Тошкент — Марказий Осиёнинг узоқ тарихга эга бўлган йирик адабий-маданий ўчоқларидан бири. Бу қутлуғ заминда кўплаб илм-фан, адабиёт ва санъат намояндалари яшаб ўтганлар. Афсуски, биз тарихий манбаларни яхши ўрганмаганлигимиз боис, улар ҳақида етарли тасаввурга эга эмасмиз. Ҳолбуки, араб, форс, хитой тилларидаги манбалардан хабардор олимларнинг шаҳодат беришларича, миллий маданиятимиз илдизлари олис асрларга бориб тақалади.
Илмий адабиётда араб истилосига қадар бўлган даврда Тошкентда яшаб ижод қилган шоир ва ёзувчилар тўғрисида маълумот учрамайди. Араб истилосидан кейин ҳозирги Ўзбекистон ҳудудларида яшаб, бадиий ижод билан шуғулланган шоир ва олимлар эса ўз асарларини, асосан, араб тилида ёзганлар. Нишопурда туғилиб, Марказий Осиёнинг Бухоро ва Хоразм сингари шаҳарларида бўлган, шу шаҳарлардаги фозил кишилар билан танишган араб савдогари ва олими Абу Мансур ас-Саолибийнинг (961 — 1038) “Йатимат ад-даҳр фи маҳосин ал-аср” (“Аср аҳлининг фозиллари ҳақида замонасининг дурдонаси”) асарида шу шаҳарларда яшаб, араб тилида ижод қилган тошкентлик шоирларнинг ҳам бир нечтаси тилга олинган.
Ас-Саолибийнинг гувоҳлик беришича, Бухоро Сомонийлар ҳукмронлиги даврида замонанинг илғор кишиларини ўзида жамлаган ва шу туфайли “шон-шуҳрат макони” ва “Салтанат Каъбаси” сифатида шуҳрат қозонган. Ўша вақтда, ас-Саолибийнинг шоирона ташбеҳи билан айтсак, мазкур “Каъба” узра “ер юзи адибларининг юлдузлари” порлаб, чор атрофни ўз нурлари билан мунаввар қилган.
Бухорода тўпланган шундай шоир ва фозиллар орасида тошкентлик (шошлик) шоир Абу Муҳаммад ал-Ҳасан ибн Али ибн Матрон ал-Матроний ҳам бўлган. У ва у сингари Бухорода йиғилган ижод аҳли ҳақидаги тасаввуримиз ёрқинлик касб этиши учун Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Мусо ал-Мусавийнинг қуйидаги сўзларини келтириш айни муддаодир.
“Менинг отам, — деган экан у ас-Саолибийга, — Абул Ҳасан амир ас-Саид даврида Бухорога даъват этилган эди. У ерга Абул Ҳасан ал-Лаҳом, Абу Муҳаммад ибн Матрон, Абу Жаъфар ибн Аббос ибн ал-Ҳасан, Абу Муҳаммад ибн Абус-Сиёб… ва улар (Сомонийлар) хизматида бўлган энг фозил муҳожирлар тўпланган эди. Улар ҳаммалари у ерда йиғилишгач, дўстлик суҳбатлари уларни бир-бири билан яқинлаштирган эди. Улар ажойиб музокаралар олиб боришар, мусоҳаба райҳонлари билан алмашишар, адаб мушкларини сочишар, бир-бирларига марварид дурларини сепишар ва сеҳр тугунига дам солишар эди. Отам менга шундай деган эди: “Эй ўғлим, бу кўпчилик (атоқли) кишилар тўпланган машҳур кундир, унинг тарихини энг машҳур фазилатли ва замонанинг ягонаси бўлган кишилар тўпланган (кун) ҳисобла ва мендан кейин давримизнинг ҳайитларида ва уларнинг энг яхши пайтларида у(кун)ни эслаб қўй. Ўйлайманки, йиллар давомида ана шунга ўхшаш йиғилишни сен (қайтиб) кўрмайсан”.
Ас-Саиднинг отаси ўзи гувоҳ бўлган ва иштирок этган ғаройиб давранинг ноёблигини, шу ғаройиб давра қатнашчиларининг ҳар бири фақат ўз даврида эмас, балки келажакда ҳам улуғ ва мўътабар кишилар бўлиб қолажакларини сезган. Мазкур давра қатнашчилари орасида фалакнинг гардиши билан Бухорога бориб қолган юртдошларимиз ҳам бўлган.
Шундай юртдошларимиздан бири — тошкентлик шоирларнинг бобокалони Абу Муҳаммад ал-Матроний бўлиб, у Х аср бошларида Шошда туғилган ва шу ердаги мадрасаларнинг бирида таҳсил кўрган. Ас-Саолибий номи юқорида қайд этилган асарида Матроний шеърларидан 112 байтни намуна сифатида келтиришдан аввал унга бундай тавсифнома берган: “Ибн Матрон заковатли ва гўзал мартабали (киши) эди. Пойтахт (Бухоро)га мақтов билан келар ва яхши инъомлар билан қайтиб кетар эди. У барид (алоқа) ходими лавозимини адо этиб, шу билан қаноатланар ва шундан ризқини топарди. Унинг шеърлари девонга тўпланган, латиф ва зариф (сўзларга) бойдир”.
Матроний, шу даврдаги бошқа арабзабон шоирлар сингари, тасвирнинг нафис, рангин ва образли бўлишига алоҳида аҳамият берган. Шоирнинг замондоши Абу Али ал-Балъамийга бағишланган қасидасига назар ташлаш бизга нафақат унинг, балки умуман Сомонийлар даври шеъриятининг поэтик тил ва услуб хусусиятлари билан ҳам танишиш имкониятини беради.
Қўйидаги шеър бундай мисралар билан йўғрилган:
“Бошимда (қариликдан) хабар берувчи оқ мўйлар пайдо бўлди ва ҳаётимдаги гуллаган ёшлик ўтиб кетди.
Мўйсафидликнинг эрта тонги шуъласи (оқ сочи) ёшлигим тунининг қарғаларига учиб кетиш жойи бўлиб қолди.
Бу эрта тонг нурининг порлаши қора қушларнинг ўз уясини ташлаб кетишига ўхшаш нарсадир.
Бу соч оқининг кўриниши нурли бўлса ҳам, келтирадиган хабари зулматдир…”.
Кўрамизки, умр шомида ёзилган бу шеър шоир қалбининг ҳазин ва ғамнок туйғулари билан тўқилган. Матроний ёшлик фаслининг учиб кетаётган қушларини ҳасрат ва надомат ҳислари билан кузатар экан, ўзи учун шу ўта нохуш манзарани шеърий санъатнинг шундай рангин ипаклари билан тикиб берадики, биз орадан ўн аср ўтганига қарамай, шу сатрлардаги шоир руҳий оламининг нафис ва латиф тасвиридан ҳайратга тушамиз. Бу, беназир поэтик тасвиргина бўлиб қолмай, айни пайтда, ундан шарқона фалсафий тафаккур нурлари ҳам ёғилиб туради.
Яна шу қасиданинг мадҳ қисми билан танишсак:
“Дўст инъомга умид қилганда ва душман ёмонликдан қўрққанда, биз сени синаб кўрдик.
Фақат ихтиёринг билан (кишиларга) наф келтирасан ва фақат зарурат туғилгандагина зарарли бўласан.
Фақат (жазо бериш учунгина) сен ёмонликни раво кўрасан, худо сенга беҳад яхшиликни раво кўрсин.
Ташаккур айтувчи сенинг ҳаққингда ёмон фикрга келишидан қўрқмаганингда, ношукурни ёмонлик билан жазоламаган бўлардик”.
Шоирнинг бир асар давомида поэтик тасвирнинг майин мавжларидан фалсафий мулоҳазалар оламига ўтиши унинг катта ҳаётий тажрибага эга бўлганидан ва шу ҳаёт йўлида ўз қалбидаги бокира инсоний туйғуларни соғ-омон сақлаган ҳолда, бошига донишмандлик тожини кийган киши ҳам бўлганидан шаҳодат беради.
Юқорида номи тилга олинган Ал-Мусавий шошлик шоир тўғрисида Ас-Саолибийга бундай сўзларни айтган экан: “Бухорода кўпинча ибн Матрон билан бирга бўлардим. Унда энг қўпол ажамлик кўринишига эга бўлган кишини кўрдим. Аммо у сўзлаганида тилининг енгил тутилишига қарамай, энг ширинсухан араб (тили) билан тенглашарди. У ўзида насиҳатгўйлик, жонга ором бериш ва хушмуомалалик санъатларини бирлаштирган эди. Ўз шеърлари билан (бизларни) қандай завқлантирса, насрий асарлари билан ҳам шундай завқлантира олар эди. Жиддийлиги билан қандай хурсанд қилса, ўз ҳазиллари билан ҳам шундай хурсанд қила олар эди”.
Матроний мансуб бўлган адабий муҳитда ишқий лирика билан бирга қасидачиликнинг баҳория, холия, фахрия, мадҳия, ҳажвия, ҳамрия, ҳатто марсия сингари кўринишлари кенг тарқалган эди. Матроний ҳам қасидачиликнинг турли кўриниш(жанр)ларида асарлар ёзган. Бу асарлар орасида 945 — 946 йилларда Мовароуннаҳр ва Хуросонда содир бўлган қурғоқчилик ва қаҳатчилик, шунингдек, Наврўздан кейин ёққан қор ва совуқнинг келтирган зарарлари тасвирланган шеърлар ҳам борки, улар шу даврда яшаб ижод қилган шоирларнинг ҳаётда рўй берган муҳим ижтимоий воқеа ва ҳодисаларга муносабат билдирганларини ва улар шеърияти реализм унсурларидан холи бўлмаганини кўрсатади.
Матроний Бухорода бўлиб ўтган қаҳатчиликда ўз даврининг бадавлат кишиларига мурожаат этиб, улардан аҳолига ёрдам беришларини сўраган. Шоирнинг муҳим ижтимоий мазмун билан йўғрилган бундай шеърлари чинакам шеърият Х асрдаёқ халқ дарди ва тақдири билан боғлиқ катта масалаларни кўтарганидан, Матронийнинг эса халқпарвар шоир бўлганлигидан шаҳодат беради.
Ас-Саолибийнинг “Йатимат ад-даҳр” асарида тилга олинган шошлик шоирлардан яна бири Абу Омир Исмоил ибн Аҳмад Шошийдир. Х асрнинг иккинчи ярмида яшаган бу шоир, номаълум сабабларга кўра, Рай шаҳрига бориб, буваҳийлар вазири Соҳиб ибн Аббод ҳузурида катта ҳурмат қозонади. Ас-Саолибий ўз асарининг 3-бобида ибн Аҳмад Шоший тўғрисида маълумот бериб, унинг 4 та қасидасидан парчалар келтиради. Асарнинг 4-бобида эса, бошқа бир шошлик шоир ҳақида маълумот бериб, бундай ёзади: “Шошлик шоир, у ернинг хуштабиат ва ягона (кишиси). Агар Абу Омир Исмоил ибн-Аҳмадни ҳисобга олмасак, ундан кейин Шош ва Мовароуннаҳрнинг бошқа шаҳарларидан бу каби (шоир етишиб) чиқмади”.
Ас-Саолибийнинг бу сўзларига қараганда, ибн Аҳмад Шоший ўз даврининг энг истеъдодли шоирларидан бўлган.
Х асрдан кейин илм ва ижодда араб тилининг мавқеи пасайиб, форс тилининг обрў-эътибори секин-аста оша борди. Шу даврда Тошкентдан бошқа таниқли арабзабон шоирлар етишиб чиқмади. Аммо Х асрда бошланган қасидачилик анъанаси кейинги даврларда ҳам давом эттирилди. Айниқса, Бадри Чочий (1285 — 1344) ва унинг сафдошлари қасидада тагмаъно қатламнинг бўлиши, поэтик фикрнинг нозик ва нафис бўёқлар билан ифодаланиши, қасидада ижтимоий масалаларнинг кўтарилишига алоҳида эътибор қаратдилар.
Манбаларда қайд этилишича, Бадри Чочий Шош (Чоч) шаҳрида яшаган чоғларида туркий тилда ёзган шеърлари билан ҳамшаҳарлари ўртасида шон-шуҳрат қозонган. Аммо у 1332 — 1333 йилларда ҳаж сафари билан Маккага бориб, мусулмонлик фарзини адо этганидан сўнг Ҳиндистонга бориб, ўша ерни табдили макон этди ва ўз асарларини форс тилида ёзди.
Тошкентлик, умуман, марказийосиёлик аксар қалам аҳлининг Х — ХIV асрларда киндик қони тўкилган тупроқни тарк этиб, бошқа юртларга кўчиб кетиши ўша даврдаги тарихий-ижтимоий шароит билан бевосита боғлиқ. Араб истилосидан кейин кўп ўтмай, мўғул қўшинлари томонидан хонавайрон қилинган Марказий Осиёда қалам аҳли учун узоқ вақтгача соғлом ижодий муҳит ўрнатилмай келди. Натижада Бадри Чочий сингари истеъдодли шоирлар бошқа юртларга бориб яшашга мажбур бўлдилар.
Бадри Чочий нафақат истеъдодли, балки сермаҳсул шоирлардан бўлиб, Тошкент ва Ҳиндистонда яшаган кезларида юзлаб ғазал, қасида, қитъа ва рубоийлар ёзган. Унинг бу асарлари турли мажмуаларда эълон қилинибгина қолмай, шеърият мухлислари томонидан кўчириб олиниб, севиб ўқилган. У ҳинд юртида яшаган даврида эса, манбаларда айтилишича, форс тилида 35 минг байтли “Шоҳнома”ни ёзган ва лирик шеърлардан иборат 6 минг байтли девонни тузган. Афсуски, унинг бу асарлари бизгача етиб келмаган. Аммо шоирнинг “Шарҳи қасоиди Бадри Чочий” (“Бадри Чочий қасидаларига шарҳ”) асари унинг ўз даврида “малик уш-шуаро” ва “малик уз-замон” унвонларига бежиз сазовор бўлмаганини кўрсатади.
Бадри Чочий — Шарқ адабиётида қасида жанри тараққиётига катта ҳисса қўшган шоирлардан бири. Унинг қасидалари мураккаб тил ва услубда ёзилганлиги боис ҳатто С.Айнийдек адиб ҳам бу асарларни “мушкул писанд” асарлар, деб атаган. Б.Чочий қасидаларининг “мушкул писанд”лиги уларда ифодаланган мазмуннинг теранлиги ва сўз ўйинларига беҳад даражада бойлигидадир. Ўз ҳаётини Б.Чочий ижодини ўрганишга бағишлаган ва, афсуски, узоқ йиллар давомида олиб борган изланишларини якунлашга улгурмаган Шарқ адабиётининг нозик билимдони Абдулаҳад Анисий шу ҳолни изоҳлаб, бундай ёзган эди:
“Бадри Чочий (вафоти 1344) қасидачилик ривожланиб, мураккаблашиб, нависанднинг ўзи яшаган замон ҳаётига муносабатини ифодалашнинг энг нозик кўриниш ва усуллари вужудга келган даврда яшаб ижод этди. Бу вақтда “ҳунар” ҳали мураккаблашиб улгурмаган, фақат тешбеҳлар, ибора ва муқоясалар мураккаблашган эди. Бинобарин, у ўша йўлдан борди. Бундан ташқари, у яшаган даврда Ҳиндистонда Хисрав Деҳлавийнинг (1253 — 1325) таъсири жуда кучли эди…
Ҳаётининг сўнгги даврларини Деҳлида ўтказган Бадри Чочий ҳам бу соҳада Хисравга маълум даражада эргашган эди. Агар ўша давр адабиётида кўп фикрларнинг киноя ва қочирим билан баён қилинганини эсга олсак, у ҳолда Бадрининг қасидалари аслида мақтов эмас, балки… ўзи яшаган давр ҳаётига нисбатан Чочий муносабатининг ажойиб ифодасидан иборат эканини яққол кўрамиз”.
Ҳар ҳолда, ўзбек адабиёти осмонида Алишер Навоий қуёши пайдо бўлгунига қадар Осиёнинг турли ўлкаларида шундай тошкентлик шоирлар араб ва форс тилларида ижод қилиб, ўзбек адабиёти тарихининг дастлабки саҳифаларига ўз номларини ёзишган.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2009 йил 35-сонидан олинди.