Абдулла Қодирий. Сайловми, босқунчиликми (1917)

Айнан

Уламо ва бойларимиз иттифоқга келмовлари ила баробар сайловни зўр тартибсизлик ила ўтқаздилар. «Шўрои ислом»га товуш берувчига такфир қилувлардин ва бошқа зўрлик ила ўз нўмирларини халққа таратувдин, учунчи нўмирни олмай ўнунчига товуш берувни хоҳлаганларни маҳалладан чиқармоқ, ўлук-тиригиға кирмаслик ила таҳдид қилдилар. Сайлов куни низомға хилоф ўлароқ, ҳар кимни ўз тарафиға кучлаб ундадилар. Масалан бизнинг «Беш оғоч» даҳасина тобеъ «Хўжа Нуриддин» мозорида шундай воқиъалар бўлди: эрта билан сайловга бормоқ қасди ила кўчага чиқдим. Катта саллалик муллалар, зўр қоринлик бойлар қўлларинда даста-даста ўз сайлов нўмирларин олиб, баланд овоз ила ўткан-кетканларга ўз нўмирларин тарғиб қилмакда, ҳаттоки «Учунчини олмаган кофир! Ўнунчини хоҳлаган бадмазҳаб!» деб қичқирмакда эдилар. Бу зотларнинг ҳадларидан бунча тажовуз қилганлариға таассуф чекиб, участка эшикиға етдим.

Бу ерда қўлларинда учунчи нўмир қоғаз ушлаган муллалар ва маҳалла имомлари дасталаб бўлиб, контрўл равишинда текшириб, агарда учунчи тарафдори бўлса хўб, ўнунчи бўлса неча хил мазаммат ила қўлидан конвертин олиб, ўз қўллариндаги учунчи жойланган конвертни бермакда эдилар. Сайлов бутун босқунчилик ҳолин олган эди.

Бу ҳолни кўргач, милитсияга мурожаат қилдим. «Маат-таассуф, муллалардан қўрқаман!» деган жавобни эшитдим. Раисга билдирмоқ бўлиб эдим, тиғизлиқдан уйга кирмоқ мумкин бўлмади. Ҳайрон бўлиб туриб эдим, бир танишим ёнимга келиб: «Бу ерда ўнунчидан дам ура кўрманг, муллаларнинг тарафидан қўюлган махсус кишилар бор, агарда муллаларга еткузсалар снзга ҳужум қилувлари эҳтимол», деди. Воқиъан ҳужум қилувларин ўзимда сезган эдим. Чунки баъзи муллаларнинг ва бойларнинг ўз оғзидан: «Ҳар ким ўнунчига тарғиб қилса тўб-тўғри уриб ўлдириш», деганларини ҳалидан ҳали эшитмакда эдим. Бу ҳолларни кўргач, бутун ҳушим бошимдан учди.

Бояги эшик контрўллари олдига қайтиб оларнинг сиёсатларига қараб туриб эдим, қора куч тарафдорлариндан бир махдум менга ўқрайди. Бу муҳтарам зот-бобаракот махдумнинг хўмраювин дарров сездим ва дедимки: «Махдум афанди, мен халқни таҳдид ва такфир ила қўрқутиб «Шўрои ислом» испискасиға тарғиб қилмаячиқмин. «Шўрои ислом» бу ишни ҳар бир кишининг инсоф виждонина топширмишдир. Аммо сиз муҳтарам махдумнинг уламо-боён жамиятингиз тарафидан билмадим на учундир низом ва қонунға хилоф ҳаракатлар кўрулмакдадир. Менга ўқрайманг! Ҳақсизлик қаю тарафда бўлса шу тарафка ўқрайинг!», дедим.

Шу аснода атрофимни ҳалиги махдумга ўхшаш зотлар чулғаб олмиш, гўёки махдумнинг буйруғини кутмақдалар, токи менга ҳужум келтурсунлар. Махдум ранги бўзарган ҳолда маним ёнларимга ва қўлтуғим орасига қаранур эди. Токи ўнунчи нўмирдан бўлса тортиб олсун ҳамда дўстларига буюриб урдирсин. Менда ҳеч нарса йўғлигини билиб бошқа тарафка йўналди.

Ҳамон бояги босқунчилик ҳукм сурмакда, ўнунчини йиртиб, учунчини бермоқ давом этмақда, балки борган сайин ривожланмакда эди. Такфир ва таҳдидлар…

Шул орада ёшлардан мулла Зайниддин афанди Ҳусаинов қора куч тарафиндан қаттиғ равишда қийналди. Бу ҳолларни кўргач, қора халқ орасинда турмакни хавфлик санаб, участкадан чиқдим. Маним ила баробар кўб кишилар учунчига овоз берувга виждонлари қабул қилмай, ўнунчига бермоққа муллалардан қўрқиб, сайловдан маҳрум бўлиб кетдилар. Биноан алайҳи бу сайловимиз яширин, текиз, ҳар кишининг хоҳишича бўлмай, уламо, бой ва махдумлар босқунчилиги остинда ижро этилди. Бунга таассуф этмаска мумкин тугил. Чунки учунчи испискада ҳуррият ва ҳуқуқға шул қадар қарши эскилик тарафдори қора гуруҳлар борки, булар ҳоким бўлғанда на бир тартибли мактаб ва на бошқа ислоҳот кўрурга мумкин тугил[1].

Мазлум (Эски шаҳарлик)

«Улуғ Туркистон»[2] — 1917 йил, 4 август, 20-сон, 4-бет


[1] Мақола шаҳар думасига қайта сайлов муносабати билан ёзилган. Думалар ҳайъатининг учдан икки қисми христианлар ва учдан бир қисми мусулмонлардан иборат бўлган.

1917 йил 30 июлда Тошкент шаҳар думасига навбатдаги қайта сайлов бўлиши белгиланади. Бу сайловда асосан эскиликни ёқловчи «Уламо» жамияти, тараққийпарвар «Шўрои исломия» жамияти ва болшевиклар орасида номзодлик учун кескин кураш кетади. Сайлов кунидан бир мунча илгариёқ руслар бу сафарги думага сайловда мусулмонларнинг қўли баланд келишини сезиб «Шаҳарнинг янги қисми учун алоҳида дума сайлаймиз», деб Тошкент думасини иккига бўлиш таклифини кўтариб чиқадилар. Бу ҳолнинг олдини олиш учун «Шўрои исломия» жамияти — агар рус тилини билмаган, сиёсий маълумоти бўлмаган «Уламо» жамиятининг номзодлари сайловда ғолиб келса, думада рус номзодлари билан биргаликда иш юрита олармиканлар, агар юрита олмасалар, думанинг иккига бўлинишини аниқ билиб, оқибатда маҳаллий мухторият, мустақиллик олишга ғов бўлишларини, яна мустамлака ҳолида қолиб кетишларини билиб, иложи борича ўз жамиятларидан дума номзодлигига озми-кўбми русча маълумотли, янгича тарбияси бўлган юрист, доктор, комиссар, муаллим, зиёли савдогар, русча маълумотли приказчик, очиқ фикрли уламоларни кўрсатадилар. Лекин «Уламо» жамияти Эски ва Янги шаҳар авом халқи орасида «Шўрои исломия» жамиятининг номзодлари бадмазҳаб кафказли, динсиз татарлардан уларга овоз берманглар деб ташвиқ қиладилар. Натижада авом халқ муллалар ва бойлар жамияти «Уламоининг номзодларига овоз бериб, улардан 62 номзод ўтади, тараққийпарвар зиёлилардан эса фақат 11 киши сайланади… Думанинг ишларида бу «Уламо» жамнятининг номзодлари «Муваққат мактаб комитети» ҳайъатига номзод сайлашда ҳатто Мунавварқори ва Содиқ Абдусатторовга овоз бермайдилар. Ва бошқа ташкилий ишлар ҳайъатига овоз беришда ҳам ўша ўн бир тараққийпарвар ўрнига русларга овоз берадилар… Бахтга қарши Тошкент думаси большевикларнинг зўрлиги билан 1917 йил 2 декабрдаги фармонига биноан тарқатиб юборилади.

Ёзувчи Ҳабибулла Қодирий «Отам ҳақида» китобида Абдулла Қодирий ва унинг маҳалладоши, Зайниддин Ҳусайн ўғлининг ўша йилги шаҳар думасига бўлган сайловда қатнашганларини ва уларнинг бошндан ўтган воқеани ёзиб ўтадилар. Ёзиб ўтилган хотира юқоридаги мақоланинг руҳи ва мазмунига мос келгани учун бу мақолани Қодирий қаламига мансуб, деб тўпламга киритдик.

[2] «Улуғ Туркистон» — Тошкентдаги татар буржуазияси газетаси. Феврал революциясидан кейин нашр этилгаи, миллатчилик қарашларини илгари сурган, муҳаррири Кабир Бакир.