Абдулҳамид Чўлпон. Гуллайсан, маориф! (1923)

«56 йил чорлар вақтида, олти йил инқилоб ичида ерлик халққа маориф бериш масаласини ўй ўйлаш билангина ўтказдик. Энди амалга, ишга киришиш керак»! (Ўртоқ Султон Сакизбой ўғли).
Бу – жуда тўғри бир фикр. Буни ўртоқ Сакизбой ўғлидан бош­қа яна кўб кишилардан эшитиб ётибмиз.
Инқилобнинг олтинчи йил байрамида ҳам ғоят табиий ва ғоят кучлик бир майл билан оғизларимиздан шиор чиқди:
«Инқилобнинг еттинчи йили маориф йили бўлсун!»
Газетамизнинг 118-сонида босилған ўртоқ Мирзоҳид Оқилнинг мақоласи билан ўртоқ Лапиннинг яна бир мақоласи шу шиорнинг жуда вақтида майдонга ташланғанини кўрсатадур.
Бундан сўнг: «Маориф керак!» – десак, унда самимиятдан бошқа нарса бўлмас. Нимага десангиз, Фарғона халқининг 5 йилдан бери тортуб келган ҳамма кулфатлари шу тилакнинг шу чоққача самимият билан айтилмаганлигидан келди. Илгари: «Маориф керак!» – деб биз айтдик, ҳукумат айтди, англагувчи, билгувчи йигитлар айтди. Энди ҳозир халқ, кўбчилик, омма, қишлоқ ва овул айтмакдадур. «Фарғона»нинг 118-сонида босилған Қўқон уездидаги маориф ишларининг ҳисоби қишлоқдаги тўхтатуб бўлмас тилакнинг тилмочидур.
Қўқон уездидаги «Маориф керак!» деган халқнинг тилаги бутун Фарғона халқининг тили билан ҳар кун ҳар соат айтилуб турубдур. Шунинг учундурким, ҳозирги вақтда мактаб кўбчилиги шаҳарлардан қишлоқларга, демак, халқнинг ғужум бўлуб ўлтурған жойиға кўчди. Муаллим топуб, таъмир қилиб мактаб очтураётканлар қишлоқ деҳқонлари бўлуб қолдилар.
Халқдан чиққан бу тилакларни силаб-сийпаб жойиға қўятурған маориф идораларимизнинг бошдан бузуқ бўлуб келганлигини кўб гапурдик, кўб ёздик. Локин узоқ вақт товушимиз чўлларга қараб кетди.
Сўнг вақтларда жумҳуриятимизнинг Маориф камисарлигида жиндак алмашиниш бўлди. Яъни камисарликнинг бошиға унда туруб ишлайтурған, маориф қайғусиға берилган кишилар қўйилди. Бу яхши ҳаракатнинг натижаси кўрилмакка бошлади. Албатта, Маориф камисарлигини қўзғатиш бў­йинча бўлса керак, ушбу ойнинг 11-куни Тошкантда Давлат режаси (Госплан) биносида катта бир кенгаш бўлуб, ул кенгашда Туркистон жумҳуриятининг маориф сиёсати масаласи кўрилди. Кенгашга фирқа марказқўми, марказ ижроқўми, комиссарлар шўроси аъзо­лари, турли комиссарликларнинг коллегия аъзолари, юқори мактабларнинг мударрислари, хусусий маориф-маданият ташкилотларининг вакиллари ва мао­риф ишига қизиққан айрим кишилар аралашдилар.
Кенгаш натижасида маориф ишларига доим ёрдам бериб турмоқ учун энг обрўлик фирқа ва ҳукумат идораларининг вакилларидан иборат бир ёрдам бюроси тузилди.
Демак, халқ мактаб сўрайдур, маориф талаб қиладур: жумҳуриятнинг энг юқори идоралари ҳам шу тилакни, шу талабни қандай йўл билан бўлса ҳам амалга келтирмак учун енг шимарлайдурлар, халқнинг тилак, марказдан раҳбарлик ва ёрдам бўлса, ҳар бир ҳақиқатнинг асоси бўлған билим ва уни эл орасига тарқатиш иши ҳақиқат(ан) янги, тўғри ва умидлик йўлга кирган бўладур.

____________________
«Фарғона» газетасининг 1923 йил 19 ноябрь сонида «Қ» имзоси билан босилган. Биринчи марта Чўлпон “Асарлар”и 4-жилдида қайта чоп этилган.
Султон Сакизбой ўғли (Султон Сегизбоев) (1899 – 1938) – таниқли давлат арбоби. 1937 йилда Ўзбекистон Халқ Комиссарлари Совети раиси.