Абдулҳамид Чўлпон. Четдаги талабаларимизга ёрдам (1923)

Тошкентда бир неча йил муқаддам муаллимлик қилған эслик ёшларимиздан Абдуваҳоб Муродийнинг Германиянинг олий зироат мактабида ўқиб турғанлиғи тўғрисида газетамизда вақти билан маълумот берган эдик.
Яқинда мазкур Абдуваҳоб ўртоқдан «Кўмак» уюшмасига бир хат келган. Ваҳоб ўртоқ ул хатида олий зироат мактабини битиргунича таъмин қилмоқни бўйниға олған хусусий бир шахснинг вафоти орқасида ҳозир буткул таъминотсиз қолғанлиғини, агар ўз юртидан ёрдам бўлмаса, ўқишдан чиқишға мажбур бўлишини ёзадир. Унинг таъминожизлик сабаблик қийин ва оғир бир ҳолда қолғанлигини Германияга янгигина бориб етган талабаларимиздан ўртоқ Саидали ва Аҳмад Шук­рийлар* ҳам тасдиқ этганлар.
23 ноябрда Тошкент ёшларининг гап мажлисларида шу тўғрида сўз қўзғолиб, ўртоқ Ваҳобнинг ёзган хати ўқулди ва дарҳол уни таъмин қилмоқ учун ташаббус бошланди. Шул ерда йиғилған ўртоқлар барчаси бир оғиздан ойликларининг йигирма беш фоизини беришга қарор бериб, яна бир-икки кишининг ҳамияти билан бир миллиардга яқин ақча тўпланди.
Гап мажлисида ҳозир бўлмаған бошқа ўртоқлардан ҳам йиғиб, шул маблағни ўртоқ Абдулваҳобнинг бир йиллик таъминотига еткармакка бўлинди.
Шу мақсад билан Эски шаҳарда бир адабиёт-томоша кечаси ясамоқ учун кишилар белгиланди.
Бундан бошқа яна четга (Германияга) кетган талабаларимиз фақат бир йилгагина таъмин этилиб кетганликлари эсга олиниб, уларни ўқишлари битгунча таъмин қилмоқ учун жиддий чораларга киришмак лозим топилиб, бу ҳақда келгуси гап мажлисига пухта йўллар ва чоралар топиб келмак учун икки ўртоқ вакил қилинди.
Эски одатларимиздан бўлған гап мажлисларида бундай хайр­лик ташаббуслар, амалий ҳаракатлар кўрилиши кўп ях­ши ва ўрнак бўлғулик бир ишдир.
Гапдан ишга, ўртоқлар!

___________________________
«Туркистон» газетасининг 1923 йил сонларидан бирида босилган. Биринчи марта Чўлпон «Асарлар»и 4-жилдида қайта чоп этилган.
Абдуваҳоб Муродий (1901 – 1931) – агроном олим. ХХ асрнинг 20-йилларида Германияда таҳсил олган ёшлардан бири.
Саидали, Аҳмад Шукрий – 20-йилларда Германияга ўқиш учун юборилган ёшлар. Совет давлатининг таъқибидан қўрқиб Ўзбекистонга қайтиб келишмаган. Уларнинг кейинги тақдири маълум эмас.