Мустаҳкам қалқон
Бугун қаддимизни иқтисодий жиҳатдан дадил тутиб олдик. Ўзимизга тўқмиз. Ўз-ўзидан маънавий эҳтиёжни қондиришга зарурат сезаяпмиз. Бунда эса китобдан самарали восита йўқ. Аммо тезкор, шиддатли давримизда бизни китобдан чалғитувчи турли замонавий қулайлик ва воситалар борки, очиғи, улар каттаю кичикни маънан дангаса қилиб қўймоқда. Бугун нигоҳларимиз китобларга эмас, кўпроқ бошқа кўнгилочар, вақтимизни ўғирловчи дастуру лойиҳаларга қаратилаётгани сир эмас. Бу фақат бизга хос хусусият бўлмай, айтишларича, Европанинг ўзида ҳам Кафка ё Ницше оммавий равишда ўқилмас экан. Лекин бу далил биз учун таскин ё баҳона бўлолмайди. Китобга Яратганнинг буюк мўъжизаси сифатида қараган халқ фарзандлари сифатида биз оммавий мутолаага қайтишимиз шарт. Чунки бугун биз чўчиётган, курашаётган барча иллатларга қарши энг мустаҳкам қалқон бу – китобдир.
Китоб – эҳтиёж ҳосиласи
Тарихий бурилиш паллалари, кишилар онгидаги эврилишлар ўзига хос асарларга эҳтиёж туғдираркан. Биргина Лотин Америкасини кўринг. Бу давлатлар адабиётини дунёга машҳур қилган омиллар, муштараклик нимада? Мексикалик Хуан Рульфонинг “Педро Парамо”, гватемалалик Мигель Анхел Астуриаснинг “Сеньор Президент”, колумбиялик Габриэль Гарсиа Маркеснинг “Бузрукнинг кузи” (“Мустабид паймонаси”) каби дунёга машҳур асарларини ўқисангиз, барчасида ғоя ва мақсад бирлигини кўрасиз. Чунки Лотин Америкаси жамиятидаги адолатсизлик, зулм ана шундай кучли асарларга эҳтиёжни юзага келтирди ва улар оммавий тарзда ўқилди.
Ёки ўтган аср 20 – 30-йилларини олайлик. Бир вақтнинг ўзида дунёнинг турли қисмида бир-биридан бехабар ҳолда ғоя ва мақсади бир хил бўлган 3 та асар: Англияда Ричард Олдингтоннинг “Қаҳрамоннинг ўлими”, Германияда Эрих Мария Ремарк қаламига мансуб “Ғарбий фронтда ўзгариш йўқ” ва Америкада Эрнест Ҳемингуэйнинг “Алвидо, қурол” китоблари чоп этилди. Қандай қилиб? Сабаби, дунё халқлари Биринчи жаҳон урушининг мудҳиш оқибатларини бошдан кечирган, кейинги воқеликлар яқин йилларда навбатдаги урушни келтириб чиқариши аниқ-аён бўлиб бораётган эди. Бу китоблар ўзига хос огоҳлантириш бонглари эди. Ва шу сабаб улар мутолааси кенг ёйилди.
Ўша орадаги Кафканинг “Жараён”, Камюнинг “Бегона”, Сартрнинг “Беҳузурлик”, Музилнинг “Қиёфасиз одам” каби мазмунан ўхшаш асарлари ҳам давр эҳтиёжи, эътиқод, яшаш маъниси ва юксак идеал, орзу ифодаси ўлароқ юзага келганди. Чунки илм-фан ривожланиб, ҳаётга замонавий техника ва технологиялар кириб келишига қарамай, инсонлар барибир бахтли бўлиб қолмадилар. Қолаверса, бу ютуқлар фаровон ҳаётни эмас, миллионлаб қурбонлар келтирган жаҳон урушларини келтириб чиқарди.
Ёки умрининг катта қисмини ҳукмдор билан бақамти ўтказган ҳазрат Навоий “Садди Искандарий”даги адолатли шоҳ сиймосини нега яратган деб ўйлайсиз? Ҳусайн Бойқарони адолатли подшога айлантириш орзусида маърифатпарвар ҳукмдор образини асарларига сингдирмаганми?
Хуллас, китоблар ва мутолаа аниқ бир зарурат ва эҳтиёж ҳосиласи ўлароқ юзага келаркан.
Бугунги тинч-фаровон кунларда давлатимиз раҳбарининг китобхонликни кенг тарғиб этишга қаратилган ташаббуси эса иқтисодий тараққиётимиз, турмуш ободлигига ҳамоҳанг тарзда жамиятда маънан етук, комил инсонларни вояга етказишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Китоб ўқимай ҳам бойиш мумкин, бироқ…
Негадир бизда шундай қараш шаклланган: китоб ўқиб бой бўлиш мумкин эмас! Балки бунга аксарият пулдорлар китобнинг ҳидини ҳам билмаслиги, китобга ошноларнинг камтарроқ яшаши сабабдир?!
Энди бир ўйлаб кўрайлик. Хўш, қўлидан китоб тушмасдан, аммо шу билан бирга бировнинг қўлига қараб яшаётган одам аслида ҳам чин китобхонми? У керакли, фойдали билим берадиган китобларни ўқиганми, ўқияптими ё китоб дея дастига илинганидан бош кўтармайдими?
Одатда ана шундай “китобхон”лар билан суҳбатлашсангиз, улар олди-қочди, енгил-елпи, кишига фойдадан кўра зиён етказиши аниқ битикларни фақат вақт ўтказиш, қиларга тайинли иши йўқлиги боис бирор нарса билан овуниб туриш мақсадида ўқишига амин бўласиз. Шундай экан, у қандай қилиб бойисин? Қолаверса, китобга вақт ўтказиш, бекорчиликда эрмак деб қарайдиган одам ҳам бундан умид қилмаса бўлади. Йўлда китоб ўқима, ҳаётга туртилиб кетасан, нақли шундайларга атаб айтилган бўлса эҳтимол.
Ҳақиқий китоб савияни юксалтиради, дунёқарашни кенгайтиради. Кишига ҳаёт йўлларидан қандай юришни ўргатади, керак бўлса пул топишни ҳам. Ўқимайдиган бойларга келсак, китобсизлик – уларнинг фожиаси. Бир ўйлаб кўринг: ҳаётда омади чопмай, касодга учраган, инқироз ёқасига келиб қолган ва ундан чиқиш йўлларини билмай жони ҳалак бўлган бойлар кимлар? Минг машаққат билан топганларини ноқобил фарзандлари ҳаром-ҳаришга сарфлаб юборганлар-чи?
Яхши китоб ёмон одамга ўзини ўқитмайди
Китоб ўқиса, уйқуси келадиганлар ҳақида ҳам эшитганмиз. Талабалик йилларимизда ётоқхонадаги ҳамхонам уйқуси келавермаса, мендан бирор китоб бериб туришимни сўрарди. Ярим бет ўқир-ўқимас мудрай бошларди. Энг ёмони, у китобга ухлатувчи восита сифатида қарарди. Китобга чин маънода уйғотувчи, тўғри йўлни кўрсатувчи, наинки йўлни ёритувчи, балки нурафшон этувчи восита сифатида қаралган ва асрлар оша шундай бўлиб келган бир чоғда унинг китобга муносабати жуда ачинарли эди.
Яхши китобларни саралаб, роса таърифу тавсифини қилиб ҳам кўрдим, барибир бўлмади – у китоб ўқимади (унинг талаба эканига ҳам эътибор беринг). Ўша вақтларда бунга ҳайрон қолардим. Қандай қилиб шундай дурдона асарларни ўқимаслик, билмаслик мумкин?!
Хаёлимиздан китоб юксалтирган буюк даҳолар, китобсевар зотлар қиёфаси бирин-кетин ўта бошлайди. Дунёни кутубхона деб билган, ҳар бир асарида китоб ё кутубхонага албатта мурожаат этган, умр бўйи мутолаадан тўхтамаган, умрининг иккинчи ярмини кўзи ожизликда ўтказиб, бошқаларга ўқиттириб, оламни янада теранроқ англашга уринган аргентиналик адиб Хорхе Луис Борхес. Бўйи баробар китоб ёзган, айни пайтда бошқа асарларни ҳам ўқиб чиқишга улгурган Лев Толстой. Дард сабаб оёғи кесиб ташланганини эшитиб, ҳол сўровчилар борганда, китоб ўқиб ётган ўзимизнинг Озод Шарафиддинов. Яна унинг “Нариги дунёда китоб ўқиб бўлмас экан, шунинг учун бу дунёда ўқиб кетай…” деган гапи. Саводи дунёни тутмаган бўлса-да, жони хатарда қолишини била туриб, минг йиллик китобларни девор орасига суваб яшириб, бизгача етказган қишлоғимиз боболари.
Улар нега китобни бунчалик яхши кўриб, ардоқлашган, кўзга суртишган? Бир китобни деб жонни хавфга қўйишга-да рози бўлишган? Шунчалар улуғ, қадрли экан-да у!..
Беш-олти йил аввал. Яна ўша талабалик йиллари. Янги йил байрами олдидан уйга қайтаяпмиз. Қиш-қировли кун эмасми, оғир уст-бош етмаганидай, қўлда зилдай оғир, ичи тўла китоб бўлган иккита қоп. Стипендияни йиғиб-тежаб, филология факультетидаги қув одамдан савдолаша-савдолаша олинган, “Фарҳод” бозоридаги киши билмас китоб дўконларида чекка-чеккада қолиб кетган адабиётлар. Чилонзорда килолаб сотилган жаҳон адабиёти дурдоналари.
Хуллас, таксига ўтирарканман, ҳайдовчи аввал юкнинг оғирлигидан бир норози бўлган бўлса, кейин “замондан орқада қолиб”, ҳалиям китоб кўтариб юрган мендай кишиларга ачиниб қарашини аён қилди. Сўнг тушунтира кетди:
– Кеча телевизорда кўрсатишди. Чет элда мана бунақа китобларни ёқиб, йўқ қилиб юборишаяпти. Ҳозир ҳамма китоб “электронний”га ўтиб кетди. Нима қилиб кўтариб юрибсан буларни?
Йўл-йўлакай суҳбатдан шу нарса англашилдики, ҳайдовчининг ўзи китобнинг на босмасини, на электрон шаклдагисини ўқийди. Ўқийман, деганга эса мана бундай “доно” маслаҳатлар беради. Аслида шундай одамлар сабаб ҳам китобга, китобхонликка рағбат сусайиб боради…
Шуларни ўйлаб, хуноб бўлиб юрганимда, телевизорда режиссёр Баҳодир Йўлдошев ҳақида кўрсатув бериб қолди ва кўрсатув қаҳрамони тилидан айтилган гап менинг бу борадаги қарашларимни ўзгартирди. Режиссёр айтдики, яхши китоб ёмон одамга ўзини ўқитмайди. Яъни бекорчиликданми ё шунга ўхшаш бошқа сабаб билан қўлга олинган китобнинг ҳарфлари йўқолиб қолади. Ҳа, йўқолиб қолади.
“Э, айтган китобинг бўлмас экан, на мазмуни бор, нима дейилаётганини тушуниб ҳам бўлмайди” деган гапларни мутолаага иштиёқи йўқ айрим одамлардан эшитиб ўрганганмиз-ку, китоб ана шундай кишилар қўлига тушса, ўзининг бор сир-асрорини мутлақо очмас экан. Ҳар қанча уринмасин, китобдаги ғояни, мазмунни тушуниш даргумон бўлиб қолавераркан. Бояги “мутолаагўй” эса қизиқ эмас экан, деб китобдан юз ўгиради ва уни ташлаб қўяди. Хуллас, китоб ўзини ана шу тарзда ўқитмайди.
Қай кўринишда бўлсин, ўқилгани фойда
Китобни электрон шаклда ўқиган маъқулми ё босма? Қай бири афзал? Тўғри, электрон китоб бирмунча қулайликларга эга. Масалан, бирор маълумот керак бўлиб қолса, уни зумда топа оласиз. “Қидирув” буйруғи сизга керакли ҳар қандай сўз, рақам ёки далилни топиб беради. Босма китобда эса бундай имконият йўқ. Агар ўқилмаган китоб бўлса, баъзан соатлаб варақлашга тўғри келади.
Худди мана шу жойда муаммо туғилади. Яъни агар сиз босма китобни ўқиган бўлсангиз, уни варақлаб ўтирмайсиз. Чамалаб керакли бетни топиб оласиз. Электрон китобда эса керакли сўзга “Излаб топ!” буйруғи берилса кифоя, дарҳол чиқиб келади. Ўз-ўзидан электрон китобни ўқимаса ҳам бўлади. Чунки нима зарур бўлса, топиб бераяпти-да.
Демак, электрон китоб ўзининг асл вазифасини йўқотиб, биз уни ўқимасак ҳам бўладиган, керакли нарсани топиб берадиган маълумотлар базасига айланиб қолаяпти. Шунинг учун ҳам кишилар ўқиш учун босма китобдан, керак пайтда зарур ахборотни топишда электрон китобдан фойдаланаяпти. Азалги китобхонлар электрон китобни “ҳис қилиб” бўлмаслигини, унинг “совуқ”лигини айтишса, замонага мос мутолаагўйлар тез орада босма китобларнинг муомаладан чиқишини айтишади. Бундай бўлмаслигини эса ҳаётнинг ўзи кўрсатиб турибди.
Аслини олганда, қандай шаклда бўлмасин, китобнинг ўқилгани фойда. Шуниси муҳим. Шуниси керак. Бу борадаги тортишувлар эса фақат вақт сарфига олиб келади. Бунинг ўрнига майли электрон, майли босма, бирор китоб ўқиб чиқсак, ютганимиз шу бўлади.
Кўп гапирдик, энди китоб ўқийлик
Китоб тарғиботи деганда одатда унинг аҳамияти ҳақидаги узундан-узоқ маърузаларни тушунамиз. Ўйлайманки, мутолаанинг аҳамиятини кўпчилик яхши билади. Яна бу ҳақда гапиришга ҳожат йўқ. Энди бу борадаги тадбирларни аниқ амалий ишларга айлантириш керак.
Ота-она боласига китоб ўқи, дея қайта-қайта таъкидлаш, дакки бериш ўрнига ўзи яхши бир китобни ўқиб чиқиб, фарзандларига ўрнак кўрсатса. Тарғиботчи ҳам умумий гаплардан қочса, ўқиган китобини тарғиб этса. Хотин-қизлар ташкилоти “Ҳар бир келин сарпосида китоб бўлишига эришайлик” деган ташаббусини фақат сўзда эмас, амалда самарали кўрсатиб берса. Китобхон оилаларни рағбатлантириш тизимли йўлга қўйилса. Ҳар бир қишлоқнинг ўз кутубхонаси бўлса, уларда исталган адабиёт топилса. Зиё аҳли, айниқса, ўқитувчиларга ойида камида тўртта бадиий китоб ўқиб чиқиш вазифаси юкланса. Корхона-ташкилотларда энг яхши китобхон танловлари ўтказилса, шу асосда танловнинг вилоят, республика босқичлари бўлса. Шунда халқни яна китобхонликка қайтариб, мутолаага ошно этиш мумкин бўлади. Сув, ҳаво, нон каби китобсиз ҳам яшаб бўлмаслигини каттаю кичик бирдай ҳис қилиши лозим.
«Ёшлик» журнали, 2017 йил, 11-сон