Яқиндағина ўзбек қизил матбуотининг 6 йиллигини* қилиб ўтказдик. Газеталаримизнинг ҳар бири 6 йиллик матбуот тўғрисида тафсиллик ҳисоблар босдилар. У ҳисоблардан билдикким, матбуотимизнинг рўзнома – кундалик қисми, чиндан ҳам, жиддий қадамлар билан илгарилаган, 2 музофот ва бир марказ газеталари билан Бухоро жумҳуриятининг бир марказ газетаси тўқтамасдан давом этиб келадурлар. Уларнинг ҳоллари қандай ёруқ бўлса, истиқболлари ундан ҳам ёруғроқдур. Буни уларнинг кундан-кун илгари босишлари билан исбот қиламиз. Демак, сўзни қисқа қилиб айтганда: ўзбек қизил матбуотининг кундалик қисми пойдеворини яхши шиббалаб олиб, мустаҳкам биносини кундан-кун кенгайтириб, ўсдириб борадур.
Биз юқоридағи аҳволға қанча севинсак, матбуотимизнинг катта бир камчилигини кўрмак билан шунча қайғирмоққа мажбур бўламиз. 6 йилдан бери тўлатилмаған у камчилик ҳафталик ва ойлик матбуотимизнинг қизғанч ҳолидур. Бир вақтлар Маориф халқ камисарлиги олдида татар ёзғучилари томонидан жуда тор доирада чиқарилиб келган «Маориф»* журнали ғолибо 2 сондан ортмади. Ундан сўнг Миллий ишлар халқ камисарлиги ёнида «Шарқ»* журнали чиқса ҳам, унинг биз билан қилча ҳам алоқаси йўқ эди. «Тонг»* журнали чиндан бизники эди; локин у ҳам 3-сондан ортмади.
Бизда энг кўп давом этган журнал «Инқилоб» бўлубдур. У билан бирга чиққан «Билим ўчоғи» у билан тенглаша олмади. Ҳозирда «Инқилоб» ҳам йўқ, «Билим ўчоғи» ҳам. «Ўзгаришчи ёшлар»* журнали бор. Бу журнал ёшларнинг энг жиддий ва умудлик журналлари. Фақат у ёшларнинг журналидур. Унинг ўзига яраша доираси, чизиғи бор. Катталаримиз учун ҳам шундай бир журнал тўқтатмай давом этиб кетса, бизнинг истагимиз қонған бўлур эди.
Яқинда «Инқилоб» идорасидан бир даъват хати олған эдим. Мазкур даъватда «Узоқ вақт тўқтаб ётқан журналнинг яна чиқа бошлағани, сўнг сонининг матбаага берилишга ҳозирлангани, моддий жиҳат тамом таъмин этилгани, энди тўқтамай, мунтазам олиб бориш мумкин бўлғани» баён этилгач, «қалам билан муованатга даъват қилған» эдим. Даъватга ижобат қилдик, ваъда ҳам бердик, бирмунча севиндик ҳам.
Лекин… орадан ярим йилча вақт ўтди, «Инқилоб»нинг сўнг сони ҳали майдонда йўқ. Яқинда Тошкантга борғанимда сўраған эдим, «Босилиб биткан, матбаа ҳақини бериб олишга Маориф камисарлигининг пули йўқ», – дедилар. Шу «пули йўқлиқ» ҳам 2 – 3 ойдан бери давом этар экан…
Бизнинг Маориф камисарлигимизга ишониб бир ишга киришишнинг ўзи хато. Бу дафъалар билан тажрибадан ўткан. Бу хил нарсалар учун унда пул бўлмайдур.
«Колизей» тиётрининг эски пул билан 4 трилиўн қарзини тўлашга, Янги Тошкантнинг ишчилар йўқ районида тарихий рақс (танса) мактаблари очишка, унинг проғрамини кенгайтиришга пул топилғани билан, тубжой халқ матбуоти ва тиётри учун пул топилмайдур. Тажрибада кўрулган шу аччиғ ҳақиқатга тан бериб бир жиддий журнал чиқариш учун бошқа инсофи борроқ жойлардан маблағ қидириб топсак-да, шу зўр камчилигимизни ҳам бартараф қилсак.
6 йиллик байрамнинг катта бир меваси, самараси шу бўлса!
_______________________
«Фарғона» газетасининг 1924 йил 31 июль сонида «Чўлпон» имзоси билан босилган. «Адабиёт надир» тўпламида қайта чоп этилган. «Фарғона» газетаси асосида нашрга тайёрланди.
«Ўзбек қизил матбуотининг олти йиллиги…» – ўзбек матбуотининг совет давридаги тарихи 20-йилларда «Иштирокиюн» газетаси чиққан вақтдан ҳисоблаб нишонланган.
«Маориф» – 1918 йил декабрда Тошкентда Маориф халқкомиссарлиги томонидан чиқарилган журнал. 6 та сони чиқиб, 1919 йил апрелда тўхтаган.
«Шарқ» – 1919 йил ноябрь ойидан бошлаб Самарқандда ҳукумат томонидан чиқарилган, 1921 йил августда тўхтаган журнал.
«Тонг» – 1920 йил 9 апрелда Фитрат ташаббуси билан чиққан журнал. Уч сон чиқиши билан тўхтаган. Журналда Чўлпон ҳам фаол қатнашган.
«Ўзгаришчи ёшлар» – 1923 йил декабридан 1924 йил ноябригача Тошкентда нашр этилган ижтимоий-сиёсий, адабий-илмий ёшлар журнали.