Муҳаммади Норқулов умр йўлдоши Зефина опа билан бир ўғил, тўрт қизни тарбиялаб келишади. Роппа роса бир йил бурун эса улар ана шу фарзандлари қаторига яна саккиз нафар Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларини қабул қилганларини эшитганлар орасида ишонганлар ҳам, ишонмаганлар ҳам бўлди. Аслида ўзи ҳам диёнатли оилада вояга етиб, болалигидан меҳр-оқибат, бағрикенглик, мурувват ва одамийлик руҳида тарбияланган Муҳаммади ака анча йиллардан буён, тўғрироғи, Бойсундаги 12-Меҳрибонлик уйига раҳбар этиб тайинланган кунлардан ушбу эзгу ниятни кўнглига тугиб юрганди.
2007 йилда Вазирлар Маҳкамасининг «Оилавий болалар уйлари тўғрисида»ги Низомни тасдиқлаш ҳақидаги» қарори қабул қилингач, нияти қатъийлашди. Дастлаб бу ҳақда аёлига маслаҳат солиб кўрди.
— Савоб ишнинг бошини тутибсиз дадаси, — Зефина опанинг кўзларига ёш қалқиди, — бир етимнинг бошини силаганнинг етмиш савоби бор деганлар.
— Тўғрику-я, аммо масаланинг нозик жиҳатлари ҳам бор-да. Биласан, меҳрибонлик уйида тарбияланаётган болалар учун давлатимиз томонидан яратилган шарт-шароит, уларга кўрсатилаётган ғамхўрликлар ҳар қандай таҳсинга лойиқ. Бироқ, уларнинг кунлик ҳаёт тарзини кўпдан кузатиб, бир нарсага амин бўлдим — етим болалар қалбидаги бўшликни ота-она меҳри билангина тўлдириш мумкин экан. Бу ҳақда кўп ўйлаб, сенга маслаҳат солишим бежиз эмас. Эртага биз улар учун энг зарур бўлган ота-оналик меҳрини бера оламизми, ўз фарзандларимиздан кам кўрмай тарбиялай оламизми, демоқчи эдим.
Ўша кунги маслаҳат асносида эр-хотиннинг фикрлари бир жойдан чиқди.
Бойсунлик Муҳаммади Норқулов ҳамда Зефина Саидовалар хонадонида оилавий болалар уйи ташкил этилган дастлабки кунларда оила бошлиғи билан телефонлашиб, мақола ёзиш ниятини билдирдим. Аммо Муҳаммади ака бундай янгиликнинг афзаллиги хусусида ҳеч бўлмаганда унинг бир йиллик фаолияти натижаларини таҳлил қилгандан кейингина бирор фикр билдирмоқ мақсадга мувофиқ бўлишини айтганди. Шу боис ўша суҳбатимиздан роппа-роса бир йил ўтиб, у кишининг хонадонига ташриф буюрдик.
Очиғи, тўққиз нафар ўғил бола тарбияланаётган уйда бироз бесаранжомлик бўлиши табиий эканини кутгандик. Лекин кўча дарвозадан кирибоқ ҳовлидаги озодалик хусусан, болалар учун ажратилган ётоқхона, ўқув, дам олиш хоналаридаги саранжом -саришталикни кўриб баҳри-дилимиз очилди. Болалар дарсдан қайтишгач, тушлик қилиб, ўзларига тегишли уй юмушлари билан машғул эканлар.
— Машғулотлардан бўш пайтда барчанинг ўз юмуши бор,— дейди Муҳаммади ака болаларнинг ишига завқланиб боқар экан. — Қизлар оналари билан уйдаги тозалик, пишир-куйдирдан ортишмайди. Катта ўғил Турдимурод билан Фарид ҳовлидаги боғни парвариш қилишади. Бозор-ўчар ишлари Рамазон билан Холмирзанинг гарданида. Артур эса Рамазон билан қўй-қўзиларни боқади. Бўш пайт топилди, дегунча иккаласи қўранинг атрофида куймаланишади.
— Ўзингизнинг фарзадларингиз билан бирга 11 нафар бола тарбиялаяпсизлар. Боз устига бир хонадонда беш миллатга мансуб болалар. Қийналмаяпсизларми?
— Аввалига болалар оила шароитига кўниккунларича бир-оз қийинчилик бўлгандир. Ҳозир ҳаммаси изига тушган. Эътибор қилган бўлсангиз ётоқхонада тўққиз нафар болага ўрин тайёрланган. Ўз ўғлим Турдимурод ҳам меҳрибонлик уйидан келган саккиз нафар болалар билан доимо бирга ва бу ҳолни табиий қабул қилиши керак. Зотан, меҳрибонлик уйида болалар жамоавий тарбия оладилар. Бу ерда уларга соф оила муҳитида таълим-тарбия бериш устувор талаблардан бири ҳисобланади. Оилавий болалар уйида тарбиячи ҳам, директор ҳам, қолаверса ўнлаб назоратчи-ю, ўқитувчи ҳам йўқ. Фақат ота-она ва фарзандлар бор, холос. Болалар бир-бирига опа-ука, ака-сингил. Улар бизга ота-онам деб, биз эса ҳар бирига «ўғлим» деб мурожаат қиламиз.
— Эшитишимча оилангиз бағрида тарбия олаётган саккиз нафар сағир болалар бу ерга келгунича умуман оила нималигини билмаган, оила муҳитида яшамаган эканлар?
— Шунинг учун ҳам уларни оила муҳитига аста-секин кўниктиришга тўғри келди. Айниқса, болаларнинг вақтларини тарбиячилар кўрсатмалари асосида ўтказишга кўникиб қолганлари оила муҳитида уларга анча ноқулайликлар вужудга келтирарди. Дастлаб болалар ўзларининг ҳар бир хатти-ҳаракатлари, айтайлик, вақтида дарс тайёрлаш, дам олиш, ҳатто телевизор томоша қилиш учун ҳам биздан махсус кўрсатма кутиб тургандай бўларди. Шунинг учун ҳам ишни энг аввал болалар онгига оила ва оила муҳити нима эканини сингдиришдан бошладик. Масалан, мен ва турмуш ўртоғим учун бу болалар ўз фарзандимиздек бўлгани каби улар учун ҳам ота-онадек эканлигимиз, шу оиланинг барча қариндош-уруғлари ва яқинлари улар учун ҳам қариндош экани, қўни-қўшниларнинг болалари уларнинг ҳам ҳамсоя-ўртоқлари эканлиги каби. Биласизми, кейинчалик болалар оила муҳитига шунчалик киришиб кетишдики, эндиликда менинг синглим улар учун амма, укам — амаки, турмуш ўртоғимнинг биродарлари эса тоға-ю, хола ҳисобланади ва болалар уларга худди шу тарзда муомала қилишга кўникиб қолишган. Бундан ташқари болалар қариндошлар, қўни-қўшниларнинг тўй-маъракаларида бемалол иштирок этишадилар ва миллий урф-одатларимиз, маросимларимиз билан яқиндан танишиш, уларни ўрганиш имкониятига эга бўладилар. Шу тобда ўтган ёз оқшомларидан бирида бўлган воқеа эсимга тушди. Қиз узатиш тўйида кундузги тадбирларда иштирок этгач, кечки базмга чиқмай кичик болалар билан уйда қолдим. Суҳбатлашиб туриб кенжамиз Фарруҳ дабдурустдан «дада, мен катта бўлсам шундай тўй қилиб берасизми, ахир бизларни ким уйлантиради», деса-чи? Меҳрибонлик уйи шароитида ҳали бирорта тарбияланувчилардан бу каби савол эшитмагандим. Кўнглим алланечук бўлиб кетди. Демак, оила муҳитида ўсган бола жамоавий тарбия олганлардан фарқли ўлароқ у ҳам униб-ўсиши, вақти келиб ўзи ҳам оила яратиши кераклиги ҳақида мушоҳада қила бошлабди. Ўтган бир йиллик тажрибадан келиб чиқиб шундай хулоса қилдим: меҳрибонлик уйида болага ҳар қанча таълим-тарбия, билим бериш мумкин, лекин инсон учун унинг келгуси ҳаётида керак бўладиган энг муҳим ҳаётий эҳтиёж оила ва оилани бошқариш миллатидан қатъий назар ҳар бир инсон учун энг олий қадриятлардан бири эканини ўргатишнинг ҳеч ҳам иложи йўқ. Бола бундай тушунчани фақат ва фақат оила бағрида яшаб ўзига сингдириши мумкин.
— Сиз юқорида «оилавий болалар уйи Низоми» ҳақида тўхталдингиз. Назаримда, оилавий болалар уйида тарбияланаётган болалар учун тегишли сарф-харажатлар Низомга кўра давлат томонидан таъминланиши кўзда тутилгандир?
— Албатта, харажатлар худди меҳрибонлик уйларидек бюджетдан қопланади. Оилавий болалар уйи фаолиятини, унинг молиявий жиҳатларини юритиш хусусида ушбу Низом тасдиқлангандан кейин халқаро ЮНЕСКО ташкилоти ҳамда «Сен ёлғиз эмассан» жамғармалари томонидан ўтказилган семинарларда оилавий болалар уйларини юритиш тадбирлари хусусида етарли билим ва маълумотлар берилди ҳамда ушбу тадбирлар дастлабки тайёргарлик босқичи сифатида эътироф этилди. Айни пайтда оилавий болалар уйи фаолияти тўлиқ ана шу тартиблар ва Низом талаблари асосида олиб борилмоқда.
Шу ўринда масаланинг яна бир муҳим жиҳатига эътибор қаратмоқчиман. Мен юқорида оилавий болалар уйи тарбияланувчиларининг деярли юз фоиз оила муҳитида униб-ўсишлари, тарбияланишлари таъминлансагина оилавий болалар уйларини ташкил этишдан кўзлаган мақсадга эришиш мумкинлигига ишора қилгандим. Бунга эришиш учун эса фақат ташқаридан бериладиган таъминот билан кифояланмай, балки оиланинг шарт-шароитидан, айтайлик, болаларни оила муҳитига янада яхшироқ кўниктира олиш мумкин бўлган имкониятлардан фойдаланиш лозим. Мана бир мисол, болалар баҳорда уй учун соғин сигир, қўй-ечки олсак оила бюджетига даромад бўлади, деган таклиф билан чиқишди. Таклиф маъқул келиб, шахсий жамғармамиз ҳисобидан соғин сигир, қўй-қўзи сотиб олдик. Натижада йил давомида болалар сут-қатиқдан қийналишгани йўқ. Бўрдоқига боқилган моллардан келган фойдадан эса болаларга қўшимча кийим-кечак олаяпмиз, байрамларда оилавий тадбирлар ўтказаяпмиз. Хуллас, машғулотлардан бўш пайтларда болалар ҳам оила бюджетини тўлдиришга кўмак беришаяпти, ҳам иш ўрганишаяпти.
Суҳбат орасида Муҳаммади аканинг фарзандларидан «Оила шароитида яшаш афзалликлари ҳақида қандай фикрдасиз?» деган саволимга деярли ҳамоҳанг жавоблар олдим.
Фарид (рус): Тўғрисини айтсам, ўзга оламга тушиб қолгандек бўлганман. Чунки бу ердаги укаларимга нисбатан кўпроқ вақт меҳрибонлик уйида яшаганман. Бир йил давомида оила бағрида яшаган кунларим ҳаётимни тамоман бошқа изга тушириб юборди.
Артур (татар): Онам билан дадам менинг келажагим, тақдирим ҳақида фақат умидбахш фикрлар айтиб, яхши инсон бўлиб етишишимга даъват этиб туришади. Мен улар учун энг ибратли фарзанд бўлиб қолишга ҳаракат қилаяпман.
Болалар кечки машғулотга ўтишгандан кейин ҳам Муҳаммади ака билан суҳбатимиз анча давом этди. Ушбу суҳбат ва Муҳаммади Норқулов хонадонидан олган таассуротлардан эса шундай хулоса қилиш мумкин: ҳозирча тажриба сифатида йўлга қўйилган оилавий болалар уйларининг келгусида оммавийлашиши ҳаётимиздаги яна бир муаммо — тақдирнинг аччиқ қисматига ташлаб қўйилган Артур, Фарид, Рамазон каби минглаб бегуноҳ етимлар ҳаётини изга солиб юборишга, уларни оила, ота-она бағрига қайтариб, ҳаётда ўз ўрнини топишига йўл очиши муқаррар.
“Ҳуррият” газетасидан олинди (2009).