Ҳусан Мақсуд. Адабиёт дарсликлари пишиқ ва пухта бўлса

ХХ асрнинг бошларида юртимизда янгича ижтимоий-сиёсий, маданий-маърифий ҳаракат – жадидчилик вужудга  келди. Ушбу ҳаракатнинг иштирокчилари  – шоир, ёзувчи, мударрис ёхуд тарихчи бўлиб, улар халқни маърифатли қилишга, ўтмишдан хулоса чиқариб, келажакка ўзгача назар билан қарашга ундашган. Бунинг учун эса биринчи галда тафаккур ва дунёқарашни ўзгартириш керак эди. Шу боис жадидлар, аввало, зиё масканлари – мактаб ва театрлар очишган, бир неча газета ва журналларни таъсис қилишган, махсус дарслик ва ўқув қўлланмалари тузишган.

Миллатпарварларнинг йирик вакилларидан бири Абдулла Авлоний ҳақида ўқир экансиз, унинг дастур ва дарсликлари гуманистик ва эркин тарбия асосига қурилгани, энг аввало, дунёвий ва илғор илм-фанни болаларга ўргатиш, ёшларнинг ижтимоий-сиёсий қобилиятини шакллантириш каби улкан мақсадлар қўйилганига гувоҳ бўласиз.

Бугун-чи? Бугун ҳам миллат зиёлилари таълим ва тарбия йўлида бир дам тўхтагани йўқ. Инновацион оқимлар инсон онгу шуурини забт этишга улгурган бир паллада ҳеч бир кишига осон тутиб бўлмайди. Аммо гап ўқув китоблари, хусусан, адабиёт дарсликлари ҳақида борар экан, арзимас кўринган заррадай камчиликлардан ҳам кўз юмиб бўлмайди.

Хўш, бугунги кундаги адабиёт дарсликлари қай аҳволда? Улар давр талабига жавоб бера оладими?

Дарсликлар яратиш масъулиятли ва мураккаб ишлигини ҳисобга олсак, узлуксиз таълим тизими учун тайёрланган дарсликлар бир-бирини такрорламаслиги, аксинча мазмунан тўлдириши, ўқувчи билимини босқичма-босқич юксалтиришга хизмат қилиши лозим. Ҳозирги давр мактаб дарсликлари катта фундаментал иш сифатида эътирофга лойиқ. Лекин дарсликлардаги айрим ўринлар хусусида мулоҳазалар борки, уларни айтиб ўтишни лозим топдик.

Амалдаги 5-9-синф адабиёт дарсликларида ўқувчилар 67 нафар ўзбек ҳамда жаҳон адабиёти намояндаларининг ҳаёти ва ижоди, шунингдек, турли адабий жанрлар, бадиий тасвир воситалари ҳақидаги маълумотларга эга бўлишади. Ҳар бир мавзу охирида келтирилган савол ва топшириқлар ўқувчиларни мустақил фикрлашга ундайди.

Аввало, адабиёт дарсликлари ўқувчиларнинг ёш хусусиятлари ва руҳий дунёсига мос бўлмоғи керак. Шуни инобатга оладиган бўлсак, 5-6-синф ўқувчилари ҳали турли ўйинларга қизиқадиган, ҳар хил саргузаштларга бой эртак ва ривоятларни эшитишни хуш кўрадиган, мультфильмларни томоша қилиб чарчамайдиган ёшда бўлади. Мақолани ёзиш жараёнида чет эл адабиёт дарсликларини ўрганиб чиқдик. Масалан, 5-6-синф рус боласи А.Дюма, Ж.Верн, М.Твен, Э.Сетон-Томпсон, А.Гофман, Л.Толстой, А.Пушкин каби адибларнинг болаларбоп саргузашт асарларини ўқийди. Ўзимиздаги адабиёт дарслик­ларига ҳам ўқувчиларнинг ёш хусусиятларини инобатга олиб, эртак ва афсоналар, болалар ёзувчилари томонидан яратилган саргузашт асарлар киритилиши мақсадга мувофиқ, деб ўйлаймиз.

Тўғри, 5-6-синф дарсликларида шундай асарлар бор. Аммо уларнинг сафини кенгайтириш лозим. Шу мақсадда, ушбу синфларда ўзбек ёзувчиларидан Носир Фозилов, Эркин Малик, Анвар Обиджон, Қамбар Ота ҳамда жаҳон адабиётидан Л.Толстой, А.Пушкин, И.Крилов, Ж.Верн, Лафонтен, ака-ука Грим каби ижодкорларнинг болаларга аталган асарларидан намуналар бериш айни муддао бўларди. Юқорида номлари зикр этилган ижодкорлар ҳақида ўқувчилар эшитган бўлиши мумкин, аммо улар бу адибларнинг ижоди билан таниш эмаслар.

Тўғри, бу ижодкорларнинг китоблари нашр этилмоқда, балки мактаб кутубхонларига ҳам етиб борган. Аммо ўқувчилар уларнинг асарлари ҳақидаги маълумотларни энг аввало мактаб дарслиги орқали билиб олишлари керак эмасми?

Адабиёт дарсликларида берилган ижодкорларнинг таржимаи ҳоли ҳақидаги маълумотлар хусусида тўхталиб ўтсак. Айрим шоир-ёзувчиларнинг ҳаёт йўли баёнида фақат маълумотбоз­лик бўй кўрсатади. Ижодкор ҳаёти ва ижодига оид матнларда саналар, жой ҳамда асарлар номи кўплигидан, нафақат ўқувчи, ҳатто ўқитувчи ҳам шошиб қолади. Масалан, 5-синфда Мақсуд Шайхзода, 6-синфда Туроб Тўла, 7-синфда Мирмуҳсин ва Ўлмас Умарбеков, 8-синфда Фитрат, 9-синфда Фурқат каби ижодкорлар ҳаёти ҳақидаги маълумотлар шу қадар кўп ва қуруқ ҳолатда берилганки, бу ўқувчини толиқтириши, чалғитиши табиий.

Қуйидаги иқтибосга эътибор беринг: “…ёшлар газетасида адабий ходим, Ўзбекистон Давлат радиоэшиттириш қўмитасида муҳаррир ва сухандон, Ўзбекистон Давлат нашриёти (Ўздавнашр) муҳаррири, “Ўзбекфильм” киностудиясида сценарий бўлими мудири, Республика Киночилар уюшмасида котиб, Маданият вазирлиги санъат ишлари бошқармаси бошлиғи, Ҳамза номидаги театр директори, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳузуридаги Адабиётни тарғиб этиш маркази раҳбари” (6-синф, 1-қисм, 27-бет). Бу – шоир Туроб Тўланинг таржимаи ҳолидан парча. Ўқувчига ижодкорнинг қайси мансабда ишлагани эмас, қандай асар ёзгани, унинг мазмун-моҳияти аҳамиятли (аслида, бу ёшдаги бола бу лавозимларнинг фарқига бормайди ҳам).

Айрим ижодкорлар ҳақидаги мавзулар синф­дан синфга ўтаркан, ҳеч ўзгаришсиз, қўшимча ва тўлдиришларсиз кўчирилади. Масалан, 6-синфда келтирилган Муқимий ҳаёти ҳақидаги маълумотни олайлик. Шоирнинг вафотидан кейин, унинг 4-5 та тўплами нашр қилингани ҳақида айтмасак, 5-синф дарслигида берилган маълумотлар шундайлигича такрорланган. Шунингдек, Асқад Мухтор, Эркин Воҳидов, Ўткир Ҳошимов каби ижодкорларнинг ҳам таржимаи ҳоллари ўзгаришсиз, янги маълумотларсиз дарсликдан-дарсликка кўчиб ўтаверган.

Ҳазрат Алишер Навоий – маънавиятимиз қуёши, улуғ мутафаккир. Ул зоти шарифнинг ибратларга тўла ҳаёт ва ижод йўли мактабгача таълим муассасалари ҳамда бошланғич таълим жараёнидан ёш авлодга ўргатилиб келинаётгани таҳсинга лойиқ.

Аммо дарсликларда Навоий ижоди ҳақидаги мавзулар, бизнингча, тизимли равишда берилмаган. Масалан, 5-синфда улуғ шоир ҳаёти ва ижоди ҳақида икки саҳифа, 6-синфда эса бир саҳифагина маълумот берилган бўлиб, барчаси умумий гап­лардан иборат бўлиб қолган. Ваҳоланки, 6-синфда ўқувчилар Алишер Навоий ҳақида аввалги синфда берилмаган маълумотларни ўқиш­лари, ул зотнинг ҳаёти ва ижодига тааллуқли янги билимларга эга бўлишлари керак эди.

Айни шу 6-синфдаги Алишер Навоий мавзусидан кейин берилган савол ва топшириқлар қисмида “Алишер Навоий сиймоси акс этган қандай бадиий китоб ва бошқа санъат асарларини биласиз?” деган савол бор. Тўғри, 5-синфда адиб Миркарим Осим қаламига мансуб “Зулмат ичра нур” қиссасидан парча берилган. Ўқувчилар, агар яхши ўқиган бўлишса, шуни айтишлари мумкин. Аммо 6-синфнинг ўзида шоир таржимаи ҳолида бу ҳақда бирор гап айтилмаган. Ўқувчи бу саволга қандай жавоб бериши мумкин?! Дарсликнинг кейинги нашрларида Алишер Навоий сиймоси акс этган бадиий китоб ва бошқа санъат асарлари ҳақидаги маълумотлар ҳам киритилса мақсадга мувофиқ бўлар эди. Шунингдек, 6-синф дарслигида худди қуйи синфдагидек Навоий ҳақида ёзилган бирор асарни бериш фойдадан холи бўлмайди. Масалан, Ойбекнинг “Алишернинг болалиги” асаридан парчалар берилса, буюк бобокалонимизни қуруқ фактлар билан эмас, бадиий тасвир орқали яхшироқ танитган ва ўқувчиларда ул зотга нисбатан меҳрни янада оширган бўлардик.

Ҳозирги ўқувчилардан ҳазрат Навоийнинг қайси ғазалларини биласан, деб сўрасангиз, “Кеча келгумдир дебон…”, “Кўргали ҳуснунгни зору…” каби ғазаллари, “Ғурбатда ғариб…”, “Зоҳид санга ҳуру…” сингари рубоийларинигина айтишади, холос. Афсуски, бунинг асосий сабаби бир неча йилдан бери ўзгармасдан, шунда ҳам фақат 8-синф дарслигидагина бериб келинаётган “дежурний” шеърлар. Аслида, дарсликларда Алишер Навоий ижодидан намуналарнинг берилиш тизими ҳам мунозарали. Эътибор беринг: 5- ва 6-синфларда ҳазратнинг “Ҳайрат ул-аброр” ва “Маҳбуб ул-қулуб” асарлари, 7-синфда “Сабъаи сайёр” достонидан парчалар, 8-синфда бир туркум ғазал ҳамда қитъалари, 9-синфда эса “Фарҳод ва Ширин” достонидан парчалар берилган. Наҳотки, бутун бир ёш авлод фақат 8-синфда акаси, опаси, амакиси, холаси ёдлаган ғазалларни ёдлаши керак!? Ахир, ҳазрат Навоийнинг ўзбек тилида ёзилган 2600 дан ошиқ ғазали бор-ку!

Шу мақсадда ҳар бир синф дарслигига шоир ғазалларию рубоийларидан, қитъалари ва туюқларидан намуналар ҳамда уларнинг таҳлилларини киритиш лозим.

7-синфда “Сабъаи сайёр” достонидан парча берилган. Бизнингча, биринчи галда асар нима учун “Етти кезувчи” деб номлангани, унинг асосий сюжети ва мазмун-моҳияти ҳақида ўқувчига тушунча берилиши керак эди. Аммо бу асарнинг ғоявий-бадиий хусусиятлари, тузилиши ҳақида бир жумла бўлса-да, маълумот берилмаган. Шоир ҳаёти тугароқ, “Бешинчи иқлим йўлидан келган мусофирнинг достон оролиғи”, деб Меҳр ва Суҳайл ҳақида воқеалар бошланиб кетган. Аслида бу асар шоҳ Баҳром ҳамда унинг ҳусн ва тафаккурда тенгсиз бўлган ёри Дилором ҳақида бўлиб, Баҳромнинг шошқалоқлиги ва калтабинлиги оқибатида Дилоромдан айрилгани, Баҳромни чалғитиш учун турли рангдаги еттита қаср қурилиб, етти кеча унга турли ривояту афсоналар айтилгани, Меҳр ва Суҳайл ҳақидаги ривоят бешинчи кеча – чоршанба куни мовий қасрда бир жаҳонгашта сайёҳ томонидан айтилганини ўқувчилар билмай улға­йишмоқда. Шундай экан, “Сабъаи сайёр” қандай асар, деб сўраганингизда, Меҳр ва Суҳайл ҳақида дейишса, ҳеч ажабланманг…

Дарслик яратиш мушкул иш. Бунинг учун катта билим ва салоҳият, меҳнат қилиш керак. Шу боис китоблар бир нечта муаллифдан таркиб топган жамоа томонидан ёзилган. Амалдаги дарсликларнинг муаллифлари ҳам таниқли, чуқур билимга эга бўлган адабиётшунос олимлар. Дарсликлар 4-5 йилда янгиланади (охирги ўн йилликдаги янгиланиш­лар унчалик фарқ қиларли даражада эмас). Аммо муаллифлар ўзгармайди. Бизнингча, мактаб дарсликларини тузадиган муаллифлар таркибини қайта шакллантириш, тўлдириш керакдай. Бу билан ҳозирги дарсликларнинг муаллифи бўлган ҳурматли олимларимизни қатордан четлатиш керак, демоқчи эмасмиз. Фақат китобларнинг савиясини ва мавзу мундарижасини яна юксалтириш учун муаллифлар сафини кенгайтириш тарафдоримиз, холос. Дунёни теран англайдиган, уйғоқ фикрли китобхонларни тарбиялаб вояга етказиш адабиёт таълимининг кечиктириб бўлмас бирламчи вазифаларидан бири ҳисобланади. Шу маънода, илм-фаннинг энг сўнгги ютуқлари, адабиётшуносликнинг янги сўзи асосида замонамизнинг юксак суръати ва шиддатли тафаккури даражасига муносиб бўлган, мукаммал дарсликлар яратиш лозим. Бу ишга миллат болаларини севган, уларнинг келажаги ва маънавий дунёси учун ўзини жавобгар деб биладиган ҳар бир эзгу ниятли киши дахлдор бўлиши керак.

Шу мақсадда, дарслик-мажмуаларда адабиётнинг турли соҳалари – наср, назм ва драматургия йўналишлари бўйича илмий-тадқиқот олиб бораётган, турли олий ўқув юртларида адабиёт илми бўйича сабоқ бераётган, адабиёт ўқитиш методикаси билан мунтазам шуғилланаётган юксак салоҳиятга эга фан докторлари ва профессорларни ҳам жалб қилиш лозим. Бундай дейишга ҳам сабаб бор. 9-синф адабиёт дарслигида мумтоз адабиёт вакилларидан Навоий, Бобур, Машраб, Огаҳий, Фурқат каби улуғ шоирлар бор. Аммо дарслик муаллифлари сафида на навоийшунос, на бобуршунос, на огаҳийшунос, умуман олганда, мумтоз адабиёт олимлари бор. Агар ушбу дарслик муаллифлари навоийшунос олимларни ижодий ҳамкорликка чорлаб, бирга ишлаганларида эди, “Фарҳод ва Ширин” достонидаги “Машаққатдин йигитни эл қори дер/ Ки, қозилмиш ики-уч юз қори ер” байти “Мамлакатдин йигитни эл қари дер/ Ки, қозилмиш ики-уч юз қари ер” деб тушунарсиз ҳолда дарсликка киритилмасди. Ёки бўлмаса, 5-синфда Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳақидаги мавзуда шоирнинг “Ҳажрингда бу тун кўнгилда қайғу эрди / Васлингға етишмадим, жиҳат бу эрди / Оҳим тутуни бирла кўзимнинг ёшидин / Йўл балчиқ эди, кеча қоронғу эрди” рубоийсининг охирги икки мисраси шундай изоҳланади: “Кейинги икки сатрда шоир ҳазил-мутойибага ўтади. Фожиа ҳазил билан берилади…” Бизнингча, бу ердаги ҳолатни фожиа дейиш ва шоирнинг изоҳини мутойибага йўйиш тўғри эмас. Оҳ тутун каби атрофни туман каби зим-зиё қилиши, кўзидан оққан тинимсиз ёш сабаб ҳаммаёқ лой-балчиқ бўлиши – бу муболаға, бўрттириш санъатидир.

Шунингдек, дарсликларда берилган халқ оғзаки ижодига доир намуналар – турли халқ қўшиқлари, мақол ва топишмоқлар, достонларнинг таҳлилида ҳам фольклоршунос олимларнинг кўмагидан фойдаланиш мумкин эди…

Адабиёт дарсликларида бир қанча илмий-­услубий, имловий хатолар ҳам мавжудки, уларни тузатиш мақсадга мувофиқдир. Қуйидагиларга эътибор беринг:

  1. 5-синф дарслигида Имом ал-Бухорийнинг “Ал-жомеъ ас-саҳиҳ” китоби тўғрисида фикр юритилиб (31-бет), ушбу китобга 600 минг ҳадисдан 7397 та ҳадис киритилгани айтилган. 7-синф “Ўзбекистон тарихи” дарслигининг 102-бетида “Ал-жомеъ ас-саҳиҳ”га киритилган ҳадислар сони 7275 та деб кўрсатилган. Бир неча йил бўлдики, бу тафовут ҳеч кимнинг эътиборини тортмадими, шундайлигича қолиб кетаётир. Фараз қилинг, олий ўқув юртига кириш имтиҳонидаги абитуриентга она тили ва адабиёт, тарих ҳамда чет тилидан иборат тестлар тўплами келди. Икки фандан тузилган тестларда ҳам бир хил – Имом Бухорийнинг “Ал-жомеъ ас-саҳиҳ” китобига қанча ҳадис киритилган, деган савол берилди дейлик. Ўз-ўзидан маълумки, абитуриент иккала фан китобида қандай ёзилган бўлса, ўшани белгилайди.

Хўш, ўқувчиларни чалғитаётган маълумотнинг аслида қайси бири ҳақиқатга яқинроқ? Бу саволга тўғри жавобни 2017 йили “Ўзбекис­тон миллий энциклопедияси” Давлат илмий нашриёти томонидан нашр қилинган “Ислом” энциклопедиясидан топамиз: “Ундан (“Ал-жомеъ ас-саҳиҳ” – Ҳ. М.) Имом Бухорий томонидан тўпланган 600 мингга яқин ҳадис орасидан ишончли ҳадислар сифатида танлаб олинган 7275 ҳадис (такрорланадиганлари билан бирга) жой олган. Тўпламда такрорланмайдиган ҳадислар сони 4000 дан иборат” (415-бет). Ушбу энциклопедия бир неча тарихчи олимлар, исломшунослар, диний уламолар томонидан тайёрланган. Демак, ҳадисларнинг 7275 талиги ҳақиқат. Шундай экан, 5-синф адабиёт дарслигининг кейинги нашрида бу маълумот тўғриланади, деган умиддамиз.

– 5-синф адабиёт дарслигининг 2-қисмида Алишер Навоий 90 ёшли Лутфий билан кўришганида 12 ёшда экани айтилади. Ҳазрат Навоийнинг туғилган йилидан келиб чиқсак, бу воқеа 1453 йилда юз берган. 8-синф адабиёт дарслигида Лутфийнинг туғилган санасини 1366 йил деб кўрсатилган. 1366 га 90 ни қўшсак, 1456 ҳосил бўлади. Демак, бу маълумотда ҳам тафовут бор.

– 5-синфда турли афсона ва ривоятлардан иборат ҳинд эпоси сифатида “Панчатантра” ва “Калила ва Димна” алоҳида асарлар сифатида санаб ўтилган. 8-синфда эса у битта асар сифатида изоҳланган: “…санскрит тилида машҳур “Панчатантра”, яъни кейиналик “Калила ва Димна” номи билан машҳур бўлиб кетган буюк дидактик асар дунёга келади” (72-бет).

8-синфдаги маълумотга таянилса, иккала асар битта эканлиги ойдинлашади. Кўриниб турибдики, маълумотлар бир-бирини инкор қилади.

– 6-синфнинг 1-қисмида Туроб Тўланинг “Етти зоғора қиссаси” асаридан олинган “Дўнан” номли ҳикоянинг ҳажми тўрт саҳифа. Аммо ҳиқоя ҳақидаги таҳлил ундан катта – олти саҳифани эгаллаган. Бизнингча, таҳлилнинг ҳаддан зиёд кўплиги ўқувчининг фикрлаши учун имкон қолдирмайди.

– 6-синфда Ғафур Ғуломнинг “Шум бола” қиссаси берилган бўлиб, мавзу охирида шундай савол келтирилган: “Адабий асар асосида яратиладиган кинофильм ёки спектакллар ўша асар билан бир хил бўлиши керак, деб ҳисоблайсизми? Кинофильм ва қиссанинг ўзига хос ҳикоя йўсинини солиштиришга ҳаракат қилинг”. 12 ёшли болага бундай савол билан мурожаат қилиш тўғримикан?!

– 9-синфда берилган “Фарҳод ва Ширин” достонида ҳам мазмунга путур етказадиган бир қанча имловий хатолар бор. Масалан: “Бу фарни ҳодийи бахт етгач иршод, Равон шаҳзода отин қўйди “Фарҳод” (аслида “Бу фарни ҳодийи бахт этгач иршод, Равон шаҳзода отин қўйди “Фарҳод”); “Бу жалвалким, чекибдурлар арода, Ариқ қозмоқ қилибдурлар ирода” (аслида “Бу жадвалким, чекибдурлар арода, Ариқ қозмоқ қилибдурлар ирода”); “Не имконим қарор ўлғай кўнгулга, Тасалли ошкор ўлғай кўнгулга” (аслида “Не имконким қарор ўлғай кўнгулга, Тасалли ошкор ўлғай кўнгулга”).

– Яна шу синфда мустақиллик даври ўзбек адабиёти ҳақидаги мавзуда “Шоирнинг тўйи”, “Чапаклар ва чалпаклар мамлакатида” номли асарлар муаллифи сифатида “А.Аъзам” деган исм-шариф кўрсатилган. Замонавий ўзбек адабиётидан бохабар бўлган киши бу асарлар Аҳмад Аъзамга эмас, Эркин Аъзам қаламига мансублигини билади.

– 5-синфда Саъдий Шерозий ҳаёти ва ижодидан кейин берилган топшириқларда шундай савол билан мурожаат қилинади: “Табъи айбжўйлик бўлса агар бас, Товус оёғидан бошқасин кўрмас” сатрлари маъносини тушунтириб беринг”. Хўш, 12-13 ёшли бола шу саволга жавоб топа оладими? Аслида, Шайх Саъдийнинг асарларидан олинган шеърий парчаларни биринчи галда таҳлил қилиш, ўқувчиларга соддароқ тилда тушунтириш лозим эди. Аммо муаллифлар бундан чекиниб, юқоридаги каби саволлар билан ўқувчини ўйлантириб қўйишмоқда.

Шу ўринда муҳим бир масалага тўхталсак. Тил ва адабиёт соҳасининг ҳам илмий, ҳам амалий жабҳаси бўлган муассасалар – Ўзбекистон Фанлар Академияси тасарруфидаги Ўзбек тили, адабиёти ва фольк­лори институти, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, шунингдек, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети нега дарслик яратиш жараёнига жалб қилинмайди? Келажак эгаларининг тафаккурини ривожлантириш ва уларнинг кўнглига эзгулик ҳамда тўғрилик уруғларини қадашда, наҳотки, саноқли мутахассисларнинг мақолаларию тақризлари етарли бўлса?! Бизнингча, бу ишда кўпчилик бўлиб, баҳамжиҳат ишлаган маъқул. Шу боисдан ҳам, юқорида санаб ўтилган ташкилотларни дарслик яратиш жараёнида бевосита иштирок этишлари, ўз фикр-мулоҳазалари билан дарсликларнинг янада мукаммалроқ бўлишига ҳисса қўшишлари керак.

… Яқинда олий ўқув юртига кириш учун репетиторга қатнайдиган бир йигит билан суҳбатлашиб қолдим. Адабиёт соҳасига яқинлигимни билиб, “Ҳозир ҳам тирик шоирлар борми?” деб қолди. Дафъатан кулиб юбордим. Кулганимдан хижолат бўлдими, “Тўғри-да, дарсликдаги ҳамма шоирлар вафот этган. Ҳозир ҳам яшаб ижод қилаётганлари киритилмаган, демоқчиман”, деди. Бу гапдан кейин эса кулолмасдим, аксинча, ич-ичимдан хўрсиндим. Негаки, бу йигит дарсликка қараб, бугунги кунда адабий асарлар яратилмаяпти, бош­қа шоир-ёзувчи йўқ экан, деган хаёлга бораётир.

Афсуски, бундай ёшлар (абитуриентлар) кўплаб топилади. “Буларнинг ҳозирги адабий жараёндан узоқлигига ўзлари айбдор, газета-журнал ўқишмайди, телевидениедаги бадиий-маърифий кўрсатувларни кўришмайди”, дейдиганлар ҳам топилса керак. Балким.

Яхшиямки, олий ўқув юртларидаги кириш имтиҳонларида она тили ва адабиёт фани қўйилган эканки, кўпчилик ёшлар тест учун бўлса-да, шоир-ёзувчиларимизнинг ҳаёти ва ижодини ўқиб, ёдлашмоқда.

Шу маънода, адабиёт дарсликлари бугунги адабий жараён даракчиси бўлиши ҳам керак. Омон Матжон, Муҳаммад Али, Ҳалима Худойбердиева, Мурод Муҳаммад Дўст, Эркин Аъзам, Хайриддин Султонов, Йўлдош Эшбек, Усмон Азим, Хуршид Даврон, Азим Суюн, Мирза Кенжабек, Хуршид Дўстмуҳаммад, Эшқобил Шукур, Сирожиддин Саййид, Назар Эшонқул, Иқбол Мирзо, Шойим Бўтаев, Луқмон Бўрихон, Исажон Султон, шунинг­дек, марҳум ижодкорлардан Муҳаммад Раҳмон, Матназар Абдулҳақим, Аъзам Ўктам, Равшан Файз каби шоир-ёзувчиларнинг борлиги, уларнинг ажойиб асарлари ўзбек адабиётининг энг яхши намуналари эканлигидан бехабар авлоднинг кўплигига ҳам айни шу ҳол – мактаб дарслигида замонавий ўзбек адабиёти вакилларининг, “тирик” ижодкорларнинг йўқлиги сабаб бўлаётир. Бундан ташқари, Шукур Холмирзаев, Рауф Парфи, Шавкат Раҳмон каби ижодкорларнинг юрт ва миллатни севишга ундайдиган, эрк ва озодлик каби муқаддас туйғуларни ўз асарларида бош ғоя сифатида акс эттирган асарлари негадир дарсликдан тушиб қолди… Уларнинг ўрнига киритилган Саида Зуннунова, Хайриддин Салоҳ, Туроб Тўла, Мирмуҳсин каби ижодкорларга эҳтиром кўрсатган ҳолда исмлари аввалроқ келтирилган шоир-ёзувчилар ҳақида ҳам ўқувчилар билиши, асарларини ўқиб ўрганишлари лозим, деб ҳисоб­лаймиз.

Тўғри, 9-синф дарслигининг охирги мавзусида мустақиллик даври ўзбек адабиёти ҳақида мухтасар маълумот берилган. Аммо ушбу мавзу май ойининг охирларига тўғри келишини инобатга олсак, бу мавзунинг ўтилиши гумон (ушбу мавзу матни мустақиллик давридаги ўзбек адабиётининг аҳволи ҳақида хориж журналида эълон қилиш учун ёзилган тақризга ўхшайди: муаллиф ва асар номлари кўп, умумий гаплардан иборат). Қолаверса, ўқув йили охирида дарслар таътил кайфиятида ўтилиши сир эмас. Айниқса, 9-синф ўқувчилари битирув имтиҳонларига тайёргарлик кўриб, нафақат адабиёт, балки бошқа фанларни ҳам диққат билан ўқиб, ўзлаштиришмайди. Шунинг учун ҳеч бўлмаганда 7-, 8-, 9-синфларда юқорида номлари санаб ўтилган ижодкорларнинг ҳаёти ва ижодини ёритиш айни муддао бўлар эди.

Шу ўринда яна бир нарсани эслаб ўтиш керак. Академик лицейларнинг 3-босқич адабиёт дарслигининг охирги бўлимида мустақил ўқиш учун ҳозирги адабий жараён вакиллари асарлари берилган. Аммо булар ҳам ўқувчилар томонидан катта қизиқиш билан ўқилмайди. Сабаби бўлимнинг номидан билиниб турибди: мустақил ўқиш учун! Шунинг учун ҳам ҳозирги давр ижодкорларини мактаб дарсликларига киритиш зарурий ҳолга айланди.

Юқоридаги барча фикрлар оддий бир китобхоннинг мулоҳазалари деб қаралишини истардик. Биз дарсликлар муаллифларини танқид қилиш ёки уларга ақл ўргатиш иддаосидан йироқмиз. Истагимиз, ушбу фикрлар таклиф сифатида қабул қилиниб, агар маъқул бўлса, кейинги нашрларда эътиборга олинса…

«Ёшлик» журнали, 2018 йил, 3-сон