унда умумий вазифалар билан бирга, ҳар бир регионга конкрет топшириқлар ҳам берилган. Ўқиймиз: «Ўзбекистон ССР, Тожикистон ССР, Туркманистон ССРда пахтачиликка ихтисослашишнинг ҳозирги даражаси сақлаб қолинган ҳолда чорвачилик ва ўсимлик маҳсулотлари тайёрлаш кескин оширилади, умумиттифоқ фондига янги узилган ва қайта ишланган полиз маҳсулотлари, сабзавот, мева-чева, узум етиштириб бериш кўпайтирилади». Яъни, пахтани камайтирмаймиз, чорвачилик ва ўсимлик маҳсулотларини кўпайтирамиз, бозорни мева-чева билан тўлдирамиз.
Қадим замонда бир подшо ўтган экан. Унинг соҳибжамол қизига етти иқлимнинг йигитлари хуштор экан. Кунларнинг бирида подшо ошиқ йигитлардан бирига бундай дебди:
— Қизимни қирқ туя қалин тўлаган кишига бераман.
— Подшоҳи олам, — дебди йигит, — устимдаги кийимимдан бошқа ҳеч вақом йўқ. Уйим олдида бир туп ўрик ўсади. Мевасини сотиб тирикчилик ўтказаман.
— Яхши, — дебди подшо қувлик билан — Баҳорда бир қоп ўрик гули, ёзда икки қоп ғўра, кузда уч қоп ўрик, қишда тўрт қоп туршак олиб келасан. Айтганларимни бажарсанг сени куёв қилиб оламан…
Эртакда йигитга сеҳргар қиз ёрдам беради. Бизга-чи?
Ҳозирча пахта — 5 миллион тонна, гўшт 8 сўм, картошка 2 сўм, қулупнай… Қарордаги уч мақсадга эришиш учун деҳқон бир вақтнинг ўзида уч манзил томон чопиши керак.
1985 апрелидан бери тўрт баҳор ўтди. Деҳқоннинг кафти мойланганича йўқ. Қўшиб ёзишлар тугади, энди пичоғимиз мой устида дегандик. Пичоқ занглаб боряпти. Пахтакор хўжаликлар билан тола чиқиши бўйича ҳисоб-китоб қилишга ўтилганида ҳаммамиз хурсанд бўлиб дўппимизни осмонга отдик. Қайта қуриш шарофати туфайли адолат қарор топди, деб тушундик. Йўқ, адолат манзили ҳали узоқ экан. ЎзФА Ишлаб чиқариш кучларини ўрганиш кенгашининг раиси, ҳурматли академигимиз И. Искандаров бу усулнинг номақбуллигиии фош қилиб ташлади. Вой биз хомлар-ей, республика иқтисодчи олимлари хўжаликларнинг тайёрлов ташкилотлари воситачилигида пахта тозалаш саноати билан иқтисодий муносабатларининг ҳозирда мавжуд бўлган хомхатала системаси хавфли номатлуб тендеицияларни келтириб чиқариши мумкинлигини бундан чорак аср муқаддам кўрсатиб ўтган эканлар. «Ўзаро ҳисоб-китобнинг бундай механизми, — деб ёзади И. Искандаров, — ташқи кўринишдан ҳар қанча мантиқий туюлса ҳам, намлик ва пахтанинг ифлослиги кўрсаткичларини сирли равишда кўпайтириб кўрсатиш ҳамда пахтанинг сортини пасайтиришдан тайёрловчилар манфаатдор эканлигини муқаррар келтириб чиқаради. Чунки ана шундай қилинганда кўп тола олиш учун махфий имконият яратилади».
«Сирли равишда», «махфий имконият»… Бу ниманинг ҳиди эканлигини сезаяпсизми? Биз бўлсак турғунлик тугади, қўшиб ёзишлар, ўмаришларга барҳам берилди, деб чапак чалиб ётибмиз. Съезд кунлари Фарғона областида қонли можаролар бўлди. Безорилик ҳаракатлари, ақл бовар қилмайдиган бебошликлар рўй берди. Натижада 87 киши ҳалок бўлди, 200 дан ортиқ киши касалхоналарга ётқизилди.
Биз бундай ҳаракатларни кескин қоралаймиз. Қонли можаро келиб чиқиши сабаблари, унинг ҳақиқий ташаббускорлари очиқ-ойдин айтилиши тарафдоримиз. Қон тўкилишини пиво ёки қулупнай можароси деб тушуниш ўта масъулиятсизлик эканлигини айтмоқчимиз. Ҳозирги муҳим вазифа — жабрланганларнинг дардига малҳам бўлиш, турли иғво ва зарарли миш-мишлдрнинг олдини олиш, аҳоли тинчини қасддан бузаётганларга зарба беришдан иборат. Қайғунинг бегонаси йўқ! Ҳар биримизнинг ва ҳаммамизнинг тинчимиз таъминланиши лозим.
Бизнингча, можаро илдизлари анча чуқур. Гўзал Фарғона ижтимоий-иқтисодий муаммолар ботқоғига аллақачон ботиб бўлган. Ишлар бир неча авлодини иш билан таъминлаш, моддий ва маънавий эҳтиёжларини қондириш каби энг муҳим масалалар кеча ёки бугун эътибордан қолгани йўқ. Экологик муҳит ёмон аҳволда. Сув ифлосланган, ер чарчаган.
Ўтган йили биз СССР Минерал ўғитлар министрлигига қарашли Янгиқўқон химия заводи ерости сув ҳавзаларини ифлос қилаётгани, водий қишлоқлари аҳолисининг аянчли аҳволи тўғрисида мухбиримизнинг «Косага тушган илон» сарлавҳали мақоласини эълон қилган эдик. Мана, ўша мақоладан сатрлар: «… Мухбирнинг ёзганлари ҳеч қачон СССР Минерал ўғитлар министрлигининг қулоғига бориб етмайди. Завод фаолият кўрсатаверади. Сўх ерости сувлари эса ана шу завод тагидан оқиб ўтаверади. Тўқсонқовунликлар бошқа жойга кўчирилмайди… Хўш, шундай экан, мухбирнинг ёзганларидан нима фойда? Ахир қанча-қанча мухбирлар, ёзувчилар «Бўстонлиқни қутқарайлик», «Турсунзода шаҳри якинидаги алюмин заводи ўз фаолиятини тўхтатсин», деб ёзишмоқда, елиб-югуришмоқда. Буни қарангки, шунча ёзишмалар, шунча овоз ҳам керакли жойга етиб бормаяпти. Бу овозларни бўғаётган, халқнинг номидан ёлғон гапираётганларнинг овози эса ҳамма-ёқни тутмоқда…» (21.10.88).
Тан олиб айтиш керак, — деб ёзган эдик бундан бир йилча аввал,—қишлоқларимизда ишсизлик юз берганига анча йиллар бўлди. Колхозга чиқиб ойига 30 сўм пул олгандан кўра, бир ўқариқ бодрингни парвариш қилсам (гап водий муаммолари устида бормоқда — ред.), камида минг сўм топаман, деган одамларнинг ҳаммаси ишсиз… Пахтани эмас, бодринг парвариш қилаётган, уйида чок иши қилиб тирикчилик ўтказаётган, бировларнинг уйида, пудратга олган ерларида мардикорлик қилаётган барча кишилар ишсиз. Уларнинг муқим маошлари йўқ. Булар нафақат турғунлик йилларининг оқибати. Айни пайтда бугунги кун учун ҳам ташвишли ҳол. (19.08.88).
Бундан бир ой аввал Риштон район Губурғон қишлоғилик А. Холматовнинг қуйидаги мактубини газетамизда ўқигансиз: «1970 йилдан бери совхозда тракторчи бўлиб ишлайман. 1974 йилдан КПСС аъзосиман. Отам, онам вафот этишган… Оилада беш жонмиз. 1988 йили 300 сўмга яқин пул ишладим, холос. Ҳозир марказий ремонт устахонасида ўрин алмашиб ишловчи тракторчиман. Ҳар куни эрталаб гаражга бораман, трактор йўқ бўлса, яна уйга қайтаман. Совхоз партия ташкилотига мени партия сафидан ўчириб беринг, мен ишсиз бўлсам, ҳатто взносни вақтида тўлолмаяпман, десам кўнмади. Эгри йўл билан пул топишга виждоним йўл қўймайди». (28.04.89)
Фарғоналик Тоҳир Тўхтасинов шундай ёзади. «Бизни боқаётган, кийинтираётган еримизни асраб-авайлаш, эртани ўйлаб яшаш ҳар биримизнинг бурчимиз эмасми? Токайгача айрим кишиларнинг ўйламай-нетмай қилган ишидан меҳнаткашлар жабр-ситам чекади? Деҳқон фақат оғизда ёки қоғозда эмас, амалда ернинг ҳақиқий эгаси бўлиши керак. Инсон ўз меҳнатининг самарасидан тўла баҳраманд бўлмаса, яхши еб-ичмаса, дам олмаса, фақат оғир иш қилаверса, яшашдан нима маъно қолади?» (29.05.89).
Надоматлар бўлсинким, бизнинг бу чиқишларимизга етарли эътибор берилмади. Мухбирларни «ваҳима солишликда, аҳволни бўрттириб кўрсатишда» айблашди, эҳтиёткор бўлиш тўғрисида писандалар қилишди. Ташвишланманглар. ҳамма иш кўнгилдагидек бораяпти, деб ўз-ўзимизни алдадик. Алдов қимматга тушди.
Фарғона воқеаларини ёритишда айрим оммавий ахборот воситалари нуқсонларга ҳам йўл қўйдилар, ёрлиқбозлик яна авжига чиқди. Водий муаммоларидан анча узоқ кишилар ўз билгиларича фикр юритиб, кўпчиликни ранжитишди. Ҳурматли ҳамкасбимиз В. Ардаевнинг энсақотар мақолалари фикримизга далил бўла олади.
Қайта қуриш, ошкоралик ва демократиянинг буюк шиори нимадан иборат? Бу саволга «Халқ билан бамаслаҳат!» деб жавоб қайтариш мумкин. Етмиш йил халқни алдаб келдик, қўйнини пуч ёнғоққа, қорнини пуч ваъдаларга тўлдириб келдик. Қайта қуриш йўли буларнинг ҳаммасини рад этди. Ҳамма-ҳамма нарса ошкор бўлсин, йирик қурилишлар, лойиҳалар, ҳар қандай қазишлар, ўзлаштиришлар, кенгайтиришу торайтиришлар умум муҳокамасидан ўтмоғи лозим. Биз ўз уйимизда, теварак-атрофимизда нималар бўлаётганини билишни истаймиз. Кеча қандоқ эдик, бугун қандоқмиз, даромаду буромадимиз, кирим-чиқимимиз нечук, эртага, индинга, сал нарироқ бориб аҳволимиз не кечади, не манзилларга дуч келамиз, сафарки олис экан — не тадориклар кўрмоғимиз лозим — буларнинг ҳаммаси ҳаммамизга аён ҳақиқатлар бўлмоғи лозим.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси, 1989 йил, 16 июнь