Абдулла Қодирий. Эски шаҳар «ЧеКа»си атрофинда (1920)

Икки йил энди ярим ёрти ҳукумат ишлари ўз қўлимизга берилиб келадир. Бизнинг учун ўлка масштабинда иш кўрмоқ (озгина истисно ила) тўғри келмаса ҳам шаҳар, уяз, қишлоқ ишларимиз ўзимизга топширилди. Икки йилдан бери баъзи жузъий ишларимизни ўзимиз юритиб келамиз. Табиий, илгарироқ идораларимиз бошига ўлтурган меҳмонлар тажрибасизликдан идора ишинда ўзларини тута олмаганликдан ва…лардан халқни ташвиш остинда қолдириб келдилар. Инқилоб тўлқуни босила тушди, сув тинди. Кимни ким эканлиғи аниқлана бошлаб, иш бошиға ҳақиқий халқ хизматчилари бўлған номзодларгина ўтқузулди.

Ўтқузулди, аммо айни бир фожиъа қаршисига фаҳмим етди. Бу, ўзимиздан идора ишларини юргузарлик иш кишилари йўқлиғи эди. Табиий Некалай истибдоди ила биз идора ишларидан четка қоқиб, ҳайвон каби маишат этмоқға мажбур айладик. Аммо инқилобдан сўнг бизга керакли иш кишиларни ҳозирламоқ эди. Буни ишнинг кетиши ҳам бизга сездирар эди. Лекин биз бунга эътибор этмадик. «Бўлар-кетар»да давом этдик, аммо бунинг натижаси бу кун қаршимизда гавдаланиб турадир.

Ҳозир идора ишларимизни юргузмоқға кишимиз йўқ, табиий, руслардан қўямиз. Лекин руслар бизнинг тилимизга, урф-одатимизга бутунлай таниш эмас. Ишка русдан хизматчи олсақ тил билмайдир, ёнига бир таржимон берай десак, бизда таржимон анқонинг тухуми! Мана фожиъа!..

Мен бизнинг идорамиздаги оқсовни шу лаҳзада деб билганлигимдан бу кундан эътиборан иш кишилари ҳозирлов чоралариға киришувни ўз аҳлининг ёдига тушуриб ўтаман. Бу кундан бўлак тадбирига киришмасак, келажакда мундан ҳам ёмонроқ натижалар беруви кўз олдидадир.

Эски шаҳар ЧеКаси (тергов ҳайъати) уч-тўрт давр кечириб, бир неча хоинлар қўлинда ноҳақ ўюн бўлган кунлари ҳам бўлди. Аммо сўнгғи вақтларда ўзимизнинг муқтадири” халқ ходими бўлган кишиларимизни бу ўрунга қўйдик. Дарвоқиъ, бу ўрунга лаёқатли деб билган кишиларимиз ҳозиргилар бўлиб, булардан бошқа лаёқатлигини топмоқ бизнинг учун ғайри мумкин эди. Лекин иш шундоғ бўлса ҳам Эски шаҳар тергов ҳайъати ўз табиий ҳолинда бора олмайдир. Бунинг сабаби маълум: — иш кишиларимизнинг йўқлиғи!

Шу яқин орада тергов ҳайъати ўринлашган бинода ёнғин воқиъ бўлиб, бир неча кунлар ЧеКанинг ишлари тўхтамоқға мажбур бўлди. Ҳайъат раиси Эргаш ўртоқ Нурмуҳаммад ўғли на учундур бир неча бора хизматдан озод этилувни сўраб истеъфо берди эса-да, қабул этилмади шекилли, у ҳамон истеъфосинда исрор этади.

Эшитилган сўзларга қараганда, Эргаш ўртоқни юқори доиралар хизматига олинув эҳтимол тутиладир. Ҳар ҳолда Эргаш ўртоқ фидойи халқ хизматчиси бўлганлигидан бу ўртоқдан фойдали хизматлар кутулса бўладир. Эргаш ўртоқни бу ўрундан олинган тақдирда Крайкомнинг лаёқатли кишини таъйин этувига ишонамиз. Аммо илгариги ҳолларнинг такрор этилмови кўзда тутилурга тевиш.

Жубой

«Иштирокиюн» – 1920 йил, 3 март, 47-сон