Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий. Букунги қадрлик кунлар (1917)

«Ҳуррият» журнали ҳамма муслим ва муслима ва ҳамма аҳли ватанларнинг бу кунги бир абадий озодлик бирла табрик этадур. Жумламизга муборак бўлсун! Ҳамда 300 йилдан бери бир томчиси миллиард сўмларга топулмас қонларнинг дарё-дарёлари билан бу кунгина бошга солуб турган «Ҳуррият, мусовот, адолат» маънавий зиёларидин бебаҳра ва беком қолмасликни такрор тавсия этадур!

Яшасун янги давлат!
Яшасун жумҳурият!

Букун бахт фалакиндан чиқмиш ҳақиқат қуёши мусовот, адолат каби энг соф зиёлари воситаси била энг қоронғуда йўқолгон игна каби нозик ва муҳум мақсадларимизи ҳам ялтуратуб кўрсатмакдадур. Мана, букун ҳақиқат, ҳуррият воситаси била эски хоин ва золим, мустабид ҳукуматни 50 йилдан бери бўйин, қўл ва оёғимизга сезимсиз солуб келган умрлик оғур занжирларин кўзга кўрсатуб ечди, халос қилди. Букун ҳақиқат, мусовот воситаси била, бир тараф, золим амалдорлар, иккинчи тарафдан, раҳмсиз, шафқатсиз талончилар темир тирноғи остида пўстлари бутун сидирилуб, юраклари эзилуб, чўкуб хонумонларидан ажраб келуб турган мазлум, ноҳақ фақиру бечора, етим, ғарибларнинг бургутлар панжаи маргидан раҳо қилди.

Фақиру бечоралик оғуси била хаста бўлган овозлари мусовот шифоси била тузатилди, чиқарилди. Демак, шоҳу гадони довуш ва ҳуқуқлари бамувофиқ оёт ва ҳадис баробар бўлди. Ва ҳар ким ўзига ҳур бўлди. Яхши, ёмон, содиқ, хоин, роҳим, золим, жобир ва одилни ажратуб, ихтиёрларини каттаю кичик, шоҳу гадо, эру хотунларни ўз-ўзлариға топшурди. Букун ҳақиқат, адолат воситаси била аввали 30, охири 10 йилдан бери «Оҳ, ҳақиқат қайси кун бўлурки, бизни бошимиздаги золим ва хоин эски ҳукуматнинг баҳри истибдодиндаги гирдоби балодан халос этуб, ҳуррият, мусовот, адолат канорига чиқорурсан, халқимиздан миссионерларнинг маънавий қармоқларин саломат жудо қилурсанки, хоин чўпонларга топшурилуб биёбони жаҳолатга ҳайдалган мазлум элу халқимизи озод қилурга етушурмиз, кўзларин очурмиз, уйғотурмиз, бадназар, бадкирдорларнинг дин ва миллатимизга солган тешук раҳналарин ошкора қичқуруб айтурмиз…», деб дин ва миллати учун тунин, кунин қойғуруб юрганда, баравж ватаннинг чин ўғуллари дин ва миллатнинг маънавий ходимлари бўлган ёшларимизга, алҳамдулиллоҳ сум алҳамдулиллоҳ, букунги қадрлик кунлар етушди. Букун ҳақиқат улуғ хизматга кенг бир майдон очди. Букун ҳақиқат ҳақиқий миллатпарастларнинг майдонига чоқурмакдадур. Ким ҳақиқатпараст, ким миллатин суювчи ким иннамо ал мўминина ихвату ҳу ояйи каримаси мазмунича, ўз халқини бир кўзда кўрувчи, ким жамоат хизматига жон ва молин фидо этувчи, айтилсун, бу майдони ҳақиқатга кирсун, бу мункирлик хизматига. Букун қандай кун? Букун энг қадрлик, энг ғаниматлик кун! Букун Остроумов, Ильминский[1] кабиларнинг тарбиясида яшаган ва анинг маслакига хизмат этувчи, ватандаги ўз орамиздан чиққон дин хоинларини хиёнатларин ҳақиқат майдонига отур. Ноҳақларни шарманда ва сарнигун қилур.

Ҳой, биродарлар, кўзингизни очинг!

Ва огоҳ бўлинг! Қулоқ солинг! Букун майдони ҳақиқат миллат хизматига ходим чоқирур экан, қарангиз: ким югурур, ким сукут қилур? Фарқ этинг, тонинг, ажратинг, илм ила ажратолмасангиз, қилуб турган хизматларидан ажратинг. Букунги қадрлик кунларни қадрин ким билур? Миллатини ўзи жонидан ортуқ суйгон ва ўз халқи учун жисму жигари куйган, 30 йилдан бери золим сайёдларнинг ноҳақ тир ва ўқларига кўкракларин сипар қилуб келган баравж ёшларгина бу кунги қадрлик кунларни қадрин билур. Юқоридаги хитоблардан мақсад миллий бу хизматга ёшларнигина мустасно қилув эмас, бори ёшларимиз сўз кўтарувчан, қанча очуқ: айтсанг, ҳақиқатлиғин англар, тобора шавқлик ўлур.

Ҳой, аҳли ватан, бу хизмат ҳаммага баробар, такрор айтмоқдамизки, букун хизмат куни экон. Ким миллатин суюр, ким динга хизмат қилмоқ истар? Ким тангрисин ризолиғин, ким руҳи пайғамбарин шод бўлурин истар, ким маҳшарда «Ислом миллатига на хизмат қилдинг?» деган хитобга сарнигун бўлмоқни, сукутда қолмовни истар экан, уламоми, бойми, гадоми, ёшми, қарими — келсун, бу хизматга отилсун. Масъулиятни ўзидан кўтарсун. Букун — тижорат куни эмас, букун — саёҳат куни эмас, букун — иш эмас, букун — ўқув ва ўқутув куни эмас, букун — ман катта, сан кичик, сан бой, ман бечора, биз уламою сиз авом, дейдурган кун эмас. Букун — иттифоқ ўрнига нифоқ, садоқат ўрнига адоват қиладурган кун эмас.

Бизни ҳолимизга!

Яна қичқириб айтурмиз, ҳой, биродарлар, букун — хизмат куни, букун — иззат, ҳурмат, даража ва мартаба талаб этув куни эмасдур. Онгласи куни! Букун — ҳар бир миллатин тонувчи, суювчи зотга белини устидан боғлаб, югуруб хизмат қиладурган кун. Букун — биз ўз вазифамиз бўлган бу диний хизматни адо қилмасак, икки дунёда масъулмиз, миллатлар орасида аввалғидан ҳам баттар хору зор, шармандаю шармисорбиз. Фидокор ёшлар! 700 минг халқимиз тарафиндан 20 минг халқ шаҳодати билан ҳануз жасади вужуд оламига кўчмаган миллиюн-миллиюн авлоди исломни келажакдаги ҳуқуқини тайин этувни ўз устингизга олдингизми? Бошқалар ҳам олди. Лекин сиз қараб турманг, ҳамон ўз вазифангизи адо этмоқға киришинг, ўз манфаатидан кечувчи сиз бўлуб кўрунмакдасиз, ҳамон давом этинг, эртаги товуқға олдануб, бу кунги тухумдан ҳам ўзингизи ва ҳам мустақбил[2] авлодингизи маҳрум қилманг. «Хизмат—ўлмас мол» каби муқаддас боболаримизнинг гавҳардек қадрли ҳикматлик сўзлари ёдингизда бўлсун эди.

Яшасун ёшлар![3]

«Ҳуррият» журнали, 1917 йил, 1-сон

[1] Остроумов, Ильминский — рус шарқшунос-миссионерлари. Н. П. Остроумов (1846—1930) «Туркистон вилоятининг газети»га муҳаррирлик қилган.
[2] Мустақбил (мустақбал) — келажак замон.
[3] Хутба тўғрисидаги изоҳ «Ҳуррият»нинг иккинчи номерига қолди (Муаллиф).