Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий. Энг қадрли меҳмон (1917)

23-ражабда якшанба куни Қозон уламолариндан муҳтарам Фозил Олимжон ҳазрат боруви Намангондан қайтишли Ҳўқанд Шўрои исломиясиға[1] ташриф буюрдилар. Бу зот татар оламиндагина эмас, бутун Туркистонда миллатга этган улуғ хизматлари макотиб[2], мадорис[3] учун ёзғон энг муҳим асарлари била тонулган улуғ зот ва савод эгаси бўлғон чинлик ҳар бир кишиға маънавий бир устоздирлар. Шўрои ислом аъзоларидан бошқа зиёрат ва нутқ эшитмоқға ошиққан кишилар билан бутун тўлган, ҳатто кўчаларда ҳам сомелар[4] икки-уч қатор тизилган муҳтарам зот порс-порслар[5] баъдинда туруб[6], мусулмонларни ҳозирги саодат кунлар бирла табрик этдилар. Сўнгра оташлик нутқлар ила бу кунги вазифамиз учун энг керакли бўлғон ижтиҳод, ҳаракат, иттифоқ, иттиҳод хусусинда икки соатга қадарлик кенг бир маълумот бердилар. Бир оз миодалар[7] баъдинда сўз усули жадид мактабина кўчди. Уламоларимиздан жоменинг мударрислари жаноб Тўрахон махдум домла сўзга кириб: «Меҳмон афандим! Менга рухсат берсангиз, бир-икки оғиз сўз сўзласам», — дедилар. Жаноб Олимжон домла ҳазратлари рухсат бердилар. Жаноб Тўрахон маҳдум домла: «Биз усули жадид мактабиға ҳеч бир важҳдан моне бўлмадук ва ҳам бўлмаймиз. Усули жадид мактабининг замонға мувофиқ равишда тасҳил бўлмоғи била ҳаммамизга тонулғон ҳамда ҳеч бир китобларинда шаръифға[8] хилоф бир калимани кўрмадук, илло, онинг ўқитувчиларидангина ўпка этамиз. Чунки адабсиз сўз келишимсиз рафтор ва равишда бўлувчилари кўпдир. Хусусан, ўқуб турган шогирдлари ҳам ўзлариға биноан рафторда бўлинурлар ва ҳоказо…

Ҳақиқатда ўзимиз ҳам инсофга келганимизда, бу сўз ҳақдур. Чунки усули жадид мактабининг интишор[9] топганиға йигирма йиллар тўлмакдадур. Аввалда муҳтарам уламоларимиз ҳам қаршу олдилар. Ҳатто ўз фарзандларин беруб, ўқитгонлар ҳам бўлдилар. Ҳозирғача имтиҳонларда ҳам баъзан бўлмоқдадурлар. Маатаассуф муаллимларимиз орасинда таълим ва ахлоқ, қисқаси, усули таълим ва тадрисдан камчиликларга кўмилганлари ва балки бутун деярлик бехабарлари ҳам кўпдур. Муни у муаллимжонлар ўзи иқрор этмас ҳам энди ҳақиқат ўзи майдонга чиқорур. Бу камчиликларға сабаб эса у муаллимларнинг ўзлари рушди[10] мактаб кўрмоғонға қарши мукаммал суратда ибтидоий мактабларға ҳам боруб, усули таълим ва тарбия ва равиш ўрганмаганликларидур. «Устод кўрмаган шогирд ҳар мақомға йўрғалар» муқаддас мақол каби бир ҳисса у муаллимларға қоршу ўн ҳисса тақлидчилар кўпаюб, бу хил ноҳақ қусурлар майдонға чиқти ва боиси нафрат бўлди. Бу ҳам эски хоин ҳукумат миссионерларини сезғусизлиқлар соясинда жамиятлар ва жамият муфтишлари казо-казолар бўлмагани сабабидандур. Эндиликда, албатта, шул ҳолда қолмас, алҳамдулиллоҳ, жамияти Шўрои исломлар қилди, маориф тарқатмоқ ишлари жамият ихтиёрига ўтди, кабидур. Эндиликда муҳтарам уламоларимиз ва бойларимиз ва ёшларимиз қўл тутушуб, макотиб ва мадорис ислоҳотиға киришурлар. Энди макотиби жадида учун бўладурган муаллимларни мумкин қадар текшируб, имтиҳонлар қилуб, муаллимлар етушмас экан, татар ва қофқозли ва туркистонли дин қариндошларимиздан етушган муаллимлар кетурурлар. Муҳтарам уламоларимиз замоннинг янгиланув муносабатила аввалғи бизим этган адабсизликларимиз юқоридаги ажзларимизға биноан афв этарлар.

Сўнгғи бўладурган макотиб ва муаллимларға моддий назар ва ёрдамларин дариғ тутмаслар, деб умид этамиз. Демакки, жаноб Тўрахон маҳдум домла ҳазратларининг инсофона сўзлари ҳаммаға таъсир қолдурди. Жаноб домла Олимжон ҳазрат ҳам муаллимлардаги қусурларни ёшлик ва тарбия кўрмаганликка ҳамул этуб энди бўладурган насри маориф ишларинда ҳамма баробар бахтиёр ва озоддур. Ёшлар мумкин қадар текшуруб, ҳар бир ишда ҳам имтиҳонлар ясаб, иш юрутажак. Шўрои ислом насри маориф учун бир кичик жамият ясаяжак. Макотиб ишларин анга топшуражак. Албатта, у жамият ўзини эҳтиёт этуб, Шўрои ислом қошинда ҳар бир тарафдан ўзини масъулиятга қолмаслиқ даражада иш юритажакдир.

Ҳоказо, таъсирлик нутқлар ила сомеларнинг қондуруб бизим тарафдан уламоларимизнинг кўнгулларин тўлдурдилар ва ҳам тезлик ила вақтинча кичикроқ бир дор ул-муаллимин «келадурган таҳсилга ва муаллим тайёрламак учун» очмоқни таъкидлаб ўтдилар. Сўнгра жаноб Тўрахон домла мажлисдан рухсат сўраб чиқиб кетдилар. Жаноб домла Олимжон ҳазрат бир оз сўзлаб ўтурдилар. Обиджонбой тарафиндан бизларда юристлар, яъни ҳуқуқшунослар йўқ учун ишимизни оғир кетувидан ҳикоят этуб: «Ҳозир оз-моз русча ўқуғон талабаларимиз бор. Буларни тездан русчани юқори мактаблариға кирутмоқ ва алар орқали мустақбалдаги баъзи муҳим камчиликларимизни ўрниға келтурмоқ ниятидамиз. Бу иш шариат қошинда қандоғ бўлур экан»,— деган уламоларимизға савол қўюлди. Бир қанча музокаралар баъдинда Мадрасаи Хон мударрислариндан жаноби қозиюл қуззот Маҳдум домла ва жаноб мулла Файзулла Охунд домла ва Мадрасаи Олий мударрислариндан жаноб мулла Зоҳидхон домла бу шараф зотлар: «Филҳақиқат зарур экан, ахлоқ ва қиёфаларин табдил ва ташбиҳ этмасалар, шариатда моне йўқ», — дейдилар ва Акоюв: «Дуруст, моне йўқ экан, энди шул хусусда муҳтарам уламоларимиз расмий рухсат, яъни жойизлиғиға бир ривоят қилуб берсалар, авом наздида бизга яхши бўлур эди», — деди. Уламоларимиз юқоридаги шартни яна зикр этуб ривоят қилуб берувни руҳоний мажлислариға қўюб, ваъда қилдилар. Сўнгра Олимжон ҳазрат ҳам рухсат олуб кетдилар. Эртаси кун соат еттидан Мир Обидбой боғлариға ёшлар тарафиндан домла Олимжон ҳазрат мукаллаф[11] этдилар анда ҳам яхши жамият бўлди. Дор ул-муаллимин хусусинда чоралар қилинди.

«Ҳуррият» журнали, 1917 йил, 4-сон

[1] «Шўрои исломия» — Туркистонда 1917—1918 йилларда иш олиб борган ташкилот. 1917 йил 9 мартда тузилган. Унга Мунаввар қори Абдурашидов раҳбарлик қилган. Кейинчалик аксилинқилобий ташкилот сифатида тугатилган.
[2] Макотиб — котиблар.
[3] Мадорис — мадрасалар.
[4] Сомелар — тингловчилар.
[5] Порс-порслар (порсо-порсолар) — ёмон ишлардан узларини сақловчи художўй кишилар.
[6] Баъдинда туриб — орқасида туриб.
[7] Миодалар — ваъдалашишлар.
[8] Шаръиф (шаръий) — шариат.
[9] Интишор топмоқ — ёйилмоқ.
[10] Рушди — тўғри йўлдаги.
[11] Мукаллаф — таклиф қилинган.