Абдулла Қодирий. Ҳақиқат очиб сўзлашдадир (1922)

«Қизил байроқ» газетасининг 179-сонида «Ўзбек қардошларимизнинг диққатларига» сарлавҳалик, «Оқ жўл» газетасиниш кейинги сонларининг бирида босилған «Тошкандни (дурусти Сирдарё областини) Қозоғистонға қўшмоқ» мақоласи билан ҳаяжонға келган ўзбек ёшларининг (ҳаяжонланувчи ва нафсига тегувчилар ёлғуз ёшлар бўлмасалар керак) юзларига сув сепмак нияти холисонаси билан бошда ўртоқ Назир Тўрақулов (Дарвеш) бўлғанлари ҳолда «Оқ жўл» газетасининг идораси томонидан баённамо ва узурнамо бир нарса босилиб ўтди.

Гарчи биз «Оқ жўл»да ёзған бовуримизнинг «Яхши ният ёрти мол» йўллиқ мақоласиға у даража илтифот этмаган ва баъзи ўзбек оғаларимиз каби нафсимизга тегизмаган бўлсақ-да бизнингча, эътизор ва баённомаларга арзуғулиқ бўлмаған «Ҳалво деган билан оғиз чучри?..» мақоласиға баённомалар ёзиб ўлтурғанлари учун бу ҳақда бир неча йўл қораламоқ мажбурияти остида қолдиқ.

Баённома юқорида зикр этилгандек, нафсига теккан, қони қизиған, кутулмаган жойда маъюсият пайдо қилған…(қандай маъюсият бўлсун, ажабо?!) ўзбек ёшлариға баённома ва тавзиҳот хизматини ўтарлиқ эмас эди.

Баённомада ўзбек ёшларининг нафсларига теккан қўпол нуқтанинг икки ўрунда эканлигини кашф этиб, уларнинг бирисини «Тошкандни қозоқ бовурларға бермак», иккинчиси «Сарт бовурлар» сўзидаги «сарт» таъбирида деб кўрсаталар. Ўзбек ёшларининг нафсига тегиб маъюсиятларига боис бўлған нуқталарнинг биринчиси ҳар қанча баённома тавзиҳот ва кўнгилдан чиқаришлар учун сазо бўлса, аммо иккинчиси (сарт таъбири) баённомалар ёзуб ўлтурмоқ учун арзуғулиқ бир нарса эмас эди, гарчи ўзбекларға берилиб келмоқда бўлған ўрунсиз бу исм, ҳар бир ўзбек боласи учун ўзининг ярамас ачимсуқ таъсирини бермай қўймаса-да, лекин биз энди айнуқса, бовурларимизнинг «ҳур» оғизларидан бу таъбирни ҳозирғи «Оқ жўл» ва ўткандаги бошқа қозоқ матбуотида кўра-кўра бу тўғрида сукутни хайрлироқ билиб, «Қозоқ бовурлар бизни сарт атаса нима, ўзбек деса нима?» деган қарорға ҳам келгандирмиз. Иккинчи ибора билан айтканда, бовурларнинг «сарт» таъбирларига биз ҳеч бир аччиғланмаймиз. Бунга яхши ишонингиз. Шунинг учун баённома ва тавзиҳотлар ёзуб ўлтуришлар, бизнингча ортуқ бир такаллуф, чексиз бир меҳрибончилиқ эди…

Баённома мақоласининг борлиқ мундарижа ва руҳи тағин шу кейинги бизнингча (қозоқ бовурларни мустасно қилғанда) аҳамиятсиз бўлған нуқтага қаратилиб, биринчиси, энг аҳамиятлиги гўё нўл, гўё йўқ ҳукмида қолдирилған. Ҳолбуки баённома ва тавзиҳотлар учун (агарда кўнгилдан чиқармоқ учун меҳрибончилиқлари қавий бўлған бўлса) энг сазо ўрин биринчиси эди. Лекин бу нуқтага кишини ҳайрон қолдирарлиқ даражада бир усталиқ билан, қисқа ҳам маъносиз бўлмаса-да, шунга яқинроқ ўн-ўн беш йўл изоҳот ва баёнот, бошқача таъбирда айтканда «Ёш болаға татти ялатиш» қабилидан «Оқ жўл»да ёзилған ҳалво…га шарҳгина боғланган ва бунда нафсига теккан ўзбекларни тинчитарлик бир нарса ҳам бўлмай, «Оқ жўл»да «софдилона» ёзилған ва ўзбекларни янглиш тутоқдирған янглиш бир ҳол устига керосин сениш хизматинигина ўтаган!..

Биз бу биринчи нуқта, борлиғи ўн беш йўл баённомаси тўғрисида шунигина айтамиз: «Оқ жўл»да ёзилған софдилона ҳалво… ўзимизниг бирга туғиб, бирга ўскан қозоқ бовурларимиз тилида ёзилған бўлуб, Қалмоқ ё Хитой тилида эмас эдики, бунга шарҳлар, изоҳлар, ҳошиялар ёзилсун! Ўзбеклар софдилона мақолаға таржимонсиз тушунуб ранжиган эдилар. Шунинг учун икки оранинг бошида турған ўртоқнинг таржимонлиқ хизматини ўташлари фойдасиз бўлуб чиққан! Ўн беш йўллиқ баённоманинг охирида: «Мақоланинг ҳарфидан, маъносидан бошқача бир фикр чиқармоқ мумкин эмас» дейиладир. Бу тўғри, чиндан ҳам ўзбек ёшларининг нафслариға теккан нарса бошқа маънони тушунуб эмас, юқоридағи таржимоннинг, ҳошиянинг, баённоманинг худди ўзини онглаб эди.

«Оқ жўл» ва муҳаррири ўртоқ Тўрақулов биринчи нуқта ҳақида ушбу тўрт энлик таржима билан кифоялангач, бутун баённомаларнинг қолған ўн беш қулочлаб қисмини «сарт» сўзи устига кўчирадирлар.

Баённомада зикр этилган каби биз ўзбеклар кимлар томонидан бўлса бўлсун исмимизга қайси мақсад биландир тақилган «сарт» сўзига қарши курашдик ва нагижада ҳақиқатпараст татар қариндошлар, хатто ўрус ўртоқлар бизнинг даъвомизнинг тўғрилиғиға имон келтуруб, ўз матбуотларида бўлсун ва хусусий муомалаларида бўлсун «сарт» сўзи ўрниға «ўзбек» деб юрита бошладилар.

(Бундан, албатга, ўрус ва татарларнинг авомлари мустаснолар). Лекин ҳол шундай экан ўз орамиздағи баъзи яқинларамизнинг авомларигина эмас, ҳатто «мана» деган хос(хавос)ларининг ҳам нима учундир бу қуёшдан ҳам ёруғроқ бир ҳақиқат яқиниға йўлагилари келмади. Бу кейинги синф оғзидағи тиюқсизлиққа қаноатланмай матбуотларида ҳам шу йўсун менсимаслик билан мудовамат этиб келадилар. Аммо бунга биз хафа бўлмаймиз ва бўлмадиқ. Нима учунким, «Оқ жўл»нинг суяги шунинг билан қотқан. Бизнинг хафаланишимизга Сўфимизнинг: «Насиҳат тингламас дил сахти маҳжуб , Кўкармас тошга ёмгур ёгса ҳам кўб», деган маънолик байти сад чекса боболарнинг «Гул тикансиз, қўй бўрисиз бўлмас», деган ҳикматлик сўзлари ҳам йўл бермайдир.

Баённомада буюк бир ҳарорат билан ўрун берилган «сарт сўзи» баҳси тўғрисида сукут этиб ўтмак асл мақсадимиз бўлса ҳам, лекин баённоманинг бу қисмида бир-бирисига зид муаммолар ва ҳақиқатдан йироқ даъватлар бор бўлғанлиқдан иложсиз тағин бир неча йўлларни қораламоққа мажбур бўлдиқ. Саёсиёт ва тараққиёт тўғриларидан дам уруб келингач, дейиладир: «Бу кун келамизки, «сарт» сўзини бирор киши атиглаб юкод этмаган. Уйғур адабиётининг шоҳ асари бўлған «Қутадғу билик»да ўзбек-чиғатой адабиётининг муҳтарам ва биз томондан (қозоқ томондан) ҳам азиз кўрилган Амир Алишер Навоийнинг[1] гўзал ашъорида, Бобурнинг кенг руҳлик, ўз замониға очуқфикрлик «Бобурнома»сида бу сарт сўзини кўрамиз».

Жуда яхши, буни ҳаммамиз ҳам кўрамиз. Лекин кўришда кўриш бор. Навоий ўзининг гўзал ашъорида (очуқроқ «Муҳокаматул-луғатайн» асарида) «сарт» деб ҳозирғи баъзи қариндошлар каби ўзбекни кўрсатадирми ва ё бошқаларними? Мирзо Бобур «сарт» деб ўзбекни белгулайдирми ва ё ўз олдиға бошқа бир уруғ ташкил эттан халқними?

Бизнингча, қайта бошдан «Бобурнома»нинг ва Навоийнинг ашъоридан кўра «Муҳокаматул-луғатайн» тилини яхшилаб кўздан кечирилса, тадбиқот тағин ҳам гўзалрақ чиқар эди, биз бу ўрунда “Бобурнома» билан Навоийдан далиллар келтурмакка ўйланиб тўхтадиқ. Чунки «Оқ жўл» идораси ва муҳаррири ўртоқнинг «сарт» сўзи тўғрисидағи пеш келтурган «Қутадғу билик»,«Бобурнома» ва Навоийларни қайси муддаода ораға солғанлариға тушунолмай тараддудда қолдиқ, муаммо деб билдик. Чунки «Сарт бовурлари» жумласини қувватламак бўлинған бўлса, «сарт» сўзи маъносининг мажҳулияти билан қатъий ҳукмига «Келажакдаги фанний ҳикматларга» лузум қолмас эди. Агарда дунёда «Сарт деган бир қавм бор»лиғи учун неча ва неча далил ва исботлар келтуруб машаққатланған бўлса, бутун машаққатлар ҳавоға кетди, демакдир. Чунки ўзбеклар ҳеч бир ўрунда, ҳеч бир маконда «Дунёда сарт деган маҳлуқ йўқ», деб даъво этмаслар. Бу тўғрида «Оқ жўл» ва унинг муҳаррири билан ҳамфикр ва «якранг» дирлар. «Асрлардан бери халқ оғзида келаётқан бир сўзни уч-тўрт кунда битирмак мумкин эмас», дейдилар.

Мўтабар «Оқ жўл» идораси ва унинг муҳаррири ўртоқлар ўз орамизда бўлсун ва татар қариндошлар ҳам ўрус ўртоқлар ўрталарида бўлсун энди «сарт» масаласи ҳал этилган ҳукмидадир.

Яна бу ҳақда фанний тадбиқотлар ижро этмакка ҳақиқатпараст қозоқ оға-иниларнинг иштиёқ ва завқлари бўлур экан, марҳамат этиб ёзсунлар, текширсунлар, ҳақиқат учун бизнинг жонимиз қурбон.

«Ўзбекнинг ўзида ҳозирларда шаҳар халқини ҳануз сарт деб тўлуб ётқан мақоллар чиқармиш…»

Баённома эгаларининг бу жумлалари ичларида тўлқунланмоқда бўлған кучлик бир фикрнинг учқунидир. Лекин бу учқун саёсатчи оғизлардан жуда эҳтиёт билан чиққан бўлсалар ҳам бизга ҳақиқат ҳолнинг ботинини оғдариб кўрсатарлиқдирлар. Биз бу жумладан шаҳарда турғучи ўзбекларнинг «сарт» деб онглатилған маънони дарак этамиз. Саёсат деган нарса бошқа ишларда қулайлиқ ва мувафаққият берса ҳам, бундай масалаларда бизнингча зарарликдир. Баённомачи ўртоқлар бизга чин дўст бўлсалар кашф этдиклари, ҳақиқатни ичда сақлаб эмас, гарчи аччиғ бўлса ҳам очиб-чочиб сўзласунлар. Мана шундагина риёсизлик, чин оғалиқ майдонға келур ва шундагина «Дўст ачитиб сўзлар, душман кулдируб», деган ҳикматлик сўзга яқинлашған бўлинур.

Юқоридағи ихтиёрсиз суратда оғиздан чиққан сўздан сўнг бу жумлага моҳирона бир равишда «Ўзбеклар аксари тожик халқини сарт дейдир», деб андава ҳам юритилуб қўйилған. Уста саёсатчиларнинг садағаси кетсанг арзийдир.

Сўзимиз охирида «Баённома»даги буродарона сўзланган насиҳатларга биз чин кўнгил билан қулоқ берамиз. Буродарона насиҳатлар ва тушундирмак йўллари билан қозоқ бовурларнинг катта-кичиклари салоҳга келсалар керак эди, деб тилакда қоламиз.

Жубой

«Қизил байроқ» — 1922 йил, 16 июн, 185-сон, 2-3 бет

 


[1] Фазлу камоли учун ҳам Абайни азиз кўрамиз (Муал.).