Бу дунёда айтарли ҳамма мавжудлик ўзгаради. Ўзгариш, бу — ё янгилик ёки эскириш демак. Аммо бунда бир жиҳатни, албатта, эътиборда тутмоқ зарур: ҳамма “эски” аҳамиятсиз бўлмагани сингари, барча “янги” ҳам фойдали бўлавермайди. Айниқса, илм-фан ва ижод оламида бу ҳодисага тез-тез дуч келинган. Масалан, узоқ ва яқин ўтмишда тил, тарих, фалсафа, адабиёт мавзуида ёзилган айрим китобларни ўқинг: факт ва далил дейсизми, маълумот ва мулоҳаза дейсизми – ҳаммаси тўлиб-тошиб кетган. Ҳатто айрим муаллифлар ҳақида “Бу зот оёқли кутубхона эмасми?”, деган хаёлга ҳам борасиз. Кўп нарсани билиш, маълумот жамлаш, албатта, яхши. Лекин англаш бўлмаса, бари бефойда.
Дарвоқе, хорижий ўлкалардаги тажриба, қўлга киритилган ютуқлардан илмда хоҳлаганча фойдаланиб, уларга таяниш мумкин. Фақат бу ишда ҳам юзакилик бўлмаслиги керак. Тўғри, тафаккур, руҳ, қалб, эрк, ҳақиқат, фано ва бақо каби умуминсоний тушунчалар эътиборга олинса, дунёдаги барча адабиёт – яхлит битта адабиёт, дейиш жоиз бўлади. Бироқ ирқ, миллат, дин, эътиқод, дунёқараш, яшаш шарт-шароитлари ва бошқаларда жиддий ё жузъий тафовутлар мавжуд экан, адабиётда ҳам катта ё кичик фарқланишлар бўлиши муқаррар. Шунинг учун Данте, Шекспир, Гёте, Пушкин ёки Толстой санъатхонаси эшигини қайси бир Шарқ шоирининг ижод “калити” билан очиб бўлмагани каби, мумтоз адабиётимиз намуналарини тадқиқ қилишда Ғарб адабиётшунослиги тажриба ва тушунчалари ҳам мувофиқ тушавермайди. Боз устига, шўро замонида ўзбек адабиётшунослигида илдиз отган тақлидий тадқиқотчилик классик матн таҳлилида ғайриилмий фикр-мулоҳазаларнинг кўпайиб боришига сабаб бўлганини ҳам эсдан чиқармаслик лозим. Зеро, хатодан тўғри хулоса чиқариш галдаги хато ва нуқсондан сақланишнинг синалган бир чорасидир. Бизда эса эски камчилик ва чалғишларни хотирлатадиган аҳвол бот-бот кўзга ташланаётир. Янада аниқроқ қилиб айтганда, таҳлил ва талқинларда четдан ўзлаштирилган назарий фикр ва ақидаларни зўрма-зўраки тарзда мувофиқлаштиришга уринилмоқда.
Тадқиқотчи Аъзам Қозихўжанинг “Мулоқот мақоми”(“Шарқ юлдузи”, 2010, 1-сон) номли мақоласи шу гапнинг бир далилидир. Таъкидлаш жоизки, уни ўқий бошлаган оддий ўқувчи ҳам муаллифнинг Навоий ижодиёти ва шахсияти борасида кутилмаган фикр айтишга бел боғлаганини осон пайқайди. Навоийшунослик учун янгилик ҳаракати бугун жуда керак. Бундан ташқари, ўртага ташланаётган фикр-мулоҳаза ҳаммага маъқул келиши ҳам шарт эмас. Мавзу моҳияти тўғри аниқланиб, мушоҳада-мулоҳазада илмийликка суянилса, бас. Тахмин ва уйдирма ўз-ўзидан четга сурилади. “Мулоқот мақоми”да худди шу ҳақиқат унутилган, дейиш мумкин. Аввало, унда тилга олинган “катта замондаги диалог” масаласига тўхталсак. Ўтмишда ҳам, кейин ҳам бизнинг ижодкорларимизда “катта замон”, деган тушунча бўлмаган. Шу нуқтаи назардан қараганда, рус олими Бахтин ихтиро қилган бир назарияни Навоий шеъриятига қўллаш камида ғалати кўринади. А.Қозихўжа ҳукмига кўра эса, “Навоий ижоди йигирманчи асрда Бахтин томонидан кашф этилган катта замондаги диалог, тиллараро мулоқот назарияларига мос келади”. Майли, шундай бўлган ва бўлсин ҳам, дейлик. Аммо на Навоий, на унинг салафлари осмонда яшаб, само кезиб қалам тебратмаган-ку! Уларда ҳам вақт, замон, макон туйғуси бўлган. Улар ҳам замон ва маконга доир илмий-назарий, диний-ирфоний қарашларга суянишган. Дастлаб ана шулар тўғрисида фикр юритилиб, сўнгра тасаввуф заминида юзага чиққан ва бадиий ижоддан ҳам кенг ўрин эгаллаган “вақт”, “дам”, “они доим” назарияси моҳиятига диққат қилинганда ёки нақшбандийликнинг асосий қоидаларидан ҳисобланмиш “хуш дар дам”, “вуқуфи замони” иборалари мазмуни билан қизиқилганида Навоийни “катта замон диалог”чисига айлантиришнинг кераксизлиги шундоқ билинарди-қоларди. Бу — масаланинг бир томони. Унинг иккинчи — асосий жиҳати ҳам бор. Хўш, “катта замон”, “катта замондаги диалог”нинг ўзи нима? Достоевский асарларига таяниб, Бахтин уларни қанақа ғоявий-бадиий миқёсда шарҳлаган? Мақолада ана шу саволга қаноатланарли бир жавоб қайтарилганда эди, Навоий ижодиётига дахлдор умумий мулоҳаза ва салладор калималар ўрнини, эҳтимолки, бошқа сўзлар, ишонарли иборалар эгалларди.
Бахтиндан кейин атоқли олим Е.Э.Бертельсга ўтгач, унинг навоийшуносликдаги хизматларини яхши баҳолаб, “Навоий ва Аттор” мақоласидаги “бир нуқта”га муаллиф анча кенг тўхталади. Бир нарсани мен унча тушунмайман: Навоий даври ва ундан кейинги асрларга мансуб илмий ёхуд бадиий бирор асарда “Навоий сўфий эди. Сўфийликда мана бундай ҳолат ва фазилатлар билан донг таратганди”, деган бир гап ёзиб қолдирилмаган. Албатта, Навоий тасаввуфнинг улкан муҳиби бўлган, тариқат тарбиясига умид билан қараган, ҳақиқий сўфий, дарвеш, фақирларни қадрлаган. Ирфоний маслак зиёси, орифона завқ-шавқ, илоҳий ишқ гўзаллиги мутафаккир шоир шеъриятининг таркиб-таркибига сингиб кетган. Сўфийлик ва Навоий ижодиёти мавзусида такрор-такрор сўзлаш мумкин. Аммо сўфийлик тарихи ва тажрибасини бутун мураккабликлари билан билган сайин Навоийни сўфийлар сафига қўшиб бўлмаслиги кундай равшанлашади. Айниқса, шоир яшаб, ижод этган даврга келиб сўфийларга ишонч кескин пасайган ва уларнинг қаллоблиги, жаҳолати, илм-фан, маданият тараққиётига зарар етказаётган тушунчаларини фош айловчи кўплаб танқидий асарлар ёзилган. Шундай асарлардан бири Аҳмад бин Ҳасан Зайниддин қаламига мансуб бўлиб, китобининг муқаддимасида у сўфийларнинг шариатни менсимай қўйишгани, илмни фойдасиз бир амал деб тушунтиришганини таъкидлаб, ўз замонидаги аксарият сўфийлар “ҳайвон ва ҳашаротга ўхшаб қолган”ликларини ёзади. Абулхай Кошоний эса кўпдан-кўп сўфийларнинг қалби ишқ ва ирфон билан эмас, балки жаҳолат, гумроҳлик билан тўлганлиги, хусусан, уларнинг халққа таъсир ўтказиш мақсадидаги кароматфурушликлари ҳинд кофирлариникидан ҳам ёмонлигини баён этади. Султон Ҳусайн Бойқарога салтанат тожини кийдириш маросими ўтказиларкан, аллома Муҳаммад Боқир Мажлисий ундан барча сўфийларни Исфаҳондан ҳайдаб чиқаришни ўтиниб сўраган экан.
Сўфийлар танқиди — алоҳида бир тарих. Уни махсус ўрганмай, мамлакат ва миллат ўтмишида сўфийликдан етган фойда, зиён ва зарар нималардан иборатлигини ҳар жиҳатдан аниқ билмай туриб, сўфийпарастликка берилиш маҳдудлик баробарида хавфлироқ ҳаракат ҳамдир. Ҳар бир тарихий ҳодиса қандай бўлган бўлса, ўша ҳолда, ўша моҳиятда ўрганилиб, тўғри баҳоланмас экан, чала ҳақиқат урчийверади. Чала ҳақиқатнинг оқибати эса аён. Шу маънода Бертелснинг билағонлиги ва донишмандлигига тан бермасдан илож йўқ. Сиртдан жўн ва фарқсиздек кўринадиган муаммони у тўғри ҳал қилиб берган. А.Қозихўжа буни тушуниб-тушунмасдан олимнинг “Навоий сўфий эмас, мутасаввиф”, деган фикрини инкор этишга киришиб кетади. Унингча, “сўфий билан мутасаввиф сўзлари айрича маъно”га эга эмас. Нима учун? У ёзади: “Бу сўзлар(яъни сўфий ва мутасаввиф — И.Ҳ.) истилоҳда ажратиб ишлатилган дейилса, жавобимиз шуки, тасаввуфга оид мўътабар манбаларнинг бирортасида ҳам тасаввуф аҳли сўфий билан мутасаввифни ажратмаганлар. Моҳиятан бир нарса ҳақида сўзлаётган икки сўз хусусида қасддан маъно қидирмаганлар. Бу сўзлар муқобил сифатида ўрин алмашиб келаверган”.
“Тасаввуфга оид мўътабар манбалар”га тегишли таъкид қанча ажаблантирган бўлса, қуйидаги гаплар мени ўшанча ҳайрон қолдирди: “Тасаввуф ва мутасаввифлар тўғрисида кўплаб мақолалар эълон қилган Иброҳим Ҳаққул ҳам сўфий ва мутасаввиф сўзларини бир хил маънода қўллайди”. Қачон ва қайси жойда — буни аниқ айтиш ва кўрсатиш керак эди. Ҳолбуки, ҳеч пайт сўфий билан мутасаввифни Иброҳим Ҳаққул айни мазмунда ишлатмаган. Чунки орадаги фарқ турли китобларда изоҳланганлигидан у хабардор бўлган.
А.Қозихўжа фикри бўйича эса: “Сўфий ва мутасаввиф сўзини ажратиб кўрсатган биргина манба маълум. У Бобурнинг “Бобурнома” асари…”. Йўқ — асло бундай эмас.
Маълумки, Абдулкарим Қушайрийнинг “Рисолаи Қушайрий”, Абужўлоб Ҳужвирий ёзган “Кашфуъл маҳжуб” тасаввуфга бағишланган эски ва энг қимматли асарлардандир. Қушайрийнинг шарҳлашича, мутасаввифлар зуҳҳод ва уббод(зоҳидлар ва обидлар)дан сўнг майдонга чиққан тоифадирлар. Улар Оллоҳга суяниб, ўзларини жаҳолат, ғафлат мусибатларидан сақлашга уринганликлари учун мутасаввиф номини олишган. “Бу гуруҳнинг (мутасаввифларнинг дейилмоқчи — И.Ҳ.) буюклари, — дейди Қушайрий, — ҳижрий икки юзинчи йилдан аввал ушбу ном билан шуҳрат қозонишган”. Ҳужвирийнинг таърифу тавсифи янада аниқ ва конкретроқдир. Унингча, “сўфий вусул соҳиби”. Илоҳий ишққа ғарқ бўлганлиги боис у Оллоҳдан ғайри барча нарсалардан йироқдир. Мутасаввиф эса — “усул соҳиби”. У ўзини қийнаб, азият чекиб нафсни тозалаш орқали софликка етишишни зиммасига олган киши. Булар орасида яна бир тоифа кимсалар пайдо бўлганки, “фузул соҳиби”, яъни кераксиз ишлар билан шуғулланувчи кимсалар, деб қаралган бундай зотларга мустасвиф номи берилган. Сўфийликдан ҳам, мутасаввифликдан ҳам хабарсиз бундай кишиларда мол ва мартабага эришиш, дунё манфаатларига кўз тикишдан ўзга бир қайғу бўлмаган.
Алишер Навоий тасаввуфга доир мўътабар манбалар, жумладан, Қушайрий, Ҳужвирий, Суҳравардий китобларидан ҳам яхши хабардор эди. Сўфийнинг бош мақсад ва матлаби нима, мутасаввифнинг “усул”и орқали қандай ботиний муаммолар ҳал қилинган — улуғ шоир буларни мукаммал англаган. Е.Э.Бертелс, “Навои воспринял всю моральную сторону суфизма, поставил перед собой в виде идеала его конечные цели, но не порвал с той средой, в которую его забросила судьба. Он был восторженным поклонником суфизма, суфием в душе, знатоком этого учения, но суфием-практиком он не стал”(«Суфизм и суфийская литература», М., 1965, 418-бет), деганда “ҳақиқий воқеликни бузиб” эмас, аслида қандай бўлса, худди шу мазмунда ёритган. Бу фикрни тасдиқлайдиган, А.Қозихўжа томонидан, афсуски, ҳатто тилга олинмаган яна бир далилга диққатни қаратсак. Модомики, илм-фан фикрий вобасталик, мантиқий изчиллик йўли экан, сени қизиқтирган мавзуда олдин ўртага ташланган фикр ва хулосалардан кўз юммаслик шартига ҳам риоя қилиш керак бўлади. Бундан анча йиллар муқаддам фалсафа фанлари доктори, навоийшунос Малик Орипов “Шарқ юлдузи” журналида Е.Э.Бертелсни қўллаб, “Навоий сўфийми ёки мутасаввифми?” деган мақола чиқарганди. “Ғойиблар хайлидан ёнган чироқлар” номли тўпламга (Тошкент, 1994) киритилган мазкур мақолани, “сўфий” билан “мутасаввиф” орасида фарқ борлиги кўрсатилганлиги учун ҳам, академик Алибек Рустамов қайта нашрга лойиқ, дейди (ўша китоб, 217-бет).
“Навоий сўфийми ёки мутасаввиф?” деган сўроққа ишончли жавоб бериш учун М.Орипов шўро сиёсати ва мафкурасига алоқаси йўқ, дунё танийдиган тасаввуфшуносларнинг асарларига ҳам мурожаат қилади. Мақолада ёзилишича, “адабиётшунос олим Муҳаммад Фуод Куприлизода “Турк адабиётида илк мутасаввифлар” номли китобида мутасаввиф шоирларни, жумладан, Алишер Навоийни ҳам сўфий шоирлардан ажратиб қарайди. “Ислом қомуси”да “Алишер Навоий” ва “Чиғатой адабиёти” мақолаларида Навоий сўфий эмас, мутасаввиф эди, деб алоҳида таъкидланади (кўрсатилган китоб, 221-бет). Турк олими М.Ф.Купрулизодани ҳам ғарб шарқшунослари сафига қўшиб, “сиёсат парракчаси”, деб бўладими?..
Бухоролик буюк аллома Абубакр Муҳаммад бин Исҳоқ Калабодийнинг ёзишича, “сўфийлар, ватанларини тарк айлаганликлари учун “ғурабо” (ғариблар), юртма-юрт, диёрма-диёр кезганликлари боис “Сайёҳин” (сайёҳлар), саҳроларда юриб, зарурат чоғида мағораларда яшаганликлари туфайли айрим мамлакат аҳолиси томонидан “Шикафтийя” дея номланган” экан. Яна бир жойда уларга “Сўъийя”(очлар) дейилса, бошқа бир томонда “Фуқаро” (фақирлар) дейилган.
Ҳамма нарсадан юз ўгириб Навоий қачон ватанни тарк қилган? Қачон хирқа кийиб юртма-юрт кезган? Дашту саҳроларда толиқиб, қайси сўфийлар билан мағораларда ҳамнафас яшаган?..
Тасаввуф — бугун биз учун яшалмаган ҳол, амалиёт билан бевосита боғланмаган илм, ранжу риёзатдан йироқ бир хотира тажрибасидир. Сўфийлик ва сўфий тўғрисида илҳомланиб сўзлашимизнинг бир сабаби ҳатто нафс, руҳ сир-асрорини зарур даражада билмаганлигимиздандир. Сўфий оламга қараб чопмайди, Навоий сўзлари билан айтганда, оламдан қочади. Унинг гўзаллик, шодлик ва саодат ахтарган дунёси — ботини. Илми — ҳол илми. Ибн Халдуннинг таърифлашича, сўфийлик дунёни тарк айлаб, Оллоҳга йўналиш ва халқу халойиқни қизиқтирган нарсалардан бутунлай йироқлашишдир. Бир кун, бир ҳафта ўзимизни шу аҳволда тасаввур қилиб кўрайлик — куч ва рағбатимиз қани нимага етади? Бас, шундай экан, ўзи бошдан кечирмаган, аччиғу ширинини тотмаган, ибтидою интиҳосидан мутлақо бехабар ҳолда зиддиятли, қийноқли бир жараённи кўкларга кўтаришнинг нима аҳамияти бор? Ҳамма бир овоздан Навоийни сўфий дея эътироф этди, дейлик — Навоийнинг шахсида, ижодида ҳануз яширин ётган нима очилиб, фавқулодда ёришиб кетади? Чалғиш, чекланиш, тарихий ҳақиқатни бузишдан ўзга ҳеч нима.
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг 2010 йил 26-сонидан олинди.