Хурсандбек Тўлибоев. Ғамгин шеър соғинчи (2012)

Хурсандбек ТЎЛИБОЕВ

ҒАМГИН ШЕЪР СОҒИНЧИ

(бадиа)

Чақин бўлма,
бўлма гулдирак,
ердан кўп ҳам узоқлаб кетма.
Овозингни йиртмагин бекор,
ерни қучма – қулочинг етмас.
Ундан кўра бирор одамнинг
макони бўл – ирмоқли, сойли,
шамолларни тўсган тоғи бўл,
осмони бўл, юлдузли, ойли.

Ҳар куни бу китобни қўлимга оларканман, ҳали бирон шеърни ўқимай туриб, юрагимга “энг гуллаган ёшлик чоғида” ўзининг инсонлик ва ижодкор фитратини англаб етган шоирнинг нурли, ва маъюс чеҳраси, сиймоси кўз ўнгимда жонлангандек бўлаверади. Ичимдан куйина бошлайман, “ғамгин шеър” излаб, қисқа ва узун, ҳеч қандай қолипларга сиғмайдиган сатрларга кўзим тушади, фикрларим ўткирлашади, ҳаётга, атроф-жавонибга бошқача бир нигоҳ билан қарай бошлайман. Нега шундай? Бу маҳзун кайфият бир менинг борлиғимда уйғонаверадими? Сабабларнинг оқибати билан қизиқсиниб дўстим Ғофуржонга  сим қоқаман. Айтингчи, “ғам сўзин элимдан авварлоқ айтдим, бахт сўзин айтаман элдан кейинроқ” деганида Шавкат Раҳмон яна нималарни назарда тутган эди? У шошилмай жавоб бера бошлайди: “Бу шеър ёзилганида шоир жуда ёш эди, у пайтлар мамлакатимиз ўз мустақиллигини қўлга киритмаганди, шу сабабли унинг кўнглидаги маҳзун кайфият шеърларига ҳам кўчган, элининг бахтли, осайишта кунларини кўргандан кейингина қувончли, бахт ҳақида айтаман, деганида шуларни назарда тутган бўлса, ажабмас!” Мен ҳам дўстимнинг фикрларига қўшиламан, чунки бу фикрлар ўз исботи билан айтиляпти… Кейин шоирнинг китобини ўқишга шўнғийман. Ҳар бир сатри ҳароратли, ҳар бир сатри жасоратли, жўмардлик билан битилган. Шунинг учун ҳам менинг шу топдаги кайфиятимга жуда-жуда мос ва руҳий яқиндир деб, ўйлайвераман. Ўйларим адоғсиз, туйғуларим шоирнинг туйғулари каби йириклаша боради. Менга нима бўляпти дейман туриб-туриб, ахир бу рўъби маскунда эҳтиросдан ҳам юксакроқ туйғулар бор бўлиши мумкин-ку? Нега мен шоир шеърларини севиб мутолаа қилгим келаверади. Бизларни боғлаб турган – кўнгил риштасининг, китобдаги ҳаёт ва ундаги ўткир сўзларнинг моҳиятида не сир яширин? Билмайман, билишни истаганим сайин озод туйғуларнинг хумори бўлиб қолавераман…

Шавкат Раҳмон – орамиздан эрта кетди, мазмунли ҳаёт, уч юз саҳифалик “сайланма”даги кўнгил таржимаси, юрак ва ақл мунозараси, туйғуларидаги очиқ, яширин самимият, гоҳ ўз талпинган идеалларидан ҳам баландда турган шахс қисмати… орзу-умидлари, яшашдан мақсуд не эканлигини, эл-юртни севиш саодат, БУЮК саодатлигини тушунтираётгандек. У яшаши керак эди, дегим келади. На чора, ўлим ҳақ дея озурда қалбимизни овутмоқ учун ўйлаб топамиз шундай сўзларни… шундай сўзларни айтиб, бир-биримизни сўзсиз тушунгансимон тасалли берамиз… у ўткир сўз ёзиб қолдирди кўнгил дафтари – шеъриятимизга. Шунинг учун ҳам бу инсонимнинг оловли, қиличдай кескир сатрларига маҳлиё бўлавераман. “Ким дея борлиқдан сўрайман ҳар гал, макон жим, замон жим Парвардигор жим”. Нега жим? Сукутнинг боиси нима? Нега сукут ҳам жуда узоқ чўзилди? Унинг сукутгоҳини парчинлаб, бирон мард йўқми сўз айтадиган?! “Бор дея борлиқдан сўрайман ҳар гал, аммо тилим лол, ақлим лол, қояни кўриб”. Қояга талпинганим каби талпинаман ахир, унинг шеъриятига ҳам… Фидойи бўлиш, ҳар бир ишда масъулиятли яшаш саодати ҳар кимга ҳам насиб қилавермайдиган хислат эканини фақат унинг ижодини ўқий бошлаганимдан буён англаб қолдим. Шунгача, дунёнинг сирларидан бехабар эканман. Айниқса, шахс ва ижодкор қисматидан…

Шавкат Раҳмон – ҳар куни ёдимда ва ёнимда мен-ла қадам ташлаётгандек, йўқ бошқача айтадиган бўлсам, йўлимни тополмай юрганимда тўғри йўл кўрсатаётгандек, халоскор руҳ каби ўз зиёсини сочаётгандек, сочиб саодат манзили сари етаклаб кетаётгандек… туюлаверади. Рости, мен унинг кўнгил мулки – “борлиқ ва йўқлик ораси – шеъриятига” ошино тутиндим. Ука тутиндим. Чунки шундай қилсамгина ўз мақсадларимга етажагимни фаҳмлаб қолдим. Озод руҳ, озод сўз, озод ВАТАН!!! Шоир соғинчи ва юрагининг аллақаерида шу заминга уни боғлаб турган риштанинг айнан ўзгинаси эмасмикин – ҳурлик! У бунга осонликча эришмади, олис ўлкаларга сафар қилди, етти ёт бегона “тил”ни ўрганди, соғлигидан жудо бўлди, кўплаб туйғуларини қурбон берди, шеър мадад берди унга, шеър шифо тилади! Борлиғини бир бошқача ҳол чулғаса ҳам, МАРДОНА чиқди майдонга:

– ЁВГА ТЕРС ҚАРАГАН МУСУЛМОН ЭМАС!!!

Шоир гоҳ севинч ёшлари кўз соққаларига қалқиб чиқиб, гоҳ армонлари орзуга дўниб, “Сенданда улуғроқ нарса йўқлигин, сочим оқарганда англадим, Ватан!” Қандай олов сўзлар бу! Қандай нидолар эди! Инсон моҳиятига сафар эмасми? Ватанни англаш! Юртни севиш! Ижодкорлик қисмат экан, шу қисмат чегарасининг қадрига етган бор, етолмай ғафлатда қолиб кетган бор… лекин чинакам ижодкор учун ВАТАН қадридан, ВАТАН озодлигидан ортиқроқ бахт ва шодлик бўлмаса керак! Шундай поғонага чиққунга қадар, бир умр бахт сўзин айтмай яшаган ва ўз кўзлари билан кўрган бахтни айтиш – БУЮК САОДАТ эканлигини ниҳоятда жозиб сатрларга жойлай олган шоир “ақллидир, куллийдир”(Румий). Юзлаб шоирлар ўтди, минглаб шоирлар ўтди, ўткир сўз қолмаса ҳеч нарса қолмаслигини энди-энди мазмунига етгандекман, етиб қадам ташлагандекман… Ёзган шеърларимни тандирга ташлаб, анов “лов-лов оловга” қараб сочгим келади, кули кўкка совирилсин, ё туриб гилга айлансин!!!

“Шавкат Раҳмон деган
бир ўжар шоир,
бир куни қайтадан яраладими?” –

деган мисралариданоқ инсонимнинг мукаммал, комил инсон эканлигини англаш мумкин. Негаки, “юраги ёнишдан тўхтамаган”(У.Ҳамдам), энг муҳим сўзларини фақат шеър деган битта байроқ остига яхшилаб муқим жойлай олган шоир нидолари ҳақиқатдан ҳам ЖАСОРАТ ва МАРДЛИК, ИНСОНЛИК ва ИЖОДКОРЛИК қисматининг яхлит, уйғун намунаси эмасми?! Буни бир бошқача тарзда идрок қилиб, ифода этсак – тили-ю, дили, амали-ю, амоли бир эканлигига шаҳодат бўламиз.

Тақдир ажойиботлари кўп ва турфа хил. Лекин шундай инсонки бор, ўзи ҳақида мақтов эшитса дили озорланади, “унинг учун ижод муҳим, шу боис ҳам мақтовларни унчалик хуш кўрмайди” деганлари нақадар тўғри. Шавкат Раҳмон ана шундай юксак истеъдод эгаси, мақтовдан, унвону мартабадан баланд кўтарила олган, “қобиқни ёриб чиқиб” саодат эшигига етишган, ватанпарвар шоир эди. Лекин айни куй авжида узилган тор, куй авжида синган кўнгил… Яна қанча сўз қолди ботинида айтилмай, “шифтга қараб ёзилган”ларини кимлар ўқиб бераркан… У сўнгги бор ўлим тўшагида, шифтга боқиб, тасаввуридаги осмонга боқиб нима демоқчи эди? Афсус, надоматлар бўлсинким, унинг ёш умрига зомин бўлган ошкораликнинг “жаллод”лари ҳозир ҳам ҳаёт! Шоир буни билганидек “Ҳозир ҳам пана-панага беркиниб олганча, иғводан, ғийбатдан кутар барака…”

Шавкат Раҳмон – қисқа умр йўли, шарафли ва унитилмас йўл! Абадият оралаб – ўзига сўқмоқ очган, ўзига ўзи жавоб бераоладиган, бизга ҳеч ҳисоб бермайдиган заҳматли йўл, оғриқли йўл! Манзили – шеър, хайрихоҳи – шеър! У ватандан олиб ватанга берди, Аллоҳ ато этган истеъдодига хиёнат қилмади, чинакам мардлик, комиллик аломати бу! Сўзларни севди, чин ва гўзал сўзларни кўз қорачиғидай авайлаб-асради, кўз тумор қилиб юрагига илиб қўйди. Шундай ҳароратли юракдан, ҳиссиз ва тузсиз шеър чиқиши мумкинми? Йўқ албатта! Чунки, унинг борлиғида – чин сўзлар макон қурган эди. Шу сабабли шоирни чин сўзлари ҳам ташлаб кетмади, кетолмади, истаклар бирлашган маконда – бахт ва шодлик баҳори барқ уриб очилди, эрта гуллади, эрта тўкилди, қишнинг совуқ ва хазонларига айланмади, аксинча, “яшил эди қантар ойида”

Бу рўъби маскунда ижодкорки бор, ҳамиша безовта, беҳол, лекин бу чинакам истеъдод, чинакам талант эгаларига Тангри таолонинг шараф билан берган – гўзал дардлари. Шундай шарафли, оғриқли йўлнинг азобларини тотган, кечалари ухламай, оромини ўғирлаган туйғулар тўфонида тўлғонган ШАХС, ИНСОН эди у. Ҳа, бошқача ифодалаб бўлмаганидек, бошқача яшашни истамагани каби… у кўз ёшларини кўрсатмай “мангу йиғлайдиган кўзим кўксимда” дея дўстига юкиниб сўз айтади. Айтиш ҳам бир саодат эканлигини, шараф ва бурч даражасидалигини теран ҳис этади. Топинган руҳ – шеъриятида, шеър бағридаги умидда, умид бағридаги – ҳаётда эди. Шу сабабли ҳам ХХ асрнинг “бармоқ билан санарли шоирлари қаторидан” жой олди. Абадият оралаб, Ўшдан чиқди, Ватанини алқади, уни бутун борлиғи билан севди, ўша севгисини уч юз саҳифалик биргина китобига мангуга муҳрлаб кетди… Истаган саҳифасини очиб ўқиб кўринг, бунга шубҳа қилмайсиз, қайтамга ижодкор қалбига теранроқ кириб борасиз-да, “Ватанингизни юрагингизнинг энг чуқур жойига яшириб қўясиз”. Уни кўрсатиш у ёқда турсин, сўз билан айтишдан қизғонасиз…

Одам узоқ яшар, жудаям узоқ,
агар дўсти бўлса суянадиган,
агар дўсти бўлса ҳар қутлуғ саҳар
баҳайбат қуёшдай уйғонадиган.

Бу сатрлардан ҳам теран маъно, оқибатни башорат қилиш қобилияти, ўз давридан йигирма йил олдини сезиши, жуда олисларни кўзлаган мақсадлар истаги, рўёга айланса-да, худди бир гўзал туш таъбирини сўйлаётгандек, сўзлаб ҳикмат айтаётгандек туюлгани каби… шоир талпинган ИДЕАЛ аслида ҳам шудир, кўнгил дўсти ғариб бўлмаса бўлди демоқчидек… Узун ўйлар суришининг асл сабаби ҳам шудир балки… бу ўйлар “Уйғоқ тоғлар” билан бир суҳбат бўлди, чинакам жасоратли суҳбат…

Мен яна китобни варақлаб, унинг ҳар бир сатрини кўзларимга суркаб ўқий бошлайман, олис-олислардан бирда севинч, бирда мунгли куй таралаётгандек, таралиб юрак-бағримни тиғлайверади… Сафарда топган маъноларимни тоблай бошлайман, олис сафарга чиққан йўловчи мисол, китобдаги шеърларни ёд оламан, худди энг зарур буюмимни йўқотиб қўймаслик истагида… Афсус, бу шеърлар юрак билан ўқий десанг, юрагинг ҳаприқади, ақл билан мутолаа қилсанг, ақлинг шошиблар қолади, ҳар иккисини уйғун ҳолда ўқишга тушсанг бардошинг етмайди, чунки камида Шавкат Раҳмон каби юрагингда жасорат, жасоратга яраша мардлик, мардликка яраша – сўз керак бўлади! Ана шундагина – “Шавкат Раҳмон деган бир ўжар шоир, бир куни қайтадан яралиб” ғамгин шеърларини қулоғингга сабо каби шивирлаб айта бошлайди…

26.11.2012 й.