Германияда таълим олган туркистонлик талабалар
Октябрь инқилобига қадар ва 20-йиллар бошларида хорижий Шарқнинг Қоҳира, Истамбул каби шаҳарлари дорилфунунларида ўқиб қайтган Ғозиолим Юнусов, Абдурауф Фитрат, Холид Саид Хўжаев, Миён Бузрук Солиҳов, Мулло Бекжон Раҳмонов ва бошқаларнинг янги ўзбек маданиятини ривожлантиришдаги хизматлари ва сўнгги фожиали тақдирлари ҳақида бир қадар маълумотларга эгамиз. Лекин ўша йиллари Ғарбга, айниқса, Германияга ўқишга кетган туркистонлик талабаларнинг ўқиш ва ишлари бизга қоронғу, Германияга Туркистондан талабалар юбориш ҳаракати қачон бошланган? Бу ҳаракатнинг ташаббускорлари, ҳомийлари кимлар эди? Дастлаб Германияга борганлар кимлар, улар қайси шаҳарларда ва қандай мутахассисликлар бўйича ўқишган?
20-йиллардаги айрим матбуот материалларининг хабар беришича, Туркистондан четга, масалан, Германияга ўқишга юборишни дастлаб 1921 йилда «Ўзбек билим ҳайъати» тузган «Кўмак» уюшмаси бошлаган. Бу ҳақда «Туркистон» газетасининг 1923 йил 27 январь сонида «Хумсонлик» тахаллусли муаллиф «Сўнгги кўмакни кимлардан кутишимиз керак?» мақоласида шундай ёзади: «Туркистондан четга бориб ўқиш учун 21-йил бошларида «Ўзбек билим ҳайъати» томонидан бир лойиҳа тузилиб, бошда студент Саидалихўжа бўлган ҳолда бир неча ўқувчиларнинг рўйхати олиниб, ҳукуматга топширилган эди. Бир неча муддат бунинг кетидан юриб, натижада ҳукуматимизнинг моддий кўмак бераолмаслиғи билинғач, бу масала ўз-ўзидан тўхталди. Лекин ўқиғувчиларнинг орасида кўтарилган четга кетиб ўқиш ҳаваси эса бунинг билан битмади. Ўқиғувчилардан қайси бир ўзига тўқлари (гарчи борлиқ нарсаларини сотиб бўлса-да) яна четга кетмак орзусида бўлиндилар.
Германияда ўқиган туркистонлик талабалар. Берлиндаги «Озод Шарқ» нашриётида туркистонлик талабалар томонидан нашр этилган ўзбекча «Кўмак» (1923 йил, 1-сон) номли илмий, адабий, ижтимоий журналнинг биринчи саҳифасидан кўчириб босилмоқда.
Буларнинг ўзаро ташаббусини кўрган «Билим ҳайъати» четдан томошачи бўлиб тураолмади. Ва четга кетувчи студентларнинг ўзларидан бир комиссия тузиб ва ўз аъзоси Саидалихўжани шул комиссияга бошлиқ этиб, «Кўмак» остида бир уюшма тузди. Уюшма кеча-кундуз ишлаб бир кишини четга жўнатаолди».
«Кўмак» уюшмасининг ёрдами билан Германияга ўқишга кетган ўша биринчи ўзбек талабаси ким эди? У Германияга қачон кетди ва қайси ўқув юртида ўқиди, унинг ўқиши, моддий аҳволи, Туркистон билан алоқаси қандай бўлди?
«Қизил байроқ» газетасининг 1922 йил 29 июль ва 1 август сонларида босилган хатга қараганда шу вақтга қадар Германиядаги Зироат академиясида фақат тошкентлик Абдулвоҳид Муродов исмли талаба ўқиб турган. Хат муаллифи ҳам айни шу Абдулвоҳид Муродий бўлиб, Тошкентдан олган мактубларидан бирида ватандошлари томонидан Оврўпага талабалар юбориш мақсадида уюшма тузилганлиги хабарини ўқиб ғоят хурсанд бўлганини, бир йилдирки, Европада ёлғиз ўзи ўқиётганлигидан ўксинганлиги ва жаҳон ёшларининг қизиқиши ва интилишлари Туркистон ёшлари учун ҳам ибрат эканлигини изҳор қилиб ёзган эди: «Бир йилдирким, Оврўпада яшамоқдаман, илм-маорифда Оврўпанинг биринчиси бўлғон Германия дорилфунунларида бутун дунёдан, ҳатто татарлардан ўнлаб, турклардан эса минглаб талабалар бўлғани ҳолда бизнинг Туркистондан мендан бошқа талаба бўлмаслиги юрагимни парчаламоқда, бошқаларга ҳасад сезгиси уйғотмоқда эди. Мана сизларнинг бу хайрли муборак ташаббусингиз кўп йиллардан бери кулмаган кўнглимни кулдирди. Ва руҳимга жон берди.
Германияга келганимдан сўнг Оврўполиларни яқиндан танимоққа муваффақ бўлдим… Маорифда, илмда булар бутун Оврўпада устод ҳисобланадилар. Немисларнинг олий мактабларида юзлаб америкалик, француз ва инглизларнинг бўлиши ва бу ерда муҳандис тўпламоқ учун бирмунча Ҳайъатларнинг келиши менинг бу даъвомни исбот этар.
Сўнгра бошқа Оврўпа давлатларига қарағанда энг яқини ҳам шудир. Шўролар ҳукуматининг Германия билан яхши алоқада бўлиши ва Германия билан Шўролар Россияси орасидаги мувоҳадалар яна бизни Германияга тортар. Шул сабабларга кўра Оврўпаға юборилатурғон талабаларнинг энг аввал Германияга юборилмоғи ҳар тўғридан ақлга мувофиқдир. Бунга муваффақ бўлмоқ ҳам унча қийин эмас. Бизнинг ўз тилагимиз ҳам, Шўролар ҳукуматининг бу кунги сиёсати ҳам бу фикрга тўғри келадир».
Революциядан кейин Ғарбий Европада ўқиётган биринчи ўзбек йигити Абдулвоҳид Муродийнинг бу мактуби, рағбати ва Туркистон ёшларига қизғин тарғибини кўрган тошкентлик бир гуруҳ маориф ва маданият ходимлари унинг моддий таъминоти учун пул тўплаб жўнатадилар. Булар орасида туркистонлик Саидносир Миржалолов (20 минг сўм), шоир Абдулҳамид Сулаймон (Чўлпон) (7500 сўм), Мунаввар Қори Абдурашидхонов, Шокиржон Раҳимийлар бўлган. Бундан ташқари Тошкент зиёлилари 2 декабрда бир адабий кеча уюштириб, ундан тушган фойдани (75 минг сўм) ҳам Германияга, Абдулвоҳидга юборганлар («Туркистон» газетаси, 1922 йил, 18 декабрь.)
Абдулвоҳид Муродийнинг замондошларидан бири, марҳум шарқшунос олим Лазиз Азиззоданинг хотирасида унинг инқилобдан бурун Маннон Уйғур, Абдулҳай Тожилар билан бирга 1916 йилиинг ёзида Шайхонтаҳурдаги Мерганча маҳалласида очилган муаллимлар курсини тамомлаганини биламиз; холос. (Лазиз Азиззода. «Саргузаштимдан бир лавҳа» (Кўлёзма, 20-бет. Шахсий архивдан.)
Шундай қилиб, ўзбек совет театрининг асосчиси Маннон Уйғур, таннқли жамоат арбоби Абдулҳай Тожи ва шарқшунос олим Лазиз Азиззоданинг мактабдоши тошкентлик Абдулвоҳид Муродий Берлиндаги Зироат академиясига бориб ўқиган биринчи ўзбек талабасидир. Бу ташаббус сал кейинроқ, 1922 ййлнинг августидан бошлаб Туркистондан Германияга бир гуруҳ маҳаллий йигит ва қиз қалдирғочларни ўқишга отлантиради. Бу ҳаракатнинг сабаб ва мақсадлари, келгусидаги аҳамиятларини шу даврда биринчилардан бўлиб, машҳур ўзбек шоири Абдулҳамид Сулаймон Чўлпон, Берлин университети талабалари Аҳмад Шукрий, Аҳмаджон Иброҳим ўғли ва Хайринисонинг отаси Мажидхонлар ўз мақола ва хатларида фахрланиб ёзадилар.
«Қизил байроқ»нинг сўнгги сонларидан бирида Оврўпаға ўқимоқ мақсадида бир ўзбек қизининг кетмакка ҳозирланғанлиғи ёзилғандир, — деб ёзади бу ҳақда шоир Чўлпон. — Биз сўнгги вақтларда ўзбек ёшларининг узоқ элларға, ёт юртларға кетиб билим орттирмоқ учун жуда қизиқиб борғанликларини кўриб севинмоқдалар. Бу ҳаракатга тўғридан-тўғри аралашаолмағанларнинг вазифаси восита билан бўлса-да кўмак қилмоқ, қўллашмоқдир. Бу ҳол бизнинг келгусимиз учун катта умидлар берганлигини унутмайлик.
Ўзбекистондан Париж саноат виставкасига вакил бўлиб борган Мажид Қодирий Берлиндаги талабалар даврасида. «Қизил Ўзбекистон» газетаси, 1925 йил.
Чор ҳукумати вақтида ички Россия мусулмонларини чўқинтирмоқ ишида Рустами зол бўлган бизнинг маълум Остроумов тўрамизнинг устоди саналган машҳур Ильминский чўқинтириш сиёсатининг пири бўлған Победоносовға ёзған хатида: «Ерлиқ халқ орасидан бизнинг учун фойдалик ва ҳеч бўлмаганда зарарсиз кишилар ўрусча тилни тутилиб, уялиб гапиратурғон, ўрусча ёзғонда бирмунча хато билан ёзатурғон, бизнинг губернаторимиздан эмас, ҳатто устал бошлиғи (мирза)миздан ҳам қўрқатурғон кишилардир», — деган эди.
Бунга қарши биз рус тили билан эмас, ҳатто Оврўпа маданий миллатларининг тили ва билими билан жавоб берсак, одам қатори яшамоққа албатта ҳақ қозонамиз.
Энди бу эзгу ҳаракатга тарихимизда кўраолмағанимиз бу нарса қўшилса, яъни ўзбекнинг эркин йигитлари эмас, тутқун қизлари ҳам Ильминский васиятига қарши исён бошласа, ўзи учун энг тотли бўлган элидан, ота-онасидан кечиб неча минг чақирим ерга кетсалар, одам қатори яшаш ҳаққини, туртки емасдан, урулмасдан кун кўриш ҳуқуқини ортиғи билан қозонаоламиз.
Ўзбек хотин-қизлиғи ҳуқуқ ва эрк учун кураш бошламоқда. Ўзбек қизининг Ғарбга, ғарбнинг чин билим, чин маданиятига қараб юриши унинг ҳақ-ҳуқуқини бутун элнинг ҳақ-ҳуқуқи билан бирга тез ва тез фурсатда қўлға келтурғусидир» (Абдулҳамид Сулаймон. «Истиқбол учун кураш». «Қизил байроқ» газетаси, 1922 йил, 2 сентябрь.)
«Кўмак»нинг ташаббусидан чексиз шодланган оталардан бири тошкентлик Мажидхон исмли киши ўз хатида қизи Хайринисо билан фахрланиб, маърифатпарвар зиёлилардан олган табриклари учун ташаккур изҳор этади: «Эзилган миллатлар қоронғуликда қолган юртини келгусида чин билим билан ёритмоқ учун бу йил хорижга кетган талабалар орасида қизим Хайринисо ҳам бор эди.
Билим учун узоқ элларга биринчи ўзбек қизини юбориш шарафи, шукрлар бўлсинким, менга насиб бўлмиш. Ҳозир мен шу муносабат билан ҳар ердан қутлаш хатлари олмоқдаман. Уларнинг ҳаммасига бирдан, айниқса, қизғин туйғулари билан қутлаган Масков ва Бокудаги талабаларимизға, Қозон ва Оренбург маданият ва маориф ходимларига, ёш шоиримиз Боту ўртоққа ташаккуримни билдириб, билим истаб дунёнинг ҳар томонига ёйилатурғон йигит ва қизларимизни «Кўпайсин!» — дейман. («Туркистон» газетаси, 1923 йил, 18 декабрь).
«Қизил байроқ» газетасининг мухбири Сирожий, Берлин дорилфунуни талабаларидан А. Иброҳимов, маҳаллий зиёлилардан Салимжон Тиллахоний ва бошқаларнинг мақолаларида эса шу йилларда Туркистон, Хева ва Бухородан Германияга ўқишга борган талабалар, уларнинг миллий состави ва жинси, немисларнинг уларга бўлган муносабатлари, талабаларнинг ўқиш ва маданий, маърифий ишлари ва бу соҳадаги турли муаммолар ўртага ташланади.
Сирожий «Германияда ўқиғувчи мусулмонлар» («Қизил байроқ» газетаси, 1922 йил, 21, 31 август) мақоласида Германияда ўқий бошлаган туркистонлик ёшлар, уларнинг миллий мансубияти, жинси ва сони, хорижий шарқдаги Арабистон, Ҳиндистон, Туркия талабаларига нисбатан қиёсий миқдори, бу ердаги туркий қавм талабаларига немисларнинг муносабати ва бунинг аҳамияти ҳақида бирмунча батафсил тўхталиб, ёзади: «Мактабга қабул қилингандан кейин Русия мусулмон ўқувчилари учун кечинишга пул топмоқ ғоят даражада қулайдир. Европа урушидан кейин турк қавмининг тилларини ўрганмакка немислар орасида буюк бир мароқ қўзғалди. Ҳар бир ўқиғувчи ўз қавмининг тилини олмонларға ўқитиб, маишатини таъмин қиларлик пул топаолур. Иккинчи йўл эса Шарқ кечалари ясашдир. Билетлари жуда қимматбаҳолик бўлса ҳам немислар Шарқ кечаларига зўр мароқ билан келурлар. Шунинг учунда Германияға борғувчи талабаларнинг миллий кийимлар олиб бормоқлари лозимдир…
Германияда мусулмон талабалари: Усмонли турклари — 1000. Буларнинг ҳам аксарияти хусусийлардир. Миср араблари — 400, татарлар — 40. Буларнинг 12 таси ҳукумат томонидан таъмин қилинадир. Озарбойжон туркларидан — 701, Қримлардан — 2; кавказлик тоғ халқларидан — 6; ўзбеклардан хусусий бўлароқ бир ўқувчиси бор. Шуниси ажабланарлики, усмонли турклар билан татарлардан бошқа ҳеч бир қавмдан Германияда ўқувчи қиз-хотинлар йўқдир.
Ҳозирда борадиган ўқувчилар ҳисоби: Бухородан — 46, булардан 2 таси татарлар, қолгани ўзбеклар; Хевадан — 5; Қозоғистондан — 15; Бошқирдистондан — 10; Татаристон — 10; Туркистондан боратурғон ўқувчиларнинг сони ҳозир маълум эмас… Булардан ташқари Тошкентдан хусусий бўлиб 5 ўзбек (буларнинг бири қиз), татарлардан 14 (буларнинг 8 таси қиз) кетадурлар».
Салимхон ва А. Иброҳимов ўртоқларнинг хатларида эса биринчи марта Германияга Туркистон ва Бухородан ҳукумат ва хусусий ҳисобдан кимлар ўқишга кетганлиги, уларнинг амалга оширмоқчи бўлган маданий-маърифий тадбирлари, ниятлари кўрсатилади. Уларнинг ёзишига қараганда, бу ўлкалардан Германияга Бухоро ҳукумати ҳисобидан Саидалихўжа, Аҳмад Шукрий, Абдусаттор Абдужаббор ўғли, Вали Қаюмлар ўқишга кетишган. Бундан ташқари Иброҳим Аҳмаджон ўғли, Султон Маматқулов, Тўлаган Мўмин ўғли, Темирбек Қозибек ўғли, Бетлеев, Азимбек Байрамжон ўғли, Абдураҳмон Муниббой ўғли, Хайринисо Мажидхон қизи, Солиҳ Муҳаммад ўғли, Абдувоҳид Исҳоқ ўғли, Абдуваҳоб Муродий каби ёшлар ҳар турли ўқув юртларида билим олишган.
Ўз таъминоти билан ўқийдиганлар Марям Жуманиёз қизи, Тоҳиршоҳ Гирий, Саида Шераҳмад қизи, Насриддин Шераҳмад ўғли, Фузаил Шераҳмад ўғли бўлганлар. (Салимхон. «Кўмакнинг жавоби», «Туркистон» газетаси, 1923, 29 июль). Улар Саидалихўжа раҳбарлигида Тошкентдаги «Кўмак» уюшмасининг Берлин бўлимини очиб, Германияда ўқиётган туркистонлик талабаларнинг маданий ва маърифий эҳтиёжлари, мақсад ва интилишларининг дастлабки самараси ўлароқ «Кўмак» номли бир ижтимоий-сиёсий, адабий ва илмий журнал нашр этмоққа киришганлар. «Кўмак» уюшмасининг фаолияти фақат ўзбек ёшларининг ўқишлари учунгина эмас, балки умуман Туркистондан келган барча маҳаллий ёшлар учун ҳам фойдали бўлганлиги сабабли бу уюшманинг номини «Ерлик халқ «Кўмак» уюшмаси» деб аташни таклиф этишган. (О. Иброҳимов. «Кўмак» уюшмасидаги ўртоқларимга», «Туркистон» газетаси, 1923, 14 март). Шундан кейинги йилларда Бухоро халқ республикаси ҳисобидан кетган Берлин дорилфунуни талабаси Саидалихўжа, Аҳмад Шукрий ва бошқалар томонидан Туркистондан борган маҳаллий талабалар иштирокида Берлиндаги «Озод шарқ» нашриётида «Кўмак» номли (ўзбекча илмий, адабий-ижтимоий) журнал, Фитратнинг «Ҳинд ихтилочилари» (1923), С. Айнийнинг «Қиз бола ёки Холида» (1924) номли ахлоқий-дидактик асарлари ҳам нашр этилган. Бу журнал ва китоблар ўша даврда фақат Советлар Россияси ва Туркистон республикаси, Хева ва Бухоро зиёлилари орасидагина эмас, балки Германиядаги барча Туркистон, Қрим, Кавказ, Татаристон талабалари, немис зиёлилари орасида ҳам тарқалиб, ўқила бошлаган. Туркистон тарихи, адабиёти, тилига катта қизиқиши бўлган немис хонадонларида ҳам ушбу нашрларни ўқиб беришган.
«Кўмак»нинг биринчи сони Берлинда Саидалихўжа муҳаррирлигида чиқади. Журналда талабаларнинг «Тилакларимиз» ва «Олмонияда Туркистон талабалари» номли бош мақоладан ташқари, муҳаррирнинг «Ақл ва сезги, ёки мия ва юрак», «Осиёнинг оқ ўғли» мақолалари ва «Оврўпада» номли шеъри, Берлин университети фалсафа факультетининг талабаси Аҳмад Шукрийнинг «Турк адабиётида идеализм ва реализм», «Чўлпон — Чўлпондир» номли мақолалари ва шоир Чўлпоннинг «Кетганда» номли лирик шеъри босилгандир.
«Тилакларимиз» мақоласида Оврўпога ўқишга келган туркистонлик талабаларнинг илм йўлидаги буюк мақсадлари, келгуси орзулари изҳор қилинса, Аҳмад Шукрийнинг «Турк адабиётида идеализм ва реализм» мақоласида озарбойжонлик фожианавис Ҳусайн Жовиднинг «Шайх Санъон» ва ўзбек ёзувчиси Фитратнинг «Ҳинд ихтилочилари» асарлари қиёсий солиштирилиб, уларнинг ҳар бирига хос бадиий-ижодий хусусият ва муштарак томонлар таҳлил этилади. Аҳмад Шукрийнинг «Чўлпон-Чўлпондир» мақоласида эса ўзбек шоири Чўлпон шеърларининг лирик жўшқинлиги билан буюк инглиз драматурги Шекспир асарларининг руҳий йўналишларидаги муштаракликлар ва ўзига хосликлар кўтаринки бир илҳом билан талқин қилинади: «Чўлпон оти қулоғимга кирдикча кўзимга Шекспир руҳи кўринадир-да турадир. Шекспир лиризмаси билан Чўлпон шеърияти орасида нақадар айирма ахтарсам-да, они топаолмадим. «Уйғониш»ни неча топқирлар ўқиб чиқдим. Шекспирни мутолиа этдим.
Энг сўнг «Шекспир Чўлпон ёхуд Чўлпон Шекспирдир» фикрига келдим. Чўлпон шеърлари Шекспир жўшқинлиғи билан тўладир. Чўлпон оқ кўнгиллиги Шекспир самимийлигидан ўтадир. Чўлпон бизда севги тангриси, сезги яратғувчисидир, Чўлпон лирик. Чўлпон шоирдир. Чўлпон Чўлпондир» («Кўмак», Берлин, 1923, № 1. 19—20-бетлар).
Саидалихўжанинг «Осиёнинг оқ ўғли» мақоласида эса Германияга Япония, Хитой, Ҳиндистон, Эрон, Афғонистондангина эмас, балки Бухоро, Туркистон, Кавказ, Қирғизистон, Татаристондан талабаларнинг кўплаб келиши сабаблари кўрсатилади. Шўролар ҳукуматининг Германияга Туркистондан талабалар юборишга ёрдамларини собиқ чор мустамлакачиларининг мазлум халқларга нисбатан тутган миллатчилик сиёсатига қарши адолатли, доно Шарқ сиёсати сифатида баҳоланади. Ва Осиёдан Европага бориб ўқиш истагининг кучайиш сабабларига тўхтаб: «Коммунизм фикри бурун қаердан чиққан? Коммунизмнинг отаси Карл Маркс қаерда туғилиб, қаерда яшаган? Русияда Коммунизмни вужудга чиқарған Ленин ўз фикрларини Оврўпада ўйлаб юрган эмасми?» — дейди ва давом этади: «Шўролар ҳукумати Оврўпаға Осиёдан талабалар юборув билан ишда ўзининг Осиёға яхши қарашини бутун ер юзиға кўрсатмадими? Русия миллатчилари — колонизаторларининг юракларини шул иш билан эзмадими? Шул иш билан эски ҳукуматнинг юзига қора суркамадими? (Ўша журнал, 15-бет).
Шу йиллар Туркистон Коммунистик партияси Мусбюросининг раиси ва Туркистон АССР Халқ Комиссарлар Советининг раиси (1921—1924) Турор Рисқулов бир ой Германияда бўлиб, у ердаги Туркистон ва бухоролик талабалар аҳволи, ғоявий-сиёсий кайфиятлари тўғрисида ўша вақтлари тарқалган баъзи миш-мишларнинг ёлғонлигини кўрсатиб, у ердаги ҳақиқий аҳвол ҳақида шундай деб ёзган эди:
«…Германияга юборилган ўқувчилар мактабга киролмай Туркияли ва бошқа сиёсий қочоқларнинг таъсирига берилган деган хабарлар тарқалди. Иккинчидан, Германиядаги ўқувчилар моддий муҳтожликларини ёзиб ёрдам сўрадилар…
Туркистон ўқувчилари 11, Бухоро ўқувчилари 47 кишидир. Туркистонлиларнинг 7 таси ўзбек, 4 таси қозоқдир… Туркистон ўқувчилари ўз вазифаларини яхши тушунадилар, ундан кейин юртларига қайтнб ўз халқ ва ҳукуматига фойда келтнриш ҳаракати бор. 4 ўзбек техника академиясида, 2 қирғиз қишлоқ хўжалик академиясида, икки ўзбек (бири қиз) гимназияда ва бир ўзбек дорилфунунда (тиб шўъбасида) ўқимоқдалар.
Берлин дорилфунунида 7 киши бўлиб, ҳар қайси турли факультетлар (тиб, фалсафа, сиёсий иқтисод, олий техникалар мактабининг бинокорлик шўъбаси)га бўлинган.
Бухоролилардан ўзбеклар 35, татарлар 8 (буларнинг 4 таси қиз), туркистонлилар 5, яҳудийлардан 1 киши…
Немис тилини тезроқ ўрганиш учун бутун ўқувчилар оилаларға жойлашганлар… Рус сиёсий қочоқлари билан муомалада бўлмасалар ҳам, шарқ сиёсий қочоқларн (турклар, татарлар ва бошқалар) билан учрашганлар, бироқ уларнинг ўқувчиларға бирор таъсири тегмаган» (Турор Рисқулов, «Германиядаги ўқувчиларимиз», «Туркистон» газетаси, 1923, 19 декабрь).
1924 йилларнинг охирларига келиб, Германияда ўқиётган Ўрта Осиёлик талабаларнинг немис оилалари ва ўқувчилари билан муносабатлари, немнсларнинг Туркистон тарихи, тили ва унинг талабаларига қизиқишлари ҳақида туркистонлик Берлин дорилфунунининг талабасн Эртойнинг мақоласида яна ҳам батафсилроқ маълумот берилади: «Германияга эндигина келганимизда кўп миллат мухбирлари биз билан кўришиб ҳам кетдилар… Ҳар қандай немис бизни оиласига қўшиб олиш учун эшикларини очиб қўйди. Оддий муаллимдан бошлаб, дўхтури, профессори тил ўрганишимиз учун қўлидан келган ёрдамини аямади.
Германлар дунёни севганлари каби Туркистонга ҳам жуда қизиққанлардан эканлар. Кўзимиз билан кўрганимиз учун бу ерда очиқ айтишимиз керакки, улар мамлакатимизни, тарихимизни, истиқболимизни бир туркистонликдан ортиқ биладурлар, танийдирлар. Юртимиз тўғрисида биз учун энг муҳим бўлған китоблар ёзиб, бошқа тиллардан ҳам таржима қилғанлар…
Ҳар миллат маданиятининг туб булоғи бўлған оддий мактаблар Германияда мукаммал йўсунли режаға олиниш баробарида ўзича бир дунёдир. Бу хайрлик дунёда келғусига тайёрланиб турған герман ёшлари орасида бизнинг ўқувчиларимиз ҳам етишиб келурлар… Яна биз учун унутилмас бир яхшилик қилдиларки, туркчамизни Оврўпа тиллари қаторига қўшдилар. Ўрта мактаб имтиҳонларида француз ёки инглизча ўрнида ўз она тилимизда синаш берамиз» (Эртой, Берлин, «Германияда Ўрта Осиё талабаларининг 2-йили», «Туркистон», 1924 йил, 2 сентябрь). Мақолада Германиядаги туркистонлик илғор талабаларни носоғлом мафкура таъсиридан қутқариш ҳақидаги айрим ўринсиз ташвишлар ҳамда «Туркистон талабалари бирлиги»нинг вазифалари ҳақида бундай дейилади: «Билол ва Мурод ўртоқлар бир йилдан сўнг мактабларини битиришлари керак, Аҳмаджон катта имтиҳонга тайёрланиб турадир… Дорилфунун профессорлари туркистонлик студентлардан хурсанддирлар.
Германиядаги Туркистон ўқувчилари орасида бнринчи гал яхши синашлар билан Берлин Обер (юқори) реал мактабини битирган Солиҳ Муҳаммад ва Primaға тайёрланған Баҳовиддин Амин ҳам Саттор Жаббор каби ўртоқлар чиқди.
Орамизда Марямхон, Хайринисо, Саидахон отлиқ ўқиш учун мамлакатимиздаги тўсиқларға қарши Оврўпаға отланган фидойи қизларимиз ҳам бор. Уларнинг ўқишлари яхши. Бироқ, Хевалик Марямхон моддий томондан яхши таъмин қилинмагани учун йўлларида кўп чатоқликлар кўрадир. Чиндан ҳаёт хотини бўлмоқ ва Туркистонда қолғон опа-сингилларининг истиқболи учун ҳеч ким кўрсатмас қаҳрамонлик қилиб келган қимматлик қизимизға Хоразм жумҳуриятининг шундай совуққонлик билан қарашиға Туркистон ёшлари таассуф этаолмай тураолмайдурлар. Бухоро таъминотидаги татар қизларидан Руқия ва Гулсум опалар Дрезден қизлар гимназиясидадирлар. Ёт элларда бир-бирларидан дараксиз бўлиб кетмасликларини кўзда тутуб, келгусида «Умумтуркистон талаба бирлиги» тузиш нияти билан иккинчи йил бўлди Германияда «Туркистон талаба бирлиги жамияти» қурилиб ишга бошлади.
Жамият Германия ҳукумати томонидан расмий тасдиқ қилиниб, студент дунёсиға ўзини танитиш билан букун Ўрта Оврўпадағи турли миллатлар талабалари бирлиги сирасиға қўшди.
1. Жамият бутун туркистонлиларни (ўзбек, қозоқ, туркман) ўз ичига олур ва Туркистоннинг маъориф ва маданияти учун йўллар очар.
2. Оврўпа илм-урфонини Туркистонға танитмоққа ва Туркистон талабаларини Оврўпаға жалб қилмоққа ва мактабларига ерлаштирмоққа киришарлар. Туркистон қўл саноатини тадрижан бўлса ҳам фанийлаштирмоққа, бу йўл билан Туркистон фуқаросини капиталистлар асоратидан қутқармоқликни биринчи мақсад деб билар, ҳамда Туркистонни Оврўпаға танитмоққа ҳаракат этар…
Туркистон, Озарбойжон, Русия жумҳуриятлари талабалари[1], Туркиядағи ўқиғувчи ўртоқлар билан алоқа боғлаб танишмоқдамиз…
Яқин замондан бери Туркистон жумҳурияти ва Шўролар Россиясида «талабалар Оврўпонинг бузуқ фикрлик кишилари таъсирида, уларни қайтариб олмоқ лозим, йўқса бир кун бошимизға бало бўлур» каби бўлмаған сўзлар туғулғонини эшитиб ҳайрон қолмоқдамиз. Ҳаммага маълумки, Туркистон талабалари Оврўпаға сиёсат билан аралашмоқ учун келмадилар, Германияга келганимизга икки йил бўлди. Шу вақтғача орамизда бирор кимса сиёсат билан шуғулланмади. Аммо Берлиндаги Русия Шўролар сафорати билан жуда яқин алоқамиз бор…»
Газетада Эртой мақоласига қўшимча тарзда «Германияда Туркистон ва Ўрта Осиё ҳисобидағи студентлар тубандагича» деган ном остида бир жадвал ҳам берилади. Жадвалга кўра, Туркистондан шу даврда Германиядаги Берлин Олий Зироат мактабида Абдулваҳоб Мурод, Азим Байрамжон, Солиҳ Муҳаммад, Темирбек, Олий техника мактабларида Саидалихўжа, Аҳмаджон Иброҳим, Султонбек, Билол, Тўлаган Мўмин, тарих-фалсафа факультетида Аҳмад Шукрий, тиббиётда Шамсулбарот хоним, муаллималикда Гулсун Музаффар, Бухоро Совет Халқ республикасидан Берлиндаги олий техника мактабининг архитектура бўлимида Афзал, тиббиётда Аҳмад Нойим ва бошқа маҳаллий ўзбек, татар, қозоқ йигит ва қизлари ўқиб турганлар.
Лекин уларнинг кўпчилигининг кейинги ўқишлари, сўнгги меҳнат ва илмий фаолиятлари, совет Ўрта Осиёсининг янги маорифи, маданияти, илм-фани, маърифати тарихидаги ўрни ва ишлари ҳақида ҳозирча етарли маълумотлар йўқ.
Сўнгги йилларда эълон қилинган баъзи манбаларга қараганда 20-йилларнинг бошида «Кўмак» уюшмасининг ёрдами билан Германияга ўқишга кетган Вали Қаюмхон каби айрим талабалар кейинчалик немис разведкасига ишга ўтиб кетганлар. (Маҳмудбек Олқарли, Саид Маъруф Каримий «Туркистонни озод қилмоқчи бўлганларнинг ҳақиқий башараси», Т. 1961, 31-бет) Солиҳ Муҳаммад, Марям Султонова, Зайнаб Аллашукурова каби йигит ва қизларимиз эса, аксинча, ҳеч қандай гуноҳлари бўлмагани ҳолда фақат Германияда ўқиб келганликлари учунгина ноҳақ жосусликда айбланиб, даврининг қурбонлари бўлганлар (Ислом Усмонов. «Қайтмас тўлқинлар», «Ёш ленинчи», 1987, 14 март). М. Ҳасанов, Файзулла Хўжаев ҳақидаги «Халққа бахшида умр» мақоласида ёзишича («Ўқитувчилар газетаси», 1989,11 март), уларнинг номлари узоқ йилларгача қатағон қилиниб, ҳатто тилга ҳам олинмаган. Хуллас, 20-йилларнинг ўрталарида Германиянинг турли олий ва ўрта махсус ўқув юртларида ўқиган ўзбек, татар, қирғиз, қозоқ йигит ва қизларининг кейинги тақдирлари қандай кечди, уларнинг ҳаммаси ҳам шундай фожиага учрадиларми, турли сабаблар билан омон қолганлари ҳам борми? Бу масалаларни ўрганиш ва Зниқлаш зиёлиларимиз «Ватандош» жамияти аъзолари ва кенг жамоатчиликнинг навбатдаги муҳим вазифаларидан биридир.
“Ёшлик” журнали, 1989 йил, 7-сон
[1] Абдулла Қамчинбекнинг «Туркистон» газетаси 1924 йил 17-февраль сонида босилган «Русияда Туркистонлик ўқувчилар» номли мақоласида айтилишича, ўша вақтда «Москва, Ленинград ва Қозонда Туркистон ўқувчилари: ўзбеклар — 43; қирғиз-қозоқлар — 84; туркман — 2; тожиклар — 12; уйғур — 8; ҳаммаси 271. (Шулардан 4 ерлик хотин-қиз бўлган). Бундан ташқари Шарқ дорилмуаллимида ўқувчилар: ўзбеклар — 32; қозоқ-қирғизлар — 34, уйғур — 14; татарлар — 27; туркманлар — 19; оврўпалилар 2 киши (бундан биттаси ерлик хотин-қизлардан бўлган).