Абдуқаҳҳор Иброҳимов. Фикрнинг онаси фикр (1990)

Фикрнинг онаси фикр дегап бор. Гапдан гап чиқиб жумҳурият Фанлар байтулҳикмасининг мухбир аъзоси Абдулаҳад Муҳаммаджонов билан кўҳна Тошкентимизнинг маъмурий марказлари — Ўрдалари ҳақида суҳбатлашиб қолдик.

Тошкентнинг Ўрдалари бешта бўлган экан. Биринчи Ўрда Хадранинг ғарби-шимолидаги собиқ Тоштрам биноси ўрнида, иккинчиси биринчисидан жануброқда, ҳозирги Бенков номли билим юрти яқинида, эски Қоратош маҳалласининг бир томонида жойлашган экан. Билим юртига пойдевор қўйиш пайтида ер остидан чиқиб қолган XV асрга оид эски ҳаммом биноси ҳам ана шу иккинчи Ўрда қўрғонига қарашли бўлган. Иккинчи Ўрданинг айнан шу ерда жойлашганини тасдиқловчи яна бир далил шуки, унинг шимол томонидаги — Хадра тарафидаги маҳалла Қўрғонтеги деб аталган, демак, илгари бу ерларда Қўрғон — Ўрда бўлганидан дарак беради.

Жой номлари тарихини ўрганишда ҳамиша халқ тарихини ва турмушини, урф-одатларини ва тил маданиятини яхлит ҳолда ўрганмоқ керак. Афсуски, ҳар доим ҳам ана шу оддий ҳақиқатга амал қилинмайди. Ҳар ким ўз ҳолича — қадимшунос (археолог)лар ўзларича, тарихчилар ўзларича, тилчилар яна ўзларича илмий иш қилаверди, натижа эса маълум… Нафақат Тошкент, балки бутун бир ўлка тарихи йўқ бўлиб кетиш хавфи остида қолди.

Шундай қилиб яна мавзуга қайтсак. Учинчи Ўрда Анҳорнинг ўнг қирғоғида, собиқ ҳукумат уйининг, янада аниқ қилиб айтсак, «Министрлар Советининг ошхонаси» қаршисида бўлган экан. Тўртинчи Ўрда ҳозирги Қишлоқ хўжалиги министрлигининг биноси ўрнида, бешинчиси эса, Ленин майдонининг шимол томонида қад кўтарган янги театр биноси ўрнида бўлган экан.

Маҳмуд Ғазнавийнинг отаси Сабуктакин Тошкент бозорида қул сифатида сотилган ёки Маҳмуд Қошғарий «Девон-ул-луғатит турк» асарига маълумот йиғиб юрган, ё бўлмаса Аловуддин Хоразмшоҳ салтанати даврларидаги Тошкент ҳақида сўз борса, унда Тоштрам ўрнидаги Ўрдани назарда тутиш лозим. Мирзо Улуғбек 1425 йили Тошкентга келганида унинг Ўрдаси Қоратош маҳалласи яқинида бўлган экан. Олимхон, Умархон, Муҳаммад Алихон (Нодирабегимнинг ўғли) даврларида Тошкент Ўрдаси анҳорнинг ўнг соҳилида, яъни Қишлоқ хўжалиги министрлиги ўрнида, Худоёрхон замонасида эса Анҳорнинг чап соҳилида, яъни ҳозирги янги театр биноси ўрнида бўлган экан. Шу ўринда қурилаётган янги театрга «Ўрда» номи берилса тарихийлик нуқтаи назаридан ҳам адолатли бўларди. Ўз маданиятига меҳр қўйган халқлар ҳамиша шундай йўсинда иш тутишган. Узоққа бормайлик, рус халқи Москва аэропортларига ном беришда шу йўлдан боришган: Домодедово, Биково, Внуково, Шереметево; метро бекатлари, студиялар, театрлар ва ҳоказоларга ҳам шу тариқа ном қўйилган: Измайлово, Останкино, Таганка…

Тошкентнинг ўн иккита дарвозаси бўлгани ҳақида ҳам кўп гапирилган ва гапирилмоқда. Лекин дарвозаларни рамзий бўлса ҳам тиклаш, ўша жойларда бирор ёдгорлик лавҳалари ўрнатиб, белги қўйиш ҳақида кўзга кўринадиган иш қилингани йўқ.

Сақланиб қолган далилларга кўра, қадимда ҳар бир дарвозани ҳимоя қилиш ўзбек халқи таркибига кирган қабила вакиллари зиммасига юклатилган, ҳатто қўриқчиларга мазкур дарвоза яқинида бошпана ҳам ажратишган. Масалан, қиёт қабиласи Қўймас дарвозасини ҳимоя қилганлар ва шу номли маҳаллада яшаганлар. Бу маҳалла ҳозирги Ўрда бекатининг жануб тарафида заргарлик буюмлари дўконидан тортиб, то Октябр ноҳия фирқа қўмитасигача бўлган ўрамни ўз ичига олган. Тахтапул дарвозасини ўзбекнинг турк қабиласи ўз қарамоғига олган ва ҳозирги Ишчилар шаҳарчасидаги Кайковус ариғига туташган маҳалла ҳам Туркянгишаҳар маҳалласига қараган. Кўкча дарвозасини ёбу қабиласи вакиллари қўриқлашган, шу дарвозанинг Шарқ томонидаги маҳалла Ёбуназар деб аталган. Чиғатой дарвозаси аслида Қўшчи ота дарвозаси дейилган, уни муҳофаза қилиш 93 қабилани бирлаштирган ўзбек халқининг бир бўлаги бўлмиш чиғатой қабиласи зиммасига тушган ва шу қабила вакиллари мазкур дарвоза яқинида яшашган, бу ерлар бора-бора, «Чиғатой маҳалла» деб атала бошланган. Тошкентнинг бу дарвозасига ҳам шу ном берилган. Шу ўринда бир чалкашликка аниқлик киритиб ўтиш керак. Кўпчилик Чиғатой номини Чингизхоннинг ўғилларидан бирининг номи билан боғлашади. Бу нотўғри, аслида бу ном ўзбек халқининг шаклланишида катта аҳамият касб этган чиғатой қабиласи номига мансубдир. Чингизхоннинг ўғли Чиғатой XIII асрда яшаган бўлса, туркий чиғатой қабиласи бундан кўп асрлар илгари ҳам мавжуд эди. Шунингдек, Чиғатой адабиёти атамаси ҳам туркий қабила номи билан боғланган.

Ўрта асрларда зобитлик (офицерлик) унвонларидан бири — чиғатойбеги дейилган. Шу ўринда ҳаётий бир мисолни келтириш жоиздир: Низомиддин Мир Алишер Навоий Самарқанддаги толиблиги кезларида Самарқанд ҳокими Аҳмад Ҳожибек томонидан чиғатойбеги унвонига манзур кўрилган. Бундай унвонга лойиқ кўрилган шахсларга сарой эшиги ҳамиша очиқ бўлган ва ой сайин хазинадан маош тўлаб турилган. Бунинг устига давлат ҳимоясига олиниб, таъминоти яхшиланган. Демак, чиғатойбеги унвони Алишер Навоийнинг биринчи ҳарбий унвони ҳисобланади. Кейинчалик 1470 йили у амирлик (генераллик), 1473 йили эса бош амирлик (маршаллик) унвонларига сазовор бўлади.

Яқин-яқинларгача ҳам Тошкентнинг Ҳожи Малик маҳалласидан шимоли-ғарб томонга йўналиш Чиғатой кўчаси деб аталарди. Шу йўл ёқасидаги қабристон ҳам Чиғатой қабристони дейилиши бежиз эмас. Чиғатой номи Чингизхон авлодига мансуб деган фикр чиққану маъмурларимиз дарҳол кўчанинг номини Форобий деб ўзгартиришди. Қабристон ҳам бир муддат «Форобий кўчасидаги қабристон», деб аталиб юрилди. Йўқ, хайрият яна эски номи тикланди. Бироқ кўчанинг номи ўзгартирилмай қолди. Тарихий ҳақиқат билан юзма-юз турганимизда адолат юзасидан иш тутишимиз керак. Тошкентнинг асосий ва марказий кўчаларидан бирортасига буюк олим Форобий номи берилса арзийди, эски шаҳарнинг кўҳна кўчасини келажак учун ҳам Чиғатой номи билан сақлаб қолишимиз зарур. Демак, Тошкентдаги Чиғатой дарвоза, Чиғатой чақари (бу ерда олтин, кумуш, жез тангалар зарб қилинган) ва Чиғатой қабристони деган атамаларнинг тарихи узоқ ва Чингизхон авлоди номи билан ҳеч қандай алоқаси йўқ. Асримизнинг бошида тузилган «Чиғатой гурунги» адабий уюшмаси ташкилотчилари ҳам чиғатой атамасини туркий калима сифатида халқимизнинг ўрта асрлардаги умумий номига қиёслагани бежиз эмас.

Тошкент тарихини ўрганар, ёзар ва тиклар эканмиз, мозийга оид асарлар билан бирга тарихий мавзуда қалам сурган адибларимизнинг бадиий, хотиравий асарларига ҳам мурожаат қилсак фойдадан холи бўлмас. Шу ўринда Зайниддин Восифий, Алмаий, Авлоний асарларини, Абдулла Қодирийнинг «Ўтган кунлар», «Меҳробдан чаён», «Обид кетмон» романларини, Ғафур Ғуломнинг «Шум бола»си ва «Ҳасан кайфий»сини, Ойбекнинг «Қутлуғ қон», «Улуғ йўл», «Болалик»ларини, Мақсуд Шайхзоданинг «Тошкентнома»сини, Раҳмат Файзийнинг «Ҳазрати инсон»ини, Мирмуҳсиннинг «Тунги чақмоқлар», «Дегрез ўғли»ни, Ҳамид Ғуломнинг «Машъал», «Мангулик» романларини ва бошқа адибларимизнинг Тошкент ва тошкентликлар ҳаётини тасвирловчи кўпгина асарларини кўзда тутмоқдаман. Зотан, уларда тасвирланган қанчадан-қанча маҳаллалар бугунги кунда йўқолиб кетган, энди лоақал уларнинг номларини сақлаб қолиш замондошларимизнинг бурчидир.

Жумҳурият фирқа ва давлат ташкилотларининг Тошкентнинг эски шаҳар қисмини ободонлаштириш, кўҳна мавзеларда яшовчи аҳолининг турмушини фаровонлаштиришга доир кўрсатмаларини амалга ошириш учун тарихни чуқур билиш, ундан хулосалар чиқариб иш тутиш зарур. Масалан, одам ўзининг кимлигини англаш учун лоақал ота-бобосининг қандай кишилар бўлганини билмоғи шарт. Юқорида чиғатой атамаси мисолида уни қайта тиклашга халқнинг сайи-ҳаракат қилганини кўриб ўтдик.

Тошкентни чиндан ҳам ўзбек жумҳуриятининг, ўзбек миллатининг ҳақиқий пойтахтига айлантириш учун биринчи навбатда шаҳар чеккаларига — Қурбақаобод, Бирлик, Бешқайроғоч, Ўрикзор, Калинин, Янги ТошМИ, Юнусобод, Қорасув, Қўйлиқ, Чилонзор ёқларга тарқаб кетган туб тошкентликларни яна марказга олиб келиш чораларини кўриш даркор. 1966 йилги зилзиладан кейин Қашқар маҳаллаю Қаймоқ бозоридан тортиб Ўқчигача, Ўқчидан тортиб Бешёғочгача, Бешёғочдан тортиб Хадраю Чорсугача, Чорсудан тортиб Себзоргача, Себзордан то Лабзаккача, Лабзакдан то Ўрдагача бўлган жойлар — Тошкентнинг қоқ марказидаги туб аҳоли шарқи-жанубда Янгиобод томонларга, Ғарбда эса, Янги Лабзак ёқларга тарқатиб юборилди, уларга ўз маҳаллалари жойлашган ерга янги уй қуриб берилмади ёки бўлмаса, уй қуриш учун шу жойдан ер ажратиб берилмади, балки иморат қуриш учун шаҳар марказидан 10-15-20 чақирим наридаги жойлар бўлиб берилди. Натижада шаҳар марказида ўзбек аҳолиси жуда оз қолди. Масалан: Марказ I—V даҳаларида ўзбек аҳолиси икки-уч фоизни ташкил этади, холос. Умуман олганда, зилзиладан кейин қурилган кўп қаватли уйлардан турғунлик йилларида ўзбекларга хонадон ажратишда анча-мунча адолатсизликларга йўл қўйилгани эндиликда ҳеч кимга сир эмас. Яқинда мавриди келиб, Тошкентнинг шимолий темир йўл вокзали қаршисидаги кўпқаватли иккита бинода кимлар истиқомат қилишаётгани билан қизиқдик. Икки юзга яқин хонадон яшаётган бу икки уйда ҳаммаси бўлиб учта ўзбек оиласи яшар экан, холос. «Пахтакор» стадиони қурилиши баҳонасида стадион ўрнида ва унинг атрофидаги маҳаллаларда яшовчи неча минг ўзбек аҳолиси шаҳар ташқарисига — Шофайзиқулоқ томонга кўчириб юборилди.

Тошкент кўчаларида айланиб юриб «Чиндан ҳам мен ўзбек жумҳуриятининг пойтахтида юрибманми ёки Овруподаги бирор шаҳардами?» деган ўйга бораман ва қардош жумҳуриятларнинг Тбилиси, Ереван, Боку, Киев, Москва каби пойтахтларининг қоқ марказида асосан туб халқ яшашини эслаб, Тошкент ҳам ана шуларнинг сафида бўлишини, ўз юзи, ўз кўринишига эга бўлишини жуда орзу қиламан. Тбилисининг грузинлар пойтахти, Киевнинг украинларнинг пойтахти эканини қулоғингизга эшитилаётган гап-сўзлардан ҳам сезиб турасиз, адолат юзасидан бизда ҳам шундай бўлмоғи керак!

Абдуқаҳҳор Иброҳимов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби

«Гулистон» журнали, 1990 йил, 5-сон