Абдулла Қодирий. Думбаси тушиб қолган эмиш (1919)

Кичкина фелетўн

Эски шаҳар Озиқ шўъбасига бағишлайман

Гўш…

Отингдан ўргулай гўш!.. Нега мунча ўзингни биздан азиз тутдинг? Биз сенинг қадрингга етмадикми?..

Мен ўқувчининг гўш ҳақиндаги ҳолини билмайман. Лекин ўзим гўш отини эшитсам, оғзимдин калаба-калаба сувлар келадир. Ўзини қассоб акалар қанорасида кўргандами? Кўрганда васлига етолмай юрган маъшуқангга учрашган каби ҳуш бошингдан учадир. Ихтиёрсиз ичингдан гулдурос ила: «Эй, гўш!» деган сўз ташқарига отиладир. Жонажонинг, меҳрибонинг бўлган гўшнинг икки қадоғини золим ноинсоф қассобнинг қанорасидан ажратиб олмоқчи бўлуб, қаҳрамононасига жекириб: «Гўшнинг қадоғи қанча?» Бадбахт қассоб овозини бузмай: «Гўшнинг қадоғи ўтгуз олти сўм, мулла ака!» (Ул мулла ака!) Ўттуз олти сўм! Эшитгач даминг ичингга тушиб кетадир. Бир сўз қайтармай мазлумона гўшга термула-термула ўз йўлингга жўнайсан. Дўстинг бўлган гўш маъюсона бир равишда орқангдан қараб қолур. Мана лофчига ёзмоққа ҳафасли бўлган ёшларга материал!.. Рамазон ийдидан бери жонвор гўшнинг иштиёқида оҳ-воҳ ила кун кечириб, Озиқ шўьбасининг марҳаматига интизорликда келмоқда эдим. Тўғрисини айтмоқға мажбурдирманки, бу орада бутун кечалар гўш иштиёқида ухлай олмадим. Кўз илинганда кўрилган тушка ҳам гўшдан бошқа нимарса кирмайди.

Қоқ ўттуз биринчи кун деганда халқ тилида: «Эртага Озиқ комитети гўш берар эмиш», деган хабарлар юрий бошлаб, юрагим азбаройи хурсандликдан торс ёрилаёзди. Бу хабар ҳалидан ҳали тўғрилигиға чиқиб, дилим урмоққа бошлади. Бутун сабру қарорим қўлдан кетди… Уй ичимизни энди суриштиришмай ҳам, етти яшардан тортиб то етмиш яшаргача гўш хурсандлигига чидай олмай рақсга (тансага) келган эди. Шу кун маҳалла комитетидан гўш варақасини олганимни ўзим ҳам сезмай қолдим. Эртаги гўш шодлиги ила бу кун кечаси бутун уй ичимизда уйқу ўрнига эртага оладирган гўшнинг қай ҳолда томоқ қилмоқ маслаҳати эди: Ойимга монти дуруст эмиш, янгамга сомса яхши эмиш, ҳаммадан ҳам акамники қизиқ, эртага қориндан бошқасини еса ўзини ўзи шаҳид қилар эмиш, буни ҳам қўйинг, дадамга бир сих бўлса ҳам кабоб тузук эмиш, энди мени ҳам тилагимни эшитинг: менга ҳаммаси бўлса ҳам ноз қиладирган ўрним йўқ…

Эрта бирлан уй ичидан фотиҳани олиб, ё ху ё ман хуни тилимга жо қилиб, қўлда каттакон халта ила… нчи қассоблик дўкони қайдасан, деб йўлга равона бўлдик. Уйдагилар нуқул гўшнинг калта биқинини, мойнинг эса нуқул думбасини олмоқға таъкидлаб, дуолашдилар.

Энди йўлда гўшнинг бериладиган миқдори ҳақинда ривоятлар кўб. Биров жон бошига икки қадоқ деса, биров бир қадоқ, дейди. Икки қадоқ деганнинг оғзидан ўпкинг, бир қадоқликни бўғгинг келадир. Ёғ хусусинда ривоятлар уч хил: биров жонга бир қадоқ, иккинчиси чорак қадоқ, тағи бир шайтонроғи: «Ёғ оламан деб овора бўлманглар, комитет қўйлари даладан келишда думбасини йўлда тушуриб қўйибдир», деди. Менга қолса думбаси ўғирланган бўлсун! Ишқилиб гўши ёғлироқ бўлса бўлгани.

Мана! Йигирма… нчи дўконнинг олдиға етдим. Одамлар ўттуз қулоч деб, ўттуз биринчи қулочнинг бошламасига биз турдик. Лекин ҳали гўш келгани йўқ эмиш. Думга турган чоғимда соат ўн бирлар чамаси эди. Офтоб пешонадан урадир. Биз қоврилиб, пешонадаги терни суриб турамиз. Орадан бир соат ўтди, гўш йўқ. Биз комитетдан койишиб, тағи бир соат турдик. Лекин ҳамон гўш йўқ. Узоқдан бир ароба кўриниб қолса ана, ана, шу гўш, деб ҳовриқишиб, бир биримизни илгариға қараб итаришиб сиқамиз. Ичимиздан аллаким «дод, сиқилдим», деб юборса тағи орқага қайтиб орани бўшатамиз. Орадан тағи ярим соат вақт ўтиб кетди. Лекин ҳамиша йўқ, йўқ, йўқ. Офтобнинг иссиғи қувватланиб, қоб-қора терга тушиб кетдик. Ҳолдан тойганлар: «Гўш, ёғ емаган ўлибтими?..» деб раддан чиқиб кета бошладилар. Оз фурсатни ичида ўттуз қулочлик думда менга ўхшаш ўлуги бир пуллардан беш олти киши қолдик. Орадан тағи бир соат вақт ўтгач, кундуз соат иккиларда узоқдан гўшлик ароба кўриниб қолди. Табиъий, бу аробадаги гўш бизим учун эди. Узоқ-узоқ «ух» тортишиб қўйдик. Ароба дўконнинг олдига тўхтагач, на кўз ила кўрайлик, бир ароба қиб-қизил ўпкага ўхшаш гўш — йигирма мартаба ағдариш-тўнтариш қилганда чигитдак мой топиш мумкин эмас. Бунинг устига устоб териси сўюлиб олинган бўлганидан гўш устига чанг-тупроқ ўлтуруб алланичкаланган.

Гўшка қўйган муҳаббатимнинг ўрнини ҳозир бир нафрат олди, кўнгил ағдарилиб қайт қилаёздим. Мана сенга гўш! Бечора қўйнинг гавдасига хитобан: «Эй, бечора қўй, сен нима гуноҳ қилдингки, сени бу ҳолга тушуриб оздирдилар», дедим. Ихтиёрсиз қўйларга раҳмим келиб, кўзим ёшланди. Биз қўйнинг думбаси иккинчи аробададир, деб ўйлаб ўлтурган эдик. Лекин ичимиздан кимдир биров: «Мой қани?» деб қассобдан сўради:

— Мойи йўқ! — деди қассоб. Мен ихтиёрсиз хахолаб кулиб юбордим. Эрталабки шайтоннинг «Комитет қўйининг думбаси тушиб қолган», сўзи эсимга тушган эди:

— Ҳа, бадбахт, рост гапирган экансан, — деб қўйдим. Гўш жонбошига ярим қадоқ эмиш.

Тўрт қадоқ шақир-шуқир сўнгакни уйга кўтариб келганимда уйдагиларни ҳам тарбузи қўлтуғидан тушкан эди.

Жулқунбой

«Иштирокиюн» 1919 йил 11 август, 154-сон