Миллий ўзлигини билмаган миллатлар бошқа миллатларга емиш бўлгай.
Мустафо Камол Отатуркнинг мақбараси деворидаги ёзувлардан.
Минг эшитгандан бир кўрган аъло, деб бекорга айтмаслар экан. Туркияга бир ҳафталик сафарим ва унда кўрганларим бисёр китоблардан ўқиганларимдан, сўнгги пайтларда борган, келган дўстларимдан эшитганларимдан албатта, маъқулроқ кечди десам хато қилмаган бўламан.
Москванинг Шереметьево қўналға (аэропорт)сидан кўтарилган учоқ (самолёт)имиз уч ярим соат деганда Истанбулга қўнди. Учоқда асосан марказликлар эди. Улар катта-катта сафар тўрваларини судрашиб (кейин билсам, чайқовчиликнинг уйини куйдирадиганлар шундай учоқларни тўлдиришиб қатнар эканлар) апил-тапил тушиб кетишди. Учоқда ўнга яқин одам, бир қозоқ бовурдош академик ва мен қолдим. Биз Анқарага ҳаво йўлини давом эттиришимиз керак эди. «Туркий улуслар шеъриятида турк тили» мавзусида бўладиган халқаро тўпланди (симпозиум)га шошилардик.
Учоқ ойнагидан қўналғага қарайман. Ёш-ёш йигитлар қора шим, қора туфли, оқ кўйлакда галстуклар тақишиб хизмат қилишиб юришибди. Ҳайрон бўлиб академикка қарадим. У менга бу одатий ҳол: «Турк қардош ўта маданиятли халқ» эканлигини тушунтиришга тушди…
Анқара қўналғасида Туркия Ёзарлар Бирлиги (Туркия Ёзувчилар уюшмаси)нинг масъул котиби Сафар Қутлуғ хушкалом билан кутиб олди. Ў, уларнинг хушкаломлиги… Бу ҳақда Туркияга бориб келган бир неча адибларимиз кўп яхши сўзлар ёзишди. Бари тўғри. Биз жуда қўполлашиб кетганмиз. Бутун сафарим давомида бақириш-чақиришларни, жеркиш, сўкиш, бир-бирини ҳақоратлашларни, ё биров-бировига қўлларини бигиз қилиб гапиришларни, тупугини сачратиб оғиз кўпиртиришларни кўрмадим. Каттаю кичик, ёшу қари тенгдек. Бир-бирига айтилган сўз: қонун! Ё бор, ё йўқ. Ҳаммаси оҳиста, ҳурмат билан айтилади. Лафз, ваъда — қонун! Бир ишни «хўп» деб бажармаслик жиноятга тенг.
Туркия Ёзарлар Бирлиги Бош Бошқони (биринчи котиби) доктор Маҳмат Дўғон мени худди эски қадрдонидай қучоқ очиб кутиб олди. Ёзувчилар Бирлигининг бошқа барча масъул кишилари: Четин Бавдар, Аҳмед Қоратемир, Маҳмат Камол, Байрам Билда Тўқал, Исмоил Ҳожи Фаттоҳ ҳам юзларини юзларимга қўйиб қўришдилар (уларда шундай одат бор экан). Барчаси Ўзбекистонда мустақиллик эълон қилинганлиги билан қутлашди.
— Ўзбекистон мустақиллигини Туркия тан олмаяпти-ку, — дедим мен. Мезбонлар ҳозир Туркиянинг ҳамма жойида, айниқса, зиёлилар ўртасида гап шу ҳақда кетаётганлигини, қизғин баҳслар бўлаётганлигини айтишди. Кейинги кунларда эса бунга ўзим гувоҳ бўлдим.
Туркия Ёзарлар Бирлигининг расман 500 аъзоси бор. Аммо Туркияда ҳам Ўзбекистондаги каби ёш ёзувчилар, шоирлар, олимлар кўп. Улар Бирликда тез-тез йиғилишиб туришади. Кўплаб анжуманлар, суҳбатлар ўтказишади. Фақат биздаги янглиғ «ёқабўғишлар» йўқ. Миллат, Туркия давлати, туркий халқлар тақдири тўғрисида кўп қайғурадилар. Катталар ёшларга, ёшлар катталарга ўта иззат-икром билан ўз фикрларини изҳор этадилар.
Туркия Ёзарлар Бирлигига Ўзбекистондан расман ташриф буюрган биринчи шоир мен бўлиб чиқдим. Менинг боришим муносабати ила турк ёзувчилари, зиёлилари, телевизон, радио журналистлари, газетачилар, ноширлар, оддий китобхонлар йиғилишди. Улар Ўзбекистон, умуман Туркистон ҳаёти, халқ турмуши, ҳозир кечаётган миллий уйғонишлар билан жуда қизиқдилар. Мен мезбонларнинг барча саволларига баҳоли қудрат жавоб бердим. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, ёзувчиларимиз фаолиятлари ҳақида, Ўзбекистон, ўзбек-турклари тўғрисида сўзлаб беришга тўғри келди.
Мен битта нарсага амин бўлдимки, ижодкор ҳамма жойда масъул, жавобгар. У ўз халқининг овози! Ижодкор ҳеч қачон хато қилиши мумкин эмас! Табиб хато қилиши — бемор ўлими. Ижодкор, ғояшунос хато қилиши миллат таназзулига сабабчи бўлиши мумкин!
Бу фикрлар Анқара университетидаги «Турк ўчоқлари» жамиятидаги учрашувларда ҳам, «Турк юрти» дарғисининг умумий нашриёт мудири, «Турк ўчоқлари» Анқара шўъбаси бошқони, доктор Ўрхун Қовунчи, Ғозиён университети тил-адабиёт факультети мудири, доктор Мустафа Эсан уйларидаги шахсий суҳбатларда ҳам мени асло тарк этмади.
Туркия Ёзарлар Бирлиги Бош Бошқони Маҳмат Дўғон ҳам уйига таклиф қилди. У 14 йилдан буён Ёзарлар бирлигига раҳбарлик қилади. Унинг турк миллати учун қилаётган хизматлари беқиёс. Хусусан, Турк «Сўзлик» (изоҳли луғат)и, бошланғич синфлар учун яратилган «Илк сўзлик»и, тарихга оид кўплаб илмий ишлари таҳсинга лойиқ.
Туркияда мамлакат тарихи жуда эҳтиром қилинади. У ёшларга жиддий тарзда ўқитилади.
Турк маданияти бошқонлиги (министрлиги)нинг этнография музейида бўлдим. Бу музей ходимлари билан Ўзбекистондаги тарихий музейларимиз ходимлари, тарихчиларимиз, археологларимиз узвий алоқада бўлишлари керак экан, деб ўйлаб қолдим. Чунки Туркия турклари ва Туркистон турклари тарихи битта эканлиги ушбу ерда яққол ўзлигини намоён этади. Умуман, туркий халқлар тарихи биргаликда яратилиши зарур! Бу ерда жуда кўплаб нодир қўлёзмалар ҳам сақланади. Ким билади, дейсиз, Туркистон — Ўзбекистон тарихига оид китоблар улар орасида ҳам бордир… Анқара қалъаси — энг қадимги Анқара. Бу қалъа не-не жангларнинг, савашларнинг гувоҳи бўлган. Эҳтимол, Амир Темур ҳам ушбу қалъа тепасига кўтарилиб, бутун Анқарани томоша қилгандир, ўзича ғурур туйгандир… Амир Темур ва Боязид Йилдирим жанг қилган катта майдон — сайҳонликнинг бир қисмида ҳозир Анқара қўналғиси (аэропорти) жойлашган. Машҳур «фил жанги» шу ерда кечган. Умуман, Темур номи билан боғланган жойлар Анқарада анчагина. Икки жаҳонгир жанглари ҳақида суҳбатлашиб, буюк ғофил боболаримиз, деб кулишдик.
Анқара ҳисорига (қалъа) Маҳмат Дўғон, булғор-турк шоири Али Байрам, Туркия шоири Али Оқбош ва камина кўтарилиб бордик. 3 миллион нуфузга эга Анқара пойимизда…
Али Байрам шеър бошлади:
Анқара, Анқара, қародир тошинг,
Қартоллар ювоши (уяси) эголмас бошинг,
Сен бўлдинг жон уйи буюк савашнинг,
Сенга инонмоққа келдик, Анқара…
Навбатни Али Оқбош олди:
Анқаранинг ташина боқ,
Кўзларимнинг ёшина боқ.
Душман биза бош қолдирмиш,
Шу фалакнинг ишина боқ…
Шеърхонликни мен давом эттирдим… Яна бир ҳамроҳимиз Байрам Билға Тўқал Гўрўғли (Кўрўғли) достонларидан куйлаб юборди…
Оҳ, бу шеърлар, қўшиқлар, достонлар, куйлар — бир бутун, бир миллатнинг жон томирларидир!
Бир бутунликни мен ҳамма жойда ҳис қилдим, эшитдим, кўрдим. Бекорга турк деҳқони улуғ туркистонликлар ҳақида «тили-тилимга тўғри, дини-динимга, дили-дилимга тўғри» демайди-да!
Ана шу туйғу Хўжа Байрам Вали зиёратгоҳини тавоф қилганимда ҳам, 50000 киши бир пайтда намоз ўқиб туриб кетадиган Хўжатепа жомесида илк марта намозхонлар билан бирга жойнамозга бош қўйганимда ҳам менга йўлдош бўлди.
Бугунги Туркиянинг ғаллачилик вилояти ва жуда қадим маданиятининг бешиги бўлган Кўнёга сафарим 23 октябрнинг тонгидан бошланди. Анқарадан чиқиш биланоқ Қрим қирларини, тоғларини эслатувчи манзаралар намоён бўлди. Яшил ўрмон… кейин Нурота, Ғаллаорол дашт адирларини ёдга солувчи ерлар… Аммо Кўнё шаҳри… яна мўъжиза!
Кўнё сафарини ҳар қандай сайёҳ Жалолиддин Румий мақбара-масжидини зиёрат қилишдан бошлаши аниқ. Билмадим, мен шундай қилдим. Буюк шоир мақбарасини, унинг салаф-халафлари зиёратгоҳларини, мавлавилар хонақоҳларини кўриш бахтига муяссар бўлганимдан кўзларимга ёш келди. Жалолиддин Румий чашмасидан сув ичдим, «Соқоли шариф»ни (Муҳаммад Пайғамбар соқолидан бир улги солинган садаф сандиқ, ундан ҳамиша гул ҳиди таралиб туради) тавофладим.
Ҳар бир дунё кишиси Самарқанд, Бухоро, Хива каби шаҳарларни кўриши керак бўлганидек, Туркистондаги Аҳмад Яссавий қабрини зиёрат қилиши лозим бўлганидек, бу жойларни ҳам фақат кўриши, зиёрат этиши керак. Минг ёзганинг билан таъриф-тавсифини келтиролмайсан! Шоирларнинг қалами ожизлиги шу ерларда билиниб қолади!
Кўнёда Туркистон мужоҳидларидан Анвар пошшо саркотиби, шоир (марҳум — 1976 йил) Аҳмад Хокининг бир тўртлигини ёзиб олдим, яъни ул демишки:
Мен хокийам, нор (анор) истамам,
Алдагувчи ёр истамам.
Вайрона қолсин бу кўнгил,
Таъмира меъмор истамам.
Мен қатнашадиган симпозиум баҳорга қолдирилибди. Сабаби: кутилмаганда миллий палатага депутатлар сайлови бошланибди. Туркияда сайлов пайти ҳар қандай анжуман, йиғилишлар тўхтатилар экан.
Дарвоқе, мен сайлов нима эканлигини кўрдим. Демократия нима эканлигини кўрдим. Ҳозир Туркияда олти йирик партия мавжуд. Шулардан миллий палатага 450 депутат сайланади. Қайси партия 51 фоиз депутат чиқарса, ўша ҳукумат тузиб, мамлакатни бошқаришга киришади. Давлат бошлиғи — президент. У парламент аъзоларидан сайланади, парламент қабул қилган қонунларни эълон қилади, халқаро ишларда Туркия давлати номидан иш кўради. Ва у олий бош қўмондонлик вазифасини бажаради.
Сайловларда халққа кенг эркинлик, демократия берилган. 18 октябрь куни, яъни сайловдан икки кун олдин «Тўғри йўл» партиясининг Анқара Бош майдонида сайловчилар билан бўлган учрашувида қатнашдим.
Бир пайтлар Анқара валиси бўлмиш Навдод Тандуан номидаги Бош майдон одамлар билан тирбанд. Ҳамма тарафда: бинолар пештоқларида, дарахтларда, машиналарда, одамлар қўлларида Туркия байроқлари ҳилпирайди.
Сон-саноқсиз жойларига номзодларнинг суратлари осилган. Номзодларни ташвиқот қилгувчи рўзномалар, варақалар сотилмоқда. Ширин-шакар шарбатлар, сувлар, ҳар хил егуликлар сероб. Бировнинг биров билан иши йўқ. Ҳатто саккиз, ўн қаватли бинолар устларида одамлар… Майдон ўртасига ўрнатилган махсус «сўри»дан номзод ва унинг ишончли вакиллари жой олган. Улар микрофонда бирин-кетин сўзлайди. Сўзлари Буюк Туркия давлати ҳақида, буюк турк халқи ҳақида, миллат келажаги барқарорлиги ҳақида. Ё фалак! Бутун майдон аҳли қўлларини кўтаришиб «Яшасин буюк Турк миллати!», «Буюк Туркия омон бўлсин!» каби калималарни бир зарб билан ҳайқириб такрорлашади! Ана халқ, ана миллат!
Биз Ўзбекистонда халққа, демократияга ишонишимиз керак. Мустақиллик йўлларида эркинлик жуда-жуда зарур! Айниқса, сўз эркинлиги — зарурият!
Туркия сайловлари ҳақида кўп ўйладим. Ҳар бир партиянинг ўз дастури бор. Ҳар бир номзоднинг-да, ўз дастури… Уларнинг барчасида халқ фаровонлиги учун кураш… Ҳолбуки, мамлакатда ҳамма нарса бор. Магазинлар мева-чевалар, егуликлар билан тирбанд, кийим-кечаклар, мол-ҳоллар ошиб-тошиб ётибди, бозорларда жондан бошқа ҳамма нарса топилади.
Бу ерда инсон яшаши учун барча қулайликлар мавжуд. Уйда туриб дунёнинг исталган жойи билан исталган пайтда телефон орқали гаплашиш мумкин. «Туркистон» жамияти президенти, «Туркистон» дарғиси (журнали) муҳаррири моҳир жарроҳ, дўстим Аҳад Андижон уйидан, яъни Истанбулдан Тошкентга — уйимга телефон қилсам, Ойгулхон шошиб қолди. У «ростдан Истанбулдан қўнғироқ қилаяпсизми?» деб қайта-қайта сўради. Билмадим. Аҳад Андижон аёлининг овозини эшитмаганда унинг хаёлидан нималар кечарди?
Истанбул… Бу шаҳар ҳақида кўп ўқигандим. У Мармара денгизи ва Босфор бўғозининг паст-баланд соҳилларида жойлашган. Осиё ва Европани Босфор бўғози устига қурилган икки улкан кўприк туташтириб туради. Усмонли турклар салтанатининг пойтахти бўлган Истанбул бугунги кунда ҳам Туркиянинг энг катта мўъжизавий шаҳри ҳисобланади. Истанбулда 500 дан ортиқ масжид, шунингдек, саройлар, ибодатхоналар, фавворалар мавжуд. Сулаймония, Боязид, Аҳмадия, Кўк масжид, Шаҳзода масжидлари, Аё София жомеъ масжиди шулар жумласидандир. Уларнинг миноралари осмонни кўзлаб тик турган ракеталарни ёдга туширади…
Биз бугунги кунда бозордан безиллаб қолдик. Афсуски, бизнинг бозор ҳали бозор эмас. Истанбулдаги Боязид бозоридан нима борлигини эмас, нима йўқлигини қидириш керак. Э, воҳ, бизнинг бозорлар қачон тўлар экан? Аҳли тижорат чайқовчиликдан қутулиб, қачон ҳақиқий савдо соҳиблари бўлар экан? Қачон?
Аҳад Андижон ҳамроҳлигида бутун Истанбулни айланиб юрар эканман, она Ўзбекистоним, унинг бугунги афтода ҳоли асло кўз ўнгимдан кетмади.
Ҳа, эрк тақчиллиги бор жойда ҳамма нарса тақчил! Ҳамма нарса давлатники деган жойда халқ юпун, оч, қашшоқ, гадо! Ҳа, шахсий манфаат бўлмаган жойда юксалиш, тараққиёт йўқ! Бугун буни барча тушуниши керак. Хусусиятлаштиришдан қўрқмаслик керак! Туркияда ер деҳқонники, сув деҳқонники, лекин биздагидек фақат тилда ва қоғозда эмас! Мустафо Камол Отатурк «Миллат улуғи ким?» деган саволга Султон Салим (XVI аср) сўзи билан «Деҳқон» деб жавоб берган.
Хуллас, Туркияда ҳамма нарсага фақат давлат эмас — халқ хўжайин! Ҳозир ҳатто темир йўлларни ҳам давлат тасарруфидан чиқариш масаласи кўрилмоқда экан.
Истанбулда кўплаб туркистонликлар яшашади. Ҳаммаси ўзига тўқ, бой-бадавлат, Ўзбекистон мустақиллигини эшитишиб, бошлари осмонда.
…Заргарлик моллари соҳиби Шавкат Ойнурал хонадони. Бу хонадонда Жамол Камол, Тўра Мирзо, Тоҳир Қаҳҳор, «Баҳор» ансамблининг бир гуруҳ раққосалари ҳам меҳмон бўлишган экан. Шавкатжон уларга кўпдан-кўп салом йўллади. Мен Истанбулда Шавкат Ойнуралдек ажойиб дўст топганимдан қувондим.
Умуман, Туркияда кўп яхши кишилар билан суҳбатлашдим, кўпчилиги билан дўстлашдим. Ёш адиб, Туркия Ёзарлар Бирлиги мукофоти совриндори Шукури Қорача, югославиялик турк шоири, ёзувчи ва рассом Адҳам Баймоқ, ёзувчи Ориф Ой, телевизион журналисти Неъмат Жамол, бўлажак фан доктори Ёқуб Дилмурод ўғли ва бошқалар билан мактублар йўллашиб туришга аҳдлашдик.
Туркияда, айниқса, битта нарсадан беҳад севиндим. Буни ўзимча ЎЗЛИК деб атадим. Мен ҳамма нарсада ўзликни кўрдим, ҳамма нарсада ўзликни ҳис қилдим. Бу ўзлик Туркияни дунёга олиб чиққан, бўй-бастини кўрсатган. Келажакка эш қилган. Ўзлик, бу маҳдудлик эмас. Билъакс, ўзлик дунёвийдир!
Туркиянинг илк пойтахти бўлмиш Бурса шаҳрида Туркия давлат раҳбарларидан бири, яъни жаноб Канон Эврен «Туркия — дунё турклигининг сўнгги қалъасидир!» деган экан. Ҳа, Туркия «сўнгги қалъа» бўлиб келди. Аммо, иншооллоҳ, XX аср тонгида сўнгги қалъа бўлиб қолмагай! Унинг сафига ўзлиги билан Ўзбекистон ва бутун Туркистон қўшилгай! Мазлум турк қалъалари қўшилгай! Омин!
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати», 1991 йил 8 ноябрь.