Сўнг вақтда шаҳар ва уезд ижроқўм қошида тузилган талабаларга «кўмак» ҳайъати муваффақият билан ишга бошлади.
Ҳайъат ўзи яқиндагина (29 декабрь 23-йилда) ишга киришган бўлса ҳам, 16 – 18 кун орасида бирмунча ёрдам тўплаб, талабаларимизга яхшигина ёрдам беришга муваффақ бўлди.
Шаҳарда бошланган бу хайрли ташаббусга кенг қўллик ёрдамга етишган яна ўзимизнинг бечора, йўқсил, таланган қишлоқларимиз бўлди.
Қишлоқ – «Қайчи» маҳалласи ҳам жуда чеккада қолиб кетган, унутилган бўлса ҳам, ижтимоий ҳаётнинг кам-кўстини тўлдиришда катта фидокорлиқлар кўрсатадур. Бу кун Андижоннинг шаҳар ичидаги мактаблар бир қўлнинг беш бармоғи қадар сонға етмагани ҳолда, қишлоқ ўз таъминотида 40 лаб мактаб сақлайдур. Шаҳарнинг марказида ўлтурған чиройлиқ, оппоқ бинога ўринлашкан маориф назорати қишлоқ мактабларига ҳеч нарса билан ёрдам бера олмайдур. Бу ҳақиқат. Маориф назоратининг қишлоқ мактабларига бўлған муносабати мазкур мактабларнинг маориф назоратига тобелиги билангина ўлчанадур.
Заҳи шараф!
* * *
Мана «Кўмак» ҳайъатига 17 – 18 кун орасида қишлоқлардан келган ёрдамлар:
Ҳаққулобод маҳкумидан: 30 чирвон, 500 (юз) 32 сўм пул.
Қўрғонтепадан: 17 чирвон, 800 минг сўм пул.
Хакент(дан): 500 (юз) 148 сўм пул.
Султонободдан: 9 чирвон, 500 (юз) 22 сўм пул.
Олтункўлдан: 7 чирвон.
Избоскантдан: 9 чирвон.
Жалолободдан: 9 чирвон.
Бозорқўрғондан: 12 чирвон.
Барчаси: 88 чирвон, 205 минг сўм пул.
Бу пулдан берилган ёрдамлар:
Қўқон, Фарғона ва Тошкант талабаларига (кўпи команда Қурслари талабалари): 49,5 чирвон.
Самарқанд ва Масков талабаларининг йўл сарфларига: 12 чирвон, 10.000. 13 сўм пул. Барчаси 70,5 чирвон, 130.000 минг сўм пул.
* * *
«Кўмак» ҳайъати бу сафарги киримини режа билан яхшилаб бўлуб бера олмади. Мунинг сабаби қиш ўртасида мактаблар таътил қилиниб, шу муносабат билан кўб талабаларнинг Андижонга келиб шошилиш ёрдам сўрашлари бўлди. Мундан кейин бошқа шаҳарлардаги билим юртлари билан тўғри алоқа боғлаб, андижонли талабаларнинг режалик таъминотларига киришмакчидур.
Ёрдам қилған қишлоқларимизға қуллуқ, ҳаракат қилиб ишлаган ҳайъатга баракалла дейман.
Ҳозирлиқ қурслари
«Кўмак»нинг ҳаракати билан яқинда 30 кишилик ҳозирлиқ Қурслари очилуб, ўрта ва олий мактабларнинг келгуси таҳсиллари учун талабалар ҳозирланмоқчидур. Бу масала ижроқўмда қаралуб, тасдиқ қилинган.
Хотун-қизлар учун савод қурслари
Шаҳримиздаги тубжой халқ қизлар мактаби қошида сиёсий маориф ва хотунлар шуъбасининг ташаббуси билан тубжой халқ хотун-қизлари учун савод қурслари очила ётубдур. Ҳозир 30 хотун ўқуғучиликга ёзилған, бир муаллим тайин қилинған.
Шаҳримизда биринчи мартаба қўйилған бу яхши қадамни чин кўнгилдан олқишлаймиз.
____________________
«Фарғона» газетасининг 1924 йил 31 январь –сонида «Қ» имзоси билан нашр қилинган. Биринчи марта Чўлпон “Асарлар”и 4-жилдида қайта чоп этилган.