Умида Расулова. Мунаввар тақдирлар талқини

Атоқли адиб Пиримқул Қодиров ҳаёт билан ҳамнафас яшаб, жамиятдаги ҳар бир ўзгариш, янгиланишга ўз муносабатини билдирар эди. Унинг илк ҳикоя ва очерклари САГУ(ҳозирги ЎзМУ)нинг шарқшунослик факултетида ўқиб юрган йиллариёқ эълон қилинган. Ижодкор бир неча йил Москвада собиқ иттифоқ Ёзувчилар уюшмасида ўзбек адабиёти бўйича маслаҳатчи лавозимида ишлаб, истеъдодли ёшлардан ёрдамини аямади. Хусусан, бу ҳақда устоз олим Озод Шарафиддинов “Довондаги ўйлар” асарида: “Пиримқул менинг танқидчи бўлиб туғилишимда доялик қилган эди – шундай қилмаганида мен ўзим юрак ютиб қачон ёзишга киришар эдим-у, ундан нима чиқарди — худо билади”, деб ёзган. Пиримқул Қодиров собиқ тузум даврида аксарият ёзувчилардан илгарироқ шахсга сиғиниш фожиаларини “Уч илдиз” (1959) романида реал кўрсатиб берган.

Пиримқул Қодиров инсоннинг инсон бўлишида ўз қадрини билиши бош омил деб ҳисобларди. Шўро даврида жамоа хўжалигида меҳнат қилган деҳ­қонларнинг бири икки бўлмагани, ҳеч қандай қонунга, инсон ҳуқуқи ҳимоясига эътибор берилмагани, пахтакорлар саҳардан тунга қадар тинмай меҳнат қилишгани адибнинг “Мерос” қиссасида реал тасвирланган. Заҳматкаш пахтакор Мамажон Дадажонов ҳақида ёзувчи дастлаб очерк эълон қилади.

Очеркда давр руҳи, нафаси жонли кўрсатиб берилган. Муаллиф ўзи яшаётган жамият манзарасини ҳужжатлиликка асосланган ҳолда ростгўй ифодалашга аҳамият қаратган. Ана шу очерк асосида ёзилган қиссада композицион яхлитлик, бадиий компонент­лар узвийлиги етакчилик қилади. Қаҳрамон фитрати, фалсафий-ахлоқий масалалар, воқеа-ҳодисалар теран таҳлил этилади.

“Мерос” қиссаси бош қаҳрамони Ёлқин Отажонов лафзи ҳалол, жонкуяр, фидойи пахтакор-механизатор. Унинг феъл-атворини, ҳаёт маслагини муаллиф синчи нигоҳи билан чизиб беради.

“Эрк” номли қиссасида атоқли адиб пойтахт қиёфаси, замондошлар орзу-ўйлари, интилишларини Саттор тақдири ҳикояси орқали очиб беради. Лойи­ҳачи инженер Саттор Розияга кўнгил қўяди. Уларнинг маънавий дунёси, ҳаёт маслаги яқин, шу боис бир-бирига қалбан талпинадилар. Бироқ Саттор эркини қўлдан бой бериб, ота-она хоҳишига кўра Ойшахонга севмай уйланган. Кўнгилсиз қурилган оила пойдевори эса нураб бормоқда.

Ойшахон содда қишлоқ аёли, меҳрибон, меҳнаткаш, оила ришталарини муқаддас биладиган, қайнонаси кўнглига йўл топа олган “оми” келин. У Сатторнинг бемеҳрлиги, совуққонлигини табиий деб билади, ранжимайди, хизматини чин дилдан адо этади. Саттор дарахт бўлса, ­Ойшахон чирмовуқ мисол унга ёпишади, мабодо дарахт қуриса, у ҳам қурийди.

Саттор икки ўт орасида қоврилади: Розия ҳамма томонлама унга мос қиз; Ойшахон – тобе хотин, ўғлининг онаси. Шундай йўл тутиш керакки, икки аёл ҳам жабр кўрмасин. Шу тахлит Саттор калаванинг учини ахтаради. Ойшахон эрининг ажрашиш ҳақидаги хабарини эшитиб, “лов” этиб ёнади. Ички ғалаён измига бўйсунган аёл ўзини дарёга ташлайди. Бу ҳолат воқеа ривожида бурилиш ясайди. Мазкур тасвирда инсон сийратидаги мусбат ва манфий қутб тўқнашади. Асар сўнгида, тақдир тақозосига кўра, Розия Ойшахон билан юзма-юз келади. Ойшахон Саттор билан Розиянинг бир-бирига муносиблигини ичида тан олса-да, сиртига чиқармайди. Негаки, у ҳам аёл, бахт қушини учириб юборишдан чўчийди. Ойшахон фожиаси, асардаги драматик нуқта: “Энди нима қиламиз?” (ўғлига айтаяпти-ю, ўзи йўл излаяпти) жумлаларида аниқ ифодасини топган.

Ёзувчининг газчилар ҳаёти ҳақидаги “Қадрим” қиссаси бош қаҳрамон Искандарнинг инсон, шахс сифатида ўз ўрнини топишида Зулайҳонинг таъсири кучли бўлади. У дадил, қатъиятли, мустақил фикрловчи қиз. Искандар унинг: “Сиз мустақил одам эмассиз!”, деган танбеҳидан аччиқланиб, ҳунар ўрганишга астойдил киришади… Асарнинг асосий ғояси “Ўз қадрини билмаган, ўзганинг қадрини билмайди”, деган ҳикматни ёдга солади. Қадр, ўзлик, ишонч каби ноёб туйғуларни қалбида чуқур ҳис қилган қаҳрамон маънан етук шахс сифатида ўзини кўрсатади. Искандар ўзига ишончи ортгандан сўнггина Зулайҳога муносиблигини англайди. Қаҳрамон кашф қилган ҳаёт фалсафаси қуйидагича ­жаранглайди: “Мен энди биляпман: кишига ҳаёт қанчалик зарур бўлса, инсоний қадр-қиммат ҳам шунчалик зарур. Менимча, ҳаётда энг муҳими — одампарвар бўлиш, кишиларимизга яхшилик қилиш, инсоннинг қадр-қиммати учун ҳам тинмай курашиш. ­Чунки киши ўз қадрини билмагунча ўз ­бахтини танимайди”.

Ёзувчини ҳар бир асарини ичдан нурлантириб турган, қаҳрамонлари тақдирига мунавварлик бахш этган Эрк, Қадр, Мерос каби тушунчаларни муаллиф фалсафий-эстетик мезонда теран бадиий таҳлил қилган.

“Миллатимиз ўз тарихий илдизларидан маънавий озиқ олса, қаддини тез тиклаши мумкин”, деган хулосага келган адиб мозийга нигоҳ ташлаб, буюк ҳикмат соҳиби Заҳириддин ­Муҳаммад Бобур ҳаёти, фаолиятига доир илмий, бадиий манбаларни синчиклаб ўрганади. Ҳиндистонга ижодий сафари давомида бу юрт тарихчи олимлари қаламига мансуб асарлар билан танишади. Кўп йиллик изланиш, ўқув ва тажрибалар якунлангач, Бобур ҳақидаги “Юлдузли тунлар” романининг илк нусхаси мутахассислар ҳукмига ҳавола этилади.

Асарда XV аср охири — XVI аср биринчи ярмида Турон, Ҳиндистон, Афғонистон заминидаги сиёсий, иқтисодий, маънавий шарт-шароит, зиддиятлар қамраб олинган. 12 ёшли ­Бобурнинг ҳоким этиб тайинланиши, ишонувчанлиги, беғуборлиги боис тождорлар тузоғига тушиши, ёшлигига қарамай ҳаётнинг катта оқимида сузиши ёрқин детал, лавҳаларда кўрсатиб берилган. Қариндошлари, суюкли ёри, ишонган дўсти хиёнати унга кутилмаган зарба беради. Тож-тахт қутқусига банди нафс эгалари покдомон йигитни ўз юртини ташлаб чиқиб кетишга мажбур қиладилар. Унинг барча хўрликни чидам, матонат билан енгиб, йўлсизликдан ёруғликка интилиши романда таъсирли ифодаланади. Умидсизликни енгган Бобур афғон юртига эзгу ният билан қадам қуйиб, тинчлик сиёсатини олиб боради. Бобур, аввало, адолатли, бағрикенг, танти шахс сифатида иқтисодий-маиший турмушни юксалтириш, ободонлаштириш, маърифатни тарғиб қилишга муваффақ бўлади. Ҳиндистонни эгаллаганда ҳам шу ақидасига риоя қилади. Кўп миллатли ҳинд ­халқининг тили, дини, маданиятига эҳтиром кўрсатиши элнинг эътиборидан четда қолмайди. Ёзувчи Бобурнинг бу ўлкада марказлашган, тараққий этган салтанатни бунёдга келтирганини босқичма-босқич бадиий гавдалантирган. Бобурнинг мамлакат етакчиси сифатида ғамхўр, одил, иродали, кечиримли бўлганини муаллиф ҳаётий лавҳа, воқеа-ҳодисалар таҳлил орқали кўрсатади.

Илм-фан ҳомийси, бунёдкорлар пешвоси қалбини ватан соғинчи мудом безовта қилади. Шоир табиатдаги ҳодисалар, турли ноз-неъматлар, шарт-шароитларни муқояса этаркан, киндик қони тўкилган юрти жозибаси, таровати оҳанграбодек уни ўзига мафтун қилаверади. Юртидан келган ҳар бир хушхабар уни бефарқ қолдирмайди. Донишманд шоирнинг: “Ватанимга ўзим қайтолмасам ҳам, асарларим қайтмоғи мумкин. Эндиги орзуим – мен туғилган юртимга қилолмаган фарзандлик хизматимни асарларим қилса”, деган эзгу нияти романнинг туб моҳиятни ифодалайди.

“Авлодлар довони” романида ­Пиримқул Қодиров Ҳумоюннинг сулолани мустаҳкамлаш йўлидаги машаққатли, синоатли фаолиятини нозик тасвирлайди. У оғалари ўртасидаги низоларни оқилона ҳал этишга ҳаракат қилса-да, амалда бунинг уддасидан чиқишга қийналади.

Ёзувчи Ҳумоюннинг отаси қурган салтанат пойдеворини мустаҳкамлаш борасидаги фаолиятини холис тасвирлаб, кейинги босқич — сулолани жаҳон тамаддуни эътирофига сазовор қилган Акбаршоҳ тақдирига урғу беради. Акбар руҳида, қалбида ҳинд юртига муҳаббат ниҳоятда кучли. У ислоҳотчи сифатида динлараро мутаносиб нуқталарни аниқлаб, ҳаётга жорий қилади. Халқаро муносабатни мустаҳкамлашга айрича эътибор беради. Акбар даврида ҳинд тараққиётининг юқори босқичи, илм-фан, маданият соҳасидаги ютуқлар кўп манбаларда тилга олинади. Адиб тарихий романлари орқали Бобур, унинг авлодлари ватанни ардоқлаб, қадрига етиб, инсониятга эзгулик, маърифат, ҳиммат нигоҳи билан ўрнак бўлганини тўла бадиий ифодалаб беради. Маълумки, ёзувчи бу романлари боис ноҳақ таъна-дашномлар эшитди. “Ҳақиқат эгилади, букилади, аммо синмайди” деганларидек, адибдан авлодларга етук тарихий романлар қолди, унинг анъаналари ўз издошларини топди. Ҳар иккала роман ХХ аср ўзбек адабиёти хазинасини бойитди.

Истиқлол йилларида Пиримқул Қодиров баракали ижод қилди. Чунончи, “Тил ва эл” номли илмий бадиасида муҳим масала — тил миллат кўзгуси, ғурур, юрт ифтихори экани назарий аспектда теран таҳлил этилади, тил тарихи, тараққиёт босқичлари ёзувчи-адабиётшунос нигоҳида баҳоланади. Бадиада қалам аҳли тилни қандай ҳис қилиши, фикр-туйғуни акс эттириши масаласи кўтарилган. Ёзувчи сўз санъатининг бетакрор жиҳатларини ишонарли, рамзли ифодаларкан, Маҳмуд Қошғарий, Юсуф Хос Ҳожиб, Аҳмад Яссавий, Аҳмад Югнакий, Алишер Навоий, Заҳириддин Бобур каби алломаларнинг бу борадаги тадқиқотлари моҳиятига эътибор қаратади. Адиб тил билан боғлиқ мулоҳазаларни холис, эркин баён қилади. Илмий манбаларни синчиклаб чиғириқдан ўтказиб, тўғри, асосли мулоҳазаларини билдиради. Барча замонларда тилни эъзозлаш, элнинг ноёб бойлигини қадрлаш, асраш зарурлигини ҳар тарафлама асослайди. Ҳар бир тилнинг қудрати ва афзалликлари шу тилни яратган халқнинг ўзи билан бирга яшасагина ривожланиб боришини далиллар орқали кўрсатади.

Адиб ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганидан беҳад қувониб, миллий тилнинг давлат тилига айланиши тараққиётнинг асосий гарови эканлигини дилдан ҳис этишини айтади: “Халқни миллат қилиб ичдан бирлаштириб турадиган энг зўр омиллардан бири – унинг ягона миллат тилидир”.

Ватан тарихининг жонкуяри “Амир Темур сиймоси” номли бадиасида соҳибқирон Амир Темур шахсининг жаҳон олимлари томонидан қай тарзда баҳоланганлигини адолат мезонларига мувофиқ тарзда изоҳлайди. “Темур тузуклари” борасидаги илмий асосланмаган қараш, ғояларнинг пучлигини далиллар билан фош этади ва Соҳибқирон фитратини аниқ фактлар, ҳаётий далиллар воситасида ҳаққоний тасвирлаб беради. “Куч — адолатда” шиорини дастуруламал айлаган улуғ сиймонинг зиддиятларга бой ҳаёти, сиёсат, иқтисод, ҳуқуқ фанлари такомилидаги зурафолик фаолияти илмий-бадиий аспектда талқин этилади.

Пиримқул Қодировнинг тил масаласини илмий-бадиий ракурсда ёритгани, Амир Темур феноменини яхлит ҳолда холис баҳолагани ёш авлод маънавий-эстетик тафаккурини бойитишга қўшилган улкан ҳиссадир. Чунончи, жаҳон темуршунослари фикрларига муносабат тарзида юзага келган бадиа ўзига хос бетакрор асар бўлиб, унда Соҳибқироннинг фалсафий-эстетик маслаги тўкис кўрсатиб берилган. Назаримизда, ёзувчининг мазкур бадиалари бундан кейин ҳам адабиётшунос, нафосатшунос, файласуфлар диққатини ўзига жалб этаверади.

XX аср иккинчи ярми — XXI аср бошларида ижод қилган атоқли адибимиз Пиримқул Қодиров шу кунларда саксон беш баҳорни қаршилаган бўларди. Унинг маънавий ҳаёти бадиий асарларида, бошлаган эзгу ишларида давом этаверади. Дарвоқе, ёзувчи вафотидан 3 ой олдин мен у кишининг суҳбатларида бўлган эдим. Ўшанда устоз Худойберди Тўхтабоев, Суйима Ғаниева, Абдуғафур Расулов, Ҳамидулла Болтабоев сингарилар ёзувчи ва олимлар билан адабиёт, ҳаёт ҳақида қизғин суҳбат қурдилар. Ҳар гал шу учрашувни эслаганимда, Пиримқул Қодировнинг нуроний сиймоси, Сафия онанинг маъсум нигоҳи кўз ўнгимда гавдаланади ва улуғларнинг ҳар бир суҳбати биз ёшлар учун ҳаёт сабоғи, адабиёт дарси эканига иқрор бўламан.

Умида Расулова,

ЎзМУ доценти

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2013 йил 12-сонидан олинди.