Уйқу ва саломатлик

— Инсоният замонавий тамаддуннинг янги-янги босқичларига қадам қўйгани сари тўйиб ухламайдиган кишилар сони ошиб бормоқда. Бунга уйқуни беҳуда вақт ўтказиш, деб ҳисобловчилар кўпайгани ҳам сабаб бўлмоқда, — дейди академик Яков Левин. — Аслида бу нотўғри тушунча. Овқатланиш, муомала, ҳаттоки ичкилик ичиш маданияти ҳам бор экан, демакки, уйқу маданияти ҳам бўлиши зарур. Акс ҳолда саломатликка зиён етади.

Уйқу маданияти ҳали у қадар шаклланмаган. Кўпчилик муайян вақтда ётиб, муайян вақтда уйғонишни, уйқудан олдин сайр қилиш, тунда сўкинмаслик, ётишдан олдин тўйиб овқатланмаслик ва кўп ичиб қўймасликни уйқу маданияти, деб тушунади. Бироқ жуда камчилик бунга риоя этади. Сўнг эса: “Кўп ишлайман, ҳаракатчанман, лекин негадир уйқумнинг мазаси йўқ”, дея таажжубланишади.

Тунда ишлашнинг зарари кўп. Бироқҳаётнинг ҳам ўз талаби бор. Шу боис, уйқу вақтини иш учун сарфлаш ҳоллари юз бериши табиий. Америкалик мутахассислар ҳисоб-китобига кўра, ҳозирги замон одамлари ҳафтасига уч соат кам ухлайдиган бўлишган. Бунинг бирор-бир яхши жиҳати йўқ. Негаки, генетик жиҳатдан шаклланган механизмга кўра, одамнинг қуёш ботгандан сўнг уйқуга кетиб, тонгда уйғониши табиий ҳол. Электрнинг кашф этилиши мазкур хронобиологик мувозанатни ўзгартириб юборди. Ҳолбуки, инсон аъзои бадани учун зарур гормонларнинг аксарияти уйқу пайтида ҳосил бўлади. Тўйиб ухламаслик семиришга, аёлларда ҳайз тизими ва бошқа жараёнлар бузилишига олиб келади.

Бундан ташқари, ухлаганда биз уйғоқ пайтимизда сарф этган куч-қувватни тиклаймиз, ички аъзоларимиз ўз ҳолатидан бош мияга хабар беради. Агар одам муттасил (бир ойдан кўпроқ) тўйиб ухлолмаса, бу унинг интеллектуал имкониятлари камайиши, хотираси заифлашиши ва бошқа муаммолар туғилишига олиб келади. Гиннеснинг рекордлар китобида энг узоқ ухламаган, яъни 264 соат (11 кеча-кундуз) давомида уйғоқҳолатда бўлган одам қайд этилган. Шу нарса ҳам аёнки, одам фақат беш кунгача ухламай юриши мумкин, бироқ шундан сўнг юриб бораётиб, кўзи очиқҳолда ҳам мизғишга мажбур бўлади. Негаки, биологик жиҳатдан ҳамма нарсадан уйқунинг эҳтиёжи қаттиқ: одам сувсиз ўн кунга, таомсиз эса бир ойгача ҳам чидаши мумкин. Бироқ уйқусиз…

Тиббиёт нуқтаи назаридан одамга бир кунда 5,5-6 соатли уйқу етарли бўлиши мумкин. Бундан ортиғи эса, ҳар бир одамнинг индивидуал хусусиятларига кўра белгиланади. Буни аниқлаш учун таътил пайти ҳар куни бир вақтда ётиб, истаганча ухланг. Бир неча кундан сўнг, уйқуга тўйгач, айтайлик, эрталаб соат ўн бирда эмас, соат еттида уйғонадиган бўласиз. Мана шу вақт уйқунгиз учун энг керакли муддат ҳисобланади. Бундан ками — кам, ортиғи — ортиқ!

Тадқиқотчиларнинг фикрича, агар одам йил давомида ҳафтасига ҳатто бир оқшом уйқудан қолиб ишласа ҳам бу унинг саломатлигига таъсир кўрсатмай қолмас экан. Яъни бу ҳолда кишининг хафақон, меъда яраси, қандли диабет касалликларига бошқаларга қараганда беш марта кўпроқ чалиниш эҳтимоли бор. Шу боис бир оқшом уйқудан қолган кишига икки кеча тўйиб ухлаш тавсия этилади.

Айримлар уйқуси бузилганига кўпам ташвишланмайди. Бугун бўлмаса эртага ухлаб оларман, деб бу ҳолатга беэътибор қарашади. Аслида эса, бу организмда кечаётган жараёнлар меъёрида эмаслигига нозик бир ишора. Иккинчи хато эса алкоголли ичимликдан ухлатувчи восита сифатида фойдаланишда намоён бўлади. Тўғри, бундай ичимликнинг таъсири бор, бироқҳеч ким бунинг учун зарур бўлган ўттиз граммнинг ўзи билан кифояланмайди-да… Учинчи хатолик эса, ухлатувчи дори-дармонларга рўжу қўйишдир. Ҳозир бундай воситаларнинг организмга зиёни камроқ бўлган янги турлари чиққан. Улардан танлаб фойдаланса бўлади.

“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг 2010 йил 32-сонидан олинди.