У тикланиш (реанимация) бўлимида эди.
Бир ҳафта бурун уйига бориб уни кўрган эдим. Лекин аҳволи оғирлашиб яна касалхонага ётқизилганини эшитгач, сабрим етмай хабар олгани бордим.
Бўлим эшиги белидаги дарчани тақиллатдим.
Эшик орқасида ҳамшира бир аёл кўринди.
— Одил акани кўрмоқчиман, — дедим.
— Сиз кими бўласиз?
— Укаси, шогирди.
— Аҳволи оғир. Одам танимайди, — деди ҳамшира.
— Барибир, кўришим керак.
Ҳамшира эшикни очди. Қўлимдаги халтага қараб:
— Унга энди ҳеч нарсанинг кераги йўқ. Қайтиб олиб кетасиз, — деди.
— Шу ерда, ўзларингда қолаверсин, — дедим.
Аёл йўлакдан мени катта бир хонага киритиб юборди.
Хонада тўрт-беш бемор, ғира-шира пайқадим. Рўпарада, тўрда Одил аканинг каравоти. Боши устида чироқёнар, у сўник кўзларини шифтга тикиб ётар эди. Бир қўлига дори томизгич уланган, кўкси очиқ, кўксига ҳам игна санчилган. Иккинчи қўли тўшакка вазмин босилган.
Уни кўриш баробарида, каравот ёнида турган хушқомат-ёш ҳакимага кўзим тушган эди. Ҳакима бўш курсига имо қилиб: — Фақат икки-уч дақиқага ўтирасиз. Гаплашиш қийин. Фойдаси йўқ. Сезмайди, — деди.
Мен Одил аканинг ҳолатидан гангиб қолган эдим. Неча кундан буён у хасталик азобини чекаётгани, умр шами бора-бора сўнаётганини билсам-да айни шу дамгача, қанча кишилар бу бўлимда ўнгланиб палатага кўчирилади, Одил аканинг ҳам аҳволи унча ёмон эмасдир, у кучли киши, ҳали тузалади, деб ўйлаётган эдим. Бу кун касалхонага келаётганимда ҳам, у билан ҳар қачонгидек дийдорлашиш, жилла қурса, икки оғиз сўзлашиш мумкин, деб ўзимни-ўзим алдаётган эдим. Шу дамда эса йўлакдаги ҳамшираю, хонадаги ҳакиманинг айтганлари бор аччиқҳақиқат эканлигини тушунгандек бўлдим. Шунга қарамай, умидли кайфият мени ҳамон тарк этмаганидан, ҳакима огоҳлантирганига аҳамият бермай, Одил аканинг қўлини бир дам тутиб сийпалагандек бўлдим. Одил ака, бу мен, дедим. Сизни яхши кўрамиз, Одил ака, дедим.
Лаҳза ичида кўп гаплар хаёлимдан кечди.
* * *
У билан қачон, қандай танишганимни эсламайман.
Адабий давра — бир оила. Талабалик йиллари турли йиғинлар, учрашувларда қатнашиб, ном қозонган ёзувчилар орасида Одил акани ҳам кўрган, таниган бўлишим керак.
Анча йил бизнинг муносабатимиз оддий дейми, расмийми эди. Одил ака мендан ўн беш ёш катта, у Тошкент давлат дорилфунини (ҳозирги Миллий университет)ни ҳам мен ўқишга киришимдан бир неча йил олдин битирган. Маълум муддат Адабиёт нашриётида ишлади (ўшанда мен ҳам муҳаррирлик қилганимдан, бирга ишлаган пайтимиз бўлган). Кейинчалик газета бош муҳаррири, Ўзувчилар уюшмасининг раиси сингари раҳбар лавозимларни эгаллади. Мен уни ҳурмат қилар, ижодига қизиқиб асарларини ўқиб борганимдан, устозларимдан бири деб билардим. Аммо бу ўша — адабий даврага, кўпчиликка тегишли умумий ҳолат! Буни яқинлик-қадрдонликка йўйишнинг иложи йўқ… Ўз навбатида, Одил ака ҳам менга (ижодимга) алоҳида эътибор берган, деёлмайман. Тўғрироғи, ўшанда у мени яқиндан билмаган, бунга ҳатто қизиқмаган бўлса ҳам ажаб эмас. Бундан ташқари, унинг атрофида яхши-ёмон шогирди, мухлиси кўп эди… Умуман, ўша пайтлардан менда қолган таассурот, Одил ака катта-кичик демай, барча билан бирдек яхши муносабат тутар, шу билан бирга, у ўзини афтидан “дахлсиз” деб билган киши (қандайдир “ёлғиз карвон”) эди.
Узоқ йиллар давомида орадаги муносабатдан кичик икки муҳим ҳолат ёдимда. Мен ҳали нашриётда ишламасдим. Одил ака бош муҳаррир ўринбосари эди. Дастлабки “Йиллар шамоли” романим чоп этиладиган бўлди. Бир куни кутилмаганда мени Одил ака қидираётганини айтишди. Бордим. Одил ака қўлёзмани ўқиган экан, ҳали айтганим оддийми-расмий, мен — шунчаки муаллиф, у — шунчаки ношир, асар борасида гаплашдик.
— Ўш дўстим! Китоб босилади, — деди Одил ака. — Лекин унгача айрим ўринларни бир кўрсангиз… — Кейин, менга “Ўзбекистон учун шўронинг пахта сиёсати қанчалик зулмга айлангани”ни рўйрост гапира кетди. — Қишлоқҳаёти “далада байрам” эмас, мажруҳ аёлларни, ҳали оёғи чиқмай далага ҳайдалган болаларни “унутиб”, қишлоқҳақида асар ёзиб бўлмайди. Сезиб турибман, асарда ният бошқа, аммо барибир, бу нарсаларни ўйлаш керак…
Мен ўша куни Одил акадан сабоқ олдим.
Ўйлашга ҳаракат қилдим.
Иккинчи ҳолат. Ўзбекистон мустақилликка эришиб, илк қадамларини боса бошлаган. Одил ака бу кунларни интиқ кутганлардан. У ёши улғайиб қолган бўлса-да, ҳаётда ҳам, ижодда ҳам фаол. Бир дақиқа ортиқча вақти йўқ. Аммо “Тўрт томон қибла” трилогиясини ёзганимда, асарни Одил ака кўздан кечириб берармикин, деган хаёлга бордим. Ундан буни сўрадим. У эринмай асар билан танишиб чиқди, ҳатто газетага бир мақола ҳам ёзди. Одил ака ўзи анъанавий услубда асар ёзганига қарамай, давр билан бирга адабиёт ўзгариб бориши, янги шакллар қидириш ҳам кераклигини яхши тушунарди. Фақат ўзбек адабиёти эмас, бутун жаҳон адабиётидаги жараёнлардан хабардор эди. Матбуотдан ташқари, бир-икки йиғинда ҳам асаримни маъқуллаган ҳолда, у менга:
— Изланиб ижод қилаётганинг яхши. Фақат, жаҳон андозаларига суяниб, халқдан узоқлашмаслик керак. Шу нарсага эҳтиёт бўл, — деди.
Мен ўша куни Одил акадан яна сабоқ олдим.
Эҳтиёт бўлишга ҳаракат қилдим.
* * *
Таъбир жоиз бўлса, одамлар орасидаги муносабатда юзага келган яқинлик-қадрдонлик ҳам муҳаббатга ўхшайди. Халқ бекордан “меҳр-муҳаббат” деб қўшиб гапирмайди.
Яқинлик-қадрдонлик бировга буюриши, бировга буюрмаслиги мумкин. Биз баъзан оддий, расмий муносабатни дўстлик деб атаймиз. Йиғинлар, тўй-маъракаларда қучоқлашиб кўришганларнинг барини адашиб, бир-бирига қадрдон, бири-бирига меҳрибон деб ўйлаймиз. Ҳолбуки, ҳаётда одамлар муносабати илк кўринганидан мураккаброқдир.
Қисқаси, Одил ака ёши саксонга яқинлашиб, уйда ижод қилаётган, мен ҳам ёшим олтмишдан ўтиб ижодий ишга чоғланган бир даврда орамизда олдинги (оддий, расмий)га ўхшамаган бир муносабат туғилди. Тўғрироғи, мен бир оз “кечикиб” Одил ака (инсон ва адиб)нинг қадрига ета бошлаган, у ҳам менинг меҳримга мос жавоб қайтарган бўлса керак. Катта-кичик ижодкорларнинг баъзан яқинлашиб-қадрдонлашиб, баъзан аксинча, узоқлашиб-бегоналашиб кетиши эскидан учраб турадиган ҳол. Бу, эҳтимолки, дунёқарашдан, ҳаётга муносабатдан, ҳар хил шарт-шароитлардан келиб чиқади. Қандай бўлмасин, аввалида “Шарқ юлдузи” журналида ишлаган биродарларим билан, кейин бошқа айрим ижодкор дўстлар билан гоҳида Одил аканинг уйига бориб унинг суҳбатини олишга одатландим. Адабиёт аҳлига тегишли турли давраларда ҳам кўпроқ кўриша бошладик. Асосан, юрт, халқ, адабиёт бобида гаплашар эдик.
Одил ака табиатан жиддий киши. Бу — ҳазил-мутойибани, табассумни билмайди, дегани эмас. У мағрур ва осойишта. Бир нарсадан норозиланган, жаҳли чиққан (тўғрироғи, ғазабланган) пайтда ҳам, фақат юзига булут соя ташлаб, кўзлари чақнар, аммо унинг ўзини тутишида жиддият ва осойишталик “сақланиб” қолаверарди. Бунга зид ҳолда, адибнинг асарларини ўқиган киши унинг қалбида қандай тўфонлар борлигини ҳис этиши мумкин. Яна бир белги. Одил ака балки ўйламагандир ҳам, исмига мос, унинг асарларида адолат туйғуси муҳим ўрин тутади. Гап мустақиллик йилларида у “Адолат манзили” деб асар ёзганида эмас, биров эътибор берган-бермагандир, илк асарларидан “Муқаддас” қиссасининг ўзи ҳаётдаги адолатсизликка қарши исёндир. “Диёнат” романида ҳам, “Улуғбек хазинаси”, “Кўҳна дунё” тарихий романларида ҳам у шу туйғу мезонидан келиб чиққанини кўрамиз. Одил ака суҳбатда баъзан Абдулла Қаҳҳор ёки Озод Шарафиддинов тўғрисида гапирар эди. Бу икки кишининг адабиётга талабчанлиги, ҳақиқат ва адолатни диққат марказида тутишгани виждонли инсон ва виждонли ёзувчи сифатида Одил ака учун афтидан муҳим эди.
У — адабиётга тўғри, ҳаваскорлик даврини бошдан кечирмай кирганлардан. Тасаввур қилинг, Туркистон тумани Қарноққишлоғида туғилиб, ўрта мактабни тугатиши билан аскарликка чақирилган, иккинчи жаҳон муҳорабасидан кейинги япон урушида қатнашган. Шу боисдан, дорилфунунда ўқишни ҳам бир оз кеч — ўттиз ёшида битирган, лекин шу орада насрий асарлари (ҳикоя, қиссалари) босилиб, драмалари театр саҳнасида қўйила бошлаган эди. Унинг асарларида уруш мавзусига қайта-қайта мурожаат қилинган. Муҳими, Одил ака ёшликдан ҳаётни кўрган, бир ўлимдан қайтган эди. Унинг жиддийлиги, босиқлиги, баъзан дағал ва кескинлиги маълум даражада шу таржимаи ҳол билан ҳам боғлиқ.
Аммо ўз даражасини билиш, ўзига ишонч, ғурур баробарида, у “деҳқонча” содда, оддий ва камтар, бағрикенг инсон. Барча адиблар, айниқса, ёш ижодкорларга меҳрибон эди. Адабиёт оламида ҳар хил ҳолат учрайди, рашк ҳам. Устоз Миртемирдан кейин, атрофида кўпроқёшлар тўпланган киши — Одил ака эди. Одил ака эринмай-оғринмай гоҳида ўзи уйга қўнғироққилиб, ишларинг қандай кетяпти, кўринмайсан, деб ҳол сўрар, қайсидир даврага бирга боришни таклиф ҳам қилаверарди. Бирон масала бўйича хаёлида қандайдир савол туғилса, мен каттаман, мен устозман, деган фикрга бориб ўтирмай, самимий кўйда сенинг мулоҳазаларингни босиқ эшитарди.
* * *
Мана, энди у — ёши саксондан ҳам ўтган, уйдан кам чиқаётган кунлар. Гоҳ-гоҳи ўзига бориши зарур туюлган “жойлар” — давраларга аксар ўғли Искандар етагида йўл олар (шу ўринда айтиш керак, Искандарга тўғрилик, оддийлик отасидан “юққан”, баъзан ичкарига кириб, баъзан ташқарида ҳам қолаверарди), Одил акани қанчалик қисташмасин, яна тез уйига қайтар эди.
Асосан, умри шундай, уйда ўтаётганига қарамай, оила аъзоларининг ғамхўрлигидан бўлак — кунда бўлмаса-да, кунора тенгдошлари ва уларнинг фарзандлари, ўз ука-шогирдларию, мухлислари Одил акадан хабар олиб туришарди… Умуман, яна Миртемир акага қиёс, Одил аканинг уйида доим дастурхони очиқ эди. Янгамиз Марям опа унинг юз-кўзига қарайди. Уни авайлаб келган. Авайлайди.
Хуллас, Одил ака сўнгги пайтлар ҳовлида, айвон этагидаги йўлкада бир соат-ярим соат “оёқнинг чигилини ёзиш учун” нари-бери юришни одат қилган. Яёв юришнинг фойдаси ҳақида гап чиққанида ўзи кўпинча буни айтар эди. Бир куни боши айланганми, ҳар ҳолда шу йўлкада йиқилиб қолган, суякларига зарб етган экан. Жаҳонгашта журналист ва адиб Анвар Жўрабой билан борсак, ойнаванд айвонга ичкаридан анча қийналиб чиқди. Лекин курсига жойлашиб олгач, дадиллашгандек бўлди. Фақат, унинг гап оҳанги менга унча ёқмади, у ўз ҳаёти ҳақида, инсондан дунёда нимадир қолиб-қолмаслиги ҳақида, негадир “тобуткашлик” ҳақида гапирди, бунинг бари васиятга ўхшар эди. Кейинги йиллар у “Осий банда” романи иккинчи китоби устида ишлаётган, кўпроқ хаёлини шу асар тақдири банд этаётган эди, мен уни “чалғитиш” учун шу ҳақда сўрадим. Бироқ бу борада унинг гаплашгиси келмади.
У икки ойдан кўпроқ вақт хасталик азобини чекди. Бир нуқтага фаромуш ва ўйчан тикилган. Тақдирга гўёки тан берган. Бировга ўз ҳолати малол келмаслигига уринаётган…
Одил ака ўзи ёшлигида юзлашган уруш давридан матонатга, бардошга ўрганган эди.
* * *
Тикланиш (реанимация) бўлимида, Одил аканинг қаршисида туриб лаҳза ичида шу гаплар хаёлимдан кечди. Тўғриси, бу — ўй ҳам эмас, сенга яқин ва қадрли бир кишининг ҳаёти-ю, ўз ҳаётингга дахлдор сезги эди.
Хушқомат ёш ҳакима яна курсига имо қилди. Кейин, Одил ака тўғрисида:
— Ҳаёти тугаган. Биз унинг умрини уч-тўрт кунга узайтираяпмиз, холос, — деди.
Курсига бир нафас ўтиргач, мен учун бу Одил ака билан сўнгги мулоқот, у билан видолашув эканлигини ҳис этдим.
Бўғзимга нимадир тиқилди.
Касалхонадан кўча чиққанимдан сўнг, назаримда ҳакиманинг овози қулоғим остида акс-садо бераётгандек бўлди:
— Биз унинг умрини уч-тўрт кунга узайтираяпмиз…
Худойим! Бу дунёда чинакамига инсоннинг умрини унинг эзгу ишлари, ёзган асарлари узайтирмайдими?..
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг 2010 йил 39-сонидан олинди.