Истиқлол даври ўзбек адабиёти мавжуд ва у ўзига хос кўнгил адабиётидир. Уни йўқ санайдиганлар ёки бир жойда депсиняпти, дейдиганлар (бундай қарашга ҳақлари бор, албатта!) ё бу давр адабиёти билан яхши таниш эмас ёки адабиётнинг “яшаш” қонуниятларини керагича билишмайди. Бугунги адабиётдан кечаги кун – совет даври адабиёти шуҳратини кутиш, юмшоқ қилиб айтганда, болаларча соддаликдир. Чунки у даврда “СССР” деган империя учун дунё ёпиқлиқ қозон бўлиб, у олиб бораётган сиёсатга адабиёт “югурдак” тайинланган эди. Шу икки факт бирлашиб, адабиёту санъат мавқеини сунъий равишда мисли кўрилмаган даражада ошириб юборганди у пайтлар. Хўш, у нималарда акс этарди? Ўйлайманки, бу саволнинг жавобини тушуниб олмагунимизча бугунги кун ўзбек адабиётига тўғри баҳо бера олмаймиз. Шундай қилиб, қуйида кечаги кун адабиётини тушунишга уриниб кўрамиз.
Мамлакатнинг “ёпиқлиги” ўқувчини дунёдан узиб қўйган бўлиб, у ҳар турли янгиликларга ташна кайфиятда яшар эди. Адабиёт (бошқа санъат турлари ҳам) ташқи (дунё) ва ички (кўнгил) олам(и)га бўйлашнинг деярли ягона даричасига айланиб қолган эди (инглиз ёзувчиси Жорж Оруэллнинг “1984” ва “Молхона” романлари айнан совет тузумидан улги олиб яратилганини эсланг). Барча тур ва жанрдаги асарлар социалистик метод қолиплари асосида яратилиши (1934 йилдан кейин) талаб қилинарди. Айни дамда, истиснолар мавжуд эдики, лейтмотиви “Энг тўғри йўл – социалистик йўл” деган адабиётнинг ёнида секин-аста инсоннинг у ёки бу муаммоси, дарду қувончи акс этган адабиёт ҳам туғила бошлади. Айниқса, Сталин ўлимидан кейинги “илиқлик” даврида адабиёт гарчи “тўғри йўл”ни инкор қилмаса-да, инсонга, унинг кўнглига эътибор қилишни ўзининг бош амолига айлантирди (60-йиллар адабиёти). Бир неча ўн йилликлар давомида риторикаю шиорбозликдан чарчаган ўқувчи бундай адабиётни жону дили билан қабул қилди ва севиб қолди. Кейин 70-йиллар адабиётида яна бир кўтарилиш сезилди. Улар жамиятнинг ижтимоий муаммоларини қаламга олиб, адолат, ҳақиқат, Ватан туйғуларини майдонга ташлашди. 130 йиллик тутқунликда яшаб келган халқимиз илғор қатламининг ботинидаги ҳуррият истакларига уйғун тушаётган мазкур адабиёт ҳам олқишлар билан кутиб олинди. Кейин мамлакат мустақил бўлди. Халқ юрт озодлиги билан боғлиқ муқаддас орзусига қовушди. Беҳбудий, Фитрат, Ҳамза, Қодирий, Чўлпонлардан бошланган ХХ аср адабиётимиз ҳам қарийб юз йиллар мобайнида интилиб келган мақсадига етди. Истиқлол даври адабиёти эса айни шу “нуқта”дан ибтидо олди. Бу тамомила янги давр эди. Лекин, буни қарангки, янги даврда янги адабиётнинг зиммасига ҳеч қандай мафкуравий вазифа юклатилмади, у ўз ҳолига қўйилди. Натижада адабиётни илгари унга “тегишли” бўлган, унинг “қарамоғи”да жон сақлаган дин, публицистика, сиёсатшунослик, психология… каби соҳалар бир-бир тарк этиб, уларнинг ҳар бири ўз йўлига равона бўлиб, адабиёт “уйи” анчагина “бўшаб қолди”. Унинг одамларга таъсири ҳам камайди. (90-йилларда “Шарқ юлдузи” журнали ададининг кескин ортиши ўқувчиларнинг шеър ёки ҳикоя ўқишга рағбатидан эмас, балки “Қуръони карим”ни ўқиш истагидан эди, эсланг!) Яъни, масалан, динга эркинлик бериш натижасида аввал диний туйғуларини қайсидир маънода бадиий адабиёт ўқиб қондираётган ўқувчи энди тўғридан-тўғри диний адабиётни ўқиб, масжидга, ҳажга бориб ўз чанқоғини қондира бошлади. Бир пайтлар ҳақиқат излаб тополмаган, ҳақиқат ҳақидаги айчайин мулоҳазаларни ҳам бадиий адабиётдан олган ўқувчи энди тўғридан-тўғри публицистикага мурожаат қилди. Чунки публицистика жанр сифатида масалани очиқ ва дангал ўртага ташла(й)ди. 80-йилларнинг иккинчи ярми ва 90-йиллар бошларидаги ошкоралик даврини, у пайтда матбуот юзини кўрган мақолаларни эсга олсак, фикримиз ўз исботини топади. Ўша йиллари ҳатто адабиёт ҳам публицистик мазмун касб этганди. Қолаверса, ёшлар ўйин-кулгига бўлган эҳтиёжларини ҳам аввал (собиқ советлар даврида) бадиий адабиётдан қидиришар ва топишар эди, кейинги қарийб 30 йил мобайнида бу борада ҳам вазият ўзгарди: концертлар, ресторанлар, тунги клублар каби кўнгилочар ўчоқлариниг кўпайиши, уларга эркинлик берилиши натижасида ўйин-кулги эҳтиёжлари ҳам шу масканларда қондирила бошлади. Бир вақтлар кино, ҳар турли клипу видеоларга бўлган эҳтиёжларни бадиий адабиёт “босиб” келарди, мустақиллик йиллари видео, DVD, компьютер, интернет, мобил телефон имкониятлари бу вазифани ўз зиммасига олди. Яъни қайси томондан қараманг, совет даврида, умуман, ўтмиш замонларда ҳамма республикаларда адабиёт бажариб келган ишларнинг катта бир қисмини энди бошқа санъат ва фан турлари, ижтимоий тармоқлар ҳамда техника воситалари “ўзиники” қилиб олди. Бунинг натижасида эса адабиётнинг инсонга, жамиятга таъсири камайгандан камайди. Ниҳоят, энг муҳим воқеа содир бўлди: адабиёт ўз ўрнида, ўз мавқеида, ўз вазифаси билан қолди. Бундай адабиёт симобдек қайнаб турган, эврилишларга учраётган замон билан бирга янги шакллар топиш, инсонни янгича бадиий кашф этиш йўлларини қидирмоққа тушди. Лекин кечаги адабиётнинг шаклу шамойилига, унинг шуҳратига кўниккан ўқувчи адабиётдаги бу ўзгаришларни бирданига қабул қилолмай қийналди, ҳануз қийналмоқда. Ҳозирда мен талаба-ёшларга дарс бераман. Уларнинг орасида ҳар хили бор, албатта. Жумладан, Истиқлол даври ўзбек адабиётини севиб, қўлдан қўймай ўқийдиганлари ҳам талай. Қизиғи шуки, уларнинг аксари совет даврида сизу биз – ўрта ва катта авлод кечалари ёстиғимиз остига яшириб, кундузлари қўлимиздан қўймай ўқиган адабиётнинг аксар намуналарини унча хушлашмайди. Ўрта ва катта авлод вакилларининг талай қисми эса бугунги, Истиқлол даври адабиётидан кўнгли унча тўлмаяпти. Назаримда, шу қиёснинг ўзида кўп сир аён бўлади-қолади. Шундай эмасми?.. Чунки ҳар бир авлод ўз замонасига яқин адабиётга эш бўлиб вояга етмоқда.
Яна шуки, кеча Совет ҳукумати адабиётни мафкура тарғиботчисига айлантирган, демак, адабиёт совет кишисининг кундалик ўй-ташвишлари билан ҳамқадам юрган эди. Яъни адабиёт бу – айни дамда сиёсат ҳам эди. Бугун эса адабиёт бундай мафкуравий бўйинтуруқдан халос этилган. У энди кўпроқ кўнгил ишига айланди. Натижада, замондош ўқувчининг ҳаёт йўли кўнгил томон тушса, қўлига бадиий адабиёт олмоқда, йўқса, турмуш уни бунга сира мажбур қилаётгани йўқ. Кеча инсон қайси томонга қарамасин, йўли адабиёт билан кесишаверган. Бунинг сабабларини эса юқорида бир қадар изоҳлаб ўтдик. Бугун ундай эмас. Бугун туғма ва тарбияланган бадиий завқи бўлган кишигина бадиий адабиёт ўқимоқда. Афсуски, улар биз кутганчалик кўп эмас. Шунинг учун ҳам бугунги адабиётнинг жамиятга таъсири унчалик катта эмас. Бундан таъсирланган адабиётшунос олим, профессор И.Ҳаққул ва Ўзбекистон халқ шоири Х.Даврон “Хуршид Даврон кутубхонаси” интернет сайтида 2018 йил эълон қилган суҳбатида Истиқлол даври ўзбек адабиёти ҳақиқатни айтмади, деб ёзди. Мен уларни нега бундай деганини яхши тушунаман: замонамизнинг забардаст олими ва катта шоири бугунгидан янада каттароқ, янада таъсирлироқ адабиётни соғинмоқдалар. Айни дамда, таъкидлаб айтишни истардимки, агар адабиётнинг вазифаси фақат ҳақиқатни айтиш бўлса, у айтди! (Аслида, адабиётнинг вазифаси анчайин кенг). Бу борада ўзбек совет адабиёти қилолмаган ишни мустақиллик адабиёти адо этди: у инсон ва миллат ҳақидаги аччиқ ҳақиқатни айта олди! Мен бунга истаганча мисоллар топиб беришим мумкин. Ҳозирча биргина Аҳмад Аъзамнинг “Рўё ёки Ғулистонга сафар” деган романини ўқинг, дейиш билан чекланаман. Лекин бундай адабиётнинг ҳайқириғи жамиятда акс-садо бердими? Йўқ! Уни замондош ўзбек ўқувчиси деярли эшитмади. Эшитса ҳам, жамиятнинг умумий ривожланишидан ажралиб қолган адабиёт унга, яъни жамиятга таъсир қилмади ёки деярли таъсир қилмади. Шунинг учун ҳам бугун тузук адабиёт йўқ, дейиш маъқул гап эмас. Қайтага, бугун жамиятнинг адабиётни қабул қилиши, яъни рецепция масаласи ўзгарди десак, ҳақиқатга анча яқин келамиз.
Энди қаҳрамон масаласи тўғрисида ҳам икки оғиз сўз айтсам: яхшиямки, Истиқлол даври ўзбек адабиёти совет даври адабиёти қаҳрамонларига ўхшаш қаҳрамонларни “ясаб” ташламади. “Ясагани”да эди, бугунга келиб ўз қилмишимиздан уялиб қолган бўлардик. Эслайман: каминанинг “Мувозанат” романини кино тилига кўчиришмоқчи бўлишганди. Ўша вақтда киночиларимиз “Сценарийсини ўзимиз ёзамиз”, дейишди. “Қандай ёзасизлар?” десам, “Охирини бутунлай ўзгартирамиз, Юсуф роман сўнггида байроқ кўтариб кўчага чиқиши керак. Бу мустақилликни ҳимоя қилишининг рамзи бўлади”, деб жавоб беришди. Мен “Юсуф бошидан оёғигача, бутун ҳужайралари билан мустиқиллик тарафдори, унинг ҳимоячиси-ку!” дедим ва яланғоч хотима билан тугаши мўлжал қилинган, ҳали ёзилмаган сценарийга рози бўлмадим. Сўнг бу борадаги ўз қарашимни баён қилдим: “Агар роман кино қилинадиган бўлса, сценарий ёзишда иштирок этаман!” Шундан кейин мени бошқа “безовта” қилишмади. Асар ҳам ўз-ўзидан аёнки, кинога айланмади. Бугун мен улар таклиф этган таклифга рози бўлмаганимдан чунон мамнунман. Чунки халқимиз мустақилликка, улар иддао қилганидек, байроқ кўтариб эришгани йўқ. Бу – тарихий ёлғон бўлур эди. Ҳаёт билан санъат ўртасига ёлғон парда бўлиб тушдими, унга ҳеч ким ишонмайди. Роман ҳам бузилган, уни ўз қўлларим билан ерга урган бўлар эдим. Эътибор берилса, менга қилинган таклиф совет даврида адабиёту санъатга ёндашувдаги маълум ва машҳур қолип асосида шаклланган таклиф эди. Бундай қолип – стереотиплардан воз кечиш замони аллақачон келганини тушунишимиз керак. “Хўш, у ҳолда бугуннинг қаҳрамони ким?” деган ҳақли савол туғилади. Назаримда, замондош инсондан алпомишларнинг қаҳрамонликларини кутиш, талаб қилиш кулгили бўлади. Ҳар бир даврнинг ўз қаҳрамони бўлади. Бугун замонавий дунё жуда қалқиб турибди. Унда ур-сур, ёвузлик, фириб, шафқатсизлик, фаҳш… урчиб ётибди. Шундай пайтда қабоҳат йўлини танламай, ўзининг ва дунёнинг зиддиятларини енгиб ўтиб, оламга бир даста гул тута олган инсон, назаримда, ҳақиқий қаҳрамондир! Ўзидан ортиб, ўзганинг олдига ёрдам бериш учун келган одам – яна қаҳрамон! Ўз касбининг профессионал устаси бўлиб, шу касб орқали ўзига, оиласига, юртига ва инсониятга моддий-маънавий фойда келтираётган одам – қаҳрамон! Бутун ҳаётини, ўй ва амалини оламни тутиб турган Олий Низом – мувозанатга уйғун этиб ҳаракатланаётган одам, ким бўлишидан қатъи назар, шоҳми у ё гадо, бугуннинг қаҳрамони, ҳатто барча замонларнинг қаҳрамонидир! Бугун ўз юртимиздан келиб чиқадиган бўлсак, шу элнинг, шу ўлканинг оғирини енгил қилаётган инсон – қаҳрамон!.. Ҳа, кечаги “алпкелбат” қаҳрамонлардан фарқ қилиб, бугунги қаҳрамонларнинг баҳодирлиги уларнинг ботинида – юрагида, ақлу заковатида, ёвузлик ва эзгуликнинг абадий жангидаги танловидадир.
Чунки адабиёт мафкуравий “қувди-қувди” (тахминан, 1930–1985 йиллар ораси) дан чарчаб, инсонга, унинг ҳолига эътибор қила бошлаган даврда яшаяпмиз. Шунинг учун ҳам у ёки бу ғояни дастак қилиб олиб, кўчада байроқ кўтариб юрадиган қаҳрамонларни бугун адабиётдан кутиш ярамайди. Шунга қарамай, адабиётнинг зиммасида жуда кўп вазифалар бор. Улардан энг асосийлари, назаримда, инсоннинг нақадар мукаррам зот эканини бот-бот эслатиш ва шу йўл билан уни ҳайвон даражасига тушиб қолишдан сақлашдир. Ўқувчи – инсон, бас, инсонлик деган олий шоҳсупага интилиши керак. Бадиий асарларнинг асл қаҳрамонларидан ҳам шу йўлнинг йўлчилари бўлиши кутилади. Бизнинг мумтоз адабиётга бўлган меҳримизнинг ҳануз сўнмагани боиси ҳам шунда. Лекин бу фикримиздан “адабиёт фақат шундай бўлиши шарт!” деган хулоса келиб чиқмасин. Адабиёт даврга кўра ўз мавзулари навбатини ўзгартириб туради. Масалан, уруш замонида адабиёт кўпроқ тинчликка, тинчлик даврида кўнгилни кашф қилишга, нафс ҳакалак отган паллада уни тийишга, ҳар турли ёв бостириб келаётган вақтда эса қаҳрамонликка чорлаши ғоят табиийдир. Шу маънода, у турфа бўлиши, турли қатламлар кайфиятини акс эттириши лозим. Шундаям, ёвузликни, зулмни, фаҳшни, қўйингки, борлиқ негативни тарғиб қилмаслиги керак у. Адабиёт олдига қўядиган ёлғиз талабим – шу. Гарчи у талабларни писанд қилмаса-да, барибир, адабиёт ҳам чегарани, меъёрни билиши керак, деб ҳисоблайман. Шу маънода, Истиқлол даври ўзбек адабиёти кўпроқ кўнгил адабиёти бўлиб майдонга тушди. Чунки у неча ўн йиллар мобайнида кўчада байроқ кўтариб чопишлардан, социалистик мафкурани куйлашдан чарчаган, зериккан эди. Энг муҳими, мафкуранинг миси чиқди ва адабиёт ундан воз кечди. “СССР” деган империя парчаланиб, ҳар бир республика мустақил бўлгач, адабиёт ўз нигоҳини кўнгилга қаратди. Биз мана шу ҳолни, адабиёт мавзусининг ўзгарганлигини, у сиёсий-ижтимоий мавзуларни эмас, кўпроқ кўнгилни тараннум эта бошлаганини қабул қилолмаяпмиз. (Аслида, “кўнгил даври”да ҳам сиёсий-ижтимоий ва бошқа мавзулар қаламга олинаверади. Бу ерда доминантлик ҳақида гап бораяпти, холос). Ҳолбуки, адабиётнинг ўз ривожланиш қонуниятлари мавжуд. Ўша қонуниятларни тушуниб етсаккина, бугунги адабиёт ҳақидаги кўпгина саволларимизга жавоб топамиз.
Гул давралар меники эмас,
Менинг уйим – кўкрак қафасим,
деб ёзганда шоира Зебо Мирзо ана шу умумкайфиятни ифодалаган эди.
Айни дамда, таъкидлаб айтиш лозимки, кўнгил – адабиётнинг абадий мавзуси бўлишига қарамай, у ҳам даврга қараб долзарблик бобида навбатни бошқа мавзуга бериши мумкин. Шунинг учун ҳам “адабиёт мановиндек бўлсин!” дея унинг олдига катта талаблар қўйиш мақбул эмас. Ҳозирги ўзбек адабиёти ўз йўлида эркин нафас олмоқда. Ижодкор икки дарё оралиғида қалам тебратишга маҳкум қилинмаяпти, у икки қутб орасидан ҳам чиқиб, коинот миқёсида фикрлаш ва ёзиш эркига эга. Мана шуниси муҳим.
«Жаҳон адабиёти» журнали, 2019 йил, 2-сон