Туйғу, фикр-мушоҳада ва тасвир — буларнинг бариси Шарқ адабиётида, аввало, мазмун ва моҳиятга асосланади. Эски адабий матнлар билан танишганда сўзнинг баъзан ўнлаб маъно-мазмуни билан қизиқишга тўғри келади. Агар шундай қилинмаса, айни бир ижодкор улардан қандай мақсадларда фойдалангани ҳам, матндан матнга кўчган сайин сўздаги маъно ўзгариши ёки янгиланиш сабаблари ҳам очилмасдан қолаверади. Алишер Навоий соқийномасида ёзади:
Меҳрибонлар қани, аҳбоб доғи!Ҳамнишинлар қани, асҳоб доғи!
Барча ғурбатда хиром айладилар,
Хулд боғин мақом айладилар.
Ғурбат дейилганда, асосан, эл-юртдан жудолик, айрилиқҳасрати каби маънолар тушунилади. “Барча ғурбатқа хиром айладилар” дейилганда эса, “ғурбат” сўзи нариги дунё, яъни охират мазмунида қўлланилган.
Кишики васл тилар, ғурбат ихтиёр этсун,Ул орзуға бурун тарки хонумон яхши.
Бу байтдаги “ғурбат” энди бутунлай бошқа моҳиятга эга ва унинг ўлим ёхуд охират тушунчасига алоқаси йўқдир.
Маълумки, тасаввуф психологияси жиҳатидан сўфий, дарвеш ва орифлар учун ғурбат ҳаётини яшаб, ғариблик изтироби ва қийинчиликларини кўнгилдан кечириш жуда муҳим ҳисобланган. Чунки мусофирлик ва мусофирликдаги ҳаёт, тажрид, тафрид деб аталган ёлғизлик ҳолатларини чуқур идрок айлашга имкон берганидек, инсонни ёлғон дўстлик, сунъий улфатчилик ва бетайин манфаатлардан йироқлаштиради. Энг муҳими, ғариб киши шон-шуҳрат, манманлик тузоқларидан ҳам қутулиб ўзи билан ўзи юзма-юз қолади. Бу эса, ўзини англаш, илгарилаш ва комилликни истовчи кўнгил учун гўзал фурсатдир. Тасаввуфда икки хил саёҳатдан баҳс юритилган. Бири — вужуд саёҳати, иккинчиси —қалб саёҳати. Булар моддий ва маънавийсаёҳат ҳам дейилган. Абдулкарим Қушайрий сўфийларнинг аксарияти сулукларининг бошларида ва ёшлик чоғларида кўп сафарга чиқиб, сўнгра узлатга чекинганлари тўғрисида сўзлаб, Жунайд Бағдодийнинг қуйидаги мулоҳазаларига эътибор қаратади: “Тавҳиди сўфийя шундайдир: қадим бўлганни ҳадис бўлгандан ажратиш, ватанни тарк айлаш (моддий ва маънавий маскан, мақом, мавқе ва ҳоллардан йироқлашиш), нафс севган ва тилаган нарсалардан алоқани узиш, маълумни ҳам, мажҳулни ҳам четга суриб, буларнинг барчасининг жойига Оллоҳни иқома этмоқдир” (“Рисолаи Қушайрий”, 476 — 477-бет).
Навоийнинг васл орзусини тарк ва ғурбатга вобаста тарзда ифодалашида ҳам Бағдодий шарҳлаган тавҳидга ишоратни сезиш қийин эмас. Бундан ташқари, шоирнинг “ғурбат ихтиёр этсун” деган чорлови замирида висол тилар киши ғариб бўлсин, ғариблик мақомига кўтарилсин, мазмунидаги фикр ҳам мавжуддир. Улуғ шоир “Садди Искандарий” достонида:
Навоий, чу ғурбатда сен шод бўл,Ватан ёди ранжидин озод бўл!
Агар Шарқу Ғарб ўлса манзил санга,
Не ғам, ком агар бўлса ҳосил санга —
дейди. Одам ғурбатда, яъни эл-юртидан йироқларда юриб, ғарибликда ҳам шод-хуррам кун кечириши мумкинми?
“Ғурбатда ғариб шодмон бўлмас эмиш…” мисраси билан бошланадиган машҳур рубоийни таҳлил қилган олимларнинг деярли барчаси ушбу саволга мантиқан “Йўқ! Ҳеч мумкин эмас!”, дея жавоб қайтаришган. Мана, мактаб дарсликларидан бирида ғурбат тушунчаси қандай ёритилган: “Ҳар бир инсон, жонзот ўз ватани, ўз тупроғида азиз, ардоқли… ўз юртидан ажралиш фожиа. Инсон фақат ўз ватанида ўзини ғариб, бечора сезмайди… Бу тўрт мисра замирига (яъни рубоийга дейилмоқчи — И.Ҳ.) шоир олам-олам маънони жо этиб, ватансизлик инсон учун оғир азоб эканини, ҳар қандай шароитда ҳам ўз ерига содиққолиш одамни бахт-саодатга элтишини таъкидламоқчи бўлади” (С.Ахмедов, Р.Қўчқоров, Ш.Ризаев. Адабиёт (Умумий ўрта таълим мактабларининг 6-синфи учун дарслик-мажмуа. Тошкент, 2005, 189-бет).
Бу каби фикр-мулоҳазаларни «ғурбат» ва «ғариб» сўзлари учрайдиган ҳар бир шеър тўғрисида айтиш мумкин. Лекин Навоий шеъриятида ушбу икки калиманинг луғавий мазмунидан кўра истилоҳий маъносига кенг ва теранроққараш шартдир. Чунки уларнинг ҳар иккаласи ҳам шоир дунёқараши ва ижодиётининг туб моҳиятини англашга хизмат қиладиган “калит” истилоҳлардан саналади. Акс ҳолда Навоий девонларидаги:
Ғурбат ичра истар эрдим кезибон ёру диёр,Чунки топдим, истамак ғурбат эрур беҳад ғариб —
каби байтларни англаш, тўғри талқин қилиш йўли ўз-ўзидан тўсилади. Бизнингча, навоийшуносликдаги энг катта бир нуқсон ҳам ана шу.
Бундоққараганда, “Ғурбатда ғариб…” рубоийси тўғрисида айтилмаган гап қолгани йўқ. Лекин ҳақиқий шеър учун ҳеч бир шарҳ, таҳлил ва талқин охирги хулоса бўлолмаганидек, аввал англанмаганни англаш, ҳануз ёритилмаган маъно қирраларини ёритишга асло монелик кўрсатмайди. Худди шу эҳтиёж туфайли биз рубоийга қайта мурожаат қилиб, уни батафсилроқ таҳлил этишга уриндик.
Ғурбатда ғариб шодмон бўлмас эмиш,Эл анга шафиқу меҳрибон бўлмас эмиш.
Олтун қафас ичра гар қизил гул бутса,
Булбулга тикандек ошён бўлмас эмиш.
Рубоийнинг, айниқса, ватан ва ватансеварлик эътиқодига нисбат берилиши кўп тадқиқотчиларнимақола ва китобларидауни четлаб ўтмасликка рағбатлантирган, десак хато бўлмас. Аввало, бевосита шу шеърдан баҳс юритган айрим навоийшуносларнинг фикр-мулоҳазаларига тўхталиб ўтсак. Устод А.Ҳайитметовга кўра, мазкур рубоийни Навоий “ёшлиги охирларида, гоҳ Машҳадда бир бурчакда, гоҳҲиротда бир бузуғда ҳеч бир кимсанинг ёрдамисиз яшаб юрган йилларда” ёзган (“Навоий лирикаси”, 1961, 61 — 62 бетлар).
Орадан бир неча йил ўтгач ёзилган “Буюк шоирнинг йигитлик манзумалари” номли мақоласида олим бундай дейди: “…Навоий биринчи бор давлат хизматига киргандан кейин кўп ўтмай 1457 йилда Абулқосим Бобир вафот этади. Мамлакатда яна ўзаро феодал низолар бошланади. Бу вазиятда Навоий Машҳадда қолиб, у ердаги мадрасаларнинг бирида илм ўрганишда давом этади. Навоийнинг ўзи туғилган она шаҳри Ҳиротдан, қавму қариндошларидан узоқ Машҳадда кечирган йиллари анча машаққатли бўлган бўлса керакки, у “Мажолис ун-нафоис”да ўша йилларни эслаганда ўзини “ғариб” деб атайди…”. Хуллас, домланинг таъкидлашича, илк девонга кирган ўша рубоий айни “шу вақтларда ёзилган бўлса ажаб эмас” (“Навоий даҳоси”, Тошкент, 1970). “Илк девон”ни махсус тадқиқ этган атоқли навоийшунос Ё.Исҳоқов, аввало, рубоийнинг ёзилган вақти ва жойини аниқлашга эътиборни тортар экан, “ғурбат” ва “ғариб” сўзларига асосланиб, қуйидагиларни ёзади: “Шеърдаги “ғурбат” сўзидан кўриниб турибдики, бу шеърни у (Навоий дейилмоқчи – И.Ҳ.) ўз ватани Ҳиротда эмас, балки ғурбатда, мусофирликда, демак, Машҳадда ёзган бўлиши керак. Навоийнинг ўзи ҳам Машҳадда Абулқосим Бобур вафотидан кейин ёлғизликда моддий жиҳатдан ниҳоятда қийналганлиги ҳақида “Мажолис ун-нафоис” асарида сўзлаб ўтади…” (“Алишер Навоийнинг илк лирикаси”, Тошкент, 1965, 133-бет). Ё.Исҳоқов тадқиқининг ўзига хослиги шундаки, унда рубоийнинг илк варианти билан “Хазойин ул-маоний”дан ўрин олган вариантидаги фарқлар, яъни иккинчи сатрдаги “рафиқу меҳрибон”, “шафиқу меҳрибон”, “қадаҳ”, “қафас” сўзи билан ўзгартирилиш сабаблари атрофлича изоҳлаб берилган. “Бу рубоий, – дейди Ё.Исҳоқов мулоҳазаларини якунлаб, — шоирнинг интим кечинмаларини акс эттирувчи оддий лирик шеъргина бўлиб қолмай, балки чуқур сиёсий руҳ билан суғорилган фалсафий фикрларни ўзида мужассамлаштирган ихчам фалсафий тезис ҳамдир” (134-бет).
Шеър ўқувчида қанча кўп мушоҳада уйғотса, ғоявий асосини ҳаёт ва инсон қисмати билан боғлашга нечоғли кенг имкон берса, ўшанча яхши ва фойдалидир. Шу маънода академик шоир Ғафур Ғулом нақл қилиб қолдирган бир ҳикоятни хотирлаш ҳам ҳеч зиён қилмайди. “Ривоятга кўра, Ҳири Руд ва Инжил наҳри қапталидаги сўлим бир қишлоқда Сафарбой деган бир чўпон яшаган экан. Унинг гўзал қизи бўлиб, довриғи Ҳусайн Бойқаро саройигача етиб борибди”. Хуллас, ҳуснда якто шу бокира қизни олиш учун подшоҳҳазратлари Сафарбойга киши жўнатибди. У эса совчиларга мана нималар дебди: “Қизим тўрт этаги осмон билан туташиб ётган шу бепоён яланг қирларнинг озод ғизолидай дашт қизидир. Албатта, у муҳташам, аммо катта қалъа деворлари билан ўраб олинган димиқда яшолмайди…
Ғурбатда ғариб шодмон бўлмас эмиш,Эл анга шафиқу меҳрибон бўлмас эмиш.
Олтун қафас ичра гар қизил гул бутса,
Булбулга тикандек ошён бўлмас эмиш —
деб ҳазрати Алишер Навоий бекорга айтмаганлар. Мен ўз эрки булбулдай қизимни Бойқаронинг сунъий гуллари ўсган, олтинланган сарой қафасида сил бўлиб ўлишини истамайман” (Ғафур Ғулом. Адабий-танқидий мақолалар. 1- жилд, Тошкент, 1971, 112 — 113- бетлар).
Эҳтимол, бундай воқеа-ҳодиса ҳаётда ҳеч қачон содир бўлмагандир. Содир бўлганда ҳам Навоийнинг рубоийси эсланмагандир. Гап бунда эмас. Асосийси рубоийда эркинлик руҳининг ифодаланиши ва ҳар бир кишини шунга илҳомлантиришдир. Одамни ана у тутқун ва қул, мана бу ҳур ва эркин, дейиш нисбий гап. Инсон туғилиб ўсган диёрида ҳам ўзини ёлғиз ва ғариб ҳис қилиши мумкин. Покистоннинг буюк шоири Муҳаммад Иқбол бир тўртлигида: “Ман андар Машриқу Мағриб ғарибман” — “Мен Машриқу Мағрибда ҳам ғарибам”, дейди.
Навоийнинг рубоийси худди шунақа аҳволдаги зотлар қалбига ҳам таъсир ўтказиб, бир тасалли бағишлаганини тасаввур этиш қийин эмас. Чунки ғурбат кайфияти ва ғариблик ҳолининг миқёси биз билганга нисбатан кенг ва бағоят терандир. Дарвоқе, бир жиҳат хаёлдан кўтарилибди. Ўспирин Навоий рубоийни ёзишда бирор-бир салафидан таъсирланмаганми? Ахир, ғурбат ва ғариблик мавзусида ёзишни шарқлик даҳо санъаткорларнинг айтарли барчаси қойиллатишган. Масалан, Ҳофиз Шерозий рубоийларидан бирида:
Ғами ғарибу ғурбат чу бар наметобам,Бу шаҳри худ раваму шаҳриёри худ бошам –
дейди. Мазмуни: Кимсасизлик ва юртдан жудолик ғам-ғуссасига тоқат қилолмайман. Қани эди ўз шаҳримга борсаму унинг подшоҳи бўлсам.
Навоий “Фавойид ул-кибар”даги ғазалларидан бирида ёзади:
Ғарқи муҳити ишқинг эди жон ила кўнгул,Ул дамки, руҳ эмас эди тан бирла ошно.
Мазкур байт дин, тасаввуф, фалсафа манбаларига таяниб батафсил шарҳланса, ҳеч лофсиз “Руҳ ва вужуд” номли бир қизиқарли китоб дунёга келади. Ва унинг аҳамиятини Муҳаммад Фузулийнинг “Матлаъ ул-эътиқод” асаридаги мана бу сўзлар жуда аниқ изоҳлайди, деб ўйлаймиз: “Ҳар ким руҳнинг бадандан қандай жой олишини, руҳ билан баданнинг бирлашиш ва фарқланиш жиҳатларини билса, Тангрининг ҳам борлиқларда қандай зуҳурланишини, Тангри ила борлиқларнинг айният ва фарқли томонларини билар ва шу тарзда “Нафсини билган Раббини ҳам билур”, деган ҳақиқатга эришгай”. Зотан, руҳнинг аслий ва азалий ватанидаги ҳаёти бир тарих бўлса, “тан уйи”га киргандан кейинги қисмати тамоман ўзга бир саргузаштли тарих. Бу “тарих” турли дин ва таълимотларда турлича талқин қилинган. Афлотунга кўра, руҳ дунёга инмасдан аввал Оллоҳ билан бирга яшаб, ундан ҳеч ажралмаган. Кейин дарёдан ажралган томчига ўхшаб Оллоҳдан айрилиб, бу кўлкалар дунёсига келган. Яъни тан қафасига кириб, бир соянинг маҳбусига айланган. Шу боис, ундан чиқиш, қутулиш ва аслий ватанига қайтиб, Оллоҳга қовушиш ҳасратида фарёд чеккани чеккан.
Моне динига кўра, руҳ жасад билан бирлашгач, қоронғуликка тушиб асир бўлади. Аммо Тангрининг лутфи инояти бўлмиш ақл ва илм уни қутқаришга қодирдир. Зеро, инсон ақл ва илм йўли билан тўла поклангач, ғурбатдан халос бўлиб, асил ватанига қайтади. Ислом сўфий ва мутасаввифларининг тасаввурида ҳам вужуд бир қафасни, руҳ эса унга қамалган қушни (кўпинча булбулни) тамсил этади. Қушнинг асосий орзу ва интилиши қафасни тарк қилиб, ўз “ошён”ига қайтиш бўлганидек, руҳники ҳам азалий юртга етишиб, соф моҳиятига такрор қовушмоқдир. Ҳақ ошиқлари учун бир идеал мақомига кўтарилган бу ҳақиқатни Навоий мана бундай сўзлар билан ҳам ифодалаган:
Ўздин қутул, Навоию мақсадға етки, қушЕтмас чаманга, бўлса қафас ичра мубтало.
Байтдаги “қуш”, “қафас” образи рубоийда қўлланилган “булбул” ва “қафас” мазмунини янада кенгроқ англаб, мушоҳада юритишга яқиндан ёрдам беради. “Қуш”, яъни “булбул” руҳ, “қафас” вужуд ўрнида қабул этилса, “ғурбат” ва “ғариб” сўзларининг истилоҳий маъноси билан ҳам жиддийроққизиқиш заруриятга айланмайдими? Биз “Ғурбатда ғариб шодмон бўлмас …” номли мақолада шу саволга жавоб қайтариш ва рубоийнинг “иккинчи маъно қатлами”ни имкон қадар очиб беришга урингандик (“Тасаввуф ва шеърият”, Тошкент, 1991, 116 — 123-бетлар). Мақоладаги талқинга устоз олимларимиздан бирлари матбуотда эътироз билдирган бўлса, бошқа бир тадқиқотчи уни ўзича қўллаб-қувватлаган. Аммо ҳеч ким ғурбат тушунчаси ва ғариб образининг тасаввуф адабиётидаги мавқеи, маъно қирралари, образли ифода тарзи билан ҳанузгача махсус қизиқмаган. Бу ишни амалга ошириш фақат Навоий рубоийсининг ботиний моҳиятини билиш учун керакми? Йўқ, албатта.
Навоий учун ирфон ва кўнгил кучи билан ўзлаштирилган сўзлардан бири “ғариб” эди.
Улуғ шоир ҳатто шеърлари ва уларнинг маъниси хусусида фикр юритганда ҳам шу сўзга суянади:
Назмим ичра ғариб маънилар,Ғуробо хайлидан нишона дурур.
Анда ҳар байт неча маъни ила
Байт эмаским ғарибхона эрур.
Ёки мана бу байтни олайлик:
Тут ғариб ун била паймона манга,Кўргузуб хулқи ғарибона манга.
Хўш, «ғариб» сўзининг сеҳр ва жозиба сири нимада?
О.Охундов тўғри изоҳлаганидек, аввало, унинг маъносида такрорланмас бир лиризм мавжуд. “Ғариб сўзини у ёки бу образ ва нарса учун эпитет ўлароқишлатилса, худди бир қоидага ўхшаб ўша объектга дарров ҳусни рағбат уйғонади” (“Тил эстетикаси”, Баку, 1985, 206-бет). Масалан, шом эмас, “шоми ғарибон”, яхши ё чиройли қисса эмас, балки “ғариб қисса” дейилгани замон қизиқиш ўзгариб, ўзгача тус олади. Шунингдек, «ғариб» сўзининг мусофир, бечора, кимсасиз, мушфиқ, мададга муҳтож каби маънолари билан бирга ўзгаларга ўхшамайдиган инсон, дунёни билишда илгарилаган, турмушнинг ўткинчи, майда-чуйда ташвишларига ҳеч парво қилмайдиган шахс, деган маъноси ҳам бордир. “Ғарибу хоксорнинг қадри олий бўлганин англа”, дейди ўтмиш шоирлардан бири. Ислом оламида ғарибга эҳтиром, ғариблик ҳолини қадрлаш пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларига бориб тақалади. Расулиллоҳ бир кун муборак қўлларини Ибн Умар (р.а.)нинг елкасига қўйиб, “Дунёда ё бир ғариб ёки йўлчи каби яшагил”, деган эканлар. Ғариблик ҳоли ва ҳақиқатини изчил идрок этиш ва ҳақиқий ғарибни шарафлаш ана шу пайтлардан бошланган бўлса ажаб эмас. Ғариб, энг аввало, нимага яқинлаб, нималардан йироқлашишни, кимга суяниб, кимлардан алоқани узиш зарурлигини мукаммал англай билган кишидир. Дунё чин ғарибни йўлдан оздиролмаслиги ва унинг пойига бош уришни теран англагани сабабли ҳам Навоий ҳазрати Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўша ҳадисларини шеърга айлантирган эди:
Деди ҳазрати муҳофиз коинот,Анга ким эди ҳузуни ўкситгучи.
Ки, дунёда бўлғил нечукким, ғариб
Ва ёхуд анингдек, йўл ўткучи,
Хуллас, Пайғамбар (с.а.в.)нинг эътирофлари бўйича, “Оллоҳнинг энг севимли қуллари ғариблардир”. Ахлоқ, тафаккур, маънавий-руҳий мушоҳадада юксалиб, сезиларли тарзда бошқалардан фарқланмаганда ғариб тўғрисида, албатта, бундай дейилмасди. Лекин Оллоҳ муҳаббатига лойиқҳамма кишини ҳам халқ таниб, тан олганми? Сўфий, дарвеш, фақир, ғариб, ориф ё ошиққа нисбатан бундай савол ўртага ташланмайди. Чунки уларда тан олиш ё тан олмаслик, ўзгаларга ёқиш ёки ёқмаслик, деган муаммо йўқ. Дунё ва аҳли дунё назарга илсин ва илмасин, ғарибга бу зарра қадар ташвиш туғдирмайди. Унда нима учун:
Ғурбатда ғариб шодмон бўлмас эмиш –
дейилган? Ўз танлаган йўли, маслаги ва интилишларига собитлиги учун эл-юрт, ёр-биродарлардан йироқликни зоҳирий ғурбат, маконсиз, замонсиз ҳақ даргоҳидан айрилиқни ботиний ғурбат дейдиган бўлсак, ғарибни ғариб ўлароққайта яратиб, илоҳий ирода ва ноёб фазилатлар соҳибига айлантирадигани кейинги “ғурбат”дир. Абдураззоқ Кошоний ёзади: “Ғурбат — айрилиқ, жудолик демак. Бу айрилиқ нафснинг ҳайвонликдан, табиий кўникма, шаҳвоний орзулардан, касрат мартабаларидан, жисмоний-шайтоний чиркин ҳоллардан ботин мартабасига, хотиржамлик ҳукмлари, малакий-руҳоний хулқларга етишиш пайтида юзага келади” (“Тасаввуф луғати”, 418-бет). Албатта, бу ғурбат – нафс билан курашиш, нафси амморага қарши матонат ила жангга киришиш ва ундан ажралиш ғурбати. “Шу боисдан у ҳақни излаш ғурбати дея номланган. Ҳазрати Пайғамбар, “Ҳақни талаб этмоқғурбатдир” демишлар”, дейди Кошоний. Унингча, “Ғурбат валиликнинг бир даражаси”, деб қаралгани туфайли ҳам “сўфийлар ғурбат калимаси орқали кўп муҳим фазилатларга ишорат қилишган”.
Инсон умри руҳоний оламдан борлиқ оламига, ундан яна охират дунёсига муборак бир сафардир. Бу моддий оламда у боқий қолмоқ учун эмас, балки малакут оламига қайтиш учун туғилади. Шу сабабдан ҳам унинг ҳаёти ва тақдир йўли бир ҳижрат, бир сафар, бир хотира мазмунига эгадир. Кўз очиб юмгунча ўтиб кетадиган бу оламга инсон мусофиротдан келган. Шу учун руҳ доимо аслий ватанни қўмсаб, энг шаффоф, энг нурли маънавий ҳоллар орқали унга ғариблигини эслатиб туради. Акс ҳолда, Бобур Мирзодай улкан бир салтанат соҳибининг кўнглида:
Руҳимни чу тан уйига келтурдинг пок,Мундан бори элитма касофат бирла –
деган бир ташвишли орзу пайдобўлмасди. Руҳнинг “латофат бирла” яратилганини билиш, танни унга ошиқ бўладиган даражада софлаштириш – инсонни сайри сулукка илҳомлантирган туб моҳият ана шу. Тасаввуфдаги ҳол ва мақомлар мутлақ тарзда бир-бирига боғлиқ, бири иккинчисининг равнақига йўл очади. Масалан, ғариблик ҳолини англамай ёки яшамай, фақр ҳолини мушоҳада қилиб бўлмаганидек, фано ҳоли камолини ҳам фақрсиз тасаввур этиб бўлмайди. Аммо фақр ё дарвеш дейсизми, ориф, абдол ёхуд ошиқ дейсизми — буларнинг ҳаммасида ғурбат ва ғариблик ҳоли бўлган.
Шарқ мумтоз адабиёти — моҳиятга толиб, руҳониятга ошиқ бир адабиётки, унда модда ва моддийликдан кўра, маъно ва маънавийликка эътибор ҳамиша юксак бўлган.
Иброҳим Ҳаққул,
филология фанлари доктори
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг 2010 йил 33-сонидан олинди.