Ҳар бир миллий адабиётда вақти-вақти билан шундай асарлар пайдо бўладики, уларнинг аҳамияти таркибидаги бадиий, эстетик, маърифий қиммат билангина эмас, балки, биринчи галда, жамиятга кўрсатадиган катта ижтимоий-сиёсий таъсири билан белгиланади. Муҳаббат ва нафрат, ҳақ ва ноҳақлик, имон ва риё каби алоҳида мавзулар бўрттириб марказига чиқарилган, маълум гуруҳ ёки ёшдаги кишилар танлаб (таъбига қараб) ўқиши мумкин бўлган китоблардан фарқ қилароқ, бу асарларни бутун миллат – ёши ва жинси, жамиятдаги мавқеи ва вазифаси, дунёқараш ва савиясидан қатъи назар – ўқимоғи, англашга уринмоғи ва дил-дилдан ҳис этмоғи керак бўлади. Чунки бундай асарларда айни халқнинг муҳим бир тарихий босқичдаги аҳвол-руҳияси, маънавий-имоний қиёфаси ва тахминий келажаги яхлит ҳолда ўз аксини топади. Энди бу тақдир биргина инсон ёки оиланики эмас, бутун миллат ва мамлакатники экани билан диққатни ўзига тортади.
XX аср бошида ўзбек адабиётида бундай асарни Абдулла Қодирий битди ва унга “Ўткан кунлар” дея тагдор ном берди. Ижтимоий-тарихий таҳлил жиҳатидан чуқур ва шафқатсиз реалистик асосга қурилган ушбу романнинг етакчи фикрий қаҳрамони, юртнинг бу юрт танимаган маънавий отаси Юсуфбек хожи ўзининг сўнгги суҳбатида Ватан ҳимоясининг энг олд жабҳасида шаҳид кетажак ўғли Отабекка қалбини очиб, қуйидаги аччиқ башоратни қилган эди:
“… Иттифоқнинг не эканини билмаган, ёлғиз ўз манфаати шахсияси йўлида бир-бирини еб-ичкан мансабпараст, дунёпараст ва шуҳратпараст муттаҳамлар Туркистон тупроғидан йўқолмай туриб, бизнинг одам бўлишимизға ақлим етмай қолди. Биз шу ҳолда кетадирган, бир-биримизнинг тегимизга сув қуядирған бўлсақ, яқиндирки, ўрис истибдоди ўзининг ифлос оёғи билан Туркистонимизни булғатар ва биз бўлсақ ўз қўлимиз билан келгуси наслимизнинг бўйниға ўрис бўйиндириғини кийдирган бўлармиз. Ўз наслини ўз қўли билан кофир қўлиға тутқин қилиб топширғучи – биз кўр ва ақлсиз оталарға худонинг лаънати албатта тушар, ўғлим! Боболарнинг муқаддас гавдаси мадфун (дафн этилган – таҳр.) Туркистонимизни тўнғузхона қилишға ҳозирланған биз итлар яратғучининг қаҳрига албатта йўлиқармиз!..” (Қаранг: Абдулла Қодирий. Рўмонлар. Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа бирлашмаси. Т.: 1992 йил. 237-238 саҳифалар.)
Орадан роппа-роса етмиш йил ўтиб яна бир миллат китоби – Тоғай Муроднинг “Отамдан қолган далалар” романи дунёга келди. Бу асар Юсуфбек хожи башорати рўёбга чиқишидан, яъни Кумушбиби ўлган сана – 1853 йилдан муқаддима олиб, то миллатимиз мустақилликка эришгунга қадар ҳукм сурган “ўрис истибдоди”нинг 130 йиллик тарихи ва табиатидан ҳикоя қилади.
Айни тарих ҳозирга қадар турли жанрларда яратилган ўнлаб асарларда ҳам муайян даражада талқин этилган эди. Бироқ Тоғай Мурод адабиётимиз тарихида биринчи маротаба истибдод, миллий геноцид ҳодисасини яхлит, бутун кўлами ва бор табиати билан чуқур ва кенг, бадиий оригинал шаклда қайта яратишга жазм этган ва айтиш мумкинки, бу мақсадига аксарият ҳолда эришган ҳам. Қолаверса, ёзувчи танлаган жанр бошқа бирорта жанр қобиғига сиғмайдиган қувватга – тириклик моҳиятини, инсон табиатини беҳисоб усулларда кўриш-кўрсатиш, руҳий таҳлилнинг, бадиий приём ва санъатларнинг исталган шаклидан фойдаланиш имкониятига эгадир. Зеро, реалликни тилга киритишнинг, бу реаллик бағридаги жамики ранглар ва оҳангларни юзага чиқаришнинг энг самарали шакли ва усули романдир.
Ёзувчи бу асарни яратгунга қадар ўнлаб ҳикоялар, “Юлдузлар мангу ёнади”, “От кишнаган оқшом”, “Ойдинда юрган одамлар”, “Қўшиқ” сингари қиссалар ёзган, ўзининг бошқаларникига сира ўхшамайдиган усулини, ҳикоя тарзи ва оҳангини топишга улгурганди. Тоғай Мурод ўз асарлари, айниқса, “От кишнаган оқшом” қиссасидаёқ инсон қадру қиммати, кишининг дунёда бажариши лозим бўлган вазифаси, оломон ҳодисаси ва унинг миллат тақдиридаги роли муаммоларига жиддий қарай бошлаган, айни масалаларни қуруқ публицистик услубда ёхуд юзаки талқинда эмас, балки бениҳоя ширали тил ва оҳангда, чуқур психологик кўламларда таҳлил этган эди. Бу тажрибалар ёзувчига, юқорида айтганимиз, ўта масъулиятли мавзуни дадил кўтариб чиқа олишида ишончли замин бўлди.
“Отамдан қолган далалар” саҳнага якка шахсни, айрим инсонлар характеринигина эмас, балки инсон қиёфасига сингдирилган, яна ҳам тўғрироғи, инсоний қиёфа ўрнини эгаллаб олган, одам боласини, бутун бир миллатни ўзи тўғрисидаги тушунчадан маҳрум этган тузумлар, мафкуралар, даврлар характерини, руҳияти, мақсад ва моҳиятини ҳам олиб чиқди. Худди шу тафайли романнинг асосий қаҳрамонлари исми ортидан битта одамни эмас, камида битта тузумни, камида битта миллатни, камида битта мафкурани излаш тўғрироқ бўлади ва бунга муаллиф ҳам очиқ ишора қилади.
“Оқподшо бетини кўрмайин-да, куймайин-да” деб хос, покиза даласини тўнғизларга – келгинди босқинчиларга бўшатиб бериб тоққа чиқиб кетган ва у ерда ҳам кучи кетмон чопишгагина етган Жамолиддин ва Салоҳиддинлар XIX аср иккинчи ярми Туркистонининг; “Эл-юртга шундай деб айт. Эл-юрт қизиллар иғвосига учмасин. Мен қизилларни битта қўймай қираман” дея ёв билан эркакларча курашиб, буғдойзорда ўлиги қолган Ақраб (Чаён) XX аср бошидаги Туркистон миллий озодлик ҳаракатининг; ҳаёти тўғрисидаги ҳар бир ҳикоясини “болаларим”, “юртим”, “уйим” ёхуд “мен” деган тушунчалар, инсон қадр-қимматини англатувчи сўзлар билан эмас, балки нуқул “далаларим”, “ғўзаларим”, “кўсакларим”, “бечиринди гўнг” дея бошлайдиган, Сурхондарёда яшаб туриб хурмо билан помидорнинг фарқига бормайдиган зурёд – келажак ўстираётган, охир-оқибат ўз нажасини ейишга мажбур этилган Деҳқонқул ХХ асрнинг 30-80 йиллари мардумларининг йиғма, яхлит исмларидир. Оқподшо, Кайшовский, Успенский, Полтарацкий, Қизил, Клара Ходжаевналар эса кўзланган мақсад-манфаатга қараб турфа шамойилга кирган манфур тузум, сиёсат ва мафкуранинг хос номлари.
“— Э-э, Кетмон, Кетмон. Сенга кетмон бўлса бўлди. Сен ҳам одамдай бўлиб, кетмондан бош кўтарсанг экан, дунёдан хабардор бўлсанг.
— Мана, кетмондан бошимни олиб ўтирибман.
— Қорнинг очгандир-да. Бўлмаса, кетмондан бош кўтарармидинг.
Салоҳиддин бўйрачи шундай дея, йўл бош-адоғига қараб олади. Бобомиз олдига лип этиб сапчиб ўтади. Бобомиз қабатига чўкади. Бобомиз билан елкама-елка бўлади.
— Фарғонага Оқподшо келди, – дея пичирлайди.
— Муллалар Оқподшо бизни ололмайди, деятиб эди-ю?
— Олибди-да.
— Қўқондан Олимқул лашкарбоши Чимканга лашкар тортиб кетибди, деятиб эди-ю?
— Олибди, олибди. Ололмас экан-у, Бухоро амири Музаффархон ўтириб қўйибди. Олимқул лашкарбоши Чимканда Оқподшо елкасини ерга теккизибди. Оқподшолиларни битта қўймай қиличдан ўтказмоқчи бўлиб турса, Музаффархон бизнинг Қўқонга дафъа қилибди.
— Бўламан дегич эл, бир-бирини ботирим дейди, бўлмайман дегич эл, бир-бирини этини ейди”. (Тоғай Мурод. “Отамдан қолган далалар” романи. “Ёшлик” журнали. 1993 йил. 1-сон.)
Мунаввар Қори, Беҳбудий, Фитрат сингари маънавий оталари маҳв этилган юрт болаларини муқим инсоний исм ва қиёфасиз, эътиқод ва маслаги сароб бўлмиш Кимё, Физика, Жуғрофия сингари “устозлар” тарбиялайди. Сабоқ бериладиган жой эса на мактаб, на-да мадраса, балки тўрт томони пахтазор, кимёвий заҳарланган дала. Инсон, бола руҳини уйғотиши лозим бўлган Адабиёт бўлса (бу энди фақат мактабдаги фан эмас!) Директор (фақат юқорининг кўрсатмасини бажариш учун қўйилган маҳаллий ҳокимият)нинг буйруғига кўра “чопқиллаб” бориб, Зиёднинг (ЗИЁнинг деб ўқинг!) “елкалари оша, беллари оралатиб” уриш учун ғўзапоядан хивич тайёрлаб бериб туради:
“Ғўзапоя елкаларим оралаб-оралаб тушади. Зарбли-зарбли тушади. Тарс-тарс тушади.
Иккита кўк кўсак елкаларимдан оёқларимга учиб тушади.
Уст-бошим етти қабатлигидан кўк кўсак таёқ ўтмайди.
Кўк кўсак таёқ энди қўлларим оралаб-қўлларим оралаб тушади. Таёқ ўтади – ана шунда ўтади!
— Энажон, ўлдим-е, энажон-е!.. – дея зор-зор йиғлайман.
— Бажараман де, бажараман де!…
— Бажараман, жон домла, бажараман!…” (Ўша асар)
“Кунда” романи муҳокамасига бағишланиб “Вопросы литературы” журнали (1987 йил)да ўтказилган давра суҳбатида “Агар Маркс “Дин – халқнинг афюни” эканини ўзича исботламоқчи бўлган бўлса, Чингиз Айтматов ушбу романида афюннинг халқ учун дин – эътиқод бўлиб бораётганини кўрсатади” деган мулоҳаза айтилганди. Агар “Отамдан қолган далалар” романида марказга чиқарилган ғояни қисқа ва аниқ ифодалаш талаб этилса, бемалол айтиш мумкинки, Тоғай Мурод бу асари билан қадрсизлантирилган, мажбурий, онг ва тафаккур эш бўлмаган қора меҳнат халқ учун ҳам дин, ҳам афюн бўлиб қолиши мумкинлигини исботлади, жонли намойиш қила билди. Бобоси ва отасидан фарқ қилароқ, асарнинг марказий қаҳрамони Деҳқонқул бирор маротаба Аллоҳнинг номини-да тилга олмайди, масжидга чиқиш ёхуд номоз ўқиш, қалбан ибодат қилиш тўғрисида-ку, гапирмаса ҳам бўлади. Ўз яратувчисини танимаган, унга эътиқод қилмаган, танимоғи ва эътиқодли бўлмоғи учун фурсати қолдирилмай, меҳнатга қулдек боғлаб ташланган инсоннинг ўзини танимоғи, ўзига эътибор қилмоғи душвор экани романда бутун даҳшати, баъзан эса, ҳатто натуралистик даражадаги кўринишлари билан намоён бўлади. Шу нуқтаи назардан айтганда, агар Энгельс ўзининг ҳозирда танқидий ўрганилаётган ғалати машҳур асарида “Маймуннинг одамга айланишида меҳнатнинг роли”ни ўзича исботламоқчи бўлган бўлса, Тоғай Мурод бу романи билан бунинг айнан аксини – одамнинг онгсиз, нафсониятсиз, ҳуқуқсиз махлуққа айланишида яна ўша меҳнатнинг “улуши”ни бўрттириб кўрсатади.
Романни ўқигач, халқ оммасининг тарихий тараққиётдаги ўрни (бу ерда сиёсий, ҳуқуқий, маънавий маданиятнинг қайси поғонасида турган халқ тўғрисида гап кетаётгани эътиборга олиниши зарур, албатта!) тўғрисида ҳар қанча тўлқинланиб гапирилмасин, барибир тарихни, тараққиётни ШАХСЛАР (бу – бир-икки одам дегани эмас, асло!) бошқаришига яна бир карра амин бўламиз. Барча мустабид тузум ва унинг “доҳийлари” кўтарган байроқда, бир шиор – ё ошкора ёхуд пинҳона – албатта, бўлади: жамиятдан шахсларни йўқотиш! Гитлер фашистик режимининг, Сталин диктаторлик тузумининг шахсларга қарши олиб борган қатли омларини эсланг. Зеро, шахссиз оммани хоҳлаган шаклга солиш, исталган куйга муқом қилдириш мумкин.
Эътибор берсангиз, романда Номоз исмли шахс оломонни бир муддат ҳақни билишга, Аллоҳни танишга, миллий ғурурини англашга чорлайди. Халқни мустабидлар истибдодига қарши курашга даъват этади, бу улуғ курашнинг олд сафларида унинг ўзи боради. Руҳланган омма босқинчилар устидан муваққат ғалаба ҳам қозонади, майдонларда байрам ҳам қилади. Бироқ Номоз жисмонан маҳф этилгач (унинг ҳам “сопи ўзидан чиқарилади”!), ҳаммаси яна ўрни-ўрнига тушиб қолади. Кечагина масжид майдонига ғазовотга чиққан эл бирдан пилдир-пис бўлиб, “тарих ғилдирагини айлантириш”дек “улуғ юмуш”га яна юввошгина бўйин эгади, жуда нари борса кейинроқ, қора меҳнатдан пича ҳоли дамлари “оқподшонинг зулми тўғрисида”ги қўшиқ ва термалар, тарихлар тўқишга ўтиради…
“Мен бир бурчакни олиб ўтирдим. Қўл қовуштириб ўтирдим. Тўрга қараб ўтирдим.
Тўрдагилар чапак чалса, мен-да чалдим. Тўрдагилар оёққа турса, мен-да турдим.
Мен тўрдан кўз узмай ўтирдим.
Шунда, тўримда ўтирмиш бир катта кўзларини бет-бошим лўқ этди.
Мен юзларимни девор буриб ўтирдим.
Катта ҳамон бетимдан кўз олмади.
Мен ёмон ҳолда қолдим. Бошимни тиззам эгдим. Оёқлибосларим учига боқдим…
Мен жойимдан туриб кетайин, дедим. Тағин, қўй, дедим. Катталар олдида қоқилиб кетиб шарманда бўлма, дедим.
Катталар бири қўйиб, бири сўзлади.
Бир катта бир нима ўқиб-ўқиб берди.
Бир катта қўл пешлаб-қўл пешлаб эътироз билдирди…
Мен музтар бўлиб-музтар бўлиб анжуман қаритдим…”
Биз ҳозирга қадар романнинг ғоявий пафоси билан боғлиқ айрим мулоҳазаларни айтдик. Хўш, айни дарднинг реаллашув, изҳор жараёни қандай кечади, ўқувчига берилаётган сезим нималар эвазига кучаяди, асарнинг шу жанрда ёхуд айни мавзуда ёзилган бошқа асарлардан фарқли жиҳатлари қаерда, бадиий янгилиги нимада?
Бу саволларга асардаги биргина компонент – қаҳрамон масаласининг қандай ҳал этилганини кузатиш орқали жавоб изласак.
“Романнинг қатъий талаби – бевоситалик, – дейди испан олими Ортега-и-Гассет. – персонажнинг қандай экани ҳақида менга сўзлаб берманг, мен унинг ўзини кўришим керак. Роман қаҳрамонларининг ҳаёти тўғрисида гапириб бериш эмас, бу ҳаётни намойиш қилмоқ лозим… Қаршимизда нарсаларнинг ўзи турса, шунда улар тўғрисидаги изоҳга ҳожат қолмайди. Қаҳрамонни изоҳлаш (характерлаш)га уриниш романнависнинг асосий хатосидир” (Қаранг: Хосе Ортега-и-Гассет. “Мысли о романе”. «Вопросы литературы» журнали. 1991 йил февраль сони, 100-саҳифа.)
“Отамдан қолган далалар” қаҳрамонни айни шундай – бевосита кўрсатиш йўлини қатъий тутган, тасвирга таҳлил сингдириш принципини роман услуби даражасига олиб чиққан асардир. Асар биринчи шахс – бош қаҳрамон тилидан ровийлик қилиш шаклига қурилган бўлиб, бундаги бевоситаликка ҳаттоки муаллиф ҳам дахл қилолмайди. Ҳикоялашнинг бу тарзи адабиётшуносликда муайян ноқулайликларга, чекланишларга олиб борувчи йўл ҳисобланса-да, айни романнинг қаҳрамони руҳи мантиқи, у ўзига талаб этадиган очиш-очилиш усулининг энг самаралиси шудир. Негаки, Деҳқонқулни бафуржа ўйларга толдириш, ўз-ўзини, ўтаётган умрини таҳлил этишга-да вақти йўқлигини бўрттириб кўрсатиш учун орага бошқа ҳеч ким, ҳатто қаҳрамоннинг мудроқ ўзлиги ҳам аралаштирилмайди.
Асарнинг аксарият персонажлари, айниқса, Деҳқонқул қанча умумлашма, типиклаштирилган образ бўлса, шунчалик индивидуал ҳамдир. Бу ҳолатни изоҳлаш-чун муаллиф услубига кенгроқ тўхталиш лозим бўлади. Унинг романга қадар битган қиссаларини хотирлсак, уларнинг марказий қаҳрамонлари қишлоқнинг содда, тўпори, эркин табиатли одамлари эканини кўрамиз. (Қишлоқда бунга терс характерли, унча-мунча Остап Бендерларни йўлда қолдирувчи инсонлар ҳам, албатта, топилади!) Ҳикоялаш тарзи ҳам, хоҳ у қаҳрамон, хоҳ учинчи шахс тилидан бўлсин, айни шу одамлар руҳидан, даражаси ва кайфиятидан келиб чиқар, ҳикоя тилидаги бениҳоя эркинлик воқеа ва персонаж жозибасини, ҳатто, экзотик даражада қизиқарлилигини таъмин этар эди (“Юлдузлар мангу ёнади”, “От кишнаган оқшом”, “Ойдинда юрган одамлар” қиссаларини эсланг).
Орада Тоғай Мурод “Қўшиқ” (“Момо Ер қўшиғи”) номли қисса ёзди ва унда, асосан, зиёлилар образини яратишни мақсад қилди. Бироқ ёзувчи бу муҳит, бу инсоний оламни ҳам аввалги услубда очишга беҳуда уринди. Менимча, қисса муваффақиятсизлигининг бир (балки асосий!) сабаби – унда ёзувчи қўлига қалам тутқазган нарса холис, чуқур тинган мулоҳаза, самимий илҳом эмас, балки, ҳаётий оппонентларидан “бадиий ўч” олиш, уларни, нима қилиб бўлмасин, “фош этиш” иштиёқи бўлгани эди. Мана шу ижодий тажанглик ҳолати муваффақиятсизликнинг, юқорида айтилган иккинчи сабабини ҳам бошлаб келди. Яъни, тўпори чавандоз Зиёдулла (“От кишнаган оқшом”) қалбига солинган, фақат бир марта ишлатишга яроқли калит, дейлик, Даҳонинг (“Қўшиқ”) юрагига ҳам тиқиб кўрилди. Натижада, бу юрак муаллифга фақат ёқимсиз сас таратадигандек туюлди – қаҳрамон (ИНСОН!)ни тушунишга эмас, қоралашга зўр берилди. Ҳолбуки, Даҳонинг оламини кашф этиш, бу сингари инсон типини бадиий қайта яратишнинг бошқа усул-услублари жуда кўп эди. Бояги “фош этиш” йўли эса, ҳар қанча қутқули, жунбушга келтирадиган бўлмасин, юксак адабиётнинг, санъатнинг усули эмас эди…
Ҳайриятки, адиб ўзининг ўткинчи бу хатосини тез англади ва “Отамдан қолган далалар”да яна ўз стихиясига, услубига қайтди, ўзига энг таниш қаҳрамонни, қолаверса, ўзини тинглашга ўтирди.
Хўш, юзаки қараганда фақат воқеаларнинг ташқи баёнидек туюладиган бу йўлда инсон руҳиятини, унинг ички коллизияларини бериш мумкинми? Тоғай Мурод бунинг мумкин эканини ўз романида яна бир бор исботлади.
Бадиий-руҳий таҳлилнинг муҳим икки усулини ажратиб кўрсатиш мумкин. Бунинг биринчиси жаҳон психологик насридаги анъанавий йўл бўлиб, бунда қаҳрамон руҳияти унинг ички ўй ва изтиробларини махсус ифода этиш (бунинг эса турфа усуллари бор!) орқали очилади. Ушбу йўлда Достоевский, Толстой, Гюго, Камью, Ойбек, М.М.Дўст ва бошқаларнинг асосий асарлари яратилган. Иккинчи йўл эса жалб этувчи сюжет ипига тизилган воқеаларнинг ташқи баёни, уларнинг қаҳрамон ҳолати ва ҳикоя тарзига ўтказаётган таъсири, муҳим ишора ва штрихлар орқали персонаж руҳиятини ўқувчига сездириш, юқтириш усулидир. Э.Хеменгуэйнинг аксарият асарлари, француз адиби Андре Моруа романлари. А.Камьюнинг “Бегона” қиссаси, ўзимизда эса А.Қаҳҳор ва Ш.Ҳолмирзаев ҳикояларида худди шу усулни кузатамиз.
Тоғай Мурод ҳам ўз романида Деҳқонқул ва унинг қиёфасига жамланган миллат психикасини айни усулда ёритишга ҳаракат қилади. Хусусан, муаллиф худди психоаналитикларга ўхшаб ўз қаҳрамонини бемалол сўзлашга, ҳаётини бафуржа ҳикоя қилишга қўйиб беради. Қолаверса, Деҳқонқул руҳий нуқтаи назардан ҳам, ақлий жиҳатдан ҳам нормадан тойган, тойдирилган бўлиб (бу жараён юқорида қисман тўхталганимиз – ўқувчиларни пахта кампаниясидаги иштироки сингари эпизодларда кенг ёритилади!), у муҳим-номуҳимлигини жиддий ўйлаб ўтирмай, ўзи учун қизиқ туюлган воқеаларни бир бошдан гапириб беради. Шу ҳикоя асносида Сиз бу ижтимоий беморнинг қизиқиш, қониқиш, нафратланиш, орзу-ю армон ва яна ўнлаб қалб қатламлари билан танишиб, яхлит, ҳозирга қадар бадииятда учрамаган қисматни ўзингиз учун кашф этасиз. Илмий-руҳий таҳлилда бу усулдан биринчилардан бўлиб машҳур руҳшунос Зигмунд Фрейд фойдаланган эди. Ўз устози тўғрисидаги китобида Фриц Виттельс ушбу жараённи шундай тасвирлайди:
“Беморлар кўпинча ўзларининг сергаплиги билан, маълумотлар сели билан бизни кўмиб ташлашади, бунга қарши қандайдир тўсиқ ташлашга биз доимо беҳуда уринамиз. Оғзидан гапини олишга улар ҳеч имкон беришмайди ва бизга, тинчгина ўтириб, маккорона диққат-ла уларни тинглашдан ўзга чора қолмайди. Бошқалардан кўра биз – психоаналитикларга яхши маълумки, инсон ўзининг асл фикр ва туйғуларини яширмоқ ниятида тилни кашф этган. Шунинг учун биз беморнинг нимани гапираётганига эмас, нимани гапирмаётганига, нимани қайта-қайта айтаётганига ёки нимани алоҳида ифодалар билан баён қилаётганига кўпроқ қулоқ тутамиз, диққатни қаратамиз”. (Қаранг: Фриц Виттельс. “Фрейд. Его личность, учение и школа”. Л.: “ЭГО”, 1991 йил, 92-саҳифа.)
Биз ҳам худди шу алфозда Деҳқонқулга қулоқ тутсак, у даласи, ғўзаси, кўсаклари, солган дорилари, бахмални пайтава қилиб ўраши, шляпа кийиб олиб телевизордаги хорижий давлат президентига тақлид қилиши ва бошқа ҳикояларни айтиш билан нималарни айтмаётгани, “айланиб қўяй-айланиб қўяй” ёки “қизил-қизил” деб такрорлаши, уни турмадан далалари қайтариб келишига урғу бериши билан нималарга, яна қандай фожиаларга ўзи билиб-билмай ишора қилаётганини англаш мумкин бўлади. Хусусан, романдаги бобчаларнинг аксарияти мана шу тахлит муқаддима олади ва бундан биз бош қаҳрамоннинг фикр доираси, руҳ кўлами, қизиқиш ва қадри тўғрисида, у билан содир бўлиб ўтган мажруҳлантиришнинг аччиқ натижалари ҳақида реалистик хулоса оламиз:
“Ғўзаларим қирқ кунлик бўлди.
Ғўзаларим қирқида сувсади…” (Деҳқонқулнинг аёли бўлса уйда, оғироёқ ҳолида, қулаб тушган деворни тиклаш учун захда лой қоримоқда!)
“Далаларимда ассаломалайкум билан чирмовуқ тошди.
Мен йигирма кило пентахлор-фенол билан беш юз кило сув аралаштирдим…” (Деҳқонқулнинг синфдош дўсти Зиёдни бўлса осмондан – самолётдан сепилган дори заҳарлаб, бевақт жувонмарг қилган!)
“Ўйнаб қўяй, янги техникаларидан ўйнаб қўяй!
Ким қанча йилдирким, хўжалигимизда КХУ-4 дегич янги техника бор отангга бўлади, бор онангга бўлади…” (Деҳқонқулга гўё мукофот тариқасида ажратилган мотоцикл учун унинг йил – ўн икки ой ишлаб зўрға топган ҳақидан отнинг калласидай қилиб босиб қоладилар!)
“Ер ҳансиради.
Ғўзаларим барги оч-оч яшил туслана берди.
Ғўзаларим барги қўнғир-қўнғир доғ бўла берди.
Ғўзаларим очқади!..” (Деҳқонқул уйига келиши кутилаётган “катталар” – меҳмонлар учун охирги сўмларига бозор қилиб келади. Очиққан, мева егиси келган болаларидан бири қўлига кирган бир донагина хурмони олиб, урра қочади. Отаси бўлса, ўз боласининг ортидан қувлаб, тутиб олиб уриб, оғзи-бурнини қонга белайди!)
“Мен далаларимни айланиб-айланиб қарадим.
Мен шоналаримни кўзим билан санаб-санаб қарадим…” (Уйда бўлса, Деҳқонқулнинг хотини умри бино бўлиб қўшни вилоятдаги хушманзара жойга-да боролмаганидан ўкиниб-ўкиниб йиғлайди!..)
Ёки романдаги биргина “қизил” сўзига сингдирилган ботиний мазмунни олайлик: Оқподшо бўйинсунмаганларни жазолаб Туркистон ўлкасини қип-қизил қонга ботирди; большевик қизил байроқ кўтариб келди, унинг деворга осган сўзанаси-да қизил, айтаётган гаплари-да қизил эди; Ақрабни (Деҳқонқулнинг отасини) “қулоғи қирқта бўлган” қизиллар таъқиб этдилар, ниҳоят, шу қизиллар унинг бошига етишди; Деҳқонқул қизил мактабда ўқитилди, қуёш қип-қизариб ботгунча бутифос сепилиб қизариб кетган далада пахта терди; бешинчи синф болалари ичбуруқ бўлиб мактаб футбол майдонини қип-қизил, тўда-тўда қонга тўлдириб ташлашди; болаларнинг ичидан қон келиб кетгунча ишлатгани ва қизил мусобақада ғолиб бўлгани эвазига директор қип-қизил партия билетига ва кўчма қизил байроққа эга бўлди; Деҳқонқулнинг хотинини қип-қизил олов ўз домига тортиб кетди; аёлнинг пешонасига битган яккаю ягона қизил кўйлагининг қўлтиқлари тер ва кирдан оқариблар кетди; Деҳқонқул умрбод қизиллар учун ишлади, уни қизил мухбирлар келиб мақола қилди, қизил киночилар келиб фильм қилди, қизил ёзувчилар келиб очерка қилди; ниҳоят уни, қизил байроқ остида Афғонистонга бостириб кирган, у ерни қизил қонга ботириб, кўзларига алам хуни тўлиб чиққан икки қизил ҳибсхонада қийнади, ўз ахлатини ўзига едирди, эркаклик номусига-да тажовуз қилди…
Охири эса яна ўша:
“ – Ну? – деди Қизил.
Иван Иванович! Пича оёқ ил, энди.
Далаларим билан хайр-хўшлашиб олайин, энди.
Далаларим боболарим аччиқ-аччиқ кўз ёшларидан дала бўлди.
Далаларим оталарим шўрпешона терларидан дала бўлди.
Далаларим аёлларим гулдай хазон умридан дала бўлди.
Далаларим – боболарим шўр-шўр пешонаси.
Далаларим – оталарим яғир-яғир елкаси.
Далаларим – аёлларим хазон-хазон умри…”
Асар қаҳрамонининг бутун фожеий дунёси, унинг тили ва ўз тақдирини тақдим этиш услубида талаб этиладиган адабий-эстетик мантиқдан келиб чиқадиган бўлсак, Тоғай Мурод энг ишонарли, табиий йўлни танлаганига гувоҳ бўламиз. Мурод Муҳаммад Дўстнинг аксарият шу давр воқеалари асосида ёзилган “Лолазор” романидаги Яхшибоевнинг интеллектуал даражаси, муғомбирона мулоҳаза қуввати агар руҳий таҳлилнинг анъанавий услубини талаб қилган ва бу талаб айни қаҳрамон мантиқига мос бўлса, “Отамдан қолган далалар” қаҳрамони учун айни романда танланган йўл табиийроқ, ишонарлироқдир. Яхшибоевнинг хос жиҳати ундаги чуқур ва айёр мулоҳазакорлик, ҳар бир қадамни жиддий ўйлаб – нафақат шахсий, балки омма, халқ кайфиятини ҳам ўйлашни унутмай ташлаш нияти бўлса, Деҳқонқул фожиасининг асосини ундаги оддийгина инсоний мулоҳаза, шахсий ўй ва тафаккур инқирозга учрагани – карахтлангани ҳолати ташкил қилади. Шу маънода инсоний моҳиятнинг йўқолганлиги, моҳиятсизлик – Деҳқонқулнинг моҳиятидир, характерсизлик – унинг характери, қиёфасизлик – унинг қиёфаси, руҳсизлик – унинг руҳидир. Бундай қаҳрамонни на ровий, на персонаж тилидан уюштирилган классик психологик таҳлил усулида очиш, ўқувчига ишонтириш мумкин эди. Уни изоҳлаш, характерлашга уриниш муаллиф қаламини публицистик пафосга олиб кетиб қолган, қаҳрамон табиатига ўтирмаган, унга нисбатан шубҳа туғдирган бўлур эди. Адабий тип мантиқига, унинг талаб ва табиатига зид бу йўл ҳам қаҳрамонни, ҳам ёзувчини, ҳам ўқувчини қийнаган бўлурди…
Албатта, романнинг бутун фикрий-бадиий фазилатлари тўғрисида батафсил тўталишнинг имкони ҳам, ихтиёри ҳам йўқ бизда. Қолаверса, “Отамдан қолган далалар” романини ҳар жиҳатдан мукаммал асар, дейиш фикридан ҳам йироқмиз. Айниқса, роман пировардида, Деҳқонқул тергови жараёнида “ичкари”да бўлаётган барча манфур ва маҳфий қилмишларни унга сўзлаб берилиши зўрма-зўракиликдан, “фош этиш жазаваси”дан, публицистик услубнинг осон йўлини тутишдан бошқа нарса эмас. Кўрамизки, қачон қҳрамондан, унинг дунёси ва бу дунёнинг мантиқи ва табиатидан йироқлашилса, ётлашилса мана шундай қусурлар келиб чиқаверади. Хуллас, бу ва бошқа талай бадиий камчиликлар тўғрисида батафсил сўзлаш мавриди ҳам, албатта, келар. Бироқ, бу қусурларга қарамасдан, Тоғай Муроднинг бу романи халқимизнинг ўз-ўзини танишида, мустақиллик ва истиқлол аталмиш неъматнинг қадрига етиши ва уни асраб-авайлаш йўлидаги курашида беқиёс ва ўзига хос роль ўйнаши шубҳасиздир. Зеро, ёзувчининг ўзи айтмоқчи:
“Кўнглимда эл-юртим йўлида нимаики дардим бор – барини ушбу романда тўкиб солдим”.
Бу дард фақат ёзувчи – биргина ўзбекнинггина эмас. балки бутун миллатнинг, халқнинг дарди, дил изҳоридир.
… Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар”и фақат тарихий роман эмас, балки 20-йиллар Туркистони учун жуда-жуда замонавий роман ҳам эди. Афсуски, “иттифоқ не эканини билмаган, ёлғиз ўз манфаати шахсияси йўлида бир-бирини еб-ичкан мансабпараст, дунёпараст ва шуҳратпараст” кимсалар адиб нидосини тинглашмади ва охир-оқибат Яратғучининг қаҳрига йўлиқишди – Ватан “қизил истибдод” остида қолди.
… З.Фрейд ҳам ижтимоий, ҳам руҳий хасталикдан қутилишнинг ягона йўли – ЎЗ-ЎЗИНИ АНГЛАШ эканини уқтириб, “СЕНИ ҲАҚИҚАТ ОЗОД ЭТИШИ КЕРАК!” деганди.
Тоғай Муроднинг “Отамдан қолган далалар” романи мана шу – ОЗОД ЭТУВЧИ ҲАҚИҚАТ битилган асардир!