Бугунги кунда инсониятнинг ер юзидан қирилиб кетиш хавфи уч хил тарзда намоён бўлди: ядровий, экологик ҳамда маьнавий ҳалокат хавфи.
Ядровий фалокат яшин тезлигида рўй беради ва ундан ҳеч ким омон қолмайди. Экологик ҳалокат ниҳоятда изтиробли бўлиб, аста-секин кечади. Кекса авлод — ота-оналар болаларнинг борган сари одам сиёқидан узоқлашиб, майиб-мажруҳ туғилаётганига гувоҳ бўладилар. Маънавий инқироз хавфи эса бир-бирини кўришга кўзи йўқ, бир-биридан нафратланадиган ёввойи одамлар жамиятига олиб боради.
Валентин РАСПУТИН
Ривоят қилишларича, буюк ҳаким Абу Али ибн Сино она юртидан қувғин қилингач, орадан йиллар ўтиб, Бухоро осмонида бир жуфт лайлак пайдо бўлди. Ёз бўйи хас-чўплар териб келиб, Минораи Калон тепасига ин қуришди. Одамлар уларнинг узун, чиройли қанотларини оҳиста силкитиб, гоҳ баландлаб, гоҳ пастлаб учишларини мафтун бўлиб томоша қилишар, куз қут-баракали, юрт тинч бўлади, деб қувонар эдилар.
Бир замон Чингиз лашкарлари шаҳарга ваҳшиёна қийқириқлар остида мўр-малахдай бостириб кирдилар. Минораи Калон, масжид, муҳташам обидалар, қадимий ва машҳур кутубхона атрофи бола-бақра, ўсмирлар, аёлу эркакларнинг жасадлари билан тўлди. Уч кунда шаҳар култепага айланди.
Кейинги асрларда ҳам лайлаклар Бухорода не-не қирғинбарот урушлар, одам тугул, қушларга ҳам емиш қолмаган қаҳатчилик йилларининг шоҳиди бўлдилар. Аммо шаҳарни ташлаб кетмадилар. Ҳар баҳорда улар минорадаги уясини «пардозлар», Лабиҳовуз сувига тўш уриб, учар эдилар. Фақат бизнинг замонимизга келиб, қут-барака, меҳр-оқибат рамзи бўлмиш лайлаклар Минораи Калонни тарк этишди… Мана, бир неча йилдирки, бухороликлар бўм-бўш, ҳувиллаган уяга термулиб, бу диловар қушларнинг яна қайтиб келишини қўмсайдилар.
Лайлаклардан эса дарак йўқ. Сайраши дилларни яйратадиган бошқа қушлар ҳам тобора камайиб бормоқда.
Аммо шаҳарда сочи буткул тўкилиб кетаётган ёш-ёш «профессор»ларнинг сони кўпаймоқда. «Бухоро ёмғирида бошяланг қолдингми, сочингдан умидингни узавер». Бу огоҳлантириш ҳозир Навоий, Кармана шаҳарларида ҳам тез-тез эшитилади. Нега шундай? Ёмғир сувида сочни ўсишдан тўхтатадиган зарарли модда борми? Нега ўн-ўн беш йиллардан буён Навоийда ёлчитиб қор ёғмай қўйган? Бу саволларга навоийликлар: ҳаммасига лаънати «тулки» дум сабабчи, деб жавоб берадилар. «Навоийазот» ишлаб чиқариш бирлашмаси минорақувурларидан бурқсиб ётувчи бадбўй тутунни бу ерда катта-кичик ижирғаниб ана шу ном билан атайди.
Узоқдан Навоийга яқинлашар экансиз, шаҳар осмонида оппоқ парқув булутларни эмас, қуюқ қорамтир, сиёҳранг, малларанг тусдаги булут тўдаларини кўриб ажабланасиз. Тош отсанг етгудек баландликда сузиб юрган бу «булут»лар асло осмон қаърига сингиб кетмайди. Шамол билан Бухоро томонларга, Самарқанд областининг ғарбий районларигача бориб, ҳаво совий бошлагач, ёмғир томчиларига айланиб, боғ-роғларга, экинзорларга, дарахтларнинг япроқларига ва мевасига қўнади, аҳоли ичадиган дарё, ариқларнинг сувига сингийди. Бу заҳарли ёмғир далада қолган одамнинг бошини «силайди» ва у тезда «профессор» бўлади-қолади!
Шаҳар аэропортини ўраб турган Малик чўли ҳам ёвшанлар, бошқа ўт-ўланларнинг хушбўйи эмас, кимё саноати чиқиндиларининг ачқимтил ҳидига тўлиб кетади.
Аэропортдан бир чақирим шимолда Навоий район паррандачилик фабрикаси жойлашган. Аммо бу ерда боқилаётган товуқларни кўриб, ажабланасиз: улар товуқ бўлиб товуқ эмас, жўжа бўлиб — жўжа. Патлари сийрак, тухумларининг катталиги ҳам, озгина муболаға қилиб айтсак, мусичаникидан фарқ қилмайди. Уларнинг ичи ҳам, пўчоғи ҳам кўкимтир. Фабрика 70-йилларда аҳолига 70 миллион дона тухум, ўн тонналаб товуқ гўшти етказиб берган. Кейинги пайтларда у ҳатто ўзининг сарф-харажатларини ҳам қоплай олмаётир.
— Атроф-муҳит, ичимлик сувининг саноат чиқиндилари билан ифлосланиши одамлар билан бир қаторда, паррандаларга ҳам салбий таъсир қилмоқда, — дейди фабрика директори афсус-надомат билан бош чайқаб, — «Навоийазот» бирлашмаси бурқситаётган тутун тўдалари «Ленин йўли», «Қизил Ўзбекистон» колхозлари устидан сузиб ўтиб, тўғри фабрикамизга ёприлади. Оқибатда паррандалар бемаҳал туллаб, нимжон бўлиб қолди. Мутасадди ташкилотларга қанча шикоят қилмайлик, натижа чиқмади.
Йўқолган мўъжиза
Карманадан тўрт чақирим олисда, қуёш нурларига чўмилиб ётувчи пахтазорлар этагида ўн-ўн беш хўжалик яшайдиган овлоқ қишлоқ бор эди. Унинг ҳовлилари мевали дарахтлар билан ўралган бўлиб, анору олмалар қор ёққунга қадар шохларда товланиб турар эди. Қишлоқ полизларида қорақанд, шакарпалак, новвотранг каби ўнлаб қовун навларининг хушбўй ислари димоққа уриларди. Баҳайбат ва серҳосил балхи тутлар, ҳусайни узумлари кўзни олгувчи ишкомлар, сал нарироқда эса напармон бўлиб гуллаб ётувчи бедазор…
Икки ёнига гужум, тол, терак экилган сарҳовузга туташ торгина сўқмоқ йўл баҳор ойлари лиммо-лим бўлиб оқувчи Хонимконга элтади. Хонимконнинг икки рошида нафис, бинафшаранг ёввойи гуллар, жийда, наъматак, дўлоналар ўсиб ётар, тиллақўнғиз, ниначи, гул қанотли капалаклар қўниб-учиб юрар эдиларки, томоша қилиб, ҳатто катталар ҳам болалардек завқланишар эдилар. Биз ёз бўйи сойнинг икки ёнбағрида сигир боқардик.
Сумбула кириши билан Хонимконнинг суви зилоллашиб, камайиб қолар, тарвақайлаб кетган илдизлари остидаги камарларга яширинган лаққа, зоғора, сазан балиқларни шундоқ қўл билан тутиб олар эдик. Қиш чиқиши билан эса сой қирғоқлари исмалоқ, чучмўма, жағ-жағ, қийчи, ялпизлар конига айланарди. Наздимда, у бизнинг онамиз эди. Ярим чақирим шимолда эса Зарафшон оқарди. Биз дарёнинг сўлим соҳилларига тўққиз метр баландликдан тикка йўл солиб тушиб келардик. Юлғунзорлар, яшил бахмалдай ёйилган майсазорлар, ўт-ўланлар оралаб катта ўзанга қуйилаётган биллур чашмаларнинг ўз қўшиқлари, эртаклари бор эди. Дарё икки ўзанга бўлиниб, бирида бўтана, иккинчисида шишадай тиниқ сув оқар, балиқлар думлари билан қамишларни силкитиб, шўх сузиб кетар эдилар. Биз қирғоқда ўтириб, уларнинг ҳаракатларини кузатар эканмиз, «Сув париси», «Олтин балиқ» эртакларидаги воқеаларни эслардик. «Ёрилтош», «Тоҳир ва Зуҳра», «Алпомиш» достонларидан парчалар айтар эдик. Табиат билан мулоқот юракларимизга соф, беғубор туйғулар бўлиб кирар, теран ўйларга чўмардик. Мен қандайдир болалик ишончим билан бу жойлар абадий шундай яшнаб тураверади, ҳали узоқ-узоқ шаҳарларга бораман, одамларга ўзим туғилиб ўсган бу маконнинг мангу гўзалликлари, мўъжизаларини сўйлаб бераман, деб ўйлар эдим…
Эндиликда ўша сирли Хонимкон ҳам, жимжит сеҳрли қишлоқ ҳам, минг афсуски, хотирамдагина сақланиб қолган, холос. Қишлоқ аҳли ҳамиша гавжум, сершовқин, Карманага олиб борувчи серқатнов магистраль йўл ёқасига кўчириб юборилган. Сой ҳам, қабристону сарҳовуз, балхи тутлар, чорбоғлар, ичкари-ташқари ҳовлилар ва улар билан боғлиқ не-не эзгу хотиралар — ҳамма-ҳаммаси бульдозерлар билан текисланиб, ўрнига пахта экиб юборилган. Бетон ариқлар ётқизилган. Келгусида эса дарё яқинидаги ўша қишлоқ ўрнида қандайдир саноат корхонаси қурилар эмиш….
Хазон бўлган Хончарвоқ
Бундан ўн беш-йигирма йиллар олдин Хончарвоқ деҳқонлари Кармана бозорида бўрикалла, шакарпалак, қорақанд каби қовунларни, анжир, ўрик, узум, нок, анор каби шириншакар меваларни мақтаб-мақтаб сотишар, нарх-наво ҳозиргидан анча паст эди.
Дўрмон зонасига кирувчи бу боғ-чарвоқларнинг мевасини кеч кузда ҳам териб тамом қилиб бўлмасди. Ҳатто 70-йилларда ҳам мазкур хўжаликлар пахта, сут, гўшт маҳсулотлари билан бирга, пойтахт аҳолисига ҳар йили ўн минг тоннадан ортиқроқ олма, узум, шафтоли ва бошқа мевалар етказиб берар эди.
Аммо эндиликда менинг болалигим кўмилган мўъжаз қишлоқ каби Хончарвоқдаги боғ-роғлар ҳам қуриб битган. Йўлларнинг икки тарафида тут ниҳоли, томорқаларда — маккажўхори, далада эса пахтадан бошқа нарсани кўрмайсиз. Айниқса, «Қизил Ўзбекистон», «Ленин йўли» колхозларида аҳвол жуда ачинарли. Бир пайтлар районда машҳур бўлган бу колхозлар эндиликда минг машаққату меҳнатнинг зўри билан гектаридан 20 центнердан ҳосил беради. Колхозчилар помидор, олма, ёки бошқа сабзавотларни харид қилиш учун шаҳарга тушадилар, сарсон бўладилар. Кўпчилик қишлоқ магазинидаги макарон, ун, балиқ консерваси билан кун кечиради.
«Навоийазот» бирлашмаси ёнида, «Ленин йўли» колхози пахтазорлари атрофига чиқинди тўдалари тоғдай уйиб ташланган. Бу тўдаларда ёз бўйи оч пашшалар урчиб, қишлоққа ёприлади.
Ҳар хил чиқинди ва заҳарли моддалардан ҳосил бўлган бу «тоғплар ёнидаги пахта далалари бир пайтлар гектаридан 45 центнердан ошириб пахта берган Сиддиқ Жамолов бошлиқ бригадага қарашли.
Иссиқ шамоллар бурунни ёргудай, кўнгилни айнатгудай бадбўй ҳидни димоққа келтириб уради. Ана шу далаларда қизжувонларнинг оғиз-бурунларини маҳкам ўраб ишлашаётганини кўрасиз.
Дарёлиги қолмаган дарё
Улуғ Алишер Навоий «Садди Искандарий» достонида ёзади: «Бу заминда Зарафшон деган бир дарё борки, уни жаннат наҳри десак, ҳеч ким шак-шубҳа қилмайди. Унинг сувидан дармонсиз одам ичса, қувватга кириб кетади. Зарафшон киши умридек тез оқади».
Ўзбек Совет Энциклопедиясида эса қуйидагиларни ўқиймиз: «Зарафшон — олтин сочувчи дарё. У, асосан, Самарқанд ва Бухоро области ерларини суғориб келади. Лекин унинг сувидан Жиззах области ва Қашқадарё ерлари ҳам баҳраманд бўлаяпти.
Зарафшон водийси Ўрта Осиё халқ хўжалигида муҳим ўрин тутади. Ўрта Осиёда суғориладиган ерларнинг 16 фоизи, суғоришга яроқли ерларнииг 12 фоизи шу водийда. Зарафшон водийсида чорвачиликни ривожлантириш учун ўтлоқлар кўп.
Водий ўзининг кўркам ва маҳсулдор боғлари билан қадимдан машҳур. Йиллик ёғин миқдори бу ерларда 114—400 миллиметрни ташкил этади».
Ўзбек қомуси тайёрлана бошланган 60-йилларда ростдан ҳам воҳада аҳвол фахрланиб ёзса арзигулик эди. Ўша вақтда Навоий район меҳнаткашлари «бизнинг қишлоқлар ҳам энди маданийлашиб, шаҳар қиёфасини олса керак», деб қувонишганди. Бўлажак шаҳарда кетаётган қурилишларга, ўзгаришларга зўр қизиқиш билан қарашарди. Ишчиларни сут-қатиқ, томорқаларидаги қовун-тарвуз, мева-чевалар, иссиқ нонлари билан сийлашарди.
Ўша йиллари Навоий шаҳри бунёд этилиши билан бирга, Кармананинг ўнг биқинида каттакон ГРЭС қуриб ишга туширилди. Натижада ҳозирги Навбаҳор районининг Навоий номли, «Зарафшон», Свердлов номли колхозлари Зарафшоннинг тоза сувидан маҳрум этилдилар. ГРЭСнинг буғ қозонлари хлорид кислота билан ювилар ва бу оқава тозалаб-тозаланмай дарёга оқизиларди. Бу эса жониворларга ҳамда тупроқ структурасига салбий таъсир кўрсатаётгани сезилмоқда эди. ГРЭС билан бир вақтда ишга туширилган Навоий тоғ-металлургия комбинатининг атроф-муҳитга етказаётган зарари ҳам ГРЭСникидан қолишмасди.
Ана шуларни кўра-била туриб, СССР Химия саноати министрлиги аҳоли гавжум жойлашган Кармана шаҳридан бир чақирим узоқликда янги кимё заводи қуриш лойиҳасини тасдиқлади. Атроф-муҳитга катта моддий зарар етказадиган бундай корхоналар аҳоли зич жойлашган марказлардан камида уч километр узоқликда қурилиши лозимлиги ҳақидаги давлат қарорлари билан ҳисоблашилмади. Серҳосил далалар ўрнида улкан заводнинг цехлари пайдо бўлди. «Қизил Ўзбекистон», «Ленин йўли», «Коммунизм» колхозлари аҳлини ичимлик сув билан таъминлаб келаётган Дамихўжа ариғи бузиб ташланди. Ўрнига қувурлар ётқизилиб, химзаводдан чиқаётган оқавалар дарёга туша бошлади. Хўжаликларда сув танқислиги кучайди. Деҳқонлар ариқ ўрнида ётқизилган қувурларни ўн икки жойидан тешдилар. Ҳам кулгили, ҳам қайғули ҳангома шундан сўнг бошланди. Таркибида ердаги биологик микроорганизмларга қирон келтирадиган, фақат пахта учун қисман яроқли аммиак селитраси ва бошқа химиявий моддалар бўлган техник сув пахтазорларга, боғ-роғларга, томорқаларга оқизилди. Бу сув баъзан оқ, баъзан кўм-кўк, баъзида эса устига ёғми, керосинми тўкилгандай кўримсиз тусда оқарди. Кислота ҳиди одамнинг нафасини бўғиб, кўзини ёшлантирарди.
Дастлаб томорқалардаги экин-тикин қуриди. Мевали дарахтлар кўкламда гулламай қўйди. Тўрт мингдан ошиқ хонадон ўз томорқасида сабзавот, мева-чева етиштиришдан маҳрум бўлиб қолди. Пахта, маккажўхори, тут дарахтидан бошқа ҳеч нарса битмай қолди. Ернинг юза қатлами оёқ боссанг, юпқа муз бўлакларидай қарсиллаб синади.
Колхоз раиси, бригада бошлиқлари бирлашма ётқизган трубаларни тешиб, оқавадан фойдаланиб, катта хатога йўл қўйганликларини тушунишди. Аммо кеч бўлганди. Колхознинг деҳқончилик қилинадигаи майдонларига ҳисобдаи ташқари юзлаб гектар ер қўшиб олингаи эди.
Бу қўшимча сувни талаб қиларди. Зарафшон сувининг катта қисми эса эндиликда Каттақўрғон ҳамда Навоий саноат корхоналарида ишлатилмоқда, бошқа сув манбаи эса бу ерларда йўқ.
Колхозчилар оқаваларни тозаламай оқизаётгани учун «Навоийазот» раҳбарлари устидан шикоят қила бошлашди. «Навоийазот»дагилар ҳам ўз навбатида: «Биз колхозларни сув билан таъминлашга мутасадди эмасмиз. Лойиҳада оқавани тозалаб, Зарафшон дарёсига ташлаш кўрсатилган. Колхоздагилар ўзбошимчалик билан тешган қувурларимизни тузатиб беришсин, деб маҳаллий ташкилотларга мурожаат қилишарди. Бу ёзишмалардан ўттиз йил давомида ёстиқдай-ёстиқдай папкалар тўлди-ю, аммо аҳвол ўзгармай қолаверди.
Шундай ёзишмалардан бири «Навоийазот» ишлаб чиқариш бирлашмасининг директори М. Г. Плешков ҳамда Навоий область прокурори В. С. Сургановга юборилган:
«Навоий область СЭСи сизга шуни маьлум қиладики, «Ленин йўли» колхози 4-бригадасидаги қувурлар яроқсиз ҳолга келганлиги туфайли корхонадан оқаётган чиқинди сувлар ариқларнинг сувини ифлослантирмоқда. Бу эса аҳоли ўртасида ўткир ичак касалликларининг кўпайиб кетишига сабаб бўлмоқда.
1985 йил 9 сентябрда Янгиобод ариғининг суви текширилганда, сувдан вабо касаллигини тарқатувчи юқумли бактерияларнинг вируслари топилди. Бирлашма цехларида ишлатилгаи кимёвий моддалар билан ифлосланган сув биологик ҳавзаларда қайта тозалангандан кейингина колхозчилар билан келишилган ҳолда ишлатишга рухсат этилиши керак. Аммо ҳозирга қадар ҳам бу сувлар ифлослигича Зарафшонга ташланмоқда. Аҳоли ўртасида келиб чиқаётган ҳар хил кўнгилсизликларнинг ҳамда дарё ифлосланишининг олдини олиш, заҳарли кимёвий моддаларнинг сувга тушмаслигини таъминлаш мақсадида облСЭС қуйидагиларни талаб қилади:
4-бригада майдонидаги тешик канализация қувурлари алмаштирилсин. Заҳарли кимёвий моддалар билан ифлосланаётган сувни биологик ҳавзаларда қайта тозалаш яхши йўлга қўйилсин. Ушбу огоҳлантириш юзасидан кўрилган чора-тадбирларни шу йил 25 сентябргача маълум қилишингизни сўраймиз.
Д. БЕЛОЗЕРОВА
Навоий область давлат санитария бош врачи.
16. IX. 1985 йил.
Ушбу хат ҳам мутлақо жавобсиз қолди-кетди.
Ночор иншоот
«Навоийазот» ишлаб чиқариш бирлашмасига қарашли сувни биологик қайта ишлаш иншооти 1962 йилда қурилган. У йиллари Навоий ҳали шаҳар эмас, кичкина посёлка эди.
Тоғ-металлургия комбинати шаҳарга мустаҳкам ўрнашиб олгач, ўзининг эскириб қолган сувни биологик қайта ишлаш иншоотини «Навоийазот» ихтиёрига берганди. Бу иншоот бир кеча-кундузда 100 куб метр сувни қисман тозалаб бера олиш имкониятига эга эди, холос. Бу кўҳна иншоот эндиликда бутун бошли оқаваларини қайта ишлашга маҳкум. Шаҳар корхоналарида эса сув таъминоти оборот системасининг қуввати 1400 минг куб метрдан ошади. Бу сувнинг 90 фоизини асосан «Навоийазот» ҳамда Электрохимия заводи ишлатиб келади.
«Навоийазот» цехлардан чиққан оқаваларнинг бир қисмини тўғридан тўғри «Ленин йўли» колхози 4-бригадаси территориясидаги сув ҳавзаларига, қолган қисмини эса иншоотда баҳоли-қудрат қайта ишлаб, яна дарёга ташлайди. Заҳарли оқавалар ташланмиган сув ҳавзасининг атрофини оқава ернинг остки қатламяга сингиб кетмайдиган қилиб бетонлаш, сувни ёпиқ усулда сақлаш ишлари амалга оширилмаган.
6-цехдан чиқадиган қора қурум аралаш сувлар ҳам лойиҳага хилоф равишда ана шу ҳавзага ташланади. Унча катта бўлмаган ҳавзага суткада лойиҳада кўрсатилган 500 куб метр ўрнига аммоний сульфат, синил кислотаси аралаш оқава, нитролакрли кислота цехларидан чиқаётган 1200-1500 куб метр оқава ташланади.
Бирлашмада 1- ва 2-нитрон ишлаб чиқаришида ишлатиладиган, таркибида кимёвий бўёқ моддалар бўлган оқавани аҳоли пунктларидан узоқда бўлган махсус майдонга чиқариб ташлаш масаласи ҳам ҳал қилинмаган. Сувни биологик қайта ишлаш иншооти эса бу оқавалардан бўёқларни тўла тозалашни таъминлай олмайди. Натижада ҳатто таркибида катта миқдордаги родинийли натрий бўлган оқавалар ҳам иншоотда тозаланиб-тозаланмай дарёга ташланади.
Иншоот қаттиқ зўриқиб ишлаши натижасида унда нормал технологик режим тез-тез бузилиб туради. Санитар нормага мутлақо жавоб бермайдиган оқава сувлар дарёга ташлаб юборилади.
Бундан неча йиллар бурун ана шулар ҳақида маҳаллий ташкилотлар томонидан танқидий мулоҳазалар билдирилиб, бири-биридан нохуш маълумотлар қайд этилган хатлар бирлашма адресига юборилавергач, иншоотни кенгайтириш масаласини СССР Химия саноати министрлигидагилар кўриб чиқишга мажбур бўлишди. 10 миллион сўм маблағ ажратилди ўшанда. Аммо ҳозиргача 500 минг сўмлик иш бажарилди, холос. Негаки, иншоотни кенгайтиришни ўз зиммасига олган буюртмачилар Навоий тоғ-металлургия комбинати ихтиёридаги ташкилот ҳисобланади. Бу комбинат учун эса иншоотни кенгайтириш масаласи учинчи-тўртинчи даражали иш ҳисобланади.
Карманада эса ҳалигача сувни биологик қайта ишлаш иншооти кўрилмаган, ҳатто шаҳарга канализация тармоқлари тўлиқ ўтказилмаган. Қишлоқми, шаҳарми, чинакам обод бўлиши учун унинг ўз хўжайини, жонкуяр кишилари бўлиши керак. Аммо Карманада ҳам, Навоийда ҳам аҳолини ўйлайдиган меҳрибон раҳбар топилмади. Маҳаллий газеталар, ҳатто марказий матбуот ҳам «Навоийазот» раҳбарларини ўттиз йил давомида фақат мақташди. Уларнинг айримлари ЎзССР Олий Советига неча бор депутат этиб сайланди. Кўкракларига орденлар қаторлаштириб тақиб қўйилди. Ҳозирги пайтда Зарафшон дарёси сувининг қаттиқлиги 1965 йилдагига нисбатан икки баравар, аччиқлиги уч баравар, хлоридлар миқдори 2,1 марта, сульфатлар 2-3 марта, шўрлик даражаси уч баравар ошган.
— Ифлосланган сув оғир касалликларга сабаб бўлади, — дейди академик Н. В. Новиков. — Бундай касалликлар, айниқса, болаларни мажруҳ қилиш, ҳатто ўлимига сабаб бўлиши мумкин. Чунончи, қорин тифи, ичбуруғ, вабо, суяк-бўғин касалликлари энг аввало одамларга ифлосланган сув манбаларидан юқади. Сув орқали одамларга ҳайвонлардан боткин, юқумли туляримия, безгак, ичтерлама каби оғир, ўткир юқумли касалликлар ҳам ўтиши мумкин. Саноат оқавалари аралашган сув таркибида туз ва олтингугурт кислотаси кўп учрайди. Улар сувга шўр ва аччиқ таъм бағишлайди. Бундай сувларни истеъмол қилиш ошқозон-ичак фаолиятини издан чиқаради. Бир литр сув таркибида хлоридлар — 350 мг, сульфатлар 500 мг. дан кўп бўлса, соғлик учун хавфли ҳисобланади…
«Навоийазот» маҳаллий аҳолини тоза ичимлик сувдан қандай маҳрум қилган бўлса, тоза ҳаво — кислороддан ҳам шундай қисиб қўйди. Бирлашма дудбўронларидан ҳавога тарқалаётган тутун қишлоқ ҳовлиларига қора қузғунлардек ёприлади. Дераза, эшиклар тирқишидан уйларга кириб, бурчакбурчакда муаллақ туради-қолади. Одамлар саратоннинг жазирама кунларида, дим ҳаволи тунларида «тулки дум» дастидан эшик-деразаларни маҳкамлаб, уйга қамалиб олишади. Пахтакорлар, асосан, аёллар ва мактаб ўқувчилари ана шундай шароитда ҳам далада ишлашга мажбур.
—«Навоийазот» этагида жойлашган бригадаларда ҳозир аёлларимиз пахтани чопиқ қилишаяпти, — дейди «Ленин йўли» колхози кадрлар бўлимининг бошлиғи Бобоқул Давронов. — Мабодо, ҳозир улар ишлаётган далаларга борсангиз, заҳарли тутун таъсирида ҳаво етишмай, йиқилиб қолишингиз турган гап. Аёллар эса ўрганиб қолишган. Химия корхоналарининг атроф-муҳитни ифлослантиришлари туфайли биз ҳамма нарсамиздан — соғлигимиздан тортиб ариқларнинг бўйида ўсадиган ялпизларгача маҳрум бўлдик. Колхознинг 600 гектар унумдор ери яроқсиз бўлиб қолди.
Бундан бир неча йил олдин Москвадан, Тошкентдан мутахассислар келишиб, қирқта қуён устида тажриба ўтказишди. Қуёнлар заҳарли тутун таъсирида ўлиб қолишди. Мутахассислар: «зудлик билан атроф-муҳит ифлосланишининг олдини олиш шарт», деган хулоса билан кетишганди. Аммо орадан ўн йиллар ўтди ҳамки, кўриладиган чорадан дарак йўқ.
— Ҳовлимда ўзимни дўзахда ўтиргандай ҳис қиламан, — дейди «Ленин йўли» колхози собиқ бригада бошлиғи Сиддиқ Жамолов.— Бутун колхоздан бир мевали дарахтни топа олмайсиз. Илгарилари ҳар бир хонадонда олма, қароли, шафтоли, анжир бор эди, гилос, анор бор эди. Энди эса ёзнинг жазирама куни мева-чева у ёқда турсин, икки дона помидорга, бир боғ пиёзга, бир кило бодрингга зормиз. Томорқамизда экин битмайдиган бўлиб қолганига неча йиллар бўлди. Дарахтлардан фақат тут ернинг шўрланишига бардош бериб турибди, холос.
Қаҳратон қишда ҳам, жазира ёз кунларида водопроводларимизда сув бўлмайди. Электрохимия заводининг заҳарли оқавалари ерости сувларини ичишга яроқсиз қилиб қўйди. Ичишга тоза сув бўлмаса, томорқангда экин-тикин битмаса, бошинг касалликлардан чиқмаса, шу ҳам яшаш бўлдими, ахир?..
Карл Маркс номли мактабнинг 6-синф ўқувчиси Юлдуз Шодиеванинг сўзларини эшитинг:
— Эрталаблари уйдан ташқарига оғиз-бурнимизни дастрўмол билан маҳкам беркитиб чиқамиз. Йўқса, заҳарли тутундан йўталганимиз йўталган. Бу тутуннинг сассиқ ҳидидан ёз кечалари ухлаёлмаймиз. Ўқитувчиларимизга шикоят қилсак: «Давлатимизга керакдирки, шундай қилишаётгандир…», деб қўяқолишади. Мактабимизда бир неча ўқувчи астма, сариқ каби касалликларга чалиниб ўлди. Бир нечаси ҳозир ҳам касалхонада ётишибди. Шундай пайтларда биз давлатимиздан ҳам хафа бўлиб кетамиз. Айтинг-чи, ростдан ҳам давлатимиз қиляптими шу ишларни?
Кичкина қизчанинг катта саволидан ўзимни ўнглолмайман. Мен ҳам бир вақтлари шу ерда туғилиб ўсганман. Лекин болалигимда мени бундай изтиробли саволлар қийнамаган эди. Бу қизалоқнинг болалигини ўғирлаганлар кимлар?
Чернобиль фожиасидай оғир
Беш гектардан ошиқроқ майдонни эгаллаган «Навоийазот» бирлашмасида катта ёқиш хўжалиги мавжуд. Бирлашма цехларидан чиқадиган заҳарли газлар шу ерда ёқиб юборилади. Корхона раҳбарлари бу ёқиш хўжалигини реконструкция қилишни ҳанузгача орқага суриб келадилар. Буни Юлдузнинг ўқитувчилари билишмайди, албатта. Комбинатдаги асбобускуналар ҳамда тозалаш воситалари шу қадар эскириб қолганки, беихтиёр Чернобиль фожиасини эсга солади. Айниқса аммиак ишлаб чиқариш цехининг 1- ва 2-навбати, кучсиз азот кислотаси ва уксус кислотаси ишлаб чиқариш бўлимларидаги аҳвол ниҳоятда қалтис ва хавфлидир.
Лойиҳа бўйича 5-кучсиз азот кислотаси цехида 14 та катализатор самарали ишлаши керак эди. Аммо бу катализаторларнинг иккитаси бундан ўн йиллар олдин ишдан чиқиб бўлган. 10-ва 13-агрегатлар қонунга хилоф равишда ҳеч қандай тозалаш ускуналарисиз ишлаб, ҳар куни кўплаб тонна заҳарли газларни ҳавога тарқатади. Бирлашма СССР Химия саноати министрлиги ва унинг қўл остидаги ташкилотлар билан иккита каталитик тозалаш реакторини тайёрлаб бериш ҳақида узоқ йиллар ёзишмалар олиб борди-ю, аммо ҳеч бир натижага эришолмади.
Қолган 12 та катализатор ҳам эскириб қолганига қарамай, нормадагидан икки-уч баравар ортиқ эксплуатация қилинмоқда. Бу эса уларнинг самарасиз ишлашига, ҳар йили атмосферага 1,866 тонна азот оксиди ва яна шунча углерод оксиди чиқариб ташланишига сабаб бўлмоқда.
— Иттифоқимизда бизнинг бирлашмамиз типидаги заводлардан 58 та бўлиб, уларнинг ҳаммасида ҳам аҳвол бизникидан яхши эмаслигини бориб кўрдик, — дейди цех бошлиғи Геннадий Овчаренко. — Бундан саккиз йил бурун бирлашмага СССР Химия саноати министрлигидан вакил келган, аҳволни ўз кўзи билан кўрган эди. У иккита катализатор ундириб беришни ўз зиммасига олди. Аммо кейин қорасини кўрсатмай кетди. Ниҳоят, ўтган йили украиналик дўстларимиз иккита катализатор тайёрлаб беришга рози бўлишди. 400 минг сўмга шартнома тузилди.
Бутуниттифоқ Газ саноати Ўзбекистон бўлими ҳам бирлашмага бераётган табиий газ таркибида сероводороднинг нормадаги миқдорини таъминламаётир. Бу газни қайта тозалаш катализаторларида иш маромининг бузилишига, чиқиндиларни тозалашнинг ёмонлашувига олиб келди. Чиқиндилар таркибидаги азот кислотасининг миқдори лойиҳадаги 0,005 ўрнига 0,03 фоиз, яъни 6 баравар кўпроқдир. 3-, 23-цехларда аммиакли селитра чанги тозаланмасдан ҳавога чиқарилиши оқибатида ҳар йили атроф-муҳитга 3 минг тоннадан ортиқроқ аммиак зарралари ёғилмоқда.
Умуман, бирлашмада азот кислотаси, аммиак ва аммиак селитраси ишлаб чиқаришнинг дастлабки 1—2-навбати иқтисодий томондан фойдасиз ишчиларнинг меҳнат шароити нормадаги талабларга жавоб бермайди, цехларнинг ҳавоси чанг ва заҳарланган.
1981 йили юқори назорат органларидан бирлашмага юборилган комиссия мана шу шароитларни кузатиб ва текшириб чиққач, мазкур кимёвий моддаларии ишлаб чиқариш тўхтатилиши, ўриига кучсиз азот кислотаси ишлаб чиқариш учун янги ускуналар қурилиши лозим, деб топган эди. Комбинат раҳбарлари комиссиянинг бу фикрлари билан ҳам ҳисоблашишмади.
Нитрон — 1 ишлаб чиқаришининг полемизация цехларида нитролакрли кислоталарнинг миқдори нормадагидан беш-олти баравар ортиқ. Уксус ва нитролакрли кислоталарни ишлаб чиқариш эски услубда олиб борилади. Олинаётган кимёвий моддалар фойда келтирмайди. Цехларда газланиш даражаси юқорилиги учун СССР Химия саноати министрлиги 1978 йилдаёқ мазкур ишлаб чиқаришни тўхтатиш ҳақида қарор чиқарган эди. Афсуски, бу қарор ҳам қоғозларда қолиб кетди.
Бирлашмада ўттиз йилдан бери жорий ва капитал ремонт ўтказиш муддатларига риоя қилинмади. Аксинча, корхонага зарарли ва заҳарли, ёнғин хавфини туғдирадиган моддалар нормадагидан неча баробар ортиқ келтирилди, аммиак селитрасини кўпроқ ишлаб чиқариш асосий мақсад қилиб қўйилди.
Раҳмон Каримов, 23-цех бошлиғи:
— Цехимиз 1971 йилда ишга туширилган. Ҳар йили 460 минг тонна аммиак селитраси тайёрлаб беради. Роппа-роса ўн беш йил ҳавога чнқариладиган селитра чангини пар билан концентрация қилиш қурилмасисиз ишлаб келдик. Яқин-яқинларгача цех қувурларидан бир чақирим узоқдан ўтсангиз ҳам оппоқ селитра унига беланар эдингиз. Лойиҳада бу қурилма кўрсатилган, албатта. Аммо биз 1985 йилнинг охирларидагина 7 лойиҳа бўйича ишлашга киришдик. Ўтган давр мобайнида ҳар йили ўн марталаб мурожаат қилишимизга қарамай, СССР Химия саноати министрлиги бирлашмадаги эски, самарасиз асбоб-ускуналарни алмаштириш, капитал қурилишга бир тийин ҳам маблағ ажратмай келди. Фақат ўтган йили янги қурилма ўрнатишга муваффақ бўлдик. У селитра чангини нейтраллаштириб, қисман камайтиради, холос.
Раҳмон Омонов; бирлашма ишлаб чиқариш бўлимнинг бошлиғи:
— Бирлашмамизда юздан ортиқ цех бор. Уларни қайта жиҳозлаш учун жуда катта маблағ керак. Биргина 5-аммиак цехининг капитал ремонти 42 миллион сўмни талаб қилади.
Бирлашма ҳар йили ўртача 222 миллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқаради. Хомашёнинг асосий қисмини ҳаводан оламиз.
Аммо бирлашма табиий газ ва электр токи учун давлатга ҳар йили 190 миллионга сўмга яқин пул тўлайди. Бирлашмада қоладиган даромад кўпи билан 25—30 миллион сўмни ташкил этади. Ишчи-хизматчиларга маош, қўшимча мукофот ва бошқа сарф-харажатлар ҳаммаси ана шу ҳисобдан тўланади.
1986 йилда айрим юқори ташкилотларнинг табиатни муҳофаэа қилиш йўлидаги даъватлари туфайли бирлашмада қатор тадбирлар амалга оширилди. Жами 1 миллион 760 минг сўм, шундан сув манбаларини муҳофаза қилиш учун 800 мннг, ҳавонинг мусаффолигини таъминлаш учун 960 минг сўм маблаҳ сарфланди, деб ҳужжатлаштирилди. 1987 йилда эса сувни кимёвий қайта тозалаш иншоотларини кенгайтириш учун йигирма миллион сўм ажратилди. Аммо шундай катта сарф-харажатлар билан ҳам ҳақиқий аҳвол ўзгармаётганини фактлар тасдиқлаб турибди. Негаки, ҳар йилни атроф-муҳитни булғаётган 11,5 минг тоннадан ортиқ заҳарли модда, 13 минг тонна аммиак чанги ва бошқа чиқиндилар ҳамон заррача бўлсин камайгани йўқ. Бундан неча йиллар олдин бирлашмада ҳавони ифлослантирувчи 52 та ўчоқ бор эди. Ҳозир ҳам бу рақам камайгани йўқ.
Эртамиз қандай кечади?
«Навоийазот» теварак-атрофдаги ҳаётни издан чиқараётгани 70-йиллардаёқ маҳаллий ташкилотларни қаттиқ ташвишлантираётган эди. Аҳоли ўртасида турли касалликлар кўпайиб кетаётгани учун медицина муассасалари тегишли ташкилотларни огоҳлантирганди. Шунга қарамай, 1982 ййлда бу ерда янги электрохимия заводи ишга тушириб юборилди. Цехларда меҳнаткашлар учун керакли шароит яратилмади. Кучли заҳарловчи моддалар билан ишланадиган махсус хоналар ҳам хавфсизлик нормаларига жавоб бермасди. Каторан цехида хоналар, ишчи ўринлари ва агрегатлар заҳарли чанглардан мутлақо таъқиқланган усулларда тозаланарди. Ишчи ўринларида аммиакнинг қолдиғи нормадагидан беш баробар, реактор бўлимида эса ўн беш баробар ошиб кетди. Оқибатда заводда ишчиларнинг касалланиши кўпайди, кучли заҳарланиш ҳодисалари қайд этилди.
Завод ҳар йили қишлоқ хўжалик экинлари зараркунандаларига қарши 78 миллион сўмлик заҳарли дорилар, гербицидлар ишлаб чиқариши зарур. Харажатларни қоплаш учун камида 5 миллион сўмлик даромад қилиш лозим. 1986 йилда СССР Минерал ўғитлар ишлаб чиқариш министрлиги заводда фазолон цехини ишга тушириш ҳақида буйруқ берди. Заводнинг қуввати етадими-йўқми, бу билан ҳисоблашиб ўтирилмади. Цехда қурилиш-монтаж ишлари чала ётганига қарамай, йиллик план белгиланди. Планга кўра ўша йилиёқ 457 тонна фазолон тайёрланиши керак эди.
Топшириқ бажарилмасликка бажарилмади, лекин шошма-шошарлик оқибатида ҳал қилиб бўлмайдиган муаммолар кўндаланг бўлиб қолди. Завод сувни ифлослантириб, атроф-муҳитга жиддий зарар етказаётгани учун ўша йилнинг ўзида 2 миллион 939 минг сўмлик жарима тўлашга мажбур бўлди.
Завод Зарафшон дарёсидан соатига 2 минг куб метр сув олади. Шундан 600-700 кубметр сув хўжалик ишларига, қолгани ишлаб чиқаришга сарфланади.
— Заводни франциялик мутахассислар қуришган, — дейди бош инженер Юрий Қўшов, — бош лойиҳада оқавани тозалаш ускуналарни ҳам назарда тутилган. Аммо улар кам қувватли бўлиб, завод ишга тушгандан бир йил ўтар-ўтмас ишдан чиқиб қолди.
Лойиҳада фазолон цехидан чиқаднган заҳарли оқаваларни 22 километр узоқда бўлган махсус сув ҳавзасига ташлаш кўрсатилган. Ҳавзанинг ёнида Тўдакўл сув омбори бор. Кўпинча оқава кўлга уриб кетиб, унинг сувини булғамоқда, Зарафшонга қуйилиб, ер остига сингиб, аҳоли саломатлигига катта хавф туғдирмоқда.
1985 йил 14 мартда электрохимия заводи билан «Навоийазот» бирлашмаси ўртасида тузилган оқаваларни тозалашга доир шартнома бекор қилинди. Завод бу масала ҳал бўлгунга қадар ўз фаолиятини тўхтатиши керак эди. Аммо корхонадан маҳсулот талаб қилинди. Натижада, заводнинг 1-навбати ишга туширилгандан то ҳозирги кунга қадар саноат оқаваларининг маълум қисми тиндирилиб, Навоий каналига ташлаб келинмоқда. Канал суви эса яқин атрофдаги колхозларнинг ерларини суғоради. Цехларда ҳар куни қанча сув ишлатилади-ю, қанча оқава чиқариб ташланади, буни ҳисоб-китоб қиладиган одам йўқ. Турли кимёвий моддалар аралаш оқаваларнинг каналга ташланаётганлиги оқибатида «Қизил Ўзбекистон» колхозининг ерлари ботқоққа айланди. Чорва моллари қирила бошлади. Бу фалокатни тўхтатиб бўладими-йўқми — номаълум. Назорат органлари эса нуқул жарима солиш билан овора. Атроф-муҳитнинг мусаффолиги, одамларнинг соғлиги билан уларнинг иши йўқ.
Заводнинг заҳарли химикатлар аралаш оқаваларидан 20 гектар майдонни эгаллаган сунъий кўл пайдо бўлган. Сув ой сайин, кун сайин кўпайиб, дамбаларни бузди ва атрофдаги майдонларни ишдан чиқарди. «Қизил Ўзбекистон» колхози, «СССР 50 йиллиги» совхози ва яна бир неча хўжаликларига катта моддий зарар етказилди.
Кейинроқ изофен цехининг заҳарли оқаваси Навоий каналига уриб кетди. Шунга қарамай, оқавани сунъий ҳавзага ташлаш давом этмоқда. Навоий районида бирорта кўкат кўкармайдиган ўлик майдонлар кўпайиб бормоқда.
— Колхозимиз территориясида электрохимия заводининг заҳарли оқаваси ташланадиган олтита ҳавза бор, — дейди «Қизил Ўзбекистон» колхози бош агрономи Ҳамид Муқимов. — Улар очиқ ҳолда сақланмоқда. Устидан қуш учиб ўтса, ўлади. Тирик жон яқинлашиши мумкин эмас. Аммо улар шундоқ пахта майдони ёнида бўлгач, яқин бормай илож йўқ. Ҳавзалар атрофи, ҳеч бўлмаса, ўраб қўйилмаган. Заҳарли сувлар ер остидан узоқ-узоқларга оқиб, халқ ризқ-рўзининг заволи бўляпти. Аҳвол шу тарзда давом этаверса, беш-олти йилдан сўнг Навоий район территорияси тамоман ишдан чиқиши, боғ-роғлар тугул, гиёҳ ҳам ўсмайдиган ерга айланиши, 77 минг аҳолининг ҳаёти таҳлика остида қолиши турган гап.
Ўлганнинг устига…
Икки йирик корхонанинг атроф-муҳитга етказаётган зарари камлик қилаётгандек, деҳқон дастурхони тобора қуриб бораётгани етмаётгандек, 1984 йилда Навоий цемент заводи ҳам ишга туширилди. Бу завод атроф-муҳитни ифлослашда аввалгилардан ҳам ўзиб кетди. Бошқа районларда сув билан ишлайдиган завод бу ерда қуруқ усулда цемент ишлаб чиқаришга мослаштирилди. Завод мутахассислари лойиҳада кўрсатилган намлаш қурилмасини ишлата олмадилар. Республика Қурилиш материаллари министрлиги эса фильтрловчи ускуналар топишга келганда уларнинг арзини тингламади. Ишлайвермайсанми, атроф-муҳитнинг ифлосланиши билан нима ишинг бор, бунинг учун сени жавобгарликка тортишаётгани йўқ-ку, қабилида иш тутилди. Оқибатда завод қувурларидан ҳар йили 22,8 минг куб метр цемент қуйқаси аралаш сув тозаланмасдан атрофга ташланаверди. Жанубий-шарқий томондан эсаётган шамол цемент чангини Ўртачўл массиви хўжаликларига учираверади. Пахтадан тортиб дарахтлардаги мевага қадар цемент чангига булғанади.
Шундай қилиб, чорак аср мобайнида Алишер Навоий номи билан аталган шаҳарнинг ғарбий-жанубий қисми улкан саноат ўчоғига айлантирилди. Улардан ҳар йили региондаги ҳаво қатламига 121 минг тонна заҳарли модда учиб чиқади. Бир йиллик чиқиндиларнинг 47 минг тоннаси цемент заводи, 17,6 минг тоннаси Навоий ГРЭСи, 11,1 минг тоннаси «Навоийазот» бирлашмаси ҳиссасига тўғри келади… Иқтисодий зарар йилига қарийб 30 миллион сўмни ташкил этади. Шаҳар корхоналарида атроф-муҳитни ифлослантирадиган 281 манба бор. «Навоийазот»нинг ўзида тозалагич ускуналари ўрнатилмаган манбалар 86 та. Электрохимия заводида 61 та. Хуллас, Навоий район атмосферасидаги ўртача йиллик чанг миқдори санитария нормаларидан беш-олти баравар, аммиак миқдори 1,1—2 баравар ошиб кетган. Айрим вақтларда ифлосланиш 10-11 баравар кўпаяди. Айниқса шамол саноат зонасидан аҳоли пунктлари томон йўналганда кескин газланиш ва чангланиш юз беради.
Сабрнинг чегараси
Қишлоқларда сурункали касалликлар, ўлим кўпаявергач, дўрмонликлар ҳақиқий аҳволни келиб текширишларини сўраб юқори ташкилотларга шикоятлар ёздилар. Вакиллар келиб, Хончарвоқ, Дўрмон қишлоқлари ва «Ленин йўли» колхозида яшовчи 18 минг аҳолини тиббий кўрикдан ўтказишди. Текшириш натижалари қон раки, камқонлик, тиф, вабо, сариқ касалининг оғир турлари, туберкулёз, турли оғир ичак касалликлари, бронхиал астма кўпайиб, одатдаги ҳолдан ўн-ўн беш баравар ошганини кўрсатди. Хулосалар ўша пайтда амалда бўлган Навоий область партия комитети ва область ижроия комитетига ёзма равишда маълум қилинди. Республика касб касалликлари илмий-текшириш институти мутахассислари бу касалликларни аниқлаб беришлари ва шу асосда СССР СЭСи, Республика Соғлиқни сақлаш министрлигига ташвишли сигналлар берилиши лозим эди. Аммо область партия комитетининг ўша пайтдаги биринчи секретари порахўрлиги учун ишдан олиниб, жиноий жавобгарликка тортилгач, янги тайинланган раҳбар бу масала билан қизиқмади. Тўплаб берилган маълумотлар ҳаммаси қудуққа ташланган тошдай бесамар кетди.
Оддий колхозчининг қўлидан нима ҳам келарди дейсиз? Унинг Конституцияда белгилаб қўйилган ҳақ-ҳуқуқларини талаб қилишга на вақти, на имконияти бор эди ўша йиллари.
Раҳбарлар эса, фақат ўтаётган куннн ўйлашарди, ўз бурчларини фақатгина пахта планини бажариш деб билишар эди. Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш жамиятлари бор-ку, деб кўнгилларини хотиржам қилишарди.
Область СЭСи ходнмлари шаҳарнинг икки жойидан куннинг биринчи ва иккинчи ярмида икки марта анализ олишади, холос. Навоий районидаги жабрдийда хўжаликларга бориш уларнинг вазифасига кирмайди. Район СЭСида эса атмосферанинг таркибини текшириб, ҳавонинг ифлосланиш даражасини аниқлаб берадиган асбоб ҳам, лаборатория ҳам, мутахассис ҳам йўқ. Шундай бўлгач, атроф-муҳитнинг заҳарли газлар билан ифлосланиши аҳолининг соғлигини зимдан кемириб бораётганини ким ҳам исботлаб бера оларди дейсиз? Исботсиз, далилсиз тахминий гапларни тинглашга эса мутасадди ташкилотларнинг кўзи учиб тургани йўқ.
Бор-йўғи бир неча ходим ишлайдиган санэпидстанция шаҳарнинг бир четидаги турар-жой биносига омонат ўрнашиб олган. Районларда текшириш олиб бориш учун транспорт ажратилмаган. Хатирчида, Нуротада ичимлик суанинг аҳволи қандай? Карманада, Навбаҳорда-чи? Нега бу районлардаги шифохоналарда 4-5 кишига мўлжалланган палаталарда ўнлаб беморлар ётқизилмоқда? Корхоналар нега заҳарли чиқиндиларни аҳоли яшайдиган территорияларга ташлашмоқда? Тегишли транспорт бўлмагач, буларнинг қайси бирини назорат қилиб улгуришсин улар?!
* * *
«Одамзод бошига тушадигаи кўпгина мусибатларнинг асл маибаи сусткашлик, журъатсизлик ва бўшаигликда, деб биламан. Жангарироқ миллатлар ҳамиша озод ва бахтли бўлишган». — деб ёзади Г. Лихтенберг. Кейинги йигирма йил ичида Дўрмоннннг ўзидан беш минг одам ими-жимида ўлди-кетди. Уларнинг ҳаммаси ҳам ошини ошаб, ёшини яшаб, ўз ажали билан кетмадилар. Район касалхонасидаги ҳужжатлар буни узоқ келажакда ҳам исботлай олади.
— Раҳбарларимиз касалликлар кўпайиб кетаётгани учун айбни врачларга тўнкашаяпти, касалликларнинг келиб чиқиш манбаларини тугатиш учун эса ҳеч иш қилинмаяпти, — дейди район марказий касалхонасининг бош врачи Қуддус Абдулқодиров.
Бу беморхонада ҳеч қачон бўш ўрин бўлмайди. Дераза ойналари синиб, деворлари шўрлаб, тўкилай деб қолган бинода туғруқхона жойлашган. Инсоният космосга қадам қўйганига неча ўн йиллар бўлди. Аммо бу район касалхонасига ҳалигача канализация ўтказилмаган.
1975 йили районда янги касалхона биносига пойдевор ташланган эди. Аммо кучлар райкомнинг собиқ биринчи секретарига аталган муҳташам қаср қурилишига жалб этилди-ю, хайрли иш тўхтади-қолди.
— Болалар учун алоҳида касалхона у ёқда турсин, поликлиникамиз ҳам йўқ, — дейди педиатр врач Норбиби Қозоқова. — Район касалхонасидаги болалар бўлими эса атиги 40 ўринли, холос. Ваҳоланки, ҳар куни юзлаб болалар медицина ёрдамига муҳтож бўлмоқдалар. Ишлатиладиган ичимлик сув аҳоли ўртасида турли ичак касалликларини келтириб чиқармоқда.
Аҳолининг касалликларга чалиниши бўйича областда биринчи ўринда турадиган районнинг марказий касалхонасида аҳвол мана шундай. 1988 йилнинг биргина июль ойида ичтерлама билан оғриган 40 гўдакнинг ҳаётини сақлаб қололмадик. Қанча ҳаракат қилмайлик, ҳар куни тўрт-беш бола нобуд бўлаверди. Касал болаларни палаталарга сиғдириб бўлмасди. Врачларга ҳайфсан берилди, баъзилари ишдан олинди. Аммо ичимлик сув, атмосфера ифлосланишининг олдини олиш ҳақидаги муаммо кун тартибида кўндаланг қилиб қўйилмади. Сувни, ҳавони ифлослантирган саноат корхоналарини ҳеч ким жавобгарликка тортолмайди.
1987 йилнинг биринчи ярмида ўткир ичак хасталиги билан оғриган 258 та бемор касалхонага ётқизилди. Шундай оғир шароитда ҳам ўн йиллар олдин қурила бошлаган бино лойиҳаси бугунги кун талабларига жавоб бермайди, деган баҳонада касалхона қурилиши орқага суриб келинмоқда.
Заҳарланиш
Бу воқеа 1987 йил 16 май куни «Нарпай» совхозидаги Эрнесть Тельман номли мактабда содир бўлди. Ўқувчилар эрталаб одатдагидай қувноқ синф хоналарига кириб келишди. Қўнғироқ чалиниб, дарс бошлангач, кўп ўтмай икки синфда ўқувчилар юқори нафас йўллари ачишиб, ўқчий бошлашди. Муаллимлар уларни мактаб ҳовлисига олиб чиқишга мажбур бўлишди. Шу пайт қўрқинчли ҳол юз берди: ўқувчилар алаҳлаб, ҳушдан кета бошлашди. Икки кун орасида эндигина 15-16 ёшга қадам қўйган 200 ўқувчи район касалхонасининг тангу тор палаталарига, коридорларига амаллаб жойлаштирилди…
Заҳарланиш область ҳаётида янгилик эмасди! Икки йил олдин Зарафшонда балиқлар ёппасига қирилиб, сув бетида қалқиб оққан, бир ярим йил илгари эса 200 бош қорамол сувдан заҳарланиб нобуд бўлган, шунга қарамай, заҳарланишнинг олдини олиш борасида кескин чора-тадбирлар ишлаб чиқилмаганди.
Навбат болаларга келган эди.
Одатдагидай яна республика ҳамда СССР СЭСига, Соғлиқни сақлаш министрлигига мурожаат қилинди. Москва, Ленинград, Киев шаҳарларидан врачлар, эпидемиологлар етиб келишди. Воқеа юз берган жойда меҳмонлар кўзларига ишонмай қолишди: уларга кўрсатилган бино мактабдан кўра кўпроқ бечораҳол деҳқоннинг бир амаллаб тикланган кулбасига ўхшарди. Алмисоқдан қолган эски парталар синф дарстахтасига тегай дейди. Мактабга табиий газ у ёқда турсин, лоақал водопровод ўтказилмаган. Буфет ёки ошхона нега йўқлиги ҳақида сўралганда, ўқитувчилар билмасак дегандай елка қисишди. Область ташкилотлари мактаблар, болалар муассасалари учун сут-қатиқ, гўшт, ҳеч бўлмаса, кондитер маҳсулотлари ҳам ажратмас экан.
Касалхонага келтирилган ўқувчиларнинг ошқозони ювилганда нитратдан бошқа нарса чиқмаганини кўриб ёқа ушлашди: болаларнинг ҳаммаси дарсга эрталаб нонушта қилмасдан келишган экан.
Ҳодиса область раҳбарларини сергаклантирди, албатта. Хўжаликларда заҳарли химикатлардан фойдаланишнинг аҳволи ҳақида маълумот сўраш бошланди. Биргина Навоий район территориясида 15 та минерал ўғит омбори борлиги, шундан бештасида заҳарли химикатлар сақланаётгани, 11 та майдонда бегона ўтларга қарши химикатлар, 7 та пунктда пахта дефолиацияси учун ишлатиладиган химикатлар сақланаётгани маълум бўлди.
Заҳарланиш юз берган «Нарпай» совхозида заҳарли химикатлар омборлари авария ҳолатида, уларни ёпиқ сақлаш учун махсус бино йўқ экан. Улар аҳоли яшайдиган пунктларда, ариқ ва каналларнинг ёнида очиқ сақланмоқда. Бу химикатлар ёмғир сувлари билан тўғри коллекторларга, сўнгра эса Зарафшон дарёсига келиб тушмоқда.
Текширишлар биргина Қизилтепа районида кейинги беш йилда уч миллион сўмлик ҳар хил заҳарли химикатлар тўпланиб қолганини аниқлади. Районда 60 тонна заҳарли химикат фойдаланиш муддати ўтгани сабабли ерга кўмиб ташланибди.
1986 йили область хўжаликларига 19129 тонна азот, 10701 тонна фосфор, 5088 тонна калийли ўғит сотилган. Бир йилнинг ўзида ҳар гектар экин майдонига ўртача 191 килограмм азот, 107 килограмм фосфор, 50 килограмм калийли ўғит солинибди! 1988 йилнинг июнь ойига қадар эса яна областда хўжаликларга 17600 тонна азотли, 10663 тонна фосфорли, 5630 тонна калийли ўғит тарқатилди. Колхозчиларнинг хонадонлари текширилганда 711 килограмм заҳарли химикат топилди.
Масала облагропромнинг коллегиясида кўрилиб, тегишли кишилар жазоландилар. Лекин… ҳеч ким бу қадар кўп миқдорда химиявий ўғит ишлатишга қарши сўз айтмади. Аксинча, областда 14,4 минг тонна минерал ўғитни сақлай оладиган омборлар, яна 11 минг тонна минерал ўғитни сақлаш имкони бўлган бостирмалар борлиги ҳақида мақтаниб гапирдилар. Жами 31 минг тонна минерал ўғитни омборларда сақласа бўлар экан. Қизилтепа районида эса 10 минг тонна заҳарли химикат сақланадиган омбор қурилиши ниҳоясига етай деб қолибди…
Заҳарланишнинг сабабларини аниқлашга келган медицина мутахассислари гапираётганларга ҳайрон боқишарди. Тиллари сўзга айланмай қолганди. Ниҳоят, йиғилиш охирида улардан бири сўз сўради. Сўз бердилар. У узоқ гапирмади. Фақат: «Бу ҳолда ўзингиз ўз болаларингизни майиб-мажруҳ қилиб қўясизлар, ҳаётига зомин бўласизлар-ку», деди. Афсуски, ҳеч кимни бу сўз чўчитмади…
Фожианинг илдизи қаерда?
Вахтиёр Темиров, Навоий сув манбалари бошқармасининг бошлиғи: — Республика сув хўжалиги министрлиги ташаббуси билан ҳар йили Ўртачўлда 3 минг гектар ер ўзлаштирилмоқда. Кейинги беш-олти йил ичида Ўртачўл ва Қарнабчўлдан 10 минг гектар ер ўзлаштирилиб, 9 та янги совхоз ташкил этилди. 40 миллион сўм маблағ фақат капитал қурилишга сарфланди. Аммо эндиликда Ўртачўл ҳатто ўз сарф-харажатларини ўзи қоплай олмаётир. Зах сувлар юзага қалқиб, майдонларни қамишзорларга айлантирмоқда. Бу майдонларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш эндиликда жуда мушкул бўлиб қолди. Аслида бизда ҳар йили минг гектар янги ер ўзлаштиришнинг ҳам имкони йўқ. Бу ҳар хил етишмовчиликларни келтириб чиқаради. Республика сув хўжалиги министрлиги эса аҳоли сони кўпайиб бораётганини рўкач қилиб, йилига 3 минг гектар янги ер ўзлаштиришни зиммамизга юклади. Бу ҳол ҳам жуда катта сув танқислигига сабаб бўлаётир. Натижада оқавадан фойдаланмасликнинг иложини тополмаётирмиз. Биргина Конимех районида 4,5 минг гектар ер ГРЭСнинг буғ қозонларидан чиққан қайнаган кислородсиз ўлик сувдан суғорилади. Бу сувнинг пахтага ҳам, бошқа қишлоқ хўжалик экинларига ҳам сира фойдаси йўқ. Аксинча, у экинни қуритади.
Усмон Иброҳимов, Сув хўжалиги бошқармаси бошлиғининг ўринбосари: — Республика Министрлар Совети сув таъминоти ёмон бўлгани учун область хўжаликларида янги ерлар ўзлаштиришни давом эттирмаслик тўғрисида қарор қабул қилган эди. Аммо Маликчўл ва Ўртачўл массивлари ўзбошимчалик билан ўзлаштирилиб, далалар заҳкашларнинг шўр сувидан суғориб келинди. Бундай ўзбошимчалик билан ўзлаштирилган ерларда на коллектор бор, на техника, на сув. Буларсиз ҳосил олиб бўладими? Ер ўлчаш пайтида бу майдонлар умумий балансга қўшилди-кетди. Оқибатда бир-биридан мураккаб муаммолар туғилди.
Ато Бўтаев, «Қизил Октябрь» колхозининг собиқ раиси: — 1971 йилда Малик чўлини ўзлаштириш бошланди. Сув насослар ёрдамида чўлга ташланди. Бунинг оқибатида Маликчўлдан деярли қирқ метр пастликдаги колхозимиз ерлари шўрлаб кетди. Заҳ, шўр сувлар Ҳазорага келиб туша бошлади.
Бундан ташқари, Навоий ва Ҳазора оралиғида саккизта коллектор Зарафшонга қуйилади. Навоий ГРЭСининг хлорид кислотали оқавалари тозаланмай дарёга ташланади. Бу дарёдаги жониворларга, тупроқ структурасига, одамларнинг саломатлигига катта салбий таъсир кўрсатаётир.
Колхоз ҳар йили 4 миллион сўмгача даромад қилар эди. Ҳозир бу кўрсаткич 1 миллион 800 минг сўмга тушиб қолди. «Навоийазот» бурқситаётган заҳарли тутун бизни ҳам тинч қўйгани йўқ.
Район касалхонаси бош врачи Қуддус Абдуқодиров изоҳлайди:
— Уйга ўт тушгандан кейин уни ўчириш учун ўзингни оловга ташлагандан кўра, олдинроқ ёнғин чиқиш хавфини бартараф этган афзал эмасми? Касалхонада чирқираб ўзини тўрт томонга ураётган, бронхиал астмага чалиниб, йўталаётган болажонларни кўриб, кечалари ухлолмайман. Мутасадди ташкилотлар касалликларни келтириб чиқараётган сабабларни хаспўшлашга уринмоқда. Гўё оғир касалликлар келиб чиқаётгани ва беморларни касалхоналарга сиғдириб бўлмаётгани учун шифокорлар айбдордек.
— Қани далил, қани исбот? — сўрайди «Навоийазот» бирлашмасининг инженери Ширинов. — Тутундан заҳарланган одамни ким кўрибди? Ўзим ёшлигимдан химия заводларида ишлаб келаман. Мана шу цехда ўн йил ишладим. Аммо, кўриб турибсиз, тўрт мучам соғ. Сиз бизга ёмон кўз билан қараб, ишимиздан фақат камчилик қидириш, қилдан қийиқ ахтариш учун келгансиз, биламиз. Химияни қораламоқчисиз, лекин бир химиясиз яшаб кўринг-чи? Эгнингиздаги кўйлак, қўлингиздаги узук…
Биз атмосферага чиқарилаётган заҳарли газлар миқдорини камайтириш тадбирлари жадвалини ишлаб чиққанмиз. Ана шу схема бўйича беш йил ичида атроф-муҳитнинг ифлосланишига чек қўйилади. Масалани матбуотда кўтариб чиқишнинг нима ҳожати бор? — дейишади Навоийдаги заводларнинг раҳбарлари.
Чорак асрдан буён ерли аҳолини шу йўсин алдаб келдик. Энди бас. Химияга, химикларга теварак-атрофдагиларни ҳаётдан тўйдириш, саломатликнинг заволи бўлиш ҳуқуқи берилмаган. Селитрасиз, заҳарли химикатларсиз ҳам халқнинг куни ўтиб турган эди-ку. Чор атроф боғ, чор атроф мўъжиза эди…
Мен химия заводлари қуршовида қолган мана шу заминда туғилдим. У қуёш нурларига чулғаниб, шууримни ёритди, қалбимни ҳисларга тўлдирди. Мен ўша, ёшлигимнинг сирдоши бўлган ям-яшил водийни, менга шеър берган, қўшиқ берган нилуфар шаҳарни беғубор кўришни истайман. Боболарим сув ичган дарёга бориб таъзим қилишни, қувноқ болалигим гувоҳи бўлган бедазорларни, Хончарвоқнинг сўлим боғларини мастона кезишни истайман. Мен бу шаҳарнинг буюк шоир номига муносиб бўлишини, Навоий ижодини миллион-миллион халқлар ҳайратланиб мутолаа қилаётганларидай, унинг номидаги шаҳарни ҳам ҳайрат, ҳаяжон билан томоша қилишларини, унда яшаётган ҳар бир инсон устоз орзу қилган қаҳрамонлардай маънавий гўзал инсонлар бўлишини истайман. Зотан, ер юзида ғазал мулкининг султони номи билан аталадиган шаҳар танҳодир. Устоз руҳи кезиб юрган ушбу шаҳар ҳаёти, одамлари изтиробига бефарқлик шоир сиймосига ҳурматсизлик, катта маънавий қашшоқликдир.
“Ёшлик” журнали, 1989 йил, 6-сон