– Тошкент шаҳри атрофида радиоактив чиқиндилар кўмилганми?
– Бухоро ва Қизилқумдаги улкан газ захираси Россияга ташиб кетилганми?
– 1966-1979 йиллар орасида Бухорода 4 марта ядро портлашлари бўлганми?
– Газли зилзиласининг асл сабаби нимада?
– Орол денгизидаги оролларда биокимёвий қуроллар синалганми?
– Тошкент зилзиласи уюштирилганми?
– Бизга АЭС керакми?
Машҳур ёзувчи, публицист Дадахон Нурийнинг инкор этиб бўлмас факт, далил-ашёлар ва гувоҳларнинг сўзлари ҳамда ўз кўрганлари асосида кўтарган мулоҳазалари қалби очиқ ҳар бир ўқувчини мушоҳадага чорлайди.
“Виждон ҳайқириқлари” триптих-романининг иккинчи фасли ҳисобланмиш ушбу китоб муаллифи бундан сал кам 50 йилча муқаддам Бухоро ва унинг узоқ-яқин сарҳадлари бўйлаб қилган ижодий сафари пайтида “қадимий шаҳарга бомба қўйиб портлатиш” мақсадида, унинг карта ва чизгиларини қоғозга тушириб, кўздан ғойиб бўлган, қўпорувчи “шпион”нинг шериги дея гумонсираб, қўлга олиш чоғида пистолетдан отилган ўқдан тасодифан омон қолган унутилмас кундан бошлаб (бу ҳақда ёзувчининг саргузашт қиссаси бор) ҳозиргача йиғиб, ўрганилган далил ва ҳужжатлар асосида асл қўпорувчилар ким эканлигини очиқ баён қилган. Адиб мазкур асар мавзуси билан боғлиқ пайдо бўладиган ҳар қандай саволга жавоб беришга тайёр.
ДАДАХОН НУРИЙ
ЯДРО БОМБАСИ БИЗГА КЕРАКМИ?
(“Виждон ҳайқириқлари” номли триптих-романнинг иккинчи қисми)
Тошкент – 2018
Дадахон Нурий дастлаб лирик қисса, романлари орқали танилган. Сўнг “А. Қаҳҳор мактаби”да олган сабоқлар таъсирими, жиддий публицистик асарлари билан майдонга чиқа бошлади.
Адиб томонидан инкор этиб бўлмас факт, далил-ашёлар билан кўтарилаётган муаммоларнинг деярли ҳаммаси тасдиғини топар, албатта ҳал этиларди. Ҳукумат Қарори чиққан пайтлар ҳам бўлган. Унинг ижодига мунаққидлар “Мудраб ётган публицистика жанри ғафлат уйқусидан уйғонди” (О.Шарафиддинов) дея, баҳо бера бошладилар.
Айниқса, ўтган аср 80 – йил ўрталаридан эълон қилина бошлаган Ўзбекистондаги ачинарли экологик аҳволга доир “Бизга бомба керакми?” номли туркум мақолалари кўп шов-шувларга сабаб бўлди. Устоз Абдулла Қаҳҳор қисмати унинг бошига ҳам тушди; қўрқитув, таъқиб, “огоҳлантириш”ларнинг кети узилмай қолди. Давлат “Ахборот” Агентлиги республикадаги барча матбуот саҳифалари орқали ёзувчини “Ҳарбий сирни очиб юборган”ликда айблаб, “трубунал” олдида жавоб бериши керак”лиги ҳақида расмий хабар тарқатди. Ва унга қарши узоқ муддатли суд “процесси” уюштирилди. Бироқ, адиб қаламига хиёнат қилмай, ўз сўзида собит тургани, “ютиб” чиққани ҳануз кўпчиликнинг ёдида.
Демак, муаллиф томонидан кўтарилаётган “Бомба” муаммоси тасодифий эмас, шўроча даврнинг асоратларидан биридир.
* * *
Яратганнинг инъоми – табиат оламини тараққиётнинг темир қадамлари остида пайхон қилинаётганини кўриб туриб, бефарқ бўлиш гуноҳи азимдир.
Лев Толстой
Арз-додимизни эшитсинлар деб, овозимизни қаттиқроқ чиқариб гапиришга мажбурмиз.
Рабиндранат Тагор
ИҚТИБОСЛАР
Дадахон Нурий Швейцарияга қиёслагудек Бўстонлиқнинг экологик “фронти”да дунёни титратиб турган “СССР” деган мамлакат Ҳарбий Вазири билан олишиб, қутурган буқанинг думига челак боғлаган ёзувчидир.
Озод ШАРАФИДДИНОВ,
Ўзбекистон Қаҳрамони.
“Ижодни англаш бахти”. 1998 й. 27 апрел.
* * *
Дадахон ёзаётган гаплар ҳаммамизнинг кўнглимизда аллақачон етилган, бонг уриб айтиш керак бўлган гаплардир. Унинг ҳар бир асарида қуруқ гап йўқ, инсофга даъват бор. Унга қулоқ солмоқ керак.
Эркин ВОҲИДОВ,
Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири.
“Инсофга даъват”.1988 й. 15 май.
* * *
Дадахон билан Қаҳҳор домла ҳузурига кириб, у кишининг оқ фотиҳасини олганмиз. Шундан бери бу укамнинг ҳар бир ёзган асарини кузатиб бораман. Унга ҳавасим келади. Айниқса, “Қулатилган чинорлар паноҳи” китоби ўзига хослиги билан ажралиб туради.
Тўлепберген ҚАИПБЕРГЕНОВ,
Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси.
“Ёзувчи укамга мактуб”дан 2007 й. 24 июл.
* * *
Американи кашф этганлар кўп. Лекин, Дадахон Нурий ўзбеклардан биринчи бўлиб Американи ўзининг қарийб саккиз юз бетли “Ниқобсиз Америка ва бошқа манзилгоҳлар” деган романи, маърифий романи (!) билан кашф этган адибдир. Бу романда қаламга олинган кенг миқёсли мавзу – дунёда кечаётган талатўпли воқеалар, сиёсий ўйинлар бир ўзак атрофига бирлаштириб, шунчалик маҳорат билан, ёрқин бўёқлар орқали тасвирланадики, ўқиб, ҳайратга тушасан, киши.
Мен бу китобни икки марта ўқиб чиқдим. Бошқаларга ҳам ўқишни маслаҳат берардим. Чунки, бу асардан жуда катта информация олиш мумкин. У – кишининг фикрлаш дунёсини кенгайтиради, ҳозирги глобаллашув даврида оламда кечаётган воқеаларга ҳушёр бир нигоҳ билан қарашга ундайди.
Иброҳим ҒАФУРОВ,
Мунаққид. 2012 й. 30 март.
* * *
Бугунги ўзбек адабиётида Дадахон Нурийни энг фаол эссечи деб биламан. Бир нечта эссе китоблари чиқди. Аммо, матбуотда уни дурустроқ мақталганини билмайман. Ҳолбуки, бунақанги жонкуяр, юртпарвар адибни топиш қийин.
Шукур ХОЛМИРЗАЕВ,
Ўзбекистон халқ ёзувчиси.
“ЎзАС” газетаси, 2003 йил, апрель
* * *
Дадахон Нурий қалами нурли, тили равон ижодкор ҳамда дилбар инсон. Мен у кишини ўзимнинг энг яқин қадрдонларим қаторида кўраман.
Доктор Абдул ҚОДИР ХОН.
Покистон ядросини яраган машҳур физик олим.
Адиб асарига ёзилган “Сўзбоши”дан.
18 май.1998 йил. Исломобод.
* * *
Муҳтарам Дадахон Нурий жаноблари!
Бизда – урду тилида босилиб чиққан асарингизни қизиқиш билан ўқиб чиқдим. Бу халқларимиз орасидаги дўстлик ришталарининг мустаҳкамроқ боғланишига катта хизмат қўшишига аминман…
Хатим сўнгида мухлисларингиз қатори Сизга сиҳат-саломатлик ва ижодий омадлар тилаб;
Муҳаммад Наваз ШАРИФ,
Покистон Ислом республикаси Бош вазири.
Исломобод, 1999 й. 25 феврал.
* * *
Дадахон Нурий асарларида китобхон диққатини дарров ўзига тортиб оладиган сеҳрли жоду бор деб, бемалол айта оламан.
Қамар РАИС,
Деҳли университети профессори.
“Адиб ижодига чизгилар”дан.
“Дҳармьюг” журнали, 1998 й. Июнь. Ҳиндистон
Ўтган замонларда ҳақ гап учун Насимийнинг тилини кесиб, терисини шилганлар, етмиш ёшли Машрабни дорга осганлар. Ҳозир замон ўзгарган, бошқача. Нималардир деган бўлсам, унчалик қаттиқ жазога лойиқ гуноҳ қилмагандурман.
Абдулла ҚАҲҲОР
Ёзувчини Москвага, даволашга олиб кетишларидан олдин яқин дўстлари ва шогирдлари билан хайрлашув пайтида айтган сўзларидан. 1968 йил 5 апрел.
(Дадахон Нурий томонидан чизиб олинган устознинг сўнгги “қоралама” сурати.)
МУАЛЛИФ ИЗОҲИ
2014 йил бошларидан АҚШ бўйлаб “Жон Стейнбек изидан номаълум Американи излаб” қилган навбатдаги ижодий сафарим чоғида Нью-Жерси штатида жойлашган, ер қуррасида рўй берувчи зилзила ва бошқа фавқулодда ҳодисаларни ўрганиш ва олдиндан таҳлил қилиш Маркази – Рамапо Олийгоҳида бўлиб, Марказий Осиё минтақаси мамлакатларида узоқ йиллар илмий тадқиқот ишлари олиб борган, шу соҳа бўйича Халқаро миқёсда таниқли олим, аввалдан танишлигимиз бор (бундан бир неча йил олдин Тошкент сейсмология Марказининг директори, чет элларда ҳам номи таниқли, ўз соҳасининг билимдони, ён қўшним Зуфар Боқиевнинг хонадонида кўришгандик), профессор М. Уилсон жаноблари билан учрашгандим. Ўшандаги ўзаро гурунгда у кишининг:
– Орол қуриб бўлди. Ҳозирча ундаги туз ва қумларни бир неча метрли намлик ушлаб турибди, яқин йиллар ичида намлик буғланиб бўлгач, мисли кўрилмаган қуюнлар “мавсуми” бошланади… Бухоро, Қизилқум атрофларидаги ерости “бўшлиқлари”да ҳам “тўртинчи ўпирилиш”лар бўлиш эҳтимоли йўқ эмас, – деган сўзлари аввалига менга “шунчайки”га ўхшаб туюлган бўлса-да, кейин ўйлантириб қўйди.
Алла маҳалгача уйқум келмади. Соатга қарасам – ярим тун. Ўзбекистонда эса, қуёш терак бўйи кўтариладиган пайт.
Америка сафарида бўлган кўпчиликка у ердан туриб, дунёнинг исталган жойи билан гаплашиш, биздаги ён қўшнига қўнғироқ қилишдан ҳам осонроқ эканлиги яхши маълум…
Беихтиёр, ҳамқалам дўстим, Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси Ўрозбой Абдураҳмоновни эслаб, “рақами”ни тердим.
Бироз вақт ўтгач;
– Алло, – деган жавоб эшитилди.
– Ўрозбой ошна, бу “Америка овози” эмас! АҚШдан, мен гапиряпман. Сизга тааллуқли янгиликдан хабардор этиб қўймоқчиман, – дедим-да, Американинг таниқли олимидан эшитганларимни қисқача гапириб бердим. Сўнг, сал уни “шашти”дан туширмоқчи бўлиб, – ҳа, энди ким нималар демайди; “охир замон” бўлишини йили, ойи, кун ва соатигача башорат қилганларнинг қанчасини кўрмадик. Аввали – Худо! Ваҳимага берилмаслик керак, – деб қўйдим.
Бунга ҳам тўрт йилдан ошай деб турган кунларнинг бирида Ўрозбой менга телефон қилиб қолди:
– Америкадан туриб қилинган “башорат” ҳақиқат бўлиб чиқди. Бизда бутун борлиқни “цунами”га ўхшаш қуюн ўз заптига олиб, ҳовлидаги кичкина боғимиз устига туз аралаш қум ёғилмоқда…
Оролда юз берган фожиа бутун дунёга тарқалди. Ҳатто, айрим ҳинд газеталари саҳифаларида Ганг дарёсида “шўрланиш” кузатиляпти, деган хабар пайдо бўлгани ҳақида миш-мишлар ҳам қулоққа чалиниб қолди.
Бизда, шўро давридан қолган, ҳамон патос боғлаб ётган, тузалмас дарду бедаво бор. Ундан қутулиб ололмаган амалдорлар анчагина. Улар худди ўт ўчирувчи касбини шифокорликка алмаштириб олган кишиларга ўхшашади. Бемор талваса ҳолатига тушгандан кейингина жон-жаҳд билан “жонлаштириш” ҳаракатига тушиб қоладилар.
Навбатдаги Орол “талвасаси” ҳам унча-мунчага ҳушёр тортавермайдиган мамлакат табиатини муҳофаза қилиш сардорларини оёққа қалқитиб юборди.
Зудлик билан Тошкентда Орол муаммосига бағишланган Халқаро Анжуман чақирилди.
Қизиғи шундаки, қарийб ярим асрдан ортиқ вақт мобайнида “Оролим” дея, азиятлар чекиб, фидойиларча курашиб келаётган, ижодининг асосий мавзуи Орол қисмати билан чамбарчас боғланиб кетган Қорақалпоқ халқининг машҳур ёзувчиси Ўрозбой Абдураҳмонов негадир шу тадбирга таклиф этилмади.
Ҳатто, адибни Тошкентдан ташриф буюрган меҳмонлар учун жафокаш Оролдаги “Кемалар қабристони”да уюштирилган “маросим”га ҳам таклиф этиш “унутиб” қўйилди.
Нима бўлса ҳам бу Халқаро Анжуман тинчгина ими-жимида ўтишини истовчи валломатлар йўқ эмасди.
Шу кеча-кундузда президентимиз томонидан куйинчаклик билан “энди аввалги ақидалар асосида яшаш даври ўтди” дея, таъкидлаб, биз ижодкорлар олдига кўпдан бери йиғилиб қолган ҳар соҳага доир долзарб муаммоларни очиқчасига, дадиллик ва ҳалоллик билан кўтариб чиқиш вазифасини дастуриламал қилиб қўйилаётган бир пайтда, раҳбаримиз йўриқларига ҳамон тўғаноқ бўлиш давом этаётганининг белгиси эмасми, бу!
Тўғаноқчилар ардоқли шоиримиз Эркин Воҳидов ёзганидек, “шўро давридан қолган араванинг кўндалангига ўрнатиб қўйилган бешинчи ғилдирагидир”. Улардан қанча тезроқ қутулсак, эл юртимиз гуллаб-яшнаши, баравж бўлиб ривожланиши учун шунча яхши.
Дарвоқе, ҳозир биздаги экологик ҳолат шунча йиллар гулчамбарга буркаб келинганидек, бекаму-кўст даражада эмас. Таҳликалироқ ҳам!
Буларга жавобни “Виждон ҳайқириқлари” номли триптих-романнинг иккинчи қисмини алоҳида китобча ҳолида тақдим этилаётган ушбу асардан топиш мумкин. Ва бунда кўтарилган мавзу юрагида миллий туйғу ва ғурури бор ҳар бир кишини бефарқ қолдирмаслигига ишонаман
* * *
“1966–1979 йиллар орасида Ўзбекистон ҳудудида Москва томонидан ўта яширин суратда тўрт маротаба ядро портлашлари амалга оширилган.
Булар бизга ошкор бўлгани холос. Бундай ўта мудҳиш, жинояткорона қилмишларнинг яна қанча-қанчасидан ҳамон кўпчилик бехабар”.
“Огонёк” журнали, №23. 2010 й.
Москва.
Дебоча
Қўшнимиз Қозоғистонда амалга оширилган атом бомбаси синови – “Семипалатинск фожиаси” номи билан фош этилиб, жаҳон жамоатчилиги томонидан минтақамиз аҳолиси, табиат оламига қилинган ваҳшиёна тажовуз – геноцит деб, баҳолангани сир эмас. У ҳамон ўз асоратини намоён этиб турибди.
“Ўзбекистонда … Хиросимадан кейин ядро бомбаси портлатилганми?!”… Эшитган қулоққа анча нохуш чалинувчи бу саволга жавоб излаб, кўпдан бери хаёлим фаромуш эди.
Баҳорнинг тароватбахш ёмғирли оқшомлари-дан бирида тасодифий воқеа рўй берди-ю, яқин “ўтмиш”нинг маълум ва номаълум сўқмоқлари бўйлаб кезиб чиқишимга тўғри келди.
Кутилмаган учрашув
Бўстонлиқ тумани касалхонасининг бош шифокори Жаъфарали Қурбонов телефон қилиб қолди:
– Нанайлик отахонингиз Ойнатоғнинг ҳў, Ахсарсой деган жойларидан пичан ўриб, бироз чарчабдилар. Уч кундан бери бизда даволанмоқдалар. Шу баҳонада бир келиб кетарсиз.
– Яхши айтдингиз, энди бормасам бўлмас. Ўзимам анчадан бери хабар ололмагандим, – дедим.
Тиллахон бува қарийб юз чақирим, то Қоронғитўқайгача ичкарилаб борувчи Пском водийсига кираверишдаги дарёнинг шундоқ ўнг ёнбошида жойлашган Нанай қишлоғининг ёши улуғ қарияларидан. Туғилган йилини сўрасангиз, “ўшанда Никалай пошшо даври экан” дейди.
Отахоннинг “шаҳарлик ўғли”ман. Қирқ йиллик танишлигимиз бор. Мени Абдураҳим, Мадраҳим, Абдурасул деган уч ўғиллари қаторида кўрадилар.
Шанба куни кечга томон Бўстонлиққа қараб йўлга тушдим. Шиғалаб ёғиб турган ёмғир Тошкентдан узоқлашганим сари авжга чиқиб, шаррос жалага айланди. Туман маркази Ғазалкентга Чирчиқ шаҳри орқали ўтиб бориладиган масофа анча олис. Йўл ҳам доим тиқилинч бўлади. Шунинг учун унча теп-текис бўлмаса ҳам, “қишлоқ йўли”ни танладим.
Сал узоғи билан ярим соатча вақт ичида Абай, Қўшқўрғон, “Қизил Ту”, Думалоқ қишлоқ-овулларини ортда қолдириб, ёғингарчилик пайтлари тўлиб-тошиб оқадиган Оқсоқота дарёси қирғоғига етиб келдим-у, унга қурилган кўприк бир томонга қийшайиб, бузилиб ётганини кўрдим.
Сойнинг суви ёйилиб оқувчи сал нарироқдаги ёнлама кечув жойидан ҳам одам бўйи баробар тўлқин пишқириб, ваҳима солар, бундай пайтда ундан нариги қирғоққа ўтиб олишнинг иложи бўлмасди.
Жала баттар авжга чиқди. Соатга қарадим, тўққизга яқинлашиб қолибди. Андаргумон бўлиб, орқага қайтдим. Бир чақиримча юриб-юрмай, боя шошганимда кўрмаган эканман, шундоқ катта йўлнинг ўнг томонидаги паст ялангликда атрофига гуллар экилган, бир нечта симёғочдан таралаётган электр шуълаларига чўмилиб ётган бир қаватли оппоқ бинога кўзим тушди. Дарров эсладим: хўжаликнинг янги идораси, ўтган йил унинг очилишига таклиф этишганди, бироқ вақтим бўлмай, кела олмагандим.
Бир пайт идора яланглиги тарафдан устига жигарранг брезент тортилган “Газ-53” машинаси варанғлаганича овоз чиқариб, кўтарилиб кела бошлади. У катта йўл бўйига яқинлашгач, тўхтаб, тўғридан чироқларини ёқиб келаётган менинг машинамга йўл берди. Ўн-ўн беш қадам нарига ўтиб, уловимни тўхтатдим. “Газ” машинасининг эшиги тарақлаб очилиб, ундан думалоқдан келган, ғўлабиргина, 50-55 ёшлар чамасидаги киши эпчиллик билан сакраб, пастга тушди.
– Ҳай-ҳай, сизни кўрадиган кун ҳам бўларкан-ку, қайси шамол учирди? – дея қучоғини катта ёзганича мен томон кела бошлади у.
– Э, Фозил оға, Оқсоқота томондан эсаётган шамол йўл бермай, орқага қайтариб, шу тарафга учирди. Кўприкка нима бўлди?
– Куни кечаги қаттиқ сел бузиб кетса бўладими! Биласиз, бизда бир-бир шундай ёғингарчиликлар бўлиб туради. Лекин орқага қайтганингиз яхши бўпти. Мана, баҳонада кўришиб турибмиз. Янги идоранинг очилишига келолмагандингиз. Вилоятда бунақаси йўқ. Юринг, бир таништирай.
Катта кутубхона ёнида “Колхоз тарихи”га оид музей, қарийб уч юз одамга мўлжалланган “Мажлислар зали”, “Партком”, “Профком”, “Бухгалтерия”, “Касса” каби қатор хоналарнинг ҳаммаси дид билан яхшигина жиҳозланган эди. Айниқса, раис “Қабулхона”сидаги стол-стул, мебелларнинг шоҳоналиги мени ҳайратлантирди.
– Райком секретарининг қабулхонаси ҳам бунчалик бўлмаса керак! – деб қўйдим.
– Э, ука, нимасини айтасиз. Етти ухлаб тушга кирмаган ишлар бўлиб кетди, – дея ҳикоя қила бошлади раис, – колхозимизнинг номи Фрунзе эмасми, ўша кишининг Ленинграддаги қайсидир университетда ўқитувчилик қиладиган қизи бор экан, Ўзбекистонга келадиган бўлиб қолибди. Бухоро, Самарқанд каби шаҳарлар рўйхати ёнига бизнинг колхоз ҳам тушиб, бутун област қурувчилари шу ерга ёпирилиб келишса бўладими?! Йўл қурилиши, энергетика министрини умримда кўрмагандим, танишиб ҳам олдим. Икки ой қиёмат-қойим бўлиб, бутун колхоз ўзгариб кетди. Йўллар бўйига денг, шаҳардан келтириб, турли гуллар, дарахтлар экилди. Ўзимизнинг тоғларда арча тўлиб ётибди-ю, шаҳарники бошқача бўларканми, унданам ўтқазишди. Ҳар донасининг баҳоси колхозчининг бир ойлик меҳнат кунига тенг келиб қоладиган “берёза” деган дарахтни ҳам қаердандир топиб келишди. Лекин кўпи қуриб кетди… Хуллас, меҳмонни бир ҳафта кутамиз, икки ҳафта кутамиз, ундан дарак бўлавермади. Охири, вақти йўқ эканми, келмайдиган бўпти. Шундай қилиб, бу кошона ўзимизга қолди. Ўтган йил кузда колхоз ҳамма соҳалар бўйича планни бажарган куни очилишини қилдик. Негадир келмадингиз… Энди сизга ўхшаш меҳмонлар учун жиҳозлаб қўйилган қўноқхонага ўтамиз. Уйга, кечки овқатга “Бешбармоқ” қилинглар деб, айтиб қўйгандим. Сизнинг насибангиз ҳам қўшилган экан, шофёр йигит олиб келган бўлиши мумкин.
Узун коридор тўридаги меҳмонхона икки кишига мўлжалланган бўлиб, “саркарда”нинг қизи “отажоним номидаги шу колхозда тунаб кетаман” деб, хоҳиш билдириб қолиши ҳам ҳисобга олинганми, ажабтовур қилиб жиҳозланган, кираверишига Фрунзе портрети билан деворнинг икки ёнбошига Ленинград манзараси тасвирланган суратлар осилганди. Биз ичкарига кириб келганимизда қоровул чол билан ҳайдовчи йигит дастурхонга мева-чева қўйиш билан банд эдилар. Ўртага ҳовуридан иштаҳани қитиқловчи ҳид таратиб турган таом тўла катта лаган қўйилди.
Мен бироз ўнғайсизланиб:
– Фозил оға, бундай оворагарчиликнинг кераги йўқ эди, – деб қўйдим.
– Нега овора бўлар эканмиз. Ўзбекларда “қайнонаси суйган йигит палов устига”, биз қозоқларда “бешбармоқ устига келади” деган мақол бор. Бир келиб қолибсиз. Сизнинг менга қилган яхшиликларингиз учун э-ҳа, қўй сўйсам-да, оз!
Ҳа, бир пайтлар шу колхоз раиси Фозил Разов учун ноҳақлик бўлганини эшитиб, қўлимдан келганича бир “яхшилик” қилгандим: ўша пайтлар республиканинг “айтгани – айтган, дегани – деган” матбуот органи ҳисобланувчи “Қизил Ўзбекистон” газетасида ўз танқидий мақолалари билан номи танилган журналист, газетанинг “ижтимоий-сиёсий бўлими” мудири Неъмат Улуғжонов Бўстонлиқ туманидаги Фрунзе номли колхоз раиси, коммунист Фозил Разов хонадонида бўлиб ўтган оилавий кичик бир можарога бағишланган катта танқидий мақола эълон қилади. Ва мақола “ўз оиласидаги муаммони ҳал этолмаган одам тумандаги катта хўжаликлардан бирини бошқариши мумкинми?” – деган жумлалар билан якунланади.
Ҳукмнамо бу сўзлар тумандаги кўпчилик, айниқса, хўжалик аъзолари орасида норозилик уйғотади. Ёзадиган мавзуларимнинг асосий қисми Бўстонлиқ билан боғлиқ бўлгани учун мақола мени ҳам бефарқ қолдирмади, чинданам, унда “пашшадан фил ясалган”дай эди.
Неъмат ака билан анча-мунча танишлигимиз бор бўлиб, кўришиб турардик. Вақт топиб, ҳузурига кирганимда, у киши ростдан ҳам “бир пайтлар мақола “қоралама” қилиб, ғаладонга ташлаб қўйилгани, кейин “газетачилик” нуқтаи назаридан шундай “ахлоқий” мавзу “керак” бўлиб қолганда, саҳифага “тушириб” юборилганини айтиб, афсусланди. “Пашшадан фил ясалгани”ни ўзи ҳам тан олиб, мардларча колхоз раиси номига мактуб йўллаб, кечирим сўраганди. Шу хат баҳона бўлиб, райком бюросида Фозил Разов “масаласи” кўриб чиқилмайди.
Биз раис билан дастурхон устида ўша воқеаларни ҳам бироз эслаб, анча гурунглашиб ўтирдик.
Бирдан мезбоннинг эсига нимадир тушиб қолгандай, столнинг ёнбошида турган телефон гўшагини кўтариб, қандайдир рақамларни тераркан, менга қараб деди:
– “Абай”нинг раиси икки-уч марта сизни сўраганди, “ҳа, нима гап?” – десам, Ҳайдарали қишлоғида подалар яйловдан қайта туриб, ёмғир ёғиб турган пайтларда унинг сувидан ичиб, ўлиб қолаётганини айтганди. Яна, кексалар, ёш болалар орасида уйқусизлик “касали” анчадан бери давом этиб келаётганмиш. Қишлоқ кексалари, мактаб ўқитувчилари хат ёзиб, шаҳарга бориб, сизни тополмай келишган… Алло, алло… колхоз идорасида бирон тирик жон йўқ шекилли, ҳеч ким жавоб бермаяпти…
Фозил оға нонуштани бирга қилишни айтиб, мен билан хайрлашди. Ташқарида тинимсиз ёмғир ёғарди. Уйқум қочди. “Нега ёмғир ёққан пайтда унинг сувини ичиб, чорвалар ўлиб қолади? Кексалар, ёш болалар орасида уйқусизлик…” шулар ҳақида хаёл суриб, узоқ вақт бедор ётдим. Ниҳоят, ярим тунга яқин кўзим илиниб қолибди…
Бир маҳал бундоқ бошимни кўтариб, соатга қарасам, 10 дан ошибди. Тез ўрнимдан турдим. Кечаси билан ёғиб чиққан ёмғир тўхтаган, борлиқ қуёш селига бурканиб ётарди. Қўшни хонага кириб, ювиниб чиққунимча қоровул чол дастурхон ёзди. Раис Фозил оға ҳам келиб қолди. Оқсоқотада сув камайиб, одамлар, машиналар бемалол у ёқ-бу ёққа ўтишаётганини айтди.
– Чирчиқдан айланиб юраманми деб, тургандим. Йўл очилгани яхши бўпти. Энди менга рухсат беринг, оқсоқол, Ғазалкентга бориб, отахондан хабар олиб қўйишим керак, – дея мезбонга қарадим.
Дастурхонга фотиҳа ўқиб, ташқарига чиққанимизда, бизни кутиб турган, костюм-шим кийиб, галстук таққан зиёлинамо – бири ўрта яшар, иккинчисининг ёши улуғроқ кишиларга кўзимиз тушди.
Салом-аликдан сўнг, кўксига тақиб олган икки-учта орденига қараганда, Ватан уруши қатнашчиси бўлган киши менинг қўлимга конвертга солинган хат тутқазаркан:
– Бу, мактабимиз ўқитувчилари ҳамда қишлоғимиз аҳолиси, ветеранлари номидан. Биздан икки чақиримча наридаги “Ёвчиққан” қирлари ёнбағрида қандайдир ерости “омбор”лари жойлашган. “Секретний ҳарбий полигон” бўлгани учун у ерга ҳадеб эътибор беравермасдик. Ҳозир аҳвол бошқачароққа ўхшайди, – деб қўйди.
– Раисларингнинг ўзи келмабди-да, – уларга савол билан қаради Фозил оға.
– Озгина иш билан банд эканлар.
– Ҳа, у кўп эҳтиёткор одам. Гапириб қўяди-ю… бунақа ишларга аралашавермайди. Лекин, сизлар бўш келманглар. Мана шу одамни қаттиқ ушланглар. Қишлоқларингнинг ёнгинасида хавфли бир нарса борга ўхшайди. Икковларингиз ҳам ўқитувчи бўлсаларингиз керак?
– Шундай. Химбиологиядан дарс берамиз.
“Ёвчиққан”дан чиққан ёв
Бўстонлиққа қилган бу галги сафарим ҳам безовталик кунларини бошимга солди. Чунки Ҳайдарали қишлоғида истиқомат қилувчи кўпчилик номидан ёзилган қарийб олти саҳифали хат анча таҳликали, шу билан ўта “нозик” мавзуга бориб тақаларди.
Бекорга Фозил оға у ердаги раис “эҳтиёткор одам”лигига ишора қилмаганга ўхшайди. Бўстонлиқ билан Чирчиқ шаҳрига чегарадош Майдонтол тоғлари этагида жойлашган Ҳайдарали қишлоғидан икки чақирим наридаги – эскидан халқ орасида “Ёвчиққан” номи билан аталиб келинган қирлар этагидаги “ёпиқ зона” ҳақида бирон аниқ маълумот олиб бўлмади. У ер ҳарбийларга қарашли бўлгани учун Москвадан ижозат олиш кераклигини айтишди.
Бунинг осон йўли топилди. Тошкентнинг “Оқтепа”сида жойлашган мусиқа билим юртида ўқиб юрган кезларим Евгений Шварц домланинг фортепьяно “класси”да Володя деган бола билан бирга сабоқ олардик. У ҳам адабиётга қизиқар, икки-уч марта Навоий кўчасининг “Марказий телеграф” биноси орқасида жойлашган Абдулла Набиев номли пионерлар саройида Қуддус Муҳаммадий бошқарадиган “Адабиёт тўгараги”га уни ўзим билан олиб боргандим. Ўзбек, рус тилларида чиқадиган болалар газетасига ҳам мақола, шеъларимизни бирга олиб борардик.
Қарангки, икковимиздан ҳам мусиқа мутахассиси чиқмади. Айниқса, Володя Соколовнинг “Бархан” деган салмоқдоргина китоби Москвада босилиб чиққач, номи Иттифоққа танилиб кетди. Орадан кўп ўтмай, “Литературная газета”га Ўзбекистон бўйича махсус мухбир этиб ишга олишган, айни пайтда, Володя “машҳурлик”да “Правда”дан ҳам обрўйи сарбаланд бўлиб бораётган газетанинг ўзимиздаги масъул вакили эди.
Ҳайдаралиликлар ёзишган хатда менинг номим ёнига унинг номини ҳам қўшиб, бир нусхадан бизга топширгандилар, тезда “Рухсатнома” келди.
Суриштирувлардан шу нарса маълум бўлдики, “Ёвчиққан” “полигон”и бир пайтлар Чирчиқ шаҳридаги ҳарбий гарнизон учун “Озиқ-овқат ва сабзавот маҳсулотлари сақланадиган ерости омбори”, деб қурилган. Кейин бу “омбор” “ёпиқ ҳарбий ҳудуд” деб эълон қилиниб, у ерга кечалари Чирчиқдаги поезд станцияси томондан кўриниши “нотабиийроқ” машиналар келиб-кетиб турган. Ҳайдарали қишлоқ аҳолиси кўп йиллар давомида бунинг гувоҳи бўлишган. Одатдагидек, “ҳарбийларнинг иши”га бирон одамнинг аралашишга ҳадди сиғмаган. Тўғрироғи, ортиқча “ғавғо”га ҳеч кимнинг тоқати бўлмаган.
Ниҳоят, қўлимдаги ҳужжат билан “полигон”, “омбор”, “махфий зона” деган бир нечта ном билан атаб келинган “Ёвчиққан” қирлари этагидаги “Ёпиқ объект”га киришга муваффақ бўлдим. Мени “Объект” бошлиғининг ўринбосари Баранов фамилияли киши кутиб олди-ю, “Раҳбаримнинг рухсатисиз бирон-бир маълумот беришга ҳаққим йўқ”, дея сўзида қатъий туриб олди.
Бош раҳбарнинг “Объект”даги “иш жойи”га кириб келишини Ҳайдарали қишлоғида уч кун “пойлоқчилик” қилиб, кутишга тўғри келди. Бошлиқ Ф. Саидаҳмедов мени яхши кутиб олди. Ҳатто, ҳар кимга ҳам очилавермайдиган дарвоза қанотларини кенг очдириб, машинам билан ичкарига таклиф этди. Унча ҳам шинам бўлмаган кабинетида чой, қаҳва билан сийлади. Бироқ, “хўжалиги” ҳақида бирон гап айтишга келганда, ўзини у ёқ-бу ёққа ташлайверди, бирон-бир аниқ маълумот беришни истамаётгандай эди.
Мен қайси газетанинг тавсиясига кўра, ушбу масала билан шуғулланаётганлигимни айтиб, обдон “тушунтириш” бердим. Бу ерда кўпчиликнинг ҳаёт-мамоти, эртанги кунги тақдири билан боғлиқ жиддий муаммо ётгани, энди уни яшириб бўлмаслигини айтдим.
Мезбон бир дақиқа ўйланиб қолди. Нима бўлганда ҳам шу заминнинг фарзанди эканлиги уни ҳушёр торттирдими:
– Майли, Сизнинг ҳурматингиз учун айтаман. Аммо дафтар-қаламни бир четга йиғиштириб қўясиз. Гап орамизда қолиши керак! – деди.
Саидаҳмедовнинг лўндагина қилиб айтган гапларига қараганда, бу “объект” етмишинчи йиллардан бери фаолият кўрсатиб келади. Унинг норасмий номи “Радиацион чиқиндилар мозористони” бўлиб, “унча хавфли бўлмаган чиқиндилар” Россиянинг Челябинск каби шаҳарларидан, “қўшни” республикадаги Чкаловск “ёпиқ корхона”сидан ўта мустаҳкам, бир неча юз йилларга чидамли пўлат капсула баллонларига зирҳланган ҳолда келтирилиб, ерости шахталарига жойлаштирилади.
– 1985 йилдан бошлаб, юқори идораларнинг кўрсатмаси билан Электрон саноат министрлигининг “чиқиндиси” Подмосковье ва унинг атрофидаги шаҳарлардан келтириб кўмилган… Буйруқни бажаришга мажбур бўлганмиз…, – деди у сўзини тугатаркан.
Салкам бир соатча давом этган қизиқарли суҳбат учун Саидаҳмедовга миннатдорчилик билдирдим. Гурунгдошим ҳам қандайдир мамнун бир кайфиятда:
– Гап орамизда қолиши керак. Бош кетади-я?, – дея мен билан хайрлашиб қолди. Лекин ўта хатарли бўлган бу “объект” бошлиғи гап “орада” қолмай, кичкина магнитофоннинг оҳанрабо тасмасига ёзиб олинганидан бехабар эди.
“Интервью”ни тинглаб кўрган Володя:
– Бу ердан яна бир келажак Черноблининг ҳиди анқиётганга ўхшайди, жуда эҳтиёт бўлиш керак. Бу “нохуш хабар” тарқалиб кетмаслиги учун маҳаллий раҳбарлар ҳам, Москва ҳам қаттиқ қаршилик қилиши аниқ. Бироқ, бизда бутун бир қишлоқ аҳлининг хати турибди. Уни эътиборсиз қолдириб бўлмайди. Бу ўта масъулиятли иш билан шуғулланишни давом эттиришинг керак. Бўстонлиқ мисолида кўп йиллик “тажрибанг” бор. Шу соҳага дахлдор олимлар билан учраш, аҳволни тушунтир. Керак бўлса, фанлар академиясига хат билан мурожаат қиламиз. Лекин бу муаммони мутлоқ ёпди-ёпди қилиб бўлмайди. Бир кунмас-бир кун “бурқсаб”, сир очилиб қолиши муқаррар…
Бир пайтлар “Бўстонлиқ ҳимояси” учун нимаики ёзсам, тўхтовсиз эълон қилиб турган матбуот органлари “Ёвчиққан” ҳақида бирон нарса босишга журъат этолмасдилар. Ҳатто, Бўстонлиқ учун деб, бир неча бор “бошини кундага қўйган” “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг бош муҳаррири Аҳмаджон Мелибоев ҳам:
– Бу иккинчи “ядровий” бомба бўпти. Эҳтирослар оғушидан чиқиб, энди тинчиб турган Бўстонлиққа ҳозирча уни “ташламай” турайлик. Яна тўполон бошланиб кетиши мумкин. Мавриди келиб қолар, – дея мени “овутган” бўлди.
Қизиқ, газета раҳбарининг “иккинчи “ядровий” сўзини ишлатиб юборганига ўшанда мен унча эътибор бермагандим. Аҳмаджон жанобларининг ўзлари ҳам “шунчаки айтиб юборилган гап” деб ўйлашлари мумкин. Бироқ, чин маънодаги “ядровий бомба”нинг азобини ўзимиз “тотиб” кўрганимиз йиллар ўтиб, очиқ-ойдин бўлиб қолишини ўзимиз билмасдик…
Ҳозирча “Ёвчиққан” мавзуини давом эттириб турайлик-да, ундан кейин айтиладиган гапнинг мавриди келиб қолар…
Ҳа, кечаги кун шундай эди: Семипалатинск полигони, Чернобил фожиасидан кейин унинг яқин атрофидаги ҳудудларда рўй берган ва давом этаётган кўргиликлар ҳақида бирон сўз айтиш учун маълум идоралар оғзига қараб туриларди.
Бугун эса, бор ҳақиқат тўғридан-тўғри айтилмоқда, ёзилмоқда. Қўйинг-чи, “ошкоралик” шабадалари “Ёвчиққан” қирлари устида ҳам эса бошлаб, “Ёвчиққан”дан ёв чиқди” мақоласи матбуотда эълон қилиниши билан республика ва област раҳбарлари орасида саросима бошланиб кетди.
Чернобил радиацияси азобини тортиб ётганларнинг оҳ-воҳи авжга чиқиб турган бир пайтда, энди “ўлганнинг устига тепган” бўлиб, “Ёвчиққан” пайдо бўлдими? “Шундоқ Чирчиқ билан Тошкент шаҳарлари устига хавф солиб ётган “ажал ўралари” қайдан пайдо бўлиб қолди? Унинг ўзи ҳақиқатан борми? Бор бўлса, нега шу пайтгача ҳеч ким билмаган?”
Мана шу хил саволлларга зудлик билан жавоб қайтариб, аҳоли орасида тарқала бошлаган саросима олдини олиш зарур эди. Шу “хизмат”га тайёр одам ҳам топила қолди: бу “устаси фаранг”ликда ҳамманинг оғзига тушиб бўлган, Бўстонлиқда бошлаб юборилган ўта хатарли “қурилиш”ни “ҳимоя” қила-қила, охир-оқибат шармандаси чиққан ЎзТАГнинг (Москванинг ҳам) “ишончли” мухбири Юрий Кружилин эди.
У аввал ўзимизда, сўнгра марказий матбуот “Правда” (1989 й. 4117 сони)да “Атом учун махфий жой” деган мақола эълон қилишга улгурди… Ва шу йўл билан ҳар қандоқ ақл-ҳуши ноқис бўлмаган одамда ажабланиш уйғотувчи “Ёвчиққан”да хавотирланадиган жойнинг ўзи йўқ. У ер ҳақида Ўзбекистон матбуоти орқали нимаики ёзилган бўлса, ҳаммаси ёлғон, уйдирмадир” деган ўз фикрини Бутуниттифоқ газетхонлари онгига сингдиришга уринди.
Яна, шуни ҳам айтиб ўтиш керакки, обрўли ҳукумат “Агентлиги”нинг “махсус мухбири” мавқеига эга бу кимса, керак бўлса “ҳўкиз бола туғди” деб хабар ёзиб, бир нечта матбуотда кетма-кет эълон қилдиришдан тоймайдиган сермаҳсул “ижодкор” эди.
Бўстонлиқдаги шов-шув бўлган ҳарбий “қурилиш” буткул тўхтатилганлиги ҳақида маҳаллий матбуотда расмий хабар эълон қилиниб, тоғликларнинг таранг тортилган асаблари анча бўшашган бир пайтда Кружилин қитмирона йўл тутиб, “Известия” газетаси мухбири билан “Бир ҳовуч “маҳаллийчилик” йўлига ўтиб олган кишиларнинг қаршилигига муносиб зарба бериб, Бўстонлиқни замонавий саноат марказига айлантириш ишлари жадаллик билан давом эттирилмоқда” деган мақола эълон қилган, шундан кейин Ғазалкентда яна тўс-тўполон бошланиб кетишига оз қолганди.
Унинг навбатдаги “Ёвчиққан”га дахлдор мақоласида ҳам кўпчиликни чалғитишга бўлган уриниш яққол кўриниб турарди. Мақолада ёзилган қуйидаги тумтароқ, шу билан ўзини-ўзи фош этиб қўювчи жумлаларга эътибор беринг: “Аҳоли яшайдиган жойдан йироқ, махсус қурилган йўл олиб борадиган қир орасида уддабурронлик билан барпо этилган ўраларда абадул-абад уйқуга кетган радиацион чиқиндилар мозористони, ғайритабиий корхона” (?) ёки “радиацион чиқиндиларни кўмиш пункти…”
“Атом учун махсус жой” муаллифи шунча “маълумот”ни ошкор қилиб қўйгач, ҳушёр тортиб кетади, чоғи, қуйидаги “Корхона қаерда жойлашганлигини аниқ айтолмаймиз” деган дудмалроқ жумлаларни ёзади. Шундан кейин “вақти-вақти билан норозиликларга сабаб бўлаётган” “пункт” томонларга “ҳали биронта репортёрнинг қадами етиб келмаган” дея мақтанчоқлик қилади. Яъни, салгина олдин “корхона қаерда жойлашганини айтолмайман” деб турган одам бирдан биринчилардан бўлиб, “Ёвчиққан”даги ҳақиқий аҳвол билан танишдим, деган мазмундаги сўзларни ёзади. “Бутуниттифоқ” миқёсида тарқаб, кўпчилик ўқийдиган газетанинг бундай пойинтар-сойинтар мақола эълон қилишига ишонгинг ҳам келмай қоларди, баъзан.
Аслида “Ёвчиққан” ҳақида хабар тарқалиб кетгач, бу “махфий полигон”дан оммавий ахборот вакиллари, республика телерадио мухбирларининг оёғи узилмай келаётганини кўпчилик яхши биларди.
Ҳатто, бир неча ой муқаддам “Огонёк” журналининг махсус мухбири Александр Минкин Москвадан келиб, “Ёвчиққан”даги аҳвол билан танишгани, Чирчиқ шаҳар темир йўл станциясининг катта очиқ майдонида жазирама қуёш нурларидан қизиб ётган, қаерлардандир ташиб келтирилган “радиацияли” чўян баллонларни кўриб, ёқа ушлагани… ва шулардан олган ўз “таассуротлари”ни маҳаллий матбуот вакиллари билан суҳбатда “Бу ерда ҳар қандай одамда ваҳима уйғотадиган тараққиётнинг маккор бадавийлашган қиёфаси яшириниб ётганга ўхшайди” дея баён қилганини ҳам эслайдиганлар кўп.
Бўстонлиқ тумани раҳбари Акбарали Йўлчиев марказий газеталарда пайдо бўлиб қолаётган мақолаларга қуйидагича муносабат билдиради:
– “Ёвчиққан”даги ҳозирги аҳвол каттаю кичик, ҳаммага маълум. Уни яшириб, ёлғон хабар тарқатишнинг нима ҳожати бор? Ахир, Бўстонлиқ аҳлининг кўзлари очиқ, ҳамма нарсадан хабардор, кўриб-билиб, англаб туришибди-ку…
“Радиацион чиқиндилар мозори”га айлантирилган “Ёвчиққан” ва у ердаги аҳволга кўпчилик ҳамқишлоқ қуролдошлари фикрини баён этиб, Ватан уруши ва меҳнат ветерани Тўқсонбой ота Қалимбетов шундай таъриф беради.
– Нимаики кўргилик бўлса, “Ёвчиққан” қир этакларидан чиққан. Биз болалик пайтларимизда у ерга ёлғиз боришдан қўрқардик ҳам. Сел, кўчки дейсизми, зилзилами, ўша ерда тез-тез юз бериб турган. Айниқса, Сурунота тоғлари этагидан ёпирилиб келадиган сел кўп офатларга сабаб бўлган. Кексаларнинг айтишларича, авваллари “Ёвчиққан” атрофида бир нечта қишлоқ-овул бўлган. Қаттиқ зилзила юз бериб, ҳаммасини “ер ютган”. “Ёвчиққан” номи ана шундан кейин пайдо бўлган, дейишади. Бизнинг қишлоқ четроқда бўлгани учун сақланиб қолган. Энди унинг устида янги хавф пайдо бўлиб қолди. Кўпдан бери азобини чекардик. Арзимизга биноан, ниҳоят газетада мақола чиққач, бу ерга ҳар хил раҳбарлар, турли идораларнинг катталари келишади. Аҳволни кўриб, бош чайқашади-ю, бирон гап айтишмайди. Мухбирлар, телевизорчилар келишади, бизларни гапиртиришади, кинога олишади. Лекин, натижа йўқ.
Отахоннинг бу сўзларига қишлоқдаги Жамбул номли 31-сон ўрта мактаб ўқитувчилари қўшимча қилишади. Жолдасов Жилқибой:
– Ёмғир ёғаётган пайтлар яйловга ҳайдалган чорвамиз “Ёвчиққан” қирлари оралаб қишлоққа қайтарди. Ана ўша пайтлар ҳар ёқдан оқиб келаётган жилғалар сувини ичган қўй-эчкиларнинг ўлиши, айниқса, кейинги икки-уч йил ичида кўпайиб кетган. Ҳатто, битта эчки боласининг ўша “Ёпиқ зона” дарвозасидан берироқда сув ичиб, салгина юрмай юмалаб тушганини телевизорга ҳам олишган.
Норбеков Худойқул:
– Ўша ернинг атрофига бориб қарасангиз, ўлиб ётган қушларнинг мурдасига кўзингиз тушади.
Абдураимова Турсуной:
– Газетада мақола эълон қилингандан кейин ҳам шундоқ ёнгинамизга радиоактив моддаларни олиб келиб кўмишаётганига тоқат қилиб бўлмайди. Айниқса, кейинги пайтлар бу радиоактив моддалар эмас, Чирчиқдаги “Капролактам” заводининг зарарсиз чиқиндилари, деб алдайдиган бўлиб қолишган. Синф тўла бола шу тўғрими, деб мендан сўрайди, нима дейишимни билмай қоламан…
Гапга мактаб директори қўшимча қилади:
– Бизга-ку, майли…, қаранглар, олдимизда Чирчиқ шаҳри! Ҳов ана, кафтда тургандек Тошкент кўриниб турибди, “Ёвчиққан”да бирон кутилмаган табиий офат рўй бериб қолса, нима бўлади? Тўғри, яқинда у ерда шошиб-пишиб қандайдир таъмир ишлари қилинди. “Зона” атрофини тиканак сим билан ўраб чиқишибди, дарвозани ҳам кўримли қилиб янгилашибди.
Шу гурунглардан сўнг биз Тошкент шаҳар табиатни муҳофаза қилиш бошқармаси вакиллари билан “Ёвчиққан”га бориб, чиндан ҳам “зона”нинг каттагина ҳудуди сим билан қўраланганини кўрдик. Дарвоза ҳам қайта таъмирланибди. Пештоқида “Республика радиоактив чиқиндилар кўмиш пункти” деган ёзув кўзга ташланарди. Ошкоралик бўлса, шунчалик бўларди!
Бизни кутиб олган “Пункт” мутасаддиларидан бири В. Морозов ҳужжатларимизни кўргач, ичкарига таклиф этди. Суҳбат асносида уни саволга тутдик.
– Бу ердаги “чиқиндилар” фақат ўзимизга “қарашлими?”.
– Ҳа, ўзимиздан. “Чет”ники эмас. Ўн етти йилдан бери шу ерда ишлайман. Бунга ўзим гувоҳлик бераман.
– Ҳозир бу ерга келтирилаётган “чиқитлар” орасида “Капролактам”ники ҳам бор эмиш, тўғрими?
– Аввало, бизга келтирилаётганлари ҳақида гапирадиган бўлсам, улар кескин камайган. Яна камайтирмоқчимиз. “Капролактам”нинг эса, бизга мутлақо алоқаси йўқ. Унинг “чиқитхона”си ҳў, анави ёқда! Катта-катта қилиб ковланган “ҳовузлар”да ачиб-бижиб ётибди. Ҳидига чидаб бўлмайди. Яқинлашмасингиздан туриб бошингиз айланади. Мана, кўриб турибсизлар, бизда ҳамма ёқ топ-тоза.
Лекин суҳбатдошимизнинг кўзи қўлимдаги кичкина диктофонга тасодифан тушиб қолди-да, бирдан айтиб турган гапларининг шашти пасайиб, мавзуни бошқа ёққа буриб юбормоқчи бўлганди, уни яна саволга тутдик:
– Ўн етти йилдан бери шу ерда ишлаётган бўлсангиз, қани айтинг-чи, наҳот “омборхона”нгизда сақланаётган барча радиацион чиқиндилар “Ўзбекистонники” бўлса! Биз бошқачароқ гап эшитган ва ёзган эдик-ку!
Мен диктофонни яқинроқ тутиб турганимни кўриб, Морозов бундай ўнғайсиз вазиятга тушиб қолишини ўйламаган эканми, кўпчиликнинг олдида нима дейишини билмай, бироз эсанкираб қолди.
Кейин:
– Тўғрисини айтсам, Семипалатинск, Челябинск томонлардан ҳам радиоактив баллонлар келтирилган, – дея ростини айтишга мажбур бўлди.
– Яна қаерлардан келтирилган?
– Бунга жавоб беролмайман.
“Касални яширсанг – иситмаси ошкор қилади”
Ўша кеча-кунлар турли даражадаги раҳбарларнинг оромлари бузилиб, анча безовта бўлиб қолишганди. Чунки улар “Ёвчиққан”га узоқ йиллар давомида шундай хатарли бўлган радиоактив “чиқиндилар” қаердан, нималар сабабли келтириб кўмилаётганига бу даражада бефарқлик қилиб келганликлари кўпчиликни қизиқтирарди, албатта.
Раҳбарият мана шу хилдаги гап-сўзлар қўзғалиб кетишидан хавотирга тушиб, масалани “тинчитиб” юборишга ҳар хил йўллар билан уринишар эди.
Аслида, бундай уринишлар худди мана шу Бўстонлиқ мисолида аввал ҳам бўлган, бироқ шармандалик билан якун топганди.
Ўшанда Ўзбекистоннинг энг ноёб табиат гўшаларидан ҳисобланмиш бу гўзал масканни “Ҳарбий полигон”га айлантириш учун бошланган “шубҳали қурилишлар”га қарши бутун Бўстонлиқ аҳли оёққа қалққан, Тошкентда норозилик йиғинлари ҳам бошланиб кетганди.
Зеро, “иттифоқ” дея номи кетган бутун мамлакат ҳудуди бўйлаб “табиат ҳимоячилари – экологлар”нинг хатти-ҳаракати худди ўрмонга тушган ёнғиндай ҳамма ёққа тарқаб, авж олгандан олиб борар, буни кун сайин телевидение ҳамма ёққа овоза қиларди.
Ниҳоят, Кремль раҳбарияти ўта долзарблик аҳамиятига молик деб ҳисобланган экологик муаммоларни йиғинлар ўтказиш орқали кўпчилик “овоз” билан халқнинг ўзи ҳал этиши учун рухсат берди.
Унинг акс-садоси, шубҳасиз, бизга ҳам етиб келиб, Бўстонлиқ туманининг маркази Ғазалкентга яқин жой, энг катта қишлоқлардан бири Сойлиқнинг очиқ майдонида “қурилишга қаршилар” ҳамда “тарафдорлар”нинг бир неча минг кишилик йиғини ўтказилди. Улар ичида ёзувчи, журналистлар, шу соҳага узвий алоқадор таниқли олим ва мутахассислар кўпчиликни ташкил этарди. Тепаликнинг бағирлироқ ерига саҳнанамо қилиб ясалган минбарга чиқиб, микрофон орқали ҳар икки “томон”га ҳам ўз фикрини айтиш ҳуқуқи берилди. Воизлар кўп бўлди.
Ва овоз беришга келганда, “қарши” тараф 99 фоиз овоз олди. “Ютқазганлар” асосан ҳукумат “одамлари” бўлиб, уларни қўллаб-қувватлаган “маҳаллий”лар қирқ-ўттиз кишидан ошмади. Расмийлар бундай бўлишини асло кутмагандилар чоғи, шоша-пиша машиналарига ўтириб, жўнаб қолишди.
Худди ўша куни кечга томон Марказий телевидениенинг Ўзбекистон бўйича махсус мухбири Ирисмат Абдухолиқовнинг Бўстонлиқдан юборилган қарийб ўн минутлик репортаж кўрсатуви “Время” дастури орқали намойиш этилди. Ва “республика раҳбарлари жуда кўпчиликни ташкил этган ўз фуқароларининг истак-хоҳишларини ҳисобга олишлари керак” деган жумлалар билан мавзу якунланди.
Бундан ғазаби жунбушга келган Ўзкомпартия Марказқўмининг секретари Анишчев зудлик билан “ЎзТАГ”нинг мажлислар залида матбуот, телевидение ва радио ходимлари учун “фавқулодда” пресс-конференция уюштирди. Москва телевидениеси кўрсатувини “Ёлғон”, “Туҳмат” деб эълон қилди. Сўнг тап тортмай “Бир тўда иғвогар ёзувчилар Бўстонлиқда бир гуруҳ одамларни тўплаб, йиғилиш ўтказмоқчи бўлди. Лекин халқ уларни қабул қилмади. Муносиб зарба бериб, ҳайдаб юборди” дея “баёнот” берди.
Бу Ўзбекистон ижодкорлари шаънига тарқатилаётган биринчи бўҳтон эмасди. Сойлиқдаги ўша йиғилишда иштирок этиб, қойиллатиб ўзбекчасига нутқ сўзлаган Ўзбекистон Ёзувчилар Уюшмасининг котиби Евгений Березиков тўғри Анишчев олдига кириб, “Ўзбек халқи – жуда маданиятли, ўқимишли халқ, айниқса, ўз шоир, ёзувчиларига бундай ҳурматсизлик қилмайди, сиз бу чинакамига “ёлғон”, “туҳмат” гапларингиз учун кечирим сўрашингиз керак”, дейди қатъий талаб оҳангида.
Бутун республикада ўзини “ҳокими мутлоқ” деб билувчи одам учун бу гаплар қаттиқ ҳақоратдай бўлиб туюлади. Нима қилишини билмай, ранг-рўйи гезариб, бир неча дақиқа қотиб қолади. Сўнг:
– Биз сен билан маслакдошлик қилолмас эканмиз! – дея у ёзувчини кабинетдан ҳайдаб чиқаради..
Қизиғи шундаки, Анишчевнинг ўзи кўп ўтмай Ўзбекистондан бадарға қилинади.
Афсус, республиканинг бутун тақдирини ҳал этишга даъвогар бўлган бу собиқ “амалдор”нинг “Чапаевча иш юритиш услуби” у, Ўзбекистонни ташлаб чиқиб кетгандан кейин ўзимиздан чиққан кимларгадир “мерос” бўлиб қолган шекилли, ҳамон айрим матбуот саҳифаларида юртимиз дардини тирнайдиган, баъзан ўта масъулиятсизлик билан ёзилган мақола, хабарлар пайдо бўлиб турарди.
Дарвоқе, расмиёна уйдирмалардан иборат бундай ёлғон-яшиқ алдовларнинг ҳар доим ҳам адоғи ишкал бўлиб, халқ бошига кўп кулфатлар солган. Чернобил воқеаси бунинг яққол далил-исботи бўла олади.
Матбуот тарқатаётган хабарларга қараганда, Чернобил АЭСида рўй берган портлаш-авария оқибатида яқин-атрофдаги туман ҳудудларига тарқалган радиацион нурланиш миқдори Москвадан берилган буйруққа биноан аҳолидан мутлақо сир тутилган. Ҳеч қандай хатар аломати йўқ, бемалол яшайвериш мумкин, деб юз минглаб кишилар ишонтирилган.
Энг ёмон томони, бундай “ишонтириш” иттифоқ Соғлиқни сақлаш министрлиги томонидан 1986 йил, 27 июнь куни берилган “Авария тафсилотлари мутлақо сир сақлансин!”, “АЭС авариясида иштирок этганларнинг нурланиш миқдори қатъий ошкор этилмасин!” деган махсус кўрсатмалар асосида олиб борилган.
Ҳатто, кўпчилик орасида руҳан “бардамлик” кайфиятини сақлаб қолиш, “ваҳимага берилиш”нинг олдини олиш мақсадида ўта хавфли радиацион “ғубор” ўз қаърига торта бошлаган Киевнинг марказий “Қизил майдони”да кўпминг кишилик мактаб ўқувчилари иштирок этган 1 май намойиши уюштирилган.
Уч йил давомида махфийлаштириб келинган бу “тантаналар” сири энди ошкор этилиб, у ёш авлод ҳамда миллионлаб фуқаролар ҳаётига қилинган суиқасд деб, баҳоланмоқда, айбдорларни жазога тортиш кераклиги ҳақида талаблар ўртага қўйилмоқда эди.
Худди мана шу пайтлар Александр Минкиннинг “Ёвчиққан” ташрифидан сўнг каттагина “таҳликали” мақоласи довруғли “Огонёк” журналида чоп этилган, бу “нохуш хабар” тезда ҳаммаёққа тарқаб кетганди.
Уни Американинг қайсидир матбуоти таржима қилиб босганлиги ҳақида ҳам гаплар қулоғимизга чалиниб турарди.
Каминага икки марта “Би-Би-Си”дан қўнғироқ қилишган, берилган саволларга оғир-босиқлик билан “Сих ҳам, кабоб ҳам куймайдиган” қилиб жавоб қайтарган эдим. (ҳар икки суҳбатнинг матни ҳануз менда сақланади)
Хуллас, “Ёвчиққан” номи иттифоқ чегарасидан ўтиб, чет элларда ҳам “янграй бошлаган”и маҳаллий раҳбарларимизни ҳушёр торттириб юборгани аниқ. Энди “Касални яширсанг – иситмаси ошкор қилади” деганлари рост эканлигига ишониб қолгандилар шекилли, мени ҳам баъзан ҳузурларига чақириб қолишарди.
Бўстонлиқ масаласи “ижобий” ҳал бўлгандан
кейин Министрлар Советининг раиси Ғайрат Қодиров билан – у кишининг дастлабки маслаҳатларига кўра, “ака-ука”лашиб кетмаган бўлсак-да, кейинчалик алоқаларимиз анча дўстона бўлиб қолганди.
Бир куни котиба аёл Ғайрат ака мени ҳузурига чақираётганини, тезда етиб келишимни телефон орқали айтиб қолди.
Раис ҳузурига – олдиндан танишлигимиз бўлган Н.А. Муҳиддинов бошлаб кирдилар.
– Ассалому алайкум, Ғайрат ака! – дейишим билан, одатдагидай “дўқнамо”:
– Ака дема! – деган жавобни эшитдим, – қани, ўтир, манави оқсоқол отахоннинг қаршиларига, – дея Нуриддин Акрамович ёнларидан жой кўрсатди ва сўзида давом этди, – гапнинг қисқаси, индинга, шанба куни республиканинг барча мутахассис олимларини чақириб, ўша “полигон” масаласига бағишланган “Фавқулодда экологик ҳайъат”нинг йиғилиши ўтказилади. Москвадаги ўртоқлар олдига қўядиган талабларга яна бир бор аниқлик киритиб, душанба куни Нуриддин Акрамович бошчилигида беш кишилик делегация Москвага учишади. Ҳаммаси яхши бўлади. Шунинг учун “Ёвчиққан” ваҳимасини тўхтатиб турайлик. Ҳозир, ўзинг тушунадиган одамсан, Чернобилники етиб-ортяпти. Хайр, омон бўл! Ҳа, Нуриддин Акрамович, йиғилишда бу “тўполончи”нинг ўзи ҳам иштирок этиши керак…
“Фавқулодда экологик ҳайъат”
Ҳукумат томонидан тузилган бундай “ҳайъат” борлиги ҳақида унда-мунда эшитиб турардим. Сойлиқ қишлоғида бўлганидек, бу сафар ҳам йиғилиш оломон тусини олиб кетмасин дейишганми, унга рўйхат билан эллик кишининг номи киритилганди.
Шулар ичида “Ёвчиққан”даги ҳолат билан жиддий шуғулланган олимлардан: геология-минералогия фанлари доктори, профессор Саид Мирзаев, академик олимларимиздан Ғани Мавлонов, Б.О. Тошмуҳамедов, М. Муҳаммаджонов, Ёзувчилар уюшмасидан Пирмат Шермуҳамедов бошлиқ бир гуруҳ адиб ва шоирлар (ораларида “норасмий” вакил Евгений Березиков ҳам бор эди) ҳамда “муаммо”ни кўтарган “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг бош муҳаррири Аҳмаджон Мелибоев шу ерда эканликларини кўриб, ўзимни сал эркинроқ ҳис этдим.
Барибир, кўпчиликнинг назарига тушишни истамай, “Фақир киши панада” деганларидек, чеккароқдан жой олдим. Йиғилишни Н. А. Муҳиддинов бошқариб, Ўзбекистон Фанлар академияси қошида экология масалалари бўйича тузилган илмий шўъба раиси, медицина фанлари доктори, профессор В.Б. Даниловни саҳнага таклиф этиб, ёнларидаги курсидан жой кўрсатди. Йиғилиш расмий тус берилмай, “оддий” тартибда бошланди ва давом этди.
Биринчи сўз “Ёвчиққан” чиқиндилар омбори” директори Ф. Саидаҳмедовга берилганди, у – бу “нутқи”ни анча олдин ёзиб қўйган-у, шу куннинг талабидан келиб чиқиб, салгина бўлса ҳам “таҳрир” қилишга вақт топмаган эканми, яна “эскича” гапларни айта бошлади:
– Илгари сир сақланарди, энди очиқ-ойдин гапиряпмиз. Мухбирлар билан суҳбатлар уюштириб, баъзи асоссиз миш-мишларга ўз жавобимизни беряпмиз. Аввало, радиоактив чиқиндилар кўмиладиган “ўра”ларимиз ўта мустаҳкам. Қарийб йигирма йилдан бери ҳали бирон марта авария бўлмаган. Қолаверса, биз “чет”дан ҳеч қандай зарарли “чиқиндилар” олиб келиб кўммаганмиз. Мен бу гапим учун ҳаммангизнинг олдингизда жавоб бераман. Биз фақат республикамиз “чиқит”ларини кўмамиз, холос. Жуда кучсиз радиацион “чиқитлар”. Уларни ташиб келтиришга мослашган махсус машиналаримиз бор. Уларни Қорақалпоғистон йўлларидан тортиб, Ўзбекистоннинг хоҳлаган бурчагида учратишингиз, текшириб кўришларингиз мумкин.
Мен ўз кўзларимга ишонмай, оббо, бу одам ўша Саидаҳмедовми ёки бошқасими деб, ҳайратланиб тургандим, сўз пайровини Соғлиқни сақлаш министрлиги қошидаги радиацион хавфсизлик бўйича Бош мутахассис ўртоқ Вайнштейн давом эттириб:
– Шуни билишларингни истардимки, ўша “Ёвчиққан” деган жойда бирон марта ҳам радиацион нурланиш нормадан юқори бўлмаган. Ҳатто, текширишлар олиб бориб, бир неча марта паст эканлигини кузатганмиз. Хоҳлаганлар учун махсус назорат қилиш асбоблари орқали исботлаб беришимиз мумкин, – дея, қандайдир қоғоз чизмаларини баланд кўтариб, кўрсата бошлади.
Йиғилишда “Ёвчиққан” қишлоқ аҳли номидан вакил бўлиб қатнашаётган мактаб директори ўзини тутиб туролмади.
– Ўша “омбор”да шунча йиллардан бери бирон марта “авария” бўлмаганлиги яхши! Лекин қачонлардир рўй беришини кутиб ўтириш шартмикан? Чернобил авариясини ҳам ҳеч ким кутмаган эди-ку! “Кучсиз” радиацион “чиқинди”лар вақт ўтган сари реакцияга киришиб, кучайиб бориши, ҳатто ўша “кучсиз” миқдордагилари ҳам барча тириклик учун янада хатарлироқ бўлиши илмий манбаларда ёзилган, исботланган-ку! Наҳотки, шу бор ҳақиқатни, яна денг, халқнинг соғлигини сақлаш бўйича қайғуриши лозим бўлган Радиацион хавфсизлик бўйича Бош мутахассис ўртоқ Вайнштейн билмаса, биз арз-додимизни кимга айтамиз? Шундоқ, қишлоғимиз ёнгинасидаги ўта хатар ўчоғининг бошлиғи Саидаҳмедовнинг гаплари худди ёш болани алдаш учун айтилаётган чўпчакка ўхшайди. Наҳотки, обрўли газетада ёзилиб, ҳамма ёққа тарқаб бўлган, ўз айтганларидан қайтаётган бўлса, нега бу гапларни олдинроқ айтмай, мана шу мўътабар йиғилиш минбаридан туриб айтмоқда!
Раислик қилувчи Саидаҳмедовни саволга тутди:
– Яна қайтариб айтинг-чи, “Ўра”ларингиздаги радиацион “чиқиндилар” фақат Ўзбекистон ҳудудларидан келтириб кўмилганми?
– Ҳа, ўзимизники! Бошқа ким ҳам ўз территориясига бундай хатарли нарсаларни кўмиш учун рухсат берарди!…
– Бизда “АЭС”лар ёки бошқа “ёпиқ корхоналар” йўқ-ку? Мақолада ёритилган, ўзингиз интервью бериб айтган сўзлар нотўғрими, ё?
У беписандлик билан:
– Газета ёзаверади, – деб юборди-ю, ногаҳон кўзи менга тушиб қолди. Бир ғалати бўлиб кетди. Худди шу пайт Аҳмаджон Мелибоев сапчиб ўрнидан турди:
– Ўртоқ Саидаҳмедов, газета “шунчаки” нарсаларни ёзавермайди. Сизнинг “шикоят хат”ингизга ўз вақтида қандай инкор этиб бўлмас далил-ашёларга эга эканлигимизни айтиб, жавоб қайтарганмиз. Керак бўлса, буни яна бир карра мана шу кўпчилик ҳайъат аъзолари олдида исботлашимиз мумкин.
Охирги кутилмаган бу сўз ҳам Саидаҳмедовни бутунлай эсанкиратиб қўйди. Қадди бироз эгилиб қолгандай бўлди. Кейин бошини шартта кўтариб:
– Ошкоралик бўлгандан кейин, шундай бўла-қолсин. Ўша мақолада ёзилганларнинг ҳаммаси тўғри. Мана шу бугунгача буйруқни бажаришга мажбур бўлганмиз, – деди-да, залдан чиқиб кета бошлади.
“Пункт”даги аҳвол ҳақида аниқроқ жавоб олиш мақсадида профессор С. Мирзаев В. Вайнштейнга савол билан мурожаат қилди:
– “Ёвчиққан” ўз номига монанд “Ёвчиққан”лиги таъкидланаётган экан, шифокор сифатида айтинг-чи, шундай жойга атом асрининг энг хатарли “нушхурдлари”нинг келтириб кўмилиши ақлга тўғри келадими? Келажакда бирон кор-ҳол рўй бермаслигига кафиллик бера оласизми?
Саидаҳмедовнинг “аҳволи”ни кўриб, анча шашти пасайиб қолган Соғлиқни сақлаш министрлиги вакили дарров аввалги фикридан қайтди:
– Албатта, мен тугул ҳар қандай валломати ҳам кафолат беролмайди. Яна ўзимиз яшаб турган кўпмиллионли пойтахт шаҳарнинг шундоқ устига бундай ўта хатарли ажал уруғини келтириб кўмилиши катта, кечириб бўлмас хатоликдир.
Шу пайт залда ўтирганлардан кимдир овозини баланд қўйиб деди:
– Жиноят!
Вайнштейн бир ғалати бўлиб кетди ва сўзида давом этди:
– Афсус, бизнинг Соғлиқни сақлаш министрлигидаги аввал ишлаган масъул ўртоқлар ҳам бундай хатар ўчоқлари борлигидан хабардор бўлишмаган. Ахир, Ўзбекистонда, ана, Қорақалпоғистонда қанчадан-қанча чегарасиз чўл-биёбонлар, саҳролар ястаниб ётибди-ку!
Олим дарров унинг сўзига қўшимча қилди:
– Миллионлаб гектар бўш, қаровсиз ётган, одам оёғи ҳали етиб бормаган Иттифоқнинг бошқа жойларида, айниқса Россияда ундай жойлар камми?
– Мен шуларни ҳам айтмоқчи бўлиб турувдим. Гапингиз тўғри, қўшиламан, – “ҳозиржавоблик” қилди, Вайнштейн.
– Ўртоқ Вайнштейн халқ саломатлиги йўлида қайғуриш вазифасини ўз зиммасига олган киши экан, мен уни ҳушёр торттириб қўядиган яна бир ҳақиқатни айтмоқчиман, – дея мавзуни давом эттириб, гурунгга қўшимча қилди академик олим Б.О. Тошмуҳамедов, – бизлар бир неча бор текширувлар ўтказиб, афсус, Саидаҳмедов чиқиб кетди, ўзини бугун ғалатироқ тутди, хуллас текширувлардан кейин келган ягона хулосамизга кўра, “Ёвчиққан” қир ўраларида “мудраб” ётган кислотали радиацион “чиқинди” ҳамда энг ёмон асоратли мишьяк моддалари, айтишга ҳам одамнинг тили бормайдию, бутун Тошкент воҳасидаги жамики тирик мавжудотни бир неча маротаба қириб юборишга етарлидир. Шунинг учун, мана Нуриддин Акрамович айтиб қолдилар, Москва олдига қатъий талабларни тезроқ қўйишдан бошқа иложимиз йўқ! Чунки бу ерда миллионларнинг ҳаёт-мамоти билан боғлиқ масала турибди.
– Бек Ойбекович, бу гапларингиз жуда тўғри, – дея мавзуни давом эттирди илмий шўъба-ҳайъат раиси, ЎзФА вакили В.Г.Данилов, – Шунинг учун ҳам бугундан кечикмай, Москвага, Фанлар академиясига мурожаатнома хати тайёрлашимиз керак. Лекин масаланинг яна бир жиддий томонига ҳам эътибор қаратишимиз лозим. Чунки, ҳозир москвалик, шунингдек, ўзимиздан чиққан айрим кимсалар хаёлида Ўзбекистонда арзон-гаровлигини мақтаб, “АЭС” – атом электр станцияси барпо этиш ғояси пайдо бўлиб қолган, бизга “Ёвчиққан” “объекти”ни “замонавийроқ” қилиб, кенгайтириш таклифини айтгандилар. Бу, Тошкент бошига Чернобил фожиасини солишга уриниш билан баробар. Биз, биринчи навбатда, кимларнингдир “чиқинди ахлати”ни шундоқ бошимиз устига келтириб тўкишлари йўлига ғов солишимиз, ана ундан кейин “ажал контейнерлари”ни – қаердан келган бўлса, ўша томонларга жўнатиб юбориш чора-тадбирларини кўришимиз керак ва зарур. Ўзбекистонга ортиқча “бомба”нинг кераги йўқ.
Энг қизиғи, шу “фавқулодда” йиғилишнинг эртаси куни “Правда” газетаси ғирт ёлғондан иборат “Ўзбекистонда тарқатилаётган миш-мишлар”га қарши “Ваҳимага ўрин йўқ” деган “раддия” сифатида яна бир мақола эълон қилди. Уни ёзган “газетанинг республика бўйича махсус мухбирлари” ўз ёлғон-яшиқдан иборат тўқималарига шундай жумлалар билан нуқта қўйишганди: “Бизлар, анчагина аввал маҳаллий бир ёзувчининг Ўзбекистон матбуотида эълон қилиниб, ҳали-ҳануз кўпчиликни чалғитиб юрган мақоласи бўйича Тошкент областига қарашли Бўстонлиқ туман территорияларини кўп айландик. Бироқ, бирон жойда, тоғ ёки қир этакларида атроф-муҳит учун хатарли бўлган “радиацион чиқиндилар” келтириб кўмиладиган “полигон”ни ҳам, “объект”ни ҳам учратмадик. Демак, ваҳимага мутлоқ ўрин йўқ”.
Қизиқ даврлар эди. Кўр-кўрона, саводсизларча, ғирт ёлғондан иборат каттагина бу мақолага Ўзбекистон расмийлари томонидан бирон-бир “муносабат” билдирилмади.
Барибир, Москвадан ҳайиқишарди.
Шуларга қарамасдан, орадан кўп ўтмай, Москвадан СССР Фанлар академияси томонидан тузилган махсус комиссия келди. “Объект”га олиб борадиган якка-ягона йўлга Ҳайдарали аҳолиси ва туман экологлари томонидан тоғдай қилиб бир неча машина шағал уйиб ташланган ҳамда шлагбаум ўрнатиб қўйилганди. Уларни “энг юқори”дан келган комиссия аъзоларига “очиш” учун икки кун вақт кетди. Алал-оқибат – бунинг натижасида “Ёвчиққан”га ҳеч қандай “чиқинди” келтириб кўмилмайдиган бўлди.
Хавфли “ўра”лар атрофи қалин бетон тўсиқлар билан ўралиб, хавфсизлик чоралари кўрилди. Дарвоза пўлат қопламали қилиб, бутунлай янгитдан қурилди. Унинг икки ёни гулзорга айлантирилди.
Қир атрофлари ҳам тартибга солиниб, дов-дарахтлар экилди. Анча наридаги булоқдан қиялама қилиб сув тортиб келтирилди. Озгина вақт ичида “Ёвчиққан” худди Ғазалкентдаги кичкина парк қиёфасини олиб, бутунлай ўзгариб кетди. Ҳайдаралиликларнинг кўнгиллари ўрнига тушгандай эди.
Мен ҳам “Ёвчиққан” томонларга икки-уч марта бориб, буларни ўз кўзим билан кўргач, таскин топгандай бўлдим… Барибир, кўнглимнинг бир четида аҳён-аҳёнда “Ёвчиққан” бағирларида мудраб, яшириниб ётган энг ёвуз ёв бир кунмас-бир кун бош кўтариб қолмасмикан, деган хатарнок хаёл ғимирлаб қолгандек бўларди.
Одам ҳар нарсага кўникади, деганларидек, бора-бора хавотирни ҳам унутдим.
“Амалдорликни ҳавас қила кўрманг”
Бир куни “юқори”да яхшигина амалдорлик вазифасида ишлаб юрган Эркин акам (Воҳидов) кутилмаганда шундай деб қолди:
– Сизни ҳам ишга таклиф қилишмоқчи бўлиб, “укангиз экан, нима маслаҳат берасиз” деб сўрашганди, “У бирон кун бир жойда тинчгина ўтирадиган одам эмас, дайдиб, ҳар қаёққа кетиб қолаверади. Ўзим ҳам баъзан ойлаб қидириб, тополмай қоламан”, деб, бор гапни айтдим. Тўғри қилибманми?! Сизга ҳавасим келади: истаган пайтда хоҳлаган ерингизга, ҳали Ҳиндистону Покистон, Шри-Ланкага ҳам кетиб қолаверасиз. Эркин қушсиз. Қафасга жойлаб, ип боғлаб қўйишмасин, дедим-да!
Яшириб нима қилдим, ўша пайтлар аввал Бўстонлиқда, кейинроқ “Ёвчиққан”даги “ғалабаларим” сабаб бўлибми, обрў анчагина ошиб кетган, ҳатто, обкўмнинг баъзи йиғилишларига чақириб туришарди.
Навбатдаги тадбир Ўзбекистонга гурра-гурра қилиб раҳбарлик лавозимларини эгаллашга Россиядан жўнатилаётган “ишнинг кўзини биладиганлар” ўрнига “жавобан” “ёш, малакали ўзбек кадрлари”дан ўн беш кишини оиласи билан турли соҳалар бўйича ишлаб, “тажриба орттириш” учун НовоСибирьск, Воронеж, Тамбов областларига тантанали кузатишга бағишланган экан. Ходималар рўйхатидан ўтгач, ичкарига кириб, иложи борича тезроқ чиқиб кетишни мўлжаллаб, орқа қаторлардан бирига ўтирдим.
Бир пайт ёнимга ўрта яшар бир киши келиб, бошини эгганча қулоғимга шивирлади. “Сизни юқорига чақиришяпти”. “Йўқ, менга шу ернинг ўзи ҳам бўлаверади”, дедим унга жавобан паст овозда. “Сизнинг жойингиз бу ерда эмас. Ҳов, ана “катта”нинг ўзлари кутиб турибдилар”. Чинданам узун бўйли, озғиндан келган “катта” – обкомнинг биринчи секретари мен томон қараб турар, ҳатто, қўли билан ишора қилгандай ҳам бўлди.
“Оббо-о” дея ходимнинг орқасидан эргашдим. Беш-олтита ёши ўтинқираб қолган, орден таққан ветеран қариялар ёнига ўтқазиб қўйишди. “Демак, бу кузатув маросимида кимлардир нутқ сўзлаши керак. Ишқилиб, микрофонга мени ҳам таклиф қилиб қолишмасайди, аввалдан гапга ўта нўноқман, қолаверса, нима дейман, бу ҳам амалдорликнинг бошланиши эмасмикан”, деб минг хил хаёлларга берилиб ўтирибман.
Худди шу пайт ҳарбийча марш садолари янграб, унга монанд солдатча қадам ташлаб, ўрта йўлакдан биз томон бир хилда кийинган, қадди-қомати ҳам, ёши ҳам бир хилга ўхшаш 15 та “ўзбек кадри” яқинлашиб келди-да, шартта тўхтаб, биринчи секретарга чест бергандай ўрисчалаб нимадир деб, кейин бир четда саф тортиб, туриб олишди.
Ёш пионер болаларнинг худди мактабларда ўтказиладиган “салют” йиғилишини эслатиб юборган бу тадбир менга эриш туюлди, кулиб юборишимга сал қолди.
“Кадр”ларимиз жўнатилаётган Россиянинг ўша учта вилояти ерларида жанг қилган иккита Ватан уруши қатнашчиси, битта пахтакор “Меҳнат қаҳрамони” отахонлар йигитларга оқ йўл тилаб, нутқ сўзладилар.
Секретарь Темур Алимов ёзувчи сифатида менга сўз бермоқчи эди, инкор маъносида бошимни сал қимирлатиб қўйдим. У киши мени “тушунди”. Бундан уч-тўрт йил олдин бу одамга бирон сўз “тушунтириш” у ёқда турсин, ҳатто, олдига яқинлашиб бўлмасди.
“Бўстонлиқ учун кураш” энг авжга чиққан кунлар ҳеч эсимдан чиқмайди. Областнинг довруқли бош раҳбари туманга онда-сонда келиб турарди-ю, ишни Ғазалкент ва унинг атрофидаги катта майдонларда “Радио-магнитофон ишлаб чиқарадиган”, деб аталса-да, аслида анча шубҳали мақсадларга йўналтирилган заводлар комплекси қурилишига қарши ҳаракат қилиб юрган, газетада ҳам бу ҳақда фош этувчи мақолалар эълон қилиб улгурган биз ёзувчиларни таъқиб қилишдан бошларди.
Ҳатто, мени бир куни “райпотребсоюз” раиси Тоҳиржон Баракаев қабулхонасидан “тутиб олиб”, туман милицияси бошлиғи кабинетида ўтирган биринчи секретарга рўпара қилишганда, у “ҳозир мана шу ернинг подвалига қаматиб, ҳеч қаёққа чиқмайдиган қилиб ташлайман” дея қўрқитган, машинамнинг ҳужжатларини олдириб қўйган пайтлари бўлганди.
Яна бир ҳайратланарли томони шунда эдики, аҳён-аҳёнда бўлиб турадиган бу хилдаги тазйиқлардан сўнг кўп ўтмай телефон жиринглар, номаълум кишининг “Бўш келмаларинг, сал бўш келсаларинг ютқазасизлар. Сизлар ҳақ”, деган овози эшитилиб қоларди. Буни бизнинг ҳушёр ва эҳтиёткор ижод аҳли, “Бу, провокация. “Қуда” (хавфсизлик органи) томоннинг иши”: деб баҳолашар ва мени ҳушёр бўлишга ундашарди.
Кейинроқ маълум бўлдики, бу одам Тошкент облисполкоми раиси Пўлат Мажидович Абдураҳмонов экан. Бизнинг “ғалаба” ҳақида газеталар хабар тарқатган куннинг эртасига табриклаган овозидан таниб қолдим:
– Э-э, сизмидингиз, ўшанда бизни қўллаб-қувватлаб турганингиз руҳимизни кўтариб, анча мадад бўлган. Катта раҳмат, сизга, – дейишим билан:
– Мана, Темир Аъзамович ҳам менинг фикримга қўшилиб, табрикламоқдалар. Лекин кўп яхши иш қилдиларинг. Ҳа, эзгулик ҳар доим ҳам осонлик билан рўёбга чиқавермайди, – деган сўзларини эшитиб, бу одам кўз олдимда анча маърифатли, зиёлидан чиққан раҳбарга ўхшаб гавдаланиб кетганди.
Ўша кунги “кадр”ларни Россияга кузатиш маросимидан сўнг бир неча ойлик ижодий сафар билан бобомиз “Беруний изидан” Ҳиндистон бўйлаб йўлга тушдим. Деҳлида менинг бу хайрли иш-сафаримдан яхши хабардор, ҳатто, шунга рағбатлантирган, биз ўзбек ҳиндшуносларининг кўп йиллик устози, Деҳли университетининг профессори Қамар Раис домла кутиб олдилар. У киши ёзги таътилни қариндош-уруғлари, ёр-биродарлари ичида ўтказмоқчи бўлиб, одатдагидай яқинда ўз Ватанига келганди.
Эртасига Қамар соҳиб билан эски шаҳарнинг энг катта ерости коппон бозори – “Палика базар”ни айланиб юриб кутилмаганда Пўлат акага кўзимиз тушиб қолса бўладими! Бир ҳафта бўлибди туристлар гуруҳи билан бу ерга келганига. Эртага эрталаб Агра шаҳрига жўнаб, “Тожмаҳал”ни зиёрат қилиб, кечки рейсда Тошкентга учишаркан.
Қамар соҳиб билан уч кишилашиб бозор айландик. Пўлат акани меҳмонхонага ташладик-да, кечга томон гавжум ва шовқин-суронли пойтахт кўчаларидан четроқ, ўзбек маҳаллаларига ўхшаб кетадиган сокин гўшада жойлашган домланинг уйларига олиб кетадиган бўлдик.
Дастурхон устида узоқ гурунглашиб ўтириш асносида эртаги режани ҳам тузиб олдик: хонадон соҳибининг жияни ёшгина йигит Нўъмоннинг машинасида барвақт йўлга тушиб, Агра шаҳридан кеч пешинга қолмай қайтиб келадиган, сўнг Пўлат Мажидовични оқшомги рейс билан Тошкентга кузатиб қўядиган бўлдик.
Азиз меҳмонимиз – овора бўлмаслигимизни айтиб, кўп илтимос қилса-да, биз ўз сўзимизда турдик.
Яхши одамни, айниқса, қийин кунларингда кўнглингни кўтариб, суянчиқ бўлган инсонни қанча иззатини жойига қўйсанг, шунча оз-да!
Мен узоқ давом этган сафардан қайтиб, Пўлат аканинг йўл қурилиш бўйича раҳбарликка тайинлангани, кўпроқ вилоятлардан бери келмай, масъулиятли ишлар билан овора эканлигини эшитардим. Ҳатто, бир марта “Тошкент-Қўқон” тоғ магистрал йўлининг “Қамчиқ” довонидаги “штаб”ида эканлигини эшитиб, етиб келганимда, “Кеча Қорақалпоғистонга кетдилар” дейишди.
Қарийб бир миллиарддан зиёд ҳиндлар орасидан осонгина топиб олган Пўлат Мажидовични ўзимизда қидириб тополмасдим ва ҳамон излаб юрибман, қаердасиз, Пўлат ака?
“Ҳинд сори” сафаридан орттириб келган “қоралама” ёзув-чизувларни тартибга солиш асносида ҳар хил тадбирлардан ўзимни тортиб юрдим. Тўғрироғи, Наманганнинг Янгиқўрғон туманидаги анча илғор колхоз раиси, болалик оғайним Тўйчивой Неъматовнинг тоғлар орасидаги кичкина қароргоҳида икки ойча риҳлатда бўлиб, ҳеч қаёққа чиқмай, ижод билан шуғулландим. “Ҳиндистон минг йилдан сўнг” китобимни ёзиб тугатдим.
Тошкентга қайтиб келганимнинг эртаси куни уй телефоним жиринглади.
– Ҳа, қочқоқ, қаерларда беркиниб, юрибсан? Барибир топиб олдим-а! Машина юбораман. Тезда олдимга кел.
Бу Темур Аъзамович Алимов эди.
– Ўзим бораман, бир қадам жой-ку! – дедим.
– Тополмайсан. Адресинг ўша-ўша, Дархонми?
– Ҳа.
– Тайёр бўлиб тур.
Темур ака мени “обком” биносидан анча нарида жойлашган кўп қаватли маъмурий қароргоҳнинг иккинчи қаватидаги кенг, шинам хонасида кутиб олди. Гап қисқа ва лўнда бўлди:
– Илгариги рақобат энди йўқ. Замон ўзгарган. Ўша даврнинг талаби эди. Экологияни биргаликда ҳимоя қиламиз. Шу ерга ишлашга келасан, вассалом. Бошқа гап бўлиши мумкин эмас.
Бирдан Эркин акамнинг гаплари эсимга тушди: чилвир ташланмоқда, бундан қутулишнинг йўлини излаб, бироз ўйланиб қолдим.
Ва:
– Менинг қиладиган ижодий ишларим кўп. Вақтим бўлмаса керак, – дейишим билан:
– Сен қиладиган ишларни қилиб бўлгансан. Алоҳида кабинетинг бўлади. Ҳамма шарт-шароитни яратиб бераман. Нима ёзсанг-ёзаверасан! Ҳиндистонда Пўлат Мажидович билан учрашиб қолиб, меҳмон қилганинг-у, Тожмаҳалга олиб бориб, зиёрат қилдирганларинггача!.. Ҳа, хизмат машинаси масаласини кейинроқ ҳал қиламиз. Ишни йўлга солиб олайлик.
Мен бирон сўз айтолмай қолдим. Темур Аъзамович эшик рўясида пайдо бўлган ходимага қараб:
– Бу одамни танийсиз-а, – деб қўйди-да, таъкидлагандай, – ҳужжатларини келтириб беради, бугундан кечиктирмай, ишга расмийлаштириб қўйинг, – деди.
Ана, холос, арзимаган бир соатга етар-етмас вақт ичида ҳали ўзимга номаълум бўлган амалдорлик курсисини эгаллайдиган бўлдим.
Қаеримгадир ип боғланади, шекилли…
Амал рўшноликлари
Қисқа вақт ичида шунга амин бўлдимки, одамлар бекорга кичикроқ бўлса ҳам лавозимлик курсисига интилишмас, ундан ажралиб қолмаслик учун жонларини жабборга беришмас экан.
Унинг жозибали томонларини дарров ҳис эта бошладим: телефон қилиб, мақтов сўзларини аямайдиган табрикловчиларнинг кўплигини айтмайсизми?! Уларнинг ичида олдинлари саломимга оғринибгина “алик” оладиганлари ҳам анча-мунча эди.
Телерадиодан, матбуот органларидан келадиган мухбирларнинг барини Темур Аъзамович менга рўпара қиларди.
Бир куни мен ғоят ҳурмат қиладиган шоира опахон телефон орқали янги иш билан қутлаш асносида илтимос қилиб қолди:
– Сал эркароқ бўлиб ўсган ўғлимиз бор. Иложи бўлса, ёнингизга олиб, тарбияласангиз, ука! Ахир, анча вақт муаллимлик қилгансиз. Лола Ҳотамова билан унинг синглиси Гулчеҳралар яқинда кўпчилик олдида сиздан ўн йил давомида ҳинд тили билан тарбия сабоғини олишгани ҳақида ғурурланиб, гапириб қолишди.
Ана, амалнинг шарофати! Илгари биронта одам бундай илтимос билан менга мурожаат қилган эмасди. Ўзини олиб қочарди. Савоб иш қўлимдан келадиган даражага етган эканман, ўзимни у ёқ-бу ёққа ташлаб ўтиришнинг нима ҳожати бор.
Опахонга ҳимматпеша амалдорларга хос дангали гапни айтдим:
– Ўғлингиз олдимга келсин. Ҳозир имконияти бор. Албатта, қўлимдан келган ёрдамни бераман.
– Қачон борсин?
– Бўладиган иш бўлгани маъқул. Бизда соат ўндан иш бошланади. Эртанинг ўзида кела қолсин!
Айни айтилган пайтда 23-25 ёшлардаги жингалаксоч, қад-қомати ўзига ярашган, тандирдан янги чиққан ширмой нондай лўппи юзли йигит хонамга кириб келди. “Чойхона кўрмаган” ўсмирларга ўхшаб, оврўпача услубда “қуруққина” қўл ташлаб, сўрашди.
– Қани, марҳамат ўтиринг-чи! – дегандим, тиззалари кўзини икки томонга ташлаб, қаршидаги диванга чўкди. Мен биринчи “сабоқ” дарсини беришга мажбур бўлдим:
– Ука, оёғингни Қўқон араванинг шотисига ўхшатмай, тўғрилаб ўтир… Ҳа-а, манави энди, бошқа гап! Вақтида келиб, яхши қилдинг. Мен раҳбаримизга айтиб қўйгандим. Ҳозир олдиларига кирамиз.
Хуллас, бўлажак янги ходим билан бўлган қисқа вақтли суҳбатдаёқ ҳар хил тоифадаги одамлар билан муомала қилавериб кўзи пишиб кетган Темур ака ниманидир сезгандай:
– Энди бу йигитга бизда қатъий амал қилинадиган тартиб-интизом, ҳар хил иш билан келиб-кетадиганларни хушмуомалалик ҳамда одоб билан кутиб олиш, ҳар бир масалани коллектив билан ҳамкорликда бамаслаҳат ҳал қилиш борасида иш ўргатиш вазифасини ўз зиммангизга оласиз, бир ойлик синов муддатини ўташи керак, – деди қатъий оҳангда!
Қабулхонадан чиққач, ўзимнинг хонамга кириб, янги танишим билан анча вақт тарбиявий мавзуда гурунг қилдим:
– Ана кўрдингми, ишга қабул қилиндинг. Бир ой синов муддати билан! Мен сенинг олдингга қўядиган, бажаришинг лозим бўлган вазифалар жуда осон. Соддароқ қилиб айтганда, “ўзбекона” бўлиши керак, холос. Масалан: албатта, ўзингдан каттароқ одамга биринчи бўлиб салом бериш ва қўлни кўкракка мана бундай қилиб қўйиш ва ҳоказолар… Шу ўргатганларимни қанча тезроқ ўрганиб олсанг, ўзингга шунча яхши. Унгача мен мана бу ҳужжатларингда Борий Алихонов деб ёзилган исм-фамилиянгга “қофиядош” қилиб, ўзаро муносабатларда сени “Борис Плеханов” деб атаб тураман.
Бу ҳазилнамо гапларим йигитга ёқинқирамади, шекилли, бир тўмтайиб, ғалати қараш қилиб қўйди. Бироқ, бирон норозилик оҳангидаги гап айтмади. Икки-уч кунгача қовоғи очилмай юрди. Мен ҳам синаш учун ўзимни билмаганга солдим.
Бир куни шоира опанинг ўзи ўғлини бошлаб, хонамга кириб келди.
– Акаси, сиздай одамга жаҳл қилиб, кек сақлаб юрганини эшитиб, ўзим хижолат чекиб кетдим. Ҳой, ҳазилни билмаган, қани сал қовоғингни оч. Қилиғингга яраша, “Борис Плеханов” бўлсанг, нима қипти! Қани, кечирим сўра, ҳозирнинг ўзида!
У қўлини кўкрагига қўйиб:
– Кечиринг, устоз, – деди.
Мен:
– Мана бу бошқа гап. Онанг ҳам тахаллус билан шеърлар ёзадилар. Сен буни тушунишинг керак. Майли, сен бу киши олдида яхши имтиҳондан ўтганинг учун ўз исм-фамилиянг билан чақириб ҳам тураман, – деб, унинг елкасига қўлим билан аста қоқиб қўйдим.
Ўртада енгил кулги кўтарилди.
Амал билан хайрлашув
Устоз Эркин ака тўғри гапни айтган эканлар: “Ўзи йўқнинг – кўзи йўқ” деганларидай, радио орқали “нозикроқ” одамларга тегадиган қаттиқ-қуруқ гаплар айтиб юборган эканман, икки-уч бор “ип” тортиб қўйилди.
Айниқса, ҳеч кимдан сўраб-суриштириб ўтирмасдан, амалдорлик русумига риоя қилмаган ҳолда навбатдаги “қуюшқонга сиғмас”, анчагина жиддий мавзуда бўлган мақолани эълон қилиниши Сирғалидан тортиб Тошкент шаҳрини ҳам қалқитиб юборгандай бўлди.
Чунки, бу “Ёвчиққан” мавзуининг узвий давомида бўлган “бомба” нақ пойтахт устига келтириб ташлангандай, номи ҳам “Шаҳарга бомба керакми?” деб, аталганди-да!
Муштарийлар бу одам ҳеч тинчимас экан-да, исковучдай нуқул “жанжалли” жойларни қидириб юраркан, деган хаёлга бормасликлари учун “Бомба”нинг ёзилишига сабаб бўлган бир воқеа ҳақида тўхталиб ўтишимга тўғри келади: биз истиқомат қиладиган Тошкентнинг “Дархон” мавзеидаги катта марказий кўчадан Салор анҳори бўйлатиб, узунаси салкам бир чақирим келадиган, пароходга ўхшаш тўққиз қаватли улкан бино бунёд этила бошлади. Ҳашаматли бу тураржой маскани ақл бовар қилмас даражада шу қадар тезлик билан қуриб битказилдики, ярим йилга етмас вақт мобайнида унинг юздан зиёд хоналари истиқомат қилувчилар билан тўлиб тошди.
Бир куни номи довруқли ёш шоир укамиз Муҳаммад Юсуфни шу ерда учратиб қолдим.
– Ҳа, Муҳаммаджон, бизнинг маҳаллада нима қилиб юрибсиз?
– Сиз Бўстонлиқдаги дала-боғдан ер берганингиздан сўнг, менга ҳам мана шу катта бинодан квартира беришди. Лекин, бир ўзимман.
– Нима, хотин билан ажрашдингизми?
– Йўқ, бошқа маънода гапиряпман. Қўшниларимизнинг бари бошқа юртлардан келишган. Воронеждан эмиш. Битта мен деганимнинг боиси шуки, бундоқ атрофга қарасам, баҳайбат иморатда яшаш шарафига муяссар бўлган “маҳаллий” фуқаролардан биргина мен эканман. Ҳамсояларим ичида ўзимни бошқа мамлакатдан келиб қолган хорижликдай ноқулай ҳис этяпман. Улар ҳам менга худди адашиб, сафларига қўшилиб қолган африкалик ҳабашга қарагандай назар ташлаб қўйишади.
– Ундай бўлса, шоир айтганидек “Соҳил бўйлаб сузиб борар танҳо бир қайиқ” экан-да!
– Шунга ўхшаб қолди, ака.
Янги қўшнини уйга таклиф этдим. Унинг қизи билан менинг кенжа қизим бир мактабда, бир синфда ўқишарди. Шунинг учун баъзи-баъзида чақириб туриладиган “ота-оналар мажлисида” кўришиб қолардик.
– Мана энди ёнгинамизга келиб олганингиз яхши бўлди. Дала-боғга ҳам гурунглашиб, биргаликда бориб келаверамиз.
Шу орада эшик қўнғироғи жиринглаб, ичкарига марказий телевидение “Время” программасининг Ўзбекистон бўйича бош мухбири Ирисмат Абдухолиқов кириб келди. Номи эл оғзига тушиб турган ёш шоир билан яқиндан танишганлигидан хурсандлигини айтиб, суҳбатимиз янада жонланиб кетди.
Мен Ирисматга гап орасида Муҳаммаджонни янги қўшнилар кимга ўхшатишаётгани ҳақида гапириб бердим. Ўртада кулги кўтарилиб, мавзу баҳайбат бинода яқин бир ой ичида осмондан тушгандай пайдо бўлиб қолган шоирнинг қўшниларига келиб тақалди.
– Аёлларни дунёнинг тўрт бурчагидан келтириб, бир-бири билан учраштириб қўйсангиз, улар дарров “тил” топишиб олишади, – дея гап бошлади Муҳаммаджон, – бизнинг хотиннинг сўзларига қараганда, қўшниларнинг ҳаммаси асосан Россиянинг Воронеж ва бошқа шаҳарларидан келган мутахассислар, ишчилар ва уларнинг оила аъзолари экан. Сирғалида бир неча мингга яқин кишини иш билан таъминлайдиган “Химгородок” қурилиши бошланибди. Ҳозир унга керакли бўлган барча зарур материаллар, қурилиш анжомлари, дастгоҳлар ташиб келтирилаётган эмиш.
Шоирдан бу “янгилик”ни эшитган икки-уч хонадон нарироқда яшовчи қўшним Ирисмат ялт этиб менга қаради:
– Мана, сиз учун Бўстонлиққа тенглашиб қоладиган яна бир мавзу! “Химгородок” нималигини билмоқчи бўлсангиз, Қўқоннинг ёнгинасидаги “Ўлик шаҳар”ни бир бориб, кўринг! Худди бомба ташланган Хиросимадай ҳувиллаб ётибди. Бир пайтлар марказий Кимё саноати Министрлиги водий одамларини иш билан таъминлаш баҳонасида Россиянинг қайсидир шаҳрида қурилиши мўлжалланган “Кимёгарлар шаҳарчаси”ни Қўқон ёнига келтириб қурдилар. Биз ўз вақтида “Бутуниттифоқ зарбдор қурилиш объектларидан бири” деб, Москва буюртмасига кўра мақтовли репортажлар жўнатиб турганмиз. Улар ичида Ўзбекистонлик олимлардан академик Саид Мирзаев кабиларнинг бу “қурилиш”га қарши айтган интервьюлари ҳам бўларди. Лекин ўша жойлари экранга чиқарилмас, “кесиб” ташланарди. Москвага телефон қилиб, “Ҳой йигитлар, нима қиляпсизлар?” деб, сўрасам, “Бу “юқори”нинг буйруғи” дея, жавоб беришарди… “Химгородок” ишга туширилди-ю, орадан кўп вақт ўтмасдан одамлар ҳовлисидаги дов-дарахтлар, атрофдаги хўжаликларнинг боғ-роғлари, ҳатто, далалардаги экинлар қандайдир офат тушгандай қовжирай бошлади. Етиштириладиган ҳосил маҳсулотларини ҳам истъмол қилиб бўлмаслиги аниқланди, Энг ёмони, одамлар орасида онкологик касаллар кўпая бошлади. Кўпчилик қудуқлар орқали ичадиган ерости сувлари заҳарланганлиги ҳам маълум бўлгач, заводни тўхтатишга мажбур бўлишган. У ердаги ҳозирги аҳволни айтиб бердим… Яна бир ажабланарли жойи, бундан уч йилча аввал Воронежда қурилмоқчи бўлган улкан кимё корхонасига қарши у ердаги экологлар томонидан уюштирилган митинглар бир неча бор “Время” орқали намойиш этилганини кўпчилик кўрган. Керак бўлса, мурожаат қилиб, ўшалардан нусха олишимиз мумкин… Энди маълум бўлдики, Воронеж “кимё корхонаси”ни бизга келтириб, шундоқ Тошкент ёнбошига қурмоқчилар.
Шу гап-сўзлар бўлиб ўтганига бир ҳафта бўлмаёқ “Дархон”нинг шундоқ ёнгинасидаги “Салор” поезд станциясига келиб тўхтаган усти очиқ вагонлардан кўплаб “ВВП” (Воронеж) давлат рақамли хизмат машиналари туширилиб, “пароход” нусха бино атрофига келтириб қўйилди. Кейин улар Сирғали томонларга қатнаб, ўз хизмат вазифасини ўтай бошлади.
Суриштирувлардан маълум бўлдики, бир пайтлар Сирғалида “Саноат зонаси” барпо этиш режалаштирилган, аммо, амалга ошмай, қолиб кетган.
Бу хабарни ўша пайтдаги республиканинг бош “ҳокими” бўлиб турган Анишчев шаҳар саноатини ривожлантириш бўйича мутасадди Рафиқовдан эшитгач, дарров “Химпром” билан алоқа боғлаб, уни Москвага юборади.
Масала осонликча ҳал бўлади. “Саноат зонаси”, тўғрироғи янги “Химгородок” учун Сирғалига қўшни “СССР 60 йиллиги” хўжалиги, шунингдек, “Ўзгариш” массивидаги дала-боғ ҳамда узумзор ерлардан 270 гектар ер ажратилади. Зудлик билан қурилишга тайёргарлик бошланиб кетади.
Хуллас, мен ўзимга, ҳатто, кўпчилик бошқаларга ҳам анча “номаълум” бўлган “Сирғали саноат зонаси”даги ишлар билан оддий бир кузатувчи сифатида таниша бошладим.
Чирчиқ дарёси сув ўзанини дамбалар билан кўтариб, сув оқимини ўзгартиб, унинг ёнидан темир йўл ўтказишга қизғин тайёргарлик кетарди. “Зона” учун деб ажратилган ерларда ҳам булдозерларнинг шовқин-сурони авжида. Энг қизиғи, бизнинг Қўмитадагилар бу ерларда олиб борилаётган ишлардан бехабардай эдилар.
Мен ўзимча бу қурилиш “тарихи” билан яхшилаб танишиб, жамоамиз аъзолари диққатини кутилмаган “янгиликка” қаратмоқчи бўлдим.
Сирғалига навбатдаги қилган сафарим чоғида бир зиёлинамо кишидан: “Бу қурилишнинг бошлиғи борми?” – деб сўрагандим, у – янги асфалт ётқизилган кенг майдон ўртасидаги каттагина вагонеткани кўрсатиб: “директор Арнолд Николаевич Пугачёв ўша ерда”, деди.
Директор энди папкани қўлтиқлаб, қаергадир шошиб турган экан, сўрашиб, ўзимни “маҳаллий” газета ходими деб таништиргандим, кутилмаганда орқасига қайтди, қаршисидаги стуллардан бирига таклиф этди.
Мен бироз ўнғайсизланиб:
– Кўп вақтингизни олмоқчи эмасман. Шу барпо этилаётган завод ҳақида сиздан икки оғизгина маълумот олмоқчиман, холос, – дедим.
Назаримда, бу одам мени, биз олиб бораётган ишлар ҳақида маҳаллий газетада мақтовли хабар ёзишга келган мухбир деб ўйлади, чоғи:
– Лўнда ва қисқа бўлсинми?, – дея ўзини менга яқин тутгандай очиқ чеҳра билан сўради.
– Худди шундай, Арнолд Николаевич, ҳозирча биринчи гурунгимиз бўлгани учун шунинг ўзи етарли деб, ўйлайман, – дедим мен ҳам ўзимни эркинроқ тутиб.
– Бу ерга қуриладиган заводнинг умумий майдони 250 000 квадрат метр жойни эгаллайди. Ўттиз беш минг кишилик алоҳида шаҳарчада яшовчиларнинг барини иш билан таъминлаш керак-да! Бу ерга бизга ёрдам учун Омск, Уралскдан ҳам қурувчилар келишади. Шаҳарча Ўзбекистондаги энг катта кимё саноати марказларидан бирига айланади.
– Яна бир саволимга жавоб берсангиз. Сиз айтаётган заводнинг ишлаб чиқариш фаолияти, асосан, кимё билан боғлиқ. Ҳозир бу масалада табиат ҳимоячилари жуда қаттиқ позицияда туришибди. Маҳаллий экологларнинг завод қурилишига муносабатлари қандай?
– Бизнинг фаолиятимиз Бутуниттифоқ аҳамиятига молик бўлганлиги учун масалага ана ўша даражада ёндашамиз. Ҳа, Ўзбекистон ҳукумати томонидан қўйилган экологик нормалар Москвада кўриб чиқилган, чиқилмоқда ҳам. Биз ана ўшалар асосида иш олиб борамиз.
Сирғалидаги “Кимёгарлар шаҳарчаси” қурилишига бош мутасадди кишининг бу сўзларини шарҳлаш учун Ўзбекистондаги энг таъсирчан назорат органи ҳисобланувчи республика Гидрометеорология ва табиатни муҳофаза қилиш Бош Бошқармасига мурожаат қилдим. Албатта, мен уларга ҳамкор, яқин идоранинг вакили бўлганлигим учун илиққина кутиб олиб, дангал гапни айта қолишди.
– Биз, у заводни Сирғалига қурилишига умуман рухсат этмагандик-ку?! Аввало, ўша Чирчиқ бўйи “зоналари”да бир пайтлар ўйламай қуриб ташланган корхоналарнинг ис газига тўлиб-тошган “чиқиндилари” шаҳар ҳавосини булғаб ётибди. Энди унга кимё “шаҳарчаси” йил давомида чиқарадиган 2490 тонна энг заҳарли “қурум”га чидаб яшашнинг ўзи муаммо бўлиб қолади. Ундан ҳам даҳшатли томони, бутун Тошкент ва унинг воҳаси учун чучук сувнинг ягона манбаи бўлган энг катта обиҳаёт захираси айнан Чирчиқ дарёси соҳили бўйлаб Сирғалигача чўзилиб келган бир неча юз метр чуқурликдаги ерости “омбори”да сақланади. Бир пайтлар Қўқон “Кимё комбинати” боғ-роғларни қуритиб-қақшатгани етмагандай, шаҳар атрофидаги ерости сувларини ҳам заҳарлаганди. Энди бу фалокат Тошкентда қайтарилмасин деб, қаттиқ қарши турганимиздан сўнг Янгийўл томонларга кетишганди. Наҳот, қайтиб келишган бўлса?!
Хаёлимдан “шаҳар шу даражада бедарвоза бўлиб қолдими?” – деган ўй ғимирлаб ўтди-да, беихтиёр Қўқон ёнидаги Ирисмат айтгани “ўлик шаҳар” кўз ўнгимда гавдаланиб кетди.
Кўпчилик орасида “Чинакам бомба”, дея ном қозониб кетган мақола қарийб 700 000 нусхали адабий газетада босилиши, аввалроқ айтганимдай, пойтахт раҳбариятини эсанкиратиб қўйди, десам, муболаға бўлмас.
Бутун бир саҳифани эгаллаган мақолани чоп этган “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасини Сирғали тумани ва унинг атрофидаги боғ-роғли ўз томорқаларидан айрилаёзган аҳолининг деярли кўпчилиги қўлида кўриш мумкин эди.
Дала-боғ, узумзорларнинг бир қисми пайҳон этилиб, “Қурилиш штаби” деб, вақтинчалик ўрнатилган вагонеткаларга тортилган электр, телефон симлари узилиб, водопровод суви ҳам тўхтатиб қўйилганди. “Қурувчилар” вагонетка-қароргоҳларига яқинлашишга юраклари бетламай қолди. Ҳали давлат рақами алмаштириб улгурилмаган “ВВП” машиналарининг қораси ўчди.
Дархондаги “қўшнилар” учун ҳам ҳали кўникиб улгурмаган уйларда яшаш худди чақирилмаган меҳмонлардай, ноқулай бўла бошлади шекилли, “ташқари”га камдан-кам чиқадиган бўлишди.
Лекин, олти ойчадан бери “мэр” деган янгича мақом билан пойтахт шаҳрини бошқара бошлаган жаноб Рафиқов ҳали отдан тушгиси йўқ эди чоғи, мақолани босиб чиқарган газета таҳририятига норозилик билдириб қўнғироқ қилар, уни “текшириш” учун қандайдир юрист “мутахассис”ларни юборар, ҳатто, менга ҳам турли йўллар билан тазйиқ ўтказаётганини сезиб турардим. Назаримда, “мэр” шундоқ катта кўламли қурилишнинг бир мақола сабаб тўхтаб қолишини асло тасаввур қилолмасди.
“Шундай масъул вазифада ишлаб тургандан кейин шароитга қараш керак эди”, дея менга танбеҳ берадиганлар ҳам чиқиб қолди.
Раҳбаримиз Темур Алимов сукут сақлагани билан, барибир, у кишига кимлардир тазйиқ ўтказаётгани билиниб турарди. Шу орада каминани “бошқа ишга” ўтказиш режалари борлиги ҳақида узунқулоқ гаплар тарқаб қолгандай бўлди.
Ҳатто, бир марта шаҳарнинг “Тезякова” бозорида ҳафтанинг икки куни – шанба, якшанбасида бўладиган хонаки кучуклар савдосини назорат қилувчи инспектор ходимимиз Юрий Митрофановнинг касалхонага тушиб қолганини айтиб, унинг ўрнига “экспедитор” қилиб мени юбормоқчи бўлишди. Кимлардир ўйлаб топган бу “янгилик” жаҳлимни чиқарди, иззат-нафсимга тегди.
Ғурурим устунлик қилиб, унинг устига ижоддай муқаддас нарсани амал олдида қурбон қилишни истамай юргандим, шартта ариза ёздим.
Буни кутмаган укамиз “Борис Плеханов” (уни ҳамон шу “тахаллус” билан чақирардим, ўзи ҳам, ҳазил-ҳузулга “тушунадиган” йигит бўлиб қолганди) бироз хомуш тортиб:
– Ишлаб тураверсангиз бўларди, устоз. Бу ёғига мен энди нима қилай, – дея маъюс қараш қилди.
– Сен имтиҳондан яхши ўтгансан. Темур Аъзамовичга тайинлаб айтдим: мана калит, менинг кабинетимга кўчиб ўтасан, – дедим-да, очқични унинг қўлига тутиб, хайрлашдим.
Тақдир ўйинини қарангки, Тошкент “мэри” ҳам – шаҳар тарихида энг қисқа муддат лавозимда ўтирган киши сифатида мен билан кетма-кет ишдан кетди. Айтишларича, мажбурлаб ариза ёздиришган…
Воронежликлардан бизга Сирғалидаги икки хўжаликка қарашли анча-мунча дала-боғларни пайҳон қилиб, қурилишга тайёрланган ўйдим-чуқур хандақчалар, улар орасида қийшайиб ётган ўнлаб вагонеткалар ва энг аҳамиятлиси, бизнинг Дархондаги пароходга ўхшаш узун кўпқаватли бино “эсдалик”ка қолди.
Шоир Муҳаммад Юсуф анча вақт ўзини шу улкан қароргоҳнинг ёлғиз меросхўридай ҳис этиб, оиласи билан умргузаронлиқ қилиб юрди. Кейин унга қўшни бўлиб, ўзимизнинг “маҳаллий”лар кўчиб кела бошлашди.
“Шогирд”нинг парвози
Мен ўзим билан ўзим овора бўлиб юраверибман-у, ўша, бир пайтлар ҳаддим сиққанидан “эркалаб” “Борис Плеханов” деб чақирадиган шогирдимнинг иши юришиб, табиатнинг жонкуяр қўриқчилари қаторидан ўрин олганини кейинроқ телевизор, матбуотга берган интервьюларидан билиб қолдим. Ички бир туйғу билан ғурурланиб ҳам, қўйдим.
Омади бор экан, озгина вақт ўтгач, халқ ноиби деган шарафли ном билан экологиянинг сардори сифатида қайсидир катта йиғилишда қилган нутқини телевизор олиб кўрсатди. Маърузада “янграган” гаплар устоз Абдулла Қаҳҳор таъбири билан айтганда “совун суртиб қўйилган”дек “силлиққина” бўлса ҳам, мени бефарқ қолдирмади.
Аканг қарағайнинг шогирди шундай мартабага эришади-ю, қувонмай бўладими! Уни ҳеч бўлмаса, телефон орқали табриклаб қўймоқчи бўлдим. Бир нечта рақамни айтишди. Ҳатто, “ҳукумат рақами”ни ҳам ёзиб олдим.
Узоқ йил турли лавозимларни бошқарган бир тажрибали фахрийдан “бирон раҳбарликка тайинландингми, то ишни жўнаштириб олгунча, бир йил хотин, бола-чақа билан оилани унутишингга тўғри келади” деган сўзни эшитгандим. Шогирдим ҳам шунга ўхшаб ишга шўнғиб кетган шекилли, бир неча ой деганда ҳам у билан алоқа боғлай олмадим.
Ҳатто, бир марта қабулхонасидаги хонимга ўзимни таништириб, “икки оғизгина гапим бор”лигини айтгандим, “Ҳозир жуда бандлар, мени ҳеч ким безовта қилмасин деганлар” деган “жавоб”ни эшитдим. Шундан сўнг уни “безовта” қилмайдиган бўлдим. Назаримда, мен яна бирон “жанжалли” ишни қўзғаб, қийин аҳволга солиб қўйишимдан чўчиётгандай эди. Тўғри-да, “силлиққина” гаплар турган бир пайтда, бўғизни тиканакдай шилиб чиқадиган гаплар кимга ёқарди… Эҳ, Борис Плеханов, Борис Плеханов…
Вақт ўтиб борган сари “шогирдим” телеюлдуз даражасига кўтарилиб борар, чунки экология замон талабига кўра долзарб масалага айланаётгани ҳақида кўпчиликни энг тезкор ва беминнат минбар – телевизор орқали хабардор этиб туриш лозимлиги ҳадисини олганди. Лекин республикада рўй бераётган кўплаб муаммолар четлаб ўтилар, мавзу туман, қайсидир қишлоқ, ҳатто, маҳалла доирасидан нарига чиқмасди.
Бошқа минтақаларни қўя турайлик, азалдан Тошкент шаҳри ва бутун воҳаси учун ягона обиҳаёт, соф ҳаво манбаи бўлиб келган жафокаш Бўстонлиққа яна тазйиқ ўтказиш, у ердаги мавжуд экологик мувозанатни издан чиқарувчи пала-партиш ҳаракатлар авж олдириб юборилганлигини ҳамма кўриб-билиб турарди. Бироқ, республика табиатининг довруқли Бош ҳимоячилари ўзларини – шундоқ кўзлари ўнгида рўй бераётган нохушликларни кўрмаётгандай тутишар, худди ўзлари ўтирган азим дарахт шохига арра тортаётганлардан юз ўгиришган-у, уларга эътибор ҳам беришмасди. Қўполроқ қилиб айтганда, ўша пайтлардаги экология ҳақида куюниб айтилаётган “оташин” гаплар дабдаба-ю, аслида эса, аҳвол дабдала эди.
Мустақилликни қўлга киритгач, ҳаётимизга “бозор иқтисодиёти”, деган тамойил кириб келди. Буни кўпчилик ростманасига “ҳамма нарсани пул ҳал қилади” деган маънода тушуна бошлади. Вақт ўтган сари у “бадавийлашганроқ” қиёфага кириб, янги авлод – “бойлар гуруҳи”нинг шаклланишига сабаб бўлди. Илгари бошқалардан сал ўтказиб, ҳашаматлироқ уй кўтаришга юраги дов этавермайдиганлар энди, худди ҳинд киноларидагидек кўп қаватли қасрнамо иморатлар, ҳатто, шахсий тўйхонаю ресторанлар қуришга киришиб кетдилар.
“Пулинг борлигида “иши юришмаётган” қўшнингнинг ҳовлисини арзон-гаровга сотиб ол, озгина вақт ўтгач, унинг баҳоси бир неча баробарга ошиб кетиши аниқ. Бу ҳам “бозор иқтисодиёти”нинг талаби. Замонавийроқ қилиб айтганда, “бизнес” дея бир-бирига гап уқтирадиганлар кўпайди.
“Ишнинг кўзини билгувчилар” шаҳардан чет – овлоқ жойларга назар ташлай бошладилар. Айниқса, тошкентлик “бой”ларга Бўстонлиқ жуда маъқул келиб қолди. Озгина вақт ўтгач, одамлар – Қрим, Сочига эмас, мана шу ерларга оқиб келишини, унинг сарзамин тупроғининг ҳар қаричи олтинга тенг бўлиб кетишини яхши билишарди.
Кутилмаганда “Миллий боғ-табиатнинг дахлсиз маскани” деб эълон қилиш арафасида турган Бўстонлиқдаги 12 та хўжаликнинг дала-боғ ерлари ва мол-мулки ким ошди савдосига қўйилиб сотилди – “хусусийлаштирилди”. Шундай бўлгандан кейин “эгалик ҳуқуқи”ни қўлига киритган ҳар ким ўз билганича иш юритишга ҳаққи бор эди…
Тоғлар этагида асрлар давомида суви шарқираб оқиб ётадиган катта-кичик чашмалар ҳам “хусусийлаштирилиб” (албатта, “қуруққа” эмас), атрофи девор билан ўралди, ҳатто, ит чўмилтиришга алоҳида бассейни билан осмонга бўй чўзган оромгоҳ – қалъа кўринишидаги “қасрча”лар пайдо бўла бошлади.
Энг ачинарлиси, шундоқ Чорбоғ сув омборидан оқими бошланиб, Ғазалкент, Чирчиқдан тортиб, пойтахт Тошкент ва унинг миллионлаб одамларию барча тирик мавжудотни обиҳаёт билан таъминлайдиган ягона манба – зилол сувли Чирчиқ дарёсининг ўнг қирғоғига, шундоқ мавжланиб оқиб турган сув бўйига яқинлаштириб эмас, ҳатто устига чўмилиш бассейнлари ва сауналари бор “оромгоҳ” иншоотлари қурилиши бошлаб юборилди.
Энг ачинарлиси, “бойвачча” бўладими, ёки ундан каттароғими, ким бўлса ҳам улар томонидан амалга оширилаётган бу хилдаги ўта чидаб бўлмас, сувга тупуришдай, ноқис хатти-ҳаракатлар ошгандан-ошиб борарди.
Бу, Бўстонлиққа салгина олдин “босқин” уюштирган, сўнг домла Озод Шарафиддинов ёзганларидек, “думига челак боғланган қутурган буқа мисол” шармисор этиб, бу гўзал бўстондан ҳайдалган шўро югурдакларидан ҳам ўтиб тушадиган, гумроҳона ҳаром-харишликнинг ўзгинаси бўлиб, агар бу иллатнинг олди олинмаса, ёмон ярадай тезда патос боғлаб кетиши аниқ эди.
Туманнинг паст поғонали раҳбари бўлиши билан бирга экологияга масъуллиги ҳам бор “яқин” танишларимдан бири менинг шаштимни қайтармоқчи бўлди:
– “Сув бўйи” қурилишлари устида турганлар аввало ҳазилакам одамлар эмас! жуда катта пул сарфлаб қўйишган. Уларнинг “илдизи” Тошкентда. “Мол аччиғи – жон аччиғи”, дейдилар-ку! Ҳозир давр – сиз ўйлагандай эмас! Уларга бас келиб бўлмайди.
– Бас келадиганлар бўлса-чи! – дедим унинг юзига тик қараб, – Мана, ўзингиз узвий алоқадор “Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси” деган катта нуфузли ташкилот бор. Агар шу иш у ердаги масъулларнинг қўлидан келмаса, нима қилиб, ҳукуматнинг катта-катта ойлигини олиб, шинам кабинетларда савлат тўкиб ўтиришибди? Бунинг учун улар олдига “ичаётган сувларинг пок, ҳалолми, кимларнингдир наҳс босган оқаваси аралашмаганми?” деган саволни қаттиқроқ қўйиб, ҳушёр торттириб қўйишга тўғри келади, холос!
Шу гапларни айтдим-у, бирдан ўша, атроф-муҳит мусаффолиги учун юзлаб зиммадор казо-казоларнинг олиймақом сардори “шогирдим” кўз ўнгимда гавдаланиб кетди. Унинг ҳузурига эшигини тепиб бўлса ҳам, кириб бориб, қўлига қисқагина Бўстонлиқдаги аҳвол ҳақида ёзилган – уни ҳушёр торттириб юборадиган “Хат” топширишдан бошқа иложи йўқлигини англадим.
Чунки ҳозир бирон далил-ашёинг бўлмаса, ҳеч қаёққа сўзинг ўтмайди. Қуруқ гап оғиздан чиқади-ю, қаёққа учиб кетганини билмайсан. Хат эса, ҳужжат! Хоҳлаган пайтда “эслатиб” қўйиш мумкин.
“Аррамизнинг тиши йўқ…”
Умримда, шунча қоғоз “қоралаб”, китоблар чиқариб, бировга арзи ҳол “хат” ёзиш бунчалик мушкул вазифа эканлигини биринчи бор ҳис этишим эди. Ўзимни – тўрт энлик “Ариза” ҳам битолмайдиган ожиз банда ҳолига тушиб қоламан деб, ўйламагандим.
Ниҳоят, бир ҳафта деганда, кўз олдимда икки воқеа гавдаланиб кетди-да, калаванинг учини топгандай бўлдим.
Биринчи воқеа: машҳур қўшиқчи Алла Пугачёва Москва шаҳар водапровод тизимлари учун сув захираси ҳисобланувчи еттита дарёнинг бири қирғоғидан – ярим чақиримча наридаги ялангликка хашаматли қароргоҳ қурдиради-ю, ундан фойдаланишга келганда, шаҳар экологларининг қаттиқ қаршилигига учрайди. Чунки, текширишлар натижасида қароргоҳ ўрасига йиғиладиган ташлама сув ерости сизот суви орқали дарёга сизиб бориш эҳтимоли борлиги аниқланади. Ана ўшандан кейин қароргоҳни бузиб ташлаш ҳақида шаҳар ижрокомининг қарори чиқади. Кошона иморатларининг бузилиш жараёнини Марказий телевидение бутун мамлакатга намойиш қилган, биз “шогирдим” билан шу “манзара”ни кўриб, москвалик экологларга ҳавасимиз келганди.
Иккинчи воқеа бошқачароқ: Навоий кутубхонасида “Туркестанские ведомости” газета тахламларини варақлаб ўтириб, сув муаммоси ҳақида ёзмоқчи бўлиб юрганимда мақола учун айнан керакли бир хабарга кўзим тушган, ундан нусха кўчиртириб олгандим. Қарангки, газетанинг 1908 йилги сонларидан бирида эълон қилинган кичкинагина хабарчани папкалар ичидан осонгина топиб олдим.
Унда шундай жумлалар ёзилганди: “Тошкентнинг аҳоли сув ичадиган Бўзсув анҳори қирғоғига яқин қилиб бир иморатча қурган жанобга қоидага риоя қилмаганлиги учун уч олтин танга жарима солинди ва зудлик билан иморатча буздириб ташланди” (Ўша пайтлар бир яхши отнинг баҳоси бир олтин танга бўлган).
Бор-йўғи ярим бетча жойни эгаллаган шу иккита далил-исботли маълумот ҳар қандай танбал одамни ҳам ҳушёр торттириб юбориши аниқ эди. Мен “Хат”ни расмий йўл билан Марказий почта орқали “Буюртма” шаклида, фақат “шогирдим”нинг ўзи имзо чекиб оладиган қилиб жўнатдим. Бироқ, орадан ойлар ўтди-ю, ҳеч қандай жавоб келмади, садо ҳам чиқмади.
Барибир, одам, айниқса, ижодкор бўлганингдан кейин нима биландир юракни ёзиш керак-ку… Ниҳоят, “Ҳуррият” газетасида Бўстонлиқни “ҳарбийлаштириш”га бўлган уринишдан кейин қайта пайдо бўлаётган навбатдаги оғриқли муаммоларни ўз ичига олган каттагина “Яйдоқлик чорраҳасидаги ўйлар” публицистик мақола кетма-кет икки сонда босилиб чиқди. Тўғри, унинг айрим жойларига Қаҳҳор домла айтганидек, “совун суртиб”, оғир ботмайдиган қилинганди. Шунга қарамасдан, анча-мунча “танқидий гаплар” айтиб олинган, мен мана шундан хурсанд эдим.
Ҳеч бўлмаса, газетани ўқиб, бирон ери “қимирлаб” қолар деган умидда, “Ҳуррият”нинг икки сонини бир қилиб, конвертга жойладим-да, республика экологлари сардорининг расмий номини ёзиб, яна бир бор “Шахсан қўлига тегсин” деган илова билан унга жўнатдим.
Ҳеч бир жойдан, на экология қўмитасидан, на унинг бошлиғидан, на туман раҳбарларидан, на ҳамқалам дўстлардан – бирор муносабат билдириш у ёқда турсин, акс-садо ҳам чиққани йўқ.
“Ҳуррият” таҳририятидагилар Чирчиқ дарёсининг энига ва узунасига қилиб, анча-мунча қаср-кошоналарни тиклаб улгурган, яна янги жойларни “ўзлаштириш”ни бошлаб юборган “ҳар нарсага қодир” валломатлардан чўчигандай, мақоладаги сал “аччиқроқ” жумлаларни бекорга “қиртишлаб” ташлашгани дарровоқ маълум бўлиб қолди.
Аввало, ҳеч ким “Ҳуррият”чилар мушугини “пишт” дегани йўқ. Қолаверса, “силаб-сийпалаб” танқид қилиб ўтилган “Сув бўйи кошоналари” эгаларидан биронтасининг дўқ-пўписаси эшитилмади. Бу тоифадаги кишилар ҳам ё газетага умуман қайрилиб қарамайдиган, ёки ҳеч нарсани назар-писанд қилмайдиган бўлиб кетишган эканми, ҳеч бўлмаса, кўнгил учун кимлардир орқали пўписа қилиб ҳам қўйишмагани одамга алам қилади.
Шундай пайтлар бўладики, арзингни кимгадир айтиб, сал бўлсада, юрагингни бўшатгинг келиб қолади.
Шоира опахоннинг телефон рақами “ён дафтар”да сақланиб қолган экан. Хайрият, ўзгармабди.
Таниш овоз эшитилди;
– Ало, эшитаман.
– Ассалому алайку-ум.
– Ким бу?
Номимни айтдим.
– Ҳа, сизмисиз. Танидим.
– Укамизнинг ишлари юришиб кетганидан хурсандман. Кўпдан бери телефон қилиб, ҳеч боғлана олмаяпман.
– Нима ишингиз бор эди?
– Менинг ҳеч қандай шахсий ишим йўқ. Авваллари фахрли лавозим билан табрикламоқчи бўлиб, кўп ҳаракат қилдим. Иложи бўлмади. Энди эса, Сизни безовта қилаётганимнинг сабаби, у кишини зарур бўлган бир янгиликдан хабардор қилиб қўйиш эди.
– Қанақа “янгилик” экан?
– “Ҳуррият” газетасининг ўтган ой охирги сонларида ўша, ўзингиз билган Бўстонлиқ мавзуидаги анча жиддий туркум мақола чиққанди.Таҳририятдан айтишларича, Қўмита томонидан бирон муносабат билдирилмабди. Балки, шу гапимни етказиб қўярсиз.
– Эй, укамей, мен ўғлимни ҳафталаб кўрмайман. Мажлисдан бўшамайди. Газета ўқишга вақт қайда, дейсиз?! Балки, манави рақамга қўнғироқ қилиб, ўзингиз айтиб қўярсиз. Ёзиб олинг, қабулхонасида ҳам камдан-кам бўлади. Ўзим дўхтирга шошиб турувдим. Мазам йўқ. Ана, машина келди, қатнайвериш жонимга тегди.
– Раҳмат. Ёзиб олдим. Соғ-омон бўлинг. Вақтингизни олганим учун минг бора узр сўрайман.
Аслида, бу рақам менга маълум эди. Жиринглайверган-у, бирон марта “жавоб” бермаган.
Одамларнинг қанчалик, оддий муомалани ҳам торозига солгандай “мисқоллаб” ишлатадиган бўлиб кетганидан кўнглим хира тортиб юрганди, доим мендан “кўз-қулоқ” бўлишни канда қилмайдиган Эркин акам;
– Қалай, Бўстонлиқ “Чорраҳаси”да “ҳорманг” деб қўядиган бирон одам топилдими? – деб, сўраб қолдилар.
– “Чорраҳа” жимжит! Қимирлаган одамнинг ўзи кўринмайди, шарпаси ҳам эшитилмайди. Чўл-биёбондай яйдоқлик! – дедим.
– Экологлар ҳам жимжитми?
– Уларнинг газета ўқишга вақтлари йўқ, шекилли.
– Бунинг боиси, матбуот тишсиз, “ўтмас” аррага ўхшаб қолган. Уни минг у ёққадан-бу ёққа тортганингиз билан фойдаси йўқ, – деб қўйдилар устоз маънодор қилиб.
Мен ҳам “ҳозиржавоблик” қилдим:
– Бир пайтлар ўзингиз “Аррамизнинг тиши йўқ, Уни тортар киши йўқ” деб ёзганингиздек…
Бўстонлиқ дарди
Шундай қилиб, мақоланинг бирон нафли томони сезилмади.
Бўстонлиқ ерлари қўлдан-қўлга ўтар, маҳаллий аҳолининг етти ухлаб тушига кирмаган ажабтовур номлар қўйилган ресторан, емакхона билан аралаш-қуралаш қилиб, “Вино-водка” деган кайфхоналар қурилар, туни билан шовқин-сурон солиб, қулоқларни қоматга келтириб “ишлайдиган”, маст-аластларнинг бақириқ-чақириғи тинмайдиган дискотека, клублар кўпайиб борар, хуллас, азал-азалдан тинчгина ором оғушига чўмиб ётадиган, юракларга таскин ва осудалик бахш этадиган Бўстонлиқнинг тинчи бузилиб, ножўя қўйилган оёқлар остида топталиб бораётгандай эди.
Қаердаки, бўш жой бўлса, баланд бетон деворлар билан ўраб олиниб, талон-тарож қилиш ҳамон давом этарди.
Тоғликлар ҳушёр ва ҳар нарсадан воқиф халқ бўлади. Ҳокимлар тез-тез, ҳатто, йил ўтмай ўзгарар, баъзиларининг иши судга ҳам оширилар, уларга бериладиган таъриф, ўзига яраша турфа бўларди: “лекин инсофи бор экан: мозорни пуллавормади-ку!”.
Бундай сўзларни эшитиш қанчалик оғир ва аламли. Чунки, Аллоҳнинг мўъжизаси қилиб яратилган, бу жаннатмакон ўлкага қадам қўйганимга – мана, олтмиш беш йилдан ошяптики, ўзимни шу сарзаминниннг киндик қони тўкилган фарзандидай ҳис этаман.
Бу гўзал маконнинг энг сўлим ва гўзал даргоҳларидан бири, тоғлар оралаб қарийб юз чақирим наридаги Қоронғитўқай сарҳадларигача чўзилиб кетган Пском водийсининг бундан 60 йилларча олдинги қиёфаси – шох-шаббаларнинг қалинлигидан ғира-шира қоронғиликка чулғаниб, юракка ваҳм солувчи чексиз ёнғоқзор боғлардан ҳозир ном-нишон қолмаган. Ўтинга деб кесилган. “Давлатга ғалла керак” бўлиб қолган йиллар водий дов-дарахтлардан “тозаланиб”, буғдойзорларга айлантирилган… Сўнг, бу ерларда етиштириладиган ғалладан кўра, Россиядан келтириладиган ун “арзон”лиги сабаб, Пском ерлари ўз ҳолига ташлаб қўйилган. Мана, бир неча йилларки, ҳувиллиб ётибди… Унда мавжуд бўлган дурустгина учта жамоа хўжалиги ҳақида камдан-кам эсланади. Бундай “қаровсиз” жойлар Бўстонлиқда анчагина…
Бу ўлканинг гўзаллиги, латофати, ҳавосининг мусаффолиги, обиҳаётнинг мўл-кўллиги, боғу роғларининг таровати фақат бир нарсага – дов-дарахтларга боғлиқ эканлигини ҳамма билади, шу жумладан, бу ерга раҳнамо этиб тайинланадиган кўпдан-кўп ҳоким жаноблар ҳам!
Лекин шуни била туриб, аввалги “секретар”ларни қўяверинг, мустақиллик даври “ҳоким”ларидан биронтасининг қўлига кетмон ёки белкурак олиб, “Туманнинг 7 ёшдан 70 ёшгача бўлган ҳар бир фуқароси икки-уч донадан ўз мевали ҳамда манзарали дарахт кўчатини экиб, ўстириш ойлиги” эълон қилишдай энг савобли, кўпчиликнинг бир умрга ёдида қоладиган ҳамда уларнинг дуосига сазовор бўладиган “ҳашар” ўтказиш хаёлига келмагани мени ҳайратга солади.
Ёки, миллатимиз удуми – ҳамманинг бошини қовуштириб, эзгуликка чорловчи бу хайрли анъанани уюштириш шунчалик қийин ва мушкул ишми?!
Ҳозирги пайтда шу бефарқликнинг дояси сифатида яна бир бузғунчиликка ружу қўйиш иллати бош кўтараётганга ўхшайди; баьзан қулоққа чалиниб қолаётган гапларга қараганда, “маҳаллий” корчалонлар “чет”дан инвестиция киритиб, Бўстонлиқда сим арқонли “осма йўл” (“канатная дорога”), яна қандайдир “кўнгилочар” қароргоҳлар барпо этиб, мўмай дарамад орттириш ҳаракатида юрган эмишлар.
Агар шу рост бўлса, бир пайтлар шўро ҳарбийлари томонидан бўстонлиққа уюштирилган босқинга қарши кураш йўриқларини яна қўллашга тўғри келади.
Чунки бу – ўзимиз паноҳида умргузаронлик қилиб келаётган ям-яшил нажот дарахтига болта уриш билан баробардир.
Чунки буни оддий фуқаро, ҳар қандай даражадаги амалдорлар билиб қўйсинлар: бутун пойтахт шаҳар ҳамда Воҳанинг миллионлаб аҳолиси – “шоҳ-гадоси”, муҳтарам раҳбар жаноблар учун ҳам ҳаёт-мамот, ҳаво-сув “ўпкаси” вазифасини ўтаб келаётган, илмий тилда “рекреацион зона” деб аталувчи бебаҳо табиат оламига тажовуз қилишдан бошқа нарса эмас.
Мўмай “даромад” орқасидан қувиб, Оролнинг бошига етиб, унинг жабр-жавосини тортаётганимизнинг ўзи камми?
Мана шу ҳақиқатни англаб етмай, фақат ўткинчи кунларни ўйлаб яшаётганларга қуйидаги ибрат бўларли мисолларни келтириб ўтишга тўғри келади: дунё курортлари акс этган хариталарни кўздан кечирсангиз, ундаги оромгоҳлардан бирортаси мегаполис шаҳарлар устига ёки яқинига қурилмаганлигининг гувоҳи бўласиз. Бу билан у ерда истеъқомат қилувчи аҳоли учун бирон муаммо пайдо бўлиб қолмаслиги назарда тутилган.
Ёки тасаввур қилинг! Тоғлар орасидаги каттагина қишлоқ аҳолисининг ҳаёт-мамоти олисдаги ягона булоқдан оқиб келувчи сувгагина боғлиқ… Бироқ қандайдир бойвачча пайдо бўлиб, чашма атрофини ўраб, фақат ўз мақсадлари йўлида фойдаланса, аҳвол не кечади?
Мана шу ҳақда жиддийроқ ўйлаб кўриш керак. Бўстонлиқ булоқлари энг аввало миллионлаб аҳолининг ризқ-рўзи, ҳаёт-мамотидир.
Ўтмишни қўмсаш
Қулоғимга унда-бунда нохушроқ бир хабар чалиниб қоларди-ю, миш-миш бўлса керак, деб ишонмай келардим. Бироқ, кутилмаганда “Даракчи” газетаси ўзининг байрамона кўтаринки руҳдаги катта ташвиқий мақоласи билан бор ишончимни чилпарчин қилиб ташлади.
Бизга Россия томонидан “энг арзон, энг қулай” бўлган электр энергияси ишлаб чиқарувчи Атом Электростанцияси – АЭС қуриб бериларкан-да, унинг нурларидан бутун мамлакатимиз чароғон бўлиб, бахт-саодатли кунларни бошимиздан кечира бошлар эканмиз.
Бутун бошли мақоланинг мазмун-моҳияти мана шунга йўналтирилганди.
Аввало, “арзон гўштнинг шўрваси тотимас” деган гап борлигини унутмаслик керак. Қолаверса, ҳозир бутун дунёда атроф-муҳит, шунингдек, инсон ҳаётига таҳдид бўлиб бораётган “техноген” иншоотлар қуришдан воз кечиб, муқобил электр манбалари, айниқса, қуёш энергиясидан фойдаланишга фан-техниканинг бор имкониятлари сафарбар этилаётган, айниқса унинг туганмас, беминнат манба эканлиги ўз тасдиғини топаётган бир пайтда, нега энди бизга рус биродарлар бундай “рўшнолик”ни раво кўриб қолдилар?!
Уларнинг рағбатига учиб, ҳайбаракаллачилик қилиб юрган баъзи маҳаллий “иш боши”ларимиз “арзонгаров” “ядровий ўйин” охир-оқибат биз учун жуда қимматга тушишини билишармикан?! Афтидан уларни шу кеча-кундузги ўткинчи “амал рўшнолиги” кўпроқ қизиқтиради, чоғи?!
Атом электр қуввати “арзон”лигини айтиб, бизни маҳлиё қилиш одамда шубҳа уйғотади. Токни ишлаб чиқарувчи баҳайбат иншоотлар инфраструктурасини яратишнинг ўзи осонлик билан кечмайди. Ўта мураккаб, масъулиятли ҳамда атроф-муҳит, инсонлар хавфсизлиги билан боғлиқ муаммоларни ҳал этишга тўғри келади. Бу масалада мутлоқо шошма-шошарликка йўл қўйиб бўлмайди. Унинг азобини Чернобил мисолида бутун мамлакат бошидан кечирган.
Демак, бу “рўшнолик”ка эришгунимизча анча-мунча вақт керак бўлади. Яна, шуниси ҳам борки, давр шиддати вақтни боғлаб қўймаган. Ҳар дақиқаси пул! Тараққиёт мезони шуни талаб қилмоқда. Чунки, ҳар соҳада бир янгилик. Шалоғи чиққан 50-60-йилларнинг аравасига ўтириб, узоққа бориб бўлмайди. Кимки, бунга амал қилмаса, минг “куч-қудрати-ю қурол-аслаҳасининг тенгсизлиги” билан чираниб, мақтанмасин, Африкадаги Ботсвана мамлакати қаторидан юқорига кўтарила олмайди.
Аслида-ку, “АЭС” бир пайтлар тараққиётнинг “мўъжизаси” ҳисобланган бўлса-да, ҳозир “эскирди”. Маълум даражада одамлар ҳаётига, атроф-муҳитга хавф солувчи кучга айланди. Унинг ўрнини узоқ муддат талаб қилмайдиган, энг асосийси, хавф-хатарсиз ҳамда ҳаддан зиёд чиқимдор бўлмаган техник кашфиётлар эгаллаб бўлди ва бу жараён ривожланиб бормоқда.
Чунончи, қисқа муддат ичида барпо этилгач, беминнатгина муқобил электр қуввати етказиб берадиган камтарона ёруғлик корхонаси қаерда-ю, қурилиши узоқ йиллар давом этиб “тушовидан тўқими қиммат”га тушадиган “гигантомания” даврининг “ёдгорлиги” қаерда?
Шуниси ҳам борки, “эртага” ҳаётга татбиқ этиладиган янгилик рақобатбардошлиги билан “бугунгиси”ни йўққа чиқаришини ҳаётнинг ўзи исботлаб турибди. ХХI аср тараққиётининг ҳукми, бу! Ундан ҳеч ким қочиб, қутулолмайди!
Шундай экан, бу масалада асло “Ё, эшак ўлади, ё, Афанди…” қабилида таваккалчилик қилиб бўлмайди. У давлатимизга ҳам, халқимизга ҳам ўта қимматга тушиши мумкин. Бунақасини кўп кўрганмиз.
Биз мана шуларни тўла англаб етмоғимиз, қачонлардир осмондан ёғилиши ваъда қилинаётган чалпакка ўхшаш “олов”дан ясаладиган электр қувватига маҳлиё бўлмай, узоқни кўзлаб оқилона иш, одилона сиёсат юритаётган жаҳоннинг илғор давлатларидан ўрнак олмоғимиз керак.
Яқин-яқингача Европа Иттифоқи мамлакатлари электр қуввати ишлаб чиқариш билан боғлиқ ёқилғи ҳажмининг қарийб 97 фоизини “чет”дан, асосан Россиядан олишга мажбур эдилар. Ҳозир у ерда қуёш энергиясидан фойдаланиш ишларига катта эътибор қаратилмоқда.
Матбуотнинг ёзишича, 2016 йил давомида Европа Иттифоқи бўйича сарфланган жами энергиянинг 9 фоизини, 2017 йили эса, 15 фоизини қуёш батареялари орқали ҳосил қилинган электр қуввати ташкил этган.
Агар ривожланиш шу даражада давом этса, Европанинг 28 мамлакати 5-6 йилдан кейин “чет”дан келтириладиган газ ва нефть маҳсулотларига “қарамлик”дан халос бўлиши аниқ.
Ёки, шимолий минтақада жойлашган, осмони жуда ҳам “қуёшли” бўлавермайдиган Норвегияни олайлик. Мамлакат нефт-газга бойлиги билан дунёда олдинги ўринларда туради. Шунга қарамай, беминнатгина қуёш энергиясидан фойдаланишга қизиқиш ортиб бормоқда. “Евро-Ньюс” хабарларига қараганда, тўлқинлар мавж уриб турган денгиз суви остига қоқилган баҳайбат пўлат қозиқлар устида қуёш батареялари ўрнатилган “майдонлар”ни кўплаб учратиш мумкин.
Яна, қизиқ томони шундаки, яқинда Москва нашрларидан бирида қаҳратон Сибирь ўлкасида қуёшдан қувват олувчи қурилма ишга туширилгани, бутун шаҳар аҳолиси беминнат электр қувватидан фойдаланаётгани, ҳатто, катта майдонни эгаллаган “теплица” – иссиқхона ҳам ишлаб тургани ҳақидаги хабар эълон қилинди.
Модомики, оғаларимиз бизга ҳиммат кўрсатишни астойдил истаётган эканлар, йилнинг уч юз кунидан ортиқроқ вақти мобайнида осмонда офтоб чарақлаб турадиган Ўзбекистонимизда ҳам Сибирдагидай қуёш батареяларидан иборат қурилма қуриб бера қолишса, бўлмайдими?
Ё, бир пайтлар жуда катта сарф-харажатлар эвазига иттифоқда ягона деб барпо этилган ва ҳозирда “Қуёш илмий Ишлаб чиқариш бирлашмаси” номи билан аталувчи Паркентдаги улкан иншоот имкониятларини ҳозирги кун талабига мослаб кенгайтириш, шу орқали қуёш энергиясидан кенг кўламда фойдаланиш йўлларини бизнинг мутахассис олимларимиз билан биргаликда ишлаб чиқсалар, нур устига нур бўларди-ку!
Ёки, оғаларни ҳамон ўзларидан ўта хатарли мерос бўлиб қолаётган, бошимиз устида шу кеча-кундуз ҳам бало-қазодай хавф солиб ётган “Ёвчиққан”ни янада кенгайтиришдай эски режалар кўпроқ қизиқтирадими?
Сўнгги бу саволга аниқ жавобни бундан бир неча йил аввал Тошкентда “Ёвчиққан” муаммосига бағишлаб ўтказилган “Фавқулодда шўъба йиғилиши”да жонкуяр олимимиз академик В.Б. Даниловнинг москвалик ҳамда ўзимизнинг “маҳаллий” корчалонларни қаттиқ танқид остига олиб сўзлаган нутқидан топиш мумкин.
Демак, орадан шунча йиллар ўтиб, худди Ўрта Осиё минтақасида асов дарёларни бўғиб, баҳайбат ГЭСлар қуриш ғояси каби энди бу соҳада ҳам “Ўлган илоннинг боши”ни қўзғайдиганлар топилиб қолганини қаранг!
Иддао нима?
Бунинг сабабларини тўғридан-тўғри Сурия билан боғлиқ воқеалардан излашга тўғри келади. Чунки, мана, бир неча ойки, Россия телеканаллари ҳамда матбуоти “қардош” мамлакат жанггоҳларидан зафар қучиб қайтаётган Ҳарбий авиация кучларининг фахри бўлган энг замонавий қирувчи самолётлар эскадрильясини байрамона кутиб олиш, ўз ватанпарварлик (“интернационаллик” эмас) бурчини шараф билан адо этган офицер ва солдатларга орден-медаллар топшириш маросимларини намойиш этиш билан банд. Бу, ўтган асрнинг охирларида, жаноб Познер айтганидек, “бир одамни деб”, узоқ давом этиб, шармандали якун топган “Афғон уруши”дан қайтганларни кутиб олиш маросимига ҳам ўхшаб кетади.
Шунингдек, Москванинг айрим газеталари саҳифаларида тажрибали сиёсатдон ва таҳлилчилар янги аср аввалидан бошланиб, ҳамон охир-кети тугамай давом этиб келаётган, оммавий қуролланишга ружу қўйиш оқибатида бутун мамлакат таназзул ботқоғига ботиб қолгани, шунга қарамай, “Сурия жанжали”га аралашиш эса, Украинадан кейинги иккинчи хатолик экани ҳақида бонг уриш билан бирга шундоқ ҳам ноаҳиллик оралаб қолган (албатта, “ташқи” кучлар таъсири остида), икки тариқат йўлини тутган мусулмонларни бир-бирига қайраб, бошлаб юборилган биродаркушлик урушининг ҳали-вери тугамаслиги ҳақида ёзмоқдалар.
Мамлакат фуқаролари орасида эса ватанпарварлик ҳирсини алангалатиб туриш учун – Россия қуролларининг муваффақиятларидан дунё ҳайратга тушгани, “рақиблар” эса, эсанкираб қолгани, ҳатто, улар “ожиз” эканликларини тан олиб, интервьюлар бераётганликлари борасида телевизор тинимсиз кўрсатувлар намойиш этмоқда.
Айниқса, ҳарбий министрининг ўзи Суриядаги “операция” муваффақиятли тугаган(?)лиги ҳақида матбуот ва телевидение вакиллари учун баёнот бераркан, у ердаги “жанг майдонлари”да 250 турдан зиёд энг замонавий, сўнгги “авлод” қуролларимиз катта муваффақиятлар билан синовдан ўтказилиб, олтмиш минг беш юз (60 500)дан кўпроқ “жангари” йўқ қилинди, қирқ саккиз минг (48 000) солдат ва офицерларимиз иссиқ иқлимли минтақаларда жанг олиб бориш маҳоратини аъло даражада эгаллади, энди улар дунёнинг исталган ерида душманга қақшатқич зарба бера оладилар”, дея айтган гаплари ҳаммасидан ошиб тушди.
Энди бир нарсага эътибор беринг: олтмиш минг беш юздан кўпроқ “йўқ қилинган” “жангари” қаердан пайдо бўлиб қолди?
Бунга аниқ жавобни БМТнинг инсон ҳуқуқи ва гуманитар ёрдам кўрсатиш гуруҳи комиссарларидан бирининг яқинда Би-Би-Си мухбирига берган қуйидаги интервьюсидан топиш мумкин:
– 2011 йили Россия қўшинлари бу мамлакатга бостириб киргунга қадар осойишталик ҳукм сурарди. Ҳеч қандай “экстремистик” ёки “жангарилар” гуруҳи бўлмаган, биз ўз хайрли вазифамизни бирон монеликсиз давом эттирардик. Шу кунга келиб, бир-бирига қарши гуруҳлар шу қадар кўпайиб кетганки, ким-кимга қарши уришаётганини ҳам ажратиб бўлмайди. Бунинг жабру жафосини оддий халқ кўрмоқда. Сурия аҳолисининг ярмидан кўпи мамлакатни ташлаб чиқиб кетган. Беш юз минг тинч аҳоли ҳалок бўлган. Уларнинг ҳар тўрттасидан бири ёш болалардир. Бутун мамлакат ҳудудининг 80 фоиздан ортиқроғи харобаларга айлантириб бўлинган. Мавжуд мактаблар, турли ўқув даргоҳларининг кули кўкка совурилганлиги сабабли 1 300 000 минг бола ўқиш, билим олишдан маҳрум. Мамлакат келажаги ҳақида ҳеч ким ўйламайди. Инсонпарварлик ёрдами кўрсатишга келган ходимларимизнинг кўпи бу мамлакатдан чиқиб кетишган.
Шу сўзларни эшитган ҳар қандай ақли расо одамда:
– Бундай бўлишига кимлар айбдор? – деган савол пайдо бўлмайдими?..
Аввало, Суриядаги ўз ҳақ-ҳуқуқини талаб қилиб чиққан оддий халқ бирдан “жангари”га айланиб қолмагандир?!
Муаммони тинч-тотувлик йўли билан ҳал этиш мумкин эди-ку! Йўқ, амалдан кетиши муқаррар бўлиб қолган битта “қўғирчоқ” кимсанинг ҳаёт-мамоти кимлар учундир юз минглаб (!) қони тўкилган “жангарилар”, ўн миллионлаб бор-будидан айрилиб, хор-зорликка маҳкум этилган инсонларнинг аччиқ тақдиридан устунроқ эканлиги Ҳарбий министрнинг бутун дунёга овоза қилиб айтаётган юқоридаги гапларидан маълум бўлиб турибди.
Мақтанчоқликка ҳам ўхшаб кетадиган бу сўзларни эшитиб, етук сиёсатдон Владимир Познернинг “Афғон уруши”га менгзаб айтган гаплари қулоғинг остида қайта жаранглаб кетгандай бўлади. Ва, беихтиёр, белорус адибаси, Нобель мукофоти совриндори Светлана Алексеевичнинг Москва адабий нашрларидан бири “Вопроси литератури” журналига берган интервьюсидаги “Бу ашаддийлашган қонсирашнинг одамзотни ўлдиришга бўлган очиқдан-очиқ иштиёқи натижасидир”, деган сўзларини эслатиб юборади…
Хуллас, Россиянинг дунёда “ягона”лиги тинмай тарғиб қилинаётган ажал қуроллари миллионлаб заҳматкашларнинг пешона тери маҳсули бўлмиш маблағ ва бойликларни аямай совуриш ҳисобига яратилганлигини рус матбуотининг ўзи ҳам тинимсиз такрорлаб турибди.
Натижада мамлакат Молия министри Антон Селуановнинг бир неча бор огоҳлантириб айтган гаплари ҳақиқат бўлиб чиқди: “Хазина бўшаб қолди, ҳатто, “қора кунлар учун” деб сақланадиган “захира” пулларнинг ҳам баракаси ўча бошлади. Экспертлар эълон қилган ҳисоб-китобларига қараганда, рус халқининг турмуш даражаси юз йил аввал яшаб ўтган авлод-аждодлариникидан ҳам пастлаб кетган”.
Тува республикасидан сенатор этиб сайланган, Федератив ҳукуматнинг Конституцион Қонунчилик ва давлат тузуми Комитети аъзоси Людмила Нерусованинг “Мир новостей” газетаси бош муҳарририга берган интервьюсига кўра, аҳвол юз йил олдингидан ҳам ачинарли. Мамлакатнинг кўплаб совуқ минтақаларидаги ўқув даргоҳларида иситиш тизимлари ишламайди. Ҳожатхоналари ҳам йўқ. Болалар 40 даражали совуқда дийдираб, “ташқари”дан ҳожат жойи қидириб юрадилар. Пул йўқ эмиш. Унинг йўқлиги сабабини ҳар ким ҳам билавермайди. “Ёшларни ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ҳақида тинимсиз бонг ураётган мамлакат учун уят, бу” дея ўз сўзига урғу беради сенатор аёл.
Қаранг, бир-бирига ҳамоҳангликни; узоқ Сурияда миллиондан зиёд болалар мактаб бинолари вайроналикларга айлантирилганидан кўчаларда сарсон бўлиб юрса-да, Россиядай мамлакатда ҳожатхонага пул топилмаса!
Аслида-ку, нега “пул йўқ”лиги сабабини ҳамма билади. Лекин, оғиз очиб, айтилавермайди. Бунга Бош “молиячи” Силуановнинг ўзи ҳам “ноиложлик”дан ишора қилиб ўтади… Ҳақиқатда эса… 2000 йиллар бошидан ҳарбий министрлик мақомидаги “Росатом” бирлашмаси ташкил этилиб, унинг елкасига “қанча керак бўлса – шунча маблағ сарфлаб” энг замонавий қурол ишлаб чиқаришдай жанговар вазифа юклангани, ҳар бир “атомчи” учун мисли кўрилмаган барча “қулайлик”ни ўзида мужассам этган жаннатга монанд шарт-шароитлар яратиб берилгани ҳақида унча-мунча хабар тарқаб турса-да, кенг омма орасига етиб боравермайди.
Буйруқ “Росатом”га уюшганларнинг жуда катта жамоаси томонидан қисқа йиллар ичида кутилганидан ҳам ўтказиб, “тенги йўқ” энг замонавий қуроллар яратиш билан амалга оширилди.
Ҳозир Россия матбуоти, айниқса, телеканаллари орқали саккиз тур номдан иборат (улардан ҳам “самаралироқ” яна учта тайёрлаб қўйилган қирғин қуролига “муносиб” ном қўйиш бўйича фуқаролар орасида мамлакат бошлиғи томонидан катта совринли конкурс эълон қилинган. Д.Н.) ядровий қуролларга бағишланган “Ток-шоу”лар кунора авж олдириб юборилган.
Шулардан энг “қизиқарлиси” деб (2018 й.
22 март кунги), “Россия-1” канали томонидан уюштирилган “Шоу”ни ҳисоблаш мумкин. Унга таклиф этилган генерал экранда кўрсатила бошлаган ўша саккиз тур қуроллардан бири “Самоубийц” (“Худкуш”)нинг жанговарлик “фазилатлари” ҳақида телетомошабинларга ҳикоя қилиб бермоқда. Унинг айтишича, “Худкуш” ер юзидаги океанларнинг исталган ерига жойлаштириб қўйилиши, у йиллар давомида душманнинг ҳар қандай сезгир техника мўъжизаси ҳам аниқлай олмайдиган “беозор” объект сифатида туравериши мумкин.
Фақат зарурат туғилган пайтда “назорат пункти”дан туриб, тугмача босилгандагина бу “афсонавий” қурол чинакамига “Худкуш”га айланиб, ўзидаги барча ядровий торпедо ракеталарини океаннинг бир неча юз километр узоқликдаги ҳудудига яшин тезлигида етказиб, сўнг “Худкуш”нинг ўзи портлайди. Бунинг натижасида торпедо қуроллари ўртасида ядровий “занжир реакцияси” рўй беради. Бу ўз йўлида бутун океан экваториясида мисли кўрилмаган, табиий цунамидан бир неча баробар кучли тўлқинни пайдо қилиб, минглаб чақиримга чўзилган уммон қирғоғидаги барча шаҳарлар, аҳоли пунктларини ўз қаърига тортади. Бутун бир қитъани йўқ қилиб, океан ўрнида яйдоқ “қуруқлик” ҳосил қилиши мумкин.
Генералнинг бу сўзларидан руҳланиб кетган “Ток-шоу”ни олиб бораётган ёшгина аёл қўлидаги микрофонни баланд кўтарганича “Браво Россия! Россия!” деб, бақириб юборгач, залга йиғилганлар уни давомли қарсаклар билан олқишлашади.
Аслида, олқишларга сазовор бундай қирғин қуролларини яратишнинг ўзи бўлмаган.
Энди, шўролар давридаги “СоюзМинАтом” зурриётидан пайдо бўлган “Росатом” олдида қоқланган хазинани тезроқ тўлдириб, халққа ҳам бироз рўшнолик яратишга ҳисса қўшиш вазифаси турибди.
Давлат раҳбарининг шахсан ўзи “модернизация”дан сўнг “ортиқча” бўлиб қолган арзон-гаров қуролларга бу йил харидорлар сони икки маротаба ошганлиги, ундан анча-мунча пул тушиши ҳақида гапираркан, ҳар қандай йўл билан бўлса-да, бошқа имкониятлардан ҳам “унумли“ фойдаланишга чақирди.
Буни яхши тушунган “Росатом” бошлиғи жаноб Кириленко аввал муносабатлар бироз ривож топмай, сўнг бирдан жўнашиб кетган Ўзбекистондай анча нуфузли мамлакат билан яқиндан алоқа боғлаш ҳаракатига тушди. Керакли “мутахассислар”ни бизга юбориб, Ўрта Осиё мамлакатлари ичида биринчи бўлиб (“атом” жабру-жафосини илк бор “тотиб” кўрган Қозоғистон буни рад этиб келмоқда), энг йирик АЭС иншоати қуришни ўртага қўйди ва бу “ҳамкорлик”ни кимлардур орқали амалга оширишга эришди.
Демак, бунинг замирида Россияда турмуш даражасини яхшилаш эмас, аҳолисининг 86 фоизи олқишлаб турган “Худкушлик” қуролларининг янада кўпроқ ишлаб чиқарилишига биз ҳам “иттифоқчилик” нуқтаи назаридан ўз ҳиссамизни қўшишимиз лозимга ўхшайди.
Бундан бир неча йил аввал дунёда авж олдириб юборилган қуролланиш пойгасидан ташвишга тушган номи халқаро миқёсда машҳур физик олим ўзаро гурунгларидан бирида шундай деганди:
– Энди “Атомни тинчлик йўлида хизмат қилдириш” деган гаплар ўз аҳамиятини йўқотиб бўлди. Бундан ёмон мақсадларда фойдаланадиган кучлар кўпайиб бораверади.
Шулардан бири “РостАтом”чилар эмасмикан деган ҳаёлга бориб қоласан.
Ўзим гувоҳ бўлганман, ёзганман ҳам. Бўстонлиқда ўртамиёна битта Чорбоғ ГЭСини барпо этиш учун “Бутун Иттифоқ зарбдор қурилиши” деб эълон қилинганлиги сабаб “чет”дан ўттиз минг
(30 000) ишчи кучи жалб этилган. Уларнинг ярмидан кўпи саккиз йилдан зиёд қамоқ жазосига маҳкум этилганлар бўлиб, озодликка чиқишдан олдин турли касб-ҳунарга ўргатилиб, “мажбурий хизмат” вазифасини ўташ учун (ўша пайтлар бундай кишилар маълум муддатга ўз яшаш жойларига қайтиб бориши таьқиқланган) Бўстонлиққа юборилган. Бунинг натижасида ичкилик, ўғирлик авжга чиқиб, Чорбоғ ва унинг атрофидаги қишлоқ-овулларда яшовчилар: “Ўзингга эҳтиёт бўл, қўшнингни ўғри тутма”, деган маталга риоя этиб, ҳовли дарвозаларига қулф ўрнатадиган, уни очиқ қолдирмайдиган бўлишди.
Ҳа, Чорбоғда ҳамон ўша йилларнинг асорати уч кўрсатиб турибди. Бу ер ичкилик, турли хил жиноятлар содир этилиши бўйича тумандагина эмас, вилоят миқёсида “биринчи”лардан ҳисобланади.
Демак, бундан англаб етавериш мумкинки, “катта оғалар” бизга ўз ядровий “чиқиндилари”нигина келтириш билан чегараланиб қолишмаган.
Энди яна бир электр ишлаб чиқариш манбаи – АЭС қуриб беришмоқчи экан, уни барпо этиш учун оппоқ кўйлакли, галстук таққан мутахассислар келиши табиий, албатта.
Лекин, уларнинг сони қанча? Шу қурилишда неча минг одам ишлайди-ю, бизда шу соҳага “муносиб” “ишчи кучи” борми? Улар бирон жойда тайёргарликдан ўтганми? Ва бунинг учун қанча вақт кетади?
Бу саволларга ким аниқ жавоб беради, кўпчилик билмайди.
Мен, Ҳиндистонда Россия томонидан қуриб берилаётган АЭСни кўриб, унинг қанчалик катта жойни эгаллаганидан ҳайратга тушганман. Минглаб аҳоли, ишчи-ходимлар истиқомат қиладиган алоҳида “Атомчилар шаҳари”. Мутахассисларнинг деярли кўпчилиги Америка, Япония, Англия, Германия каби бир қанча мамлакатларда ўқиб, малака ошириб келган, ўз соҳасининг яхши билимдони бўлган маҳаллий “кадрлар” эканлиги ҳақида менга сўзлаб беришган. Ҳатто, қўриқлаш бўлимининг сипоҳийлари ҳам!..
Энди, биздаги аҳвол қандай кечишини ўйлаб кўраверинг. Бу – масаланинг бир томони, холос…
Дарвоқе, ҳинд матбуотининг ёзишича Ҳиндистон муқобил манбаа сифатида қуёш энергиясидан фойдаланиш бўйича ҳозир дунёда етакчи ўринлардан бирини эгаллаш арафасида турибди. Ҳатто, Хитой билан рақобатлашмоқчи…
Унутилган имкониятлар
Дарвоқе, ҳозир Германия, Англия, Хитой, Япония, Франция дунёнинг тараққий этган мамлакатлари юртимиздаги ўта қулай иқлим шарт-шароитларидан келиб чиқиб, муқобил электр манбаларини яратиш борасида кўпдан-кўп тажрибадан ўтган замонавий лойиҳаларни тақдим этаётган, ҳатто АҚШ улкан “қуёш электростанцияси” учун бир миллиард икки юз миллион инвестиция пули ўтказиб, иш бошлаш арафасида турган бир пайтда, бизда бошқа имкониятлар ҳам борлигини эслаб ўтишга тўғри келади.
Мавзуни яна Бўстонлиқдан бошламоқчиман. Маълумки, бу гўзал минтақанинг қаерига борманг, тоғлар бағри бўйлаб шаршара бўлиб оқиб келаётган катта-кичик дарёчаю анҳорларга кўзингиз тушади.
Тахминан, бундан олтмиш йилча аввал райондаги каттагина Нанай қишлоғи томон Чотқол тоғлари этагидан оқиб келувчи Ахсарсойнинг Пском дарёсига қуйилиш жойига унча катта бўлмаган ГЭС қуриш режалаштирилди. Уни электрчи мутахассислар бош-қошчилигида қишлоқ аҳли томонидан уюштирилган ҳашар йўли билан икки ойга етар-етмас вақт мобайнида қуриб битказишди. Нанайдаги барча хонадонларда ўша давр лаҳжаси билан айтганда, “Ильич чироқлари” порлай бошлади. Ва бу хайрли тадбир тумандаги деярли барча қишлоқ, овулларда амалга оширилди.
Орадан йиллар ўтиб, Чорбоғ ГЭСи қурилиб, ишга туширилади-ю, биринчи навбатда, йигирма йиллар давомида Нанайдаги хонадонларни баҳоли қудрат чароғон этиб келган иншоотнинг кераги бўлмай қолди. Тўғрироғи, “ортиқча чиқим” бўлмасин деб, уни тўхтатиш ҳақида қарор қабул қилинди.
Шундай қилиб, зулмат қўйнига чўккан нурхона қаровсиз аҳволга тушди ва тоғ ўтловидан қайтаётган чорва молларининг бироз тўхтаб, тин олиб қайтадиган “қароргоҳ”ига айланди.
Бўстонлиқдаги қишлоқ-овулларда ишлаб турган бошқа “ГЭС”чалар ҳам шу йўсинда “банкрот” га учраб турган бир пайтда Москвадан энг аҳмоқона, бутун мамлакатни пароканда қилиб юборишига сал қолган “келажаги йўқ” кичик хутор, қишлоқ, овул каби камсонли аҳоли яшайдиган жойларини тугатиб, йириклаштириш, саноатни кенг миқёсда (ўша пайтлар “гигантомания” деган ном олган) гигант қурилишлар орқали ривожлантириш ҳақида қарор чиқиб қолди.
Азалдан миллионлаб аҳоли яшаб келган киндик қони тўкилган жойлардан қўриқ ерларни ўзлаштиришга сафарбар этилди. Қанча-қанча беш-ўн хонадон бир бўлиб, яшаб келган “кичик” аҳоли манзилгоҳлари ҳам ҳувиллаб, қаров-сизликка юз тутди.
Бу ўйламай-нетмай амалга оширила бошлаган компаниявозликнинг хунук оқибатлари, айниқса, электр қуввати ишлаб чиқариш тармоқларига катта зарба бўлиб урилди.
Россияда Саяно-Сушенск, Ўрта Осиёда Норак каби “дунёни ҳайратга солувчи” энг улкан гидроиншоотлар мажмуаси барпо этилиб, бутун-бутун минтақаларни ягона тармоқ тизими орқали электр қуввати билан таъминлаш тартиби жорий этилди. Бу – ўз йўлида, айниқса, Ўзбекистондаги “ўзини оқламай қолган” жуда кўп “маҳаллий” кичик ва ўртамиёна ГЭСлар бошига худди Нанайдагидек кўргилик тушиб, уларнинг барчаси қисқа муддат ичида тўхтатиб қўйилди.
Мана, ҳозирги кунларгача республиканинг турли шаҳар ва бошқа аҳоли зич яшайдиган минтақаларида дарё, катта анҳор ва сув ҳавзалари бўйига 50-60-йиллар мобайнида қурилган, ҳамон ўз салобатини йўқотмаган, остидан шариллаб сув оқиб турган бўлса-да, электрогенераторлари йўқ бўлиб кетган ёки чириб ишдан чиққанлиги сабаб ўз вазифасини адо этолмай, “ўтмиш”дан ёдгорлик бўлиб, қад ростлаб турган кўплаб “тарихий” ГЭС биноларига кўзингиз тушиши мумкин. Буларни таъмирлаб, ишга тушириб, кўпчиликка ёруғлик инъом этишдай савобли ишга қўл урадиган тадбиркор, бирон мард топилмаётганига ҳайрон қоласан, киши.
Ёки мамлакатимиздаги – Бўстонлиққа ўхшаш тоғли жойларнинг минглаб қишлоқ-овулларида сон-саноқсиз сувли анҳор, ариқлар шаршарадай шовқин солиб, оқиб ётибди.
Нега ҳозирги пайтда – Президентимиз тез-тез қайтараётганидек “мини” ГЭС, “гидро” тегирмонлар қуриб, оқилона фойдаланиш мумкин эмас?!
Шу ерда тегирмон билан боғлиқ қизиқ бир нарсани эслатиб ўтишга тўғри келади. Кўпчилик жойларда ғалла тортадиган “хитой тегирмонлари”ни ишлатиш одат тусига кирган. Аввало, шу соҳа билгувчиларининг айтишларига қараганда, “хитойники”га қараганда, сув тегирмонидан “чиққан” уннинг “мазаси” хуштаъмроқ бўларкан. Хитойларнинг ўзларига келсак, электр токини тежаш мақсадида, иложи борича, сув тегирмонидан фойдаланишни афзал кўришаркан…
Наманган вилоятининг Учқўрғонидан тортиб, то шаҳар марказининг устки қисмигача чўзилиб келган қарийб 40-50 чақиримлик қир этакларидан бутун Водийнинг каттагина қисмини обиҳаёт неъмати билан таъминловчи Наманган ҳамда Шимолий Фарғона деб, аталмиш икки канал оқиб ўтади.
1950 йилларнинг ўрталарида Фарғона каналининг уч жойида тўғон барпо этилиб, ўша давр қаричи билан ҳисоблаганда кетма-кет учта каттагина ГЭС иншоотлари қад ростлади. Уларнинг электр қуввати Наманганнинг ҳамма еридан баралла кўзга ташланиб турадиган юзлаб баҳайбат темир столбаларга тортилган қўшқават симлар орқали область, ҳатто, қўшни Қирғизистоннинг кўплаб шаҳар ва аҳоли манзилгоҳларига узатилиб, узоқ йиллар давомида барча хонадонларга нурафшон ёруғлик бахшида этиб турди.
Шу орада юқорида эслатиб ўтилганидек, “гигантомания” васвасаси авжга чиқиб, Марказий “Минэнерго”даги валломатлар Фарғона Водийсини ягона электр қуввати билан таъминлашга мўлжалланган йирик гидроиншоотлардан бири ҳисобланган Тўхтағул ГЭСини қуришга киришдилар.
Ўша пайтлар москвалик дунё миқёсида таниқли бўлган мутахассис-олимлар томонидан битта мана шу иншоот қурилишининг ўзи келажакда катта тектоник сурилишлар ҳосил қилиши, бунинг оқибати бутун Водий учун катта ҳалокат келтириши ҳақида қилинган огоҳлантиришларга ҳеч ким қулоқ солмади. Кўп ўтмай, шу огоҳлантиришга беписандликнинг дастлабки аччиқ мевасини биз тотиб кўрдик. Катта Шимолий Фарғона канали сувсиз қолиб, бутун Водийга қурғоқчилик хавф сола бошлади.
Энг ачинарлиси, дарё қуригач, учта ГЭС ҳам таққа-тақ тўхтади. Қурғоқчилик асорати ёнига Наманган вилояти учун электр тақчиллиги ҳам келиб қўшилди.
Шу ерда – қўшниларнинг омборига сув тўлишини кутиб, бир неча йиллар давомида дарё ва унга қурилган ГЭСларни ўз ҳолига ташлаб қўймай, шундоқ бир чақирим ҳам келмаган оралиқдаги ҳамон тўлиб оқаётган Наманган канали сувини кичкина инженерлик лойиҳаси орқали Фарғона каналига ташлаш ҳеч кимнинг хаёлига келмаганлиги кишини ҳайратга солади. Майли, бўлар иш бўлди. Ўтган ишга саловот, дейдилар.
Худога минг қатла шукурки, ҳозир қирғизистонлик қон-қариндошлар билан Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг биродарона оқиллик билан олиб борган мулоқотлари туфайли ўзбек-қирғизнинг азалий оға-иничилик ришталари янада мустаҳкамроқ бўлиб боғланди.
Фарғона каналининг суви аввалгидай тўлиб-тошиб оқмоқда. Энди бор куч-қувватни анча қаровсиз ҳолга келиб қолган ГЭС иншоотларини жиддий таъмирдан чиқариб, ҳозир ниҳоятда кўпайиб кетган, истаган ҳажмдаги ток ишлаб чиқарувчи арзон ва қулай электроагрегатлар ўрнатиб, ишга тушириб юбориш қолди, холос.
Э-ҳа, бунақа имконияти бой берилган жойлар республикада қанчадан-қанча!
“МиниГЭС”
Шу ерда бизга арзимасдай бўлиб туюлувчи “катта дарёлар ҳам бир томчи сувдан йиғилиб, пайдо бўлади” деган ҳикматга тааллуқли, анча йиллар аввал ўзим гувоҳи бўлган бир воқеани эслатиб ўтмасам бўлмас.
ёшлар газетасининг бош муҳаррири устоз Ғани Жаҳонгиров ҳузурига чақириб, Янгийўлдаги машҳур маккажўхорикор Любов Ли даласида бугун биринчи ҳосил ўрими бошланишини айтиб, зудлик билан репортаж ёзиб келиш вазифасини топширдилар.
(Кўпчиликнинг эсида бўлса керак, Хрушчёв АҚШ сафаридан қайтгач, “Маккажўхори етиштириш бўйича” Америкадан ўзиб кетиш шиорини ўртага ташлаган, шу “жанговар” вазифани фидокорона амалга ошираётган Тошкент областининг Янгийўл тумани хўжаликларидан биридаги маккажўхоричилик бригадаси бошлиғи бўлган комсомол қизнинг шон-шуҳрати Бутун иттифоққа овоза бўлиб кетганди).
Туман комсомоллари сардори Мирзамонов деган йигит билан – мен миниб келган, ўша пайтлар энди урф бўла бошлаган чехословакларнинг “Ява” мотоциклида ўн километрча йўл босиб, машҳур бригадирнинг шийпонига келгандик, унинг ўзи йўқ экан. Қаергадир чақириб қолишибди. Биринчи ҳосил ўрими ҳам – Москвадан телевизорчилар келиши муносабати билан бошқа кунга қолдирилибди.
Орқага қайтар эканмиз, Мирзамонов катта қишлоқдан чиқавериш йўлининг ўнг томонидаги ҳовли қаршисида тўхташимни сўради.
– Ҳозир сизга бир янгиликни кўрсатаман, – деди ва, – Шаҳардан овора бўлиб келганингизга яраша “қуруқ” кетманг-да!”, – дея, қўшиб қўйди.
Шундоқ кўча бўйидаги шарқираб оқиб турган ариқчани бетон “дамба” билан тўсиб, анча-мунча сув йиғиладиган “тўғонча” ҳосил қилинган, унинг тегирмон новидай қиялама шовваси устига унча катта бўлмаган “кўчма кино”чиларнинг движогига ўхшаш агрегат мосламаси ўрнатилганди. Шовқин-суронсиз ишлаб турган агрегат ёнбошидаги – менга кўпдан буён таниш бўлган “Ижевск” ёзувига кўзим тушди-да, беихтиёр:
– Ие, бу бизнинг маҳалламизга яқин жойдаги завод филиалининг “маҳсулоти-ку, – деб юбордим.
– Қайдан билдингиз?, – ҳайрон бўлиб сўради ҳамроҳим.
– Анави ёзувидан. Биздан сал нарироқдаги Дархон деган жойда шу заводнинг электрогенератор маҳсулотларини турли идора ва хўжаликларга буюртма бўйича етказиб берадиган маркази очилган. Айтишларича, Ижевскдаги ўша заводнинг ҳозирги директори уруш йиллари Тошкентга келиб, шу ерда катта бўлган. бизга бир яхшилик қилмоқчи бўлган, таги украиналик киши бўлган экан.
Ҳамроҳим:
– Ҳа, мен Киевда хизмат қилганман, улар яхшиликни унутмайдиган халқ бўлади, – деб турганди, генератор ёнидаги симёғоч орқали электр симлари тортилган ҳовли дарвозаси очилиб, қирқ ёшлардаги киши биз томон кела бошлади.
– Шу ердаги мактабнинг физика-математика ўқитувчиси, кичкина электростанция қуриб, ўз хонадонини электр қуввати билан таъминлаш йўлини ихтиро қилган одам, – деб, уни таништирди шеригим ва алоҳида таъкидлагандай, – республика ёшлар газетасидан! – дея қўли билан мен томонга ишора қилиб қўйди.
Бу ихтиро эгаси бизни ҳовлисига бошлаб кириб, у ердаги электр чироқларидан икки-учтасини ёқиб кўрсатаркан:
– Бемалол ўзимизга етиб турибди, – деди-да, овозини пастлатиб қўшиб қўйди, – бирон жойга ёзиб юборманг ука, шундоғам молиядан келиб, икки бор огоҳлантириб кетишди. Электр давлат монополиясига кираркан…
Барибир, ёздим… Уни ўқиб кўрган бош муҳаррир – болалар учун ёзилган, икки-уч тилга таржима қилиниб, кўпчилик томонидан қизиқиш билан ўқилаётган “Ойга учиш” фантастик повестининг муаллифи бўлган Ғани аканинг ўзига хос, доим одамнинг кўнглини кўтарадиган бирон-бир таҳсинли гап айтиш одати бор эди:
– Бу маккажўхори муаммосидан ҳам кераклироқ мақола бўпти. Вақт ўтиб инсоният электр токисиз яшай олмайди, уни ҳосил қилишнинг энг мусаффо ва арзон тури мана шудир. Балки, келажакда ҳар бир киши ўзининг хусусий гидроэлектростанциясига эга бўладиган давр бошланар.
Бу мисолни келтиришдан мақсад бир нарсани алоҳида таъкидлаб ўтишдир; юқоридагидек, мактаб ўқитувчиси билан “электрчи”лар орасидагига ўхшаш ноқулай вазият келиб чиқмаслиги учун давлатимиз томонидан хусусий электр қуввати ишлаб чиқариш тармоғини бунёд этишдай хайрли ишларга бел боғлаган фуқароларни рағбатлантириш мақсадида худди Европа мамлакатларидагидай махсус Қарор чиқарилиши ва шу асосда уларни керакли механик дастгоҳлар билан таьминлаб, жойларда техник хизмат кўрсатиш устахоналари очилишига диққат-эътибор қаратилиши лозим. Ҳозирги замон талаби шуни тақозо этади.
Дарвоқе, бу борада Италия тажрибаси биз учун намуна бўлиши мумкин. У ерда ҳам биздагидек, тоғли ҳудудлар, улар оралаб оқиб ўтадиган кичик дарё, анҳор ва сув ҳавзалари бисёр. Кўпдан-кўп беминнат ток ишлаб чиқарувчи мини “ГЭС” чаларни учратиш мумкин.
Яқинда “Ўзбекминэнерго” давлат акционерлик компанияси раҳбарларидан бири билан гурунглашиб қолдим.
У кишининг айтишича, бизда “қуёш энергияси” билан “шамол энергияси”дан ток олиш имкониятлари чексиз. Шулар қатори турли ҳажмдаги гидроиншоотлар қуриб, электр энергияси олишга не етсин. Агар шу ишга астойдил бел боғлаб киришилса, ҳозир республикада ишлаб чиқарилаётган электр қуввати ҳажмини биргина ГЭСлар ҳисобига роппа-роса икки-уч баробарга ошириш мумкин экан!
Дала-боғга сафар
Ўшанда пойтахт Тошкентнинг “Марказ-1” деб аталувчи ҳудудига қарайдиган Дархон мавзеида учта 4 қаватли, кўриниши бошқаларга нисбатан анча кўримлироқ бино қад ростлаган бўлиб, норасмийроқ лаҳжада “Совмин уйи” деб аталар, аслида эса, ҳукуматнинг турли даражадаги амалдорлари яшашлари учун қурилганди.
Кутилмаганда, ўша қароргоҳдан каминага ҳам бошпана тегиб қолди. Кейинроқ, биздан икки подъезд нарида яшай бошлаган янги қўшнимиз, таниқли артист Бахтиёр Ихтиёровнинг гапига қараганда, “Биз оддий халқмиз. “Раҳбарият доим халқ билан бирга ва ҳамнафас” десинлар дея, марҳамат қилиб, иккимизга шу ердан жой беришган”.
Орадан кўп ўтмай, сафимизга – амалдор бўлмаганлар қаторида Москва Марказий телевидениеси “Время” программасининг Ўзбекистон бўйича бош мухбири Ирисмат Абдухолиқов келиб қўшилди. Демак, казо-казо қўшнилар ичида “оддий”лардан биз уч киши эдик, холос.
Бир куни рўпарадаги “дом”дан жой олган, аввалдан “телевизорчи” ҳамкасб сифатида танишлигимиз бор Ирисмат:
– Биласизми, қўшнингиз Ҳошимов Ўзбекис-тоннинг барча ерости бойликларидан хабардор, қулф-калитини ҳам яхши биладиган энг бой кишилардан бири, – деб қолди.
Мен ҳайрат билан:
– Йўғ-е, Мирзааҳмад ака ўзимиз қатори одамга ўхшайди-ку. “Газпром”да ишлайдилар, холос, – дедим.
– Гап ана шунда-да! – сўзимни “маъқуллаган” бўлди гурунгдошим.
Қирқ беш ёшлар атрофидаги қўшнимиз ўта хушмуомала, иложи бўлса сиздан олдин салом бериб, қўл узатадиган киши эди. Ҳар куни эрталаб келиб, ишга олиб кетадиган машинасининг “салобати”га қараганда, газ билан боғлиқ идоранинг каттаконларидан бири эди.
Бахтиёр ака Ихтиёров бу одам ҳақида Бухородан янги гап топиб келди: “Мирзааҳмад ака ёшлигидан ер остида илон қимирласа биладиган ҳақиқий “кончи” мутахассис бўлиб, республикадаги қазилма бойликлар яшириниб ётган кўп жойларни яхши биларкан-у, лекин давлат сири бўлганлиги учун ҳеч кимга айтмас экан”.
Ирисмат “Нима дегандим, энди ишонгандирсиз!” – дегандай менга бир қараб қўйганди, бироз сукут сақлаб турдим-да:
– Ҳа, бой одамларнинг шундай камтарин бўлгани яхши. Баъзи қўшниларнинг савлатидан чўчиб, “салом-алик” қилишга ҳам ҳайиқиб турасан, – деб қўйдим.
Аслида, Мирзааҳмад аканинг биринчи қаватдаги хонадони эшиги доимо очиқ турар, айниқса, яқин-атрофдаги қўшни хотин-халажнинг оёғи аримасди. Баъзан, якшанба кунлари қўшним атайин биз яшайдиган учинчи қаватга кўтарилиб чиқиб, Ирисмат билан Бахтиёр акангизни чақиринг, “жиз-биз” бўляпти, бир гурунглашайлик, деб қоларди.
Дастурхон шоҳона бўлса-да, уй хоналарининг жиҳози, қўйилган мебелларнинг ўртамиёна, ўзимиз қатори эканлигини кўриб, энди мен Ирисматга аста қараб қўядиган бўлгандим.
Йиллар ўтиб, кўп қаватли биноларда истиқомат қилувчилар учун “маҳаллақўм” дегандай, “домкўм” – оқсоқол сайлаш удуми чиқди. Ҳамма бир овоздан Мирзааҳмад акани учта бинога “оқсоқол” мақоми билан “раҳбарлик” амалига сайлагандик, омадни қарангки, орадан икки кун ўтмасдан акахонимиз яна бир поғона баландроқ лавозимга, республика газ саноати Бошқармасига кўтарилиб кетдилар.
“Худо бераман деса, қўшқўллаб беради” дейилган гапнинг исботи шу бўлса керак. Табрикловчиларнинг кети узилмади.
Ниҳоят, учинчи куни кечга томон биз учовлон – Ирисмат, Бахтиёр ака ҳамда каминага навбат тегди.
“Улфати чор, анда маза бор” деганларидек, гурунгимиз қизигандан-қизиб борарди. Бир пайт, сал кайфи ошиб қолган Бахтиёр ака суҳбат мавзуини кутилмаганда “нозик томон”га буриб юборди:
– Кечирасиз, балки хато қилаётгандирман. Мен – Бухоронинг ўзини газсиз қолдириб, улкан қувурлар орқали минглаб километр наридаги Уралга тортиб кетилаётгани ҳақида гапирмай қўя қолай. Яқинда, бизга Москвадан Черномирдин келиб, Россияда қиш қаттиқ келганини айтиб, газнинг оқимини янада кўпайтириб кетибди. Биздан биронта мард чиқиб, Ўзбекистонда ҳам қиш қаттиқ бошланди, айниқса, Бухорода кўпчилик ўтин ёқиб ўтирибди. Чўлималик даштларида, Томдининг қўра-қўтонларида юз минглаб қўй-қўзилар совуқдан қирилиб кетди деб, айтмабди… Майли, сизларга қийин, буларга ҳам чидаш мумкин. Лекин, қисқагина битта саволимга жавоб берсангиз: “Фрунзе аэропланлар билан ҳамманинг юрагини ёриб, Бухорони вайрон этиб, уни ишғол этгач, хонлик хазиналаридаги барча тиллалару бой-бадавлат, ўрта ҳол аҳолидан талон-тарож қилганларини нечта қизил вагонларга жойлаб олиб кетилганининг аниқ ҳисоб-китоби борми? Худо ҳаққи, айтинг, гап мана шу ерда, орамизда қолади!”.
Мирзааҳмад ака узоқ ўйланиб қолди. Назаримда, у киши “мана сенга “оддий халқ” – ижод, санъат аҳли билан яқин бўлишнинг оқибати” деб, ўйлаётгандек бўлиб туюлди.
Кейин хонадон соҳиби аста бошини кўтарди:
– Очиғини айтсам, у вагонлар состави ҳақида аниқ маълумот йўқ. Балки бордир, лекин қаттиқ сир сақланади. Нима бўлганда ҳам, олиб кетиб бўлинган. Уларни қўзғашдан фойда йўқ. Ҳозирги олиб кетилаётганлардан бир мисқоли ҳам ўзимизга қолмаяпти-ку!…
Суҳбатдошимизнинг охирги айтган бу сўзларида қандайдир дардли мунг оҳанги бор эди.
Ирисмат Абдухолиқов Мирзааҳмад аканинг мушкулини енгил этмоқ ниятида у кишининг сўзига қўшимча қилди:
– Москва томонларда онда-сонда “Ўзбекистон дотация, яъни қарзга яшаётгани” ҳақидаги гаплар қулоққа чалиниб қоладиган бўлди. Одатда, бу – одамларни чалғитиш мақсадида “келажак”ни ўйлаб қилинадиган нохушликнинг даракчиси эди. Аслида эса, республикадан ташиб кетилаётган ҳисобсиз, ҳатто, қанча эканлиги ўзбек раҳбарларининг ўзларидан ҳам сир сақланадиган олтин, миллион тонналаб пахта, кўпларнинг орзуси – кўпгина ўзбекистонликларнинг ҳақи-ю, лекин армонига айланиб қолаётган “зангори олов” – газ, сархил мева-чевалар ҳақида одамлар ичида гап қўзғалиб қолган, ҳатто, уларнинг эвазига биз нималарга эришяпмиз, деган саволни очиқдан-очиқ айтадиганлар ҳам кўпайиб қолганди. Шундай бир пайтда мен Москвага қўнғироқ қилиб, “Время”даги ҳамкасблар билан келишган ҳолда – арман, грузинлар каби Ўзбекистоннинг ҳам Иттифоқнинг катта дастурхонига “баҳоли қудрат” қўшаётган ҳиссалари ҳақида бир нечта соҳа бўйича қисқа-лўнда “Время”боп кўрсатувлар тайёрлашга киришдим. Биринчиси, албатта, пахта ҳақида, иккинчи ва учинчиси қоракўлчилик ҳамда боғдорчилик неъматлари ҳақида бўлди. Асосий мавзу – газ, олтин масаласига келганда, жуда эҳтиёткорлик билан иш олиб бордик. Айниқса, “олтин ишлари”га аралашишга ҳеч кимнинг, ҳатто Марказий телевидение махсус мухбирининг ҳам ҳақи йўқлиги бизга маълум эди. Шунга қарамай, машиналарда ҳафталаб юриб, самолёт, вертолётларда учиб, Навоий, Мурунтов, Зарафшон, Маржонбулоқ каби Ўзбекистоннинг яна кўплаб олтин конларидан – бойитилган олтин рудалари билан лиқ тўла узундан-узун эшелонлар Россияга томон кетаётганини тасвирга туширардик. Бир кеча-кундуз давомида “чегара”дан чиқиб кетаётган вагонларнинг ўзини санаб саноғига етиш мушкул эди. Фақат самолётларда олиб кетилаётганининг иложи бўлмади. Қўлимизда анча-мунча “жонли” кадрлар йиғилиб қолган, энг “нозик” мавзудаги кўрсатувни нимадан, қандай қилиб бошлаш ҳақида бошимиз қотиб юрган бир пайтда Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг саноат ва қурилиш масалалари бўйича секретари Иван Георгиевич Анисимкин мени ҳузурига чақириб, “Время”нинг аввалги программаларида кетган уч кўрсатув ҳамда кейинги пайтлар тасвирга туширилган барча видеотасмаларни тезда келтириб, ёрдамчисига топширишимни буюрди. Бу одам – Москванинг Ўзбекистондаги энг ишончли кўз-қулоғи бўлиб, унинг буйруғини бажармасликнинг асло иложи йўқ эди. Республиканинг ерости ва ерусти бойликлари кимларнинг қўлида эканлигини шундан ҳам билиб олса бўларди. Ҳатто, шу туганмас бойликлар ҳақида салгина гап очиб ҳам, балога қолишингиз мумкин эди.
Тақдирни қарангки, бир пайтлар Тошкентнинг Кўкча даҳасидаги Алишер Навоий номли 40-ўрта мактабда синфдошим бўлган (чунки мусиқа билим юртимиз яқинидаги мактаб “тўлиқсиз ўрта” эди) дўстим Нуриддиннинг кўзимиз олдида катта бўлган қизи Барнохон Мирзааҳмад ака хонадонига келин бўлиб тушди-ю, у киши билан янада яқин бўлиб кетдик.
Орадан йиллар ўтиб, қўшничилигимиз ҳам ўттиз йилга яқинлашиб қолди. Доим бардам-бақувват, маҳалланинг тўю маъракаси, яна бошқа юмушларини елиб-югуриб бажариб юрадиган “оқсоқол” тез-тез “қарилик асорати”дан шикоят қиладиган бўлиб қолдилар. Ҳатто, бир куни кўрпа-ёстиқ қилиб ётиб олдилар.
– Буларнинг ҳаммасига сабаб, – дея, масалани очиқчасига қўйдим, – иккита раҳбарлик “лавозими”ни қўлга олдингиз-у, шаҳардан ташқарига чиқмай қолганингизда! Сиз, Бўстонлиқдаги дала-боғимизга бир марта қадам ранжида қилиб, ўшанда ҳам рўпарадаги қўшнимиз, шаҳар мери бўлмиш Адҳамжон Миржалилов Озод ака Шарафиддинов, Эркин ака Воҳидовлар билан шахмат суришганда қисқа вақт “ҳакамлик” қилиб ўтиргансиз-у, Москвадан Черномердин чақириб қолиб, тезда орқага қайтгансиз. Мана, энди, касалингизнинг давоси – Бўстонлиқнинг ҳавоси! Қоровулга айтиб, шоҳона жой тайёрлатиб қўяман. Бугун эрталаб айтгандилар, кечга томон Эркин ака ҳам чиқиб бормоқчилар. Полиздаги қовунлар пишиб қолган. Биринчи ҳосилини биргаликда тотиб кўриб, “Қовун сайли” қиламиз.
Мирзаҳмад аканинг юзлари ёришиб кетди:
– Ўзи, Эркинжоннинг суҳбатларини соғиниб юргандим. Агар у киши чиқадиган бўлсалар, менинг ҳам борганим бўлсин.
Қарийб олти гектардан зиёд дала-боғимизнинг файзу таровати Мирзаҳмад акага ёқиб тушди.
Атрофга кўз ташлаб;
– Қандай чиройли жойлар-а! Бу манзараларни кўриб, барча ташвишларни унутгандай бўласан. Юрагинг ҳам ором олгандай, ўзингни енгил ҳис этасан, – деб қўйди, тўйиб-тўйиб нафас оларкан.
– Тоғларга, мана шу томонларга олиб кетай деб, кўп маротаба айтганман. Вақтингиз бўлмаган.
– Гапингиз тўғри! Эллик йил шу соҳада тиним билмай ишлабман. Ариза ёздим, энди, одамларга ўхшаб бироз дам олай, деб…
“Энг бой одам”нинг юрак дардлари
Кечга томон икки яқин дўст – суҳбатижон
инсон, таниқли адабиётшунос олим Раҳматилла Иноғомов билан Эркин акалар келиб қолишди-ю, даврага файз кирди.
Мирзааҳмад ака серқалампир қилиб, девзира гуручдан “қўқонча” ош дамлади. Қоровул Ўткир дала-боғнинг бағирли жойидаги полиздан эндигина банд берган иккита “Амирий” қовунни узиб келди.
Ошхўрлик, ундан кейин кичкина “қовун сайли”дан сўнг бошланган гурунгимиз мавзуи дала-боғга келиб тақалди.
– Лекин сиз ёзувчиларга қойил. Ҳеч ким қилолмаган ишларни амалга ошириб, бутун Бўстонлиқни Москвадаги энг катта аждаҳо чангалидан тортиб олдиларинг-а?! Йўқса, биз мана шу ўтирган жойларда аллақачон, ҳарбий полигон барпо этилар ёки 120 минг кишилик ҳарбий шаҳарча қад кўтарган бўларди… Ҳа, бизга Москвадан Бўстонлиққа жуда катта сиғимдаги газ қувури тортиб бориш лойиҳаси юборилганди. “Газпром”дан келиб, шунга тайёргарлик ишлари бошланай деб, турганди ҳам…
– Бутун Тошкент учун ягона сув, ҳаво манбаи бўлиб турган Бўстонлиқдан бошқа жой йўқ эканми? – дея Эркин ака меҳмонимизнинг гапига қўшимча қилди.
– Мен руслар билан узоқ йиллар ишлаб, шунга амин бўлганманки, Эркинжон, уларда “Сенинг гапингга бирон монелик қилмай, индамасдан бош эгиб турибдими, демак, сен ҳақсан, истаганча ўз сўзингни ўтказаверишинг мумкин”, деган тушунча бор. Бизнинг ўзимизга хос менталитет деса ҳам бўлаверадиган андишалилигимиз, ҳар гапга қуллуқ деб, бош эгиб тураверишимиз улар учун жуда қўл келган, бошимизга кўплаб кулфатлар тушишига сабаб бўлган. Гап келиб қолган экан, бир нарсани айтай, сиз ижодкорлар қандай қарайсизлар билмадим-у, менимча, ҳозирги президент “рус характери”ни жуда яхши биладиган одам. Шунинг учун улар билан “сен” деса, “сен”лаб, “сиз” деса, “сиз”лашиб гаплашиб, устун келган пайтлари ҳам бўлган. Москва эса, турли йўллар билан яна Ўзбекистонга кириб олиш пайида. Чунки, биз улар учун жуда катта моддий ҳам маънавий йўқотиш бўлиб турибмиз. Ўзбекистон чин маънода Худонинг назари тушган юрт. Бизнинг олтинимиз энг сара ҳисобланади. Шунингдек, Сибирнинг доимий музлаб ётувчи ер остиларидан қазиб олинадиган олтинларга нисбатан “харажати” бир неча баробар арзон ҳам! Лекин, бу сир етмиш йил давомида ошкор қилинмай келган. Пахтамиз сомон баҳосида, мева-чеваларимиз ҳам сувтекин. Менга энг алам қиладиган жойи шуки, бундоқ ўйлаб қарасам, биз бутун шўро даври давомида фақат алдоқ ва фирибгарликнинг қурбони бўлиб, бор-будимизни бой бериб келган эканмиз. Москвалик казо-казоларнинг “Янги ерларни ўзлаштириб, олти миллион тонна пахта етказиб туринглар, Орол қуримайди, бир пайтлар Обь дарёси унга келиб қуйилган. Ўша азалий сув йўлини тиклаб, янги лойиҳалар орқали Оролга оқизамиз. Унинг суви пасайиб, ўрнида пайдо бўлган минг-минг гектар янги ерлар ўзлаштирилиб, пахтазор, боғлар яратилади”, деган ёлғон, баландпарвоз сўзларга маҳлиё бўлиб, “Оқ олтин” етиштириб бериш мажбуриятини бажаравердик, Орол ҳам қуриб бўлди. Ваъда қилинган Сибирь дарёлари сувининг бир ирмоғини ҳам бизга раво кўрмадилар. Оролга сув келади, деб тайёрланган лойиҳаларнинг ҳаммаси ёлғон, алдоқчилик бўлиб чиқди. Ундан ҳам дахшатли, ҳали-ҳануз сир сақлаб келинаётган бир воқеадан сизларни хабарларингиз йўқ. Мана, мустақиллигимизнинг ўнинчи йилига қадам қўйяпмиз, бунинг вақти келади деб, ўйлайман… Ер ости қазилма бойликларимизнинг энг ноёбларидан бири табиий газ ҳисобланади. Унинг “хомашёси”ни ҳеч қачон, худди нефтга ўхшаб қазиб олингач, тўғридан-тўғри ишлатиб бўлмайди. Бунинг учун энг хавфли олтингугурт каби турли элементлардан “тозаловчи” заводлар комплекси қуришга тўғри келади. Бу – ер остидаги газ захирасини аниқлаш, уни пармалаб “ташқари”га олиб чиқишга кетадиган харажатнинг бир неча баробар ортиқчасини ташкил этади, деганидир. Табиатда камдан-кам учрайдиган газ билан боғлиқ мўъжизавий ҳодиса ҳам бўлиб туради. У – энг ноёб, “соф газ” ҳисобланиб, шу соҳа мутахассислари уни “олтин газ” деб ҳам юритадилар. Худонинг қудратини қарангки, 1956 йили Бухоро, Қизилқум сарҳадлари еростида худди Қорақалпоғистондаги Орол денгизи ҳудудига тенг, ҳатто ундан ҳам каттароқ шакл-шамоили ҳам ўхшаб кетадиган улкан газ “денгизи” топилди. Бу, халқаро миқёсда ҳам ўта ноёб стратегик аҳамиятга эга бўлганлиги учун, қаттиқ сир тутилади. Унинг захираси 500 миллиард метр куб, дея ҳисоботга киритилган бўлса-да, аслида, анча ортиқроқ эди. Шунинг учун ҳам бепоён Россия ҳудудида нефт-газ заҳиралари тўлиб-тошиб ётган бўлса-да, “Бошқа боғнинг меваси бошқачароқ бўлади” дегандай, марказий “Газпром” бор диққат-эътиборини бизнинг ёқилғига қаратади. Орадан йиллар ўтиб, ундан олинаётган маҳсулот ҳажмини бир неча баробарга кўпайтириш ҳаракати бошланади. Бироқ, барча уринишлар самарасиз бўлиб чиқади. Чунки, бойликнинг асосий заҳираси жуда чуқурликда, минглаб метр еростида жойлашган эди. Шунда ўта махфий суратда, маҳаллий раҳбариятни қўяверинглар, ҳатто Кремлдагиларнинг ҳам айримларигагина маълум бўлган яширин усул ишга солинади…
Гурунгдошимизнинг ҳикоя қилишига қараганда, ана шундан кейин бир-биридан даҳшатли воқеалар юз бера бошлайди. Кутилмаганда жуда катта кучланишдаги газ фаввораси отилиб, каттагина ер майдонини ўз домига торта бошлайди. У чинакам жаҳаннам оловидай бутун борлиққа хавф солиб, бир неча ой давомида ёниб ётади. Уни жиловлашга ҳар қандай техника мўъжизаси ҳам ожизлик қиларди.
Ниҳоят, Москвадан яна “мутахассис”лар жалб этилиб, хатарли усулнинг иккинчи босқичи амалга оширилади. Замин қаъридан гулдурос овоз чиқариб ўрлаётган “дўзах алангаси” ўчирилиб, асосий мақсадга эришилади.
Бироқ, бу “ғалаба” узоққа чўзилмайди. Орадан арзимас йиллар ўтиб, унинг янада асоратли фожиавий акс-садоси кетма-кет қайтарила бошлайди.
1976 йил, 8 март тонготарида маҳаллий вақт билан соат 7 дан 41 минут ўтганда ер юзи тарихида “энг кучлиларидан бири” дея, ном олган “Газли зилзиласи” рўй беради. Унинг марказида магнитатура кучи 12 баллдан ошиб кетади. Бу “силкиниш” бутун Ўзбекистон ҳудуди бўйлаб тарқалиб, жойларда 6-5, ҳатто, Тошкент, Фарғона минтақаларида
4 баллдан зиёдни ташкил этган ер силкиниши кузатилади.
Орадан кўп ўтмай, ўша йилнинг 17 май куни қайтарилган зилзила эса, аввалгисидан ҳам ҳалокатлироқ бўлиб, бутун Газли шаҳрини вайронага айлантириб ташлайди.
Шунингдек, минг йиллар синовига, ҳатто Фрунзенинг ҳаво “бомбардимонлари”га ҳам дош берган қадимий Бухоро қаттиқ шикастланади, аҳоли кўп азият чекади.
Одатдагидек, бу кўргилик ҳам мутлоқ сир тутилади. Ўша пайтлар Ўзбекистон қурилиш министри бўлиб ишлаган Назир Ражабовнинг гапларига қараганда, рўй берган кўнгилсизлик эл орасида овоза бўлиб кетмаслиги учун маъмурий орган вакиллари қадимий шаҳар кўрган талофатни аниқлаб, таъмирлаш учун маблағ ажратишга ҳам рухсат этмайдилар. Нима бўлса-бўлсин-у, Россияга янада кўпроқ газ кераклиги асосий ўринда турарди…
Илмий кузатувлар орқали шу нарса тўла исботланганки, Ернинг “қон томири”га урилган ҳар қандай хатарли “ниш”нинг хунук асоратлари турли шаклда ривожланиб боради, аммо пасаймайди. Бир кунмас бир кун бош кўтаради. Бу инсоният томонидан ўзига етказилган азоб-уқубатлар учун Табиат интиқомидир!
1984 йилнинг 20 март санасида навбатдаги, анча таҳликали важоҳатда қайтарилган ер силкиниши 15-20 чақирим чуқурликдаги сейсмоген ёриқлар тектоник ҳаракатлар фаоллашувининг оқибати эди.
Натижада катта майдонни эгаллаган ер юзаси тарс иккига бўлинади-да, бир неча километрли тубсиз жарлик пайдо бўлади. Унинг қаъридан худди қиёмат дарвозаси очилиб кетгандек, қайноқ сув, қум ва тупроқ аралаш вулқон тусини олган бўтана отилиб, осмон юзини сарғиш қурум қоплай бошлайди.
Шу аснода ер қаттиқ чайқалади. Унинг тубида кетма-кет ўпирилишлар рўй бериб, дахшатли зилзилага уланиб кетади. Шу яқин атрофдаги маъмурий бинолар ва кўплаб иншоотлар ер билан битта бўлади. Узоқ чўл сарҳадларида кутилмаганда бўрон ғужғон ўйнаб, осмонга ўрлай бошлади. Ҳуркиб, ҳар томонга тўзиб кетган қўй-қўзи уюрларининг кўпи чайқала бошлаган қум барханлари остида қолиб кетади.
Бир амаллаб омон қолган чўпонларнинг айтишларича, қадим-қадимдан “саҳро мўъжизаси” саналиб, яқин-атрофдаги жамики тирик жонни ўз оби-ҳаёти билан сийлаб келган, доим мавжланиб турувчи улкан Қақир кўли кутилмаганда ер ёрилгандай, унинг туби кўтарилиб, арзимас дақиқалар ичида қуруқликка айланади.
Бир неча юз чақирим атрофидаги қудуқ ва сардобалардан ҳам сув қоча бошлайди. Шундан бери ўша томонларда қурғоқчилик ҳамон ҳукм суриб келади.
– Шундан билавериш мумкинки, московлик “уддабурон оға”лар Орол билан газга аралаштириб, шўримизни ҳам бирга қуритишган. Унинг азобларини ҳали узоқ йиллар тортамиз… Бунда албатта, ўзимизнинг ҳам айбимиз йўқ эмас. Бўш-баёвмиз! Бош эгиб, таъзим қилишга устамиз. Гапираверсанг, гап тугамайди, – деди-ю, суҳбатдошимиз Мирзаҳмат ака анча вақт сукут сақлаб қолди.
Кейин у, Бухоро атрофларидаги, қўйингчи, бутун республикадаги қишлоқ-овулларда яшовчи бир неча миллион аҳоли ғўзапоя, таппи билан ўтин-чўп териб қозон қайнатаётган, қаҳратон совуқда амал-тақал қилиб кунларини ўтказаётган бир пайтда енгил машина бемалол сиғадиган катталикдаги иккита “Бухоро-Урал” деб номланган пўлат қувурлар орқали узоқ йиллар давомида ўзбек халқининг ўз насибаси, ўз мулки бўлган, Ўзбекистондаги ҳар бир хонадонга қарийб юз йилдан зиёд вақт давомида иссиқлик тафти бахшида этишга етиб ортадиган “зангори олов” ёқилғисининг сўнгги мисқолигача сўриб, адойи тамом қилингани ҳақида гапираркан, шундай деди:
– Одатда газ ёки нефтдан қолган “бўшлиқ” ўрнини сув танқис бўлган жойларда, асосан, қум билан пешма-пеш тўлдириб борилади. Агар шу технологик амалиётни бажаришда салгина бўлса ҳам бефарқликка йўл қўйилса, худди тузалмай қолган ярага ўхшаб, йиллар ўтгани сайин патос боғлаб бораверади. Вақт ўтиб у “ёрилиши” аниқ! Бунинг натижасида жуда катта ҳудудлар, ҳатто мамлакатлар хатарли зилзилалар ўчоғига айланиб қолиши мумкин. Бухорода эса, ҳамма ёқни Чўлу Малик, Қизилқум барханлари қоплаб ётган бир пайтда, “ортиқча” харажатидан қочибми, ёки “бўшлиқ”ни энг чуқур қатламда эканлигига ишонибми, мана шу бағоят зарур чора-тадбир чалакам-чатти бажарилганлигини юқорида эслатиб ўтилган, кетма-кет рўй берган учта зилзила исботлаб турарди. Бироқ, унга ўша пайтлар эътибор берилмаган. Натижада қадимий Бухоро ва унинг теварагидаги бепоён чўл ҳудудлари остида ҳар томонга шох ташлаб кетган, Уралгача тортиб борилган 4,5 минг километрдан ортиқ қўшалоқ чўян қувурлар ҳажмидан минг-минглаб маротаба катталикдаги (айтишларича, тўлиб турган Орол суви шу қувурлар орқали Россияга оқизилса, 15 йилга етмай, денгиз ҳозирги аҳволга тушаркан) “бўшлиқ”лар пайдо бўлган. Улар исталган пайтда катта ўпирилишлар ҳосил қилиб, кутилмаган, аввалгиларидан ҳам ҳалокатли фожиалар келтириб чиқаришини мутахассис бўлмаганлар, ҳатто Москвадаги валломатлар ҳам яхши билишган, билишади ҳам… Энди, шунча вақтларингни олиб, узоққа чўзилган арз-додимга нуқта қўйишдан олдин, анчадан бери кўринмай қолган, тўғрироғи, бошқа “ошиён”га “учирма” бўлиб (оила қуриб) кетган қўшнимиз Бахтиёржоннинг артистларга хос оҳанг билан тез-тез қайтариб турадиган “Бу ҳали ҳаммаси эмас, дўстларим, Горациолар” деган сўзини Сизларга эслатадиган бўлсам, армонли гапларимнинг “Ҳаммаси”ни айтиш учун “Минг бир кеча” ҳам камлик қилади. Сўнгги сўзим шуки, эшитиб қўйинглар; Бухоро-ю Шарифдай муқаддас заминни таянчи бўлган унинг устунларини қулатиб, беадад бойликларини сўриб, олиб кетишнинг ўзи бўлмаганлигини эшитдиларингиз. Бунинг учун ўта ваҳшиёна жиноят содир этилгани ҳам вақти келиб, агар мустақиллик аҳдида қатъий турадиган бўлсак, фош бўлиши муқаррар.
Доим, хоҳ катта, хоҳ камтарона бўлсин, ҳар қандай давраларда бироз сипо, камсуқум бўлиб ўтирадиган Мирзааҳмад ака негадир бугун ўзини худди қафасдан учиб, озодликка чиққан қушдай эркин тутар, кўнгли тўрида чўкиб ётган бор гапларини айтиб, юрагини бўшатиб олишга ҳаракат қилаётгандай эди.
У кишининг “ҳаммаси эмас”дан кейинги айтган, ҳануз “ҳарбий сир” ниқоби остида яшириб келинаётган “ваҳшиёна амалиёт” ҳақидаги қисқагина, аммо одам вужудини қалқитиб юборадиган ҳикояси биз “Горацио”ларни чуқур ўйга толдириб қўйди.
Ҳатто, бу “янгилик” президент девонидай мўътабар даргоҳда масъул вазифа соҳиби бўлиб ишловчи Эркин Воҳидовдек кишини ҳам ҳайратга солганди.
Инчунин, ҳаммамиз бирон гап айтиб, муносабат билдиришга ожиз эдик.
Яна бир хатар шарпаси
Ўша кунги Мирзаҳмад ака айтган, Бухоро ерости сувларига дахлдор гаплар, мустақилликдан аввалги йиллар ўзим гувоҳи бўлган суҳбатни эслатиб юборди.
Устоз Эркин ака ўзбек олимлари ичида биринчилардан бўлиб, Ленинградда онкология бўйича докторлик диссертацияси ёқлаб келган, таниқли шифокор, каминага ҳам анча “яқин”лиги бор Улуғбек Ризаевни ғоят ҳурмат қилардилар. Тез-тез учрашиб, гурунглашиб туришарди.
Ўша пайтлар ғўзага сепиладиган “бутефос” дорисининг одамлар соғлиги учун қанчалик зарарли эканлиги ҳақида қизғин баҳслар кетар, матбуотда ҳам унда-мунда мақолалар чиқиб турарди.
Гап мавзуи “бутефос”га келиб тақалганда, Улуғбек ака яна бир “хавф” пайдо бўлаётгани ҳақида сўзлаб, шундай деганди;
– Бухоро шаҳрининг анчагина қисми, хусусан чўл сарҳадларидаги қишлоқ-овулларда истиқомат қилувчи аҳоли асосан ерости сувларини истеьмол қилади. Кейинги йиллар давомида сув заҳиралари камайиб бораётганлиги кузатилиб, шунинг оқибатида унда қандайдир салбий “ўзгаришлар” рўй бераётгани аниқланган. Шу сабабли одамлар орасида ўсма касаллигига чалиниш бепуштлик юқорилаб бормоқда. Москвага бир неча бор мурожаат қилганимиздан сўнг, махсус комиссия келиб, ўзлари текширув ўтказиб, “ҳеч қандай ваҳима қиладиган жойи йўқ” дея, хулоса чиқариб кетишган. Биз “юқори”нинг ҳукмига қарши фикр айтолмаймиз, кенг қўламли илмий асосга эга бўлишимиз керак. Бунинг учун эса, яна ўша “юқори”дан рухсат олишимиз лозим… Беморлар сони эса, ошиб бормоқда.
Бу гаплар айтилганига мана, ўттиз йилдан ошиб бормоқда. Ҳозир Бухоро “ерости сарҳадлари”даги аҳвол қандайлиги ҳақида тўлиқ маьлумотга эгамизми, йўқми, Худонинг ўзи билади.
“Сир” сақлашнинг шўроча “анъана”ларидан бутунлай қутулиб олганимизча йўқ, чамамда.
Ахир, бир пайтлар шундоқ Тошкент ёнбошидаги Халқаро аэропортдан кўтарилиб, салгина наридан оқувчи анҳорга қулаб тушган пассажир самолёти ҳақидаги хабарни уч кун ўтиб, чет эл радиосидан эшитиб, бир-бирига айтишдан ҳам қўрқиб, индамай юраверган, кўп нарсаларда бехабар авоммиз-да…
“Огонёк” журнали куюниб ёзганидек “Ўзбекистонда оддий халқ оммасидан яширилган ҳолда содир этиб келинган мудҳиш, жинояткорона қилмишларнинг жуда кўпидан ҳали, бехабармиз”.
Шу “бехабарлик”нинг айримларидан озгина бўлса ҳам, бизларни хабардор этадиган Мирзаҳмад акадай қалби ёниқ одамларнинг борлиги халқимиз ғурур ва шаъни барқарорлигининг нишонасидир.
Афсус, орамизда шундай исонлар қатори юрагида тошдай қотиб ётган дардини “Искандарнинг шохи бор” дея, қудуққа қараб айтишга ҳам журъат этолмайдиган, умри поёнига етиб, ўз “омонати”ни ёруғ юз билан эмас, қўрқув ва талваса исканжасида топширувчи бандалар анча-мунча топилади.
Уларга ҳам Аллоҳнинг ўзи инсоф берсин.
Етмиш йил мобайнида саховатли заминимизнинг жуда катта ерости, ерусти бойликлари сўриб олинди, аёвсиз ташиб кетилди, ўзи абгор ҳолга келтирилди. Денгизимиз қуритиб, йўқ қилинди. Шулар бизга сабоқ эмасми?!
Энди буёғига маккорона ёлғонлардан гулчамбар осилган навбатдаги бўйинтуруқдан ниҳоятда эҳтиёт бўлишимиз керак.
Эркин ВОҲИДОВ
(Қорақалпоқ ёзувчиси Ўрозбой Абдураҳмонов билан бўлган суҳбатдан. 2012 й. 10 август)
“Иккинчи хиросима” сирининг очилиши
Ўша дала-боғда бўлиб ўтган оқшом гурунгида Мирзааҳмад ака “Бари бир булар ошкор бўлади. Ойни этак билан ёпиб бўлмас” дейдилар” дея, айтган гаплари кўп ўтмай, ҳақиқат бўлиб, узоқ йиллар яшириб келинган сир очилиб қолди…
Яхшиямки, бунга кутилмаган бир ҳодиса сабаб бўлди: АҚШнинг Калифорния кўрфазига яқин жойдаги ерости конидан жуда катта миқдордаги нефт отилиб чиқиб, атроф-муҳитга, ҳатто, яқин ўртадаги дарё ҳамда катта сув ҳавзаларига хавф сола бошлайди.
Бу хабар тезда ўз “технологияси”ни ишга солиб, анча-мунча пул ишлаб олиш илинжида юрган “Росатом”чилар қулоғига етиб, америкалик “ҳамкасб”лари бошига тушган муаммони осон йўл орқали ҳал этиш таклифи билан уларга мурожаат қиладилар.
Америкаликлар рози бўлишади.
(Ҳали-ҳамон эслайдиганлар бўлса керак, худди шунга ўхшаш, албатта, кичиқроқ ҳажмдаги воқеа Наманганнинг Мингбулоғида ҳам рўй берган, Россиядан мутахассислар “ёрдам”га келиб, уни ёқиб, тамом қилишгани, ёки қаёққадир “қочириб” юборишгани ҳақида ҳамон ҳар хил миш-мишлар юради)
Кўп ўтмай “Роснефт”, тўғрироғи “Росатом”нинг “мутахассис” вакиллари Калифорнияга келишади. Меҳмондорчилик, ўзаро танишувлардан кейин музокара бошланади.
Аввало, меҳмонлар бошлиғининг қачонлардир Ўзбекистонда “самарали” амалга оширилган лойиҳа чизгилари асосида қилган доклади мезбонларда ҳайрат ва ғалати таассурот қолдирди. Таржимон орқали масалага аниқлик киритувчи саволлар берилди.
Оқибатда, меҳмонлар нима мақсадда келишгани йиғилганларга маълум бўлиб қолди.
Сўнгги сўзни лўнда қилиб музокарани олиб борувчи мезбоннинг ўзи айтди:
– Ҳурматли ҳамкасблар. Аввало орамизда очиқ-ойдин, бир-бирига ишонч руҳида ўтган суҳбат учун сизларга минг бора ташаккур билдираман. Ҳаммага маълумки, биз одамларга ёруғлик, меҳр-оқибат ёғдусини бахшида этишдай савобли касб эгаларимиз. Шундай экан, амалга оширадиган ишларимиз энг аввало инсонларга, қолаверса, шу – бизни ўз қучоғига олиб, ҳаёт бахшида этаётган борлиқ табиат оламига заррача зиён етказмаслиги керак. Биз америкаликларнинг жаҳон афкор оммаси олдида қилиб қўйган бир гуноҳимиз бор. У ҳам бўлса, Хиросима фожиаси! Афсус, бу ерда айтилганидек, “тажриба” сифатида Ўрта Осиёнинг энг қадимий, мусулмон дунёси учун муқаддас шаҳарлардан бири саналувчи Бухоро атрофларида амалга оширилган “Иккинчи Хиросима” фожиаси ҳақидаги маълумотни эшитиб, ҳайратга тушдим. Бизнинг бир марта оғзимиз куйган. Калифорнияда учинчи ядро бомбаси портлатилишига асло йўл қўймаймиз. Бундай “ёрдам”га муҳтож ҳам эмасмиз.
Мана шундан кейин бу ўзаро “ҳамкорлик анжумани”да ҳозир бўлган маҳаллий мухбирларнинг “Ўзбекистон Хиросимаси” ҳақидаги хабарлари кўпгина Америка матбуоти саҳифалари орқали жаҳонга тарқаб кетди.
Орадан кўп ўтмай, “дориломон” шўро даврининг бир неча йилга чўзилган “куни битиш” арафасида Ўзбекистон табиат олами, унинг халқи келажагини ҳимоя қилиб, “Хлопкораб” (“Пахтақули”) каби ўткир социал мавзудаги (Александр Минкин) мақолалар туркуми билан бизларни қаттиқ туриб ҳимоя қилган ва ҳали ҳам ўз сўзидан қайтмай келаётган, Москвада чоп этилувчи “Огонёк” журналининг 2010 йил, 23-сонида қуйидаги хабар чиқиб қолди.
“…1966 йилнинг сентябр ойи… Ўзбекистоннинг Бухоро области, Қизилқум сарҳадларидаги катта чуқурликда кавланган қувурдан бехосдан ёниб кетган кучли табиий газ отилиб чиқди. Унинг босими шу даражада даҳшатли эдики, осмонга ўрлаётган олов ҳали замон бутун борлиқни ўз домига тортиб, жаҳаннам ўчоғига айлантириб юборадигандай таассурот қолдирарди, одамда. Нима қилиб бўлса-да, бу фалокатнинг олдини олиш зарур эди. Табиатни (ҳар қандай офатни ҳам) “бўйинсундириш”да ҳеч нарсадан тап тортмайдиган, ўйлаб ҳам ўтирмайдиган “қизиллар” (шўро ҳукумати назарда тутилмоқда.
Д. Н.) муаммони ҳал этишнинг мутлоқ нотабиий йўлини ўйлаб топиб, “атомчи”ларни ёрдамга чақирдилар. Барханлар қаъридан отилиб чиқаётган олов фавворалари ёнидан пармалаш усули билан 4 миль чуқурликка етиб борувчи ёнма-ён қувур шаклидаги бўшлиқ жой очилди. Ва улар орқали 30 килотонна вазндаги, қудрати бўйича Хиросима шаҳрига ташланган, “Кичкина” деб номланувчи атом бомбасига нисбатан бир ярим баробар ортиқ кучга эга бўлган бомбалар ер қаърига тушириб, олов “ўчоғи”нинг яқин атрофига жойлаштирилди. Тугмача босилган заҳоти иккита плутоний катта босим остида бир-бири билан тўқнашиб, Е-МС-2 формуласи орқали ҳаракатга келадиган узлуксиз термоядро реакцияси бошланди ва зум ўтмай ер бағрини тилка-пора қилиб, қудратли ядро бомбаси портлади. Натижада замин қаърида худди ҳалокатга учраган шаҳар иморатлари бир-бири устига қулагандай, баҳайбат ер қатламлари сурилиб, газ оловлари йўлини тўсди.
Москва томонидан 1966 йилдан то 1979 йилга қадар Ўзбекистон ҳудудида тўрт маротаба ядро портлашлари амалга оширилган.
Э-ҳа, булар сизу бизга маълум бўлгани, холос. Яна, ҳеч қандай мутахассислар билан келишмай, экологик экспертизадан ўтказилмай, жамоатчилик, оддий халқ оммасидан яширилган ҳолда амалга ошириб келинган шу сингари мудҳиш, жинояткорона қилмишларнинг қанча-қанчасидан бехабармиз.
Буларнинг атроф-муҳит, табиат ва набобат олами, келажак авлодга қоладиган асорати ҳақида ҳеч ўйлаб ҳам кўрилмаган”.
Шу ерда – журналда эълон қилинган бу хабарга қўшимча “янгилик” киритиб, изоҳлаб ўтишга тўғри келади. Орадан бир қанча вақт ўтгач, бандаликни бажо келтирган (жойлари жаннатда бўлсин) Мирзааҳмад ака Ҳошимовнинг ўша кундаги сўзларига қараганда, газ ўзидан-ўзи отилиб чиқмаган. Ўта чуқурликда бўлгани учун “бомба” орқали “юқорига” чиқарилади. Катта чақиндан ўт олиб, газ ёна бошлагач, бир неча ойдан сўнг уни иккинчи бомба билан “ўчиришга” эришадилар. Бунга одатдагидай “мутлоқ ҳарбий сир” мақоми берилиб, ҳеч қаёққа “овоза” қилинмайди.
“Огонёк”да эълон қилинган мақола Москва тележурналистларини бефарқ қолдирмади. Улар ўша “синов”ларнинг узвий қатнашчиларидан бири бўлган, Россия Федерацияси Мудофаа вазирлиги 12-бош штаби бошқармасининг собиқ масъул ходимларидан бири бўлиб ишлаган Максим Шингаркинни излаб топиб, мақола юзасидан интервью оладилар. Ва бу интервью “Россия-1” телеканали орқали намойиш этилади. Унда жаноб Шингаркиннинг шундай сўзлари бор: “Ядро бомбаси ҳақиқатан ҳам… 1966 йил, сентябрь ойида Ўзбекистоннинг Бухоро области атрофидаги Ўртабулоқ, 1968 йили Помуқ газ конида 2400 метр чуқурликда портлатиб, фойдаланилган” (Бу факт халқаро тележурналист И.Абдухолиқовнинг “Мен билган Шароф ака” китобида ҳам тасдиқлаб ўтилган).
Бироз кечикиб бўлса-да, бизнинг келажагимизни ўйлаб, шу мақолани эълон қилиб, кўзимизни очмоқчи бўлган, бошимизга солинган кулфатларга ҳамон ҳамдард эканлигини унутмай келаётган “Огонёк” журнали таҳририяти аъзоларига қанча миннатдорчилик билдирсак, шунча оз!
Шунингдек, одам хаёлида “Огонёк” мақоласига Москванинг бош телеканали шарҳли хабар тарқатади-ю, биздаги “Ўзбек миллий телекомпанияси”даги жаноблар нима сабабдан сукут сақлашган деган, савол пайдо бўлмайдими?
Наҳотки улар, бундан “бехабар” қолишган бўлса?! Ёки бу “нохушлик” билан кўпчилик миллатдошлари кўнглини “ғаш” қилишни исташмаганми, ё бўлмаса, узоқдаги кимларнингдир қош-қовоғига қараб, мудҳиш бу жиноятни яна озгина вақт халқимиздан яшириб туришни афзал кўришганми, тушунолмай қоласан, киши.
Мен мана шулар ҳақида ўйлаяпман-у, бундан бир неча йил аввал куюнчак Қорақалпоқ адиби Ўрозбой Абдураҳмоновнинг Дўрмондаги Эркин Воҳидов қароргоҳида шоир билан ораларида бўлиб ўтган суҳбат эсимга тушиб кетди.
Ўрозбой юрагини зардоб босиб, кўпдан бери тўлиб-тошиб турган эканми, устоз шоирга Орол узра “сочилиб” ётган “борса-келмас” оролчалар ҳудудида узоқ йиллар давомида шўро ҳукумати томонидан ўта яширин суратда кимёвий ҳамда бактериологик қирғин қуроллари синови ўтказиб келингани, уларнинг энг хунук асоратлари сўнгги нафасини олиб, қуриб бораётган Орол осмонида яна бир балои азимдай бош кўтариб қолиши ҳақида бор дардини очиб соларкан:
– Оқсоқол, нима учун Россия шунча улкан территорияга эга бўла туриб, ўз ўлим қуролларини бизнинг кичкина, шундоғам Худонинг назаридан қолган еримизни “полигон” қилиб, нотавонлашиб бўлган халқимизни “қурбонлиқ”қа қўйиб, энг ваҳшиёна “синов”ларини бизда ўтказган?
Ўрозбойнинг куюниб айтган бу сўзларида жон бор эди, албатта! Шу кеча-кундузда дунёда катта шов-шувларга сабаб бўлаётган Англия билан Сурияда кетма-кет икки маротабадан қўлланилган, тирик жонни қийноқларга солиб, ҳамда сирли суратда “осонгина” ўлдирадиган “зарин”, “малиш” каби кимёвий ҳамда бактериологик ўлим қуроллари бир пайтлар Орол денгизи ичкарисидаги “кўзга кўринмас” оролчалар (улар 300 га яқин) ҳудудида “муваффақиятли” синовдан ўтказилганлиги кўпчиликка аллақачон маълум бўлган.
Демак, жаҳон ҳамжамияти томонидан аллақачон тақиқланган ўша ваҳшиёна қуролларнинг яратилишида бизнинг ҳам “ҳисса”миз йўқ эмас!…
Эркин ака гурунгдоши сўзларини диққат билан эшитгач, ўзига хос босиқлик билан шундай деганди;
– Ўрозбой укам! Бизда “синов” ўтказилмаган нима қолди, ўзи!? Миллионлаб гектар далаларимиз узоқ йиллар давомида бутефос каби кўплаб кимёвий дорилар билан заҳарлаб келингани сир эмас-ку! Бу “кўрсатгич” Германия, Англия, Оврупо мамлакатларида ҳар гектар ерга 230-250 граммданга тўғри келса, Ўзбекистонда 54 килограмм(!)дан ортиқдир. Олимлар дунёда тупроғи бу қадар абгор қилинган мамлакат йўқлигини айтишмоқда. Бунинг азобини ҳали узоқ йиллар давомида тортамиз. Яьни, далалар суғорилади, ёғингарчилик унга қўшилиб, ер ости сувига айланади, бизлар шу сувни ичамиз-да, “худо берган дард, яратганнинг ўзига шукур” деб, юраверамиз…Бошқа “синов”лар ҳақида гапирмай қўяқолай. Мени бир нарса ташвишга солади. Ҳали ҳам биздай лаққа-лаҳмдан ажралиб қолиб, аламзадаликдан нима қилишини билмай, атрофимизда зир айланиб юрганлар бор. Аввалги ҳокими мутлоқлик даврларини қўмсаб, кўп ҳийлаю найрангларни ўйлаб топишлари мумкин. Улар ўша-ўша “НКВД”нинг қайтадан туғилган зурриётларига ўхшайди. Музлаган балиқникидай митти кўзларини лўқ қилиб, тикиб олганича, худди бегуноҳ бола қиёфасига кириб айтаётган ғирт ёлғон гапларига маҳлиё бўлиб, унга чув тушаётганлар ҳам йўқ эмас. Биз энди бу ёғига мана шу алдовлар тузоғига илиниб, учинчи бўйинтуруққа дучор бўлиб қолмаслигимиз учун жуда эҳтиёт бўлмоғимиз керак, холос. Бундан бошқа йўлимиз йўқ.
Шоиримиз айтган бу сўзлар, айниқса, ҳозирги пайтда бизлар учун жуда зарурга ўхшайди.
Шу ерда Абдулла Қаҳҳордай буюк шахс алам билан: “Колонизатордан ҳам ёлчимаган эканмиз”, деган сўзларини яна бир бор эслагинг келади.
Ҳа, шўроларнинг қарийб етмиш йил давомида бизда амалга оширган талон-тарожлари ҳар қандай колонизатордан ҳам ошиб тушадиган даражада ваҳшиёна бўлган.
Тасаввур қилинг, ашаддий қароқчи-ўғри қанчалик каззоб бўлмасин, бировнинг эшик-қулфини портлатиб, ҳамма ёқни вайрон этиб (Бухородагидек), ичкарига бостириб кирмаган. Нимаики бўлса – барчасини ўмариб, уйни шип-шийдам қилиб, ҳувиллатиб кетмаган. Жабрдийда эгасига нимадир қолдирган.
Буюк адиб минбаъд ҳақ – биз колонизатордан ҳам ёлчимаганимиз рост…
Ҳозирги кеча-кундузда жонажон “Миллий телевидение”миз ўзининг Бош дастури орқали махсус тайёрланган (ёки тайёрлаб юборилган) антиқа бир реклама дискини намойиш қилиш билан овора. Бу реклама тантанали мусиқа садолари остида бошланиб, одам ҳавасини келтирувчи чароғон шаҳар, чароғон ёруғликка бурканган нефтегаз хомашёларини қайта ишловчи заводлар комплекси кўрсатила бошлайди. Ва шу “кадр ортида”н кўринмас тарғиботчининг машҳур сухандон Левитан овозига монанд қилиб айтган сўзлари янграб, Россия раҳбарининг “Газпром” Ўрта Осиёдаги республикалар ичида Ўзбекистонга алоҳида қизиқиш билан қараб келгани ва бундан буён ҳам шундай бўлиб қолиши” ҳақидаги сўзларидан иқтибос келтириб, бизларни яна бир “янгилик”дан хабардор этади.
Буларни кўриб, тинглаб, кекса авлод ҳамон эслаб турадиган “Нонингни туя қилиб берайми?” деган “машҳур” гап эсингга тушиб кетгандай бўлади.
Ҳа, бир марта Бухоро мисолида “туя”нинг думигача кўрсатмай, ямлаб-ютиб, бизни доғда қолдиришган.
Ишқилиб, бу сафар ҳам чув тушиб қолмасак бўлгани…
Бунданам шубҳалироқ бир “янгилик”ни эшитинг: ҳозир Россия матбуотида бир пайтлар, ён қўшнимиз бўлган қардош Қозоғистон ҳудудида барпо этилган “объект”лар Россия томонидан қурилган, у бизники, деганга ўхшаш даъволар тез-тез қайтариладиган бўлиб қолди.
Бундан руҳланган шу “объект”ларда истиқомат қилувчи аҳоли очиқдан-очиқ “Бу бизнинг еримиз, ҳеч кимга бермаймиз, ҳеч қаерга кетмаймиз”, деган даъволар билан чиқмоқдалар.
Бундай ҳолат бизда ҳам қайтарилмаслигига ким кафолат бера олади?..
“Тошкент зилзиласи”нинг сири
Шу ерда устоз шоирнинг куйиниб айтган “синов” ҳақидаги сўзларига яна бир жонли мисол келтириб ўтишга тўғри келади. Аввал бошда эслатилганидек, узоқ йиллар “Тошкент сейсмология Маркази” бошлиғи бўлиб ишлаган Зуфар Боқиев ён қўшним бўлиши билан бирга у кишининг рафиқаси Жонон опанинг камина хонадони бекасига она томонидан қариндошлиги ҳам бор эди.
Зуфар ака ўта камсуқум, камгап, ҳар ким билан дарровгина тил топишиб кетавермайдиган кишилар тоифасидан эди. Бироқ, “қариндошлигимиз” сабаблими, баьзи-баьзида жиддий мавзуларда ҳам гуруглашиб қолардик.
Бир куни у кишининг 50 ёшлиги билан яқин-атроф қўшнилар табриклашга чиқиб, шу баҳонада анча вақт гап-гаштак қилиб ўтирдик. Кейин меҳмонлар қўзғалишди.
Оз-моз кайфи ошиб қолган хонадон соҳиби менга қараб;
– Сизга йўл бўлсин, орамиз бир қадам-ку! Ичмадингиз, дурустроқ бир нарса емадингиз ҳам. Эртага якшанба бўлса, қолинг, озгина гурунглашамиз, – деганди, остонада турган Бахтиёр ака Ихтиёров шартта орқасига ўгирилиб;
– Зуфаржон, бизни Сиздан орамизда ҳеч қандай олислигимиз йўқ. Бир подеьзд наридамиз, холос. Унинг устига ҳамшаҳарингиз бўлсам (икковлари “бухоролик” эдилар) , нега эди “учинчиси” бўлиб қолмаслигим керак? Сизга берадиган саволларим бор эди-ю, анчадан бери мавридини тополмай юрардим, – деб қолди.
Шундай қилиб дастурхон устида учовлашиб, алла маҳалгача гуфтигўни қиздириб ўтирдик… Албатта, ер юзининг турли бурчакларида рўй бериб турадиган сейсмик ҳодисалар ҳақидаги мавзу ҳам четда қолмади.
Шундан фойдаланган Бахтиёр ака;
– Худо ҳаққи, гап шу ерда қолади. “Бухоро зилзилалари” Оллоҳ томонидан эмаслиги ҳақида миш-мишлар юради. “Тошкент зилзиласи” синов тариқасида “уюштирилган”лиги ростми?! Ҳар қалай биз, Сиздек зилзила илмининг пирларидан бири бўлган инсон билан ёнма-ён яшасак-да, ҳар хил “миш-миш”га ишониб, ҳақиқатдан бехабар, оми бўлиб, юраверсак, яхши эмас-да!
Бахтиёр ака артистларга хос монолог ўқигандай қилиб, гурунгни нозик жойидан тутганди.
Зуфар ака кўзларини пирпиратиб, ўйланиб қолди. Бироқ бу ҳолат, кайфи анчагина ошиб қолганиданми, ёки “ҳамшаҳри”нинг жавоб кутгандай тикилиб туришиданми, узоққа чўзилмади.
– Бу, ҳозирча қатъий сир тутилади. Паркент тоғлари этагида “синов” ўтказилгани, лекин кутилган “натижа” бермагани рост! Буни, давлатнинг ҳар кимга ҳам айтилевермайдиган “стратегияси” билан боғлаб, талқин қилувчилар ҳам анчагина. Мен бу гапларни айтмадим, Сизлар эшитмадим деб, ўйлайверинг…
Орадан озгина вақт ўтгач, анча шов-шув бўлган “Шаҳар ўртасидаги бир туп оқ ўрик” мақоласини кўпчилик матбуот қатори (ҳукумат Қарори чиққач) “Тошкент оқшоми” газетаси ҳам ўзбек ва рус тилларида босиб чиқарди.
Шу муносибат билан газетанинг сиёсий ва ижтимоий бўлим мудири Тўлқин Расулов мени таҳририятга чақириб қолди. У кишининг ҳузурида зиёлиномо, анча кекса кўринса ҳам, юзлари тиниқ, нур ёғилиб тургандай отахон ўтирган экан, мени кўриши билан ўрнидан туриб, бағрига босди. Елкамга қоқиб, “раҳмат-раҳмат, барака топинг” дея, алқаб қўйди.
Тўлқин ака мен ҳақимда анча мақтовли гаплар айтиб улгурган шекилли, энди навбат отахонга келиб, у кишини таьрифлай кетди;
– Республикада ягона деб, атайвериш мумкин бўлган аҳолишунослик фанининг фидойиси, Тошкентнинг ўтмиши ҳақида катта тарихий китоб ёзган олим-у уламо, бу одам. Бизнинг доимий фаол маллифларимиздан ҳисобланадилар. Бир-биридан қизиқарли чиқишларини ўқиб турсангиз керак!
Отахон мен билан ғойибона кўпдан бери “таниш”лигини айтаркан, мавзуни “Бир туп оқ ўрик”ка буриб, “ўтмишда боғ-роғлари билан шуҳрат қозониб, “Мингўрик” деб, аталган Тошкентдай шаҳри азимнинг арзимас йиллар ичида дендрологик қиёфасини ўзгартиб, узоқ шимолдан келтирилган дуб, қарағай, акация каби мевасиз –“манзарали” дарахтларга тўлдириб юборилганлиги ҳақида анча-мунча мисоллар келтириб, гапирди.
Кейин:
– Яна бир энг жиддий, пойтахт учун “дендрологик” муаммодан ҳам муҳимроқ “тирик жон” билан боғлиқ “демографик номутаносиблик”ка бориб тақаладиган масала борки, буни ҳам асло, айниқса, сиз ижодкорлар унутмасликларингиз керак, – дея кекса олим ўз касбига хос куюнчаклик билан юрак дардини тўкиб, сола бошлади, – Табиат оламини бутунлай “бузиб” юбориш анча мушкул иш. Маьлум даражада қиёфасини “ўзгартириш” мумкин холос. Ўшанга ҳам узоқ йиллар керак бўлади. Лекин, босқинчилик билан кун кўриш қон-қонига сингиб, турмуш мезонига айланиб қолган империялар борки, азалдан улар энг аввало ишғол қилинган ерларда “демографик” “мувозанат”ни ўз фойдасига ҳал этишнинг ҳар хил усулларидан фойдаланган. Ҳозир ҳам шундай. Чунончи, олтмишинчи йил ўрталарида рўй берган, тўғрироғи, “уюштирилган” “Тошкент зилзиласи” мутлоқ ғаразли мақсадларда фойдаланишга туртки бўлгани ҳақиқат… Йирик ва ўз салоҳиятига эга, минтақадаги энг қадимий шаҳарлардан ҳисобланувчи Тошкентда арзимас йиллар мобайнида мисли кўрилмаган “демографик” “ғалаба” қандай қўлга киритилгани ҳақидаги маьлумотни ҳали кўпчилик билавермайди. Балки, ҳозир мавриди бўлмаса-да, шу билан қизиқиб кўрсангиз, ёмон бўлмасди. Буни уддалай олишингизга ишонаман. Биласиз, биз ёзсак, “илмий диссертатсия”га ўхшаб, ҳамма ҳам ўқийверадиган, қизиқарли чиқмайди. Ўзимда мавжуд бўлган керакли фақтларни мана шу Тўлқинжон укам орқали Сизга етказишим мумкин.
Шу суҳбатдан кейин ҳеч ким қўл урмаган илмий тилда “демография” яьни, аҳолишунослик, деб аталувчи мавзу менга тинчлик бермай қўйди. Айниқса, кекса олимнинг қисқагина қилиб, икки варақ қоғозга ёзилган маълумотлари чинданам “қизиқарли” эди.
Воқеаларни қўшним ишора қилиб ўтган “Паркент синов полигони”га бориб тақалиши камина учун катта “кашфиёт” бўлганлиги ҳақида айтмай қўяқолай.
Бағоят жиддий, шу билан ўта масъулиятли (ҳар ким ҳам ишонавермайдиган, ҳам “қалтисроқ”) мавзуни ўз ичига олган каттагиа мақолани мукаммал ҳолга келтиргунимча, кўп қийналдим, бир четга ташлаб қўйган, иккиланган пайтларим ҳам бўлди… Ниҳоят, сўнгги нуқтани қўйдим. Қани, энди уни босадиган мард топилса!
Қалами ёзувчилик ҳамда публицистика соҳасида анча ўткирлашиб қолган Ёқубжон Хўжамбердиевга “Зилзила”нинг илк қўлёзмасини кўрсатгандим, уни ўқиб, маьқул дегандек, жилмайганича, ортиқча сўз айтмай, кителининг ён чўнтагига солиб қўйганди.
Орадан анча вақт ўтгач, чет эл сафаридан қайтиб келган куним менга мақола ўша пайт анча ўқимишли бўлган “Ватан” газетасида эьлон қилинганини айтишди, лекин, газетанинг ўша сонини излаб тополмадим. Мақола ҳақида ўзим кутган “шов-шув” дарагини ҳам эшитмадим.
Кейин, шу фикрга келдимки, “Ошкоралик” бошланиб, “ол бандам дея, қўш қўллаб берилган” рўшноликдан фойдаланиб қолиш ҳаракатига тушган ҳар бир матбот органи ўз саҳифаларида икки-учтадан “бомба” деб аталувчи мақола эълон қилаверганидан, назаримда бу, уруғи кўп беьмаза қовундек, ҳамманинг меьдасига текканди, шакарнинг ози яхши деганларидай… Менинг ёзганим ҳам ўша “аралаш-қуралашлар” ичига тушиб, ўқувчи диққатини тортмаган бўлиши мумкин.
Нима сабабдандир, мақоланинг қўлёзма нусхаси сақланиб қолмаганди. Қайта ёзишга ҳафсала қилмадим. Лекин, унда кўтарилган мавзу “долзарб”лигини яхши билардим. Ҳали ҳам кўпчиликни бефарқ қолдирмас деган умидда “Тошкент зилзиласи” сири” ҳақида мухтасаргина ҳикоя қилиб ўтиш фойдадан ҳоли бўлмаса керак деб, ўйлайман.
Совет давлат системасида ҳеч қачон ошкор айтилавермайдиган, лекин фақат тор доиралардагина хуфья йўллар билан амал қилинадиган “Государственноорганизуюшие населения” яъни “Давлат бошқарувининг асосини ташкил этувчи “аҳоли”, тўғрироғи “миллат” деган тушунча ҳукмрон бўлиб, унга ички режим асосида қаттиқ риоя қилинарди. (Ҳозир бу “термин”ни Россиянинг камсонли “ерли” аҳоли истиқомат қилувчи “автоном” регионларга нисбатан қўллаш расмий тус олиб бормоқда)
“Ўтмиш”да шубҳасиз “аҳоли” деганда “буюк оға” деб, улуғланувчи рус миллатига мансуб кишилар тушунилар, миллий республика, ўлка ё мухториятлардаги қай даражада бўлмасин “биринчи” раҳбарнинг “биринчи” ўринбосари қилиб, “Умумдавлатбошқаруви”га даҳлдор “аҳоли” вакилидан қўйиларди.
Айниқса, Ўрта Осиё республикалари пойтахтлари учун ёзилмаган қонунга кўра, у ерларда истиқомат қилувчи “маҳаллий”лар қанча озчиликни ташкил этса, шунча яхши деб, қараларди.
Шу соҳасидаги “кўрсатгич” бир-бирига қўшни беш республиканинг тўрттасида кутилганидан ҳам “аьло” даражада эди-ю, негадир “Шарқ машъали” деб, аталувчи Ўзбекистонда аҳвол ниҳоятда “жиддий”, 7 фоиз атрофида эканлиги Кремлдаги масьуллардан кимнингдир қулоғига чалиниб қолди.
Масала Политбюронинг ёпиқ мажлисида кўрилди. Анча-мунча танқидий гаплар айтилди. Айниқса, Давлат Хавфсизлик Комитети бошлиғининг “Ўзбекистонда ҳам Болтиқбўйи республикалари, Украинадагидек, ёшлар орасида миллатчилик кайфияти юқори бўлиб, уларни интернационаллик руҳида тарбиялаш ишлари ўлда-жўлда” эканлиги ҳақида айтганлари ҳаммасидан ошиб тушди.
Шу куннинг ўзида Ўзбекистонда, айниқса пойтахт шаҳар Тошкентда ҳукм суриб келган бундай номутаносибликка барҳам бериш чора-тадбирлари ҳақида махсус Қарор қабул қилинди.
Унга кўра, зудлик билан Тошкентни ҳақиқий “Шарқ машъали”га айлантириш учун бутунлай қайтадан қуриш Бош лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Шаҳар шундоқ Чотқол тоғлари этагида жойлашгани сабаб унча кучли бўлмаса ҳам, бот-бот қайтарилиб турадиган “зилзилалар зонаси” деб, ҳисобланар, у ерда биланд бинолар қуриш одат тусига кирмаганди.
Демак, юқори балли зилзилаларга бардош бера оладиган кўпқаватли иморатларни синовдан ўтказиш учун махсус полигон қуришга тўғри келади. Анча масьулиятли ҳисобланувчи бу ишни уддалаш вазифаси шу соҳанинг тажрибали ҳарбий бўлинма мутахассислари – “гиодезист”лар ихтиёрига тоширилди.
Улар Бўстонлиқ тоғлари ортидан “илдиз” отиб, пойтахт ерости “қобиқлари”га етиб келган “разлом” деб аталувчи “синган” ёриқлардан бири Паркентдаги Гулистон колхозига қарашли чекка тоғ этакларидан ўтишини яхши билишарди. Худди шу ердан “синов” худуди учун жой ажратилиб, атрофи тиканли симтўр билан ўралди. Чўпонлар колхоз подаларини анча чақирим наридаги майдонларга ёядиган бўлдилар.
Арзимас вақт ичида темир-бетонлардан тикланган, бироқ атрофига “ишлов” берилмаган кўп қаватли иморатлар (нақли)дан иборат “шаҳарча” қад ростлади. Унинг марказидан эса, бирон дераза-ойнаси йўқ, усти темир бетондан япалоқ гумбаз шаклида ёпилган катта иншоот алоҳида ажралиб, кўзга ташланиб турарди.
Ниҳоят, борлиқни кўм-кўк ўт-ўланлар билан лолақизғалдоқлар қоплаган айни баҳор (апрел ойи) кунларининг эрта тонгида “полигон”да ўтказилган синовдан ҳамма ёқ титраб, бутун Паркент бир қалқиб тушгандай бўлди. Бетон устун ва плиталардан бир-бирига “кашаклаб” кўтарилган осмонўпар биноларнинг уч-тўрттасигина тоб ташлаб, майишиб қолди. Бошқалари қасир-қусур овоз чиқариб, “бешиктебратар” каби анча вақт чайқалиб турди-ю, қулаб тушмади.
Айни шу дақиқаларда Тошкентни қиёмат қопиб ётарди. Бир бало содир бўлиши олдиндан тайинлаб, шай туришга буйруқ бериб қўйилган эканми, ҳамма ёқни ўт ўчириш, “тез ёрдам” машиналарининг қулоқни қоматга келтирувчи шовқин-суронли овози босиб кетди.
Мен ўша пайтлар “зилзила ўчоғи” дея, эьлон қилинган, Тошкентнинг қоқ маркази – “Хадра” майдонидан салгина нарида жойлашган, “Қоратош” маҳалласида, Ғафур Ғулом туғилган мўжизгина хонадон ёнгинасидаги инқилобдан аввал узунасига қилиб қурилган олди баланд равонли уйлари тўкилай деб, турган ҳайҳотдай ҳовлида вақтинчалик умргузаронлик қилар, бирон кор-ҳол бўлишидан чўчиб, каравотимни ҳолироқ жой, яланглик ўртасидаги усти ёпиқ шийпончага ўрнатиб олгандим.
Бу билан демоқчиманки, ўша кунги саҳар-мардонда рўй берган зилзиладан “Қоратош”даги ҳовлилардан биронтаси шикаст кўрмаган, ҳатто “ижарахонам”даги “қўҳна” уйлар ҳам қилт этмаганди.
Дарвоқе, мени Хадра майдони томонидан эшитилаётган шов-сурон уйғотиб юборганди. Саҳармардонлаб ишга кетадиган “трамвайчи” девор-дармиён қўшним негадир радиони баландлатиб қўйиб юборган, ундан дикторнинг “Диққат, диққат! Шошилинч ахборотимизни тинланг!” деган ҳаяжонли овози эшитиларди.
“Ахборот” сўнггида мотамсаролик билан “Ҳозирча қурбон бўлганлар сони икки кишига етгани” айтилди.
Тушга яқин махсус ахборот орқали чинданам зилзиладан “талофат кўриб, ҳаётдан кўз юмганлар” сони икки кишидан ошмаганлиги, улардан бир қария “девор қулаши”, иккинчиси юрак хуружидан вафот этганлиги ҳақида расмий хабар ўқиб, эшиттирилди ва кўпчилик шаҳарда вақтинча “Фавқулотда ҳолат” эьлон қилинганлиги билан огоҳлантирилди.
Тошкент кўчаларида қарашлари жиддий, ҳўмрайган, кўзга бегонароқ чалинувчи ҳарбий ва милиция формасидаги кишилар кўпайиб қолди. Кейин шаҳарга қаердадир тайёр бўлиб турган эканми, танклар кириб келди. Улар ишни “Сквер”даги энг катта ҳисобланувчи деворлари бироз дарз кетиб, ичи шип-шийдам қилинган уч қаватли “Марказий универмаг” биносига “ҳужум”дан бошлади. Ҳеч қачон тинч-осойишта кўчаларда, айниқса кўпчилик олдида пайдо бўлавермайдиган, фақат киноларда кўрсатиладиган бу дахшатли уруш аслоҳаларининг бир нечтаси орқасидан қора тутун бурқситиб, душман истеҳкомига ҳамла қилгандай йўлидаги бор нарсани, дов-дарахтларни ҳам баҳайбат занжирли “ғилдираклари” остида эзиб-янчар, пўлат зирхли ўқотар тумшуқлари билан қалин ғиштин деворлар чанг-тўзонини чиқариб бузар, бундай манзарани илк бор гувоҳи бўлаётган оломоннинг кўпчилиги “текин томошо”дан завқ-шавққа тўларди.
Бир ойча вақт давомида ҳарбий аслоҳалар ёрдамида “эски” камқаватли бинолар ва кўплаб хусусий хонадонлардан таркиб топган маҳаллаларни бузиб, “кўчирма” қилишда амалга оширилган бу пухта тадбир замирида, аввало “қудратли” армия нималарга қодир эканлигини авомга билдириш, қолаверса, бирон норозилик саси чиқса, унинг олдини олишга тайёр кучлар борлигидан огоҳлантириб қўйишдек мақсадлар яширинган эди.
Бироқ, ҳар эҳтимолга қарши деб, амалга оширилган бу тадбирнинг акс-садоси бошқача бўлиб, чиқди. Одамларда норозилик ёки салгина бўлса ҳам ранж аломатлари эмас, ваҳоланки кўтаринки руҳ пайдо бўла бошлади. Гўё, “қаттиқ зилзиладан катта талофат кўрган”лиги ҳамма ёққа овоза қилинган шаҳарда тўй-томошолар байрами бошлаб юборилгандек, кеча-ю кундуз Иттифоқнинг ҳар томонидан тинимсиз ёғилиб келаётган “қурувчилар отрядлари”ни кутиб олиш тантаналари карнай-сурнай, чилдирмаларнинг бак-бакабангига уланиб кетарди.
Аслида “полигон”да ўтказилган “синов”лар ортида бир-бири билан узвий боғлиқ икки мақсад ётарди. Биринчиси, Урушдан кейин Туркманистонда рўй берган “Ашхабод зилзиласи”дек, катта вайроналиклар келтирувчи бўлмаса ҳам, Тошкентда “ўртамиёна” тектоник ер қимирлаш “тажриба-синови” ўтказиб, шу баҳонада шаҳарни бутунлай қурилиш майдонига айлантириш бўлса, иккинчидан, “янги пойтахт”да тикланажак кўпқаватли биноларни зилзилага қай даражада бардош бера олишини аниқлаш эди.
Лекин, Паркент “синиқли” ерости “ёриқлари” орқали юборилган кучли магнит тўлқинлари кутилмаганда ўз йўналишини Оҳангарон тоғлари томон ўзгартириб, натижа кутилгандан пастроқ бўлди. Шунга қарамай, мўлжалдаги режа амалга ошди. Буни билганлар бўлди, билмаганлар ҳам…
(Айтишларича, бу хилдаги “техник носозлик” 1988 йилнинг декабр ойи охирларида Арманистон тоғлари орасида ўтказилган “тажриба” пайтида ҳам рўй бериб, Степанакерт шаҳри мисли кўрилмаган талофат кўрган)
Биздаги “талофат”нинг шовқин сурони эса, ҳали –вери босилай демасди. Камина ўша пайтлар Тошкент телевидениесининг “Ёшлик” студиясида етакчи муҳаррир вазифасида хизмат қилар, таҳриятимиз гўё республика бош темир йўл вокзали ҳамда аэропортга кўчирилгандек, кеча-ю кундуз ўша ердан бери келмасдик. Вагонларни тўлдириб, тинимсиз оқиб келаётган, кўпчилиги гармон чалиб, мастона “чаштушка”лар айтиб, шод-ҳуррамлик кайфиятини яшира олмаётган “юрак амри билан бизга ёрдамга ошиққан” минг-минглаб қурувчи ёшларни тасвирга тушириб, тўғридан-тўғри улар интервьюларини экранга узатишга ҳам улгурардик.
Худди мана шу пайтлар “Тошкент зилзиласи” рўй берганига бешинчи ой тўлаётган кунларидан бирида Бухородаги махсус телемухбирларимиздан шаҳар яқин –атрофида ҳам “Тошкентдагидан қолишмайдиган” ер сикиниши бўлганлиги ҳақида хабар келди-ю, лекин бу ҳақда ҳеч қандай маьлумот тарқатилмади…
Хуллас, уч-тўрт йил ичида Тошкент қиёфаси буткул ўзгариб кетди. Илгариги гувала деворли пастак уйлар, режасиз қуриб ташланган маҳалла ҳовлилари (у ерларда азалдан яшаб келганлар, шаҳар ташқарисидан мўлгина қилиб, уч-тўрт сотиқча “ортиқчаси” билан берилган ерларда икки-уч бола-чақасига ҳам етадиган бошпанали ҳовли қуриш билан банд эдилар, ўзбекка бундан бошқа нима керак!) ўрнида мисли кўрилмаган сурьатда барча шарт-шароитлари муҳайё қилиб қурилган осмонўпар иморатлар, қўлинг ўргилсин маьмурий бинолар қад ростлаб, чинданам Ўзбекистон пойтахти “Шарқ машьали” тусини ола бошлади.
Аслида шаҳар чин манода “Шарқ”лилик мезонидан узоқлашиб борар, ҳеч ким бунга эьтибор бермас, раҳбарият эса, кенг халқ оммасини “интернатсионализм руҳида тарьбиялаш” борасида тарғибот ва ташвиқот ишларини кундан-кун авж олдиририш билан овора эди.
Ҳатто, бу ҳақда оммавий ахборот воситалари, телевидение, радиога ҳам ҳар хил кўрсатмалар берилар, уни ўз вақтида бажармаганларга чора ҳам кўриларди.
Биз ҳам “топшириқ”ни бажаришга мажбур эдик. Шулардан бири “юқори”нинг навбатдаги тавсиясига кўра Воронеждан келиб, уч йилдан бери фидокорона меҳнат қилаётган “илғор ғишт терувчи” йигит ва унинг оиласи ҳақида кўрсатув тайёрлаш бўлиб, бунга масьуллик Рихсивой Муҳаммаджонов иккимизнинг зиммамизга юклатилди. Етакчи режиссёр Мираббос Мирзаҳмедов бошлиқ ижодий гуруҳ тузилди.
Махсус “Қурилиш штаби”га мурожаат қилиб, Сидоровни топдик. Ўзининг “халол меҳнати туфайли қад ростлаган” янги бинонинг иккинчи қаватидаги шинамгина тўрт хонали квартирада хотини, икки ўғли, ярим йилча аввал кўчиб келишган ота-онаси, синглиси ва ўсмир укаси билан саккиз жон бўлиб яшашаркан.
Сенарий бўйича “моҳир ғишт терувчи”нинг тўкин дастурхон атрофидаги оилавий ҳаёти, Тошкент ҳақидаги фикрлар, “меҳнат фронти”да кўрсатаётган жонбозликларини суратга туширдик.
Кейин Сидоровларнинг барча хонадон аьзолари студияга таклиф этилди.
Биринчи сўз Ватан уруши қатнашчиси бўлган оила оқсоқолига берилди.
– Мен, Ўзбекистоннинг тўкин-сочин боғлари, ширин-шакар мевалари, ажойиб кишилари ҳақида ўғлимдан кўп яхши гаплар эшитардим. Бутун оиламиз билан бу ерга келишни орзу қилардик. Орзуга етдик. Мана, тўкин ҳаёт кечириб, яшаяпмиз. Энди Ўзбекистонда худди ўз уйимиздагидай ҳис этиб, яшамоқдамиз. Ҳатто, кампирим билан икковимизга алоҳида квартира ҳам беришмоқчи… Тошкентни севиб қолдик.
Хуллас, ўша пайтлар “Тошкентни севиб қолганлар”ни бу қадар оммавий даражада тарғиб қилиниши ҳақидаги гапларга ҳозир ҳамма ҳам ишонавермаслиги, ҳатто улар учун кулгили бўлиб туюлиши мумкин. Лекин, булар бор ҳақиқат! Ўша кунларни ҳамон эслаб юрувчилар кўп топилади.
Яна, шуни айтиш мумкинки, бундай “демографик урчитиш”ларга ҳамма ҳам бефарқлик билан томошобин бўлиб туравермаган. Буни исботловчи ҳодисалар унда-бунда бўлиб турарди.
Шулардан бири, бутун Тошкентга дув-дув гап бўлиб, тарқаб кетган, биз “Ёшлик” студияси ходимлари ўзимиз гувоҳи бўлган воқеани мисол қилиб, келтириш мумкин.
Ўшанда мамлакатдаги ҳар бир қардош республикалар, ҳатто “сотсиалистик” дўст давлатлардан ёрдамга келган қурувчилар жамоаси ўзлари барпо этган уйлар мажмуаси калитини “тошкентлилар”га топшириш маросимини тантанали ўтказиш одат тусини олган, бу хил тадбирларни газета ва телерадио орқали кенг ёритилар, тарғиб қилинарди…
Навбатдаги тадбир грузинлар шаҳар аэропортига олиб борувчи катта манистрал йўлнинг шундоқ чап томонига худди тоғ ёнбошидаги “зинапоя” шаклида ўзига хос лойиҳа асосида барпо этилган бир нечта юз квартирадан иборат учта кўпқаватли бинолар калитини топширилиши билан боғлиқ эди.
Тантана ўтказиладиган майдонча атрофини анвойи гуллар экиб, безатилган, минбар ҳам салобатлироқ кўринсин дебми, сал юқорироқ қилиб, ўрнатилганди.
Ҳукумат ва шаҳар ижрокоми раҳбарлари, “Главташкентстрой”нинг бир гуруҳ катта-кичик амалдорлари белгиланган вақтдан салгина олдин келиб, минбар қаршисига қўйилган юмшоқ креслолардан жой олдилар. Бироқ, орадан ўн – ўн беш дақиқалар вақт ўтдики, тадбир ташкилотчиларидан дарак бўлавермади.
Ниҳоят, улар тушган автобус шундоқ йиғилишга жам бўлганлар қаршисида тўхтаб, ундан йигирмага яқин киши тушиб, саф тортишди. Улар ичидан, шундоқ рўпарада Кавказ тоғларидай савлат тўкиб турган бино қурувчиларининг бошлиғи шекилли, гавдаликгина, салобатли, ўрта яшар бир киши ажралиб чиқиб, минбар томон кела бошлади.
Худди шуни кутиб тургандай, думалоқдан келган ҳарбий формадаги дирижёр қўлидаги ёғочни ҳаволатиб, пастга тушириши билан музика янграй бошлади. Бироқ, ҳали авжга чиқиб улгурмаган оркестр садосини босиб кетгандай, ҳукмрона, йўғон “Не нада, зачем музика?!” деган овоз янградики, дирижёр нима қилишини билмай, эсанкираб қолди. Кутилмаганда, елпиғичнинг дастасидай касб “қуроли” қўлидан чиқиб, ерга тушди. Музика ҳам бир-икки бор “ғат-ғут”лади-да, овози ўчди.
“Мезбон” йиғилганларга қарата алоҳида урғу билан Ираклий Виссариа-анович Какабидзе деб, исм-фамилиясини айтиб, ўзини таништирди-да, микрофонга ҳам қарамай, лўнда гап қилди;
– Бизлар икки йил ичида захмат чекиб, грузин халқи номидан бу иморатларни бошига кулфат тушган ўзбек халқи – тошкентлилар учун қурганимизни биласизларми? Кўпчилигингиз билмасангиз, билиб қўйинглар, – у бир нечта варақли қоғозни боши узра силкитиб, сўзида давом этди, – мана бундаги рўйхатда ёзилганлар ичида икки-учтагина шу юртда киндик қони тўкилганлар номи бор, холос! Унинг ҳам ростлигига ишониш қийин. Биз бу ерга меҳмондўст ўзбек халқига чин юракдан ёрдам бериш учун келганмиз. Уларнинг дастурхонини эгаллаб, уйи тўрига узала тушиб, ётиб олишга келмаганмиз. Ҳозирча бу уйларнинг калити ҳеч кимга берилмайди.
Ҳамма донг қотиб қолди.
Олдинги қаторда ўтирган раҳбарият орасида бироз саросималик бошланди. Аммо, бепарвогина минбарни ташлаб кетаётган “шаккок” нотиққа қараб, ҳеч ким бирон сўз айтолмади…
Бари-бир, грузинлар ўз сўзларида қатъий туришди. Рўйхатни бутунлай ўзгартириб, қайтадан ўзлари туздилар.
Шундан кейин Тошкентда “Грузинча квартира тақсимлаш” услуби анча жонланиб кетди.
Бир куни бош муҳарриримиз Элбек ака Мусаев Рихсивой иккимизни ўз ҳузурига чақириб қолди. У ерда 50-55 ёшларга ўхшаб кўринсада, дуркунгина бир жувон ўтирар, ёнидан эса, қайси томонлари билан аёлнинг ўзига ўхшаб кетадиган икки йигит жой олганди.
– Аксана Крилюк, – дея, меҳмонларни бизга таништира бошлади, раҳбаримиз, – Мана бу қаршиларингизда ўтирган забардаст йигитлар онахоннинг шу ерда қиндик қони тўкилган фарзандлари. Яьни, ҳамюртларимиз. Оилавий бўлиб, Запорожье шаҳридан бизга ёрдам беришга келишган. Мана энди, шу ойнинг охирларида Аксанахон бошлиқ запорожьелик қурувчилар барпо этган бир нечта турар жой бинолари калитини топширишга ҳозирлик кўришмоқда. Ҳурматли меҳонимиз ажойиб таклиф билан бизнинг ҳузуримизга ташриф буюрганлар; Ўзбекистоннинг деярли ҳамма қишлоқ ва шаҳарларидан келиб, Тошкентни бунёд этишда фидойиларча жон куйдириб ўз ҳиссасини қўшаётган маҳаллий ёшлар жуда кўп. Биргина Бекободдан анчагина экан. Лекин улар икки-уч йилдан бери қурилишда ишлаб, қанча-қанча турар жой бинолари барпо этадилар-у, ўзлари шаҳардан четда, ижара уйларда яшашади. Бундан Аксанахон яхши хабардор. Афсус, биз бехабармиз?… Бу аёлнинг куйиниб айтаётган, нега маҳаллий аҳолига эьтибор йўқлиги, уларга камдан-кам ҳоллардагина квартира ажратилаётганлиги ҳақидаги гапларида жон бор. Минг раҳмат Сизга, синглим! “Ёшлик” студиясига ёшларимиз ташвишида қайғуриб келганингиз учун ташаккур. Бу борада бизлар билан ҳамкорлик қилиш ҳақидаги таклифингиз жуда ўринли. Биз қабул қилдик! Мана шу дақиқалардан эътиборан Сиз билан Ўзбекистон телевидениесининг “Ёшлик” студияси ўртасида тузилган ҳамкорлик “Шартнома”си кучга кирди деб, ҳисоблайверинг! – бошлиғимиз меҳмон аёл қўлини қаттиқ қисиб, биз томон ўгирилди;
– Лекин Сизлар билиб қўйинг; ҳамкорликни Аксанахон бошлиқ запорожьелик қурувчилар фаолиятлари ҳақида ҳикоя қилувчи , махсус кўрсатув намойиш этишдан бошлашимиз керак. Яна, бир янгиликни очиқ айтиб қўяй; ўн йилдан бери биз билан ҳамкасб бўлиб ишлаётган Люба Вернаяни яқинда қирқ беш ёши билан табрикладик. Шу ерда туғилиб ўсган. Лекин, ҳалигача биронта ўзбекча сўзни билмайди, билишни ҳам истамайди. Аксанахон эса, олти йил Ўзбекистонда яшаб, ўрганган бизнинг тилимизни орадан йигирма йиллар ўтса ҳам, унутмаганига қойил қолмоқ керак. Мана, ҳақиқий интернатсионаллик! Шунинг учун интервьюни бемалол ўзбек тилида олишларингиз мумкин.
Биз кўрсатув тайёрлаш асносида бош қаҳрамонимиз бошидан кечирган анча-мунча “ҳаёт синовлари”дан ҳам воқиф бўлдик; Аксана отаси “халқ душмани” “айби” билан отилганида 10 ёшлар атрофидаги қизалоқ экан. Кўп ўтмай очарчилик бошланиб, онаси вафот этади. Болалар уйидан бошпана топади… Кейин “Уруш қочқинлари”га қўшилиб, Тошкентга келиб қолади. Қурилиш техникумида ўқиб, дипломли бўлгач, Бекобод маталлургия заводи қурилишига ишга юборилади. Меҳнатчан, тиришқоқлиги билан кўпчилик назарига тушади. Шу орада тақдир тақозаси деганларидай, урушда ногирон бўлиб, Ўзбекистонга келиб қолган ҳамюрти запорожеьлик Тарас Крилюк деган йигит билан турмуш қуриб, сал кам уч йил яшаганларидан сўнг, турмуш ўртоғининг жароҳати оғир экан, бандаликни бажо келтиради. Уруш тугаб, тотувлик йиллари бошлангач, Аксана эрининг қариндош-уруғларини излаб, икки фарзанди билан киндик қони тўкилган юртга келади. Бироқ, на эри, на ўзига яқин бўлган кишилардан дарак топади.
Бор куч-ғайратини меҳнат, ўқишни давом эттириш ва икки ўғлининг тарбиясига бағишлайди. Улар оналарига ўхшаб, қурувчи инженерлик касбини эгаллайдилар.
Катта қурилиш Бошқармасига раҳбарлик қилаётган Аксана “Тошкент зилзиласи” ҳақидаги хабарни эшитган куниёқ, “сувини ичиб, нонини еган”, юрагида ўчмас из қолдирган, меҳрибон ва мушфиқ кишилар яшайдиган, қуёшли шаҳар Тошкентга қандай ёрдам кўрсатиш йўллари ҳақида ўйлай бошлайди. Ва иложини топади…
Запорожьелилар бунёд этишган бинолар мажмуаси чин манода ёшлар шаҳарчаси номини олиб, унда истиқомат қилувчилар қўлига калитни Аксананинг шахсан ўзи топшираркан мовий кўзларида қувонч аломатлари жилваланарди.
Биз шу дақиқаларни эртага намойиш этишга мўлжалланган махсус кўрсатув учун тасвирга тушириб олиш мақсадида, микрофонни унга тутиб, ҳазилномо гап қилдик;
– Шу калитлардан биттасини ўғилларингизга топширсангиз бўларди. Ахир, улар Ўзбекистонда туғилишган. Шу юрт фарзандлари бўлиш билан бирга, мана, ёнингизда туриб, икки йилдан зиёд тинимсиз меҳнат қилишди.
Аёл бироз ўйланиб туриб, илтимос оҳангида сўради;
– Сал гапим чўзилса, майлими?
– Бемалол, нима гапингиз бўлса, айтиб олинг.
– Биласизларми, ўғилчаларим ёш, у пайтлар “болалар боқчаси” деган нарса йўқ, лекин ишга боришим зарур эди. Шунда уларни ён қўшним, анча кексайиб қолган Хумайрахон деган онахонга ташлаб кетардим. Болаларимга бошқача меҳр билан қарардилар. У киши билан она-бола тутиниб қолгандик. Вақт ўтиб, ўғилларим билан юртга қайтадиган бўлдик. Онахон олдиларига хайр-хўшлашишга кирганимда кўзларида ёш билан “сен ўз қизимдай, болаларинг набирамдай бўлиб қолгандиларинг. Бироқ на қилай, “Ўз уйим-ўлан тўшагим” дейдилар, ўз юртингни соғиниб, ота-онанг ором олиб ётган жойга кетаётган экансан, иложим қанча! Улар руҳи -покларини шод этгин! Ҳеч бир бандасини хоҳ тирик, хоҳ марҳум бўлсин, ришталарини бир-биридан узмасин. Оқ йўл, сенга, қизим” дея, дуо-потиҳа берганлари, ҳамон кечагидай эсимда. Бир умрга унутмасам керак. Ҳа, Тошкентга келганимизнинг эртасигаёқ, ўғилларимни олиб, Бекободга бордим. Шаҳар бутунлай ўзгариб кетибди. Гўзал бир шохона қасрдай бўлиб, ҳаёлимда қолган онахоннинг пастак пахса деворли, ўғилларимнинг беғубор болалиги ўтган ҳовлини истаб-сўраб, тополмадик. Онахон қабрларини ҳам. Ҳеч бўлмаса, ота-онам руҳи поклари ҳурмати шу аёл ҳоки-пойи ётган қабрни зиёрат қилолмай, қайтганимдан афсусландим. Одамнинг умри шу экан-да!… Дарвоқе, квартира ҳақида гапирдингиз. Сўзим аввалида раҳматли онахоннинг доно сўзларини бекорга келтирмагандим. Ҳар кимнинг ўз Ватани, ўз уйи – ўлан тўшаги, ўзига буюрсин. Она юрт ҳам инсонга бахшида этилган ризқ-рўзнинг бир бўлаги. Унга кўз олайтириб, “эгалик” даво қилувчи очкўзлар балосидан Худонинг ўзи асрасин! Бизга Ўзбекистон узоқдан бўлса-да, Она диёрдай гўзал ва мафтункор бўлиб кўринаверади, – деди-ю, негадир кўзларида ёш ҳалқаланди…
Аксанани индинига “Қурувчилар бригадаси” аьзолари билан аэропортга кузатишга чиққанимизда ҳам биз билан хайрлашаркан, шу ҳолнинг гувоҳи бўлдик. Бу шубҳасиз, инсон юрагида пайдо бўладиган таскинлик ва шукроналикнинг аломати- қувонч ёшлари эди.
Тошкентда эса, ҳамон қурилишлар давом этар, унинг аҳолиси ошгандан ошиб, Ўрта Осиёдаги энг гавжум ва “интернатсионал” пойтахт” номини олганди.
Буни шундан ҳам билса бўлардики, етмишинчи йиллар охирига келиб, ўз тилингизда қаттиқроқ овоз чиқариб гапирсангиз, дакки эшитардингиз.
Ҳикоя қилинган бу воқеа ҳам бизда ўтказилган “тажриба-синов”лардан бири эди, холос.
“Огонёк” журнали ёзганидек “Эҳа, булар Сиз-у бизга маьлум бўлгани холос. Яна, ҳеч қандай қонун-қоидаларга риоя этмай, жамоатчилик, оддий халқ оммасидан яширилган ҳолда амалга ошириб келинган бу сингари мудхиш, жинояткорона қилмишларнинг қанча-қанчасидан бехабармиз”.
Ҳа, надоматлар бўлсинки, мустақилликка эришганимизга мана, чорак асрдан ошган бўлса ҳам, “ўтмиш”нинг қора пардага чирмалган кунларини эсламасликка, ҳаракат қиламиз. Ҳатто, ўзимизни “бехабар”дек тутамиз.
Кимгадир манфаат, кимгадир кулфат
Энди, юқорида келтириб ўтилганлар камлик қилгандай, ҳали ҳам “Росатом”дан рўшнолик кутаётганларнинг кўзини мошдай очиб қўядиган айрим мисолларни келтириб ўтишга тўғри келади.
Аввало, яна бир бор қайтарамиз; кимларгадир катта манфаат, бизларга фақат ғурбат бўлиб қайтадиган бу шубҳали “лойиҳа”га қизиқиб қолганлар наҳотки, бундан 50-40 йиллар олдинги “атом мўъжизаси” дея одамларни ҳайратга солган тушунча ҳозирга келиб, инсоният бошига ёғилаётган “атом фожиаси”га айланиб бораётганини билишмаса, тушуниб етишмаса!
Дунёнинг турли бурчакларида атроф-муҳитга ҳеч қандай зиён-заҳмат етказмаслиги кафолатланган, унинг “атом чиқиндилари” учун ўта мустаҳкам қалин бетон “деворлар” билан зирҳлаб, барпо этилган ерости иншоотлари кўп эди. Бироқ, улар “бир умрлик” эмаслиги маълум бўлиб, арзимас йиллар ичида мисли кўрилмаган “хатар ўчоқлари”га айланиб, борлиққа, одамлар ҳаётига хавф сола бошлади.
Бундан салгина олдинги Германияни оёққа қалқитган таҳликали ҳодиса ҳали кўпчиликнинг, “Росатом”чиларнинг ҳам эсидан чиқмаган бўлса керак. Аҳолиси унча кўп бўлмаган шаҳарча учун қурилган ўртамиёна АЭСнинг радиатсион “чиқиндиси” бир неча чақирим нарироқдаги тоғли ҳудудда қурилган алоҳида ерости “омбори” контейнерларига жойлаб келинган. Бу ишлар, албатта, немисларга хос ўта уддабуронлик билан олиб борилган.
Бироқ, кутилмаганда шаҳар осмонида ҳавонинг радиацион “булғаниш” даражаси белгиланган меъёрдан ошганлиги маълум бўлади. Бу – тоғ тарафдан эсадиган ҳаво оқимининг таъсири бўлиб, “чиқиндихона”да “носозлик” рўй бераётганини билдирарди. Уни хавфсизроқ жойга кўчиришдан бошқа иложи йўқлиги аниқланади ва Федерал ҳукумат бир неча миллиард евро пул ажратади.
Ё бўлмаса, яқинда Россиянинг ўзида содир бўлиб, қўшни Европа мамлакатлари узра тарқала бошлаган, худди шунга ўхшаш “радиацион булғаниш” билан боғлиқ анча безовталик келтириб чиқарган “жанжалли” ҳодисаларни эслайдиган бўлсак, бизга атом билан “ҳомий”лик қилмоқчи бўлаётганларнинг ўзларида иш анчагина пачава эканлигини кўрсатмаяптими?
Дарвоқе, Худонинг ўзи асрасин-у, бирон тасодифот рўй бериб, Германиядагидек, “Ёвчиққан” ёки қурмоқчи бўлинаётган АЭС кўргилиги бошимизга тушиб қолса, ким миллиардлаб пул ажратади? Ўн йиллар давомида ўзининг энг хатарли радиацион “чиқиндиси”ни бошимиз устига келтириб тўкканларми, ёки яна бир таҳлика ўчоғини қуриб бермоқчи бўлаётганларми?
Шу ерда россиялик “атомчилар”дан оғзимиз куйган бир воқеани ҳам эсламоқ керак.
Улар Тошкент шаҳрига яқин Қибрай туманининг Улуғбек посёлкасидаги Ядро физикаси илмий текшириш институти учун Ўрта Осиёда ягона бўлган кичик ҳажмдаги “Атом реактори” қуриб беришади. Ва кафолатланган муддати ўтиб кетган бўлса ҳам, Москвадагилар реакторни “эсдан чиқариб” қўйгандай, эътибор беришмайди.
Бу иншоот Иттифоқ тасарруфида бўлганлиги сабаб, институт директори У. Ғуломов томонидан – унинг устки қопламасини янгилаб, таъмирланиши зарурлиги ҳақида ёзилган бир неча огоҳлантириш хатлари ҳам жавобсиз қолдирилади.
Алал оқибат реакторда авария ҳолати рўй беради, атрофга ҳалокатли радиация нурлари тарқала бошлайди. Йирик физик олим, институт жамоасининг фидойи раҳбари шу нурланишнинг биринчи қурбонига айланади.
Институт ҳудуди “хавфли зона” деб эълон қилиниб, ҳатто, яқин-атрофдаги аҳолининг бир қисми бошқа жойларга кўчирилади. Шу яқин ҳудудда жойлашган “Ёзувчилар ижод уйи”га бориш муаммоси ҳақида ҳам гап тарқалади.
Ниҳоят, Ўзбекистоннинг таниқли олими П.Қ.Ҳабибуллаев москвалик “ҳамкасблари” олдига илтимос билан боради, аҳвол таҳликали эканлиги ҳақида тушунтириш беради.
Шунда унинг олдига ўта андишасизларча:
– Энди, олдинги Иттифоқчилик йўқ. Мустақил давлатсизлар. Шунинг учун… – дея, бажариладиган ишлар мана мунча миллион доллар туради деган шартни кўндаланг қўядилар.
Бунча миқдордаги пул ёш давлатимиз учун анча катта харажат ҳисобланарди.
Халқда “Узоқдаги қариндошдан, яқиндаги қўшни яхши” деган ҳикмат бор. Биздаги аҳвол жиддий эканлигидан хабар топган ҳимматпеша кишиларлар зудлик билан ёрдамга келишди.
Ёш давлатимиз бошига тушган яна бир “синовли кунлар”ни эсланг; армиямизнинг мудофаа тизими энди шаклланиш арафасида турган бир пайтда “чет”дан таҳдид аломатлари пайдо бўлиб қолди. Ўзаро тузилган шартномага кўра, маблағлар ўтказиб қўйилганига қарамай, негадир бизга қурол-аслаҳа етказиб бериш Москва томонидан орқага сурилаверарди. Давлатимиз раҳбарининг шахсан қилган мурожаатига ҳам беписандлик билан қаралди.
Ана шундан кейин юртбошимизнинг – бундай номардона “ҳамкорлик”дан қанчалик ҳафсаласи пир бўлиб айтган “аччиқ” гаплари ҳали кўпчиликнинг ёдидан кўтарилмаган бўлса керак.
Назаримда, мана шу ҳаётий сабоқлардан ўзимизга керакли хулосалар чиқариб иш тутсак, Оллоҳ олдида ҳам, бандаси олдида ҳам юзимиз ёруғ бўлиши аниқ. Ахир, машойихларнинг “Дўстинг кимлигини айт, мен сенга кимлигингни айтаман” деган доно гаплари, халқимизнинг “Сутдан бир марта оғзи куйган, қатиқни ҳам “пуфлаб” ичади”, деган ҳикматли сўзлари бор-ку!
Шу ерда рус матбуоти орқали тарқалаётган яна бир хабарни эслатиб ўтишга тўғри келади; унга кўра ҳар нарсага қодир “Росатом” мамлакатнинг каттагина ҳудуди, шимолий денгиз қирғоқлари ҳамда сув ҳавзаларини “радиацион чиқиндилар” билан аёвсиз суратда “булғаб” келгани “тўсатдан” (!) маълум бўлиб қолгач, Россиянинг Александр Никитин бошлиқ “жокуяр экологлари” бунга қарши оёққа туриб “катта ғалабаларни” қўлга киритмоқдалар. Ҳатто бир пайтлар “радиацион сир”ни очиб юборгани учун “ватан хоини” айби билан қамалиб чиққан жаноб Никитин ҳозир Давлат Атом корпорацияси қошидаги жамоатчилик маслаҳат кенгашининг аъзоси ҳам…
Бу янгиликларни ўқиб, одам хаёлида беихтиёр: “Биз энди нима қиламиз, “Росатом” аввалги “ҳамкасблари” ишини давом эттириб, еру сувларимизни баттар абгор ҳолга келтиргунларича томошабин бўлиб қараб ўтираверамизми?” деган савол пайдо бўлмасмикан…
Сўнгги нидо ёки “Биздан кейин нима бўлса – бўлаверсин”ми?
Айтиладиган гапнинг барчаси ипидан-игнасигача тўкиб солинди, “қуюшқондан чиқиш”гача бориб етилди, бас энди деб, ёзишга нуқта қўймоқчи бўлиб тургандим, бири узоқ чет элдан, иккинчиси Москвадан тарқалган хабардан сўнг мавзуга оз-моз таҳлилий қўшимча киритиш зарурати туғилди.
Юқорида таъкидлаганимиздек, бир йилдан ошяптики, бизда АЭС иншоотини оғзидан бол томиб мақтайдиган зукколар кўпайиб қолди. Ҳатто, яқинда академик мақомидаги бир олимимиз бу масалани халқаро миқёсга ҳам олиб чиқди. У хорижий радио мухбирига интервью бериб, Ўзбекистонда қурилмоқчи бўлаётган Россия “АЭС”ининг арзонгаровлиги, айниқса атроф-муҳитга мутлоқ безарарлиги ҳақида худди ёш болани орқасига чўп тиқилган хўрозқандга маҳлиё қилгандай, шунақанги таьрифлаб кетдики, унинг сўзларини тинглаб, беихтиёр Афанди сигирини бозорга олиб чиқиб, “Кеп қолинг, арзонгаров говмуш, сотаману –кетаман, овқат егани билан “чиқит” чиқармай, унинг ўрнига серқаймоқ сут бераверади” дея, мақтанчоқлик қилгани ҳақидаги латифани эсга солади.
Яна, олимимизнинг гапларига қараганда, “бизга табиатимиз учун ўта зарарли бўлган нефт-газ, кўмир ёқиб, электр қуввати олишдан кўра, заҳирада бекор ётган уран “ёқилғи”ларидан фойдалиниш анча манфаатлироқ” эмиш.
Гапнинг индаллосидан бошласак, Афандимизнинг сигирига қиёсланаётган “АЭС”нинг “арзонгаровлиги” ҳақидаги “таъриф”ни эшитган даладаги оддий деҳқон ҳам “ё, пирай” дея, ишонмаслиги, “бир балоси бўлмаса, шудгорда қуйруқ на қилур” деган ҳаёлга ҳам бориши аниқ.
Олим айтаётгандай бу иншоотга қарашли “ядро материаллар ва радиацион манбаларни сақлаш, радиоактив чиқиндиларни кўмиш учун” қурилмоқчи бўлаётган “пунктлар” етти қават замин остида бўлса ҳам, у ерга зирҳлаб, кўмиб ташланган бало-қазо “чиқит”лар, бир кунмас-бир кун бош кўтариб қолмаслигига ваҳилик қилиш ҳам ғирт ёлғон, алдамчиликдир.
Қани, академик жаноблари, айтсинларчи, ҳозир “чиқит” чиқармайдиган Атом Электростансиясини ким, қаерда яратибди? Ўша, “чиқиндилар”нинг ўзи нима эканлиги ҳақида дурустроқ тасаввурга эгами, олим жаноблари?! Агар эга бўлмачалар у кишига шундоқ ўзлари яшаб турган шаҳри азим Тошкентдан ўттиз чақирим нарида, баралла кўзга ташланиб турувчи “Ёвчиққан” қир этакларига боришни, у ердаги “Бухоро ядроси”дан пайдо бўлган ерости “бўшлиқ”ларидан анча фарқ қилувчи, “камтарона” лаҳадсимон ўраларда мудраб ётган “Совет даври” АЭСларидан мерос – “радиоактив чиқиндилар”га тўла минглаб “ажал контейнерлари” (уларнинг анчагина қисми “Иттифоқ” парчаланиш арафасида Чирчиқ ҳарбий горнизони сапёрлари томонидан яширин суратда Майдонтол тоғлари орасидаги “ҳарбий машқ полигони” томонларга олиб кетиб, “йўқ қилинган”лиги ҳақида бир пайтлар аҳоли орасида гап тарқаган) ни касб тақозаси юзасидан обдан кўздан кечириш, иложи бўлса, силаб-сийпаб кўришни маслаҳат берардик. Нима қипти, ўз касбининг фидойиси бўлган зоолог олимлар чаёндек газандалардан ҳам ҳайиқмай, уларнинг хусусиятию феъл-атворини ўрганадилар-ку!
Энди асосий янгилик – Москвада бўлиб ўтган Халқаро Конгресс хусусида тўхталиб ўтадиган бўлсак, ҳозир, ер юзи табиат оламида киши тасаввур этолмай қоладиган, шундай таҳликали “безовталик” юз бермоқдаки (тайфунлар баланд, мустаҳкам биноларни гугурт қутисидай “учириб” юрганини телетасвирларда кўраётганлар бордир!), тирик жон эртага ўз бошига қандай кулфат ва бахтсизликлар ёғилишидан бехабар, иложсизлик исканжасида ғафлат ва таҳлика остида яшамоқда.
Шулар ёнига унданам хатарли яна бир офатни қўшиш мумкин. Инсонни ҳайвонлардан фарқи – унинг ақллироқ эканлигидадир дейдилар.
Лекин, шу ақлни у нималарга ишлатмоқда деган савол кейинги пайтлар тез-тез қайтариладиган бўлиб қолди.
Жавобни узоқдан қидириб ўтиришнинг хожати йўқ. Яқинда генерал унвонли, яна биттаси “ватанпарварлик” руҳидаги “Телешоу”да сигарета тутунини бурқситиб, кўзини лўқ қилганича, шундай деди: “Американи қўяверинг, бутун ер юзини арзимас дақиқалар ичида бир неча маротаба йўқ қилиб юборишга етарли энг қирғин қуролларга эгамиз. “Наши ребяти” (“йигитларимиз” демоқчи) унданам дахшатлироқлари устида изланиш олиб бормоқдалар”.
Миррихдаги жамийки маймун турларидан тортиб қурт-қумурсқаларгача бўлган жонзотлар “жамоаси”дан биронтаси ўзини-ўзи қириб юборишдай мудҳиш иштиёқни бу қадар очиқ-ойдин овоза қилмаган бўларди.
Бу гаплар биринчи бор айтилаётгани йўқ. Одамлар эса, кушхона эшигига тўғрилаб қўйилган оламондай жим-жит… Илгари салгина шунга ишора қилиб гап айтганлар тавқи лаънатга учрарди, шармандаси чиқариларди. Ҳозир эса…
Пессимист кайфиятга мойилроқ мунажжим, башоратгўйлар бу ҳолатни энди тузатиб бўлмаслиги, бандаси учун ато этилган “HOMO SAPIENS” (“Ақллилик”) даври тугаб бораётгани ҳақ гап эканлигини таъкидламоқдалар.
Лекин бу, ер юзини ақли ноқис телбалар босиб кетади дегани эмас. Бундай худкушлик балосига мубтало бўлганларга Худо ўз жазосини берар…
Яхшиямки, фикри тиниқ, башарият келажагига ишонч билан қаровчилар кўп. Улар табиий ҳалокатнинг олдини олиш мумкинлиги ҳақида аниқ тўхтамга келганлар; яъни ер юзида йилдан-йил ўта хатарли тус олиб бораётган офатларнинг асосий сабабчиси одамларнинг ўзи эканлиги маълум бўлиб, улар ўз “гуноҳ”ларини тан ола бошладилар.
Зеро, ўтган аср бошларида, техник тараққиётнинг авж ола бошлаган ибтидосидаёқ, бутун борлиққа инсоний меҳр-оқибат билан қараш ғоясини эътиқод деб, билган Лев Толстой каби даҳолар индустриянинг темир ғилдираклари остида пайҳон бўлаётган атроф-муҳитга қараб, нола чекканлар, инсофга даъват этганлар. Бу маҳзун ҳиссиётни ўшанда кўпчилик англамаган, ваҳоланки, уларни патриархал туйғулар тарғиботчиси дея, айблаб, эьтибор ҳам бермаган.
Мана энди, орадан шунча вақт ўтиб, ўз қилмишларимиз жазосини тортмоқдамиз. Билакс, миллионлаб йиллар давомида шу мўжазгина замин ва ундаги жамийки тирикликни ўз бағрида сақлаб, ҳаёт-мамот бахшида этиб келган, яратганнинг арши аълодаги мужизавий марҳамати- ҳалоскоримиз бўлмиш–азон қобиғининг 90 фоиздан зиёдини арзимас бир аср давомида “куйдириб”, чил-парчин қилиб улгурдик. Яна, нима билан денг, бизга иньом этилган ерости ёқилғи бойликларини аёвсиз талон-тарож қилиб, ёқиш, ундан чиқаётган миллиардлаб тонна заҳар-заққумлар билан ерусти-осмон бағрини тилка-пора қилиш билан!
Қайта-қайта ўтказилган илмий таҳлиллар асосида жаҳонга довруқли олимлар агар аҳвол шу ҳолат давом этаверса, сайёрамизда тирик мавжудот яна қанча яшай олиши мумкин деган саволга жавоб айтишдан тийилмоқдалар. Лекин, “муддат” тугаб бормоқда. Бунга “кичик” бир мисолни келтирадилар; ўн эмас, шунга яқин йиллар ичида уммон ва денгиздаги музлар эриб, миррихдаги аҳолининг қарийб бир ярим миллиарддан кўпроғи яшаб турган қуруқлик – уй-жойи, мол-мулкидан ажралиб қолиши ҳақиқат. Бу, инсоният ўз тарихи давомида кутилмаган фожеа остонасида турибди, деганидир.
Вазият ниҳоятда жиддийлиги ҳисобга олиниб, БМТ етакчилигида дунёнинг кўпгина давлат раҳбар ва арбоблари, миллионлаб инсонлар тақдири учун бефарқ бўлмаган турли кампания, ташкилот ва жамоат вакиллари, машҳур илм-фан номаёндалари томонидан зудлик билан муаммони узил-кесил ҳал этиш “Йўриқнома”си ишлаб чиқилиб, шунинг асосида “Марказий Халқаро REN – 21” илмий Агенлиги ташкил этилди. Юздан зиёд мамлакат аьзо бўлиб кирган шу Ташкилотнинг илмий жамоаси олдига “Қайта тикланувчи энергия” (КТЭ)нинг энг мукаммал, замонавий техник лойиҳасини яратиш вазифаси қўйилди. “Кўпчиликдан қуён қочиб қутулмас” деганларидек, бу шарафли вазифа қисқа муддат ичида бажарилиб, унинг лойиҳаси қатор мамлакатларда мутахассислар томонидан синовдан ўтказила бошланди.
Натижа ёмон бўлмади. Лойиҳа, ҳатто “шимолий минтақа” давлатларида ҳам 2-3 йил ичидаёқ яхши натижалар бера бошлади.
Энди бу, борлиқ оламини асраб қолиш йўлидаги энг самарали кашфиёт – “КТЭ” номи билан атала бошлаган лойиҳани кенгроқ тарғибот қилиш мақсадида Агентликнинг “Биринчи Халқаро Конгресси”ни Москвада ўтказиш режалаштирилиб, унда дунёнинг кўплаб мамлакатларидан вакиллар иштирок этдилар, “КТЭ” системаси бўйича ўзларида амалга оширилаётган тадбир ва амалий ишлар ҳақида батафсил ҳисобот бердилар.
Конгресс очилишида нутқ сўзлаган Бош нотиқнинг ҳисоботига кўра дунёдаги 130 энг йирик электр қуввати ишлаб чиқарувчи кампаниялар ўз фаолиятини юз фоиз (!) асосан “қайта тикланувчи”, қуёш нурларидан энергия олишга йўналтирганлар.
Бу масалада чиқиш қилган Ҳиндистон, Жанубий Африка республикаси, Мексика, Бразилия, Ирландия каби катор мамлакат вакиллари катта ютуқларга эришаётганликлари ҳақида гапирдилар.
Ҳатто, “ҚТЭ” системасини янада ривожлантириш учун Хитой ҳукумати томонидан жорий йилда аввалгига нисбатан уч баробар ортиқ маблағ ажратишга қарор қилингани шу анжуманда маьлумот тариқасида айтиб ўтилди.
Франциянинг йирик “ENERGIE” Кампанияси “ҚТЭ”ни янада ривожлантириш мақсадида шу – 2018 йилнинг ўзи учун 22 миллиард евро инвестиция пули ўтказган.
Анжуман минбаридан туриб нутқ сўзлаган Германия энергетика ва иқтисодиёт Вазирлигининг Халқаро энергетика сиёсати бўйича бош директор ўринбосари Урсула Борак хоним ўтган йил мамлакатда ишлаб чиқарилган электр қувватининг 36 фоизини “ҚТЭ” ташкил этганини айтиб, яқин йиллар ичида бу кўрсатгич 82-95 фоизга ошиш имконияти мавжудлигини маьлум қилди.
Бошқаларни қўятурайлик, жуда ҳам “қуёшли” бўлмаган мўғилистонлик меҳмоннинг “кўргазмали қурол” ўрнида катта экранда намойиш этилган (кейин жаҳоннинг қатор (биздан ташқари) телеканаллари орқали ҳам кўрсатилган) қисқаметражли филм ва унга билдирган изоҳи кўпчиликда катта қизиқиш уйғотди. Биринчи кадрда шундай манзара кўрсатилади; чексиз бепоён ўтлоқда ўтлаб юрган қорамол, йилқи уюрлари кўзга ташланади. Сўнг экранда чўпон оиласи ва уларга қарашли иккита ўтов пайдо бўлади. Ўтовлардан бирининг тепа “томи”га осмонга қаратиб, ўрнатилган қуёш энергиясини “йиғиб”, пастдаги батарияга узатувчи, унча катта бўлмаган ўзимизнинг бўйрага ўхшаш панел яққол кўриниб турибди. Ўтовлар ичкарисида ва ташқаридаги қўлбола симёғочда электр чироғи пориллаб ёниб турибди. Иккинчи манзара ҳам худди шундай. Бироқ, “бўйра-панел” ўрнида эсаётган эпкин шамолда пилдираб айланиб турган парракчани кўришингиз мумкин. Бу ҳам “муқобил электр манбаи…”
Энг қизиғи, айниқса бизга тегишли ўта муҳим масалага бағишланган ушбу Ҳалқаро тадбирда Ўзбекистондан вакил қатнашдими, йўқми, бирон жойда эълон қилинмади. Балки, қаердадир эслаб ўтилгандир…
Шу Конгресс давомида бирон марта ҳам “АЭС” сўзи тилга олинмаганлиги мезбон томонни бироз ранжитган шекилли, сезгир рус журналистлари бунга дарров ўз баҳоларини бера бошладилар. “Россия ўзини “Қайта Тикланувчи Электр Қуввати” олишга қаратилган янги технологик лойиҳага хайриҳоҳ қилиб кўрсатса-да, аслида ундай эмас. Унга менсимаслик назари билан абстракт ҳол деб, қаралади”.
Шунга жонли мисол тариқасида, мамлакат энергетика Министрининг ўринбосари Алексей Тесклернинг матбуотга берган қўйидаги интервьюси келтирилади.
“– Йирик иншоотлар қуриб, катта ҳажмдаги электр қуввати ишлаб чиқариш орқасидан қувиш, бизнинг асосий мақсадимиз эмас. Шундоғам, нефт-газ, кўмир каби ерости заҳира бойликларимиз кўп. Улардан фойдаланиш биз учун манфаатлироқдир”.
Жаноб Тесклер билан юқорида бизнинг олимимиз овоза қилган фикрларнинг ҳамоҳанглигини қаранг! Фақат, бизга уран “манфаатлироқ”, уларга эса, газ, кўмир…
Мана шу масала бўйича “Мир новостей” газетасининг махсус мухбири Георгий Палашевский ўз фикрини қўйидагича баён қилади; “Раҳбарларимиз мамлакатдаги мазут ҳамда кўмирда ишловчи аллақачон эскиб, замон талабига асло жавоб бермайдиган ҳолга келиб қолган кўпдан-кўп “Иссиқлик Электростансияси” – “ТЭС” иншоотларидан тарқалиб, бутун-бутун шаҳарлар ҳавосини қурум ва заҳар-заққумлар билан булғаб, миллионлаб кишилар ҳаётига хавф солаётгани ҳақида ўйлаб ҳам ўтирмайдилар. Улар учун ўша-ўша, “Биздан кейин нима бўлса- бўлаверсин” шиори “манфаатлироқ”қа ўхшайди”.
Бу гаплар бизга ҳам тегишликка ўхшаб, туюлмаяптими?…
Шу ерда пайти келиб қолган экан, бир нарсани эслаб ўтишга тўғри келади; қадим-қадимдан ота-боболаримизнинг юксак салоҳияти-ю, дунё илм-фан тамаддунига қўшган беқиёс ҳиссалари ҳақида бекорга ифтиҳор ва ғурур билан гапирилмаган. Бу анъана ҳамон давом этиб келаётганини кўплаб ақли зукко миллатдошларимиз номларини келтириш билан исботлаш мумкин. Шулардан бири энг ёш олим Ҳайрулла Орипов бўлиб, у ўтган асрнинг 80 йил ўрталарида илк маротаба серқуёш Ўзбекистонда қуёш нурларидан электр қуввати ишлаб чиқарувчи “Ярим ўтказгичли” аппарат яратади. Бу янгилик катта шов-шувларга сабаб бўлиб, унинг овозаси Москвагача етиб боради. Ихтиро шу соҳага алоқадор Иттифоқ миқёсидаги олиму-мутахассислар диққатини тортиб, катта синовдан муваффақиятли ўтади. Шундан сўнг Хайрулла Орипов энг иқтидорли ёшларгагина насиб этадиган “Бутуниттифоқ Комсомол мукофоти лауреати” деган номга сазовор бўлади. Унинг янги “кашфиёти” келажак учун қанчалик зарурлиги ҳақида мақолалар ёзилади.
Бироқ, орадан озгина вақт ўтгач, нима сабабдандир (кейинроқ маьлум бўлишича, “қайсидир ўзбек боласи” ўйлаб топган ихтиро, “Союзнефтегаз” хазинасига тинимсиз ёғилиб турган чет эл вальютасига катта зарба бўлиб урилишидан ваҳимага тушган корчалонлар уни амалга оширмаслик чорасини кўрадилар) Москванинг ўзида мақтов олган бу “янгилик”ка бирдан ҳеч ким “қизиқмай” қўяди, бора-бора унутилади, ҳам…
Тасодифни қарангки, орадан озгина вақт ўтгач, бир гуруҳ ўзбек тележурналистлари Грецияга ижодий сафар билан боришади. Мамлакатнинг қадимий ёдгорликлари қатори улар диққатини ўзимизнинг ҳовлиларни эслатувчи баьзи уйлар томига осмонга қаратиб ўрнатиб қўйилган панел доскалари тортади.
Экскурсавод берилган саволга;
– Мен бу қурилма ҳақида яхши маьлумотга эга эмасман. Мутахассисни таклиф этамиз. Улар сизларга батафсил сўзлаб бериши мумкин, – дейди.
Грецияга ташриф буюрган ҳар қандай турист томонидан бериладиган саволга тўла ва аниқ жавоб қайтариш мажбурияти қонун асосида белгилаб қўйилган экан.
Кечки дам олиш пайти ўрта яшар мутахассис киши туристларимиз ҳузурига ташриф буюриб, улар қўним топган меҳмонхонанинг кичик мажлислар залига таклиф этади.
– Бизнинг мамлакат серқуёш ўлка. Унинг ёғдусини электр қувватига айлантириб фойдаланиш ҳозир аста-секинлик билан бўлса-да, анъана тусини олиб бормоқда. Яъни, шаҳардаги баъзи хонадонлар томига ўрнатилган, Сизларни қизиқтираётган панеллар қуёш нурини “ярим ўтказгич” аппарати ёрдамида батареяга йўллайди. У ерда ҳосил бўлган электр қуввати бутун хонадонни таминлашга етади. Тўғри, аппарат дастгоҳлари ва уларни ўрнатиш анча қимматга тушади. Лекин, турли кампанияларга қарашли “ГЭС” ва “ГРЭС”лардан олинадиган электр қувватини тежаш мақсадида, қуёш энергиясидан фойдаланмоқчи бўлган аҳоли учун унга кетадиган харажатни ҳукуматнинг ўзи кўтаради. Одамлар бир, бир ярим йил давомида “қуёш электр қуввати” учун тўлаган пуллар ҳисобига “қарз”дан қутуладилар. Қуёш батареялари ва бошқа дастгоҳлар ёнларига қолади. Бундан ҳукумат ҳам, аҳоли ҳам мафаатдор!
Мутахассиснинг бу гаплари меҳмонларда қизиқиш уйғотиб, телетасвирга тушуниб оладилар. Чунки улар ичида худди мана шундай қуёш нуридан электр қуввати олиш аппарати илк бор Ўзбекистонда, хатто ихтирочи ўзимидан эканлиги ҳақида телевизорда кўрсатув намойиш этилганидан яхши хабардор бир-икки киши бор эди.
Улар Тошкентга қайтгач, ўзимизда тамал тоши қўйилган техник мужиза грециялилар хонадонини нурафшон қилаётгани хусусида ашёвий далиллар билан мухтасаргина кўрсатув тайёрлаб, телеэкран орқали намойиш қилмоқчи бўлдилар. Бироқ, рухсат этилмади. Ҳатто, Грециядан тасвирга тушириб келинган кассета ҳам қайтарилмади.
Қаранг, бир пайтлар ёш олимимиз томонидан яратилган илмий янгиликка “олдингдан оққан сувнинг қадри йўқ” деганларидек, ҳамон МУТЛОҚ қизиқиш ҳам йўқ.
Шу ерда “мутлоқ” сўзига алоҳида урғу бераётганимнинг сабаби бор. “Атом васвасаси” тутқаноқ дардидай авж олдириб юборилмасдан салгина олдин қатор матбуот саҳифаларида Германия, Англия, Япония, Франция каби мамлакатлар биздагидай қуёшли масканда энг юқори имкониятлар мавжудлигини ҳисобга олиб, ҚТЭ системасидан унумлироқ фойдаланиш учун катта инвеститсия пули ўтказишга қарор қилганликлари, ҳатто АҚШ ҳукумати 1 миллиард 200 миллион доллар ажратгани ҳақида хабарлар тарқаган эди.
Айни шундан кейин “муқобил қуёш энергияси” ҳақида айтиб турилган гаплар таққа тўхтатилди-ю, лаппакни тескарига айлантирилиб, мақтовлар “Атом энергияси” томон буриб юборилди.
Бунинг натижаси шу бўлдики, шу кеча-кундузда матботда эълон қилинаётган хабарларга қараганда, бир пайтлар Ўзбекистонда қайта тикланувчи муқобил электр қуввати ишлаб чиқаришга мўлжаллаб тузилган, режалар ҳозирги кунгача бир фоизга етиб-етмайдиган қилиб бажарилган, холос.
Бу борада мўғилистонликлардан ҳам анчагина орқада эканлигимиз, уят эмасми?! Биз қачон ўзилигини англаб, қадр-қимматини сарбаланд эта оладиган халқ бўламиз? Ҳеч бўлмаса, шу йўриқларни бошқалардан ўргансак бўлмайдими!.. Мободо, ҳозир қаердадир умргузаронлик қилиб юрган, Хайрулла Ориповга ўхшаганлар Улан Баторда туғилганда борми, эзгуликнинг кечи йўқ деганларидай, мўғул биродарлар уларга ҳайкал қўйишган бўлармиди…
Яна, дардли бир гапни айтиб, юрагингни бўшатгинг келади. Худо шоҳид; мана, бир йилки, “АЭС” деган сўзни эшитган биронта ҳамюртимиз юзида хавотирлик ифодасидан бошқа, салгина бўлса ҳам “илиқлик” кўрганим йўқ.
Шулардан келиб чиққан ҳолда хаёлингда савол пайдо бўлмайдими: “Нима учун Россия чексиз ерлари, серсув дарё ва денгизлари, тўлиб-тошиб ётган уран заҳиралари бўлатуриб, ўзига эмас, шундоғам ичимлик сув танқислиги ортиб бораётган бизнинг Ўзбекистонга, энг аввало, оби-ҳаётнинг кушандаси бўлган, шунингдек, техниологияси “эскиб” (“энг замонавий лойиҳаси ишлаб чиқилган”лиги ҳақидаги маддоҳларнинг гапи омонат эканлигини Япония мисолида кўриб-билиб турибмиз) бозори косод бўлиб бораётган “АЭС” иншоотини тиқиштириш, саҳоватли нурларини бошимиз узра тинимсиз сочиб турувчи Қуёшимиздан юз ўгиртириб, жаҳаннамдан “ўтқич” қилинган дўзах оловини қўлимизга тутишга урунишдан мақсад нима? Ё, бу ҳам алла қачон пароканда қилиб бўлинган еримизда ўтказишга мўлжалланган янгича “синовлар”га ҳозирлик кўриш дебочасими?!”
Яна, тарқатилаётган хабарларга қараганда, бизда қурилмоқчи бўлаётган АЭС ҳайбаракаллачилари МАГАТЭ деган мўътабар Халқаро ташкилот атрофида парвона бўлиб, у ердаги айрим амалдорлардан “оқ фотиҳа” олиш ҳаракатида юрган, ҳатто “хайрхоҳ”ларни ҳам топган эмишлар.
Ким билади, ҳозир замон шундай ўзгариб кетганки, биргина Россиянинг ўзида миллионлаб (доллар!) пора олиб, пора бериш оддий ҳодисага айланиб қолганини ҳамма яхши билади. Модамики, тахминлар асоссиз ёки “миш-миш” бўлишидан қатъий назар, “оқ фотиҳа” бир кунмас-бир кун бизга қора кулфат бўлиб ёғилмаслик эҳтимоли юзасидан, МАГАТЭдаги (Ситников бошлиқ) жаноблар олдига; “Бухоро ядро бомбалари”дан қолган ерости вайроналикларининг ҳозирги аҳволидан қай даражада маълумотга эгасиз?! Шунингдек, Қизилқум саҳроси сарҳадларида яшовчи аҳолининг қон касаллигидан тортаётган азоб-уқубатлари, бепуштликдан чекаётган руҳий қийноқлари ҳақида хабарингиз борми?! Ё бўлмаса, пойтахт шаҳар устидаги “Ёвчиққан” ажал чиқиндихонаси”да худди чорак аср олдингидек, хатарли “фавқулодда ҳолат” рўй бериб қолиши мумкинлигини биласизларми?!” деган саволларни кўндаланг қўйиб, улардан жавоб талаб қилишга, ҳар қандай валломати ҳам инкор этолмайдиган, ҳақ-ҳуқуқимиз бордир, ахир!
Агар бор бўлса, МАГАТЭ экспертлари айсбернинг ости қолиб, устига чиқиб олгандай, “текшириш” ўтказишни бас қилиб, энг биринчи навбатда жиноят содир этилган жойларда кенг қўламли илмий тадқиқот ишлари олиб бориб, уларнинг якуний хулосаси асосида ёзилган расмий “Баённома”дан Ўзбекистон халқини хабардор этишлари керак. Агар ўзларининг виждоний бурчи бўлган бу хайрли ишлар қўлларидан келмаса, ёки бажаришдан бўйин товласалар, бизга бундай Ташкилотни кераги йўқ. Юқорида эслатиб ўтилганидек, арз-додимизга қулоқ тутувчи Ҳалқаро ҳуқуқ-тартибот Марказлари анчагина!
Дарвоқе, шуни ҳам унутмаслик керакки, ҳозир “Биздан кейин нима бўлса-бўлаверсин” қабилида иш тутадиганлар замони эмас!
2017–2018 й. Июл.