Абдулҳамид Чўлпон. Ўш (1915)

Фарғона областининг энг кичкина шаҳарларидан бири-да Ўш шаҳридир. Ўш шаҳри 40 минг қадар нуфусли бир шаҳар ўлиб, Қашғар ҳудудина от билан 4 кунлик йўлдир. Қитойнинг катта ва эскидаги тарихий шонлари билан машҳур Қашғар вилоятина Русиядан ва бутун Овруподан келган моллар шул Ўш йўли била кетадир. Ҳар кун деярлик 50 – 60 отли мол юклаган карвон Қашғар йўлида юруб турадир.
Ўш шаҳри кичиккинарак бўлса-да, оқ ва тоза суви, жой вақтинда* салқин ҳавоси, бир тарафиндан қоб-қора даҳшатли тови билан шул қадар матур* манзара ташкил этадики: тов бошина миниб остга қараған вақтда киши ўзини Швейцариянинг машҳур Альп товларинда ҳис этадир. Маълумдирки, Туркистон ҳавоси жой вақтинда бик* иссиқ бўла, мана шул вақтда салқин олмоқ учун Туркистоннинг ҳар тарафиндан келувчилар кўпаялар. Иккинчи тарафдан: мунда бир тов* бор, бу тови ерли халқ ҳазрат Сулаймонға нисбат бериб, ҳар турли янглиш эътиқодларға чўмалар. Эмиш, ҳазрат Сулаймон бир вақтда девларга тахтини кўтартуб юрган вақтда Ўшға келуб, шул тов бошинда бир неча вақт тахт қуруб ўлтурған. Ўш ўртасиндан оғуб турған кичкинагина дарё бўйинда катта-катта 40 – 50 одам кўтара олмаслик тошлар бор. Мана шуший* тош­ларни ҳазрат Сулаймон девлари бармоқлари билан тов бошинда ерга ирғитқанлар. Ёзин тов устидаги мозор шарифни зиёрат қилурға зиёратчилар кўб келалар. Муна* ҳозир зиё­ратчиларча биз-да бир зиёрат қилиб қарайиқ.
Ул ҳазрат Сулаймон пок қабри шарифина борамиз. Ондин тушуб, 50 – 60 қадар хайрчига бирор нон ёки бирор тийиндан оқча улашгач матур ҳам буюк бир масжидга кирамиз. Масжиднинг бир четинда бир улуғ қабри шарифни зиё­рат қилиб, онда турған қоридан Қуръон ўқутиб, оқча берамиз-да, кетамиз. Мозорнинг шайхлари (шайх – мозорларда туруб келувчи ва зиёратчиларни зиёрат қилдирувчи, берган нарсаларни олувчи одам) тарафиндан солинған бир масжид бор. Шул масжид Ўшда мусулмонларнинг синоат била фахр этарлик бирдан-бир муассасаларидир. Ҳар тарафи кирпичдан* ишлануб, ичинда меҳроб­лари ва атрофлари мусулмон бўёвчилари тарафиндан Эски Туркистон тарзида ҳар турли зийнатлар била зийнатланган масжидда ҳар икки байрамда Ўшнинг яртиси деярлик шунда намоз ўқийлар… Ўшда Исмоил ҳожи исминда бир бой бўлған. Ул одамнинг сув бўйиндаги бир парча ерини «Ўш электричес­кий обшества»си электрик истансаси учун сўраған. Муна шул одам ризо бўлуб сотқан. Условия (маоҳида) вақтинда бой обшестваға юқорида зикр этулган масжидни 20 йил оқчасиз ёқтиритмоқ учун шарт қўйған. Муна шул ҳимматли бойнинг ўринли ташаббуси соясинда бутун масжид 20 йилға қадар оқчасиз ёқтирила. Яна бирор ҳимматли бой чиқса-да, мозори шариф ёнинда тартибсиз ва беусул ётқан мактабни тузатдуруб, яхшироқ йўлға қўйса… Юқоридаги бойдан ўрнак олсалар! Бу масжидга минг қадар халқ сиғадир.
Муна бу масжидни зиёрат қилғач масжид ортидағи қабрга кириладир. Ондан ўзуб эски усулда бир бинони зиёрат қилина, ондағи шайхнинг таърифи бўюнча бу хона «Маккаи ажам»* эмиш. Маккаи аъроб Каъбатуллоҳ* бўлса, «Маккаи ажам» деган бир каъба-да бўла эмиш…
Ондан иккинчи хона ҳазрати Хизр алайҳиссаломнинг қадамлари теккан ер эмиш. Они-да зиёрат қилғач тов устина минамиз. Товнинг бир четина чиқғач бир моғорога кирила, ҳавосизликдан тин олиб бўлмий. Бик ичка киргач, қўлни сузсанг, қўлинг сувға тия. Муна шуший сувдан ичасиз. Ул сувни Оллоҳ таоло осмондан фаришталар овзиндан қуйдириб тура эмиш. Ондин-да чиқғач бир шайхнинг ёнина келасинг. Мунда тошқа ўйилған кичкина бир тешик бор. Ул тешикда ҳазрат Сулаймон (а.с.) ош пиширган эмиш. Бу тешикға қўлни солған киши умринда ҳеч қўл овруви кўрмий эмиш.
Ондин ўткач, яна бир шайх бор, ул шайхнинг хидматида шулар каби бир тош бор, шул тошға ётасан, умрингда бел овруви кўрмийсан.
Ондан ўтасен, катта оқ юрт*, олдинда уч шайх ўтура. Юртға кируб, ҳар ким 2 ракаат намоз ўқуса бошқа вақтдағи юз ракат намознинг савобини тоба эмиш. Онда ҳазрат Пайғамбаримиз (с.а.в.) намоз ўқуған эмиш-да, ўтурған вақтда тош кенат ўюлуб кетган эмиш. Муна бу-да зиёрат қилинатурған ер… Шул юрт ортинда бир тошға ўюлған ёзув кўрдим. Тонуб бўлмий, «тисъа» деганни ўқуб бўлди… ҳамда остиндароқ яна: «Султон ал-Маҳмуд Ғаз…». Бу тарафин топуб бўлмади. Машҳур султон Маҳмуд Ғазнавийга ишорат тугулми* экан?
Ондан ўтуб, бир-икки шайхни зиёрат қилғач бир тешикка бош очуб, бошимизни тиғамиз, муна умримизда бош оврувини кўрмиймиз… Шунинг бирла зиёрат тамом бўла-да, тушамиз.
Ўш Туркистоннинг бошқа шаҳарларина қараганда ҳар тарафдан сўнгға қолған. Мунда икки усулда икки мактаб бор. Иккисинда-да 60 адад бола ўқуб ётар. Бир «русский-туземний» школа* бор. Мунда-да кундуз 40 қадар, кеч (вечерний Қурс)да 30 қадар мусулмон болалари ўқийлар. Мунда частний ўқуб юрувчилар-да 5-6 адад бор. Қироатхона йўқ. Мунда руслар-да йўқ, деярлик, оз. Китобхона-да йўқ эди. Аммо сўнгғи кунларда Ўш ёшларидан Қодиржон Қобилжонов ила Юсуфжон Юнусов афандиларнинг китобхона очарға ариза бердиклари эшитилди. Муваффақият тилаймиз.
Мана Туркистоннинг яхши ҳаволи кичкинагина матур Ўш шаҳрининг аҳволи…

________________________
Мақола Ризоуддин ибн Фахриддин томонидан Оренбургда бир ойда икки марта чиқадиган машҳур «Шўро» журналининг 1915 йил 9-сонида «Чўлпон» имзоси билан эълон қилинган. Кейин «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2000 йил 1 январь сонида Шаҳноза Соатова томонидан қайта нашр этилган.
Мақола Ўшнинг XX аср бошларидаги ҳолати ҳақида муайян тасаввур беради. Матнда айрим татарча сўзлар, кесимнинг «кирила», «борила», «ёқтирила» шакллари ишлатилган. Бунинг сабаби татар тилидаги журналларни ўқиган ва шу журналларга мақола йўллаган муаллифнинг ўзи қўллагани ёки таҳририят томонидан бир оз таҳрир этилганида бўлиши мумкин.
«Шўро» журнали асосида нашрга тайёрланди.
Жой вақти – ёз вақти.
Матур – гўзал.
Бик – жуда, роса.
Муна – мана.
Тов – тоғ.
Шуший – шу.
Кирпич – ғишт.
Обшество – жамият.
Тугал – эмас.
Маккаи ажам – араблардан бошқа халқларнинг Маккаси.
Маккаи ароб Каъбатуллоҳ – арабларнинг Маккадаги зиёратгоҳи.
Юрт – уй, хона.
Школа – мактаб.
Ўлиб – бўлиб.
Жой – ёз.