Абдужаббор Яҳёев. Улуғ шоирнинг меъморий мероси (2011)

Буюк мутафаккир Алишер Навоий яшаган давр ва маданий муҳит Мовароуннаҳр ва Хуросон маънавий ҳаётида муҳим ўрин тутган. Бу даврда маданият ва санъат равнақ топган. Ҳиротда Шоҳруҳ, Самарқандда Улуғбек ривожлантирган Темурийлар меьморчилиги анъаналари XV асрнинг иккинчи ярмига келиб, Ҳусайн Бойқаро замонасида, Навоийнинг давлат арбоби сифатидаги фаолияти даврида янада юксалди.

Алишер Навоий Самарқандда таҳсил олган вақтларида Темурийлар даври меъморчилигининг шоҳ асарларини ўз кўзи билан кўриб, улардан ҳайратланган. Темур ва Улуғбекнинг маҳобатли бинолари, Регистон майдонидаги Улуғбек мадрасаси, Амир Темур жоме масжиди, Бибихоним мадрасаси, Шоҳизинда мажмуалари шоир қалбидан жой олган. Навоий бу шаҳарни “Самарқанди фирдавсмонанд” деб таърифлаши бежиз эмас. 1465 йили Самарқандга келиб тўрт йил давомида Улуғбек, Фазлуллоҳ Абуллайс, Аҳмад Ҳожибек мадрасаларида астраномия, математика, муҳандислик, ҳикмати нужумдан сабоқ олган эди. Улуғбек расадхонасини зиёрат қилиб, уни “Жаҳон ичра яна бир осмон” дея таърифлаган.

Самарқанд ва Мовароуннаҳрнинг маҳобатли обидалари, бир-биридан кўркам боғ ва саройлари Ҳусайн Бойқаро салтанатида вазирлик вазифасида ишлаётган шоирни бунёдкорликка илҳомлантирган бўлса ажаб эмас. Сўнгги Темурийлардан бири бўлган Ҳусайн Бойқаро ҳам улкан бинолар қурилишига жазм этган. Унинг бундай ишларга қўл уришида, асосан, бош вазир Алишер Навоийнинг хизмати катта эди. Навоий бутун куч-ғайратини халққа, эл-юртга хизмат қиладиган иншоотлар бунёд этишга қаратган.

Навоийнинг меьморчиликка доир фаолияти кўп қирралидир. Аввал қурилган муҳташам биноларни замона талабларига мослаб таъмирлаш, масжиду хонақолар қуриш, салтанатнинг турли ҳудудларидан келган савдогарлар, сайёҳлар, дарвешлар қўним топадиган работларни, кўприк ва суғориш иншоотлари, халқ саломатлиги йўлида шифохоналар, ҳаммомлар қуриш, боғ ва кўшклар барпо этиш шулар жумласидандир.

Улуғ шоир ва давлат арбобининг меъморий обидалар таъмирига бошчилик қилган йирик ишларидан бири Ҳиротдаги Жоме масжидидир. Хондамирнинг “Хулосат ул-аҳбор” асарида Ҳирот шаҳридаги Жоме масжидининг тоқиси ва мақсураси Ҳусайн Бойқаро даврида бўлиб ўтган зилзила натижасида шикастлангани ҳақида маълумот келтирилган. Амир Алишер Навоий ана шу бинони қайта таъмирлашдек масъулиятли ва ўта мураккаб ишга “хайру саховатли бинокор” сифатида бел боғлайди, “шарофатли масжид” биносини янгилаш ва ўша олий намозгоҳ асосларини мустаҳкамлаш ишини жадаллаштиришга асосий эътиборини қаратади. Уч-тўрт йилга мўлжалланган иш олти ойда ниҳоясига етказилди, деб ёзади Хондамир. Масжиднинг безак ишларини машҳур Мирак Наққош бошчилигидаги уста-ҳунармандлар бажарганлар. Уни битирган ва безаган усталар сони қарийб юзтага борган. 1500 йил 16 март куни Жоме масжидининг қайта тикланиши муносабати билан “товфиқ ва тадбир эгаси амир Алишер” юртга катта ош бериб, зиёфат вақтида иморат қурилишида иштирок этган усталарга қимматли совғалар тақдим этади.

Алишер Навоий меъморчилик соҳасидаги таъмирлаш ишларини Хуросоннинг кўплаб шаҳар ва қишлоқларида ҳам олиб борди. Манбаларда 12 та масжидни қайта тузаттиргани, машҳур Қобус минорасини, Аслон-жозиба работини қайта таъмирлагани ҳақида маълумотлар келтирилади. Шунингдек, аҳоли тураржойлари, кўприклар, ариқларни тузатишга ва бошқа хайрли ишларга ўз маблағидан сарфлаган. Мирзо Муҳаммад Ҳайдарнинг “Тарихи Рашидий” рисоласида кўрсатилишича, “Алишербекнинг ҳар йилги даромади ўн саккиз минг “шоҳруҳия” динорни ташкил қилиб, у бу маблағнинг барчасини хайрли ишлар эвазига сарф қилган”.

Мутафаккирнинг меьморчиликка доир қарашларида оддий фуқаролар манфаати билан бирга Нақшбандия тариқати ёки дарвешларнинг сулук йўлидаги ҳақиқатга эришиш ҳаракатларига ҳисса қўшиш мақсади ҳам бўлган. Хондамир ўзининг “Макорим ул-ахлоқ” асарида бу ҳақда шундай ёзади: “…бу каромат эгаси Амир мансабдорлик кунларида, фуқаро ва дарвешларнинг фаровонлиги, ғариб ва мусофирларнинг фароғати учун Хуросон атрофларида кўп миқдорда хонақоҳ, работ, ҳовуз ва ҳаммом қурган”.

XV асрнинг иккинчи ярмидан Алишер Навоий бутун Хуросон бўйлаб карвонсарой-работлар қурдирган, бузилганларини эса таъмирлаб тузаттирган. Шулардан бири Ҳирот атрофидаги Морўчоқ деган ерга олиб борадиган қадимий карвон йўл бўйида Қўшработ (ёки Морўчоқ работи) ярим вайрона ҳолда сақланиб қолган. Маҳаллий аҳоли уни Алишер Навоий томонидан қурилган деб билади. Навоий Афғонистон, Эрон, Туркистон ҳудудларининг катта қисми таркибида бўлган Ҳусайн Бойқаро салтанатининг чекка ўлкаларида ҳам кўплаб карвонсарой-работлар қурган.

Инглиз олими Д.С.Тримингем “Суфийские ордена в исламе” (М.1989) асарида Навоий 90 та работ қурдирган деб кўрсатиб ўтади. Навоий қурдирган хонақоҳларда ўтказилган тадбирлар ҳақидаги маълумотлар ҳам қизиқиш уйғотади. Хондамирнинг ёзишича, “Халосия” хонақосида, “Ихлосия” мадрасасида ҳар куни мингдан ортиқ заиф ва мискинларга дастурхон ёзилиб, улар лазиз таомлар билан тўйдирилган. Ҳар йили муҳтожларга кийим-бош улашилган.

Навоийнинг бунёдкорлик фаолиятидаги савобли ишлардан яна бири жамоат шифохоналари ва ҳаммомлар меъморчилигидир. Марказий Осиёда шифохона ва ҳаммомлар қурилишига азалдан катта эътибор берилган. Бу турдаги иншоотларга оид маълумотлар IX-X асрларга тааллуқли. Жамоат шифохоналари қурилиши Шарқнинг нуфузли шаҳарларида доимо ривожланиб, давом этиб келган. Манбаларга қараганда, Самарқанд, Марв, Бухоро, Кўҳна Урганч, Ҳирот, Ғазна, Рай, Бағдод, Ҳамадон, Исфахон каби шаҳарларда бундай бинолар сон-саноқсиз бўлган.

Ҳирот Жоме масжидининг жанубида Навоий томонидан бунёд этилган муҳташам бинолар мажмуаси таркибида “Шифоия” иншооти ҳам шифохона, ҳам талабалар учун тиббий билим маскани бўлиб хизмат қилган. Шифохона қаршисида “Сафоия” ҳаммоми қурдирилган, унинг олдида ҳовуз қаздирилиб, харсанг тошлар билан мустаҳкамлаган.

Ўрта асрларда ҳаммомлар фақат ювиниш учун эмас, балки тиббий-гигиеник мақсадларга хизмат қиладиган услубда бунёд этилган. Шунингдек, ҳаммомлар таркибида ҳордиқ чиқариш, дам олиш, учрашув учун мўлжалланган алоҳида хоналар мавжуд бўлган.

Хуросон шаҳарларида Мовароуннаҳр шаҳарларига нисбатан сув танқис бўлгани сабабли, Навоий ҳовуз, сардоба, яхтанглар (муз сақланадиган иншоот) қуришга ҳам эътибор берган, кўплаб ҳовузлар қурдирган, кўприк ва тўғонлар бунёд этилган. Уларнинг айримлари тош, мармардан қилинган. Бу турдаги иншоотлар ҳақида тўлиқ тасаввур ҳосил қилиш учун Бухоро шаҳридаги атрофи тош билан терилган тўрт, саккиз қиррали ҳовузларни, Қаршидаги қадимий кўприкларнинг меьморий кўринишини эслаш кифоя.

Навоий Хуросонда бир қанча булоқлар очтириб, каналлар қаздиради, ариқ олдириб сув чиқаради. Улуғ шоир боғ тузиш санъатидан, боғ меъморчилиги услубларидан яхши хабардор бўлиб, кўп ерларда боғ ташкил этган, боғ кўшклари қурдирган. Албатта, бу боғлардаги иншоотлар Амир Темур ва Улуғбек яратган боғ ва саройлардек, фақат аслзода ва ҳукмдорлар сулоласи учун эмас, балки оддий фуқароларнинг ҳам дам олишига мўлжалланган хиёбон ва чорбоғлар бўлган.

Алишер Навоий даври меъьморчилиги ҳақида тарихчилар келтирган айрим маълумотларнинг ўзиёқ буюк шоир ва давлат арбобининг бунёдкорлик соҳасида олиб борган ишлари кўлами кенг ва турли-туманлигини яққол кўрсатади. Юқорида айтилганлар Навоий қурдирган иншоотларнинг фақат бир қисми холос. Алишер Навоийнинг Хуросон — ҳозирги Афғонистон, Жанубий Туркманистон, Шарқий-шимолий Эрон ҳудудларида ҳозирча аниқланмаган яна кўплаб обидалари мавжудлигига шубҳа йўқ.

Абдужаббор Яҳёев,

архитектор

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2011 йил 7-сонидан олинди.