Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий. Хутбадан мурод нима? (1917)

Бундай муҳим вақтда бу хил муҳим маеалаларни қўзғатмоқ улуғ заруриётдандур. Муҳтарам уламои киромларимизни ҳам ортуқча мунозаралар ўрниға мундоқ масалаларни ҳар бир тарафин муҳокама қилуб, хатосига, афу савобига иждиҳот этмаклари диний улуғ вазифалардандур. Ўз кўзум бирла кўрдиғим ва қулоғим бирла эшитдиғимча, Арабистонда ҳар ерда хутба ўқилур. Имом «Алҳамдуллоҳ, алҳамдулиллоҳ, алҳамдулиллоҳи лази ҳаддоно алал ислом», деса, араблар: «Наҳмидуҳу ва нашкуруҳу ва нумину биҳу», — дерлар. Имом: «Ашҳаду анна лоилоҳа илоллоҳ», демак, баробар қичқиришуб, «Ва ашҳаду анна Муҳаммадин абдуҳу ва расулуҳу», дерлар. Имом: «Инналоҳу ва малайкату-ҳу ясилуна алан набиян ё аййуҳаллазина оманиҳу ва салиҳу», демак, баробар гуруллашуб, «Саллаллоҳу таоло алайҳи ва ала асҳобиҳи ажмаин», дерлар. Имом: «Аюҳаннос… дедими, «лаббайк», дерлар-да кеча ярими каби бир тинчлик ҳосил бўлуб кетар ҳамда сомеълик вазифасин адо этувга киришур. Саҳар мурғи каби мақом мақомида «Омано… садақно… наама… садақа расулилло…» каби анда-мунда қабулият товушлари эшитулуб турур. Имом: «Оллоҳума ағфирли…» дуосин битургач, охиринда гуруллашиб, баробар «Омин ё раббил оламин», деб такбирдан сўнг намозға киришурлар. Мана булар на учун бундоғ товуш этуб турурлар.

Албатта, хутбани нимадан иборат эканлиғин онглар ва буни ҳеч ким инкор этмаса керак. Аммо, бизим Туркистонда тиллари турк ва форс учунми «Айюҳаннос» нидосига «лаббайк» ўрнига сукут этуб, девор ёки устунга суёнуб ухловга, албатта, мажбурдурлар. «Дўконингизи беркитинг, азон айтди», деганда, «Эй, ҳали хутба ўқийди, вақт узоқ» ёки «Фалон масжидга борайлик», деганда, «Эй, ул бўлмайди имомини овози совуқ, жуда хутбани узун ўқийди…», — деган жавобларни айб этувга ҳақиқимиз борми? Гуноҳкор соний оламизми? Албатта, йўқ! Чунки халқимизни юздан тўқсон беши авом. Бул авомлар на мактабда муаллимдан, на уйда ота-онадан, на маҳаллада юруб, бирор мажлисда имом ҳазратдан жумъа байрами ва хутба хусусинда очуқ бир маълумот олган йўқ. Демак, хутбани тингловни вожиботиндан мутлақ деярли хабарсиздурлар.

Ҳолбуки, имомларимиз орасинда ҳам икки-уч минг кишига қараб хутба ўқуркан, «айюҳаннос» нидосидан мақсад на эконлиғин англовчилари йўқ, демакға мумкин. На учун агар билсалар эди, бу вақтгача бундай муҳим масалани қўзғатурға киришур эдилар.

Эл турк ва форсий экан, «айюҳаннос» нидоси ўрнига «эй, халойиқ» деб қилғон тарғиб ва таклиф умури шаръи ва аҳкоми исломни ўз шевасина кўчируб сўзлар эдилар. Амри маъруф ила огоҳ этар учун лозим тутилган иложга ёпишур эдилар ёки туркий ўқув моне экон, эл арабчани англамас экон, хутбани ҳамду сифот ила тамом этар, турк вожиботиға паришон сўзлаб, гуноҳкор бўлмоғига сабабкор бўлмас эдилар. Демакки, хутбадан мурод маҳотибинни закот, садақат, ақида ва ибодат каби диний ва миллий аъмолга таклиф этув экон, ҳамду сифот баъдинда ўқиладурган «айюҳаннос» хитобиндан бошлаб туркий ерда туркий, форсий ерда форсий ўқуб тинглатув вожибатин маъсум элни гарданидан адо этувга қоттуқ бир моне борми ёхуд «туркий тили макруҳ» деган асоссиз хитобларга сукут этамизми? Ажабо, ҳақиқатми, бўҳтонми, боис иттифоқми, нифоқми? Бу кунги 200 миллюнни ташкил этуб турган турк ва форс ўғли асри саодатда ҳузури 30 рисолатпаноҳда бўлса, жаноб пайғамбаримиз хутбани арабий ўқурмидилар? Ёхуд сан турк, сан форс, деб мутлақ ажратурмидилар ёки бир чорасига, яъни туркий ва форсий ҳам ўқувга киришурмидилар? Мана, саволнинг муҳим ери бундадур!

Ишда агарда бу масала бизда аввалроқ ҳал бўлган бўлур эди. Бу кунги ҳуррият оламинда иттифоқ ва иттиҳод[1], алалхусус, ҳозирғи диний ва миллий камчидикларимизга энг биринчи моддий қувват бўлган закот ва садақот тўғрисинда ҳеч шошилмаган ва бу хил ўринсиз ихтилофларга тўқунмаган бўлур эдик ҳамда юздан тўқсон бешни ташкил қилган хат ва саводсиз халқимизга бу кунларни англатур учун хитобнома, жарчи, воиз, фалон ва казоларга тиролмас эдик. 3000—5000 лаб халқимизни минбар тагига йиғуб, сомеъликка қўшуб турган ҳафталик бу фурсатларда «айюҳаннос» ўрнига имомларимиз «эй, халойиқлар», дер эдилар-да, бу кунга қадрлик кунларда ҳар кишини ўзига лойиқ буюрулган диний хизматларни тушундурур, ижрои шаръи ва тарғиби аҳкоми исломга бўюнсунуб бир-бири била иттифоқ ва иттиҳодда бўлувни қадрлик кунда диний ва миллий ҳуқуқни танувни «Шўрои ислом» байроғи остиға йиғилишуб иш қилувни таклиф ва тавсия этар эдилар. Оғурликлар биздан кўтарилуб, ҳар бир ишимиз ихтилофсиз, нарсасиз ўз ўрнида қарор олган бўлур эди.

Эмди ҳамду сифотдан бошқа мақсадни туркий ўқувга қоттуқ бир моне йўқ экан, бу амалнинг мумкин қадар ижро этувга киришмоқ керак. Хутба туркий ўқилурса, самаворлардаги Жамшид ҳикоясиға йиғулган халқ, албатта, жумъа кунги байрам муносабати билан жумъа ўқилатурган жомеларимизда халқ соат ўнлардагина тўплануб-тўлувига, албатта, ишона олурмиз ва бунинг сўнғида юқоридаги мақсадларга ноил бўлурмиз. Бу хусусда муҳтарам уламоларимизнинг жавобларин кутамиз ва журналимиз саҳифалари уламоларимизнинг шаққалари[2] учун ҳар доим очуқдур.

«Ҳуррият» журнали, 1917 йил, 2-сон

[1] Иттиҳод — бирлашиш.
[2] Шаққалар — мақолалари, жавоблари маъносида.