Абдулҳамид Чўлпон. Умид сиздан! (1918)

Мухторият эълон этилди!
Унинг тўғрисида дўстлардан ҳам, душманлардан ҳам кўб гап­лар эшитдик. Дўстларимиз: «Муборак бўлсун, хайрлик натижаларини кўрингиз!» – дедилар. Баъзи дўстларимиз ёпилиб-­ёпилмасдан: «Мухториятингизга «Яшасун!»дан бош­қа сўзимиз йўқ. Аммо, аммо… ҳозирланмаған, тайёрланмаған, ўқумаған вақтингизда бўлған Мухторият илгариги хонлик­ларни келтирмаса эди…» – деб қўюрлар.
Энди большевикларга келсак, уларнинг назарлари жуда очиқ ва қатъий: «Бизнинг сўзга унасанг унадинг, унамасанг – шоп»! Бошларингда қизил гвардиянинг немисни уриб, Берлинни олиб, Англия ва Австриядаги мазлум миллатларни қутқазуб, французларнинг Тунсин* ерлиларига олиб берган қутлик қиличи капалакдай пириллар… Хулоса: «Хўб»ми? «Хўб» бўлмаса, Аллоҳу акбар!» Балки, баъзи мухбир кишилар большевикларни бу даражада очуб кўрсатишимизга рози бўлмасалар-да, мендан хафаланадирлар. Ҳам: «Далилсиз даъвонинг қозиси – даъвогарнинг ўзи!» – деган гапни такрорлар. Мен уларга мавлуд куни Тошкентда тўкулган қонлар ила Бухорода ва Хивадаги большевик ҳукумати бўлғандан кейин­(ги) ҳолларни кўрсатсам. «Наша газета»* бетлариндаги узун мақола ва хабарларни ўқуб кўнгиллари ул тарафга мойил бўлғанликдан қаноат этмаслар. Аммо бу кунларда Андижонда бўлған бир воқеани айтсам, эҳтимолки, бир оз юмшарлар:
Андижонда большевиклар Солдат ва ишчилар шўроси* воситаси билан собиқ милисия началниги Самойлуф исмли бир кишини қўймоқчи бўлдилар. Дума аъзолари ила аксарият(ни) ташкил этган мусулмонлар бошқа кишини кўрсатдилар, уларнинг (большевикларнинг) жавоблари яна ҳалиги: «Унамасангиз, қон тўкилади!»… Шунинг билан ҳозир Андижонимиз кўнгилсиз воқеалар олдинда туради!..
Ўйламоқ керак: ҳозир Николай вақти билан замонамизнинг фарқи йўқ! Николай вақтида губернатурлар бирор кишини ҳокимлик ва бошқа ишларга ўзлари тайинлаб қўярлар эди. Мусулмонлар эътимодсизлик билдурсалар, баъзан бошқани ҳам қўярлар эди. Бир ҳоким учун қон тўкилганини мен эшитганим йўқ… Шунинг учун ҳуррият, адолат ва мусовот каби шуълалар ёрқираган бир замонда бўлған шундай воқелар яна бизнинг Николай асринда яшадигимизни кўрсатадир!
Мана шундай ҳолларни ўйлаганда кўнгуллар умидсизлик дарёсига ботуб, кўнгилсизлик тўфонларинда ғарқ этиладир. Қаламлар илгари раҳмсиз сензурлардан қўрққандай бўлуб қоғознинг йўлларига юз қўйишга унамайдирлар… Ана шундай вақтларда пастда айтиладирган воқеалар кўз олдиға келуб, ночор-ноилож юракларнинг фавқулодда шодлик ила кўтарилиш­лариндан пайдо бўлган овозни тилини ғулдиратуб айтишга мажбур бўласан: «Яшасун Туркистон Мухторияти! Бор бўлсун ҳақиқий ва тўғри йўлдаги фуқаҳолар!* Гуллаб кўкарсунлар умид юлдузлари бўлған ёшлар!» – деб…
1. Тошкентда «Фуқаҳо жамияти»* большевикларнинг энг зўр суянчлари бўлган қўл кесиш ва қасосга доир очиқ ва яхши йўл топди!
2. 1-2 миллион қаҳрамон турк-татар аскарига таянган Ҳарбий шўро бўлған ҳолда каллалануб, очилуб, яшнаб келмакда бўлған Ишчилар ва деҳқонлар шўроларининг Мухторият байроғи остида Мухториятга жон ва қон фидо этишга ҳозир бўлуб туришлари; Мухторият (байроғи) остида қонун ва шариат йўллари ила ўзлариға ёруқ кун исташлари, уларнинг ул талабларина миллат ходимларимизнинг ҳам яхши юз кўрсатишлари.
3. Андижонда «Жамиятлар жамияти» ташаббуси билан бўлған шаҳар ва атроф сйездига ҳамма жамиятдан 2 кишидан вакил киритилғани ҳолда «Шўрои исломия» раиси жанобларининг ташаббуси ва ғайрати ила мажлиснинг жамиятиндан 20 вакил қабул этиши, ҳар ишга ишчиларни яхши назар билан киргиза бошлаши.
4. Шу сйездда улоқ, тўй, маърака каби бидъатларнинг* исрофлари тамом битирилуб, сарфлари куч билан бўлса ҳам олинуб, очлик билан азобланғанларга ёрдам берилиши ғоят жиддий тадбирларга киришишга қарор чиқарилиш ва ул қарорларнинг самаралари кўринмакка бошлаш. Яна шу сйезд­да Туркистондаги ортиқ ерларни суғориб, ишчиларга топшируб, Туркистондаги мусулмон ишчиларни ер билан таъмин этишга йўл очилиши.
5. Мухторият фойдаси учун Андижонда бўлған тиётрларда Туркистоннинг ўз турк боласи, гимназия шогирди, 16 ёшлик Санжар Фозилбек ўғлининг* Мухторият байроғи ила унинг остига қилган ажойиб бир манзаралик расмининг Амриқо усулида ауксион (мазоида) 1200 сўмларга сотилиши, қаҳрамон ходими Қўчқорбой афандининг буюк ҳамият билан ул расмни олиши, бошқаларнинг ҳам бу ишка яхши аҳамият беришлари…
Булар ҳаммаси, ҳаммаси қоронғу кечаларда ялтираған юлдузлардир…
Булардан умид, булардан имон, булардан руҳ кўринадир.
Булар бизнинг истиқболимизнинг, келадурған йўлимизнинг чақириқлари, аломатлари, белгиларидир.
Турклар, турк уруғлари, турк эллари инқирозга, йўқ бўлиш­га маҳкум эмаслар. Булар ўзларининг эски бешиклари бўлған Туркистонда яна илгариги шавкат ва салтанатларини тиргизарлар. Тўғрилик, кенглик, қардошлик асосига қурулған тахтларини (Миллат мажлислари демакдир) обод қилурлар.
Хусусан, бизнинг Туркистон ҳеч вақтда ҳам порлоқ ва ойдин эрталардан қуруқ эмас ҳам қуруқ бўлмас! Чунки турк қайнаған ернинг исми Туркистон: «Сен қаерликсан?» – деб сўрама, «Мен туркистонликман!» – дер ва унинг юраги Туркистондадир. Туркистон номи бор вақтда Туркистон улуғдур, зўрдур, ул 100 миллиондан ортиқ кучга таянуб унинг кўксига қилич тиққани келганларга қачон-да бўлса:
– Кет, маҳв бўлурсан! Яқинлама, қул бўлурсан! – дея ва дея олур.
Айтингиз онангиз Туркистонга:
«Ёв сўққали келгач, қиличини юрагингга тут(иш) олдида: «Ол кўксуми, қалқонми керакдир?» – деб…

_________________________
«Эл байроғи» газетасининг 1918 йил 26 январь сонида «Тешабой» тахаллуси остида эълон қилинган. Адабиётшунос Б.Дўстқораев томонидан 1997 йил 21 ноябрда «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасида қайта нашр этилган.
Тунсин (Тунис) – Африкадаги давлат, ХХ асрнинг ўрталарига қадар Франциянинг мустамлакаси.
«Наша газета» – 1917 йили Фарғонада чиқа бошлаган ва қисқа умр кўрган газета.
Солдат ва ишчилар шўроси – 1917 йил февраль инқилобидан кейин большевиклар томонидан тузилган ташкилотлардан бири.
Фуқаҳо – диний ҳуқуқ ва йўл-йўриқларни билувчи кишилар.
«Фуқаҳолар жамияти» – 1918 йилда Абдувоҳид Қориев ташаббуси билан Тошкентда тузилган жамият.
Улоқ, тўй, маърака каби бидъатлар – Чўлпон вакили бўлган жадид­лар оқими Туркистонда очлик, иқтисодий ва маданий қолоқлик авж олган йилларда бойларнинг камбағалларга ёрдам кўрсатмай, болаларнинг дунё­вий билим олишларига эътибор бермай, тўю-маъракаларга ортиқ даражада сарф-харажат қилишлари, улоқ ўйинларини ташкил этиб, қанчадан-қанча кишиларнинг майиб бўлишлари ва ишдан қолдиришларини бидъат деб билган.
Санжар Фозилбек ўғли – ХIХ аср охири – ХХ аср бошларида дунёга келган андижонлик талантли ёшлардан бири. «Таржимон» газетасига юборган ва шу газетада босилган шеъри билан И.Гаспринскийнинг назарига тушган. Унинг кейинги тақдири ҳақида бирор маълумот учрамайди.