Абдулҳамид Чўлпон. Ҳақиқий инқилоб (1922)

Биз бир неча йилдан бери инқилобнинг энг қайнаған муҳитида турамиз.
Биз инқилобнинг энг кучайган асрида яшаймиз.
Ўктабр ўзгаришидан бери бизнинг ҳар бир ҳаракатимиз, ҳар бир қимирлашимиз инқилобга томон, ўзгаришга қараб ясалди. Чириган, бузулған ҳаётимизни тузатмак учун ҳар йўл билан ўзгариб, бошқаланиб кўрдик. Локин бунларнинг кўби, аксариси эргашиш йўли билан, тақлид усули билан борар эди.
Шунинг учун шу 5-4 йил ичида кўзга кўрунгундек ўзгарганимиз кўрулмади. Миямизда, ҳаётимизнинг чуқур бурчакларида бошқалиқ, янгилик бўлмади. Бизга кийимда, саҳнада, юруш-турушда ясалған ўзгаришлардан кўра ортиғроқ ўзгариш қилинатурған ерлар бор эди. Энди унларга сира аҳамият бермадик. Бошқалар олдида ўзимизни қизартатурған қанча ёмон одатларимиз бўла туруб, ул одатларни халқ «қилмаса гуноҳ бўлмади» эътиқоди билан қила туруб, биз бунга индамадик, унлар билан курашмадик.
Биз фақат ясан-тусанга ортиқ аҳамият бердик.
5 йил кўпуруб, қайнаб, ўзимизни ҳар томонға уруб қара­ғандан сўнг, эндигина ҳақиқий инқилобнинг лозим нуқтаси­ни топиб келамиз, шекиллик. Санъатда Ғарб йўли билан эмас, ўз йўлимиз билан, шуни тузатиб, ислоҳ қилиб кетиш ке­рак деган фикр яқиндан бери газетамиз бетларига чиқа бош­лади.
Мактабларимизда ҳам шаклдан, кўринишдан, ташқи ялтироқлиқдан кўра маънога, ички пухталикка кўбрак диққат қилинғанлиғи кўруладир.
Газеталарда ўз ҳаётий масалаларимиз кўбрак ёзилиб, янги чиқаёткан мажмуаларимизда ўз ҳаётимизни текширишларга ортиқ аҳамият берила бошлағанлиғи билинадир.
Ғарб музикаси остида секин-секин йўқолиб, кўмулуб борған чолғиларимизнинг ўқутиш, ўргатиш, таълим йўли билан яна жонлана борғанлиғи, унинг учун мактаблар очилғанлиғини эшитамиз.
Мана бунлар бизнинг бир қадар сергакланмакка бошлағанимизни кўрсаталар.
Бу кунларда Тошкент маҳкамаи шаръиаси Тошкентнинг мўътабар уламолари билан бирга бутун маҳалла имомларини тўп­лаб бир мажлис бошлаған. Ул мажлисда халқ орасида неча юз йиллардан бери давом этиб, бир одат ва савоб бир одат қаториға кирган кўб хурофотларни битирмакка қарор қилинған ва ул қарорни юзага чиқармоқ учун махсус мухтасиблар белгиланиб, жиддий чоралариға киришилган. Ул мажлисда ман қилинған ёмон одатларимиз орасида ўликка еттилик, йигирмалик, қирқлиқ ва йиллик ошлар қилиш, хотунларнинг йиғлаши, тобутнинг олдида йиғлаш, қора кийиш каби бизни бошқалар олдида масхара қилатурған зарарлик расмлар ҳам бордирким, бу – халқ ҳаётининг энг қора бурчак­ларида ясалғуси ўзгаришдир.
Мана буни олқишламоқ, буни юзага чиқаришда қўлдан келган қадар тиришмоқ ҳаммамизнинг энг ўткур вазифамиздир.
Битсун хурофот!

_________________________
«Туркистон» газетасининг 1922 йил 22 октябрь сонида «А.Сулаймон» имзоси билан босилган. Биринчи марта Чўлпон “Асарлар”и 4-жилдида қайта чоп этилган.