Ўт арава демакдан мақсадим автўмўбиль эканлигини билсангиз керак. Халқимиз «автўмўбил»ни ўт арава дейдур.
Мен бу мақоламда ўт араванинг фазилатларидан гапирмакчи эмасман. Йироқ йўлни яқин, қийин ишни осон қилиш учун ўт арава жуда керак нарса, фойдалик муюм. Лекин бу мақоламда бошқа нарса тўғрисида гапирмакчиман.
Ҳозирги вақтда газеталаримизни ўқунг. Энг кўб ёзилған нарса Гирмония масаласи. Ҳар кун, ҳар сонда десак мумкин: Штреземан, Эберт, Альбер, Сект, Карвакитлердек жонли номлар; Саксония, Турингия, Бавария, Рур, Райн каби жонсиз исмлар; булар ҳам ҳаммаси хабар, даракдан иборат. Масалан: мен борсам-да, Штреземан ким, Эберт қандоқ киши, Гильфердинг ўзининг сарватга доир машҳур асарида қандоқ асосларни олдинга сурадур деб катта саволларни берсам ва шунга кенг-ковур жавоб олмоқчи бўлсам… қаерға бош ураман? Мусулмончани, туркчани яхшиғина билсам ҳам ўрусчани билмайман, уни дарров бир-икки ойнинг ичида ўрганиб олиш қийин, мусулмонча сиёсат китоблари бўлса йўқ.
Тошкентда ё Масковда бўлсам бирорта қулубга борар эдим. У ерларда нима кўб? Қулуб билан лексия! Мен турған ерда мендан бошқа ҳам бир неча миллион менга ўхшаған бахти йўқ «аҳли вилоят» (провинциал) туратурған жойларда қулубнинг мазаси йўқ. Қулуб бор ерда лексиянинг бурди йўқ. Сўзнинг қисқаси: йўқ, йўқ, йўқ.
Мен йўл усти тўғри келганда газетачилар билан ҳам сўзлашдим. «Нимага бир масаланинг асл-асосидан тузук-қуруқ маълумот бермайсиз? Бу кундалик хабарингиз билан ишнинг тагига етиб бўлмайдур», – дедим. Газетачилар сира ҳовлиқмасдан шу жавобни бердилар:
– Ҳар нарсанинг ўз жойи, ўз асбоби бор. Газетларимизнинг вазифаси – кундалик воқеалар тўғрисида – газетанинг ўз миқёсидан ошиб кетмаслик шарти билан – тафсилот босиб тарқатмоқдур.
Сиз айтган чуқур таглик масалаларни қулоч-қулоч қилиб ёзмоқ учун мажмуа, яъни журнал деган нарса бўладир!
Сўнгра журнал қидиришга тушдим: «Билим ўчоғи»* деган бир нарса бор экан, вафот қилибдур. «Инқилоб»* деган биттаси Ўрта Осиё шўро жумҳуриятларининг ҳаммасига баробар «ўғул» бўлуб, ҳаммасининг дастмояси билан дунёга чиқмоқчи бўлған экан. Уни ҳам Бухородан нари дараксиз кетди дейдилар.
Ҳар ҳолда, билиниб қолди. Айниқса, бизнинг Туркистон жумҳуриятининг – марказлик бўлиш шарафидан маҳрум қолған – вилоят фуқаролари мунга кўб ташна бўлдилар. Бир мажмуанинг чиқмоғи жуда зарур, жуда лозим. Шу зарурат нимага ўталмайдур деб кўб жойга мурожаат қилдим, жавоб бердиларки:
– Пул йўқ!
– Пул йўқ!
«Билим ўчоғи» билан «Инқилоб» мажмуалари ҳам шунинг учун тўхтаб қолған эканлар.
Локин мен мунга ишониб етолмайман. Татаристон шўролар жумҳуриятида бир-икита мажмуа тўхтовсиз чиқиб турар экан. Ақлим олмайдур: Татаристон шўролар жумҳурияти бизнинг Туркистон шўролар жумҳуриятидан бойми экан? У жумҳуриятнинг пахтаси йўқ эди-ку. Бизда ахир пахта бор, радий жавҳари бор, дармона (сантонин) кони бор, тошкўмир, қора ёғ, яна нима балолар бор. Шуларнинг ҳаммаси ижтимоий асосдаги маслаҳатлик жумҳуриятимизнинг бойлиги-ку!
Ё шундоқ эмасми?
Қани, гапиринг-чи!
Фарқ бўлса-бўлмаса шундадурким, Татаристон шўро жумҳуриятининг оқсоқоллари ҳалиги шиддатлик эҳтиёж ва заруратни сезганлар, билганлар. Бизнинг оқсоқолларимиз бўлса «Прожектор», «Красная Нива», «Эхо», «Огонёк», «Новый Восток»* ва бошқа минг хил русча мажмуалардан истаганларини ола бериб, ўзларидан бошқа ўрусчага олим бўлмаған биз вилоятлик бечораларни унутуб қўйғанлар!
Фарқ ёлғиз шунда.
Яқинда Тошкентда бўлдим. Баъзи бир идораларнинг чиройлиқ, чаққон, ҳайбатлик ўт аравалари ёнимдан шамолдек шувуллаб, ўқдек ғувуллаб ўтуб кетдилар. Мен бечора вилоятлик ақл ва ҳушимдан ажраб – танг қотиб қараб қолдим.
Яқинда Хўқандга келдим. Эски шаҳардан келаётуб эдим, бир муюлушдан икки жавобгар ишчи ўртоқларим ғалати извошда учар отларни тизғиратиб чиқиб қолдилар. Агарда дарҳол ўзимни чеккага олуб, деворға орқамчасиға ёпишмасам извошнинг ғилдираклари тагида қолуб кетар эдим-да, сиз ҳам бу кун бу мақолани ўқушдан маҳрум бўлуб қолур эдингиз…
Бир оз суруштурғанимдан сўнг маълум бўлдиким, ўт араванинг ўзи чиройлиқ, чаққан оёғи енгил нарса бўлса ҳам, ашқол-дашқоли жуда кўп, сарф-харажати жуда катта экан. Унга кетатурған бензин деган ёғнинг пули бизнинг қишлоқ маҳкамаларига ошуб-тошкундай бир исмета бўлар эмиш… Айниқса, ўт аравани ҳайдайтурған «шуффер»и* жавобгар ишчилар ойлиғиға зўрға унар эмиш…
Извошнинг харажати ҳам оз эмасдур. У – савлатлик, у – семиз, у – чопонғир отлар озмунча овқат емайтурғандур. Кучир ҳам ахир ноз-ситамдан холи эмасдур.
Битта маҳкаманинг ўт аравасини сотсақ, иккита маҳкаманинг иккита извошини ҳам отлари билан сотуб юборсақ, шуларга кетатурған бир йиллик харажатни ҳам Чирвонбойнинг қурси билан ҳисоблаб шунга яраша маблағни ажратуб қўйсақ: шу маблағларнинг ҳаммасини шотираған чирвон қилиб «Туркистон» газетими, «Фарғона»ми, «Зарафшон»ми – учаласидан биттасининг бошқармасиға топширсақ, битта мажмуа чиқаруб беришга унарларми экан?
Мен ўйлайманким: жон дерлар, жон дерлар…
__________________
«Фарғона» газетасининг 1923 йил 7 декабрь сонида «Мирзо Қаландар» имзоси билан босилган. Сўнгра «Адабиёт надир» мақолалар тўпламида қайта чоп этилган.
«Фарғона» газетаси асосида нашрга тайёрланди.
«Билим ўчоғи» – Туркистон Маориф халқ комиссарлигининг ойлик ижтимоий-сиёсий, таълим-тарбиявий ва адабий журнали. 1922 йили биринчи сони чиққан. 1923 йили журналнинг 2 – 3-қўшма сони чиққач, нашр этилишдан тўхтаган.
«Инқилоб» – 1922 йилдан чиқиб, 1924 йил октябрида тўхтаган журнал. Адабий, сиёсий-оммавий ойлик журнал бўлмиш «Инқилоб» Туркистон КП МҚ органи эди.
«Прожектор», «Красная Нива», «Эхо», «Огонёк», «Новый Восток» – XX асрнинг 20 – 30-йилларида (баъзилари кейин ҳам) нашр қилинган журналлар.
Шуффер (шопёр) – машина ҳайдовчи.