Оқ оралаган сочлари сўнгги урфда тарашланган, бош-адоқ оҳорли, ораста кийинган, қадди тик, нигоҳлари виқорли бу дўстимизнинг исми Акрам. Уни дабдурустдан кўрганлар бирор нуфузли идоранинг нуфузли ходими бўлса керак деган хаёлга боради. Лекин Акрам бор-йўғи — сантехник. ”Сувсоз” корхонасининг оддий хизматчиси, оқова сув қувурлари тиқилиб қолганида ҳозиру нозир бўладиганлардан. Биз уни машҳур бир фильмнинг машҳур қаҳрамонига ўхшатиб, ҳазил аралаш “Афоня” деб атаймиз
Акрамнинг отаси Малик ака ҳам сантехник эди.Униг исқирт, йиртиқ-ямоқ коржомаси ҳали-ҳануз кўз ўнгимизда. Уйида ҳам, кўча-кўйда ҳам шу либосда учратардик. Ҳамиша соч-соқоли ўсиқ, арзон вино ва тамаки исига қоришиб юрарди. Отасининг ҳол-аҳволидан Акрам ҳижолат чекишини сезардик. Албатта, бу мазлум одамнинг қаддини буккан, ичкиликбозликка мубтало этган аслида ижтимоий адолатсизлик, жабр-зулм, ночорлик экани ўша пайтлар ҳеч биримизнинг хаёлимизга келмаган. Малик ака ўтган асрнинг саксон олтинчи йили, охир-оқибат, жигар касали касридан қазо қилди. Ўшанда Акрам саккизинчи синфни эндигина тамомлаганди. Отаси ўлимидан сўнг оилада тўнғич ўғил сифатида тирикчилик ташвишига тушиб қолди. Ўқишни ортиқ давом эттира олмади. Очиғини тан олиш керак, Акрам ўтган саккиз йил давомида ҳам ўқишни қойиллатиб қўйгани йўқ. Ҳамиша тушкун ва ҳорғин бир кайфиятда юрарди. Бир гал адабиёт ўқитувчимиз, “Тожиев, зеҳнинг яхши, ҳаракат қилсанг тузук ўқиб кетасан”, деб қолди. Акрам муаллимага ҳасратли бир қараш қилдию, индамай ерга қаради.
“Аъло ўқиганим билан адамдан ўзиб қатга ҳам борардим”, деди у кейинчалик менга, икковимиз беихтиёр суҳбатлашиб қолган чоғимиз.
Қарангки, чиндан ҳам у ота касбининг давомчисига айланди.Боқувчисиз қолган оилага раҳмлари келдими, ҳартугул, “ЖЭК” идораси ишчилари, марҳум отасининг биродарлари уни ёнларига олишди.
Мана, орадан йиллар ўтди. Қанча сувлар оқиб кетди. Акрам бугун тўрт фарзанднинг отаси. Рўзғори бут. Барча синфдош дўстлар қатори борди-келди қилиб турамиз. Акрамнинг юриш-туриши, айниқса, уйида, оиласи даврасида ўзини тутиши мени кўпдан бери ҳайратлантириб келади. Ҳали гап аввалида таъкидлаганимдек, дўстимиз ишга пўрим бориб, пўрим қайтади. Ҳеч қачон кир-чир, йиртиқ-ямоқ коржомада маҳалла-кўйга, хонадонига кўриниш бермайди. Юз-кўзида ҳамиша енгил бир табассум. Шу ўринда Акрамнинг тағин баъзи бир хислатларини эътироф этмасликнинг иложи йўқ. У ҳеч қачон хонадонида, фарзандлари кўз ўнгида чекмайди. Бунинг учун кўп ҳолларда ташқарига чиқади. Уйига ҳеч қачон маст-аласт келмайди. Ичкилик масаласида меъёрни жуда қаттиқ ушлайди.Албатта, бундай ўз-ўзини чеклов,қатъий интизом остида оила қайғуси, фарзандлар тарбияси ётгани шак-шуҳбасиз. Шу ўринда муҳтарам Президентимизнинг “ Юксак маънавият- енгилмас куч” асаридаги қуйидаги сатрлар ёдга тушади.
“Ҳар қайси миллатнинг ўзига хос маънавиятини шакллантириш ва юксалтиришда, ҳеч шуҳбасиз, оиланинг ўрни ва таъсири беқиёсдир. Чунки инсоннинг энг соф ва покиза туйғулари,илк ҳаётий тушунча ва тасаввурлари биринчи галда оила бағрида шаклланади. Боланинг характерини, табиати ва дунёқарашини белгилайдиган маънавий мезон ва қарашлар—яхшилик ва эзгулик, олижаноблик ва меҳр-оқибат, ор-номус ва андиша каби муқаддас тушунчаларнинг пойдевори оила шароитида қарор топиши табиийдир”
Дарҳақиқат, шундай. Биз бу фикрларнинг нақадар рост эканлигига дўстимизнинг оиласи мисолида ҳар куни ҳар соатда гувоҳ бўлиб турибмиз.
Лекин, минг афсуски, Акрамнинг тарбия масаласидаги ўзига хос қарашларини, олижаноб хатти-ҳаракатини нотўғри тушунадиган, унга истеҳзоли муносабатда бўладиган тоифалар унча-мунча учраб туради. Маҳалламиз бойваччаларидан ҳисобланмиш Жалил қассобни шулар сирасига киритиш мумкин. У ўз-ўзича ҳаётий фалсафалар тўқиб олган, “эркакча” тарбия тарафдори. Уйига кун аро маст-аласт қайтади, жанжал, тўполон кўтаради. Унингча, шундай турмуш тарзи болаларни иродали, ҳаёт қийинчиликларидан қўрқмайдиган, пишиқ-пухта, ўз улушини юлқиб оладиган одам қилиб шакллантирар эмиш. Гўёки бу шафқатсиз дунёда кун кўришнинг ягона усули шундай эмиш.
“Эй, — деди у бир куни Акрамга, ширакайф ҳолатда чойхонадан қайтаркан, — намунча интизомли бўлмасанг, нима, сен ҳарбиймисан? Уйингга ҳам худди ҳарбийлардай кириб-чиқасан. Сенинг юриш-туришингни кўриб болаларинг қандай тарбия олади, биласанми? Ойимтилла, мулла сўфи бўлиб ўсади улар. Ҳаётда бир умр бурунлари қонаб ўтади…”
Акрам ортиқча гап-сўз қилмай жокуяр насиҳатгўйдан узоқлашди. Ва одатий турмуш тарзида давом этиб кетаверди.
Мен дўстимнинг бахтиёр оиласи, бир-биридан одобли, билимдон бўлиб вояга етаётган фарзандлари, фаровон турмуши ҳақида ўйлар эканман, беихтиёр раҳматли Малик акани эслайман. Агарки, ҳаёт ўша тахлит давом этаверганида Акрам ҳам ота изидан бориши, исқирт бир ичкиликбозга айланиб, оиласини абгор аҳволга ташлаб қўйиши ҳақиқатга яқин эди. Лекин кейинги авлод толеига истиқлол тонги отди. Бу тонг ёғдулари кишиларимиз онг-шууридан, қалбидан чиркин фикрларни, тушкун ҳис-туйғуларни тўзғитиб юборди. Келажакка умид ва ишонч пайдо қилди. Буни биргина Акрам тақдирида ҳам кўришимиз мумкин. Ҳали таъкидлаб ўтганимиздек, дўстимиз саккизинчи синф саводи билан қолиб кетган, китоб ўқиб, илму тафаккур қиладиган даражада эмасди. У теварагига теран нигоҳ ташлаб, юрт ҳаётида кечаётган эврилишларни, туб ислоҳотларни кўриб фикрлади, ўз-ўзини тарбиялади, қонида яшаш,интилиш завқ-шавқи жўшди. Болаларини комил инсон қилиб тарбиялашга, уларни келажакка ёруғ юз билан учирма қилишга масъулият ҳис этди. Буюк ўзгаришлардан четда туриши асло мумкин эмаслигини чуқур англади.
Бир гал уни бир қучоқ бадиий китоблар кўтариб келаётганида учратиб қолдим. Очиғи ажабландим. Акрам ҳам ҳангу манг қолганимни дарров пайқаб, кулимсиради.
“Бу чаласавод мунча китобни нега кўтариб юрибди,деб ҳайрон қоляпсан-а… Тўғри, бизлар шунақа бўб қолдик, лекин бунга болалар айбдор эмас, улар ўқимишли бўлишсин ”.
“ Болаларинг ёш-ку,бунақа китобларга ҳали тишлари ўтмайди”
“Майли, ҳечқиси йўқ, ҳозирча кўзлари ўрганиб турсин. Кейинчалик албатта ўқиб олишар ”.
Ҳа, Акрам шошиларди! Замонга ҳамқадам бўлишга, мавжуд имкониятларнинг ҳар бир заррасидан унумли фойдаланишга ошиқарди. Унинг бу ҳолати шарқираб оқаётган сойдан энтикиб, ютоқиб сув ичаётган ташна одамга монанд эди.
Шу суҳбатдан сўнг, орадан бир ҳафтача ўтиб, Акрамникига борганимда ўша китоблар “стенка”нинг ойнабанд қисмига териб қўйилганига, жозибали бир манзара касб этганига гувоҳ бўлдим. (Одатда бунақа жойга аксарият хонадонларда ҳар хил чинни, биллур идишлар қўйилади). Дўстимнинг олти яшар қизалоғи, кўзлари ҳайратдан порлаб ўша ёққа интиларди.
— Ана кўрдингми,—деди гўдакдек қувониб Акрам,— қизим ҳалитдан китобга интиляпти !
Мен дўстимнинг ажабтовур тарбия усулига қойил қолдим.
Ўша куни тағин бир андак ғуссали ва ибратли воқеа ҳам бўлиб ўтди. Кечки пайт ҳеч кутилмаганда уйимизга Жалил қассоб кириб келди.Худди ярадор партизандек боши дока билан амал-тақал танғилган, қийиқ қовоқ таги гўё муҳр босилгандай кўм-кўк, лабидан қон силқиб турибди.
— Келинг, Жалил ака, тинчликми?—деб сўрадим хавотирланиб.
Қассоб иҳраб-сихраб гапириб берди.Шом пайти бозордан қайтса, коллеж талабаси бўлмиш ўғли уч- тўрт ўртоғи билан уйда базми жамшид қилаётган экан. Албатта,ишдан чарчаб қайтган Жалил акага шовқин-сурон ёқмаган. Ўғлидан ола-тасирни дарҳол тугатишни талаб қилган. Маст-аласт, ”эркакча” тарбия кўрган ўғил эса кўнмабди. Оқибатда,ўртада жанжал чиққан ва…
— Укажон, бугун уйга қайтиб боролмайман. Улар мени ўлдиришади, илтимос, шу ерда тунаб қолай, — деб ёлворди Жалил ака.
Мен рози бўлдим. Иккимиз ҳасратлашиб алламаҳалгача ўтирдик.
— Акрамжон тарбия масаласида минг карра ҳақ экан, — деди гап орасида Жалил қассоб, — ука, эртага чойхонада бир ош ташкиллаштириб, ундан узр сўрайман.
Мен Жалил аканинг иқроридан мамнун бош ирғадим. Ва шундагина Акрам нафақат оқова сувлар қувурини тозаловчи, балки ўзининг хулқи, тарбия усули билан кўнгилларни ҳам кир –қурумлардан покловчи эканини ич-ичимдан тан олдим.
Бугун эрталаб Акрамнинг иккинчи синфда ўқийдиган ўғли Бекзоджон пилдирабгина мактабга кетаётган пайт уни тўхтатиб саволга тутган бўлдим.
— Келажакда ким бўлмоқчисан?
Албатта, бундай сўров болалар учун жўн ва осон. Боғча опалар, муаллималар бот-бот такрорлайвериб жажжиларни ўргатиб ташлашган.Жавоблар ҳам ҳамиша шай: врач, учувчи, олим, қурувчи….Мен ҳам Бекзоддан шу тайёр жавобларнинг бирини кутган эдим. Лекин болакай бироз хижолатамуз ўйланиб тургач,туйқус кўзлари чақнаб деди:
— Мен келажакда дада бўлмоқчиман!
Бу жавобдан аввал завқланиб кулдим, сўнг ғалати бир ҳисларга чулғандим. Нақадар беғубор ва самимий жавоб! Бунда отасини оқилликда, хушрўйлик ва куч-қудратда танҳо деб билувчи фарзанднинг қалб иқрори яширин! Зеро, ота ўз хатти –ҳаракати, юриш-туриши билан боласида худди шундай таассурот уйғота олган. Ўғил келажакда худди отасидек инсон бўлмоқчи! Менимча, бу Акрамнинг ҳам, барча оталарнинг ҳам эзгу орзуси бўлса ажабмас.
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг 2010 йил 19-сонидан олинди.