Абдулҳамид Чўлпон. Жойлардағи маблағлар (1922)

Сўнгғи бир-икки йил орасида ҳукуматимизнинг юргузиб келган сиёсати ҳаммамизга маълум. Шу бир-икки йил ичида энг кўб аҳамият берилган нарса хўжалик ва молия ишлари бўлди. Янги иқтисод сиёсати номи билан юргузилган ва мамлакатни бузғунликдан қутултириш мақсадига тақалған бу сиё­сат жуда зўр ғайрат ва матонат билан ўтказилди. Бу йўлда дўст ва душманнинг ҳеч бир гап-сўзига қаралмади. Натижада мамлакатнинг кундан-кун тузалиб, обод бўлуб борганлиғини кўруб турамиз. Ҳар кун дегундай кўб вақтлардан бери ишдан тўқтаб турған бир завуд ё бир фабриканинг очилиб, ишка бош­лағанлиғи хабар бериладир. Айниқса, молия сиёсати, яъни пул-мол ишлари ўткур ва интизомли бир доирага олмоқда, бу йўлда аҳвол ва вазиятни тубдан маҳкамлайтурған ҳар бир чора ва тадбир кўрулмакдадир.
Мамлакатнинг умумий ободонлиғи учун тутулған бу сиё­сат, албатта, ҳаётимизнинг кўб томонлариға турғунлик ва сустлик ҳам келтирмакдадир. Айниқса, маориф ишлари бу сиёсат орқасида жуда қийин бир кунга қолди. Буни шўролар маорифининг отаси бўлған ўртоқ Луначарский ҳам марказ газеталарида «маориф ишлари таҳликада» деган таъбирлар билан бир неча мартаба эълон қилди. Маориф ишларига бурунғидай «ола бер, қила бер» усули билан ҳадсиз-ҳисобсиз пул сочиш йўқ бўлуб, унлар учун ҳам жуда сиқиб-тортиб маб­лағ (средство) берила бошлағандан кейин, табиий, бундай турғунлиқ ва сусайишлик бўлмасдан мумкин ҳам эмас эди.
Ичкари Русияда маданият ва маориф ишларига юз йиллардан бери куйикиб келган бир ерда бу турғунлиқ ва сустликни йўқ қилиш чоралари ҳам топилди. У ерда янгилик ва эскилик фикрларидан ори бўлунған халқ ўз боласи учун керак бўлған билим ва ҳунарларни ўзи топиб, ўзи олиб бормоқдадир.
Энди бизнинг Туркистонга келсак, иш бутун бошқа: бунда давлат таъминоти доирасига кирган билим муассасалари (масалан, интернатлар) ҳам ўқуғучи бола йўқлиғидан турғунлиқ кечириб турадилар. Давлат таъминотидан чиққан билим муассасалари бўлса тўғридан-тўғри ишларини қулиплаш мажбу­риятида қоладирлар. Масалан: Эски Тошкентда бир неча йилдан бери давом этган марказ расм мактаби давлат таъминотидан чиқарилғанлиғи орқасида бир кун ёпилиб қолған. Унинг шогирдларидан бириси менга йўлуқуб: «Газета ва журналлар учун керак бўлатурған расмлар ва ҳажвий суратларни мактаб талабаларига берилса экан», – деб илтимос қилиб ўтди. Давлат томонидан еткулик таъмин этилмайтурған миллий мусиқий мактаби ҳам ёпилар чоғда «ҳамият ва ғайрат қўзғататурған зиё­фат» ясаш орқасида ҳали ҳозирға ўз борлиғини сақлаб қолди. Бу марказда!
Энди ўлканинг бошқа шаҳарларига келсак, унда аҳвол яна ҳам оғирдир. Самарқанддаги бирдан-бир ўзбек билим юрти жойдағи маблағ (местное средство) таъминотига ўтказилган. Шу муносабат билан ул билим юртининг ҳам ёпилар-ёпилмас бир ҳолға келганлиги кўруладир.
Албатта, ҳукумат боя айтган янги сиёсат орқасида кўб билим муассасаларини ўз таъминотидан чиқарса ҳам, уларни буткул кўчага ирғитиб ташлагани йўқ. Балки ҳар жойнинг ўзидаги бирор иқтисод муассасасига боғлаб, шунинг билан жойлардаги маблағлар таъминотига ўткарди. Фақат ишнинг оғир ва қийин жиҳати шундадирким, маҳаллий маблағлар дейилган пул-мол манбалари (иқтисод шўролари, коммуна шуъбалари, вақф идоралари)нинг ишлари жуда бузуқ, чатоқ ва чувалгандир. У муассасалар бўюнлариға қўюлған билим муассасаларига ёрдам бермак бир томонда турсун, ўзларининг тўғридан-тўғри қилатурған ишларини ҳам тўғрилаб юбора олмайдирлар. Шунинг учун бизга аччиқ кўрунган бир нарса бор: ҳали ўз ишларини керак қадар гуллата олмайтурған жойлардағи маблағ муассасаларига ишониб маориф ишларини ўзларига топшириш ерлик халқ маорифини сўнг даража оғир бир ҳолға келтириш демакдир. Туркистон жумҳуриятининг марказий идоралари бу улуғ муассасаларни тушунуб, бир тарафдан, ерлик халқ билим муассасаларининг таъминоти учун нақадарроқ ва ҳозирроқ манбалар топишлари, иккинчи томондан, ҳалиги маҳаллий маблағ манбаларини энг яхши йўлға қўймоқ учун жиддий чоралар кўришлари тегишдир.

_______________________
Мақола «Туркистон» газетасининг 1922 йил 24 ноябрь сонида «Абдулҳамид Сулаймон» имзоси билан босилган. Ерлик халқ билим муассасаларининг таъминоти масаласига бағишланган. Биринчи марта Чўлпон “Асарлар”и 4-жилдида қайта чоп этилган.