Матназар Абдулҳаким бугун орамизда йўқ. Кимдир: “Матназар деганлари қанақа одам эди?”, деб сўраб қолса, уни яқиндан билган, асарларини ўқиганлар: “Яхшилар ичра яхши, ҳақиқий шоир, ҳақиқий дўст, кўнгли осмонга талпиниб яшаган инсон эди”, деб жавоб қилиши аниқ. Дарҳақиқат, у осмонни севарди, мудом юксакларга талпиниб яшарди.
Табиатан камгап, сипо, камтар инсон бўлса-да, бироқ кўзлари чақнаб турарди унинг. Мумтоз адабиётимизни пухта билар, арузнинг шайдоси, Навоий ва Огаҳийнинг маҳлиёси эди аслида. Ҳам шоир, ҳам олим бўлиш осон иш эмас. Бу икки майдонда бирдай истеъдодини намоён этиб, кибрланмай, ҳаволанмай яшаб ўтиш ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди. Матназар Абдулҳаким ана шундай кишилар сирасидан эди. У ҳеч қачон мен зўрман, деб кўкрагига урмади, ҳар бир сўзини етти ўйлаб-бир кесиб айтди. Шу боис, ҳамма уни баравар ҳурмат қиларди. Сиртдан сокин, вазмин кўринган шоирнинг кўнглидаги битмас-туганмас тиниқ туйғулари дилбар сатрларида акс этарди:
Мен осмонга мактублар ёздим,Руҳи юксак, сўзлари олий.
Хаёлларим самовий эди,
Мактубларим эса – хаёлий.
Ушбу тўртлик унинг “Осмонга хат” шеърига тааллуқли. Ана шу шеърида шоир ўтмишда не-не даҳо ижодкорларга ҳам тинчлик бермаган оғриқли саволларни ўртага ташлайди: нега ер юзида меҳр-муҳаббат устувор эмас, нега раҳм-шафқат, мурувват, саховат, эзгуликни ўзига аъмол деб билиш ҳамма одамнинг ҳам қўлидан келавермайди? Нима учун башарият турфа нифоқлар, фитналар, туҳматлар ва бидъатлар гирдобидан халос бўлолмайди? Инсон нега бу қадар мўрт яралган?.. …Матназар осмонга талпиниш—комилликка интилиш эканлигини англайди. Айтади: “Осмон мени севмаса ҳамки, яшайвердим унга суйканиб”. Ҳа, маънавий комилликка элтувчи йўл машаққатлар билан лиммо-лим. Минг бир азобда ўзингдаги нуқсонларни енгиб ўтишинг керак. Баъзан бу йўлда учраган қийинчиликларга бардош беролмай ёзғирасан, умидсизликка тушасан. Лекин ортга чекинсанг, ютқазасан. Юки нақадар оғир бўлса-да, “осмон”га суйканишинг лозим.
Истиқлол йилларида Матназар Абдулҳаким чинакам маънода истеъдодини намоён қилди. У ўзининг дилбар ва жарангдор асарларини ҳам айнан халқимиз асрий истибдод занжиридан халос бўлиб, ҳуррият қуёшига юзланган кезларида ёзди:
Жилва қил, жоним, жаҳон оро топар,Дарбадар руҳим менинг маъво топар,
Топди кўнглим зор бўлиб кўнглингни ёр,
Ҳар қачон тиллони бил, тилло топар.
Шоир қалбининг жилва қилмоғини истайди. Ахир, беш минг йиллик тарихга эга юрт вайроналараро Ҳумо қуши бўлиб бош кўтарди. Жаҳон яна оро топиб, асл чиройини намоён қилди. Шу пайтга қадар унинг кўркида доғ бор эди. Зотан, дарбадар руҳ маъвосига интизор эди. Бундан шоирнинг руҳи ҳам афтода эди. Ниҳоят, у ўзининг маъвосини кўрди, унга юкунди, таскин топди. Сир эмаски, асл ўз аслини топиши муқаррар. Биз аслмиз, асллигимизга қайтдик. Қушлар ошёни бўлмиш бўстонни хароб қилиш мумкин, вале қушлар қўшиғини маҳв этиб бўлмайди. Бу қўшиқ наслдан-наслга ўтади. Ғорат этилган боғда ниҳоллар униб чиққач, борлиқни яна ўша қадимий қўшиқ оҳанги тутиб кетади.
Бу Матназар Абдулҳакимнинг фикри, шоирнинг изҳори, ишончи. Бугунги фараҳбахш кунлар — ана шу фикрнинг исботи. Озод, обод юртимиз боғу бўстонлари қайтадан яшнаётир, юракларда авайлаб сақлаб келинган озодлик, истиқлол ва истиқбол қўшиқлари баралла янграмоқда.
Матназар Урганч туманидаги Қоровул қишлоғида туғилиб ўсди. Санаси 1948 йил, 20 феврал. Бир гал учрашганимизда у: “Менинг туғилган кунимда Хоразмда ташқари анча совуқ бўлади, мен эса исиб кетаман. Чунки ичкаримиз ҳамиша илиқ”, деган эди. Кўпинча Нажмиддин Кубро, Замаҳшарий, Султон Жалолиддин, Паҳлавон Маҳмуд, Огаҳий, Мунис, Феруздан ривоятлар айтар, уларнинг ибрати ҳар бир қалбга муҳрланишини истарди. Мен эса бу ҳикоялардан завқ олардим, уни журналистика соҳасида ҳам қалам тебратишга ундардим. Қайсидир йили Матназар “Хотира ва қадрлаш куни” муносабати билан “Қишлоқҳаёти” газетасига бир мақола йўллади. Ўша куни кечки соат ўн бирларда газетанинг навбатдаги сонини нашрга узатгач, мақолани қўлимга олдим. Ўқиб, беҳад ҳаяжонландим. Шоирнинг Юртбошимиз ташаббуси билан нишонлана бошланган ушбу табаррук айём замиридаги эзгу ғояни жуда ҳам нозик фаҳмлаганидан мутаассир бўлдим. “Офтоб яхшилик қилишдан тўхтамайди, — деб ёзган эди у, — вазифасини ҳар бир отаётган тонгдан бошлаб сидқидилдан бажаришга чоғланади, она заминга, инсонларга эзулик, меҳр-мурувват улашади, биз ҳамофтобдай тўхтамаслигимиз керак. “Хотира ва қадрлаш куни” ҳар куни ҳар биримиз савобдан тўхтамаслигимиз зарурлигинибилдиради…” Ўша заҳоти раҳматли Озод Шарафиддиновга қўнғироққилиб, у кишига мақолани бошдан-охир ўқиб бердим. Устоз: “Матназарнинг кўнгли тиниқ, шеърлари тиниқ, ҳар бир ёзгани тиниқ, ғубори йўқ. Отасига раҳмат”, дедилар севиниб. “Матназарни қўйворманг, у жуда ажойиб ижодкор”, деб қўшиб қўйдилар гапнинг сўнгида.
Биз ҳам устознинг маслаҳатига амал қилиб, Матназарни “қўйвормадик”. Бот-бот қўнғироққилиб, бири-биридан яхши, ўқишли мақолалар ундирдик. Шоир ёзган ҳар бир мақоласини, у бир ғазал шарҳи бўладими, Хоразмнинг осори атиқалари тарихими, буюк аждодларимиз ҳаёти ва ижодига доир бадиҳами, барчасини“Қишлоқҳаёти”, “Ҳаёт”, кейинчалик “Халқ сўзи” газеталарига илинадиган бўлдик. Муштарийлардан кўплаб миннатдорлик мактублари олдик. Матназар бундай хатлар ҳақида эшитганида ёш боладай қувониб кетарди.
Шоир ҳазилни унчалик ҳам хуш кўрмасди. Тўғрисўз, жиддий инсон эди. Кунлардан бирида ўзи қўнғироққилиб қолди: “Ака, биз ҳам оз-моз шеър машққилиб турамиз. Шу кунларда шеър ўз-ўзидан қуйилиб келаяпти. Газетадаги йигитлар мендан хафа бўлмай туришсин. Уч ойча танаффусга чиқмоқчиман. Узримни қабул қилсангиз”. Орадан кўп ўтмай, тандирдан узилган нондек қилиб “Жавзо ташрифи” сайланмасини таҳририятга олиб келди. Чин дилдан табрикладик.
— Бу нечанчиси? — сўрадик ундан.
— “Тиниқ тонглар”, “Фасллар қўшиғи”, “Қор қўшиғи”, “Мавж”, “Ёнимдаги дарёлар”, “Қорачиқдаги дунё”, “Ойдинлик”, “Бир қучоқ гул”, “Ёлғиз япроқ”, “Кўприк”, “Мангулик жамоли” ва мана шу “Жавзо ташрифи”, — деб шоир эринмасдан китобларини бирма-бир санади-да, хижолатомуз жилмайди. — Ҳисобда адашиб кетдим. Нечанчиси экан?..
Ўшанда Матназар фақат шеърий асарларини тилга олган эди. Кейинроқ унинг “Иймон туҳфаси”, “Ялдони ёритган нур”, “Ҳақ файзи”, “Кўнгил кўзлари”, “Илм сарчашмалари”, “Иккинчи муаллим сабоқлари” каби адабиётшуносликка оид илмий-бадиий китоблари ҳам нашр этилганидан воқиф бўлдик.
Матназар умрининг сўнгги 13 йилини Президентимиз ташаббуси билан Хивада қайтадан бунёд этилган Хоразм Маъмун академиясида илмий изланишлар, тадқиқотлар олиб боришга бағишлади. У ана шу қутлуғ даргоҳда ишлаётганидан фахрланарди. У ўзининг илми ва салоҳиятини маънавий меросимиз намуналарини тадқиқ этишга сафарбар қилди. Шайх Нажмиддин Кубро, Шайх Маждиддин Бағдодий, Паҳлавон Маҳмуд, Огаҳий ижодини чуқур ўрганиб, уларнинг янгидан-янги қирраларини кашф этди. Жаҳон адабиётида ўзининг теран фалсафий маънога йўғрилган шеърлари билан шуҳрат қозонган Мирзо Абдуқодир Бедил ижодига меҳр қўйиб, мустақил тарзда форс тилини ўрганди. Тенгсиз шоирнинг ғазал ва рубоийларини аслиятдан ўзбек тилига ўгирди. Бир вақтлар Огаҳий Шайх Саъдийнинг “Гулистон” асарини таржима қилиб, ўзбек таржимашунослик мактабига асос солган эди. Матназар Абдулҳаким ана шу анъанани давом эттириб,таржимашунослигимиз ривожига муносиб ҳисса қўшди. Қолаверса, у қардош туркман шоирлари, рус шеъриятининг забардаст намояндалари асарларини ҳам ўзбек китобхонларига тақдим этди.
Матназар Абдулҳаким истеъдодли шоир, нозиктаъб журналист, зукко адабиётшунос, моҳир таржимон сифатида мамлакатимизда тилга тушган, эътибор ва эъзоз топган ижодкор эди. Хусусан, 1992 йилда у Президентимиз Фармони билан Ўзбекистон Республикасининг “Фахрий ёрлиғи” билан тақдирланган эди. 1998 йилда эса “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими” фахрий унвонига сазовор бўлди. 2001 йили мамлакатимизда ташкил этилган “Офарин” танловининг “Энг яхши шоир” номинацияси бўйича совриндори бўлган бўлса, яқинда Мустақиллигимизнинг 19 йиллигига бағишлаб ўтказилган “Энг улуғ, энг азиз” республика кўрик-танловида унинг “Мангулик жамоли” ва “Илм сарчашмалари” китоблари иккинчи ўринга лойиқ топилган эди.
Истеъдодли шоир ва нозиктаъб адабиётшунос Матназар Абдулҳаким айни ижодий куч-қувватга тўлган пайтида оламдан ўтди. Аммо у жисман орамиздан кетган бўлса-да, руҳан биз билан бирга. Унинг беназир шеърий ва илмий асарлари ҳали яна кўп йиллар миллатимизга, ватанимизга, халқимизга, келажагимизга хизмат қилиши, шубҳасиз. Зотан, шоир “Осмонга хат” шеърини шундай сатрлар билан якунлаган эди:
Умид билан сочмоқда ёғду,Нурли чопарларим — кўзларим.
Улар энди сўнмас… Элчига,
Ўлим йўқ-ку, ахир, дўстларим.
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг 2010 йил 39-сонидан олинди.