Аминжон Маматов. Коса тагида ним коса (1991)

Миллий муносабатларнинг кескинлашуви кутилмаган ҳодиса эмас, уни демократия ва ошкоралик натижаси дейиш ижтимоий ҳодисаларни бир ёқлама талқин қилишдир. Жамият тараққиётини ҳеч қандай зиддиятларсиз, фикрлар курашисиз фараз қилиш ва бундай сокинликни ер юзининг олтидан бирини эгаллаган улкан мамлакатда кутиш мантиққа зид. Зиддиятларсиз жамият кишиларнинг фикрлаши, яшаш тарзи, ҳодисалар моҳиятини англаши бир хил бўлганда юз бериши мумкин. Ҳозирги зиддиятларга фақат иқтисодий қийинчиликларгина сабаб эмас, балки улар ижтимоий-сиёсий соҳада йўл қўйилган хатолар, хусусан, тенг ҳуқуқлиликнинг амалда бўлмаганлиги, узоқ йиллар давомида ҳамманинг ҳар қандай буйруқни сўзсиз бажаришга кўникиб қолгани оқибатидир. Ҳамма гап зиддиятларнинг чегарадан чиқиб, қонли тўқнашувларга айланиб кетмаслигида, мағлуб ҳамиша айбдор бўлганидек, мавжуд зиддиятлар манбаини қуйидан, кичиклардан қидиравермасликда. Энди турли даврлардаги тарихий ва иқтисодий-сиёсий ҳодисаларни қиёсан ўрганмасак, ҳозирги миллий зиддиятлар негизини тўғри англаб бўлмайди.

Бизнинг бу ҳақда фикр юритишимизга, яқинда Иттифоқ Мудофаа вазирининг Балиқчи тумани партия қўмитаси биринчи котиби Бекжон Раҳмонов мактубига жавоби туртки бўлди. Аёнки, армиядаги вазият Иттифоқ миқёсидаги умумий аҳвол билан боғлиқ. Албатта, ўлим ҳамманинг бошида бор, аммо тинчлик шароитида шаҳардан-шаҳарга ўлик ташиш катта фожиа. Ўтган йиллар ичида ҳарбий хизматда ҳалок бўлган бирорта йигитимизнинг ўлими ҳақида марказий матбуотнинг ўз ташаббуси билан чиққани, бирор бошлиқнинг жиддий жазолангани маълум эмас. Тўғри, Москва ҳарбий трибунали қурилиш «оқсоқол»ларидан Умарбек Магамадовни рус аскари Игорь Ивановни ургани учун 7 йилга ҳукм қилган («Комсомольская правда», 1990 й. 23 ноябрь).

Жавобда йигитларимиз ўлими тан олинса-да, аммо айб уларнинг ўзларига қўйилади, жиддий ҳарбий ислоҳот зарурлиги эса тилга олинмайди: «Ўзбекистон СССРдан чақиралётган ёшларнинг кўпчилиги умумий ва техник тайёргарлиги бўш, рус тилини яхши билмайди. Бу эса уларга ҳарбий мутахассисликни эгаллашларига қўшимча қийинчиликларни туғдиради. Шунинг учун улар ҳарбий қурол ва техникани эгаллашда бошқа ҳарбий хизматчилардан орқади қолишади. Буларнинг ҳаммаси ҳалокатсиз ишлашларига тўсқинлик қилади». Бу ерда учта муҳим масала бор: умумий ва техник тайёргарлик, тил билиш ҳамда ҳарбий мутахассисликни эгаллаш. Булардан муҳими тил муаммосидир, чунки у халқларнинг ўзаро алоқаларига бориб тақалади ва миллий муносабатларнинг кескинлашувида ҳам, барқарорлашувида ҳам, муҳим ўрин тутади. Бинобарин, ҳарбий хизматдаги фожиаларга йигитларимизнинг нимжонлиги бош сабаб эмас.

Жавобдан англаймизки, йигитларимиз рус тилини билади, фақат «яхши билмайди». Хўш, қайси миллат вакиллари ўрта мактабда ўзга тилни оммавий равишда мукаммал эгаллаб чиқди? Ҳарбий хизматга олинган ҳар бир йигитдан эса ўша ондаёқ русча жавоб бириш талаб қилинади, билмаса таъна эшитади, камситилади, ҳатто тил билганлар сўз ўйини, қочириқ, истеҳзо қилиб тил билмаганларни ҳақорат қилиши, устидан кулиши мумкин. Миллий зиддиятлар кучайишидан олдин ҳам ўзбекларни «босмачи» деб атаганлари сир эмас. Шунда тушунса-да, вақтида жавоб беролмаса, киши руҳан эзилади. 1989 йилнинг ўн ойи ичида ўз жонига қасд қилган 73 йигит («Ёш ленинчи», 1990 й. 8 декабрь) ана шундай камситиш, руҳий эзилиш қурбони бўлса керак. Аллақачондан бери партия ва ҳукумат ҳужжатларида совет фуқаролари болаларини истаган тилда ўқитишлари мумкин дейиладики, бу бошқа тилни билиш мажбур эмаслигини кўрсатади.

Шу ўринда Ўзбекистондаги давлат тили Қонуни талабини эслаб кўрайлик. Агар аскарлардан тил билиш шу онда талаб қилинса, биздаги Қонуннинг 4,7 ва 8-моддалари бошқаларнинг давлат тилини ўрганишлари учун 8 йиллик муддат белгилаган, боз устига бепул ўргатиш ва ўқитишни кўзда тутган. Яна бу муддат ўзбек тилини билмаган ҳар бир киши учун эмас, балки раҳбарлар учун мўлжалланган. Айниқса, Қонуннинг давлат тилини ҳарбий қисмларга татбиқ қилмаслик ҳақидаги кўрсатмаси, ҳатто туман ҳарбий идоралари ҳам Қонунни тан олмаслигига асос бўлган. Давлат тили Туркистон ҳарбий бошқармасига дахлдор эмас, деб изоҳ берилганда ҳам бошқа гап эди. Булар Қонуннинг шошилиб қабул қилинганлигини, жумҳурият мустақиллиги ва ҳарбий ислоҳот лозимлигини аввалроқ кўролмаганимиз оқибатидир.

Жавобдан келиб чиқадиган бошқа масалалар ҳам, аслида тил муаммоси билан боғлиқ. Албатта, вазирнинг йигитларимизда «умумий ва техник тайёргарлик бўш» дейиши тўғри, аммо бу талабни бажариш бир сониялик иш эмас. Ҳали бирор касбни аниқ тасаввур қилмаган, мактабни энди битирган турли тилли ёшларни бошқа тил муҳитига — ҳарбий хизматни ўз тилида ўтайдиган ёки шу тилни яхши биладиганлар орасига қўшиб қўйиб, яна уларнинг «умумий ва техник тайёргарлиги бўш» дейиш ноўрин. Ана шундай вазиятда «ҳарбий мутахассисликни эгаллаш» мумкин эмас. Битта мутахассисликни эгаллаш учун ҳатто 5—7 йиллаб ўқитамиз ва шунда ҳам ҳамма бирдек бўлавермайди. Гап шундаки, биз ҳозиргача ҳеч кимнинг имконияти, қобилияти, касбини ҳисобга олмай, бир хил талаб қўйиб келдик. Ўрта ва олий таълим ҳам шунга асосланган. Афтидан, ҳарбий бошлиқлар худди ана шу оммавийлик усулидан воз кечиб, марказий раҳбарликни қўлдан чиқаришни хоҳлашмаяпти. Улар Россия армиясида узоқ ўтмишда шаклланган тартибни, умуман, давлат ва истамасликка сабаб ҳам мана шунда.

Маълумки, Совет Иттифоқи собиқ чор империяси заминида вужудга келди. Бу империя таркибидаги халқларнинг кўпчилиги тарихан шаклланган мустақил давлат тузумига, бошқарув усулига эга бўлиб, жаҳон тарихида ном қолдирган эди. Тўғри, чоризм рус халқини ҳам эзди ва айни чоғда мазлум халқлар устидан яккаҳокимлик ўрнатиб, улардан чор амалдорларига сўзсиз итоат қилишни талаб этган. Мамлакат доирасида давлат ишларини империя тилида олиб бориш бунга яққол мисол бўла олади. Айрим зообитлар бунинг салбий томонини англаганлар. Масалан, чор генерал-губернаторларидан С. М. Духовский рус амалдорлари ўзбек тилини ўрганиши зарурлигини таъкидлаган эди. Бироқ давлат бошқарув ишлари рус тилида олиб борилганидан бунга эҳтиёж қолмаган. Бошқа бир генерал — А. Корольков подшоҳга ёзган мактубида Ўрта Осиё аҳолисини руслаштиришни, бунинг учун Муҳаммад Али (Дукчи эшон) қўзғолони баҳонаси да Андижон билан Мингтепа орапигидаги барча аҳолини империя ичкарисига сургун қилиш, табиатан мироблик касбига моҳир аҳолини суғориш ишларига жалб этиш учун Россиянинг Оврўпо қисмига кўчириб юбориш, аксинча, сиёсий жиҳатдан Фарғонада рус таъсирини кучайтириш (бу соҳада талай ишлар қилинган), маҳаллий амалдорлар беш йил ичида рус тилини ўрганиб олишини, мансабга даъвогарларни эса 15 йилдан кейин тайинлашни тавсия қилган («Фан ва турмуш», 1990 й. 2-сон). Бу зобитнинг андак эҳтиёткорлиги шундаки, у рус тилини беш йил ичида эгаллашни амалдорлардан талаб этган, биз эса оддий оммадан ҳам тил билишни, ҳатто яхши билишни талаб қилдик. Кўрамизки, бизнинг давримизда кишиларнинг дунёқараши, сиёсий тузум, ишлаб чиқариш воситаларига муносабати ўзгарган бўлса-да, давлат ҳудуди, асосий раҳбарият таркиби ўзгармаган, бошқарув ишларини ягона тилда олиб бориш эса анча кучайган.

Тарих ва маънавиятдан шу қадар узоқлашиб кетганмизки, ҳатто мустамлакачи генераллар ва уларнинг ҳомийлари айтган ғайриинсоний ғояларни ҳам байроқ қилиб олганимиз, жумладан, мадҳиямизнинг бош сатридаги «буюк оға» ибораси ижодкорларини биламизми? Мана улар: генерал А. Н. Куропаткин 1916 йил 21 август куни ўз истиқболига чиққан Тошкент жамоатчилиги вакилларига қарата: «Бу кўп сонли оилада руслар бошқаларга нисбатан катта оға бўлишлари лозим», деган бўлса, рус аҳолиси, рус амалдорлари ва савдогарлари вакилларига: «Худди аввалларидек (олдинги генерал-губернатор даврида бўлганидек — А. М.) ҳозир ҳам Туркистон халқлари ўртасида ўзларингизни катта оғалардек ҳис этишларингиз учун мен сизларга ғамхўрлик қиламан», деган («Фан ва турмуш», 1990, 3, 14-бет). Бу ғоя Совет ҳукуматининг дастлабки йилларида ҳам йўқолмаган.

Давлат тили ҳақидаги Қонуннинг кучга кирганига бир йилдан ошгандан сўнг ҳам Тошкент чарм ва пойабзал ишлаб чиқариш бирлашмаси раҳбарларидан бири А. С. Таранов ишчи Ф. Аҳмедовнинг ўзбекча ҳужжатини «ўзбек тилида ёзилган бундай қоғозни тушунмайман, кўтар справкангни…» («Совет Ўзбекистони», 1990 й. 11 декабрь) деб жеркишдан чўчимади. Ёки оддий рассомнинг «ишдан бўшашга ариза берсам бераманки, лекин ўзбекча ёзмайман» дейиши (ўзбек тилини ўрганиш, ўзбекча гапиришга эмас, тайёр матнни ёзиб беришга шунчалик эътироз) нимани кўрсатади? Ҳали дунёқараши, сиёсий-ижтимоий ва тарихий ҳодисаларни таҳлил қилиш даражаси тўлиқ шаклланмаган кашшофнинг жумҳуриятимиз матбуотида бир неча бор қайд этилган «Йўқолсин ўзбек тили (шукрки, ўзбек тили Москва ёки Киевда қўлланмайди) ва чет тиллар! Улар бизга нима учун керак?» деган гапини қандай баҳолайсиз? Албатта, бундай қарашлар билан дўстикни мустаҳкамлаб бўлмайди, шунинг учун улар ўз баҳосини олиши керак. Бу борадаги ҳар қандай лоқайдлик ғанимлар тегирмонига сув қуйиш бўлади ва миллий зиддиятларни кучайтиради. Шу жиҳатдан тошкентлик А. Кожевников ҳақ гапни айтган: «Россиянинг ўзида яшаётган кўплаб оддий русларда ҳам босқинчилик қутқуси бор. Москванинг «бешинчи колоннада», «Ўзбекистонда яшаётган русларга нима дахли бор? Мен, масалан, москвалик сиёсатдонлар ва миллатчилар ўртасида оилам билан ўзига хос «қалқон» бўлишни хоҳламайман…» («Комсомольская правда», 1990 й. 28 декабрь). Буни ҳамма билиши керак.

Дарҳақиқат, «буюк оғалик» ғояси на рус, на маҳаллий халқ онгида ижобий фикр уйғотди. Бу ғояни, хусусан, рус тилида сўзлашувчиларнинг ҳаммаси ҳам, айниқса, уларнинг ёш авлоди тўғри қабул қилмади ва ҳатто баъзиларида шовинистик қарашларни уйғотди. Бироқ биз бунга эътибор бермадик, ваҳоланки, «улуғ рус шовинизми» мавжудлигини В. И. Лениннинг ўзи айтган эди. Ўша кашшофнинг гапи аслида бир миллатни улуғлайвериш, «улуғ халқнинг улуғ тили»ни матбуот воситалари орқали тўхтовсиз тарғиб қилиш, амалий-расмий ва илмий ишларда рус тилини етакчи ўринга чиқариб қўйиш каби бир ёқлама ҳаракатлар руҳида тарбияланган ақли расо одамларнинг фикридир. Сиз бу ғоя йўқолиб кетган, деб ўйламанг. Ачинарлиси шундаки, ўша кашшоф билан бирга ўқиётган маҳаллий ёшлар ҳам ана шу руҳда тарбияланмаяпти, деб ким айта олади? Ёки олий минбардан туриб, «биз оиламиз билан русча гаплашамиз», дегувчилар шулар хилидан эмасмикин? Миллий зиддиятлар кучайиб турган бир вақтда рус тилини умумдавлат тили даражасига кўтаришга интилиш ўтмишда амалга ошмаган орзуларни рўёбга чиқаришдек туюлади. Бу эса жумҳуриятлар мустақиллигини ҳамда уларнинг давлат ҳақидаги қонунларини инкор этишга олиб келади.

Хуллас, миллий тенг ҳуқуқлик барча соҳада қамраб олмаса, халқлар ўзини камситилган санайверади ва ўзлигини таниш ошган сари кишиларнинг ижтимоий-сиёсий масалаларга муносабати ўзгариб, миллий зиддиятларни бартараф қилиш мураккаблашаверади, чунки аввалги андишали, итоаткор авлод ўтиб бораётир. Янги авлод бевосита мулоқотда шундай саволларни ўртага қўймоқдаки, унга жавоб беролмай бошингиз гаранг. Улар митти давлатларнинг қандай қилиб бехавотир ва мустақил яшаётганию бизнинг нима учун бошқа халқлар ҳаракатини қувватлаганимизгача қизиқадилар. Ёшларни энди аввалги ақидалар билан қониқтириб бўлмайди. Ҳа, фикрлар курашини мажбуран тўхтатиш мумкин эмас. «Ҳамма бир хилда фикр қилдими,— деган экан файласуф Гегель,— демак, жамият фикр қилишдан тўхтабди». Бу эса таназзул белгисидир.

Аминжон МАМАТОВ,

филилогия фанлари номзоди, доцент

“Шарқ юлдузи” журнали, 1991 йил, 10-сон