Абдулла Қодирий. Масков хатлари (1924)

I

«Муштум»![1]

Ҳузурингдан чиқар чоғимда манга берган ваколатинг ҳамон бўйнимда тумордир. Бироқ сипоришингни[2] қайси йўсун билан бажаришка ҳайронман. Чунки Масковнинг барча ишлари олипта, санга ярарлиқ ерини тутиб бериш қийин; кўз тиниб, бош айланган, мия ишламайдир.

Сан бундаги узоқ яқиндан бир оз чақ-чақ қилмоқчи эдинг, шекиллик? Лекин бир оз янглишкан эканмиз; негаки, Масковнинг ўзи жуда серчақчақ одамлар эмас. Озғина айбингни тутиб, кула бошлайдилар. Иштони йўқ тиззаси йиртиқдан кулган… бу тўғри гап: бир чоракупа, ўн пайса[3] элик[4], бир плакўн атир, бўйнингга пайтава, отаси ғиж-ғиждан, онаси жим-жимдан келган, шовдирама энгил кийиб, довдирама бўлиб кўчага чиқмасанг иш кашал[5]. Акс ҳолда мойлиқ кийимингни модмозелга, қадоқлиқ қўлингни баринга тегизиб бўлмайдир. Ишчи халқ устида чақ-чақ бўлиши мумкин эмас. Чунки ул сан айтмасанг-да, завод ҳам фабрик, тутун ва чириклари билан ҳозирга қорайған, вақтинча кайфу сафони бу охират кишиларига топшириб, ўзи шу гўрсўхталарга қабр қазиш билан овора.

Санга нималардан ёзиб юборишға ҳайронман. Чунки Туркистондан келиб бу ерда тўраликка ўқуб ётқан оға-иниларга яқинлашиш, яъни «Маҳрами асрор»[6] бўлмоқ учун анчагина борди-келди керак. Масков марказ, унинг бинолари ҳам етти-саккиз қават, осмони кенг, манга ўхшаш тупроғи енгил кишилар ҳаш-паш дегунча «айраплон» бўлиб учадир! Ман юқорида «Борди-келди керак» деган эдим. Тўғри, уларга яқинлашиш учун, албатта, васиқа[7] керак. Ўзинг яхши билсанг керакки, фақиринг васиқасизлардан. Жилла қуриғанда, улар билан алоқа боғлаш учун энг ози беш йиллик «стаж» лозим. Бахтка қарши каминангда бу қурғур ҳам йўқ. Шунинг учун бу товаришларинг билан тўрт оғиз гаплашиб олмоқ ҳам мушкул. Унга майнабозлиқ керак бўлса-ку, хайр; энсаси қотиб турғанни устидан чиқған бўлсангми, эҳе… сўзингизни қайтариб олишға тўғри келадир. Нима қилай, танқа бурунларингнинг ёниға йўлолмай, чет-четда «қўнқабой» бўлиб юрибман-да!

Кеча тўсатдан ўша «буродарони истажўвлар»нинг тўрттасининг мажлиси устидан чиқиб қолибман. Дарров одамизоднинг ёввойисини кўриш билан ҳол ўзгачаю ситам бўлакча бўлди. Гўёки фақиринг бир челак совуқ сув бўлиб ёниб турған оловға сепилдим… Ойим-ойимга боқар, ойим туйнукка боқар[8]; ундан кейин санда пичир, манда пичир… пис этди-да, пуввакдан дам кетди; шув этди-да, аканг қарағайни нам босди! Ўғул-қизнинг маслаҳати экан-да, деб ўйладим.

Айтчи ўзинг, бу стажфурушларингнинг мақсади нима, ахир? Ёки манинг ўт-бетимда песим борми, Худо ҳақи тушунсам! Нима, манда ўғул-қиз йўқми, манга кенгаш керак эмасми?

Сўзни нимадан бошлаб ёзишға ҳайронман: Масковнинг «Мирзақирон чиллаки»ларининг савдоси билан умргузаронлиқ қилғучи баъзи бир ўқуғучиларимизнинг «Бири бит, бити сирка» бўлолмағанидан ёзайми, ундан бунга савдо-сотиқ учун келиб, қаёқдағи тутуриқсиз шилингпоча[9] гўзаллардан шатта еб, Масков кўчаларида саланғлашиб юрган каммерсант акаларимизнинг ҳаётидан ёзайми?

Ҳар ҳолда, миям ўзимга келгунча кутиб тур-чи.

Жулқунбой, Масков.

«Муштум», 1924 йил, 1 август, 7 (27)-сон, 2-бет.

 

II

Гоҳо Туркистон ва Бухородан бу ерга савдо учун келган судратма чопон, ёпма салла[10] акаларга учраб қолишлар ҳам бор. Салла-чопон, кавш-маҳси, белбоққа қистирилған кир ёвлиқ[11], айниқса, маҳсининг қўнжиға ҳавсала қилған кенг ковул иштон[12], буларнинг устига қўлдаги қаҳрабо тасбиҳ… ҳаммаси ҳам жойида!

Акамнинг ўзларича айтканда, «чин мусулмон», ўзимга қўйиб берсангиз «тирик намойиш» бу афандини кўриш биланоқ еганим оғзимда, ютканим бўғзимда қоладир. Ва эсимга Туркистон ва Бухоро тушиб, гўёки араққа янги ўрганган бойбаччадек бир сесканиб ҳам юбораман. Балки анувлардан уялиб сесканарсан, дерсиз. Тўғри, лекин қисман. Чунки аксимни кўзгуда кўруб ойнага туфлашни аҳмоқлиқдан санаб юрмаган бўлсам эди… Шунинг учун бу ерда сескантиратурган омилнинг каттаси бошқа гап.

Бошни чўлғаб олған салла билан ер супириб юрган тўн остида биласизми, қанақа лаш-луш бор? Эшакка тескари минган дангалдор таассуб!!![13] Ҳозирги кунда тилга олишкина эмас, оёққа босиш ҳам уят бўлған бу акамнинг фикрича, кўб кишилар кийим ўзгартириб диндан чиқиб кетди, а, бунинг ўзи бўлса, алҳамдулиллоҳ эскича, яъни диндан чиқған эмас. Нега десангиз, салласи ҳамма вақт бошида, тўни бўлса, ер супирадир. Агарда ул шундан бошқа фикр билан салла ўрағанда эди, тўн кийганда эди, айтингиз-чи, уни ким айблай олур эди, айб қилишға кимнинг ҳаққи бор эди?

Европа одамлари ўрта асрдан қолма асарларга жуда қизиқиб қарайдирлар, уларнинг бўш вақтлари музаларга[14] мунҳасир[15]. Тасодифни қаранг, кўчада ўрта асрдан қолма бир сиймо… Халқ ўрта аср осорини кўб кўрган кўришка, лекин шунинг билан бирга бунда-кўчада мужассам жонлик ўрта асрнинг бир сиймоси… текин, машаққатсиз томошадан ким зерикади, дейсиз? Ҳамманинг кўзи шу маймунда… таажжуб, муҳокама, истеҳзо, илжайиш…

Масковда бўлған кишига айткулиги йўқ; Севет, Тевер ва… булварлари[16]. Айниқса, «Севтинўй булвар» ҳақиқатан, аҳли дарднинг[17] ёруғлиқ жаҳони![18]

Қош қорайғандан сўнг шу булварлар бўйинча инсонлар денгизи оқадир. Бу денгизни ўзимизнинг турмишга олиб тасвир қилиш ўхшатиш қийин. Лекин ўқуғучи мандан кулса ҳам, ўзимнинг кечаги ўхшатишимни айтмай кетмайман. Сиз ёшлик чоғингизда онангизга эргашиб «келин тушди»га борғанмисиз? Унда (келин тушдида) бола-бақра, хотин-қиз, йигит-яланг, бўғоз-қисир халқнинг қий-чув ва борди-келдисини кўрганмисиз? Ана шу «келин тушди»да кишига аллақандай бир сезгу ҳосил бўлур эди. Булварни ҳам кеча шунга ўхшатаёздим, лекин манови ёқдан «келин тушди»нинг соддалиги, поклиги бор! Кеча бир соат чамаси шу булварларнинг бирида дафъи дилгирлик[19] қилиб юрдим, булвар қоронғи эди. Яқинғинада ишчилар томонидан йиқитилған қора турмишнинг булвар ва рестўранлардагина қолған қора изига табиат ҳам қовоғини солиб қарағандек ҳаво булут, ойдинсиз тун эди. Яшил ёғочлар орасидан тушкан теваракдаги биноларнинг милт-милт ёруқлиғи, ҳам боғнинг одим-одим еридаги ичкулук дўконларининг чироғи, бошқа рўшнолик йўқ. Қисқаси, булвар-булварчиларнинг нах кўнглидек. Ичкулук дўконларининг бирига яқинлашқан эдим, шу вақт узоқдан чироғда аллақайси бир ҳамватаним кўзимга иссиғ-иссиғ кўринмасинми? Ҳовлиққанча олдиға югурдим. Янглишмаған эканман. Ҳақиқатан, ҳамватан бўлған бояғи бухоролик мусулмони комил, лекин бошда тожи шариъат[20] йўқ, узун тўн устидан бел боғланған, қўлтуғдағу… (тавба!) жажмондеккина бир хотун! «Астағфируллоҳ» деб қўйдим.

Ҳамватан ёки миллати нажиб[21] билан таниш эдим, кўришдик, ҳол-аҳвол сўрашдиқ. Мандан ийманди, шекиллик хотундан қўлини олмоқчи бўлди. Бироқ хотун қўймайдир, гўёки ўзингиз билган эшикнинг ошиқ-мошиғи! Шармандавозлиқ… Бу мусулмони комилни хотун билан кўргандаёқ бошимға бир фикр келган эди.

— Масковдан уйландингизми? — деб сўрадим. Кутилмаган жойда имонлик қулнинг ранги ўчди, юзида ивир-ғивир ўзгариш сезилди ва ёнидағи ёнқозуқ бўлуб турған хотунчага қараб олди.

— Хи… — деди ва қийналиб давом этди, — мусофирчилик, айбка қўшмайсиз…

— Иҳим… — дедим.

Маним, қўндоқда теккан дейсизми ёки онадан туғма дейсизми, ишқилиб, бир адабсиз ярамас қилиғим бор. Яъни пайрави келганда риоя, андиша деган гапларни эсимдан чиқариб, чўрттаки бўламан-қоламан: Эй ўқуған беш вақт намозинг жигарингдан урсин! дедим ва давом этдим: Эй туткан рўзанг, ўгирган тасбиҳинг луччангдан[22] урсин! дедим.

— Иби, ҳи…

— Ўл, ҳи, — дедим ва кетабердим.

— Иби, бери қаранг мулло… ахи ўзингиз ҳам мусофир-ку…

— Ўл, ку!

— Аҳи…

Жулқунбой, Масков, 30 июл.

«Муштум», 1924 йил, 26 август, 8-сон, 2-3-бетлар.

 

Кечикиб келди

III

Бу кун Туркистондан газеталар олдим. Қўлтуғимда «Фарғона», «Зарафшон» ҳам «Туркистон» газеталари; йўл бўйича ўқуб бораман. «Туркистон» кўз кўриб, қўл туткундек (Ўратепанинг суфрасидек дейишка оғзим бормайди) байналхалқ[23] катта бир газета бўлибдир. (Мундаги «байналхалқ» истилоҳини[24] «байналмилал» деб тушинмоғингизни ўтинаман. Меҳробдаги домла имом поччани беҳаловат қилған Афанди, ўзининг жавобида «Ҳикматини орқамдағидан сўра» деган экан. Унга ўхшаш сиз ҳам бу истилоҳнинг ҳикматини эгасидан сўрангиз!)

«Туркистон»нинг 327-сонини оғдариш-тўнтариш қилар эканман, кўзим Элбек ўртоқнинг «Текинхўрларға» деган шеърига тушди. Шоир бу ўринда жуда ҳам тўлиб-тошиб текинхўрларға хитоб қиладир.

Талаб олмоқ сизларга кўбдан қолма одатдир,
Аммо талаб егучи, бизча, ёлғиз бир итдир.
Кимки талаб теп-текин еса, билгил, ҳаромдир;
Ҳаромнида егувчи яна ёлғиз бир итдир…

Элбекнинг ёлқинлиқ бу хитобиға қарши талағучи тилидан шундай жавоб берилса бўладир:

Сўксанг сўкгил, урсанг ургил, ёлғиз санинг итингман.
Кирлик танингга кирган бўрдоқидек битингман.
Ҳаром танга ҳаром бит, аватига чавати;
Қичинмангиз, сабчиманг, тинчроқ туринг, бир сўрай!

Алқисса, шу сон «Туркистон»нинг бошқа қисмларини ҳам куздан кечира бордим. Келиб-келиб кўзим «Ғайратий»[25] отлиқ ёш шоиримизнинг имзосига тушиб қолмасунми? Юрак ошиқинди, ёш шоирнинг шеър бозоримиздағи янги ҳунарини томоша қилмоқчи бўлдим:

«ЭҲТИЁТ БЎЛИШ КЕРАК!

Янги шаҳар бозорларида ҳар хил газлама кўтариб сотиб юрғучи ўрис, татарлар бор; булар 2-3 газ газламани қишлоқиларға 5-11) газ деб алдаб сотиб кетадирлар. Бечора қишлоқи чапак чалиб қоладир. Эҳтиёт бўлиш керак. Ғайратий»

Бу имзо устидаги гапни шеър вазнига солиб кўрмакчи бўлған эдим, лекин ухдасидан чиқиб бўлмади. Сўнгра шоирнинг дард ва самимиятига таҳсин ўқуб қўйдим.

194-нчи сон «Фарғона» газетасини очдим. «Капирасия ҳам унинг аҳамияти» бош мақола: «Жаҳон уруши ҳам сўнгғи ватандошлар уруши орқасида Шўролар ҳукумати тузилиши билан баробар, бу шўро меҳнаткашлар ҳокимиятини келгусида сақлаб қолмоқ ҳам мустаҳкам бир йўлға қўймоқ учун бизга керак эди. Қайси йўл билан бўлса ҳам, хўжалиқ ишларимизни тузатмак, вайронага айланган рўзғоримизни тўғри йўлға солмоқ учун бу тўғрида турли чораларга киришмак лозим эди…».

Кўнак аравага[26] тескари ўлтурғанда, бошим айланиб, қусатурған одатим бор. Бу мақолани ўқуй бошлашданоқ шу ҳолга учраб дарҳол мутолаани «валаззолин»га еткузиб[27], имзони томоша қилдим: лолақизғалдоққа ўхшаш бир нарса кўзга аранг-аранг илинар эди… Газетанинг ичкарисини очдим, Шокир Сулаймоннинг «Сўзим…» деган шеъри яғрин ташлаб ётар эди. Бунда шоир кимгадир хитоб қиладир:

Эркин боғларда сен чечак отдинг,
Қаро изларни кўрмадинг, кетдинг,
Умид, амалга кенг қулоч очдинг,
Қайғу аламга ёндошмай қочдинг…

дегач, шоир ўзининг бу қочишға бўлған ризосизлиғини изҳор этиб:

Унитса бўлмас маҳзун кунларни,
Унитмак мушкил қонли тунларни…

дейдир.

Фақир, бундаги «Қаро изларни кўрмагучи» тўғрисида узоқ тафаккурга кетиб «Тибби Юсуф»[28] ва «Тибби Акбар»ларни[29] очиб ниҳоят шундай гап топдим: «Тибби Акбар»нинг айтишига қарағанда, агар бир кимарса ёруғлиқни тарк этиб, аммо қоронғулиқни имтиёз қилмаса, ул одам «шабкўр»дир. Ва яна янги тибни кўрдим. Бунинг айтишига қарағанда, агарда бир кимарса йиғи ўрнида қаҳқаҳа қилса, ундай одам «истерика» деган асабий оғриққа мубталодир. Бас, бу тафтишотдан маълум бўладирким, инсон сиҳатининг мезони эътидолдир[30]. Замонамиздаги эътидолларини йўқотғучиларға беланчакдан тушмаган ёш бола ҳукмини бериш тўғри бўлур деб ўйлайман. Валлоҳи аълам биссавоб[31].

«Зарафшон» газетасини очдим. Садағанг кетай, иш жуда катта. Бу газетамиз катталикда Европа газеталаридан сира қолишмайдир. Маъно жиҳатидаги фикримни сўрасангиз, ўйлашиб жавоб бераман; чунки, ҳозирги мақсадим унинг тили устида. Ҳар бир сон «Зарафшон»ни қўлға олғач, бир мунча тожик калтагини еб уста бўлған ўзбек тилини учратмай мумкин эмас. Бу газетада ўзбек тилининг салмоғи (оҳанги) ва уйғунлиқ ҳам очикдиғи кўпинча тожик кудинггини[32] еб, беланги бўлиб чиқадир.

«Жаҳон муҳорабасининг кўб қаторида Шарқ хотунлариға ҳам кўб зарарлар кетириши «Кўммунист» газетасида ношир Ж.Иванова ўртоқнинг «Шарқ хотуни ва муҳораба» исмлик бир мақоласида очиқ кўрсатиладир» («Шарқ хотуни ва муҳораба» деган мақола «Зарафшон» 173-нчи сон). Яна; «Ангилтара[33] вакиллари шўро қарзини таъмин қилиш ваъдаси сабаблик лойиҳанинг оғур («оғир» бўлса керак буродарлар!) лаштирилғанлиғини сўзладилар!» (шу сонда). Тағин: «Мўпирнинг хитобаси»[34] (марҳум «Мулла Насриддин» тириклик кунларида «хитобномаси» деб ўқур ва ёзар эди!) ва бошқалар. Ундан кейин «скидка»ни «гузашт» дейдир, «чегириш» деган билан тили кесилиб қоладир, деб эшитдим.

Энди бу уч газетамиз имлоси устида дасти дарозлиқ[35] қилайлиқ: Лўлининг лозимини кўрганингиз борми? Кўрган бўлсангиз иш осон. Яна сизга бир ҳикоя:

Сурнайчилардан биттаси машқ қилиб турған экан, шул вақт савили[36] ҳам қўшилишиб юборибдир. Бу бемаза машқдан аччиғланған сурнайчи, сурнайини қўлиға олиб:

Ё сан чал ва ё ман чалай! деган.

Шунга ўхшаш бизнинг имлоларимизнинг «Униси қолсину ва ё буниси!» Шу чоққача бу тўғрида сўз айткучи бирорта бемаза мардикор йўқлиғи ажойиб бир ҳодисадир.

Ҳозирги газеталарингиздан олған таассуротим шугина, бошқа гаплар бошқа вақтға.

Ҳа, айткандек, бир гап эсимга тушди, бу ерга ёзиш бу гапнинг ўрни бўлмаса ҳам, нима бўлғанда ҳам, китобка кириб қолсун, деб ўйладим. Тошканддагилардан биттаси ёзадир:

«Машҳур фалончи ошнанг дейди, хотуни устига олған ёш маҳбуба хотунчасини, дейди, ўз ризо ва ихтиёри билан, дейди, ўз уйида бир ботавфиқ[37] йигитка никоҳлаб берди, дейди. Бу тўғри гапми?

Зериккандир ва ё янгиси топилғандир, деб ўйладим.

Жулқунбой, 22 авғуст.

«Муштум», 1924 йил, 18 сентабр, 10-сон, 2-3-бет.

 

IV

МАДҲАЛ[38]: ТУМОВ ВА УЧУНИҚ ФАЛСАФАСИ

Тибби жўгининг[39] айтишига қарағанда, тумовнинг маншаъи[40] учдир: биринчи боди мухолиф[41], иккинчи сувдан ясалган ҳолва, учунчи тузсиз ош. Аммо учуниқ тўғрисида ҳукамои қадим[42] тумовнинг маншаъи бўлған ҳалиги уч унсурнинг инсонга бирдан ёпишған ҳоли дебдирлар. Баҳарҳол бу назариялар гарчанд аср дийдалардирлар[43] ва лекин ҳукамои аср ҳозиранинг[44] фикрларига ҳам унча мухолиф эмасдирлар.

Аммо фақирул-ҳақир, ходимул-ҳукамо ва муҳиббул-атиббо[45], гарчи устодларнинг ақли салимларига қарши боришдан ҳазар қилурман, илло тумов ва учуниққа бўлған ўз назариёт ва кашфиёти жадидаларимни[46] бу ерда арз қилмасдан ҳам ўтолмайман. Шуни ҳам айтиб қўяйинким, фақирнинг кашфиётим маҳзи[47] тажриба асосига мабни[48], кўриб-кечирганларимнинг айнидир.

Ожизингизча, Масковдаги «Бухоро билим юрти»дек бўйининг қариш бўлғаниға қарамасдан соқолининг икки қариш бўлмоқлиғи; битта яшчик билан тўртта прикашчик ёлланмоғи; усти ялтирағани билан ичининг қалтирамоғи; саноғи бўлғани билан салмоғининг йўғлиғи мана буларнинг ҳар бириси янги замон тумов ва учуниғининг омилларидандир. Бу ҳоллар бирма-бир тажриба ва синашлардан ўтказилиб, сўнгра арзи бандаликка[49] қўйиладирлар. Валлоҳи аълам биссавоб.

МУҚАДДИМА: ҚАРИ ҚИЗ, ПЕШОНАНГГА ЙИҒЛА

Бу кун ҳам туни билан бел ва болдирларим сирқирашиб, оғриб чиқди. Сим караватнинг чўкуртаклари похол тўшакдан туртиб чиқиб, ҳалиги сирқирашлар билан биргалашиб менга ҳужум қилғанда, фақир маҳбубаси тўғрисида ўйлаб кўзига уйқу келмаган ошиқлардек билонғлаб тўлғанар эдим. Билонғлай-билонғлай бир оз уйқуға борғач, кўз ўнгимдан баъзи туркистонлик акамларнинг нутқиға ўхшаш тутуриғи йўқ тушлар ясов торта бошлади. Ва бу орада қилобхон тўрам[50] жизз этиб аллақайси еримни ўпиб олған эдилар, кўзим мошдек очилиб кетиб, қоровул чақирғанимни ўзим ҳам сезмай қолдим. Хуллас, ҳар кундагидек бу кун ҳам мижжа қоқиш қийин, тўлғаниш ораларида бир неча қайта караватдан ҳам юмалаб ерга тушдим. Зарари йўқ, бирон ерим қалтис-палтис емади.

Эрталаб бошим лақиллаб сувга тушкан нондек бўлиб, энсам қотқани ҳолда уйғондим. Кичкинагина кулбамиз муздаккина совиған, баданимдан баъзи ўрунлари бир мунча мўғорлағансумол эди. Оғзимни каппа-каппа очиб рутубат миқрўбларидан уч-тўрт юзини наҳорга тановул қилғач, устидан қир-қир қилиб йўталиб ҳам қўйдим. Баъдазон юзимни қиблага қаратиб Масковнинг шундай болонишин[51] еридан уй олиб, менга ўхшаған нимжонларни рамақижонлик[52] даражасига еткузишга таважжуҳ қилған[53] ваколатхонамиз ҳақиға дуойи холис учун қўлимни очдим.

Аснойи дуода негадир, пол тегидан чўл қурбақа ҳам чуриллаб юборди, қўлимни юзимга суртишим билан шўрлаб ётқан девордан шитир-шитир қилиб бир-икки ҳович турпоқ ерга тўкилди. Мазмуни, дуо қабул бўлди шекиллик!

Имирсиб-ғимирсиб, иҳраб-сиҳраб карридўрга чиқғанимда бир бурчакка беш-ўнтаси йиғилишиб «бойчечак»[54] айтишиб турар эдилар. Уларнинг ёниға силтонғлаб ман ҳам бордим.

Бахай?[55] дедим.

Улар ҳам манга ўхшаш войвояги бола очқанлардан эмиш; қайсиси белангилик дардига мубтало бўлибдир, кими оёқидан айрилаёзибдир ва қайсиси ноҳина тумов[56] ва ҳоказо ва алоҳозал-қиёс[57].

Биз туркистонликларнинг маҳримизга баробар саҳни билан ўн бир ёғочлиқ уй, тўққуз ёғочлиқ айвон ва амлоки рўзгор[58], сариқ сигир, ясси қозон, қақир-қуқир дегандек қайин отамизнинг чорвоғидан, яъни Маскови фирдавс монанднинг[59] гадой топмас кўчасидан тушкан. Қари қиз, пешонангга йиғла, деярсиз, албатта; ҳаққингиз бор…

Ҳалиги войвояги бола очқанларға Аюби собирнинг[60] сабрини тилагач, кулбаи аҳзондан[61] чиқиб жўнадим.

ХОТИМА: ЭШАГИДАН ТУШОВИ ҚИЙМАТ

Манзил узоқ, роҳила оз дегандек, манзилга етиб олиш учун икки тромвойга миниш керак, аммо роҳила оз…

Силтонғланиб ботмону даҳсар йўл юргач, йўл устида бўлған Бухоройи шариф билим юртларига етдим.[62] Силла қуриған, бир оз нафасни ростлаб олиш тақозо қилур эди.

Бухоро билим юртига бурилдим. Бўсағада Бухоронинг амирзодалари деяйинми, ўқуғучилари деяйми, ҳайтовур, иккининг бириси; олипта кийим, пуфф-пуфф, соч таралған, батинка мойланған, оғизда совнаркўмский попирис, буралиб-буралиб чиқған тутун, кўз ўткан-кеткан аллакимларда… Энса қотиш касалим қўзғалон қилиб Ла ҳавл… билан бу биринчи тилсимотдан ўтдим. Нарироқ бориб бир вақт қарасам, теварагимни она сути оғзидан келган ёш гўдаклар ўраб олиб ман билан ҳойдуқи ўйнамоқчи бўладирлар. Болалари тушкир зерикиб қолған эканлар шекиллик, бирави тўнимдан, бирави почамдан юлиб-юлқиб саккиз томонға торта кетдилар. Баъзи бир сут қўмсағанлари мени аллакимлари фаҳмлаб кўкрагимга тирмаша бошлаған эдилар, узр айтиб аранг унатдим. Бўлмаса, шармандавозлиқ десангизчи! Шундан сўнг болалар билан маним ҳолимга четдан кулиб, томоша қилиб турған бир Турсунбойдан сўрадим:

— Булар қаерда туғилған болалар, Бухородами, Масковдами?

— Бухорода.

— Қочон келганлар?

— Йўргакларида.

— Нима қилмоқчилар?

— Ўқумоқчилар.

— Оналари ҳам биргами? — дедим ва оёқим остида чувалашиб ётқан болаларни алдаб-сулдаб четлатгач, илгари юрдим. Эшик олдиға етишим билан шу орада ўлтурган етти-саккизта қиз бирдан бор товушларини қўйиб «Йиғлама ёрим»ни куйлаб юбордилар. Қулоқ солмоқчи бўлған эдим, энсам қотинқирағандек бўлиб, дарҳол ўзимни ичкарига олдим.

Каттакон зол; тўғриға юрсангиз боғ, чапга юрсангиз дарсхона, ўнгга бурилсангиз қулуб ва қироатхона, яъни тўрт тарафингиз қибла, шақшақа майдону умбила байтал. Ман қироатхонаға кирдим. Билим юртидаги болакай ўқуғучи ўртоқларимдан биттаси ўзининг катталарча ақли билан сўрашиш ўрнига манга попирис тутди. Раҳмат айтиб олдим. Попирисни саситиб, кўб қисмини пашша чайнаган газета ва китоблар ичидан янгилик охтара бошладим. Кўб машаққатлар ниҳоятида Бухоро билим юртининг яқинғинада чиқған «Юбилей мажмуаси»га кўзим тушди. Ман ҳам юбилейга иштирок этиб, бир путу ўттуз етти ярим қадоқлиқ ҳавсала билан мажмуани ўқуй кетдим.

Бир йиллик юбилейга аталиб ёзилған ранго-ранг мақолалар, ҳайто-ҳайт шиорлар, шакардан тотлиқ, асалдан лазиз оби раббано[63] нусха «Ол кетти!» умидлар, ҳайбаракалла тантаналар ўрусчага таржумаси билан мавжуд эди. Ундан кейин сўнг мўдада туширилган расмлар, айниқса, «Юбилей куни зиёфатка йиғилған меҳмонлардан бир қисмининг чой ичиб ўлтурган вақтлари» ва ўзгалар кишига ажаб бир мароқ бағишлар, юбилей куни ажойиб тантана билан ўтказилгани онглашилар эди. Текканга тўй, текмаганга тафарруж[64] дегандек, баъзи ўртоқларға тўйдан тўққуз-тўққуз тегиб, расмда қайта-қайта қўнқайибдирлар.

Мажмуани кўздан кечиришим ҳамоно баданимда бир уюшканлик, энсамда буришканлик ҳис этдим. Бунинг билангина қолмай бир неча қайта атсам воқеъ бўлди, яъни кутилмаган жойда байталмон тумов теккан эди.

Ҳапшу!..

Жулқунбой.

«Муштум», 1924 йил, 15 октабр, 12-сон, 1-2-бетлар.

V

Беҳад ва беҳисоб салом ва паёмлардан[65] сўнг бошлаб ҳар жиҳатдан том ҳуқуқлик мерос бойбаччаси Ўзбекистон Шўролар Жумҳуриятини янги рўзгор ва янги ҳовли билан табрик қиламан. Ва қўшкан қўшоғи билан дунё тургунча туриб, болалиқ-чақалиқ, увалик-жувалик бўлғай эди. Оқни қорадан, фойдани зарардан ажратиб рўзгор тебраткай эди, деб қўлни юзимга суртаман![66]

Сўнгра ожизларидан ҳол сўрасалар, Тангрига шукр, ўйнаб-кулиб юрибман ва яна ҳамма вақт барчаларининг дуойи жонлари билан машғулдирман. Бу ердаги болалари аҳволларидан сўрасалар, алҳамдулилоҳ, улар ҳам эркагу урғочи, бўғозу қиср дегандек, ўйнаб кулиб юрийдирлар.

Субҳи шом балки аладдавом[67] таҳсили улум[68] кўйидадирлар. Аммо болаларингиз орасида беғоя ва беомол[69] ошиқ ўйнаб, ит уришдириб, кўйнак-иштон йиртиб юрганлари йўқ, деб айта олмасам ҳам, лекин бор, дейишка ҳам тилим бормайдир.

Ёлғончини Тангри душманим, деган экан: бор десам йўқ чиқса; йўқ десам, бор чиқса тонгла[70] рўзи маҳшарда[71] нима деб жавоб бераман?

Қисқаси, сўз шулки, уларнинг ичига оралашиб, азмойиш[72] қилиб кўрганим йўқ. Башарти жаноблари бул маънини билишка орзуманд бўлсалар ва яна тўрт энлик нос қоғозни дариғ тутмай ишоратини қилсалар, камари хизмат белдадир (уч-тўрт куним садқаи азмойиш кетсин!)

Ва яна махфий қолмағайким, маърифат исини олиб Масковга чопқан бирмунча искавичларингиз азбаройи мактабларнинг тиқилинчлиги сабабидан, сони[73] илгариги ўзингиз кўрган катта толларнинг кесилиб кетканлиги[74] жиҳатидан кўча-кўйларда сарсон ва саргардон бўлиб қолдилар. Буларнинг фикрини қилиб, бирор айбини ўзингиз кўрмасангиз аҳвол кўб паришондир.

«Озиғини топиб беролмагач, искавич кўпайтиришнинг нима ҳожати бор?» деб, Овсар махзумингиз марҳамат қиладирлар. Айбга қўшилмасин!

«Элакка кирган ойимнинг элли оғиз гапи бор» дегандек, бир-икки калима эзмалик қилатурған бўлсам, бошлаб Масковга юборған баъзи бир… туталларингиз аҳволларини ёзмасдан ўтиб бўлмайдир. Шундоқки, улардан қайсилари тўппа-тўғри Хўжабой халфанинг халтасидан чиқған сузма қуртдек мазалиқ эканлар ва яна «Юрт кўрган эл кўрган» дегандек, уч-тўрт кун Масковда анқайишиб юрдилар, сўнгра паловни соғинғандек бўлиб аланғлашға бошлаған эдилар, ҳайтовир биз талабаларингиздан баъзи биравларимиз икки ёрти бир бутун бўлишиб уларни палов жиҳатидан мамнун қилишдик. Уёғ-буёғдан қилиб, дегандек палов олдидан «қизилча»[75] ҳам ўтилиб турилди, шекиллик…

Шу анқовларингиз тўғрисиға баъзи биравлар баришнами-ей, маржами-ей, ишқилиб, алланарса балоларни қўшиб, сўзлашиб юрган эдилар, аммо ожиз ишонинқирамадим, чунки шариъатда руъият эътибор[76], деган сўзни эшитканим бор эди.

Муҳиддин қори ашулачингиз келди. Бечорага чойчақани оз берганга ўхшайсиз, пулсизликдан «бефарзанд арвоҳ»дек чирқираб юрибдир[77], гўё Масковни тинчиткандек, энди Италияға бормоқчи эмиш.

Овсар махзумдан бу тўғридағи фикрини сўраған эдим: «Отанг нечилик бўзчилик, санга ким қўйибдир бу номаъқулчиликни» деган жавобни берди (ўзи ҳам жуда чўрттаки-да!). Нўябр ўтаёзған бўлса ҳам, ҳали оғир оёқингиз Масковдан қимир эткани йўқ. Ёз бор, қиш бор, дегандек «ёв қувди» деб ўйлайсизми? Бўлса бўлар, бўлмаса ғовлаб кетар, савил қолғури!

Қочиқларингиз[78] бирин-сирин келишиб туришибдирлар. Хотиржамъ бўлурсиз. Овсар махзумингиз бўлса улар тўғрисида туллакдан чиқсалар одам бўлиб кетарлар, деб юрийдир. Ҳа, айткандек, шу кеча-кундузларда болаларингизнинг овқат важҳидаги аҳволлари жуда танг бўлиб, кўб умирлари Туркпредседателингизнинг эшигида ўта бошлади.

Пулни вақтида юбормас эмишсиз. Ўлдим-ўлдим, деганда бир сўм, икки сўм ялатиб кўядирлар. Бечораларингиз пул кутиб, сабоқни билмай домладан калтак еб, жуда довдирашиб қолишдилар. Қиш бўйига ҳам шу мужмаллиғингизни давом этдирсангизми? Ҳа, дея уч-тўрт қанор пахта-махтадан сотиб бўлса ҳам шуларингизни тинчитиб қўйинг, дада! Пахта пишиб қолди-ку, ахир.

Ўзим бўлса бир-икки ҳафтадан бери уйдан эшикка чиқмай тухум босқандек тинчкина ётибман. Масков кўчаларидек серташвиш жойларда санқий бериб нима қилай? Худой кўрсатмасин, хаптамабил-маптамабилнинг тегида қолсам-а…

Ожиздан ул ердаги қилтириқ хўжа, жимилдириқ сўфи, тузоқузар махсим, олбости тўра ва бошқа анвоъи турлик чўб-хас, шарабараларга салом айтарсиз, деб қалам тебратгучи:

Жулқунбой, 20 ноябр.

«Муштум», 1924 йил, 30 ноябр, 18-сон, 2-3-бетлар.

[1] Қодирий 1924 йилнинг ёзида Москвага кетиб, Валерий Брюсов номидаги СССР Давлат Журналистлар институтида бир йил ўқиб қайтади. Куйидаги «Масков хатлари» ўша ердан таҳририятга йўлланган эди.

[2] Сипориш — топшириқ.

[3] Бир пайса — тахминан 50 грамм.

[4] Элик — крем.

[5] Кашал — чатоқ.

[6] «Маҳрами асрор» — сирдош.

[7] Васиқа — лавозим тасдиқлайдиган ҳужжат.

[8] Бу мақол бир-бирини кўролмайдиган, зимдан адоватда юрувчи, бир-бирини кўрса, энсаси қотиб четга қаровчи хотинларга нисбатан айтилади.

[9] Шилингпоча — оёғи очиқ.

[10] Ёпма салла — дўппининг ўрнига ўзидан чиқариб ўраладиган салла.

[11] Ёвлиқ — дастрўмол.

[12] Ковул иштон — оғи кенг иштон.

[13] Таассуб — фанатик.

[14] Муза — музей.

[15] Мунҳасир — боғлиқ.

[16] Цветной, Тверь булварлари.

[17] Аҳли дард — ошиқлар.

[18] Булварларни суиистеъмол қилғучилар тўғрисида ҳукумат томонидан қаттиғ чоралар кўриладир деб эшитдим (Муал.).

[19] Дафъи дилгирлик — зиқликни, нохушликни тарқатиш.

[20] Тожи шариъат — салла.

[21] Нажиб — ҳурматли, эътиборли.

[22] Лучча — луча, лаб.

[23] Байналхалқ — халқаро.

[24] Истилоҳ — атама.

[25] Ғайратий —Абдураҳим Абдуллаев (1905—Тошкент— 1976) Ўзбекистон халқ шоири, кўплаб шеърий китоблар муаллифи.

[26] Кўнак — аравага кўнка, от қўшилган трамвай.

[27] «Валаззолин»га еткузиб «Фотиҳа» сурасининг охирги сўзи; бу ерда ўқишни тезда ниҳоясига етказиш маъносида.

[28] «Тибби Юсуф» муаллифи Юсуф ал-Хиравий Навоийнинг замондоши, Бобурнинг шахсий табиби, шоир ва олим, тиббий асарлар муаллифи.

[29] «Тибби Акбар» муаллифи Муҳаммад Акбар бинни Мирхожа Муқим Муҳаммад, халқ оғзида Арзоний номи билан машҳур табиб. Аврангзеб даврида яшаган, бир неча тиббий асарлар муаллифи.

[30] Эътидол — ўртача.

[31] Валлоҳи аълам биссавоб — Улуғ Тангри яхшироқ билади.

[32] Кудинг — матога, қоғозга оҳор бериш ҳунари.

[33] Англтара — Англия (усмонли туркчада).

[34] МОПР Международная организация помощи борцам революции — Инқилоб курашчиларига халқаро ёрдам уюшмаси 1922 йилнинг сентабр ойида Москвада кекса болшевиклар ташаббуси билан ташкил топган. Уюшма фашизмга, миллий зулмга қарши курашувчиларга моддий ва маънавий ердам бериш, террор қурбонларини ҳимоя қилиш халқаро компанияларини уюштириш масалалари билан шуғулланган.

[35] Дасти дарозлиқ — қўли узунлик, куч кўрсатиш.

[36] Савил — орқа, кет.

[37] Ботавфиқ — инсофли.

[38] Мадҳал — кириш.

[39] Тибби жўги — жўги (ҳиндча), йўг одамни руҳий ва жисмоний усул билан чиниқтириб даволаш, халқ орасида бу сўз фирибгар, алдамчи маъносида ҳам ишлатилади.

[40] Маншаъ — келиб чиқиш жойи.

[41] Боди мухолиф — шамолнинг тескари эсиши.

[42] Ҳукамои қадим — қадим ҳакимлари.

[43] Аср дийдалар — бир асрни яшаганлар.

[44] Ҳукамои аср ҳозира — ҳозирги аср ҳакимлари.

[45] Муҳиббул атиббо — табибларнинг дўстлари.

[46] Кашфиёти жадида — янги кашфиёт.

[47] Маҳз — фақат.

[48] Мабни — қурилган.

[49] Арзи бандалик — ўз ҳолини баён қилиш.

[50] Қилобхон тўра — клопа, бурга.

[51] Болонишин — баланд.

[52] Рамақижон — жуда озган, тўзган.

[53] Таважжуҳ қилган — ҳаракат қилган, юзланган.

[54] Бойчечак — бекорчилик.

[55] Бахай — бахайр, беморни ёки бирор бахтсизликка учраган кишини кўрганда кўнгил сўраш учун айтиладиган ундалма.

[56] Ноҳина тумов — от шамоллаганда бурун катагидан ўсимта ўсиб чиқиши; одамда шамоллаб бурундан сув келиши.

[57] Ало ҳозал — қиёс шунга ўхшаш.

[58] Амлоки рўзгор —  рўзғор анжомлари.

[59] Жаннатга ўхшаш Москва шаҳри.

[60] Аюби собир — исломиятдан аввал ўтган Аюб пайғамбар танидаги жароҳатларнинг азобига 73 йил сабр билан тоқат қилган экан.

[61] Кулбаи аҳзон — ғамлар уйи.

[62] Бу билим юрти Бухоро Республикаси ҳукумати ҳисобидан ташкил этилган эди.

[63] Оби раббано — Парвардигоримиз суви, бу ерда: тоза, соф мазмунида.

[64] Тафарруж — томоша.

[65] Паём — хабар.

[66] 1924 йил 27 октабр СССР МИ Комитетининг 2-сессиясида Туркистон, Бухоро ва Хоразм Республикалари ҳудудида янгидан миллий давлат чегараларини ўтказиш ҳамда янги совет социалистик республикалари ва вилоятларини тузиш тўғрисида қарор қабул қилинган эди. 1925 йил 13-17 февралда Ўзбекистон ССР Советларининг 1-сездида Ўзбекистон ССР тузулганлиги эълон қилинди.

[67] Субҳи шом балки аладдавом — эртаю кеч балки доимо.

[68] Улум — илмлар.

[69] Беомол — мақсадсиз.

[70] Тонгла — қиёмат куни (туркийда).

[71] Рўзи маҳшар — қиёмат куни (форсийда).

[72] Азмойиш — суриштириб билиш.

[73] Сони — иккинчи.

[74] У даврлар ўтиб кетган.

[75] «Қизилча» — коняк.

[76] Шариъат хукмича аввал кўриб, кейин хулоса қилинади.

[77] «Бефарзанд арвоҳ» айтишларича, фарзанд қолдирмаган одамнинг арвоҳи дуога умидвор бўлиб доим чирқираб юрар эмиш.

[78] Қочиқлар — бирон бир сабаб билан келишолмай, Масковга бошпана истаб қочганлар назарда тутиляпти.