Асад Асил. Умрни увол қилманг!

Доно халқимизнинг ҳаётдан келиб чиқиб тўқиган сермазмун мақол ва маталлари бис­ёр. “Ўтган кунингни унутма, хом чориғингни чиритма…”

Сал дағалроқ бўлса ҳам бу топилма айнан ҳақиқатнинг ўзи. Ҳаёт синовларидан ўтмай, бойвачча ота-боболарининг эркатойи бўлиб ўсган, ҳалол нон топиш машаққатини бошидан кечирмаган кимсалар ўта енгил ёки сал оғирроқ шароит таъсирида дарров ўзларини йўқотиб қўядилар. Ҳаммамизга жуда яхши маълум, анча йил аввал ўринсиз жазавага тушиб, бошларини қоя тошларга урган бир қатор ёшлар бебаҳо умрларининг анча қисмини увол қилиб, турмаларда ўтириб чиқдилар. Соддадил, ҳаёт синовларидан ўтмаган ёки бойиш учун осон йўл излаб нафс балоси ортидан кетиб, ватан хоинларининг тузоқларига илинган бу адашганлар она юртига, ҳатто ўзларини дунёга келтирган ота-оналарига қарши тош отишдан ҳам тоймаган эдилар. Аслини олганда, бу масалада фақат ёшлар айбдор дейиш ўринли эмас. Эътибор беринг, шаҳар, қўрғон ва қишлоқларни бошқараётган раҳбарлар, депутатлар, айниқса мактаб жамоалари қаёққа қараб турган эдилар?! Улар қандай қилиб шу қадар ташвишли, ачинарли аҳволга бефарқ бўлдилар? Бу масалада аслида ҳаммамиз баравар айбдормиз. Чунки бўлаётган ҳангомаларни кўриб кўрмаганга, билиб билмаганга олганмиз. Ёмон кўринишнинг менга нима кераги бор, деб чеккага чиқиб турганмиз. Оқибатда қанчадан-қанча ёшлар қамалди, уларнинг олтин умрлари увол бўлди. Хайриятки, янги сайланган Президентимиз ниҳоятда улуғвор вазифани амалга ошириб, кўпчилик адашганларни афв этиб юборди. Давлатимиз раҳбари алоҳида таъкидлаганидек, бағрикенглик, кечиримлилик олижаноб инсонларга хос фазилатдир. Чиндан ҳам афв этилганлар, уларнинг фарзандлари давлатимизга, халқимизга нафрат билан эмас, хайрихоҳлик ва миннатдорлик туйғуси билан яшасинлар…

Энди асосий мавзуга келсак, адашганларнинг бошларига қора кунларни солиб қўйган жамоатчилик, яъни ўзимиз хатолардан тегишли хулоса чиқариб олдикми? Ҳамма жойларда тарғибот-ташвиқот, юзма-юз мулоқотлар, очиқ савол-жавоблар ўтказиляптими? Ёшларнинг тўғри йўлдан адашиб кетишларига энг асосий сабабчилардан бўлмиш мактаб жамоалари кейинги фаолиятларида кескин ижобий бурилиш йўлига ўтдиларми?

Очиқ-ойдин тан олиш керак, мамлакатимиз ўғил-қизларининг қай тарзда вояга етаётганлари асносида мактаб жамоаларининг ўрни жуда катта. Бинобарин, ҳаётимизнинг барча жабҳаларига билим даргоҳларидан етарлича кадрлар чиқиб туриши зарурлиги ойнадек равшан-ку! Устозлар қўлидан мукаммал таълим олган фарзанд ҳаётда ҳеч қачон адашмайди, Ватанига, халқига умрбод садоқат билан хизмат қилади…

Оллоҳ инъом этган умрни увол қилмаслик ҳақида гап кетар экан, панжара ортида неча йиллар ўтириб, гулдек ҳаётини хазон айлаганлар қаторига ўзлари танлаган касбларига лоқайд, юзаки ёндашаётганларни ҳам бемалол қўшиш мумкин. Айниқса ҳозирги давримиз бунақа хиёнатларни асло кечирмайди. Шундоқ ҳам кўп соҳаларда, хусусан, маориф йўналишида анча йилларни бекорга бой бериб қўйган эканмиз. Оқибатда кўплаб билим даргоҳларида ўқитувчилар етишмайди, етарлича таълим ололмаётган фарзандларимизнинг кўпчилиги олий билим даргоҳларига кира олмаяптилар…

Умумий гаплардан қочиб, ўзим бевосита гувоҳ бўлган бир мактабдаги аҳволни айтиб бера қолай. Тумандаги мавжуд бу билим даргоҳида ўрта мактабни тиклаш сари қадам ташланмоқда. Афсуски, шу ҳудуддаги айрим ота-оналар фарзандларини қўшни қишлоқ мактабига, ҳатто шаҳар ва қўрғонлардаги билим даргоҳларига топшириш ҳаракатида юрибдилар. Нега шундай? Аввало мазкур мактабда муҳим йўналишлар бўйича малакали мутахассислар етишмас экан. Қолаверса, бу жойда ишлаётган ўқитувчилар ўқувчиларга бўлар-бўлмас вазифалар топшириб, бўш хоналарда гурунглашиб ўтиришар экан. Бу ҳақда ҳатто ўқувчиларнинг ўзлари гапириб юришибди! Мактаб директори ёки унинг ёнидагилар вазифага лоқайд қараётганларга нима учун индашмайди? Чунки асосий раҳбарлар анча олис шаҳардан қатнаб ишлайдилар. Бир баҳона топилса, улар мактабга келмай ҳам қўяверадилар. Раҳбарларнинг қилмиши шундай бўлгач, интизомни тиклаш ҳақида қандай гап бўлиши мумкин?!

Бир маориф соҳаси эмас, барча касб эгалари ишлайдиган маконда яшаб, бутун вақтини, диққат-эътиборини, куч-ғайратини иш жойига сарфлаш шарт эканлиги ҳозирги даврнинг энг муҳим вазифасидир. Давлатимиз раҳбари бу каби талабларни ҳар бир чиқишларида қайта-қайта мунтазам таъкид­лаяпти-ку! Аслида уни юқоридан доимий равишда талаб қилиб туриш шартми?! Айниқса келажагимиз пойдеворини барпо этаётган муаллимлар буни яхши тушунмоқлари, касбларига хиёнат қилгандан кўра бошқа йўлни танлаганлари маъқул. Тўғрисини айтганда, бу фақатгина ўз касбига эмас, Ватанимизга, халқимизга, келажагимизга ҳам хиёнат дейиш мумкин! Фидойилик, ватанпарварлик ҳақида кўп гапирамиз. Айримлар, айниқса ўқитувчилик касбига адашиб кириб қолганлар ўзи ишлаётган жамоада кучли мутахассислар бўлмаслигини, яхши устозлар етишмаслигини хуш кўришар экан. Шундай бўлса, улар чала-чулпа ишлаб, истаганча дарс соатлари олишади, хоҳлаганча тартиббузарлик қилишади, лекин жазодан холи қолишади! Бунақа қувлик-шумликларнинг умри қисқа. Юртбошимиз раҳнамолигида шу каби кирдикорларнинг ҳам пайи қирқилмоқда. Олийгоҳларни битираётган жанговар, шиддатли ёшларимиз “чирик кунда”ларни қўпориб ташлаб, янги ва мазмунли ҳаёт бошламоқдалар…

Биз бу сафар туман ва қишлоқлар номларини айнан келтирмадик. Чунки ўқитувчилик – шарафли касб. Устоз деган улуғ номни бирданига обрўсизлантириш одобдан эмас. “Қизим, сенга айтаман, келиним, сен эшит!” нақлига амал қилиб, ўқитувчилик касбига юзаки ёндашаётганлар бундан хулоса чиқарадилар деган умиддамиз. Демак, вазифага астойдил ёндашиб, бола таълими ва тарбияси масаласида ота-оналар, кенг жамоатчилик билан мустаҳкам алоқа боғлаган ҳолда мунтазам суратда иқтидорли шогирдлар тайёрлаб бориш шарт!

Ҳар бир инсонда Оллоҳ томонидан берилган иқтидор бўлади. Устоз буни вақтида фаҳмлаб, улуғ ва нурли йўл сари отлантирмоғи керак. Ана шундагина барча соҳаларда, айниқса таълим-тарбия йўналишида кадрлар танқислиги юзага келмайди. Ҳар бир муаллимнинг машаққатли меҳнати меваси худди шу натижа билан ўлчанади ва баҳоланади. Мактаб раҳбарлари эса муҳимдан-муҳим бу ҳолатни қатъий назорат қилишлари, ўзлари эса ҳар томонлама ибрат бўлмоқлари шарт! Нурли бу йўлдан чекинсак, ўз илдизимизга ўзимиз болта урган бўламиз. Бошқача қилиб айтганда, Худойи Таоло берган азиз умримизни бекорга сувга оқизиб, увол қилиб юборамиз!..

«Ижод олами» журнали, 2018 йил, 2-сон