Абдулҳамид Чўлпон. Вайроналар орасидан (1924)

(Андижон – Ўш – Жалолобод)

Эрталаб азон вақтида жўнамоқчи бўлуб ётқан эдим.
Энг қизғин уйқуда вақтимда уйғотдилар, «Тур, аравакашлар келиб қараб турубдурлар», – дедилар.
Уйқусирамадим, ирғиб ўрнимдан турдим. Наридан-бери, ча­ла-чулпа бет-кўзни ювуб, апил-тапил кийимларимни кийдим-да, ташқариға чиқдим.
Қоронғи, хийла қоронғи эди. Қоқилиб-тиқилиб пиллапоя­дан тушдим. Орқамдан чироғ кўтариб онам келди, кўчага чиқ­диҚ.
Тўрт арава – ўзимизнинг девсифат аравалар кўчанинг ўртасига тўқтағанлар эди. Шу оғир, шу бўшанг, шу лавашоқ аравалар билан олти тош (48 чақирим) йўл босмоқ! Ўҳ-ҳў!
Янги руҳ ва эски тил билан «таваккал»ни айтиб аравага ирғидим.
«Чиқир-чуқур»… арава қўзғолди…
Арава қўзғолиб, унинг доираси бемалол уч қулоч келатурған ҳайбатлик ғилдираклари 5 – 10 марта айлангунча онам бечоранинг хира чироғи бизни узатмоқда давом этар эди. Мундай қоронғи бир кечада ёлғуз ўзум танимаған кишилар билан кимсасиз вайрон йўлга чиққаним учун қўрқишдан ҳам холи эмасман, лекин хира чироғининг кучсиз ёруғлари билан бирмунча жойғача кузатиб борған онам оналарға махсус шафқати, муҳаббати билан қандай қўрқуларға йўлиққандур.
Меним ўзим учун унча қиммат бўлмаған борлиғим унинг учун ҳамма нарсадан қиммат эмасми?
Шаҳарнинг чекка жойлариға яқинлашамиз. Неча йиллик ички урушлар билан чарчаған жойнинг даштлардек ёввойилашиб кетган кўчаларида мушук кўзи қадар бир ёруғлик билан ёниб турған электрик фонорлари… орқамизда қолиб борадур. Бир-икки бурулиш билан нафаси шаҳарнинг ўзидан чиқдиҚ.
«Пахтақўм»нинг биринчи зовудининг кет томонидан ўтуб борамиз. Энг ёруқ электрик чироғларининг ўткур ёруғлари орасидан гувиллаган товуш келадур. Бу зовуд парраларининг айланишидан чиққан товуш. Чироғ зиёлари орасидан қора­йиб кўрунган кўк онамиз ернинг қора бағриға ўхшайдур. Қора бағирлик ерни ўйлағандан кейин хаёл кўзлари олидан кенг бир пахта таласи очиладур, кенг пахта таласида маҳшарда* тўпланган саллалик мусулмонлардек оқ бошлари билан бир маҳшар ҳолини олған пахта дарахтлари – ғўза поялари ҳақиқатан одам болалари учун ҳақиқий маҳшар манзарасини келтуралар! Пахта маҳшари билан пахта зовудининг гувиллаган товуши… ўт билан сув, ўлим билан ҳаёт оҳанглари каби бир оҳанг (гармония) вужудга келтирадур…
Ўша ўртада яна 1-2 та зовуд бор эди, харобага айланган. Бир неча тери зовуди бор эди, биттасигина соғ қолған. Арава йўли ниҳоятда оғир, отлар кўб ёмон қийналадурлар, уларни кўзғотиб олиб бориш учун товуш борича қийқирған, уруниб-сурунған аравакашларнинг ҳоли ҳам ундан енгил эмас. Аравалар бир неча ерда лойға ботди, кўпайишиб қийқиришиб юруб чиқардилар. Шу ҳолда минг бало билан Анжон адириға етдик.
Ҳали тонгдан дарак йўқ. Қоронғилиқ яна бояғи ранги билан қуюқлашиб, қаймоқлашиб турубдур. Қоронғилиқ, назарларимда, баъзан қаттиғ қуюқлашгандек бўлуб кетар-да, кўзимни бир очиб-бир юмуб: «Ёлғон тонг (субҳи каззоб)ми бу?» – дейман.
Адирдан тушуб Хартум қишлоғиға кириб борамиз. Чеккарак жойлардағи иморатлар, ҳовлилар бузулған, бўш, вайрон кўрундилар. Илгари жуда обод бўлған гузардан қоровул тахтасининг маъюс-маъюс товуши эшитилди. Ёмон, лой йўллар билан Зовроқ қишлоғиға ўтдик, ундан Чек қишлоғиға етиб, катта адирға чирмаша бошладик.
Қишлоқларда қимирлаған жон йўқ, ҳамма уйқуда, ҳамма хонада жон бор, одам бордек кўрунадур. Лекин хона жойларнинг бўш бўлғанлари, эгасиз, кимсасиз қолғанлари ҳам кўб дедилар. Томларға босилған беда, макка ва ғўза поялари ёнларидан ўтғанда аллақандай хаёлий шакл кўрсаталар. Гоҳ дев бошидек, гоҳ олбости тўдасидек, гоҳ ухлағанларни масхара қилиб кулган хаёли бедордек, гоҳ дарахт шохида ухлаб ёткан бир тўп қарғадек кўрунадур. Ҳолбуки, қишлоқнинг бутун умуди, тасаллиси, бори-йўқи шу бир ғарам поя!
Адирнинг текис тош йўлида отларни қамчиладилар, «гур-гур» арава чопиш бошланди. Илгари вақтда босмачиларнинг бозорчи тўсатурған бир ерларига – Тўра булоғига келдик. Кўнг­лим тўлқунланди, қолған-қутған босмачилар бор бўлса… рўбаримиздан чиқсалар… Мен бу хаёллар билан бош айлантиргунча аравакашлар булоқдан ҳам ўтиб кетдилар, қатор-қатор чизилған аравалардан ҳар хил қўшиқлар эшитиладур. «Гул­ёр», «Узмагул», «Махзумжон», «Омонёр»… ҳаммаси, ҳаммаси!
Шаҳардан чиққандан бери 15 чақирим йўл юрдик, тонг отгани йўқ, фақат тонг еридан кичкинагина бўшанг ва хира бир қизиллик кўрунди, 20 чақирим йўл босиб Ўш билан Андижоннинг қоқ ўртасидағи Хўжаобод қишлоғига яқинлашганимизда аста-секин тонг отди. Йўлда бир қишлоқни кўрдик. Ярмидан кўпи куюб кетибдур. Сабабини аравакашлардан сўрадим, «Босмачилар билан урушгани чиққан арманилар, 3-4 йил бўлди, талаб, ўт қўюб юбордилар», – деди…
Арманиларнинг «миллий дашноқ» фирқалари шўро ҳукумати ёш вақтида қизил байроқ остиға кириб олиб, уларнинг қилған ваҳшатлари, 18 – 19-йилларда Фарғонадаги «армон диктатураси» кўз олдимдан битта-битта чизилиб ўтди.
– Кўпрукка келиб қолдик! – дедилар. Хаёлдан айнидим. Шаҳрихон сойининг кўпругига етган эдик.
Бир вақтлар кўп пул сарф қилиниб бино этилган бу темир кўпрук жуда ёмон бузулубдур. Икки чеккадаги панжара темирлари буткул қолмаған, ернинг баъзи жойлари от сиғарлик даражада тешилган, бу тешикларга хода юмалатиб қўйғанлар. Хўжаобод ҳукуматдорлари ёғоч тошишиб қўйғанлар, кўпрукни тузатмакчи бўлған бўлсалар керак. Лекин кунлар, ойлар ўтмоқда, ҳали ишдан дарак йўқ. Ҳолбуки, бу йўл катта ва обод бир йўл бўлуб, кеча-кундуз арава қатнаб турадур. Кўпрукни тезроқ тузатиш чорасини кўрмак керак эди…
Кимнинг вазифаси бу?
Нонушта маҳали Хўжаобод қишлоғиға кириб, бир чойхонага тушдик. Аравакашлар отларни ўтга қўйдилар. Мен газетага ёз­моқ учун хабарлар истадим, халқнинг кам-кўстини суруштирдим.
Хўжаободнинг Шаҳрихон сойи томонида Ўш сойи деган бир кичкина сой бор экан. Бу сой Ўш томондан келиб, Шаҳрихон сойи­ға қуюлар экан. Ўтган йил шу Ўш сойининг суви тентакланиб кетиб, 500 таноп қадар экинлик, ҳовли ва боғ ерларини оқизиб кетган. Ҳозир шу ернинг ёнидан яна оқизмоқда давом этар экан.
У тўғридан Хўжаобод халқи ҳар йўл билан ҳукуматга арз қилған; Андижонда ўтган йил чиқиб тўхтаған «Дархон» газетасида ҳам у тўғрида ёзилған; «Фарғона» газетасида ҳам дод де­йилган. Ўтган йил Туркистон марказ ижроқўми ва Фарғона музофот ҳукумат бошлиқлари ўзлари келиб кўриб кетганлар. Лекин шу чоққача ҳеч бир чора кўрилмаган. Шу нуқтаға Фарғона музофот ижроқўмининг диққатини қайтадан жалб қиламан.
Саёҳатимизни Хўжаобод қишлоғиға келиб тушган жойимизда тўхтатган эдик. Ундан нарисини ёзмоқ учун эс-ҳушни тўплаб ўтириб, қўлға қалам олғунча анча вақт ўтуб кетди. Бу орада «Туркистон» газетасининг ёзишқучиларидан Ғози Юнус ва Элбек ўртоқлар* билан бирга ўшал йўллардан яна бир мартаба ўтишга тўғри келди. Эсдаликлар яна янгиланди, кўрган-билганлар яна орта тушди. Саёҳатнинг давомини энди «икки мартаба бўлған саёҳатнинг давоми» қилиб ёзатурған бўлдим.
Хўжаобод: кўринишга кичкина қишлоқ бўлғани билан гап-сўз кўп экан. Айниқса, газетачига гап-сўз топила берадур. Ўшдан 20 чақирим йироқлиқда Қорасув истансаси солиниб, тўғри қатнов йўл тушгандан бери Хўжаободнинг илгариги мавқеи сусайиб қолибдур. Бўлмаса, Хўжаобод арава, от, пиёда, фойтун, почта ва ўт арава карвонлари учун (ҳожилар таъбирича) бир «Харкоф» каби эди. Помир ва Қашқарға ёпишган, Ўзгант ва Гулша каби кенг жойларни ўз доирасига олған Ўш уездининг* марказ томон билан бўлатурған қайноқ алоқасида Хўжаобод муҳим бир истанса эди.
Ҳозир бўлус* ижроқўми бор экан. Битта мактаб ҳам бор дедилар. Лекин унинг ўзидан кўпроқ «оти» бор, шекиллик… Кўк­ламдан тортиб то кузгача мактаб таътил экан, деҳқонлар болаларини фақат қишдағина ўқута олурлар экан.
Мактаб мундай бўлғани билан, бошқа ғалати нарсалар кўп: ўтган сафар ёзилған кўприк ҳали ҳам тузалмаган, биз сўнгғи боришимизда файтунни ҳам еталаб ўтдик. Ўшга борғанимизда дедиларким, кўпрукни халқ ҳисобиға тузатдирмакка Ўш ижроқўми қарор берди. «Ҳукумат маблағига бўлмас эканми?» – деган эдик, «Баладия* идорасининг пули йўқдур», – дедилар. Баладия идораларидан сўз очилғандан кейин гапиргандан кўра гапирмаган яхшироқ дедик-да, жим бўлдик…
Сой оқизиб бораётган ерлар яна ҳам ўша кўйи турадурлар. Бир оз вақтдан кейин Хўжаободнинг ярмини олиб кетса ҳам мумкин. Сув идораларидан 3 муҳандис битта-битта бориб, 3 мартаба режа тортиб келган эмиш… Муҳандислар ишбилармонлар (спецы) қаториға кирганлари учун ойлиқ ва кундалик (суточный) кўпгина берилатурғандур. Мундай бўлғандан кейин 3 эмас, 30 мартаба режа тортсалар, нима зарар?
Пахтақўмнинг бир пункти бор экан. У ерда ишлагучиларнинг ҳаммасидан ҳам халқ тескарисига рози кўрунди. Бир Зубов деган хазиначи бор экан, унинг энг ширин гапи кўча сўкишларининг ўртачароғи экан… Бир деҳқонға 2 десатина пахта учун 100 сўм ва 20 пут буғдой бериб, буғдойнинг пулини ҳалиги 100 сўмдан олиб қолса керак экан. Хазиначи эсидан чиқарибдур-да, олмабдур. Деҳқон ташқариға чиқиб, пулни санаб, буғдойни олғоч: «Буғдойнинг пулини олиб қолмабсиз», – деб хазиначининг олдиға кирган экан, «Сен ўғри, муттаҳам», – деб арава-­арава ҳақоратлардан кейин 3 сўм жарима тўлатибдур.
Бу кишини юртнинг аризаси устидан Ўш ҳукумати (уезд маркази) чақирған экан, «Иш вақти, бора олмайман», – деб бормабдур. «Пахта маъракаси»га зарар келмасин деб, Ўш ҳукумати ҳам ўзича бир нарса қилмасдан музофот маҳкамаларига ҳавола қилубдур. Хўжаобод деҳқонлари шу аризаларнинг жавобини кутадурлар.
Деҳқонлар бу йил ер экишга астойдил киришганлар. Ҳар ким тиришиб-тирмашиб бир от-улов топишга урунған, топа олмағанлари чопиқ билан бўлса ҳам экин экишга киришган. Халқ юртнинг тинчланганига, эркин-эркин деҳқончилик қилишга мумкин бўлуб қолганиға хурсанд. Ҳукуматнинг оз-кўп, қўлидан келган қадар ёрдамидан ҳам жуда мамнун кўрундилар.
Хўжаободдан 3 чақирим нарида бурунғи замонда почта аравалари билан дилижонларға* бекатлик вазифасини ўтайтурған бир бино бор эди. Ул бино Ўш билан Андижоннинг қоқ ўртасига ҳар икки тарафини 24 чақиримдан тўғрилаб солинған эди. Ҳозир иморатлари қуруқ девордан иборат бўлуб қолибдур. Саҳнига пахта экибдурлар…
Ундан 2-3 чақирим нарида неча минг десатина келатурған бир боғ бор. Ул боғ мундан 10 – 12 йиллар бурун Фарғонанинг машҳур қорунларидан* яҳудий Симҳоевлар томонидан қилинған эди. Боғнинг ерларини деҳқонлардан (ҳарчанд ­нообод ерлар бўлса ҳам) арзон-арзон олиб беришга ўзимизнинг аҳмоқ тўраларимиздан бири* кўб катта хизмат қилған эди. Ҳатто бу тўранинг ҳаракати билан сув келмас ерларга сув келди, яъни юқоридағи қишлоқларда ўлтурған деҳқонлар ўз сувларидан кесиб, тўрамнинг боғиға бердилар. Деҳқонларнинг кўп­лари тўранинг муриди бўлғани учун, тўра ул ишни жуда осон бажарди. «Оқ қилдим», «Қора қилдим!» – дейди, бўлди, бас.
Кейинча Симҳоев тўранинг ўзини ҳам боғдан ҳайдади, киргизмайтурған бўлди. Шунчаликки, аҳмоқ тўра ўзининг камбағал деҳқонларини бир бойнинг манфаатига қурбон қилди. Ҳозир жанжалларнинг бир асоси мана шундай жойларда бўлар экан.
Кўпи мевалик дарахтдан иборат бўлған ул кенг боғнинг жуда кўб, ҳадсиз-ҳисобсиз терак кўчатлари бор экан. Ғалати, овруповорий иморатлар, гулшанлар ясалған, неча юзлаб қўй, неча ўнлаб мол-сийирлар, яхши ҳўкузлар, неча жуфт отлар турғанлар; деҳқончилиқ асбобларининг ҳам ҳар хили бўлған.
Бу, албатта, илгари вақтда. Мана бу ички урушлар вақтида боғча тамом ишдан чиқиб, бир чакалакзор бўлуб қолған, иморатларни истеҳком ясаб олуб, босмачилар билан аскарларимиз, аскарларимиз билан босмачилар отишканлар. Ҳисобсиз милтиқ тешиклари яқин замондағи даҳшатлик дамларни эсга солуб, масхара қилиб кулуб турадурлар… Илгари тубжой халқидан бир неча киши боғни ҳукуматдан ижараға олған эканлар. Кейинги вақтда ҳукумат ул ижарачилардан қайтариб олиб, «қишлоқ союзи» деган ташкилотга берган. Бу ташкилот зироат муҳандислари юборған, хўжаободликлардан мардикор ёллаб ишлатиб турадир. Биз ўтуб кетаётканда бир неча киши замбар тўқуб турар эди. Бузулған, йиқилған уйлар тузатилмакга бош­лаған, боғчаға ҳам чинакам бел боғлаб ишлаган кўрундилар.
Андижондан Хўжаободғача (адирларни қўшмасақ) қиш фаслларида йўл ёмон бўладур. Хўжаобод билан Ўш орасида қиш фаслида ҳам йўл яхши, теккиз, қуруқ бўладур.
Кейинги сафаримизда кўкламнинг кўм-кўк қўйнида гуллар орасида кетдик. Йўл жуда чиройлиқ бўлған эди, дарахт­ларни сиқиб бўғуб олған туфайли (паразит) чирмовуқлар қуюлиб туша бошлағанлар. Экинсиз, ўт босиб ётған ерларга қўш чиққан, ҳайдалған, чопилған. Ориқларни тузатганлар. Сувлар шириллаб оқиб борадур.
Ўшнинг яқинидағи тоғлар ҳайбатлик бўлуб кўруна бошладилар. Ўш ва Андижон уездларига кўклам фаслида ривоч (шук­ри) етиштириб бературған «Шукри тоғи» кўм-кўк кўкариб ўнг биқинимизда турадур. «Сурат тоғ»нинг орасидағи узун ўрмондек чиройлиқ йўлдан ўтиб борамиз. Ўша жойда ёғоч кўмир куйдиратурған кўралар бор. Баъзиларининг оғзини очиб ўтун тўп­лаб қўйғанлар. Баъзиларига ўтин тиқиб тайёрлаб қўйғанлар. Баъзилари тутун чиқариб куюб турадир. Баъзиларининг ўти ўчган, оғзига чаплаган лойлари сарғайиб кесак бўлганлар, очилишга ҳозир турадурлар.
Ўшга яқинлашқанда бир тўп катта терак келадур, ўшлиқлар ҳам уни «катта терак» дейдилар. 1916 йилда Ўшдан Николай ҳукумати ва Оврупо истилочиларининг улуғ қурбонлариға «мардикор-лошмон» номи билан олиб берилатурған ўшлик йигитларни Ўш халқи – катта-кичик – шу «катта терак»гача узатуб қўйған эди. Йироқдан теракни кўриш билан эсимга бечора мардикорлар тушди, аллаким-аллакимларнинг нафсларини қондириш учун шу йироқ юртлардан аллақайларға бормоқ учун шу йўлға чиқиб, шу теракнинг тагида ота-оналарининг иссиғ ёшлариға қуюлғанлар…
Теракнинг ҳозир бошқа каромати чиқибдур: кимдур, биров, бир «эътиқодлиқ» банда айтибдурким: «Ҳар ким шу те­ракнинг пўстини қайнотиб ичса безгакдан қутуладур». Теракнинг ўзи ҳам бир неча юз йилги қадим терак эмасми, дарҳол «азиз»лигига ишонишибдур: одам бўйидан юқориғача пўс­тини тамом шилиб олибдурлар… Буни олмоқ учун дўхтўрнинг қоғози (рецепт) керак эмас, бир бошидан ўтган бирга ўн қўшиб айтдими, ишонтирдими, бўлди. Қанча узоқ йўллардан шу бир қарич пўст учун келатурған бечора бордур!
Хива томонда «тоун» касали бор эмиш, унга ҳам шундай бир терак топилғанда Соғлиқни сақлаш комиссарлигининг шаҳардан ташқариға чиқмайтурған пуллари Аму бўйлариға ҳам мажбурият билан бориб қолмас эди!..
Бас энди, Ўшга етиб қолдиҚ!
Бутун Фарғонада ҳавосининг тозалиги ва иқлимининг хушлиги жиҳатидан Ўш билан тенглашатурған жой йўқ.
(Бобир)
Фарғона музофотидағи шаҳарлар орасида энг гўзал жойға ўринлашқан ва энг соғлом иқлимға эга бўлғани Ўшдур. Бу атроф, умуман, жуда яхши суғориладур ва унинг муаттар бинафшалик кўклами чинакам жозиб! Бундан бошқа яна ҳар қоидалалар ва қизил гуллар ўсадур.
(«Қашқар амири Ёқуб». Номи франсузча асардан)
Бир ўзбек-турк ва бир франсузнинг бир маънини онглатҚан юқориғи икки сўзиға ўзимдан бир нарса қўшуб ўтурмайман. Ўш – чинакам мақталишка арзийтурған жой. Муни кейинги саё­ҳатимда бирга бўлған рафиқларим ҳам жуда самимий бир тил билан сўзладилар.
Лекин…
Лекин ҳозирги Ўш Бобир айтган ва франсуз муаллифи ёзған иқлим ва ҳавоға эга бўлса ҳам, ўзининг бу кунги буз­ғун ва хароба ҳоли билан 10 йил бурунғи Ўш ҳам эмасдир. Юқорида қўйған сарлавҳам Ўш шаҳрининг энг чинакам тилмочи!
Андижон йўлидан шаҳарга кириб кетатурған, у… 5-6 ма­ҳаллани ўткунча бўшаб қолған ҳовли-жойларни ва уларнинг йиқилиб, ағдорилиб ётқан уй ва деворларини кўрасиз. Бозорға яқинлашқанингиздағина жон асари, тириклик асари, уй-жой, тузук­лик асари кўрасиз.
Бозор куни бир баланд жойдан туруб томоша қилдим: оддий бир қишлоқ бозоридан бошқа нарса кўринмайдур. Шаҳар ва шаҳарликдан нишон йўқ. Хароб бўлған, бўлаётған ва хароб бўлғуси катта мадрасалар ва уларнинг бир хил ваҳший чеҳра кўрсатгучи, қўпол пештоқлари ўтгандаги шаҳарлардан бир нишон ва аломат сақлаб туродурлар. От, туя… туя, от… Мана Ўш бозорининг энг кўп меҳмонлари!
«Эшагига ярашар тушови!» – дегандек, Ўш шаҳрига яраша шаҳар ғамхўри, яъни баладия шуъбаси! Шаҳарнинг биргина жойида биргина нарса кўринмайдурким, баладия шуъбаси ўшани қилған бўлса… Бозор ўртасидан оқиб ётқан чиройли сойнинг устида бир катта кўпрук солишибдур, сўраттирсам: унда ҳам баладия шуъбасининг кўп дахли йўқ экан.
Бу Эски шаҳар.
Янги шаҳар ҳам мундин дуруст эмас. У балки мундан ҳам бадтар.
Инқилобнинг бузуш даврида бузилған шаҳарлар мана бу 2-3 йилги тузаш даврида танимаслиҚ ҳолиға келаёздилар, баъзилари келдилар ҳам. Лекин Ўш шаҳри тез орада муни даъво эта олмайдур. Мунга катта бир сабаб: Ўшнинг темир­йўлдан йироқлиғи. Замонимиз электрик замони. Шундай замонда темирйўлдан ҳам қуруқ қолған бир шаҳар тезгина обод бўла олмас. Мундан 10 йиллар бурун темирйўл Андижондан нарига ўтмас эди. Улуғ «олти шаҳар» Қашқар билан бўлатурған муносабат Ўшни катта бир бекат (истанса) ясаб олған эди. Бир томони Еттисув музофотиға етатурған орқа тараф шаҳар билан бўлатурған муомаласини Ўш оралиқ қилур эди. Туркистоннинг пахта ишлари учун Қашқардан чиқиб келатурган арзон қўл мардикорлари… 50 000 ва 100 000 лаб Ўш орқалик ўтарлар эди. Сўнгра: Ўш ҳам чегарага яқин, ҳам зиё­ратгоҳ бўлғанлиғидан кўп кучларнинг ўзиға тортилишиға сабаб бўлур эди. Мана Ўшни бурунлари обод қилиб келган омилларнинг бир нечаси!
Бу кун шу омиллардан ҳеч бири йўқ. Шунинг учун Ўшнинг шаҳарлик ва ободлик важҳидан аҳволи бирмунча вақт шу ҳолда қолса керак.
Тоғ яқин: шундай биқинда.
Бир неча қадам: тоғ!
Биз ҳам рафиқлар билан биргалашиб чиқдиҚ. Тоғнинг ёнбағирларида одамнинг белига етиб ўсатурған ўтлар, кўкат, майсалар, қизғалдоқ ва бошқа гуллар ҳали пастак-пастак бўйлари билан ёш боладек энди тиккаланиб, оёққа босиб келадур…
Тоғнинг қора, жонсиз ва қўпол тошларининг ҳам бир «хосияти», бир «каромати» бор бу мамлакатда. Қўл тиқилса – қўл оғримайтурған, бош тиқилса – бош оғримайтурған, бел тегса – бел оғримайтурған «муборак» чуқурчиқлари бор у тошларнинг! Ҳар бир «шифохона» олдида бир шайх, бир очкўз, таъмакор алдамчи ёлғон ва ёлғон сотиб ўтурадур… Тоғда, қора тошлар орасида бир қаричдан ортиқроқ ўсган бир кўкат, бир ўт йўқдурким, бошлариға бир парча латта-путта илинган бўлмасун! У латталар ҳаммаси ҳам ирим, тегиб бўлмайдур. Фақат «жинлар», «ажиналар», «арвоҳлар»гина кўзга кўринмасдан келиб-кетиб кетадурлар.
Бечора ўзбек хотуни!
Сенга 12 ёшингда кафан кийгизган жаноблар туғулған кунингдаёқ сени иримларнинг бемаъни қучоқлариға ирғитадурлар!
Билмайсен.
Билмайсен.
Билмаганинг учун сен ҳали кўб йиллар шу иримлар учун энг тоза умидларингни сўлдирғайсен!
Сенинг билмоғинг, ўрганмоғинг учун кенг йўл очилған шу замонда сенга очилғуси мактабларнинг таъминоти учун ма­ҳал­лий маблағ (местное средство)нинг кўпайишини тилайлик!..
Ўшда шаҳар ва уезд ижроқўми бор, унинг биноси ҳам Ўш­нинг ўзига яраша тарқов, очиқ-сочиқ, маҳкамага келиш­май­тур­ған бир болахона. Бошқа идораларнинг жойлари ҳам шундай.
Балки мундан ҳам бўлмағурроқ. Лекин биргина мактаб бор. Биноси жуда яхши, бурун рус ерлик мактаби бўлған. У ҳам биз борғанда ремонт қилинмаған эди. Ремонт учун баладияда пул йўқ, муаллимларнинг таъминоти учун маориф шуъбасида пул йўқ, маориф шуъбасига бермак учун Маориф камисарлигида пул йўқ. Шундай қилиб, шу биргина мактабнинг ҳам тақдири қалтираб турадур. Халқ таъминотига ўтказганлар, халқдан пул йиғиш қийин…
Биз шаҳар боғчасида, энг гўзал бир жойда ўлтуруб эдик, «газетачилар келибдур» деб хабар эшитган бир киши ёнимизға келди. Ярим соат жон куйдириб кап-катта одам йиғлағундек бўлуб бир жойға 2 мартаба солиқ чиққанлиғини, шикоятларидан фойда бўлмағанлиғини онглатди. Шўро матбуоти ўз асосини хийла маҳкамлаб олған экан, буни биз ўша ерда очиқ билдик.
Ўшда сув билан юратурған бир электрик истансаси бор. Қуввати кўб. Нархи ҳам арзон, олғучилар оз. Ҳозир сим тортилмаған кўчаларга сим тортишга, нархни яна ҳам арзонлаштиришга ҳаракат бор.
Ўшнинг атрофида яшағучи қирғиз халқи мактабга ва билимга жиддий интиладур. Гулшада юрт йўли билан яхши бир мактаб биноси тушди; очилиш маросимида тўй ясалиб, мактабнинг 6 ойлик таъминоти йиғилди. Ўзгантда ҳам мактаб биноси солинди. Гулшада муаллимлар Қурси очилди. Шулар ҳаммаси – халқнинг ташаббуси.
Лекин Ўш шаҳри биргина мактабни ҳам ишлатолмайдур.
Ўшнинг босмачилардан қутулғаниға 2 йилча бўлди. Шунинг учун атрофида экилган ерлар кўп, деҳқончилик яхши. Сув сероб.
Ҳар ерда бўлғанидек, мунда ҳам от-улов камлиги бор. Бу ҳам вақти билан тўлдирилур, албатта. Биз Жалолободга келгандан сўнг билдикким, шу чоққача Ўшда давом қилиб келган биргина кинўтиётр ҳам яқинда Жалолободға кўчубдур…
Ниҳоят, бир кун тонг чоғида Жалолободга бормоқ учун Қо­­расув истансасига қараб йўлға чиқдиқ. Гўзал тоғи, гўзал кўри­ниши билан гўзал Ўш шаҳри бузғун чеҳрасини қайғуға тўлдируб орқамиздан қараб қолди…
Ўшдан жўнадик.
Ўш билан Қорасув ўртасидағи йўл нима учундир Ўш – Андижон йўлидан ҳам бўш, қатновсиз кўрунди. Бўлмаса, Ўш шаҳрини темирйўлга туташдирадурған ҳам текис, ҳам яқин бўлған бу йўл қатнов, обод, карвонлар узилмайтурған бўлиши лозим эди. Бу ҳол Ўшнинг ҳар бир жиҳатдан илгариги мав­қеини йўқота бошлағанини кўрсатадур. Ҳозир унинг ўрнини Жалолобод билан Ўзгант қишлоқлари олиб борадурлар. Ўзгантга кетатурған йўлнинг устида бўлуб, яқиниға темир­йўл истансаси солинғани учун кичкинагина Хонобод қишлоғи ҳам обод бўлуб борадур. Жалолобод бўлса аллақачондан бери Ўшнинг энг муҳим савдо ва саноат жиҳатларини ўзига тортиб олуб, кундан-кун кенгайтириб келадур. Ўзгант қишлоғи ҳам бутун муносабатини Хонобод орқалик темирйўлга боғлаб олди, Ўш билан ҳеч бир иши йўқ.
Мозорлар, шайхлар, «улуғлар» маскани бўлған чиройли Ўш шаҳри устига кундош келиб қолған ёш жувондек бир чеккада маҳзун-маҳзун қолуб кетди…
Ўш билан Қорасувнинг ярим белидаги Қашқар қишлоққа яқинлашамиз. Ўнг ёнимизда кенг ва зўр бир ер. Бу Туркис­тонни ўруслар олмасдан илгари қайси бир хон ё бекнинг боғи бўлған жой. Қари-қари ўруклари ўша шонсиз, шарафсиз кунларни эсга тушуруб турадурлар…
Инқилобдан бурун у ер «подшоҳлик ерлар идораси» (управление государств. земель) деган маҳкаманинг қўлида бўлуб, яхши насллик отлар етиштириш учун унда «от зовуди» очил­ған эди. У зовуддан Ўш ва атрофи, умуман, шу атроф учун бир­мунча яхши насллик отлар етишган эди. Бурунлари зовуднинг ёнидағи кенг экин ерлари ҳам бир қарич қолдирилмасдан экилиб турар эди. Биз ўтиб кетаётган вақтимизда экинлик ерларни қарич-қарич ёввойи ўтлар босуб ётганини кўрдик…
«От зовуди» ҳам бузулуб кетган. 1919 йилда Фарғона босмачиларининг сардори бўлган Муҳаммадаминбек муҳожир ўруслар билан биргалашиб Ўш шаҳрига ҳужум қилған ва олған вақтида Сафонов ўртоқ қўл остидағи қизил аскарлар шу «от зовуди»да босмачилар билан жуда кўб отишган эканлар. Муни бизнинг аравакашимиз бўлған ўшлик ёш йигит содда ва ширин бир тил билан сўзлаб берди. Ўша отиш вақтларида милтиқ отмоқ учун тешилган девор тешиклари оқ бодроқдек бодраб кетганлар. Ҳозир у тешикларни лой билан чаплаб, зовуднинг яхши уйларига ўшал жойлардағи баъзи бир деҳқонлар кириб олғанлар эмиш.
Қорасувға келдик.
Истансанинг ичкари ва ташқарисиға одамлар кўб тўп­ланғанлар: Андижондан келатурған пўездни кутадурлар. Биз ҳам билет кассасига яқинлашиб, навбат билан кута бошладик. Пўезд нариги истансадан чиқди. «Энди касса очиладур», – деб навбатдагилар сиқилиша бошладилар. Бирдан бир ўрус бақирди:
– Пўезд тўла, шунинг учун одам ҳам олинмайдур, билет ҳам сотилмайдур!
Ҳамма ҳайрон бўлди.
Биз ҳаммадан ҳам ортиқ ҳайрон бўлдиқ. «Муштум» билан кенгашдик, у:
– Рассомим Тулля бўлса ҳалиги «билет сотилмайдур» деган темирйўлчининг баъзи бир қилиқларини чизиб олур эди! – деб ўз ҳасратини қилди.
«Муштум» бир нарсани сезмасдан гапирмайдур. «Билет сотилмайдур», – деб эълон қилған темирйўлчи ташқариға чиқиб, баъзи бир «ишончлик» савдогарларга: «Бир нарса беринг, билет топамиз!» – демакчи бўлуб қўли билан «оқча»ға ишорат қилған. Темирйўлчининг бу ҳийласи «Муштум»нинг ўткур кўзидан қочуб қутулмади, эҳтимолким, «Муштум»нинг келгуси сонларида шундай «фазл ва ҳунарлар»га доир баъзи бир «ажо­йибот»ларни томоша қилсақ!
Ўзимизнинг бемалол арава билан бўлса ҳам Жалолободға кетмакчи бўлдик. Фақат аравакашлар дарёнинг сувидан қўрқдилар. Сўнгра кечки пўезд билан Андижонға қайтмоқчи бўлдик. «Жалолобод пўездини узатуб қўяйлик», – деган баҳона билан истансага чиқдик.
Билетларни олуб, бир қизил вағунға чиқиб ўрунлашдик.
Вағунларда тиқинлик деган гап йўқ. Бўш жой жуда кўб. Ҳатто кўб «эрка» кишилар баҳузур чўзулуб ухлаб борадурлар. Агар 1-2 юз кишига билет сотилса ҳам вағунлар сиғдирғундай…
Қўнғироқлар чолинди.
Вағунларға биздан бошқа ҳам 5-10 та мусулмонлар хуржун кўтаришиб кирганлар эди, бемалол жойландилар. Бошқа вағунларға ҳам чиққанлар кўп бўлди.
Учинчи қўнғироқ бўлди.
Пўезд қўзғолди…
Эшикдан тафтишчи (контролёр) келиб кирди. Билетсизларға солинатурған жаримадан ва уни ундиришдаги узил-кесилликдан хабаримиз бўлғани учун юрагимиз бир дукуллаб олди.
Пўезд ичида ғалати-ғалати, «ажойибот», қизиқ «сир»лар, тубжой халққа қилинаётған муомалаларни тоза томоша қилдик.
Султонободнинг бузулуб кетган истансасида тўхтамасдан, катта дарёдан отлаб ўтуб, Хонободда жиндак тўқтағандан сўнг Жалолободга кириб кетдик.
Водийлар ичинда қанча водий,
Қон қилди жигарни водий, бодий!
Фарғона водийси тўғрисида айтилган шу икки йўл байт Фарғонадан йироқ тушуб қолған бир фарғоналикнинг ўз водийсини соғиниб айтган байтларидан икки йўли.
Мен ҳам шу икки йўл байтни қайтара-қайтара Жалолобод – Кўгарт водийсиға келиб кирдим.
Аввалги сафаримда ҳам, кейингисида ҳам Жалолободда кўп тўхташға тўғри келмади. Бир кун-икки кун! Зотан, Жалолободнинг ҳафталарча юруб кўратурған жойлари ҳам йўқ. Мусулмонлар қошида ҳазрати Айюб пайғамбарға нисбат берилган учун муқаддас саналған, замон фикрчилари учун эса ернинг кўгартлик табақаларидан ўтуб чиққан сувдан бошқа нарса бўлмаған қайноқ булоқлар бордурким, Жалолободнинг кўрилатурған нарсаси шулгинадур.
Жалолобод қишлоғи ёки шаҳарчасининг кун чиқиш биқинидағи баланд адирларнинг бир чеккасидан чиқиб ётқан у булоқлар бурунғи чор ҳукуматининг диққатини яхшигина жалб қилған эди. Чор ҳукумати ул жойни яхши, мукаммал бир курурт қилиб, шимол ва ғарбнинг бир кўзлик кўзойнак таққан жинтилмон (олифта) бой болалари учун ҳам шифо манбаи, ҳам исроф ва фаҳш уяси қилмоқчи эди. Шунинг бошланғичи ўлароқ алоҳида-алоҳида 10 хоналик булоқ ҳаммомлари вужуд­га келтирган, уларнинг теварагида зиёратчилар учун шаҳар мусофирхоналари шаклида айрим хоналар бино қилдирған эди.
Булоқнинг юқори томониға, адирнинг энг устига, боғчалар ясатмоқ, яна яхши бинолар солмоқ режалари чизилиб, ерости сув йўллар учун темир қувурлар санчилған эди.
Чор ҳукуматининг совуқ ва кўм-кўк кўзлари, юқориси жабр, қуйиси зулмдан иборат бўлған кирпикларини бир-бирига ёпишдириб шундай хаёлга ботган вақтида Осиёнинг шу ёввойи адирлари ўрнида «муаззам ва бўлинмас Русия»нинг рус завқини сепайтурған гўзал «Баден-Баден»ини* кўрар эди.
Жаҳон уруши бошлангандан кейин тор миллатчи ўрус муҳаррирлари Гирмония курортлари орқали Гирмония хазинасига тушган пуллари учун қайғирмоққа бошладилар. «Ватанпарвар» ўрус газеталарининг биттасида бир қайноқ миллатчи ёзадурким: «Бизнинг энг кўп пулимиз Гирмониянинг «Баден-баден» каби курортларига тўкуладурлар: унда сарф қилинған пулларимиз Гирмония давлатининг хазинасиға тушадур, давлат эса у пулларни «Круп» фабрикасиға бериб, ўрус қўшинини қирмоқ учун 42 сантиметрлик тўплар ҳозирлатадур.
Сарф қилинатурған пулларимиз кўб бўлса, киборларимиз яхши ҳаволик жойларни истасалар, Қрим ва Қафқазия куруртларига борсунларким, ўз чўнтагимиздан чиққан пул яна ўз чўнтагимизга тушсун. Шунинг билан баробар ҳукуматимиз ҳам Қафқазия ва Қрим курортларини Гирмония куруртларидек яхшилаш йўлларини қарасун. Сўнгра бошқа ўлкаларимизда ҳам яхши, шифолик жойлар бор. Масалан: Туркис­тонда мундай жойлар биргина эмас, бир нечта бор. Шуларни Гирмония куруртларидек мукаммал қилсак, ватанимиз учун қанча катта хизмат қилмоқ мумкин».
Ўрус миллатчисининг шу мақоласини 1914 – 15 йилларда ўқуған бўлсам ҳам, у вақтда унинг чин маъносига унча тушунмаган эдим. Орадан 10 йил қадар вақт ўтди, Русияда улуғ ўзгаришлар бўлди, «ватанпарварлик», «миллатчилик» каби сўзларга янги маънолар берилди. Энди юқоридағи мақоланинг маъноси ҳам бизга бутун очиқ ва ёпиқ жиҳатлари билан бирга яхши онгланадур.
Айниқса, ўшал «Қизбулоқ»нинг ёнида туриб Кўгарт во­дий­си­ға назар солсак, унда қатор чизилиб кетган ўрус қишлоқларини кўрсак, мақоланинг мазмуни яна ҳам очиқ фаҳмланадур. Чор ҳукуматининг муҳожират идораси ҳақиқатан муқтадор кишиларнинг қўлиға топширилған экан. Бу атрофда, фик­римча, шу Жалолобод – Кўгарт водийсидан унумлик тупроқ бўлмаса керак. Шу жойга энг катта муҳожирлар қишлоқлари саналған энг қора муҳожирлар ўрнатилған. Муҳожирлар қишлоқларининг ўртасида ярқираб кўринган ҳайбатлик бутхона қуббалари чор ҳукуматининг ният ва идорасини жуда очиқ кўрсатадур.
Ўктябр ўзгаришидан кейин босмачи курашининг энг қиз­ғин даврларида Кўгарт Ўш билан Ўзгант орасида муҳожирларни босмачилар сафида кўрамиз. «Озуқ инҳисори» (монополияси)га қарши шиддатлик исён кўтарганлар шу муҳожирлар бўлдилар. 1919 йилда Андижонни авраб олған босмачиларнинг энг қалин қатори муҳожир аскарлари эди. 1920 – 21 йилларда ўтказилган ер ислоҳоти чор ҳукуматининг қора мақсадларига содиқ қолуб келган муҳожирларга яхши сабоқ берди. Теваракларида туя миниб юрган қирғиз, арава ҳайдаб юрган ўзбекларни «булар ҳам одам» дейишга мажбур қилди. Қанча қийин бўлса ҳам, бурун кучлаб олған жойларини асл, ўз эгаларига қайтариб беришга мажбур бўлдилар.
Водийчанинг муҳожирлар масаласини шўролар ҳукумати мана шу йўл билан яхшилаб ҳал қилди. Энди курорт масаласи бор. Уни ҳам ҳал қилмоқ керак. Бугунги Ҳазрати Айюб том маъноси билан бир курурт эмасдур. Лекин шундай қилиниши керак. Туркистон шўролар жумҳуриятининг марказ ҳукумати жумҳуриятнинг бу ҳол қимматбаҳо жойларини ҳеч бўлмағанда Қрим ва Қафқазия курортлари билан тенглаштиришга тегиш.
Ўрта Осиёнинг камбағал деҳқонлари, меҳнаткаш ишчилари ўз жумҳуриятларининг шифолик жойларида ҳамма ўнғайлик ва қулайликка эришганлари ҳолда, дам олишга, истироҳат қилишга тегишдурлар. Ҳозирга қадар бу тўғрида жуда оз ишланганга ўхшайдур. Курортнинг ҳатто махсус дўхтўри ҳам йўқ. Сўнгра Жалолободда бу йил муташаккил бир курурт ҳам бўлмади, шекиллик.
Жалолобод, бурунғи эсдаликларда ёзғаним каби, кундан-­кун тараққий қилиб борадур. Мунда, албатта, темир­йўлнинг катта таъсири бор. Бу йўлни яна ичкариларга олиб кетмоқ ҳам мумкин. Жалолободнинг ўзида бир касалхона бор, атрофида (муҳожир қишлоқлари учун) ҳам бир касалхона солин­ған экан, ҳозир борми, йўқми, билмадим.
Маориф ишлари жуда суст. Сустликда марказ Маориф комиссарлиги билан ҳам тенглаштириб бўлмайдир… Шаҳарда тубжой халқ учун биргина интернат бор. У интернат ҳукумат таъминотида. Илгари фаҳш жойи бўлған бир номерни бузуб, халқ ёрдами билан яхши 4 синфлик бир мактаб биноси солғанлар, биз борған вақтда бино битишга яқинлашқан эди. Лекин муаллимларнинг таъминотига на давлат хазинасидан, на маҳаллий маблағлардан ҳеч нарса берилмайдур. Халқ ҳисобига таъмин қилиш ҳам жуда қийин экан. Жалолободнинг мао­рифпарварлари шу тўғрида бизга кўп шикоят қилдилар. Биз нима қиламиз? Газетага ёзиб тегишлик идораларнинг қулоғиға қуюб кетмакдан бошқа қўлимиздан келмайдур.
Сўнг вақтда Жалолобод ижроқўмининг яхши ташаббуслари бор: шаҳарнинг катта қатнов кўчаларига тош тердирилмакчи. Тошни дарёдан ташиб бориш учун йўл идораси билан онглашилған. Бир қисм сарфини Андижон ижроқўми бермакчи бўлған, бир қисмини ўзи топадур. Сўнгра шаҳарчани электрик билан ёруғлаш иши ҳам юзага чиқиб келадур. Бу хусусда мавжуд бир ўт тегирмоннинг қувватидан фойдаланиш йўлини топқанлар. Баъзи бир асбоблар ҳозирланған, тездан шаҳарча электрик билан ёруғлана бошласа керак.
Мана бу ишлар, агар ташаббус қилинса, ҳар қайда ҳам кўп нарсалар ишламак мумкинлигини кўрсатадур. Давлат сармоя­сидан оз берилса ҳам, маҳаллий маблағ йўлға қўйилған бўлмаса ҳам, ташаббус орқасида кўб нарса ишламак мумкин. Мунинг мисоллари биргина Жалолободда эмас, бошқа жойларда ҳам бор. Лекин Жалолободдағиси ташаббуснинг бекор кетмаслигига энг очиқ мисол. Кошки, маориф ишларида ҳам шу хил жиддий ташаббуслар бўлса-ю, ижодий ишлар ишланса ва янги қилинаётган электрик истансалари учун қишлоқ деҳқонларининг болаларидан ёш усталар, техниклар етишсалар.
Қайтмоқ учун вағунга ўлтурдик. 5-6 соатдан сўнг Андижонда бўламиз. Шунинг билан саёҳатимиз тамом бўладур. Шу катта саёҳатнинг натижасида кўб нарсаларни кўрдик. 5-6 йиллик бузғунлик тарихини жой-жойида варақлаб ўқиб кўрдик. Бузғунлик ҳақиқатан жуда кучлик. Бузғунликни йўқ қилиб, йиқилганни тиклаш учун жуда зўр кучлар, туганмас ғайратларга эҳтиёж бор. Юрт бузулған. Лекин унинг мунбит тупроғи кўчиб кетгани йўқ, жойида. У тупроқ орқали яна юртни яшнатмак сиз ва бизнинг қўлимизда, ҳурматлик ўқиғучилар!

_______________
Чўлпон 1924 йил баҳорида Андижон – Ўш – Жалолобод маршрути бўйича қилган саёҳати давомида кўрган-кузатганларини публицистик очерк сифатида «Фарғона» газетасининг 1924 йил 28 март 158-, 169-, 172-, 175 – 176-сонларида «Чўлпон» имзоси билан бостирган. «Ёш ленинчи» газетасининг 1991 йил 1 – 4-сонларида (нашрга тайёрловчи Ж.Худойбердиев), «Шарқ юлдузи» журналининг 1991 йил 6-сонида (нашрга тайёрловчи З.Эшонова) қайта нашр этилган.
«Фарғона» газетаси асосида нашрга тайёрланди.
* «Тўра демакдан мақсад эшонлар навъидаги тўрадур» (Чўлпон изоҳи).
* Баден-Баден – Гирмонияда бир курурт бўлуб, жаҳон урушидан бурун рус пули тамом шул ерга оқар эди (Чўлпон изоҳи).
Маҳшар (араб.) – одам тўпланадиган майдон.
«Элбек ўртоқ» – шоир, ёзувчи, педагог, тилшунос Машриқ Юнусов (1898 – 1939) назарда тутилмоқда.
Бўлус – русча «волость» сўзининг ўзбекча бузилиб талаффуз қилиниши.
Уез (уезд) — чор Россиясида губерния (область) таркибидаги маъмурий-ҳудудий бўлинма.
Баладия (араб.) – шаҳар бошқармаси.
Дилижон (фр. diligence) – транспорт тараққий этмаган вақтларда поч­тани, йўловчилар ва уларнинг юкларини мунтазам ташиш учун хизмат қилган тўрт ғилдиракли катта соябонли арава.
Баладия шуъбаси – коммунал хўжалик бўлими.
«Фарғонанинг машҳур қорунларидан» – Фарғонанинг машҳур бойларидан.