Катта санъаткорлар меросида шундай асарлар бўладики, айнан улар соҳибининг бутун бўй-бастини кўзгуга сола билади. Яъни санъаткорнинг моҳиятидан, унинг ким эканлигидан, қандай одамлигидан бизга хабар беради. Чунончи, Бобурнинг “Бобурнома”, Толстойнинг “Уруш ва тинчлик”, Достоевскийнинг “Телба”, Камюнинг “Бегона” каби асарлар ўз ёзувчиларининг “визит карт”лари ҳисобланади. Худди шундай, Ойбекнинг “Наъматаги” ҳам бу улкан санъаткор қалбида яширилган асрорни бошқа барча асарларидан кўра кўпроқ ўзида акс эттирган кичик бир мўъжизадек туюлади менга. Чунки бу шеърида Ойбек наъматак отлиғ бир ўсимликка қараб сўз айтса-да, “Виқор-ла ўшшайган қоя лабида қуёшга бир сават оқ гул кўтариб нафис чайқалаётган наъматак”ни куйлагандек бўлиб туюлса-да, аслида шоир наъматак каби “ваҳший қояларнинг ажиб ижоди” ўз кўнгли, кўнглидаги ҳар қандай чиркинликлар, даҳшатлар … қирғинидан омон қолган гўзал туйғу ҳақида гапирмоқчи бўлади. Буни яна бошқача айтиш мумкин. Агар Ойбек кўнглида жамики ваҳшатларни енгиб ўз асллигига содиқ қолишга интилувчи оппоқ ҳис бўлмаганда, у даҳшатли қоя бағрини ёриб чиқиб “Мана ман” дея қуёшга бир сават оқ гул тутиб товланаётган наъматакни пайқамасди. Демоқчиманки, ҳар қандай зот ўзига ёққан нарсалар тушунчалар, қадриятлар, туйғулар… доирасида иш кўради. Яъни у нимаики қилмасин ва демасин, ўзига сингган ана шу руҳ тўлқинининг бағрида сузаверади… Ҳатто ҳар қандай адабиётшуноснинг қандай мавзуга ва қай йўсинда ёндашиши ҳам шу тадқиқотчи сийратини сувратига айлантиради. Чунончи, Ойбек ваҳший қоялар кўксини ёриб чиққан ва тоғлар ҳавосининг ферузасидан ниҳоли майин товланиб қуёшга бир сават оқ гул тутганча чайқалаётган наъматакда ўз кўнглининг қандайдир парчасини илғаган. Агар шундай бўлмаганида у “Наъматак”ни ёзмасди:
Нафис чайқалади бир туп наъматак,
Юксакда, шамолнинг беланчагида.
Қуёшга кўтариб бир сават оқ гул,
Виқор-ла ўшшайган қоя лабида
Нафис чайқалади бир туп наъматак…
Наъматак нозик, бадани ҳам нафис чайқалади. Лекин унинг қароргоҳи юксакда шамолнинг беланчагида, виқор билан ўшшайиб турган қоя лабида. Бу ҳам етмагандек, у кимсан қуёш билан муносабатга киришмоқчи, кимсан қуёшнинг ўзига бир сават оқ гул тутмоқчи. Унинг ўзи эса нафис ва бу сўз “юксак”, “қуёш”, “виқор” сўзларига қарши жанг қилмоқда.
Майин рақсига ҳеч қониқмас кўнгил,
Ваҳший тошларга ҳам у берар фусун.
Сўнмайди юзида ёрқин табассум,
Яноқларни тутиб олтин бўсачун
Қуёшга тутади бир сават оқ гул!
Наъматакнинг ўз гўзаллиги бир олам бўлса, унинг айнан ваҳший тошларга-да фусун бериб, яъни ўшшайган даҳшатли қоя бағрида ўсишининг ўзи яна бир дунё! Бу нафақат адабиётнинг, балки ҳаётнинг ҳам азалий ва абадий мавзуларидан бири. Ўлим қошу қабоқнинг ўртасида, яъни у сен билан бирга, ҳамнафас дейилганидек, дунёнинг гўзаллиги ҳам унинг хунуклиги, даҳшати… ичрадир ёки ёнма-ёндир, ҳамдамдир. Сенинг бирла чиқишмоқлик дағи бисёр мушкилдир деган фикр Франц Кафкада ҳам қайтарилади: “Мен сенсиз ҳам, сен билан ҳам яшай олмайман”. Яъни юқоридаги тушунчалар Бобур ва Кафкадаги туйғу сингари қоришиқ: на у ёғликдир, на бу ёғлик. Гўзаллик ҳам шундай, у макон ҳам, замон ҳам танламайди. Бинобарин, бутун умри бош кесиш билан ўтган жаллод кўнглида шундай яширин туйғулар бордирки, эҳтимол улар вақти “гул” ва “булбул” сўзларини бир-бирига қофия қилиб шеър тўқиш-ла кечган бачкана шоир дилидаги чучмал ҳислардан юксакроқдир. Яъни гўзаллик ҳам одам танламайди. У кутилмаган жойдан ҳужум қилиши мумкин худди наъматакдек:
Пойида йиғлайди кумуш қор юм-юм…
Нафис чайқалади бир туп наъматак.
Шамол инжуларни сепар чашмадак,
Бошида бир сават оқ юлдуз чечак,
Нозик саломлари нақадар маъсум!
Инсон гўзалликка дуч келганда шошиб қолади, ҳаяжонга тушади, атрофни унутиб, бутун дунёси билан кўнглини ром этган борлиқ пойига кумуш қор янглиғ тиз чўкади, фикри ва зикри гўзалликни алқаш бўлади: “Пойида йиғлайди кумуш қор юм-юм… Аслида, юксакда, шамол беланчагида, ваҳший қояларнинг лабида бошида бир сават оқ юлдуз-чечак кўтариб маъсум саломлар бераётган, қуёшгача совға тутишга ҳадди сиққан наъматак пойида кумуш қор эмас, ушбу улуғвор манзара қаршисида бардош беролмаган шоир юраги юм-юм йиғлайди. Майли, келинг, қорнинг ўзини ҳам йиғлатиб кўрайлик. Наъматакнинг бир сават оқ гулни қуёшга зиёга тутишидан, юзида сўнмаган ёрқин табассумдан баҳор бўйини туйиш мумкин. Табиийки, баҳорда қор эрийди юм-юм йиғлайди. Чунки қорнинг куни битмоқда, энди унинг қўли ҳам худди умридек қисқа. Энди қор ушбу ваҳший гўзаллик қаршисида ожиз, ундан тубанда… унга ета олмай, тенглаша олмай ўтмоқда. Бу ахир сўнгсиз армон, ниҳоясиз афғон. Шундай экан, албатта гўзаллик пойига тиз чўкиб юм-юм йиғлайди-да.
Бу қанақаси бўлди? Қорни одамдек йиғлатяпсизми? дейишингиз мумкин.
Менингча, бу ўринда қорми одамми, нима фарқи бор? Ахир, адабиётга зиғирдек алоқаси бўлган киши қорнинг жонини кўролмаса, кўргулик эмасми? Қолаверса, анчадан буён сиз билан биз битта гул наъматак ҳақида баҳслашмаяпмизми? Ахир, алал-оқибатда буларнинг барчаси инсонга келиб тақалиши бугунги гап эмас-ку! Бунга яна бир карра шоҳид бўлмоқчи бўлсангиз, биз билан саёҳатингизни давом эттиринг:
Тоғлар ҳавосининг ферузасидан
Майин товланади бутун ниҳоли.
Ваҳший қояларнинг ажиб ижоди:
Юксакда рақс этар бир туп наъматак,
Қуёшга бир сават гул тутиб хурсанд!
Ниҳоят, биз шунча таърифини қилганимиз бир туп гул наъматак ваҳший бир тошнинг, ҳеч ким эътибор бермаган даҳшатли бир қоянинг ижоди. Мазкур ижод худди бир умр калла кесиб юрган жаллоднинг ёш болани кўриши билан қувончдан ҳаяжонланиб довдираши янглиғ ажабтовур, улуғвор ва ҳатто гўзалдир:
Ваҳший қояларнинг ажиб ижоди:
Юксакда рақс этар бир туп наъматак,
Қуёшга бир сават гул тутиб хурсанд.
Биз-да тошнинг метин кўксини ёриб чиққан наъматак янглиғ турмушнинг керак-нокерак икир-чикирларидан иборат қобиғини ниҳоят парчалаб, қалбимизни ҳаяжонга солган. Борлиқ сари ўз саватимизни мамнуният-ла элта олсак армонимиз қолмасди. Бизнинг ҳам пойимизда кумуш қорлар тоабад юм-юм йиғлаяжакдирлар…
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2005 йил, 1-сон