Вьетнам мақоллари (290 та)

• Дарёни тўхтатиб, қудуқни кўмиб бўлади, лекин халқ оғзини ёпиб бўлмайди.
• Чайнамасдан ютма, ўйламасдан гапирма.
• Инсон умри бир қаричдан ҳам узун эмас, ким кўп ухласа ярим қаричини йўқотибди.
• Буқага гитара чалиб бермайдилар, катта милтиқ билан чумчуқ отмайдилар, қилич билан пашшанинг бошини олмайдилар.
• Ит ётишдан олдин уч марта атрофни текшириб чиқади; инсон гапиришдан аввал ўттиз беш марта ўйлаши лозим.
• Ўтга уни алангалатиш учун пуфлайдилар, оғизни куйдириб олиш учун эмас.
• Юзта маслаҳат бир жуфт моҳир қўлга тенг келмайди.
• Мастга сўз айтиш қайтариб берилмайдиган қарзга ўхшайди.
• Қимор қашшоқликка олиб келади: ҳамма кийимингни сотсанг, яланғоч қоласан.
• Қўшинсиз қўмондон бошсиз йўлбарсга ўхшайди.
• Бататни истаган жойингга эк, гуручни танлаб эк.
• Ғам кетса бахт келади.
• Эркаксиз уй етим, аёлсиз — ошхона.
• Фил бўлмаса буқа ҳам йирик.
• Уқувсиз ақл йўқ.
• Бесунақай гўзал бўлишга ҳаракат қилади, аҳмоқ ақлли гаплар гапирмоқчи бўлади.
• Бугун тунда бой, эртага тушликда — камбағал.
• Бойни янги йил арафасида биласан (Вьетнам одатларига кўра, янги йилга яқин барча ишлар тартибга солинади, шунингдек, олинган қарзлар қайтарилади).
• Эрнинг бойлиги — хотиннинг меҳнати.
• Бойнинг қулоғи кар, зодагоннинг кўзи кўр.
• Чақимчини тили боқади.
• Катта балиқ кичигини ютиб юборади.
• Кўп есанг — кўп тўлайсан.
• Катта кемага — катта тўлқинлар.
• Ёввойи буқани сўкиб бошқарасан.
• Денгизга туз ташлаш (фойдасиз иш ҳақида).
• Қорин оч — қулоқ кар.
• Қорин тўқ, кўз оч.
• Бош омон бўлса, соч ўсади.
• Қишлоқда қишлоқ одатларига амал қил, ўзга юртда қонунларга бўйсун.
• Ғазаб пайти ақл кетади, мусибатда — иштаҳа.
• Осмонда — қуш, сувда — балиқ, тутсанг — ейсан.
• Ишда — энг орқада, ейишда — қишлоқда биринчи.
• Содиқлик фитна пайти билинади.
• Шароб кирди — сирлар чиқди.
• Сойдаги сув лойқа бўлмайди.
• Ҳар қайғу унутилади, ҳар мусибат ўтади.
• Ҳар ишнинг бошланиши қийин.
• Юқоридаги чироқ узоқни ёритади.
• Ақл тугаган жойда аҳмоқлик бошланади.
• Ерни чуқур ковлаш — яхши, ўғит ва ёмғир — яна яхши.
• Бир дақиқалик нодонлик уч соатлик доноликни йўқ қилади.
• Аҳмоқни тўйдириб бўлмайди.
• Оч йиғлайди — тўқ кулади.
• Аччиқ дори касални даволайди — ҳақ сўз юракка зарба беради.
• Тоғ баланд бўлса ҳам тирмашиб чиқиш мумкин, касаллик хавфли бўлса ҳам дори топса бўлади.
• Узоқдаги сув ёнғиндан асрамайди.
• Уйда икки хўжайин бўлса — муроса йўқ, юртнинг икки қироли бўлса — тинчлик йўқ.
• Эрсиз аёл — эшкаксиз қайиқ, хотинсиз йигит — югансиз от.
• Қиз бола ақлли эрни танлайди, йигит чиройли хотин хоҳлайди.
• Пул — ахлат, адолат — олтин.
• Экилмаган дарахтга ачинмайдилар, туғилмаган болани севмайдилар.
• Яхши ном қиммат либосдан афзал.
• Қарз ўлдиради, болалар ўсаверади.
• Хўжайинсиз уй — қулфсиз сандиқ.
• Тоза уй — салқин, тоза пиёлада сув — ширин.
• Арзон гўштдан қиммат балиқ яхши.
• Овқатнинг ширинини, ишнинг енгилини танлайдилар.
• Ёшлигингда оч бўлсанг — ташвиш чекма, ёшлигингда бой бўлсанг — ҳали суюнма.
• Бош сиққан жойга дум бемалол сиғади.
• Болалар бўлса, бир соат ҳам ишсиз қолмайсан.
• Кўп есанг, мазани билмай қоласан, кўп гапирсанг ақлли сўзларни йўқотасан.
• Эрнинг жаҳли чиқса, хотин камроқ гапириши керак, овқат қайнаса оловни пастлатиш керак.
• Темирни йўнаверсанг охири игнага айланади.
• Отаси арслон бўлса, боласи шер бўлади.
• Ширин винони ҳам ичсанг маст бўласан, яхши сўзни ҳам кўп гапирсанг — зериктиради.
• Ҳовуз қуриса, бео сувўтлари ҳам ҳовуз қаърида қолади (бео — сув устида сузиб юрадиган сувўтлар).
• Кундузи ухласанг — бой бўлолмайсан, вино ичаверсанг — машҳур бўлолмайсан.
• Қора қиз қанча бўянгани билан қоралигича қолаверади.
• Сув бўлса балиқ ҳам бўлади.
• Қопқонни қўймасдан гўшт ҳақида ўйлама.
• Эр-хотин овқат таёқчаси каби — доим бирга.
• Қурбақа бақани айблайди, бақа — бошқасини.
• Уйланган йигит — усти ёпилган сават.
• Эрсиз хотин — томсиз уй.
• Сўзни пулга сотмайдилар, бас, яхши сўзни аяма.
• Ўн йилда қабрдаги ёзув ҳам ўчиб кетади, айтилган сўз минг йил яшайди.
• Ташвиш соқолни оқартиради, мусибат — сочни.
• Бахт ва қайғу сенга қачон йўлиқишини олдиндан билолмайсан.
• Опа-укалар нафрати — бутун қишлоқ нафрати.
• Қуриган дарахт сувда ҳам кўкармайди, инсон бир умр камбағаллигича қолмайди.
• Чарчаган жой танламайди.
• Билсанг — гапир, билмасанг — бошқаларни тинглай бил.
• Қаерим қичишини билганимда олдинроқ қашиб олардим.
• Олтин — сариқ, лекин юракни қорайтиради.
• Олтин хазина илм хазинаси билан тенглашолмайди.
• Аҳмоқ аёл ҳам ақлли бола туғиши мумкин.
• Қироллар ҳам адашади.
• Ҳатто майин ёмғир ҳам тинмай ёғаверса тошқинга олиб келади.
• Энг яхши нефритнинг ҳам доғи бўлади.
• Ҳатто руҳонийлар ҳам пулни севади.
• Пичоқ билан ўйнашган бир куни қўлини кесиб олади.
• Сотиб олишга борсанг — дўстларинг ёнингда, сотишга келганда — ҳеч ким йўқ.
• Касал эрдан ажраб, уронғич эрга учради.
• Тўрдан қочиб, қармоққа илинди.
• Бой ўрмонда яшаса ҳам меҳмони кўп, камбағал бозорда яшаса ҳам ҳеч кимнинг иши йўқ.
• Аччиқсиз қалампир борми, қайси қиз рашк қилмайди?
• Мевани еганда боғбонни ҳам эслаб қўй.
• Она болани боққанда — денгиздан ҳам, уммондан ҳам сахий, бола онани боққанда — ҳар бир кунни санайди.
• Бонза кўп бўлса, маййит сасиб қолади (яъни, жаноза чўзилади. Бонза — Будда динининг руҳонийси).
• Болаларни севсанг уйинг болага тўлади, қарияларни ҳурмат қилсанг, сен ҳам узоқ яшайсан.
• Совчи кўп бўлса, кечқурун ёлғиз ухлашингга тўғри келади.
• Кўрнинг йўлбошловчиси кўр бўлса, иккиси ҳам чоҳга қулайди.
• Яхши марварид сотсанг, мақташдан уялма.
• Бола учга кирганда унга бутун оила гапиришни ўргатади.
• Ҳазилни ҳадеб қайтараверсанг ростга ўхшаб қолади.
• Агар ҳаққа риоя қилиб яшасанг ҳар мусибат ўтади.
• Агар ёшликда ўқимасанг, қариликда нима қиласан?
• Дарддан қутулиб — табибни унутди.
• Тувакни синдирган — мушук, калтак еган — ит.
• Йўлбарсдан қўрққан унинг гўнгидан ҳам чўчийди.
• Қаттиқ кулган қаттиқ йиғлайди.
• Ким ҳам олтин тўғноғичдан балиққа қармоқ ясарди?
• Тортинчоқнинг қорни оч қолади.
• Кеч қолган суяк ғажийди.
• Осмоннинг кўзи йўқ деб ким айтди?
• Қайга борсанг, ўша ер — уй, қайда ётиб қолсанг, ўша ер — ётоқ.
• Темирчига — сандон, олимга — қалам.
• Чигиртка филни урибди.
• Шуҳратни сотиб олиш — ўттиз минг, уни сотиш — уч донг (донг — Вьетнам пул бирлиги).
• Товуқ — бир тиен, дони — уч тиен (тиен — Қадимги Вьетнамда пул бирлиги).
• Инсон қалбини ўлчашдан дарё, денгизни ўлчаш осон.
• Ортиқча сўз — ортиқча ташвиш.
• Кечаси ухлолмагангина туннинг узунлигини ҳис қилади.
• Отанинг битта дўқида онанинг юз марта шапатилагани афзал.
• Одамлар яхши кўрадиган ит бўлгандан улар қўрқадиган шер бўлган афзал.
• Аҳмоқ хўжайин бўлгандан ақлли хизматкор бўлган афзал.
• Бегона қишлоқдаги бойга теккандан ўз қишлоғингдаги камбағалга хотин бўлган афзал.
• Қарз олгандан бир кун оч қолган афзал.
• Рўза тутиб ёлғон гапиргандан яхши еб, рост сўзлаган афзал.
• Балиқ дўконидаги юмшоқ каравотда ётгандан, аттор дўконининг полида ухлаган афзал.
• Тилдан қоқилгандан оёқда қоқилган афзал.
• Ёлғиз яшагандан ҳамма билан ўлган афзал.
• Фосиққа иккинчи хотин бўлгандан ёшликда ўлган афзал.
• Севгини қайтариш осон эмас.
• Одамлар — ернинг гуллари.
• Кичкина мушук кичик сичқонни овлайди.
• Кичик қайиққа катта юк ортиб бўлмайди.
• Оз есанг — узоқ вақт қорнинг тўқ юради, кўп есанг — қорнинг тез очади.
• Ер оз бўлса — кокос пальмаси эк, кўп бўлса — арека (арека пальмаси бир неча йилдан сўнггина мева беради.)
• Кичик шамоллар бирлашиб тайфунга айланади.
• Мандарин узоқда, унинг хизматкорлари яқинда (мандарин — давлат амалдори).
• Мандариннинг мандаринлиги вақтинча, халқ ўн минг йилда ҳам халқлигича қолади.
• Мандарин машҳур бўлишни хоҳлайди, савдогар — молини қимматроқ сотишни.
• Бир она ўн болани боқади, ўн бола бир онани боқолмайди.
• Она тарбияласа — болалар чаққон, ота тарбияласа — болалар ақлли.
• Мис қозоннинг қулоқлари ҳам мисдан.
• Асал оз, пашша кўп.
• Кийим кўп бўлса — иссиқ, халқ кўп бўлса — хурсандчилик.
• Касалликдан қутулиш мумкин, тақдирдан қочиб бўлмайди.
• Яхши қуш парини аяйди, доно одам — сўзини.
• Қассоб балиқчини кўролмайди.
• Бир отга икки эгар ўрнатиб бўлмайди.
• Базмга келишга шошил, жанжалдан — қочишга.
• Ҳар бозорнинг ўз қоидаси бор, ҳар қишлоқнинг — ўз одати.
• Тилида — Будда, қалбида — илон.
• Камбағалнинг устидан кулма, бойдан нажот кутма.
• Тут барги ипакка айланиши учун кўп вақт керак.
• Ҳақиқий олтин оловдан қўрқмайди.
• Уйинг торлигидан қўрқма, қалбинг торайишидан қўрқ.
• Мусибат бўлмаганда қаҳрамонлар ҳам бўлмас эди.
• Йўлбарс уясига кирмасдан йўлбарсчаларни тутолмайсан.
• Оёқни ҳўлламасдан балиқ тутолмайсан.
• Ухлаётган шернинг мўйловини бурама, уйғониб қолса, бошсиз қоласан.
• Ўтирган қушни тутолмайдию, учаёган қушни қувлайди.
• Хато қилмасдан ақлли бўлолмайсан.
• Чуқур дарёдан кечиб ўтма, чўкаётган қайиққа ўтирма.
• Соқов гапиришни яхши кўради, қийшиқ — юришни.
• Ўгай набиралар боболар қабрини обод қилмайди.
• Аскар йўқ, лекин қўмондонлар бор.
• Ҳеч қайси бақа гўштнинг ўрнини босолмайди.
• Қайнона келинни мақтамайди, келин — қайнонани.
• Хушбўй гулни ҳеч ким ерга ташламайди, ақлли одамни ҳеч ким сўкмайди.
• Будда ҳақида ибодатхона қўнғироғи чалингандагина эсланади.
• Табибнинг маҳорати ҳақида тузлгандан кейин баҳс этадилар.
• Табибга учрасанг ўн хил дард топиб беради.
• Орқага қайтадиган йўл доим қисқа туюлади.
• Бир йил уй қуриш — уч йил гуручсиз яшаш.
• Қишлоқ аҳли олдида ейилган бир луқма ошхона бурчагида ейилган бир товоқ овқатдан афзал.
• Бир кун алдасанг етти кун пушаймон бўласан.
• Битта гувоҳ — гувоҳ эмас.
• Битта оқил ўнта нодонга қарши туролмайди.
• Битта дўқ учта зарбага тенг.
• Эшак оғирликни хуш кўради.
• Итнинг тиши ва отнинг туёғидан эҳтиёт бўл.
• Баланд дарахтнинг сояси ҳам катта.
• Кал роҳибдан тароқ кутма.
• Биринчи марта йиқилсанг, иккинчисида эҳтиёт бўласан.
• Итни уришдан аввал эгасини билиб ол.
• Дарёдан ўтсанг қайиқчига қулоқ сол.
• Ҳарф эгри бўлса ҳам ундан тўғри сўзлар ясаш мумкин.
• Ёмон раққосга ер ҳам нотекис.
• Дарёда сузсанг — муюлишларига эътибор қил, уйга кирсанг — одатларга амал қил.
• Одамнинг юзига қараб ном берадилар.
• Кўр мушук қовурилган балиқ тутиб олди (яъни, омад кулиб боқди).
• Ҳўкиз олсанг туёғига қараб ол, хотин олсанг — насабига.
• Балиқ олсанг ойқулоғига боқ, ошқовоқ олсанг — поясига.
• Ўғитсиз дала — бойликсиз одам.
• Яхшига мусибат етса, муттаҳам хурсанд бўлади.
• Нордон мевали дарахт эсанг нордон мева оласан, ширин мевали дарахт эксанг ширин мева оласан.
• Қониб сув ичилганида қудуқни ким қазигани тез унутилади.
• Ошхонага қараб беканинг юзини тасаввур қиласан.
• Товуқлар хўрознинг қичқиришидан жанжаллашишибди.
• Авлодлар аждодлардан ақлли эмиш.
• Катта севгининг изтироби ҳам катта.
• Мижғов келин дастидан қариндошларни йўқотасан, ёмон ит дастидан — қўшниларни.
• Хира ёруғда бойқуш ҳам фариштадек кўринади.
• Хурсандчилик пайти ақлли бўлиш осон.
• Очлик учун гуруч ғамла, совуқ учун — кийим.
• Мол сотсанг нарҳини оширасан, мол олсанг арзонга олгинг келади.
• Тўкилган сувни қайта йиғиш мушкул.
• Тўғри дарахт тикка туриб ўлишдан қўрқмайди.
• Тўғри сўз қулоққа ёқмайди.
• Қуш уясини унутмайди, инсон — аждодларини.
• Бир қарич ер — бир ёмби олтин.
• Йўлга чиқдингми, ярим йўлдан қайтма.
• Ваъда бердингми, бажар — гулдан гулга қўнадиган капалак каби бўлма.
• Қуш қафасдан чиқдими, унинг қайтишидан умид қилма.
• Шолини уч ой етиштириб, бир кунда йиғиб оласан.
• Бола ҳали туғилмади-ю, исмини қўйиб бўлишди.
• Отаси бор бола — томи бутун уй.
• Кенг дарёнинг тўлқинлари ҳам катта бўлади.
• Қўлингни кирласанг, юзинг ҳам ифлос бўлади.
• Қўллар қисқа, қанча чўзма — осмонга етмайди.
• Қўллар ишлайди — тишлар чайнайди, қўл дам олса — тишларга иш йўқ.
• Бозор ҳали қурилмади-ю, лекин аллақочон ўғри пайдо бўлди.
• Бир тийин билан бозорга бормайдилар.
• Ўзи ўқимаган, лекин ўқиган хотинни хоҳлайди.
• Куч айёрлик билан тенг келмайди.
• Қаттиқ тортсанг исталган арқон узилади.
• Пўлат қозиққа қанча чумоли чиқса ҳам у қилт этмайди.
• Калта кийимни қанча чўзсанг ҳам узайиб қолмайди.
• Фил қозиқтиши учун, қуш пати учун ҳалок бўлади.
• Ўзи геомант бўлиб ишлайди-ю, отасининг қабрини билмайди (геомант — қабристонда ер тақсимловчи).
• Аравага ўзини ташлаган чигиртканинг ҳоли ғалат: ҳамма чигиртканинг қулашига ишонади, арава ағдарилади деб ҳеч ким ўйламайди.
• Идишлар ҳар хил бўлса ҳам ичидаги сув айни.
• Илонни гапирсанг инидан чиқади.
• Қари мушук тулкига айланади.
• Қариларнинг соғлиги — ёшларнинг бойлиги.
• Ерни ўт қоплагани каби қарилик дардларни етаклаб келади.
• Тўнғич қиз — кичикларига энага.
• Юзта юлдуз бир Ойга тенг келмайди.
• Юз йўл — минг хил адашув.
• Юз одам — юз хил фикр.
• Бахт бой отадан афзал.
• Ғилдираксиз арава — қанотсиз қуш.
• Йўлбарс ёвуз, лекин у ҳам ўз боласини еб қўймайди.
• Йўлбарс ва кийик бир адирда сайр қилолмайди.
• Бир тешикдан кирган иккинчи тешикдан чиқади.
• Кўрпага ўранганингдан сўнггина унда бурга борлигини биласан.
• Аскарнинг қандайлигини қўмондони билади, аёлнинг қандайлигини — эри.
• Устозни ҳурмат қилсанггина сен ҳам устоз бўласан.
• Қарзини бермаган бойимайди.
• Баланд шолининг бошоғи бўш бўлади.
• Темирчининг пичоғи йўқ.
• Пичоқнинг тиғи битта, тилники — юзта.
• Қушнинг қаноти бор, балиқнинг — тангачалари.
• Сўзнинг қаноти йўқ, лекин учади.
• Урф-одатларни ҳурмат қилиш осон, амал қилиш қийин.
• Кечқурун овқатланаётиб эртанги овқат ғамини е.
• Ота ўлса — тоға қолади, она ўлса хола эмизади.
• Кир жойда яшагандан тоза жойда ўлиб қолган афзал.
• Ақлли қуш амалдорнинг уйига ин қуради.
• Ақлли ит бекорга тишламайди, оловсиз тутун чиқмайди.
• Ақлли одам тез қарийди.
• Ўтни юлмоқчи бўлсанг илдизи билан юл.
• Чўкаётган кўпикка ҳам осилади.
• Дарахтни ниҳоллигида парваришла — қариганингда сен боқади.
• Ўқиб — китобдан далил келтир, хушхабар айтсанг — исботи билан айт.
• Яхши таом узоқ эсланади, аламли сўз бир умр эсдан чиқмайди.
• Яхши келин ўз қизингдан афзал, яхши куёв — ўғлингдан.
• Яхши дорининг таъми аччиқ бўлади.
• Яхши уруғ — яхши кўчат, яхши кўчат — яхши гуруч.
• Яхши қўнғироқ енгил туртганда ҳам яхши жаранглайди.
• Яхши фарзанд ота-онасини камбағаллиги учун койимайди, яхши ит эгасини ташлаб кетмайди.
• Пичоқнинг тиғи ўткир бўлса ҳам ўз сопини кесмайди.
• Хушбўй шам ёниб бўлган бўлса ҳам ҳиди қолади.
• Ўғлинг олим бўлишини хоҳласанг, муаллимга турмушга чиқ.
• Опа-укасиз одам — ёлғиз дарахт.
• Ота-онасиз одам — торсиз уд.
• Одам гуруч билан яшайди, балиқ — сув билан.
• Аждодлари бор одам — илдизи бор дарахт.
• Бойликни одам яратади, бойлик одамни яратмайди.
• Одам ўлади, лекин яхши сўзи қолади.
• Одамнинг заҳри ўнта илон заҳрига тенг.
• Бош қанча кал бўлса, унга шунча шабада тегади.
• Ўғри камбағални аяб ўтирмайди.
• Бировнинг отасига бошқалар йиғламайди.
• Филни чизиш учун аввал кўриш керак.
• Бир пиёла гуруч олиш учун бир пиёла тер тўкиш керак.

Давронбек Тожиалиев таржима қилди.

Вьетнамлар (ўзларини кинь, вьет деб атайдилар) — Вьетнамнинг асосий аҳолиси (73,5 млн. киши, 2009) бўлган халқ. Шунингдек, АҚШ (1,6 млн. киши), Камбожа (600 минг киши), Таиланд (200 минг киши), Лаос (100 минг киши) ва бошқа мамлакатларда ҳам яшайдилар. Умумий сони — 77 млн. киши (2009). Вьетнам тилида сўзлашади. Диндорлари — асосан буддавийлар, даочилар, конфуцийчилар; бир қисми католиклар ва аждодлар руҳига ҳамда синкретик (аралаш) динларга эътиқод қилади.