Нурилла Чори. Манзилу маслагинг аёнми, эй дўст?!

Кейинги пайтлари турли сайтларда, ижтимоий тармоқларда бот-бот чет элда ишлаб юрган айрим юртдошларимизнинг бирор жиноий ишга аралашиб қолгани ёки уларнинг бошига тушган ташвишлар ҳақидаги хабару мақолаларни ўқияпмиз. Баъзан ҳамманинг диққатини тортадиган салбий ҳодиса юз берса, бу ишнинг марказида юртдошимиз бўлмаса-да, миллатдошимиз турганига урғу берилса, юракка ғулғула, кўнгилга ҳижиллик тушади.

Бундай хабарларни ўқиганда, миллат шаънига доғ тушираётган кимсаларни хаёлан маломат қиласиз, аммо ўнта бармоқ ҳам ўзингизники – қайси бирини тишласангиз ҳам жонингиз оғрийди. Ўзингиз танимаган, билмаган одамлар сабабли “Юрган дарё…” деб сафарга кетган яқинларингиз, яқинларингиз бўлмаса – узоқ қариндошингиз, қариндошингиз ҳам бўлмаса – маҳалладошингиз ҳақида ўйлайсиз, беихтиёр тилингизда: “Илоё, сафари бехатар бўлсин”, деган дуойи калима айланади.

Хўш, ўзи “Юрган дарё…” деб сафарга чиқаётган йўловчи ким?

Хаёлга келган илк жавоб шу: ўз имкониятларини четда синаб кўриб, мўмай пул топишга бел боғлаган ва бу орқали орзу-ҳавасларини рўёбга чиқаришни истаган киши. Албатта, бунинг ёмон жойи йўқ. Чунки бугун глобаллашаётган дунёда меҳнат бозори чегаралари нисбий бўлиб боряпти: қайсидир мамлакатда иш ўринлари кўп-у, аҳоли ўсишининг пастлиги ва бошқа омиллар туфайли ишчи кучи етишмайди. Бундай пайтда ўз-ўзидан бошқа давлатлардан жалб қилинган ишчилар мавжуд эҳтиёжни қондиради. Дунёнинг исталган қитъасида бунга гувоҳ бўлишимиз мумкин. Фақат мазкур жараён онгли, тартибли, маданий ва қонуний тарзда амалга ошса бас – ҳеч қандай дилхираликка, эътирозга ўрин қолмайди. Хўш, бугун ишлайман деб ўзга юртларга йўл олаётган ҳамюртларимизнинг ҳаммаси ҳам қонуний тарзда чегара ҳатлаяптими? Йўқ, албатта. Натижа эса маълум: ўзлари овораю сарсон, бу ёқда қолган яқинлари, фарзандларининг кўзлари гирён – барча безовта.

Шу сўзларни ёзарканман, қўшнимиз Шоди ака билан боғлиқ ҳолат ёдимга тушди. Акамиз биз мактабда ўқиб юрган кезлари майда савдогарлик – атторлик билан шуғулланарди. Қишнинг қорли-қировли кунлари мактабда гўлахлик қиларди. Рисоладагидек одам. Турмуши эл қатори – бировдан ортиқ, бировдан кам. Нима бўлди-ю, елкасига йўлтўрвасини осиб чет элга ишлагани кетди. Рўзғор янгамизнинг гарданига тушди. Жўжабирдек жон. Ҳали у керак, ҳали бу. Гоҳо бизнинг остонамизда ҳам бўй кўрсатиб қолади. Янгамиз кетади-ю, онамиз тилга киради:

– Болам, Одинахон келганди. Томарқасига сув тараб берсанг. Икки жўяк сабзи эккан экан, бечора.

Ёки отамга юзланиб:

– Одина келин келган экан, бузоқчамни сотиб берса-а, дейди.

Бундай вазиятда нима ҳам қилардик, мен кетмонни елкалаб қўшнининг томарқасига, отам бузоқчанинг арқонидан тортиб бозорга кетади.

Шоди акамизнинг сафари узо-о-оқ чўзилди. Унинг бу кетиши бола хаёлимга эртаклардаги “Борса келар”, “Борса хатар”, “Борса келмас”ларни эслатарди. Мен эртак билан овунаман. Онам Одинахон янгамизни эрининг “эрта-индин эшик қоқиб келиб қолиши…”ни айтиб овутади. Шундай ҳам бўлди. Акамиз йиллар ўтиб, ўз уйининг эшигини чертиб кириб келди. Қўни-қўшни, ёр-биродар, қариндош-уруғ зиёратига шошилди. Бурнидан тортсанг, ўз оёғига қоқилиб йиқилгудай бўлиб турибди. Аммо тили бурро. Кўп ишлабди. Пул ҳам топибди. Эл айтди: “Шоди у олармиш, бу олармиш”, “Шоди у қилармиш, бу қилармиш”. Қани шулар? Остонада ҳам, пешонада ҳам ҳеч нарса кўринмади.

Бир оқшом қўшнимиз яна сафарга отланди. Айтишларича, мусофирликда пул тўплашнинг ўзи бўлмас экан. Ўтган гал бироз уқувсизлик қилибди. Бу сафар йиғиб-териб келармиш. Акамиз кетаверсин… Бор ишни, тадбиркорликни янгамиздан кўринг! Янгамиз: “Акангиз келса…”, “Ҳали акангиз…” деб бошлайдиган барча хамиртуруши хомхаёлдан иборат гапларни йиғиштирди. Болалари билан бир бўлиб ерга тармашди. Ўроқнинг бошида ҳам ўзи турди, машоқнинг бошида ҳам. Томорқасини гуллатиб қўйди. Кўрган кўзни қувнатади. Қўли меҳнатда қабарган одам борки, яшнаб турган экинни кўрса дили яйраб кетади. Ана шундай қойил қолган маҳалладошлардан бири янгамиз парваришлаётган зироатга қараб: “Эй, Ошин бўлиб кет-а”, дебди (японларнинг телесериалини кўрган бўлса керак-да!). У кўпчиликнинг тили учидаги гапни айтганми, ишқилиб, янгамизнинг исми эл аро “Ошин” бўлиб кетди. Шу-шу, биз учун ҳам Ошин янга бўлиб қолди.

Одинахон янгамизни ким Ошинга айлантирди? Шу ўзимизнинг акамиз – Шоди аттор… Янгамизнинг орзуси кўп: аёл боши билан қиз чиқармоқчи, ўғил уйламоқчи, омон бўлса аттор ҳам келиб турар кўп қатори. У ёғи энди бизга қоронғи, аммо аёнидан айтай. Қишлоқ ҳам, болалик хотиралар ҳам олисда қолди.

…Талаба эдим. Муҳаббатдан сармаст эдим. Курсимизда тоғу тош ошиб келган бир қиз ҳам бор эди. Не тонгки, шу қизни кўрганимда кўнгилда илиқлик, юракда қувват, билакда куч сезардим. Юрак очишга ҳар қанча чоғланмай, барибир дил изҳор этиш оғир эди. Мен ўзим билан сирлашиб юраверибман, аттанг. Биздан бир курс юқорида ўқийдиган, муҳаббат бобида тажрибали акаларимиздан бири курсдошимизнинг ақлу ҳушини олиб қўйибди.

Ана энди ишқ можаросини кўринг. Курсдошлигу юртдошлик меҳри жўшиб, сабоқхонада ҳам, кўчада ҳам, ётоқхонада ҳам Ошиқ-рақиб билан муштлашамиз. Қизга эса бир оғиз ҳам гапирмаймиз, гапиролмаймиз. Майли-да, шунақа муҳаббат ҳам бўлади-ку! Эгасига изҳор этилмайди, муҳофаза қилинади. Муштлашувларимиз йиллаб давом этди. То қиз келиб: “Бу ишингнинг оти нима, бизни тинч қўй”, демагунча.

Биз ўқийдиган факультетда шундоқ ҳам йигитлар кам бўларди. Икки-уч йил бир эшикдан кириб чиқавергандан сўнг талаба йигитлар ўртасидаги ёш, курс фарқи ўртадан кўтарилиб, қадрдонлик, иноқлик пайдо бўлиб қолади. Қолаверса, эл бекорга: “Қопишмасдан топишмас”, деб айтмаса керак. Ошиқ-рақиб билан энди жўрачилик пайдо бўлди. Якшанба кунлари топганимиз ўртада бўп қолди. Ва ниҳоят, талабалик адоғида икки юрак бирлашиб, Ошиқ-рақиб хонадонида тўй бўлди. Вақти-соати етиб фарзанд кўришди. Орадан кўп ўтмасдан ёш келин-куёв “Жаннат ўзи қайдадир?” васвасасига йўлиқди. Ошиқ-рақиб бир кун ёр-биродарларга грин-кард орқали АҚШга кетаётганини айтиб қолди. Бундай пайтда атрофдагилар сафарга отланган кишига имкон борича яхши муносабатда бўлишини, кўнглини олишга ҳаракат қилишини ана шунда кўрдим. Ҳар ким ўзича ёрдам бермоқчи бўлади. “Ҳа!” дегани туяга мадад-да. Грин-кард ҳам ҳалво деган билан оғиз чучимас, деганидек бир гап экан. Элчихона орқали суҳбату сўровлар, сўровлардан сўнг тўловлар бўлди. Бу ишлардан ҳам ҳеч ким ўзини олиб қочмади. Ҳатто талабаликдаги қадрдонлар кўплашиб ярим тунда аэропортга бориб, уларни олиб учган учоқнинг ортидан қўл силкитиб қолдик. “Хўш, шунга нима бўпти?” дейсизми?

Интернет орқали кунда-шунда гаплашиб турсак-да, нима бўлганини биз ҳам роса бир йилдан кейин билдик. Ўзларини Тоҳиру Зуҳро билган ошиқларнинг муҳаббати Америкада инқирозга юз тутди. Тоҳир Зуҳродан, Зуҳро Тоҳирдан гина қилади. Демак, ишқни синовда ўтказмоқ учун ўртада Қоработир бўлиши шарт эмас экан. Энг ачинарлиси, ғариб муҳаббатнинг меваси – бир фарзанд орада сарсон. Атлантика соҳилидан: “Қизим бугун мен билан”, деб гоҳ ота, гоҳ она селфи қилса-да, боланинг кўзлари қувончдан мосуво.

Сўрасак, бундай мисолларни сиз ҳам кўплаб келтиришингиз мумкин. Аммо яна ўша гап: бармоқ ўзимизники – оғрийди. Келинг, энди бадиҳагўйликни йиғиштириб, миграция масаласида айрим мулоҳазалар билан ўртоқлашсак. Негаки, йиллар давомида биз айтганимиздек, фақат Шоди аттор каби оилали кишилар эмас, ўзга юртларга ишлашга ошиқаётган ёшларнинг ҳам сафи кенгайиб борди.

Мавзуни Россия Федерацияси мисолида кўриб чиқсак. Россия халқ хўжалиги ва давлат хизмати академияси ижтимоий таҳлил ва прогнозлаш институти катта илмий ходими, географ ва демограф Юлия Флоринскаянинг таҳлилларига кўра, бу ўлкага ишлаш учун борганлар сони ёшармоқда: агар 2000 йили 18-29 ёшли мигрантларнинг улуши чорак қисмга тенг бўлган бўлса, 2015 йилга келиб улар 45 фоизни ташкил этмоқда. Мигрантларнинг аксарияти – эркак. Расмий статистикага кўра, 2015 йили аёллар улуши 20 фоиз атрофида бўлган. Бироқ кўплаб тадқиқотчилар фикрича, ноқонуний мигрантлар ҳисобга олинса, уларнинг сони кўпроқ ва сўнгги йилларда 30-35 фоизга етмоқда. Расмий статистиканинг хотин-қизларни ҳисобга олмаслиги уларнинг ишга жойлашиш хусусияти билан боғлиқ – аёллар кўпинча расмий қайддан ўтмасдан ноформал жабҳада, масалан, одамларнинг уйида ишлайди. Оилавий мигрантларнинг сони ҳам бирмунча ошган: масалан, уларнинг учдан бир қисми ўзи билан эри ёки хотинини ҳам қўшиб олиб келади (аёллар ўртасида эри билан бирга келганлар 50 фоиздан кўпроқ); фарзандларини ҳам олиб келган оилалар 10 фоизни ташкил этади, холос. Фарзандлари билан келганларнинг аксарияти – 80 фоизи тўлиқ оилалардир, улар яхши таъминланган, таълим олган, рус тилини яхши билади ва Россияда доимий яшашни мақсад қилган.

Юлия Флоринскаянинг тадқиқотлари фақат ўзбекистонликларни эмас, Марказий Осиёдан борган барча меҳнат мигрантларини қамраб олган. Аммо ҳар жабҳада илдамлаб бораётган юртимиздан бу мамлакатга ишлаш учун кетаётганлар ҳам талайгина. Улар дуч келаётган муаммою ташвишлар эса бизга маълум. Қувонарлиси, яқинда Россия ва Ўзбекистон ўртасида фуқароларни вақтинчалик ишга ташкилий жалб этиш ва ишга қабул қилиш бўйича махсус битим кучга киргани маълум қилинди. Хабарда айтилишича, ишчилар қаерда ишлашлари, қанча маош олишлари ва қаерда яшашлари ҳақида ҳам олдиндан маълумотга эга бўлишади. Ўзбекистонда улар таълим даражаси, соғломлиги ва шубҳали ишлардан холилиги бўйича сараланади. Шунингдек, бу битим меҳнат муҳожирларини Россияда фирибгарлар қўлига тушиб қолишдан ҳамда қулликка сотилишдан ҳимоялайди.

Шу ўринда АҚШ ва бошқа Ғарб мамлакатларига кетаётган ҳамюртларимизга ҳам бир қур назар ташласак. Уларнинг кўпчилиги биринчи галда қатор маънавий-ахлоқий муаммоларга дуч келишмоқда. Бундай чигалликларга асосан оилавий борганлар тўқнашади. Сабаби – юртимизда минг йиллардан буён шаклланган оила маънавиятининг мезону тамойиллари кўп ҳолларда Ғарб маданияти талабларига мувофиқ келмайди. Алалоқибат, инглиз олими Тимоти Ж. Уинтер (Абдулҳаким Мурод) айтгандек: “Ўз нафсига банд бўлган талотўплар дунёси учун ўтмишдаги ҳеч нарса улгу бўла олмайди, фақат келажаккина андоза вазифасини ўташи мумкин”.

Демак, хорижга ҳеч қандай режа ва кафолатсиз, ноқонуний ишлагани борган одам маънавий-ахлоқий, руҳий, ҳуқуқий-ижтимоий муаммолар қуршовида қолади. Хоҳ расмий, хоҳ норасмий йўллар билан чет элга кетаётган кишиларга поезд ва самолёт чиптасига қўшиб бериладиган “Қулликка рози бўлманг” қабилидаги огоҳлантирувчи қоғоз билан бирга турли фойдали қўлланмалар, масалан, жўнаб кетилаётган мамлакатдаги элчихона ё ваколатхоналаримизнинг манзили, улар кўрсатиши мумкин бўлган кўмак ва хизматлар ёзилган ахборотномалар ҳам тақдим этилса, айни муддао бўларди.

Назаримизда, ўзга юртга ишлаш учун кетаётган одам бошқаларнинг эмас, аввало, ўз виждонининг сўроқларига тайёр бўлишлари лозим. Кўнгил ва ақл доирасида кечадиган бу саволнома, масалан, қуйидагича тузилиши мумкин:

  1. Қобилиятимни, салоҳиятимни аввало ўз юртимда синаб кўришим керакмасми? Бунинг учун шу пайтгача нима саъй-ҳаракат қилдим?
  2. Мен бораётган жойда менинг иш кучимга эҳтиёж борми? Ўзи, умуман, қайси касб-ҳунар қўлимдан келади?
  3. Ўзим бораётган давлатнинг меҳнат ва истиқоматга доир қонун-қоидаларини биламанми? Агар уларга амал қилмасам, мени қандай жазо кутади?
  4. Ўзга мамлакатда менинг ҳақ-ҳуқуқларимни ким, қандай кафолатлайди?
  5. Бир йил мобайнида ўз юртимда ишласам қанча пул топаман-у, ўзга юртда меҳнат қилсам қанча маблағ ишлайман – ўртада фарқ борми ва бўлса, ўша фарқ оила аъзоларим, фарзандларим, юртимдан олисда чекилган мусофирлик машаққатлари ва яқинларимга берилмаган меҳр ўрнини қоплайдими?
  6. Мен йўқ пайтимда оила аъзоларимга – ота-онамга, турмуш ўртоғим ва фарзандларимга ким қарайди? Ким уларга меҳр бериб, ҳолидан хабар олади?
  7. Ота-она, эр-хотин, ўғил-қиз… улар – оила занжирининг бир-бирига боғлиқ ҳалқалари. Уларнинг бири узилса, барчасига бирдай таъсир қилади. Демак, мен кетсам, олисда туриб ҳам оиладаги ўрнимни сақлаб қола оламанми?
  8. Мен ўзга юртга бориб, бегона муҳит таъсирига тушгач, ўзлигимни – ўзбекона қиёфамни йўқотиб қўймайманми?
  9. Ўзга юртда неча йил ишлайман ва қачон юртга қайтаман? Аниқ режам борми?
  10. Ватанга қайтиб келганимдан сўнг бу ерда яшалмаган йиллар бўшлиғини, бой берилган имкониятлар ўрнини маънан, руҳан қоплай оламанми?

Агар чет элга ишга отланган ҳар бир киши шу ва шунга ўхшаш саволларга аниқ жавоб ахтарса ва Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги сайти (www.mehnat.uz) нинг «Меҳнат муҳожирларига» бўлимида берилган тавсияларга амал қилса, шубҳасиз, бу борада юзага келаётган кўп муаммоларнинг олди олинган бўлар эди.

Ҳа, бугунги кунда меҳнат миграцияси фақат бизнинг муаммомиз эмас. Деярли ривожланаётган республикаларнинг барчаси, ҳатто тараққий этган мамлакатларда ҳам бу масала долзарб аҳамиятга эга бўлиб турибди. Аммо Ўзбекистон каби мазкур муаммоларни ечишда изчил ҳаракат қилаётган, фуқароларининг шу ерда – шу маконда меҳнат қилишига ҳар томонлама кўмаклашаётган, янгидан-янги иш ўринлари яратаётган, халқини тадбиркорлик ва ишбилармонликка ўргатаётган давлат камдан-кам топилса керак. Жорий йилнинг 24 майдаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Бандлик соҳасида давлат сиёсатини янада такомиллаштириш ва меҳнат органлари фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳам фикримизнинг далилидир.