Абдулла Орипов. Сўз сеҳри (1992)

Мана, бир неча ўн йиллардирки, биз дилбар бир шеъриятнинг муаттар ҳавосидан баҳраманд бўлиб келаётирмиз. Бу — Эркин Воҳидов шеъриятидир. Она тилимизнинг ипакдек майин, камалақдек ранг-баранг шамойили, ғоят нозик лутф, беозор қочиримлар, гоҳ ҳазин, гоҳ самимий табассум уйғотувчи ташбеҳлар, ўткир хулосалар — булар бари улкан шоиримизнинг қаламига мансуб бетакрор фазилатлардир. Мен Эркин Воҳидовни шеъриятда ўзига хос сеҳр соҳиби деб биламан. У шеъриятнинг ўжар ва асов, учқур отини усталик билан жиловлаб, мана узоқ йиллардан буён Шарқнинг шарафли назм майдонида моҳир чавандоз янглиғ донг чиқазиб келаётир. Ўйлаб қарасам, биз ғалати даврларни бошдан кечирибмиз: яқин-яқинларгача ҳам кўринишдан дабдуруст одамлар, адабиётда аввал шаклми ёки мазмунми дея бетўхтов тортишиб юрардилар. Албатта, бу баҳснинг замирида бошқа бир мурод яширинган эди. Яъни, маҳорат, санъат шарт эмас, яланғоч бўлса ҳам бизнинг ғоямизни такрорлайбер! Ана шу тазйиқ туфайли не-не истеъдод эгалари ўзларининг беназир маҳоратларини намойиш эта олмадилар. Мактаб дарсликларида: “Пахта терсанг тоза тер, чаноғида қолмасин” каби техник қўлланмалар, руҳсиз гаплар шеърият намунаси, дея тақдим этилди.

Қирқ йилча муқаддам жамол кўрсатган Эркин Воҳидов шеърияти ўша қоронғу гўшаларни бирданига ёрита бошладики, шоиримиз ўзининг илк китобини бежиз “Тонг нафаси” деб атамаган эди. Ўлмас аруз вазнига беписанд қараш ҳали ҳукмрон бир шароитда Собир Абдулла, Ҳабибий, Чархий сингари мўътабар сиймолардан кейин мумтоз ғазалиётимизнинг олтин эшиклари абадий бекилади, дея каромат қилишаётганда, ёш авлод орасидан биринчилардан бўлиб Эркин Воҳидов арузнинг табаррук остонасида посбон янглиғ пайдо бўлди. Тўғри, ҳозиргача ҳам арузда ижод қилувчилар озмунча эмас. Бироқ, соғлом кишининг нафас олишидек мунтазам ва равон, асл аруз мавжудки, бу санъатга “булҳавас”ларнинг аралашувлари ҳеч қандай самара келтирмайди. Аксинча, содда муаллифни куппа-кундуз куни беобрў қилиб қўйиши мумкин. Шу маънода, ғазалга таважжуҳ билдирган ёшларимизга ҳозирги замон шоирларидан Эркин Воҳидов ижоди мактаб бўла олади, дейман.

Юқорида биз мазмун ва шакл атрофида баҳслар бўлиб ўтганлигини эслатдик. Такрор айтамиз, у тамомила беҳуда баҳс эди. Биз кўриб ва ҳис қилиб турган олам бир бутундир, яъни тан либоси ичра руҳ яшайдики, биз иккисини яхлит ҳолда мукаммал хилқат дея эътироф этамиз.

Эркин Воҳидов шеъриятида абадий мавзулар хазинасига аниқ замон ва макон калити орқали кириб борилади. Халқимиз кейинги даврлар мобайнида босиб ўтган ва ўтаётган гоҳ машаққатли, гоҳ армонли, гоҳ туғёнли, гоҳ ифтихорли йўлларнинг манзара ва оҳанглари, садолари Эркин Воҳидов шеъриятида тўла мужассамдир. Ҳали олдинда узоқ, равон йўллар кутиб турибди. Биз мустақилликка эришган Ўзбекистонимиз учун, она халқимиз учун бундан буён ҳам астойдил хизмат қилишга шаймиз. Гоҳо юксак тоғларнинг бўю басти узоқдан яққолроқ кўринади, дейдилар. Лекин мен у узоқ масофаларни кутиб ўтирмасдан, ҳозирнинг ўзидаёқ бир гапни очиқ-ойдин айтиб қўяқолай: Мен Эркин Воҳидовдек истеъдодли шоир билан замондош бўлганим билан фахрланаман.

1992 йил