Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий. Маҳаллий сармояни кучайтириш чоралари (1925)

Қайсики маҳаллий ҳукумат кишилари маҳаллий сармояни кучайтириш чорасини истасалар, Қўқон ижроқўмининг шул хусусда қилғон қарорларидан ибрат олсин.

Масалан:

1. Боқиманда солиғларни йиғиштириш ҳафтаси эълон қилиб, бутун масъул ишчиларни боқиманда солиғларни ундириш тўғрисида ташвиқот кампанияси ўтказиш учун волостларға чиқариб, ул чиққан вакилларнинг суточний олишларигағина, қишлоқларни саёҳат қилишга чиқиб, ташвиқот ўрнига ов қилиб қайтишда волижроқўмларнинг қўлидан олиб келган тилхат билан қаноатлансин.

2. Агарда бирорта муассасанинг штати кўп бўлса-ю, бинолари етишмаган бўлса, дарҳол ёнида бўш жой бўлса, ошхона қилдирсин. Токим маҳкамага кирари-чиқари кўпайиб, маҳкама ишчиларининг қорни овқатнинг ҳиди билан тўядир, 8 соатлик иш вақтларини 3/4 ни ошхонада ўтказмайдурлар: Айниқса, атлас, банораслардан кафа қилдириб, аравага тушиб юрган, папирос олиб чекишга пулларини кўзи қиймағон, ҳар бир кирган кишидан аризадан илгари папиросга гадойлик қиладурғон ота ўғилларининг меъдаларини тўйишига сабаб бўладур.

Тангла рўзи қиёмат куни сўроқдан осон қутулишларига сабаб бўлғайлар, валлоҳу олам биссавоб.

«Муштум» журнали, 1925 йил 13-сон